Юнус
1 Амитай ўғли Юнусга*+ Яҳова: 2 «Ўрнингдан тургин-да, буюк Ниневия*+ шаҳрига бориб, унга қарши Менинг ҳукмимни эълон қил. Чунки уларнинг ёвузлиги диққатимни ўзига тортди»,— деб айтди.
3 Аммо Юнус ўрнидан туриб, Яҳовадан Таршиш шаҳрига қочиб кетмоқчи бўлди. У Яффа шаҳрига келди-да, Таршишга кетаётган кемани излаб топди. Юнус йўл ҳақини тўлаб, кемага чиқди ва Яҳовадан қочиб, кемадагилар билан Таршиш томонга йўл олди.
4 Шунда Яҳова денгизда кучли шамол қўзғатди. Денгизда шу қадар қаттиқ бўрон кўтарилдики, кема парчаланиб кетгудай бўлди. 5 Кемачилар қўрққанидан ҳар бири ўз худосига ёлвориб, ёрдам сўрай бошлади. Улар кемани енгиллаштириш учун, кемадаги юкни денгизга улоқтиришга киришишди+. Юнус эса кеманинг қуйи қисмига* тушди-да, ётиб қаттиқ ухлаб қолди. 6 Аммо кема бошқарувчиси келиб, унга: «Нега ухлаб ётибсиз? Ўрнингиздан туриб, худойингизга ёлвормайсизми?! Балки ҳақ Тангри бизни эслар ва нобуд бўлмасмиз»+,— деди.
7 Сўнг улар бир-бирига: «Келинглар, қуръа ташлаб+, бу фалокат кимнинг дастидан бошимизга тушганини билиб олайлик»,— дейишди. Улар қуръа ташлашди ва қуръа Юнусга тушди+. 8 Улар Юнусдан: «Бизга айтинг-чи, нима учун бу фалокат бошимизга тушди? Касбингиз нима? Қаердан келяпсиз? Қайси юртдансиз? Қайси халқдансиз?» — деб суриштира бошлашди.
9 Юнус жавобан: «Мен ибронийман. Денгизу ерни яратган самовий Тангри Яҳовага топинаман»,— деди.
10 Буни эшитиб, одамлар баттар қўрқиб кетишди ва ундан: «Нима иш қилиб қўйгансиз ўзи?» — деб сўрашди. (Юнус Яҳовадан қочиб кетаётганини улар билар эди. Сабаби, унинг ўзи уларга бу ҳақда гапириб берганди.) 11 Денгиз янада қаттиқ тўлқинлангани боис, улар Юнусдан: «Денгиз тинчланиши учун сиз билан нима қилсак экан?» — деб сўрашди. 12 Юнус: «Мени денгизга улоқтириб юборинглар. Шунда денгиз тинчланади, чунки бу даҳшатли бўрон мен туфайли кўтарилган»,— деди. 13 Одамлар қуруқликка яқин боришга қанча уринишмасин, буни уддалай олишмади, чунки бўрон тобора кучайиб бораётган эди.
14 Охир-оқибат, улар Яҳовага: «Эй Яҳова, ўтинамиз, бу кишининг дастидан ҳалок бўлмайлик! Эй Яҳова, бегуноҳ кишининг ўлими* учун бизни жавобгарликка тортмагин! Ахир бунинг ҳаммаси Сенинг ироданг бўйича юз беряпти-ку!» — деб ёлворишди. 15 Кейин улар Юнусни кўтариб, денгизга улоқтириб юборишди. Шунда денгиз тинчлана бошлади. 16 Буни кўрган кемадагилар Яҳовадан қаттиқ қўрқиб кетишди+. Улар Яҳовага қурбонликлар келтириб, Унга хизмат қилишга қасам ичишди.
17 Яҳова эса, Юнусни ютиб юборсин деб, катта балиқни юборди. Шундай қилиб, Юнус уч кечаю уч кундузни балиқнинг қорнида ўтказди+.