Қўриқчи минорасининг ОНЛАЙН КУТУБХОНАСИ
Қўриқчи минорасининг
ОНЛАЙН КУТУБХОНАСИ
ўзбекча
  • МУҚАДДАС КИТОБ
  • АДАБИЁТЛАР
  • УЧРАШУВЛАР
  • w23 ноябрь 20–25-саҳ.
  • Яҳова ибодатларимга жавоб берадими?

Танланган маълумот учун видео мавжуд эмас.

Кечирасиз, видеони ижро этишда хатолик юз берди.

  • Яҳова ибодатларимга жавоб берадими?
  • Қўриқчи минораси Худованд Яҳованинг Шоҳлигини хабарлайди (Тадқиқ сони) – 2023
  • Сарлавҳалар
  • Ўхшаш маълумот
  • ЯҲОВАДАН НИМАНИ КУТИШИМИЗ МУМКИН?
  • ЯҲОВА БИЗДАН НИМА КУТЯПТИ?
  • НЕГА БАЪЗИ ТИЛАКЛАРИМИЗНИ ҚАЙТА КЎРИБ ЧИҚИШИМИЗ КЕРАК БЎЛАР?
  • Яҳова ибодатларимизга қандай жавоб беради?
    Қўриқчи минораси Худованд Яҳованинг Шоҳлигини хабарлайди (Тадқиқ сони) – 2023
  • Ибодат орқали Худога яқинлашинг
    Муқаддас Китоб таълимотлари
  • Нега Худо баъзи ибодатларга жавоб бермайди?
    Қўриқчи минораси Худованд Яҳованинг Шоҳлигини хабарлайди (Тарқатиш сони) – 2021
  • Ибодатларимизнинг сифатини ошириш
    Қўриқчи минораси Худованд Яҳованинг Шоҳлигини хабарлайди (Тадқиқ сони) – 2023
Кўпроқ маълумот топинг
Қўриқчи минораси Худованд Яҳованинг Шоҳлигини хабарлайди (Тадқиқ сони) – 2023
w23 ноябрь 20–25-саҳ.

49-ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

Яҳова ибодатларимга жавоб берадими?

Сизлар Мени чақирасизлар, келиб Менга ибодат қиласизлар ва Мен сизларни эшитаман. (ЕРМ. 29:12)

41-ҚЎШИҚ Ё Раб, қабул эт дуомни

БУ МАҚОЛАДАa

1, 2. Нега Яҳова ибодатларимизга жавоб бермаётгандай туюлиши мумкин?

«ТАНГРИ ЯҲОВА қувончинг манбаи бўлсин, шунда У дилингдаги орзуларингга етказади». (Заб. 37:4) Нақадар ажойиб ваъда! Лекин Яҳова сўраган ҳамма нарсамизни дарров беришини кутишимиз керакми? Нега бу саволни ўзимизга бериш муҳим? Қуйидаги вазиятларга эътибор қаратайлик: турмушга чиқмаган опамиз Шоҳлик хабарчилари мактабида ўқиш борасида ибодат қиляпти. Бироқ йиллар ўтиб ҳам уни ҳалиям таклиф қилишмаяпти. Ёш биродаримиз жамоатда кўпроқ хизмат қилиш учун тинка-мадорини қуритаётган касалликдан халос бўлишни Яҳовадан сўраяпти, лекин у тузалмаяпти. Масиҳий ота-она фарзанди ҳақиқатда қолиши борасида ибодат қиляпти. Аммо у Яҳовага хизмат қилмай қўйди.

2 Эҳтимол, сиз ҳам Яҳовадан нимадир сўрадингиз, аммо буни ҳали олмадингиз. Натижада Яҳова бошқаларнинг ибодатларига жавоб беради, лекин меникига эмас деган хулосага келдингиз. Ё бўлмаса, Уни ранжитадиган бирон иш қилдиммикин деб ўйлаётгандирсиз. Женисb исмли опамиз ҳам ўзини худди шундай ҳис қилган. У ва турмуш ўртоғи Байтилда хизмат қилиш борасида ибодат қилишган. У шундай деди: «Тез орада Байтилда хизмат қила бошлашимизга амин эдим». Бироқ ойлар, йиллар ўтса-да, уларни таклиф қилишмади. Женис яна қуйидагиларни айтди: «Ўшанда тушкунликка тушиб нима қиларимни билмай қолгандим. Яҳовани ранжитадиган қандайдир иш қилдиммикин, деб ўйлардим. Ундан йўл-йўриқ беришини сўраб ибодат қилдим. Нега У ибодатимга жавоб бермаган?»

3. Бу мақолада нималарни муҳокама қиламиз?

3 Гоҳида Яҳова ибодатларимизни эшитяптими деб ташвишланармиз. Ҳатто қадимда яшаган Худонинг баъзи содиқ хизматчиларини ҳам бу ташвишга солган. (Аюб 30:20; Заб. 22:2; Хаб. 1:2) Яҳова ибодатларингизни эшитишига сизни нима ишонтириши мумкин? (Заб. 65:2) Ушбу саволга жавоб топиш учун аввал қуйидагиларни кўриб чиқишимиз лозим: 1) Яҳовадан нимани кутишимиз мумкин? 2) Яҳова биздан нима кутяпти? 3) Нега баъзи тилакларимизни қайта кўриб чиқишимиз керак бўлар?

ЯҲОВАДАН НИМАНИ КУТИШИМИЗ МУМКИН?

4. Еремиё 29:12 га кўра, Яҳова нима қилишни ваъда беряпти?

4 Яҳова ибодатларимизни эшитишни ваъда қиляпти. (Еремиё 29:12 ни ўқинг.) Яҳова садоқатли хизматчиларини яхши кўргани учун уларнинг ибодатини эътиборсиз қолдирмайди. (Заб. 10:17; 37:28) Бироқ бу У барча тилакларимизни амалга оширади дегани эмас. Эҳтимол, сўраган баъзи нарсаларни олишимиз учун янги дунёгача кутишимизга тўғри келар.

5. Яҳова ибодатларимизни тинглаётганда, нимага эътибор беради? Тушунтиринг.

5 Яҳова ибодатларимиз Унинг нияти билан қандай боғлиқ эканига эътибор беради. (Ишаё 55:8, 9) Бу ниятнинг бир қисми ер юзини Худонинг ҳукмдорлиги остида қувонч ила бирлашган эркагу аёллар билан тўлдиришдан иборат. Бироқ Шайтон инсонлар ўзини-ўзи бошқарса яхшироқ бўлади деб даъво қилмоқда. (Ибт. 3:1–5) Иблиснинг бу даъвоси ёлғон эканини кўрсатиш учун Яҳова инсонлар бошқаришига йўл қўйди. Бугунги кунда уларнинг бошқаруви дастидан кўпгина муаммоларга дуч келяпмиз. (Воиз 8:9) Яҳова ҳозирнинг ўзида барча муаммоларимизни ҳал қилмаслигини тушунамиз. Агар У бундай қилса, баъзилар инсонларнинг бошқаруви муаммоларимизни ҳал қила олади, деган хулосага келиши мумкин.

6. Нега Яҳова доим меҳр ва адолат ила йўл тутишига ишонишимиз керак?

6 Яҳова бир хил ибодатларга турлича жавоб бериши мумкин. Масалан, шоҳ Ҳизқиё оғир касалликка чалинганида Яҳовадан тузалиб кетишини ёлвориб сўраган. Яҳова унга шифо берган. (4 Шоҳ. 20:1–6) Ҳаворий Павлусни оладиган бўлсак у Яҳовадан баданини «гўё тикандек» азоблаган бир дарддан, эҳтимол, соғлик муаммосидан халос этишини ёлвориб сўраганида ибодати ижобат бўлмаган. (2 Кор. 12:7–9) Келинг, ҳаворий Ёқуб ва Бутруснинг мисолини олайлик. Шоҳ Ҳирод уларнинг икковини ҳам ўлдирмоқчи бўлган. Жамоатдагилар Бутрус ва, ҳойнаҳой, Ёқуб ҳақида ҳам ибодат қилишган. Аммо Ёқуб ўлдирилган, Бутрус эса мўъжизавий тарзда омон қолган. (Ҳавор. 12:1–11) Бизда «Нега Яҳова Ёқубни ҳам қутқармаган?» деган савол туғилар. Муқаддас Китобда бунинг жавоби йўқc. Аммо Яҳованинг «йўллари адолатли» эканига ишонсак бўлади. (Қонун. 32:4) Биламизки, Яҳова Бутрус ва Ёқубдан мамнун бўлган. (Ваҳ. 21:14) Баъзида вазиятимиз кутилмаган тарзда якун топиши мумкин. Бироқ Яҳова ибодатларимизга севги ва адолат ила жавоб беришига ишонганимиз учун У нега бизга айнан шундай жавоб берди, деб норозилик билдирмаймиз. (Аюб 33:13)

7. Нимадан йироқлашишимиз лозим ва нега?

7 Вазиятимизни бошқаларники билан солиштирмасликка ҳаракат қиламиз. Масалан, Яҳовадан бизга муайян тарзда ёрдам беришини сўрадик, лекин илтимосимизга жавоб олмадик. Кейинчалик яна кимдир худди шундай илтимос билан Яҳовага мурожаат қилганини ва Яҳова унинг бу илтимосини амалга оширганини билиб қолдик. Анна исмли имондошимиз бунга дуч келган. У эри Мэтью саратон касаллигидан тузалиши учун ибодат қиларди. Ўша пайтда иккита кекса опамиз ҳам саратон билан курашаётганди. Анна сидқидилдан эри ва ўша опаларимиз учун ибодат қиларди. Опаларимиз соғайишди, аммо Мэтью ҳаётдан кўз юмди. Аввалига Анна ўша опаларга Яҳова ёрдам берди деб ўйлаган. Унда нега унинг эри соғайиши ҳақидаги ибодати ижобат бўлмаган? Албатта, опаларимиз нега соғайиб кетганини аниқ айта олмаймиз, лекин шуни биламизки, Яҳова барча азобларимизга нуқта қўяди. У ҳаётдан кўз юмган дўстларини тирилтиришни жуда истайди. (Аюб 14:15)

8. a) Ишаё 43:2 га биноан, Яҳова бизни қандай қўллаб-қувватлаяпти? б) Қийинчиликларга дуч келганимизда ибодат бизга қандай ёрдам бериши мумкин? («Ибодат сабр-бардош қилишимизга ёрдам беради» номли видеони томоша қилинг.)

8 Яҳова доимо бизни қўллаб-қувватлайди. У меҳрибон Ота сифатида азоб чекишимизни истамайди. (Ишаё 63:9) Шундай бўлса ҳам, Худо дарёлар ва аланга билан солиштирилган қийинчиликларимизнинг олдини олмайди. (Ишаё 43:2 ни ўқинг.) Аммо Яҳова улардан ўтишимизга ёрдам беришни ваъда қиляпти. Қийинчиликлар бизга абадулабад зиён етказишига У йўл қўймайди. Шунингдек, Отажонимиз бардошли бўлишимизга ёрдам бериш учун бизга қудратли муқаддас руҳини беряпти. (Луқо 11:13; Филип. 4:13) Бу туфайли қийинчиликларда бардошли бўлиб, Унга садоқатли қола олишимиз учун айнан биз муҳтож бўлган нарсани беришига ишонсак бўладиd.

ЯҲОВА БИЗДАН НИМА КУТЯПТИ?

9. Ёқуб 1:6, 7 га кўра, нега Яҳова бизга ёрдам беришига ишонишимиз даркор?

9 Яҳова Унга ишонишимизни кутади. (Иброн. 11:6) Гоҳида синовларимизни енгиш қўлимиздан келмайди деб ўйлармиз. Ёки ҳатто Яҳова бизга ёрдам беришидан шубҳаланармиз. Бироқ Муқаддас Китобда айтилганидек, Худонинг кучи билан «девордан ошиб» ўтишимиз мумкин. (Заб. 18:29) Шундай экан, шубҳаларга берилишнинг ўрнига Яҳова ибодатларимизга жавоб беришига ишониб, кучли имон ила ибодат қилишимиз лозим. (Ёқуб 1:6, 7 ни ўқинг.)

10. Қандай қилиб ибодатларимизга мувофиқ тарзда йўл тутишимиз мумкинлиги борасида мисол келтиринг.

10 Яҳова ибодатларимизга мувофиқ тарзда йўл тутишимизни кутади. Мисол учун, биродаримиз ҳудудий анжуманга бормоқчи ва бошлиғидан рухсат олиш учун Яҳовадан ёрдам сўраши мумкин. Бу ибодатга Яҳова қандай жавоб бериши мумкин? У биродарга бошлиғи билан гаплашишга жасорат бериши мумкин. Аммо ўшанда ҳам у ибодатига яраша йўл тутиб, бошлиғи билан гаплашиши ва рухсат сўраши керак бўлади. Эҳтимол, буни қайта-қайта қилишга тўғри келар. Ёки у ҳатто бошқа ходим билан иш кунини алмашишни таклиф қилиб кўрар. Керак бўлса, у ўз ҳисобидан таътил олишни ҳам айтиб кўрар.

11. Нега ташвишларимиз ҳақида қайта-қайта ибодат қилишимиз керак?

11 Яҳова муаммоларимиз ҳақида қайта-қайта ибодат қилишимизни кутади. (1 Салон. 5:17) Исо айтганидай, ҳамма ибодатларимизга дарҳол жавоб олмаймиз. (Луқо 11:9) Шунинг учун, таслим бўлманг! Сидқидилдан ва қайта-қайта ибодат қилинг. (Луқо 18:1–7) Бирор масала ҳақида тинмай ибодат қилиш орқали бу биз учун муҳим эканини Яҳовага кўрсатамиз. Шунингдек, У бизга ёрдам бера олишига бўлган имонимизни намоён этамиз.

НЕГА БАЪЗИ ТИЛАКЛАРИМИЗНИ ҚАЙТА КЎРИБ ЧИҚИШИМИЗ КЕРАК БЎЛАР?

12. a) Тилакларимиз ҳақида ўзимизга қандай бир савол беришимиз лозим ва нега? б) Ибодатларимизда Яҳовага ҳурмат кўрсатаётганимизга қандай амин бўла оламиз? («Тилакларимда Яҳовага бўлган ҳурматим намоён бўляптими?» номли рамкага қаранг.)

12 Ибодатимиз ижобат бўлмаётган бўлса, ўзимизга учта савол берсак бўлади. Биринчи савол, «Тўғри нарса ҳақида ибодат қиляпманми?» Кўп ҳолларда биз учун нима яхшироқ эканини биламиз деб ўйлаймиз. Лекин сўраётган нарсаларимиз аслида бизга фойда келтирмаслиги мумкин. Бирор муаммо борасида ибодат қилаётган бўлсак, биз сўраётган ечимдан яхшироқ ечим бордир. Бундан ташқари, сўраётган нарсамиз Яҳованинг иродасига мувофиқ эмасдир. (1 Юҳан. 5:14) Масалан, юқорида тилга олинган ота-онани олайлик. Улар фарзанди ҳақиқатда қолишини ибодатда сўрашган. Яҳовадан буни сўраш ўринли бўлиб туюлиши мумкин, аммо У ҳеч биримизни Унга хизмат қилишга мажбурламайди. У барчамиз, жумладан, фарзандлар ҳам Унга топинишни ўзлари танлашини истайди. (Қонун. 10:12, 13; 30:19, 20) Демак, ўша ота-она Яҳова уларга боласининг қалбини забт этишга ёрдам беришини сўраши яхшироқ бўлар. Шунда бу туфайли фарзанди Яҳовани яхши кўриб, Унинг дўстига айланиши мумкин. (Ҳик. 22:6; Эфес. 6:4)

Тилакларимда Яҳовага бўлган ҳурматим намоён бўляптими?

Яҳова меҳрибон Отамиз бўлиб, ибодатларимизга жавоб беришни хоҳлаяпти. Лекин У шунингдек Яратувчимиз ва ҳурматимизга лойиқ. (Ваҳ. 4:11) Самовий Отамизга илтижо қилаётганингизда, қай йўсин Унга ҳурмат кўрсата оласиз?

  • Тилакларингиз Худонинг иродасига мувофиқ эканига ва тўғри ниятлар ила ибодат қилаётганингизга ишонч ҳосил қилинг. (1 Юҳан. 5:14) Ибодат қилаётганимизда худбин бўлмаслигимиз ва нуқул ўз эҳтиёжларимизу истакларимизга диққат қаратмаслигимиз лозим. Ёқуб биринчи асрдаги масиҳийларга «нотўғри мақсадда», яъни худбинлик ила қилинган ибодатлари ижобат бўлмаслигини айтган. (Ёқб. 4:3)

  • Ҳеч нарса талаб қилманг. (Мат. 4:7) Яҳова энг аъло тарзда жавоб беришни билишига ишонинг. Баъзида У сиз кутмаган тарзда жавоб бериши мумкин. (Эфес. 3:20)

  • Худо сизга ҳар куни бераётган нарсалар учун миннатдорчилик билдиринг. Ёрдами учун раҳматлар айтганингизда У қанчалик хурсанд бўлишини тасаввур қилинг. (Колос. 3:15; 1 Салон. 5:17, 18)

13. Ибронийларга 4:16 га кўра, Яҳова бизга қачон кўмаклашади? Тушунтиринг.

13 Иккинчи савол, «Ҳозир Яҳова мен сўраган нарсани беришининг пайтими?» Ибодатларимга дарров жавоб олишим керак деб ўйлармиз. Бироқ аслида Яҳова қачон ёрдам бериш яхшироқ эканини билади. (Ибронийларга 4:16 ни ўқинг.) Сўраган нарсамизни шу заҳоти олмасак, демак, Яҳова «йўқ» деяпти деб ўйлашимиз мумкин. Аслида эса жавоб «ҳозир эмас» бўлиши мумкин. Масалан, соғайиб кетишни ибодатда сўраган ёш биродаримизнинг мисолини эслайлик. Агар Яҳова уни мўъжизавий тарзда соғайтирганида Шайтон Яҳова уни соғайтиргани учунгина Унга хизмат қиляпти, деб даъво қилган бўларди. (Аюб 1:9–11; 2:4) Бундан ташқари, Яҳова барча касалликларни бартараф қилиш вақтини белгилаб қўйган. (Ишаё 33:24; Ваҳ. 21:3, 4) Унгача мўъжизавий тарзда соғайишни кутмаслигимиз керак. Биродаримиз Яҳовадан Унга садоқат ила хизмат қилишни давом эттириш учун куч ва ички хотиржамликни ибодатда сўраши мумкин. (Заб. 29:11)

14. Жениснинг мисолидан нимани билиб олдингиз?

14 Байтил хизмати ҳақида ибодат қилган Жениснинг мисолини эслайлик. Яҳова ибодатига қандай жавоб берганини кўриш учун унга беш йил керак бўлди. Женис шундай деди: «Яҳова бу вақт мобайнида менга таълим бериб, масиҳий сифатида янада яхшиланишимга ёрдам берди. Унга бўлган ишончим ошиши лозим эди. Шахсий тадқиқ қилиш одатимни яхшлашим кераклигини кўрдим. Шунингдек, шароитим қандай бўлишидан қатъи назар ич-ичимдан қувонишни ўрганишим муҳим эди». Кейинчалик Женис билан турмуш ўртоғини туман нозирлик хизматига таклиф қилишди. Ортга қараб Женис шундай деди: «Яҳова ибодатларимга жавоб берди, лекин мен кутган тарзда эмас. Унинг жавоби мен учун ажойиб совға бўлди. Отажонимнинг севгисини ва меҳрибонлигини ҳис қилганимдан ниҳоятда миннатдорман».

Расмлар тўплами: 1. Иккита опамиз Шоҳлик хабарчилари мактабида ўқиш учун алоҳида ариза тўлдиряпти. Ҳар бири уни тўлдиришдан олдин ибодат қиляпти. 2. Бу опаларнинг бири Йиғилиш залида дўстларига ҳамда ариза тўлдирган бошқа опага уни мактабга таклиф қилишганини суюниб айтяпти. 3. Мактабга таклиф қилинмаган опамиз Яҳовага ибодат қилиб, кейин хат ёзяпти. Кейинчалик у бошқа мамлакатда ваъз қилиб, ташкилотимизнинг қурилиш лойиҳасида қатнашяпти.

Яҳова сизга жавоб бермаётгандай туюлса, бошқа нарса ҳақида ибодат қилиш борасида ўйлаб кўринг (15-хатбошига қаранг.)f

15. Нега фақат муайян нарса борасида ибодат қилмаслигимиз керак? (Расмларга ҳам қаранг.)

15 Учинчи савол, «Яна нимадир ҳақида ибодат қилишим керакми?» Ибодатда муайян нарсани сўраш яхши, аммо баъзида Яҳованинг бизга нисбатан иродаси нимадан иборат эканини билиш учун кўпроқ нарсалар ҳақида сўрашимиз керакдир. Шоҳлик хабарчилари мактабида ўқиш ҳақида ибодат қилаётган опамизни эслайлик. У эҳтиёж катта бўлган ҳудудда хизмат қилиш учун бу мактабда ўқимоқчи. Шу боис опамиз бу борада ибодат қилишда давом этиб, хизматини яна қайси йўллар орқали кенгайтириши мумкин деб ҳам Яҳовадан сўрай олади. (Ҳавор. 16:9, 10) Сўнг бу ибодатига мувофиқ тарзда туман нозиридан қўшни жамоатда кўпроқ кашшофлар керакми деб суриштирар. Ёки филиалга хат ёзиб, Шоҳлик хабарчиларига қаерда эҳтиёж катта деб сўраши мумкинe.

16. Нимада ишончимиз комил?

16 Яҳова ибодатларимизга севги ва адолат ила жавоб беришига амин бўлишимиз мумкинлигини билиб олдик. (Заб. 4:3; Ишаё 30:18) Баъзида биз кутган жавобни олмаслигимиз мумкин. Бироқ Худо ҳеч қачон ибодатларимизни эътиборсиз қолдирмайди. У бизни жуда яхши кўради ва асло тарк этмайди. (Заб. 9:10) Шунинг учун «доимо Унга ишонинг» ва ибодатда юрагингиздагиларни тўкиб солинг. (Заб. 62:8)

ҚАНДАЙ ЖАВОБ БЕРАРДИНГИЗ?

  • Ибодат қилганимизда Яҳовадан нима кутишимиз мумкин?

  • Ибодат қилганимизда Яҳова биздан нима кутади?

  • Яҳова бизга жавоб бериши учун нега баъзи тилакларимизни ўзгартиришимиз керак?

43-ҚЎШИҚ Шукрона ибодати

a Ушбу мақолада Яҳова ибодатларимизга меҳр ва адолат ила жавоб беришига нега ишонишимиз мумкинлигини билиб оламиз.

b Баъзи исмлар ўзгартирилган.

c «Қўриқчи минораси» журналининг 2022 йил февраль сонидаги «Яҳова доим тўғри йўл тутишига ишоняпсизми?» номли мақоланинг 3–6-хатбошиларига қаранг.

d Яҳова қийинчиликлар пайтида бардошли бўлишга қандай ёрдам беришини кўпроқ билиш учун jw.org сайтида «Ибодат сабр-бардош қилишимизга ёрдам беради» номли видеони томоша қилинг.

e Бошқа филиал ҳудудида хизмат қилишни хоҳлаётган бўлсангиз, «Яҳованинг иродасини бажараётган ташкилот» китобининг 10-боб, 6–9-хатбошиларига қаранг.

f РАСМГА ШАРҲ. Иккита опамиз Шоҳлик хабарчилари мактабида ўқиш учун ариза тўлдиришдан аввал ибодат қиляпти. Сўнг уларнинг бирини таклиф қилишади, бошқасини эса йўқ. Таклиф қилинмаган опамиз хафа бўлишнинг ўрнига Яҳовага ибодат қилиб, хизматини кенгайтириш учун бошқа йўлларни аниқлаштиришга ёрдам беришини сўраяпти. Кейин у филиалга хат ёзиб, эҳтиёж катта бўлган ҳудудда хизмат қилиш истаги борлигини айтяпти.

    Ўзбекча адабиётлар (1993-2025)
    Чиқиш
    Кириш
    • ўзбекча
    • Улашиш
    • Созламалар
    • Copyright © 2025 Watch Tower Bible and Tract Society of Pennsylvania
    • Фойдаланиш шартлари
    • Махфийлик сиёсати
    • Махфийлик созламалари
    • JW.ORG
    • Кириш
    Улашиш