Адолатни жону дилингиз билан севинг
Сен адолатни севасан. ЗАБ. 44:8
1. «Тўғри йўлдан» юришга нима ёрдам беради?
ТАНГРИ ЯҲОВА Ўз Каломи ва муқаддас руҳи орқали халқини «тўғри йўлга бошлар» (Заб. 22:3). Аммо номукаммаллигимиз туфайли бу йўлдан оғиб кетишга мойилмиз. Тўғри иш қилиш учун анчагина уринишлар талаб этилади. Бу борада бизга нима ёрдам беради? Исо сингари, адолат билан йўл тутишни севишимиз лозим (Забур 44:8 ўқинг).
2. «Тўғри йўл» нима ўзи?
2 «Тўғри йўл» бу нима ўзи? Иброний ва юнон тилларида «тўғри», яъни адолат сўзи ахлоқий меъёрларнинг тарафдори деган маънога эга. «Йўл» ибораси мажозий тилда айтилган бўлиб, Яҳованинг адолатли меъёрлари асосида белгиланган хулқ-атвор деган маънони беради. Яҳованинг Ўзи адолат маскани бўлгани учун, Унга топинадиганлар ҳам тўғри йўлни айнан У белгилаб беришидан жудаям бахтиёрдирлар (Ерм. 50:7).
3. Яҳованинг адолати ҳақида қандай қилиб кўпроқ билим олишимиз мумкин?
3 Жону дилимиз билан Яҳованинг адолатли меъёрларига мос келишга интилсаккина, Унинг розилигини топамиз (Амр. 32:4). Бунинг учун, аввало Муқаддас Китобдан Тангри Яҳова ҳақида билим олишимиз керак. Худо тўғрисида қанча кўп билсак, Унга ҳар куни яқинлашамиз ва Унинг адолатини ҳам шу қадар кўпроқ сева бошлаймиз (Ёқб. 4:8). Шунингдек, ҳаётимизда муҳим қарор чиқараётиб, илоҳий илҳом билан ёзилган Каломидаги йўл-йўриқни қабул қилишимиз даркор.
Аллоҳнинг адолати биринчи ўринда бўлсин
4. Аллоҳнинг адолатини ҳаётда биринчи ўринга қўйиш нимани ўз ичига олади?
4 Матто 6:33 ўқинг. Аллоҳнинг адолати ҳаётимизда биринчи ўринда бўлиши, Шоҳлик хушхабарини ваъз қилишдан кўпроқ нарсани ўз ичига олади. Муқаддас хизматимиз Яҳовага манзур бўлишини хоҳласак, ҳар кунги хулқ-атворимиз Унинг юқори ахлоқий меъёрларига мувофиқ бўлиши лозим. Яҳованинг адолатини ҳаётида биринчи ўринга қўядиган ҳар бир киши нима қилиши керак? «Ҳақиқий одиллик ва садоқатга асосланган, Худонинг ниятига кўра яралган янги ўзликни кийиб олиши» даркор (Эфес. 4:24).
5. Руҳий тушкунликни енгишда бизга нима ёрдам беради?
5 Тангрининг адолатли меъёрларига кўра яшамоқчи бўлганимиз учун, гоҳида ўз камчиликларимиз дастидан руҳимиз тушиб туриши мумкин. Одамни заиф қиладиган тушкунликни енгишга ҳамда адолатни севиб одилона йўл тутишимизга нима ёрдам беради? (Ҳик. 24:10). Мунтазам равишда Яҳовага ибодат қилиб, Унга «бутун қалбимиз ва тўла ишонч билан яқинлашайлик» (Иброн. 10:19–22). Мойланганлар қаторидамизми ёки ер юзида яшаш умидига эгамизми, ҳаммамиз Исо Масиҳнинг тўлов қурбонлигига ҳамда у улуғ Олий руҳоний эканига ишонишимиз керак (Рим. 5:8; Иброн. 4:14–16). Исонинг тўккан қони қанчалик амалий экани ушбу журналнинг инглиз тилидаги илк сонида тасвирлаб берилган эди (1 Юҳан. 1:6, 7). Мақолада шундай дейилган: «Ёруғликда қизил ёки қирмизи рангли нарсага қизил кўзойнак тақиб қарасак, у оқ кўринади. Бизнинг гуноҳларимиз ҳам қизил ёки қирмизи рангли нарсага ўхшайди. Худо уларга Масиҳнинг қони орқали қараб, уларни оқ деб ҳисоблайди» (1879- йил июль, 6- саҳ.). Яҳова қадрдон Ўғли орқали берган тўлов қурбонлиги нақадар ажойиб! (Ишаё 1:18).
Маънавий қурол-аслаҳаларни текшириб туринг
6. Нега маънавий қурол-аслаҳаларимизни текшириб туриш жуда муҳим?
6 Биз, Худо берган маънавий қурол-аслаҳалар ичида муҳим саналган «одиллик совутига» эга бўлишимиз зарур (Эфес. 6:11, 14). Ўзимизни яқинда Яҳовага бағишлаганмизми ёки ўнлаб йиллардан буён муқаддас хизматдамизми, маънавий қурол-аслаҳаларни текшириб туриш жуда муҳим. Нега десангиз, Иблис ва унинг жин-ажиналари ер юзига отилган (Ваҳ. 12:7–12). Шайтон вақти оз қолганини билиб қаҳр-ғазабга минган. Шу сабабдан, у Худонинг халқига кучли ҳужумлар уюштирмоқда. Шундай экан, «одиллик совутини» қадрлаяпмизми?
7. «Одиллик совути» учун миннатдор бўлсак, ўзимизни қандай тутамиз?
7 Совут юракни ҳимоя қилади. Номукаммаллигимиз туфайли қалбимиз алдамчи ва беқарор бўлишга мойилдир (Ерм. 17:9). Дилимиз бизда ёмонлик қилиш майлини уйғотар экан, унга таълим бериб, интизомга ўргатиш муҳимдир (Ибт. 8:21). Агарда «одиллик совути» учун миннатдор бўлсак, ўйин-кулгиларни танлаётганда Худо нафратланадиган турларидан тамомила воз кечамиз. Шунингдек, гуноҳ иш қилишни хаёлга ҳам келтирмаймиз. Бундан ташқари, қадрли вақтимизни кўп телевизор томоша қилишга ҳам сарфламаймиз. Аксинча, Яҳовани мамнун этадиган ишларни қилиш учун кураш олиб борамиз. Мабодо нотўғри фикрлар дастидан ногаҳон «йиқилсак ҳам», Яҳованинг ёрдами билан яна «туриб кетишимиз» мумкин (Ҳикматлар 24:16 ўқинг).
8. «Имон қалқони» бизга нима учун керак?
8 Маънавий қурол-аслаҳаларимиз қаторига «имон қалқони» ҳам киради. У билан «Шайтоннинг барча оловли ўқларини ўчира оламиз» (Эфес. 6:16). Имон ва Яҳовани чин юракдан севиш, адолатли ишлар қилишга ҳамда абадий ҳаёт йўлидан юришга кўмаклашади. Яҳовага меҳр боғлаганимиз сайин, Унинг адолатини ҳам кўпроқ қадрлаймиз. Бироқ виждонимиз ҳақида нима деса бўлади? Қандай қилиб виждон адолатни севишимизга ёрдам беради?
Виждонни пок сақланг
9. Виждонни пок тутишнинг қандай фойдаси бор?
9 Сувга чўмганда биз Яҳовадан «пок виждон» сўраганмиз (1 Бутр. 3:21). Тўловга ишонганимиз туфайли Исонинг қони гуноҳларимизни қоплаб, Тангрининг назарида пок бўлишимизга имкон яратди. Худонинг назарида пок бўлишимиз учун, виждонимизни ҳам пок тутишимиз лозим. Вақт-вақти билан виждонимиз бизни айблаб, огоҳлантирса, ўз вазифасини тўғри бажараётгани учун шукр қилишимиз керак. Бундан, Яҳованинг адолатли йўллари борасида виждонимиз сезгирлигини йўқотмаганини билиб олишимиз мумкин (1 Тим. 4:2). Бироқ адолатни севмоқчи бўлганлар учун виждон яна бир вазифани бажаради.
10, 11. а) Муқаддас Китоб асосида тарбияланган виждонимизга қулоқ солиш зарурлигини кўрсатувчи мисолни айтиб беринг. б) Нега адолатни севиш бизга мамнуният бахш этади?
10 Ёмон ишга қўл урганда, виждонимиз бизни қоралаши ёки қийнаши мумкин. Бир ёш киши адолат йўлидан адашган эди. У порнография томоша қилишга одатланиб, наша чекишни ҳам бошлаган экан. Йиғилишларга борганда, ваъзгўйликка чиққанда ўзини айбдор ва иккиюзламачидек ҳис этган. Натижада маънавий ишлар билан шуғулланишни бас қилган. «Аммо виждоним барча қилмишларим учун жавобгар эканимни менга билдириб турарди»,— деб бўлишди у. Яна қўшимча қилиб: «Афсуски, мен нодонлардек тўрт йилча шундай яшаб юрдим»,— деди. Сўнг, бу киши Худо йўлига қайтишни ўйлай бошлади. У, Яҳова ибодатларимни тингламайди, деган фикрда эди. Шунга қарамай у ибодат қилиб, кечирим сўради. Ўн дақиқадан кейин онаси олдига келиб уни йиғилишларга бориб туришга ундади. У Йиғилиш Залига бориб, оқсоқоллардан у билан тадқиқ ўтказишларини илтимос қилди. Вақт ўтгач у сувга чўмди. Яҳова унинг ҳаётини қутқариб қолгани учун Ундан жуда миннатдор.
11 Тўғри иш қилганда наҳотки чексиз мамнуният ҳис қилмасак?! Адолатни севишни ўрганиб, амалда ҳам имкон борича одилона йўл тутсак, самовий Отамизни мамнун қилгандан ғоят шод бўламиз. Тасаввур қилиб кўринг, шундай кунлар келадики, барча одамлар Худонинг суратини мукаммал даражада акс эттириб, виждони поклигидан хотиржамлик ҳис қилади. Шунинг учун келинг, қалбимизнинг тўрига адолатга бўлган севгини экиб, Яҳованинг қалбини қувонтирайлик (Ҳик. 23:15, 16).
12, 13. Виждонимизни қандай тарбиялашимиз мумкин?
12 Виждонимизни қандай тарбиялашимиз мумкин? Муқаддас Китоб ва унга асосланган адабиётларни ўрганаётганда, одил киши «ўйлаб жавоб беришини» эсдан чиқармайлик (Ҳик. 15:28). Келинг, иш масалаларига дуч келганда ушбу маслаҳат қанчалик фойдали эканини кўриб чиқайлик. Ишнинг айрим турлари Муқаддас Китоб талабларига бутунлай зид бўлса, аксариятимиз ишончли ва ақлли хизматкорнинг йўл-йўриғига зудлик билан риоя қиламиз. Лекин баъзи масалаларда аниқ жавоб топа олмасак, вазиятимизга тегишли Муқаддас Китоб меъёрларини топиб, ибодат ила уларни кўриб чиқиш фойдали бўладиa. Бундай меъёрларни қўллаётиб, бошқаларнинг виждонига озор беришдан эҳтиёт бўлиш керак (1 Кор. 10:31–33). Айниқса Тангри билан муносабатларимизга тегишли меъёрларга ўта диққатли бўлиш лозим. Агарда Яҳовани мавжуд Шахс деб билсак, ўзимиздан шундай деб сўрашимиз мумкин: «Бу ишни қилсам, Яҳовани ранжитиб, Унинг қалбини оғритиб қўймайманми?» (Заб. 77:40, 41).
13 Жамоат билан Муқаддас Китоб тадқиқ қилинишига ёки «Қўриқчи минораси» журналига тайёргарлик кўраётганда, тақдим этилган маълумот устидан мулоҳаза юритмоғимиз даркор. Бундай пайтда саволларга жавобни топиб, тезда тагини чизиб қўйиш билан кифояланяпмизми? Борди-ю шу тарзда тайёргарлик кўрсак, адолатни яхшироқ севишимиз ёки виждонимизни янада сезгирроқ қилишимиз амри маҳол. Адолатни севмоқчи бўлсак, қунт билан тадқиқ ўтказиш ва Муқаддас Китобдан ўқиганларимиз устидан мулоҳаза юритишимиз керак. Дарҳақиқат, бутун қалб билан адолатни севиш, тиришқоқликни талаб қилади!
Адолатга очу чанқоқлар
14. Тангри Яҳова ҳамда Исо Масиҳ, муқаддас хизматимизда нимани ҳис этишимизни хоҳлашади?
14 Тангри Яҳова ҳамда Исо Масиҳ, муқаддас хизматни бажараётиб бахтиёрликни ҳис этишимизни хоҳлашади. Бахтли бўлишимизга нима ҳисса қўшиши мумкин? Адолатни севиш, албатта! Ўзининг Тоғдаги ваъзида Исо шундай деган эди: «Адолатга очу чанқоқлар бахтлидир, боиси уларнинг бу эҳтиёжи қондирилади» (Мат. 5:6). Адолатни севадиганлар учун бу сўзлар қандай маънога эга?
15, 16. Қай йўсин маънан оч ва чанқоқ қишиларнинг эҳтиёжи қондирилади?
15 Биз яшаётган дунёни ёвуз Шайтон бошқармоқда (1 Юҳан. 5:19). Ҳар қандай мамлакатнинг газетасини қўлимизга олсак, зўравонлик мислсиз даражада ортиб бораётганини ўқиймиз. Одамзоднинг шафқатсизлиги адолатли инсонларнинг тинчлигини бузмоқда (Воиз 8:9). Яҳовани севадиган кишилар эканмиз, адолат пайидан бўлган бизларнинг маънавий очлигимиз ва чанқоғимизни фақат У қондиришига ишонамиз. Яқинда бетавфиқ кишилар йўқ қилинади, адолатни севадиганлар эса қонунбузарлару уларнинг қилмишларидан қутулишади (2 Бутр. 2:7, 8). Ўшанда қувончнинг чеки бўлмайди!
16 Яҳованинг хизматчилари ва Исо Масиҳнинг издошлари эканмиз, адолатга очу чанқоқларнинг «бу эҳтиёжи қондирилишини» биламиз. Яҳованинг «адолат ҳукм сурадиган янги осмон ва янги ери» орқали уларнинг бу эҳтиёжи қондирилади (2 Бутр. 3:13). Шайтоннинг дунёсида жабр-зулм туфайли адолат йўқлигига ҳайрон бўлмайлик ва умидсизликка ҳам тушмайлик (Воиз 5:8). Яҳова ҳаммадан ҳам юксак бўлиб, юз бераётган воқеалардан хабардор ва тез орада адолатни севувчиларни қутқаради.
Адолатни севишнинг фойдаси
17. Адолатни севишнинг қандай фойдаси бор?
17 Забур 145:8 да тўғрилик яъни адолат йўлидан юришнинг қандай фойдаси борлиги таъкидлаб ўтилган. Сано бастакори: «Солиҳларни [одилларни, ЯДТ] севади Худованд»,— дея куйлаган. Бир ўйлаб кўринг, коинотнинг Эгаси адолатни севганимиз учун бизни яхши кўрар экан! Агарда Шоҳлик манфаатларини ҳаётимизда биринчи ўринга қўйсак, Яҳова Ўзининг севгиси туфайли моддий эҳтиёжларимизни қондиришига ишончимиз комил бўлади (Забур 36:25; Ҳикматлар 10:3 ўқинг). Вақти келиб ер юзида фақат адолатни севадиган инсонлар яшайди (Ҳик. 13:22). Худонинг халқи ичида бўлганларнинг аксарияти, адолатли йўл тутганлари сабабли, ер юзидаги гўзал жаннатда чексиз қувончни ва мангу ҳаётни мукофот сифатида олишади. Ҳозирнинг ўзидаёқ Аллоҳнинг адолатини севадиганларга мукофот сифатида хотиржамлик ато этилган. Бу эса оиласи ва жамоатида тинчлик ҳукм суришига ҳисса қўшмоқда (Филип. 4:6, 7).
18. Яҳованинг куни келишини кутаётиб, нима қилишни бас қилмаслигимиз керак?
18 Яҳованинг буюк куни келишини кутар эканмиз, Унинг адолатини ҳаётимизда биринчи ўринга қўйишни бас қилмайлик (Заф. 2:2, 3). Худованд Яҳованинг тўғри йўлларини чинакамига севишимизни намоён этайлик. Бунинг учун қалбимизни яхши ҳимоя қиладиган «одиллик совутини» кийиб олайлик. Шунингдек, бизга мамнуният бахш этадиган ҳамда Яҳованинг қалбини қувонтирадиган виждонимизни пок сақлайлик (Ҳик. 27:11).
19. Нима қилишга қарор қатъий бўлиши керак ва кейинги мақолада нима муҳокама қилинади?
19 «Яҳова, Ўзига чин дилдан содиқ бўлганларни қўллаб-қувватлаш учун, бутун ер юзини кўздан кечиради» (2 Сол. 16:9, ЯДТ). Беқарорлик, зўравонлик ва ёвузлик ошиб бораётган ушбу нотинч дунёда, адолат билан йўл тутадиган бизларга бу сўзларни эшитиш наҳотки тасалли бахш этмаса?! Тўғри, одиллигимиз бетавфиқ кишиларни таажжубга солади. Лекин Яҳованинг адолатини маҳкам тутиб, ундан кўп фойда оламиз (Ишаё 48:17; 1 Бутр. 4:4). Хуллас, бизга мамнуният бахш этадиган адолатни севишга ва одилона йўл тутишга чин дилдан қарор қилайлик. Виждонимиз пок бўлиши учун эса ҳар қандай қонунсизликдан нафратланишимиз даркор. Кейинги мақоладан бу нимани англатишини билиб оламиз.
[Изоҳ]
a Муқаддас Китобдаги ушбу меъёрни билиш учун «Қўриқчи минораси»нинг (рус) 1999- йил 15- апрель сонидаги 28–30- саҳ. қ.
Марҳамат, жавоб беринг
• Адолатни севмоқчи бўлсак, нега тўлов учун миннатдор бўлиш керак?
• Нима учун «одиллик совутини» кийиш зарур?
• Виждонимизни қандай қилиб тарбиялашимиз мумкин?
[26- саҳифадаги расм]
Тарбияланган виждонимиз иш масалаларини ечишга кўмаклашади