Сувга чўмиш учун талаблар
«Менинг чўмиб имон келтиришимга нима тўсқинлик қилади?» (ҲАВОРИЙЛАР 8:36).
1, 2. Филип ҳабашистонлик амалдор билан суҳбатни нимадан бошлади ва ҳабашнинг маънавий инсонлиги нимадан кўринар эди?
БУ ҲОДИСА Исо Масиҳнинг вафотидан бир ё икки йил ўтганидан сўнг юз берган эди. Қуддусдан Ғазага борадиган йўлда аравада бир амалдор кетаётган эди. У тахминан бир ярим минг километр узоқ йўл босиши керак эди. Бу имонли киши Ҳабашистондан Қуддусга Яҳовага топиниш учун келган эди. Энди эса орқага қайтаётганида вақтдан оқилона фойдаланиб, Худонинг Каломини ўқирди. Бу унинг имони борлигидан далолат берарди. Яҳова Таоло Ўзининг фариштаси орқали Исонинг шогирди Филипни унга ваъз қилишга юбориб, бу самимий инсонга илтифот кўрсатди (Ҳаворийлар 8:26-28).
2 Ўша замонларда китобни овоз чиқариб ўқиш одат бўлгани сабабли, Филип ҳабашнинг Ишаё пайғамбар китобини ўқиётганини эшитиб қолди. Шунда у фурсатдан фойдаланиб, ҳабашдан: «Ўқиётганингни тушуняпсанми?» — деб сўради (Ҳаворийлар 8:26-30). Бу оддий савол билан у ҳабашнинг қизиқишини уйғотди. Шу йўсинда улар, Ишаё 53:7, 8 оятларида ёзилган сўзларни муҳокама қилишга тушдилар. Суҳбатнинг охирида Филип «Исо ҳақидаги Хушхабарни унга баён қилган эди» (Ҳаворийлар 8:29-35).
3, 4. а) Нима учун Филип ҳабашни дарҳол сувга чўмдирди? б) Қандай саволларни кўриб чиқамиз?
3 Кўп вақт ўтмай, ҳабашистонлик амалдор Худонинг ниятида Исо Масиҳ қандай ўрин эгаллаганини ҳамда Исонинг шогирди сифатида сувга чўмиш қанчалик муҳимлигини тушуниб етди. Сув бор бир жойни кўриб қолиб, у: «Мана, сув! Менинг чўмиб имон келтиришимга нима тўсқинлик қилади?» — деб сўради. Албатта, унинг вазияти ўзгача бўлган. Чунки у, яҳудий динига кирган ва Танҳо Ҳақ Худога топинаётган имонли инсон эди. Эҳтимол, сувга чўмиш учун кейинги имконият яқин орада туғилмаслиги мумкин эди. Энг муҳими, ҳабаш Худонинг унга нисбатан талаблари нимадан иборатлигини тушунар ва Унга маъқул келишни истар эди. Филип унинг илтимосини хурсандчилик билан қабул қилди ва ҳабаш сувга чўмганидан сўнг «қувониб ўз йўлида давом этди». Шубҳасизки, у ўз юртида ғайрат билан Инжил хушхабарини ваъз қилиб юрган (Ҳаворийлар 8:36-39).
4 Гарчи, ўзини Худога бағишлаб сувга чўмишга енгил-елпи, яъни мулоҳазасиз ёндашмаслик керак бўлса-да, ҳабашистонлик амалдор мисолида кўрганимиздай, Худонинг Каломидаги хушхабарни эшитганидан кўп вақт ўтмай, сувга чўмган одамлар ҳам бўлган эканa. Шу муносабат билан, қуйидаги саволларни кўриб чиқиш ўринли бўлади, чунончи: сувга чўмишдан олдин қандай тайёргарлик кўриш керак? Сувга чўммоқчи бўлган кишининг ёши қандай аҳамиятга эга? Унинг қайси маънавий ишлари сувга чўмишга тайёрлигини кўрсатади? Бундан ташқари, нима учун Яҳова Ўз хизматчиларидан шундай қадам қўйишни талаб қиляпти. Ҳосил байрамида уч минг яҳудий ва яҳудий динига кирганлар ҳаворий Бутруснинг нутқини тинглаб, дарҳол сувга чўмишган. Албатта, ҳабашистонлик амалдор сингари улар ҳам Худонинг Каломидаги асосий таълимот ва қонунларни яхши билишган (Ҳаворийлар 2:37-41).
Тантанали ваъда
5, 6. а) Ўтмишда исроилликлар Яҳованинг севгисига қандай жавоб қайтаришган? б) Сувга чўмгач, қандай қилиб Яҳова билан яқин муносабатлар ўрнатишимиз мумкин?
5 Яҳова исроилликларни Мисрдан озод этиб, ҳамма халқлар ичида «муқаддас бир халқ» қилди ва уларни севги ила ҳимоялаб юрди. Худонинг севгисига жавобан, Исроил халқи муайян қадамлар қўйиши керак эди. Бундай қут-баракаларга эришганидан хурсанд бўлиб, улар Худонинг ҳамма амрига қулоқ солишни қасамёд қилишган (Чиқиш 19:4-9). Биринчи асрда, Исо Масиҳ ўз шогирдларига, унинг таълимотини қабул қилган ҳамма халқлардан шогирд орттириб, уларни сувга чўмдириш кераклигини буюрган эди. Ҳолбуки, Худо билан яқин муносабатга эришиш учун, одам Исо Масиҳга имон келтириб сувга чўмиши лозим (Матто 28:19, 20; Ҳаворийлар 2:38, 41).
6 Муқаддас Китобда кўрсатилишича, Яҳовага чин юракдан хизмат қилишга ваъда бериб, ўз сўзида турган инсонларни У баракалайди. Имонлилар учун, ўзини Худога бағишлаб сувга чўмиш, Яҳованинг баракаларини олиш мақсадида қўйилган муҳим қадамлардир. Биз Худонинг йўл-йўриғига амал қилишга қатъий қарор қилдик (Забур 47:15). Яҳова эса ўз навбатида, мажозий маънода қўлимиздан ушлаб, бизни етаклаб боряпти (Забур 72:23; Ишаё 30:21; 41:10, 13).
7. Нима учун ўзимизни Худога бағишлаш ва сувга чўмиш, бизнинг шахсий қароримиз бўлиши керак?
7 Бундай қадамлар қўйишга бизни Яҳовага бўлган севги ва Унга хизмат қилиш истаги ундаши керак. Биз бировнинг, узоқ вақтдан буён Муқаддас Китобни ўрганиб келяпсан, деган ундовига қулоқ солиб ёки аллақачон сувга чўмган дўстларимизга қараб сувга чўммаймиз. Табиийки, ота-оналар ҳамда жамоатдаги етук имонлилар, ўзимизни Худога бағишлаш ва сувга чўмиш ҳақида ўйлаб кўришга бизни ундашлари мумкин. Тўғри, ҳаворий Бутрус ҳам, Ҳосил байрамида, тингловчиларни «сувга чўмишга» даъват этган (Ҳаворийлар 2:38). Лекин, ўзимизни Худога бағишлаш, бизнинг шахсий ишимиздир ва буни бизнинг ўрнимизга ҳеч ким ҳал қилолмайди. Ҳа, Худонинг хоҳиш-иродасини бажариш, бизнинг шахсий қароримиз бўлиши керак (Забур 39:9).
Сувга чўмишга тайёргарлик
8, 9. а) Одам неча ёшда сувга чўмишга лаёқатли бўлади? б) Ёш болаларнинг сувга чўмишга тайёрлигини нимадан кўриш мумкин?
8 Одам неча ёшда сувга чўмишга лаёқатли бўлади? Муқаддас Китобда бу борада аниқ бир кўрсатма йўқ. Бироқ, аниқки чақалоқ онгли равишда имон келтириб, ўзини Худога бағишлай олмайди (Ҳаворийлар 8:12). Биринчи асрда яшаган имонлилар ҳақида «Масиҳчилик дини ва жамоатининг умумий тарихи» китобида, тарихчи Август Неандер қуйидагини ёзган: «Дастлаб, вояга етган кишиларгина сувга чўмишган, чунки улар имон ва сувга чўмиш ўртасидаги боғлиқликни тушунишган».
9 Гарчи, бунга кўпроқ вақт керак бўлса-да, баъзи болалар ёшлик чоғидаёқ маълум даражада маънан ўсишади. Ҳар ҳолда, сувга чўмишдан олдин, ёш имонли бола Худо билан мустаҳкам муносабатларга эга бўлиши, Муқаддас Китобнинг асосий таълимотларини тушуниши ва вояга етганлар сингари ўзини Яҳовага бағишлашнинг маъносига сингиши керак.
10. Ўзини Худога бағишлаш ва сувга чўмишдан олдин қандай қадамлар қўйилади?
10 Исо алайҳиссалом ўз шогирдларига, у буюрган ҳамма нарсага амал қилишни бошқаларга ўргатишни тайинлаган эди (Матто 28:20). Шу боис, янгилар биринчи навбатда Яҳовага ва Унинг Каломига нисбатан имонларини ўстириш учун аниқ билимларга эга бўлишлари керак (Римликларга 10:17; 1 Тимўтийга 2:4; Ибронийларга 11:6). Муқаддас Китоб ҳақиқати инсоннинг юрагига етиб борганидан сўнг, уни тавба қилиб аввалги турмуш тарзидан қайтишга ундайди (Ҳаворийлар 3:19). Ниҳоят, инсонда ўзини Худога бағишлаш ва ҳазрати Исо буюрганидек, сувга чўмиш истаги туғилади.
11. Нега сувга чўмишдан олдин ваъзгўйлик хизматида фаол қатнашиш муҳим?
11 Худонинг Шоҳлиги тўғрисидаги хушхабарни ваъз қилиш — яна бир муҳим қадамдир. Шунинг учун Яҳова, ушбу «охирзамон» даврида ўз халқига бу муҳим вазифани топширди (Матто 24:14). Масалан, сувга чўммаган ваъзгўйлар ўз эътиқодлари ҳақида бошқаларга гапириб беришлари мумкин. Ҳа, ҳозирданоқ ваъзгўйлик хизматида фаол иштирок этиш, уларга сувга чўмгандан кейин ҳам бу хизматни давом эттиришда ёрдам беради (Римликларга 10:9, 10, 14, 15).
Сизнинг сувга чўмишингизга нима тўсқинлик қилади?
12. Нима сабабдан баъзилар сувга чўмишни орқага сурадилар?
12 Баъзилар, зиммасига масъулият олишни истамай, сувга чўмишни орқага сурадилар. Улар, Худонинг меъёрларига мувофиқ ҳолда яшаш учун, ўз ҳаётларида муайян ўзгаришлар киритиш кераклигини англайдилар. Эҳтимол бундай одамлар, сувга чўмгач Худонинг талабларига мувофиқ яшай олмасликдан қўрқадилар. Айримлар: «Бирор кун ёмон иш қилиб қўйсам, мени жамоатдан четлатишлари ҳеч гап эмас»,— деб ўйлайдилар.
13. Исо Масиҳ даврида, баъзи одамларга, унинг шогирди бўлишга нима тўсқинлик қилган?
13 Исо Масиҳ даврида, баъзи одамлар ўз манфаатлари ёки оилавий муносабатлари унинг шогирди бўлишига тўсқинлик қилишига йўл қўйишган. Мисол учун, бир уламо Исо алайҳиссаломга, қаерга борма, мен Сенинг орқангдан юраман, деб айтган эди. Лекин Исо унга, менинг бош суқадиган жойим йўқ, деб жавоб берган. Бошқа бир ҳолатда, Ҳазрати Исо бир кишини шогирдликка таклиф қилган эди. У эса, олдин бориб отамни «кўмиб» келай, деб жавоб берган. Демак у: «Отам тирик экан, уйда қолишим керак»,— деган фикрда бўлган. Ахир, у Исо Масиҳнинг орқасидан эргашганида, вақти келиб фарзандлик бурчини ҳам адо этиши мумкин эди-ку. Яна бир одам, Исо Масиҳга эргашишдан олдин бориб «уйидагилар билан хайрлашиб келиш» учун ижозат сўраган эди. Исо, ишни орқага сурадиган одамни «қўлларини омочда тутиб, орқасига қарайдиган» деҳқончи билан тенглаштирган. Хуллас, ишни орқага суришни яхши кўрадиган одам, зиммасига юкланган вазифалардан бош тортиш учун доим баҳона топишга уста бўлади (Луқо 9:57-62).
14. а) Бутрус, Идрис, Ёқуб ва Юҳанно Исонинг шогирди бўлиш таклифига қандай жавоб қайтаришди? б) Нима учун Исонинг бўйинтуруғини олишни орқага сурмаслик лозим?
14 Бутрус, Идрис, Ёқуб ва Юҳаннонинг мисолини оладиган бўлсак, улар бундай одамлардан жуда фарқли эдилар. Исо уларни шогирдликка таклиф қилганида, Муқаддас Китобда айтилишича, улар «дарҳол тўрларини қолдириб, Унинг орқасидан эргашдилар» (Матто 4:19-22). Исонинг шогирди бўлиш имкониятини орқага сурмай, улар қуйида келтирилган сўзларнинг ҳақлигига амин бўлишди. Исо уларга: «Менинг бўйинтуруғимга ўзингизни қўшинг ва Мендан ўрганинглар. Чунки Мен беозор ва соддадилман. Шундай қилиб, жонларингиз таскин топар. Чунки Мен солган бўйинтуруқ юмшоқ, Мен берган юк енгилдир»,— деган эди (Матто 11:29, 30). Гарчи, сувга чўмиш бизга жавобгарлик бўйинтуруғини юкласа-да, бу юк аслида қулай ва жуда енгил бўлиб, жонимизга таскин беради.
15. Мусо ва Еремиё пайғамбарларнинг мисоли, Худонинг мададига таяниш мумкинлигини қандай кўрсатади?
15 Мабодо бизда сувга чўмишга нолойиқлик ҳиссиёти пайдо бўлса, бу табиий ҳолдир. Бошида ҳатто Мусо ва Еремиё пайғамбарларнинг иккови ҳам, Яҳова берган топшириқнинг уддасидан чиқишга иккиланишган эди (Чиқиш 3:11; Еремиё 1:6). Хўш, Худо уларга қандай тасалли берган экан? У Мусога қўрқмасликни ва у билан бирга бўлишини ваъда қилган. Еремиёга эса, уни халос этиб, бирга бўлишини айтган (Чиқиш 3:11, 12; Еремиё 1:6, 7). Биз ҳам Парвардигори Оламнинг мадад беришига ишонишимиз мумкин. Дарҳақиқат, Худога бўлган севги ва ишонч, ўзимизни Унга бағишлаш борасида пайдо бўлаётган шубҳа-гумонларни енгишга ёрдам беради. Ҳаворий Юҳанно: «Севгида қўрқув йўқ, аксинча, комил севги қўрқувни қувиб чиқаради»,— деб айтган эди (1 Юҳанно 4:18). Кичкина бола якка ўзи юришга қўрқади, лекин у отасининг қўлидан ушлаб юрса, қўрқув ортда қолади. Шунга ўхшаб биз ҳам, Яҳовага бутун қалбимиз билан ишониб, У билан бирга юрсак, ‘Унинг ўзи йўлларимизни тўғрилайди’ (Ҳикматлар 3:5, 6).
Ҳурматга лойиқ маросим
16. Сувга чўмиш маросими қандай маънога эга?
16 Сувга чўмишдан олдин, одатда, бу маросимнинг маъносини тушунтирувчи, Муқаддас Китобга асосланган бир нутқ сўзланади. Нутқ сўнгида, сувга чўмадиганлардан ўз имонларини ҳаммага намоён қилиш учун иккита саволга жавоб беришларини сўрайдилар (Римликларга 10:10; бундан олдинги мақоладаги «Сувга чўммоқчи бўлганларга бериладиган иккита савол» сарлавҳали маълумотга қаранг). Кейин, ўзини Худога бағишлаганлар, Исо Масиҳ каби сувга чўмдирилади (Матто 3:13-16; Марк 1:7-10). Аслида, сувга чўмиш маросими рамзий маънога эга: инсон аввалги ҳаёт тарзи учун ўлиб, ўзини Худога хизмат қилишга бағишлайди, бу эса янги ҳаёт бошлаганини англатади.
17. Сувга чўмадиганлар ва томошабинлар бу маросимга қандай қилиб ҳурмат кўрсатишлари мумкин?
17 Сувга чўмиш ҳам жиддий, ҳам қувончли воқеа. Муқаддас Китобда айтилишича, Яҳё пайғамбар Исо Масиҳни сувга чўмдираётган пайтда, у ибодатда бўлган (Луқо 3:21, 22). Демак, бугунги кунда ҳам сувга чўмадиган одам, Исодан ибрат олиб, мувофиқ тарзда йўл тутиши керак. Модомики, Муқаддас Китоб ҳар кунги ҳаётимизда иффат ва орият билан кийинишга даъват этаётган экан, бу маросим вақтида буни унутмаслик яна-да муҳимроқ аҳамиятга эга! (1 Тимўтийга 2:9). Томошабинлар эса, нутқни диққат билан тинглаб, тартиб сақласалар, бу маросимга ҳурмат кўрсатган бўладилар (1 Коринфликларга 14:40).
Сувга чўмганларни кутаётган қут-баракалар
18, 19. Сувга чўмганларни қандай қут-баракалар кутади?
18 Ўзимизни Худога бағишлаб, биз катта бир оиланинг аъзоси бўлдик. Авваламбор, Яҳова бизнинг самовий Отамиз ва Дўстимиз бўлди. Сувга чўмишдан олдин, биз Худо учун бегона эдик, энди эса У билан ярашдик (2 Коринфликларга 5:19; Колосаликларга 1:20). Исо Масиҳнинг қурбонлиги туфайли, биз Худога, Худо эса бизга яқинлашди (Ёқуб 4:8). Малахи пайғамбар, Яҳованинг исмига эга бўлиб, уни эътироф этган кишиларни Худо диққат билан тинглаб, уларнинг исмларини хотира китобига киритаётганини тасвирлаб берган. ‘Улар Менга тегишли бўладилар. Ота унинг хизматида бўлган ўғлини қандай аяса, Мен ҳам уларни шундай аяйман’,— дейди Худованд (Малахи 3:16-18).
19 Бунинг устига, сувга чўмгач, биз халқаро биродарликнинг аъзоси бўламиз. Ҳаворий Бутрус: «Мана, биз ҳамма нарсани қолдириб, Сенинг орқангдан эргашиб келдик. Бунинг эвазига биз нима топармиз?» — деб сўраганида, Исо: «Мен учун уй-жой, ака-ука, опа-сингил, ота-она, хотин-бола ёки ер-мулкини ташлаб кетган ҳар бир киши булардан юз ҳисса ортиқроғини топиб, абадий ҳаётга ноил бўлажак»,— деб ваъда берган эди (Матто 19:27, 29). Бундан бир неча йил ўтиб, Бутрус дунёнинг ҳар ёғидаги «биродарларимиз» ҳақида ёзган. Модомики, ҳаворий Бутрус меҳрибон биродарликнинг мададию қут-баракаларини ҳис қилган экан, биз ҳам буни ҳис қилишимиз мумкин.
20. Сувга чўмиш туфайли қандай ажойиб имкониятлар очилади?
20 Шунингдек, Исонинг сўзларига кўра, унга эргашганлар «мангу ҳаётга эришадилар». Дарҳақиқат, ўзимизни Худога бағишлаб сувга чўмиш — «ҳақиқий» ҳаётдан баҳраманд бўлиш имкониятини яратиб беради (1 Тимўтий 6:19). Ахир, биз ўзимиз ва оиламиз учун бундан ҳам аълороқ келажак ярата оламизми? Бу ажойиб имконият бизларга «то абад Раббимиз Яҳова номи билан» юришга ёрдам беради (Михо 4:5, ЯДТ).
[Изоҳлар]
a Ҳосил байрамида уч минг яҳудий ва яҳудий динига кирганлар ҳаворий Бутруснинг нутқини тинглаб, дарҳол сувга чўмишган. Албатта, ҳабашистонлик амалдор сингари улар ҳам Худонинг Каломидаги асосий таълимот ва қонунларни яхши билишган (Ҳаворийлар 2:37-41).
Тушунтириб бера оласизми?
• Яҳованинг севгисига қандай жавоб қайтаришимиз керак ва нима учун?
• Сувга чўмишдан олдин қанақа маънавий ўсиш юз беради?
• Нима учун масъулият олдидаги қўрқув, сувга чўмишга тўсқинлик қилмаслиги керак?
• Исо Масиҳнинг сувга чўмган шогирдлари қандай ажойиб баракалардан баҳраманд бўлишлари мумкин?
w06-UZ 4/1b
8—14 МАЙ Қўшиқлар: 26, 202