Луқо баён этган хушхабар
20 Бир куни Исо маъбадда халққа таълим бериб, хушхабарни эълон қилаётганида, бош руҳонийлар, уламолар ҳамда оқсоқоллар келиб: 2 «Бизга айт-чи, бу ишларни қандай ҳуқуқ билан қиляпсан? Бу ҳуқуқни сенга ким берди?» — дея сўрашди+. 3 Исо уларга шундай деди: «Мен ҳам сизларга бир савол берай. Қани айтинглар-чи: 4 Яҳё одамларни сувга чўмдириш ҳуқуқини Аллоҳдан* олганми ё одамларданми?» 5 Улар эса ўзаро шундай фикр юрита бошлашди: «“Аллоҳдан”,— десак, у бизга: “Бўлмаса нега унга ишонмадингизлар?” — дейди. 6 Аммо: “Одамлардан”,— десак, бутун халқ бизни тошбўрон қилади. Ахир ҳамма Яҳёни пайғамбар деб ҳисоблайди-ку»+. 7 Шунда улар: «Билмаймиз»,— деб айтишди. 8 Исо ҳам уларга: «Унда мен ҳам бу ишларни қандай ҳуқуқ билан қилаётганимни сизларга айтмайман»,— деди.
9 Кейин Исо халққа қуйидаги масални келтирди: «Бир киши узумзор+ ўтқазибди-да, уни боғбонларга ижарага бериб, ўзи эса узоқ муддатга сафарга кетибди+. 10 Ҳосил йиғиш пайти келганда, боғбонлар узумзордан бироз мева териб беришсин, деб уларнинг олдига хизматкорини юборибди. Аммо боғбонлар уни уриб, қуруқ қўл билан жўнатишибди+. 11 Узумзор эгаси яна бир хизматкорни юборибди. Лекин улар уни ҳам уриб, хўрлаб, қуп-қуруқ жўнатишибди. 12 У учинчисини жўнатган экан, боғбонлар уни ҳам жароҳатлаб, ҳайдаб юборишибди. 13 Шунда узумзор эгаси: “Нима қилсам экан? Севикли ўғлимни+ юбора қолай-чи. Балки унга ҳурмат кўрсатишар”,— дебди. 14 Боғбонлар уни кўриб, бир-бирига: “Ахир бу меросхўр-ку! Келинглар, уни ўлдирайлик. Шунда мерос ўзимизга қолади”,— дейишибди. 15 Улар ўғилни узумзордан ташқарига чиқариб, ўлдиришибди+. Хўш, узумзор эгаси боғбонларни энди нима қилар экан? 16 У келиб, боғбонларни ўлдиради-да, узумзорни бошқаларга ижарага беради».
Буни эшитганлар: «Асло бундай бўлмасин!» — дейишди. 17 Аммо Исо уларга тикилиб, шундай деди: «Унда Муқаддас Ёзувлардаги: “Қурувчилар кераксиз деб ташлаган тош, бурчакка қўйиладиган негиз тоши* бўлиб чиқди”+,— деган сўзлар нимани англатади? 18 Бу тошнинг устига йиқилган ҳар қандай киши парчаланиб кетади+. Тош кимнинг устига тушса, уни эзиб ташлайди».
19 Уламолар билан бош руҳонийлар Исо бу масални улар ҳақида айтганини пайқаб, уни шу ондаёқ қўлга туширмоқчи бўлишди-ю, бироқ халқдан қўрқишди+. 20 Исони зимдан кузатиб, улар унинг олдига бир неча кишини юборишди. Бу кишилар ўзларини самимий қилиб кўрсатиб, Исони сўзидан тузоққа илинтириб+, ҳукуматга, ҳокимнинг қўлига топширмоқчи бўлишди. 21 Улар Исога шундай дейишди: «Устоз, сиз ростгўй, тўғри таълим берадиган ҳамда юз-хотир қилмайдиган кишисиз. Сиз Аллоҳнинг йўли тўғрисида ҳақиқатни ўргатишингизни биламиз. 22 Айтинг-чи, подшоҳга* солиқ тўлаш керакми ёки йўқми?» 23 Исо уларнинг маккорлигини сезиб: 24 «Қани, менга динорни* кўрсатинглар-чи. Бу ердаги сурат ва исм кимники?» — дея сўради. Улар: «Подшоҳники»,— дейишди. 25 Шунда Исо уларга: «Унда подшоҳнинг ҳақини подшоҳга+, Аллоҳнинг ҳақини Аллоҳга беринглар»+,— деб жавоб берди. 26 Улар халқ олдида Исони сўзидан тузоққа илинтира олишмади. Аксинча, унинг жавобидан ҳайратда қолиб, лом-мим дейишолмади.
27 Сўнг тирилишга ишонмайдиган саддуқийлардан+ айримлари келиб Исога шундай савол беришди+: 28 «Устоз, Мусо пайғамбаримиз: “Агар киши фарзанд кўрмай ўтиб кетса, укаси унинг хотинига уйланиб акасига авлод қолдириши керак”+,— деб ёзган эдилар. 29 Бизда еттита ака-ука бор эди. Каттаси уйланиб, фарзанд кўрмай ўтиб кетди. 30 Унинг хотинига иккинчиси, 31 кейин учинчиси уйланди. Шундай қилиб, еттови ҳам уни хотинликка олди. Аммо ҳаммаси бола кўрмай вафот этди. 32 Охири аёл ҳам қазо қилди. 33 Хўш, ўлганлар тирилганда, бу аёл қайси бирининг хотини ҳисобланади? Ахир еттови ҳам унга уйланган-ку».
34 Исо уларга жавобан деди: «Ушбу замонанинг* фарзандлари турмуш қуришади. 35 Келажак замонада яшаш ва тирилишга лойиқ топилганлар эса турмуш қуришмайди+. 36 Улар фаришталар каби бўлишгани боис, бошқа ўлишмайди. Тирилгандан сўнг эса Тангрининг фарзандлари бўлишади. 37 Ҳатто Мусо пайғамбар ҳам ёнаётган бута ҳақида айтиб бераётганда, Яҳовани* “Иброҳимнинг, Исҳоқнинг ва Ёқубнинг Худоси”+, деб атаб, ўликлар тирилишига ишора қилган. 38 У ўликларнинг эмас, тирикларнинг Худосидир. Зеро У учун уларнинг ҳаммаси тирикдир»+. 39 Шунда уламолардан баъзилари: «Яхши гапирдингиз, Устоз»,— деб айтишди. 40 Бундан кейин улар бирор нарса сўрашга ботина олишмади.
41 Исо бўлса улардан сўради: «Нима учун Масиҳни Довуднинг ўғли дейишади?+ 42 Ахир Довуднинг ўзи Забур китобида шундай деб айтган-ку: “Яҳова* Ҳазратимга деди: 43 “Душманларингни оёғинг остига курси қилмагунимча, Менинг ўнг томонимда ўтириб тур”+. 44 Агар Довуд уни “Ҳазратим” деб атаган бўлса, унда қандай қилиб у Довуднинг ўғли бўла олади?»
45 Бутун халқ Исони тинглаб турганида, у шогирдларига қуйидагиларни айтди: 46 «Уламолардан эҳтиёт бўлинглар. Улар узун кийимда юришни, бозор майдонларида алик олишни, ибодатхоналарда юқори ўринни эгаллашни ва зиёфатларда тўрда ўтиришни яхши кўришади+. 47 Шунингдек, улар беваларнинг мол-мулкини талон-торож қилиб, хўжакўрсинга узун-узун дуолар ўқишади. Бундайлар оғирроқ ҳукмга мубтало бўлишади».