«Орангиздаги доно ва фаҳмли киши ким?»
Орангиздаги доно ва фаҳмли киши ким? Ундай одам бор бўлса, яхши юриш-туриши билан, доноликдан далолат берувчи мулойимлиги билан ўзини кўрсатсин. ЁҚБ. 3:13
1, 2. Бу дунёда доно ҳисобланган кишилар ҳақида нима деса бўлади?
СИЗНИНГЧА кимни ҳақиқатан ҳам доно деса бўлади? Эҳтимол ота-онам, кексалар ёки домлалар, деб жавоб берарсиз? Жавобингиз, қандай муҳитда катта бўлганингиз ва маданиятингизга боғлиқ. Бироқ Худонинг хизматчилари, бу масалада Аллоҳнинг нуқтаи назарини эътиборга олишни исташади.
2 Дунёда доно деб танилганларнинг ҳаммаси ҳам Тангрининг нигоҳида доно эмас. Масалан ўзларини доно ҳисоблаган одамларга, Аюб пайғамбар уларнинг бирортаси ҳам доно эмасликларини очиқ-ойдин айтган (Аюб 17:10). Худонинг таълимотларини рад этганлар ҳақида эса, ҳаворий Павлус шундай деган: «Ўзларини ақлли билиб, ақлдан ноқис бўлиб қолдилар» (Рим. 1:22). Ишаё пайғамбар эса ўз назарида доно бўлганларнинг ҳолига вой, деб ёзганди (Ишаё 5:21).
3, 4. Чин донолик нимада яққол акс этади?
3 Кўриниб турганидай, Худонинг марҳаматига сазовор бўлиш учун, чин донолик нимада эканини билиб олишимиз керак. Ҳикматлар 9:10- оятида: «Эгамиздан қўрқиш — доноликнинг бошидир, Худони билиш идрокдир»,— деган сўзлари мавжуд. Ҳа, доно киши Худодан қўрқиб, Унинг қонун-қоидаларига чуқур эҳтиром билан қарайди. «Худони билиш» эса нафақат У борлигига ишониш ва муайян меъёрлари мавжуд эканини тан олишдан иборат. Бунга эътиборимизни Исонинг шогирди Ёқуб қаратмоқда (Ёқуб 3:13 ўқиб беринг). Зеро Ёқуб: «Ундай одам бор бўлса, яхши юриш-туриши билан... ўзини кўрсатсин»,— дея таъкидлади. Чин донолик ҳар кунги гапларингизу ишларингизда намоён бўлади.
4 Чин донолик — билимни тўғри қўллаб, ақл-заковат ила қарорлар чиқаришда яққол акс этади. Бундай доноликка эга эканимизни қандай кўрсата оламиз? Ёқуб доно кишиларга хос бўлган баъзи фазилатларга эътиборимизни қаратмоқдаa. Қандай қилиб унинг сўзлари, имондошларимизу жамоатдан ташқаридаги одамлар билан яхши муносабатларни сақлашимизга ёрдам беради?
Чин доноликдан далолат берувчи фазилатлар
5. Чин доноликка эга бўлган киши юриш-туриши билан қандай фарқ қилади?
5 Аввало Ёқуб доноликни яхши юриш-туриш билан боғлаган. Бинобарин Яҳовадан қўрқиш доноликнинг боши экан, доно киши Унинг талабларига риоя қилиб яшайди. Ҳеч биримиз доно бўлиб туғилмаган. Бироқ Муқаддас Китобни мунтазам ўрганиб, чуқур мулоҳаза юритсак бунга эриша оламиз. Ўшанда «Худога эргашинглар», деган маслаҳатга мувофиқ иш тутган бўламиз (Эфес. 5:1). Яҳованинг фазилатларига тақлид қилиб яшашга қанчалик ҳаракат қилсак, шунчалик юриш-туришимизда донолик кўринади. Чунки Унинг йўллари одамларникидан анча юқоридир (Ишаё 55:8, 9). Шундай экан, агар Яҳова Таолонинг ўрнагига эргашсак, инсонлар, бошқалардан фарқ қилганимизни равшан кўрадилар.
6. Нега мулойимликни илоҳий фазилат деса бўлади ва уни намоён этган киши ўзини қандай тутади?
6 Ёқубнинг таъкидлашича, Яҳовага эргашиш учун шунингдек «доноликдан далолат берувчи мулойимликка» эга бўлиш лозим. Мулойимлик хушмуомала бўлишни англатса-да, Худонинг хизматчиси, Унинг меъёрлари ҳақида гап кетганда мустаҳкам ва қатъий туради. Гарчи Худонинг қудрати чексиз бўлса ҳам, У мулойимдир, шунинг учун Унга яқинлашишдан қўрқмаймиз. Ҳазрати Исо самовий Отасига мулойимликда шу қадар ўхшаган эдики, ҳатто қуйидаги гапларни айтишга журъат этган: «Эй оғир юк остида қийналиб, ҳориб-толган ҳаммаларингиз! Менинг ҳузуримга келинг, Мен сизга ором бераман. Менинг бўйинтуруғимга ўзингизни қўшинг ва Мендан ўрганинглар. Чунки Мен беозор ва соддадилман. Шундай қилиб, жонларингиз таскин топар» (Мат. 11:28, 29; Филип. 2:5–8).
7. Нега Мусони мулойимликнинг яхши ўрнаги десак бўлади?
7 Муқаддас Китобда мулойимлик ёки камтаринликни акс этган инсонларнинг мисоллари талайгина. Улардан бири Мусо пайғамбардир. У катта масъулиятга эга бўлган, аммо бунга қарамай, «жуда камтар одам эди, ер юзида камтарликда унга тенг келадигани йўқ эди» (Саҳ. 11:29; 12:3). Аммо Худонинг иродасини бажариши учун Тангри Яҳова уни мустаҳкам қилган эди. Дарҳақиқат, Яҳова ниятларини амалга ошириш учун, айнан мулойим инсонлардан фойдаланади.
8. Қандай қилиб нокомил инсонлар «доноликдан далолат берувчи мулойимликни» намоён эта олишади?
8 Ҳақиқатан, нокомил инсонлар ҳам «доноликдан далолат берувчи мулойимликни» намоён эта олишади. Хўш, бизга келсак, бу фазилатни қандай қилиб янада яққолроқ акс эттиришимиз мумкин? Мулойимлик илоҳий руҳнинг самараси экани ёдимиздан тушмасин (Галат. 5:22, 23). Бу фазилатга эга бўлиш учун ишонч билан Худодан муқаддас руҳини сўраб, тиришқоқлик ила ҳаракат қилайлик. Зеро сано бастакорининг даъвати бизни шундай йўл тутишга рағбатлантирмоқда: «[Худо] беозорларга Ўзи раҳнамо бўлар» (Заб. 24:9).
9, 10. Мулойим бўлиш учун нима талаб қилинади ва нега?
9 Қандай бўлмасин бу соҳада қатъий ҳаракатлар талаб этилади. Баъзида тарбиямиз сабабли мулойимликни намоён этиш осон бўлмаслиги мумкин. Устига-устак атрофдагилар «ёмонликка ёмонлик қайтар», деб бизни ўз фикримизга қарши йўл тутишга ундашади. Ахир кўпчиликнинг гапига кириш доноликнинг белгисимиди? Масалан уйингизга ўт тушса, уни ёқилғи ёки сув билан ўчирасизми? Ёқилғи ёнғинни кучайтиргани каби, сув оловни сўндиради. Мана нега Муқаддас Китоб: «Юмшоқ жавоб ғазабни қайтаради, қаттиқ сўз эса жаҳл чиқаради», — дея огоҳлантирмоқда (Ҳик. 15:1, 18). Хуллас, имондошлар ёки бошқа одамлар билан бирорта келишмовчилик юзага келса, мулойимлик ила йўл тутиб, чин доноликни кўрсата оламизми? (2 Тим. 2:24).
10 Боя айтилганидек, бу дунёнинг таъсири остида кўплар хушмуомалалик, тинчликсеварлик ва беозорликдан йироқ. Аксинча кўпларга қўполлик ва манманлик хосдир. Мана нега Ёқуб, шу каби салбий фазилатлардан жамоат аъзоларини огоҳлантирган эди. Унинг насиҳатларидан яна нимани ўргансак бўлади?
Нодонликдан далолат берувчи фазилатлар
11. Қандай фазилатлар Худонинг донолигидан узоқ?
11 Ёқуб, Худонинг донолигидан узоқ бўлган фазилатларни ҳам қаламга олган эди (Ёқуб 3:14 ўқиб беринг). Рашк-ҳасад ва худбинлик каби фазилатлар илоҳий руҳ самарасига эмас, балки башарий табиатга оиддир. Келинг, бунинг тасдиғини бир мисолда кўриб чиқайлик. Христиан йўналишидаги олтита турли мазҳаби Қуддусдаги бир черковни, ўша жойда Исо Масиҳ дафн қилинган, деб ўйлаб, ўзаро бўлиб олишганди. Аммо улар орасида кўп йиллар давомида узлуксиз низолар содир бўлган. Бир газета 2006- йилда хабар беришича, ўша ердаги монахлар «соатлаб баҳслашиб... катта шамдонлар билан бир-бирини дўппослашганди». Бу вазият шунга олиб бордики, бир-бирига ишонмаганлари сабаб, монахлар черков калитини мусулмон кишига сақлаш учун бериб қўйишди.
12. Доноликнинг етишмаслиги нималарга олиб келади?
12 Шубҳасизки бундай бўлмағур фазилатларга имонлилар жамоатида ўрин йўқ. Аммо афсуски гоҳ-гоҳида номукаммаллик сабабли, кимдир ўжарлик қилиб ўз нуқтаи назарида тираб олади. Шунинг дастидан низо ва жанжал чиқади. Мана нега ҳаворий Павлус Коринфдаги имонлиларга шундай деб ёзган: «Орангизда ҳасад, жанжал ва келишмовчиликлар бор экан, дунёвий эмасмисизлар? Бундай ҳаракат қиларкансизлар, бошқа одамлардан нима билан фарқланасизлар?» (1 Кор. 3:3). Бундай ачинарли ҳолат биринчи асрдаги ўша жамоатда мавжуд бўлган эди. Бинобарин, ҳозир жамоатимизда шундай бўлмаслиги учун диққатли бўлишимиз даркор.
13, 14. Муаммолар қандай пайдо бўлишини кўрсатадиган мисоллар келтиринг.
13 Лекин қандай қилиб бундай муаммолар пайдо бўлиши мумкин? Ҳамма нарса кўпинча кичик ишлардан бошланади. Масалан Йиғилиш Зали қуриляпти дейлик ва унинг қандай қурилишига нисбатан фикрлар турлича. Агар бирон биродарнинг таклифи қабул қилинмаса, у ўз норозилигини билдириб, баҳслашишга тушиши мумкин. Бундай киши ҳатто қурилиш ишини давом эттиришдан воз кечиши ҳам ҳеч гап эмас. Аммо бир нарса ёдимизда бўлиши керакки, Худонинг ташкилотида ишнинг бажарилиши одатда ҳунарманд бўлишга эмас, балки тинчликсевар бўлишга боғлиқдир. Дарҳақиқат, Яҳова Таоло мулойимларга баракасини беради (1 Тим. 6:4, 5).
14 Келинг бошқа мисолни кўриб чиқайлик. Бир жамоатнинг оқсоқоллари, ораларида бир неча йил хизмат қилган битта оқсоқол, энди Муқаддас Китоб меъёрлари бўйича оқсоқол бўлишга мос эмаслигини пайқаб қолишди. Биродарга маслаҳат берилганини, аммо бу яхши натижа келтирмаганини эътиборга олиб, туман нозири бу биродар оқсоқоллик вазифасидан бўшашига розилигини беради. Биродар бу қарорга қандай муносабатда бўлади? У оқсоқолларнинг якдил қарорини ва Муқаддас Китобга асосланган маслаҳатни камтаринлигу мулойимлик ила қабул қилиб, қайтадан оқсоқоллик вазифаларига муносиб бўлиш учун ҳаракат қиладими? Ёки у хафа бўлиб, бундай «имтиёзли ўринни» йўқотганидан ғазабланиб юрадими? Ахир биродар оқсоқол бўлиш учун талабларга мос келмаса, у қандай қилиб оқсоқол бўлсин? Аксинча камтаринлик ила берилган маслаҳатлар устидан ишлаш, оқилона эмасми?!
15. Нега Ёқуб 3:15-, 16- оятларидаги илоҳий насиҳат муҳимдир?
15 Тўғри, муаммолар бошқа ҳолларда ҳам пайдо бўлиши мумкин. Аммо қандай бўлмасин, ёмон фазилатлардан озод бўлишга жон куйдирайлик (Ёқуб 3:15, 16 ўқиб беринг). Чунки Ёқуб бундай фазилатлар «дунёдан, моддиятдан, жин-ажинадан туғилган» деб айтди. Ҳа, бундай фазилатларга эга бўлган одамлар, ўз нафсини ўйлаб, Худодан йироқдадир. Улар ақл билан иш тутишнинг ўрнига, ҳайвонлардай туйғу билан ҳаракатланиб юрадилар. Бунда улар Худонинг душманлари бўлмиш Шайтон ва жинларига эргашадилар. Яҳованинг Шоҳидлари эканмиз, буларнинг барчасидан узоқда турайлик!
16. Нимадан халос бўлишимиз керак ва бунда қандай муваффақиятга эриша оламиз?
16 Жамоатнинг ҳар бир аъзоси вақти-вақти билан ўзини текшириб, ёмон фазилатлардан халос бўлишга ҳаракат қилиши керак. Оқсоқоллар жамоатда таълим беришар экан, уларга бу маслаҳат айниқса тегишли. Албатта, номукаммаллик ва дунёнинг таъсири дастидан буни қилиш осон эмас. Бу худди лой ва сирғанчиқ йўлдан тепаликка чиқишга ўхшайди. Агар бирор нарсани ушлаб чиқмасангиз, йиқилиб пастга сирғаниб кетишингиз мумкин. Аммо Худонинг Каломи маслаҳатлари ва Унинг ташкилоти ёрдами билан бўш келмай, олға қадам босамиз (Заб. 72:23, 24).
Доно киши интиладиган фазилатлар
17. Доно кишилар ёмонлик қилиш васвасасига дучор бўлишса, қандай йўл тутишади?
17 Келинг энди фойда келтирадиган «юқоридан тушган доноликнинг» фазилатларини кўриб чиқайлик (Ёқуб 3:17, 18 ўқиб беринг). Пок бўлиш — ниятдаю амалда соф ва беғуборликни англатади. Пок инсон ёвузликдан дарҳол қочади. Буни бир мисол билан таққослайлик. Эҳтимол невропатолог қабулида қачондир бўлгансиз. Текширув пайтида дўхтир оёғингизнинг тизза пайига махсус резина болғача билан секин урганда, оёқ силкиниб кўтарилган. Бу бехосдан келиб чиққан ҳаракатдир. Ёвузлик қилиш васвасасига тушиб қолганимизда ҳам худди шундай бўлиши керак. Поклигимиз ва Муқаддас Китоб остида тарбияланган виждонимиз шу заҳотиёқ ёмонликни рад этишга ундаши лозим (Рим. 12:9). Худонинг Каломи бундай йўл тутган одамларнинг мисоллари билан бой. Уларнинг жумласидан Юсуф ва Исодир (Ибт. 39:7–9; Мат. 4:8–10).
18. Тинчликпарвар бўлиш нимани англатади?
18 Илоҳий донолик шунингдек тинчликпарвар бўлишни талаб қилади. Бунга, тинчлигимизга путур етказа оладиган, қаҳр-ғазаб ва урушқоқлик каби фазилатлардан четланиш киради. Мана нега Ёқуб: «Солиҳлик уруғи сепилиб, тинчликпарварлар учун осойишталик барпо бўлади»,— деб ёзгани бежиз эмас (Ёқб. 3:18). Жамоатда бизни тинчликпарвар ёки тинчликбузар деб танишадими? Биз тез-тез тушунмовчиликларга дучор бўлиб, хафа бўладиганларданми ёки хафа қиладиганларданми? Одамлар бизни қандай бўлсак шундайлигимизча қабул қилишларига тираб оламизми ёки бошқаларни хафа қиладиган фазилатлардан халос бўлиш учун жон куйдирамизми? Бизни шунингдек тинчликни сақлашга уринадиган, бошқаларнинг хатоларини унутиб, кечирадиган инсон сифатида танишадими? Илоҳий доноликни намоён этиш учун, келинг ўзимизга чин баҳо бериб, керак бўлса ўзгаришлар киритишга тайёр бўлайлик.
19. Муросали бўлиш нимадан кўринади?
19 Ёқуб, «юқоридан тушган доноликка» муросали бўлиш хислати ҳам киради, деб айтган эди. Муқаддас Китоб қонун-қоидалари бузилмаганида, ўзимизнинг гапимизни ўтказишга уринмай, ён беришга тайёрмизми? Бизни мулойим ва очиқ кўнгил деб танишадими? Бу хислатларнинг барчаси муросали эканимиздан далолат беради.
20. Кўриб чиқилган илоҳий фазилатларни намоён қилишимиз қандай самара беради?
20 Ёқуб баён этган илоҳий фазилатларни барча имонлилар янада ривожлантириш учун ҳаракат қилса, жамоат нақадар гуллаб-яшнайди! (Заб. 132:1–3). Мулойим, тинчликпарвар ва муросали бўлиш чиндан ҳам самимий муносабатларимизни мустаҳкамлаб, «юқоридан тушган доноликка» эга эканимиздан далолат беради. Кейинги мақолада эса, қандай қилиб Яҳова бу фазилатларни бошқаларга нисбатан намоён этаётганини кўриб чиқамиз.
[Изоҳ]
a Матн таркибига биноан Ёқуб «устозлар», яъни жамоат оқсоқоллари ҳақида гапирган эди (Ёқб. 3:1). Тўғри, бу кишилар илоҳий доноликка эга эканларида ибрат кўрсатишлари даркор, аммо Ёқубнинг маслаҳатлари барчамизга фойда келтириши муқаррардир.
Тушунтира оласизми?
• Чин донолик нимада намоён бўлади?
• Илоҳий доноликни қандай қилиб янада яққолроқ акс эттиришимиз мумкин?
• «Юқоридан тушган доноликка» эга бўлмаганлар қандай фазилатлар билан ажралиб туришади?
• Қандай фазилатларни кўпроқ ривожлантиришга қарор қилдингиз?
[23- саҳифадаги расм]
Қандай қилиб муаммолар пайдо бўлиши мумкин?
[24- саҳифадаги расм]
Шу заҳотиёқ ёмонликни рад эта оласизми?