Муқаддас Китоб асосида суҳбат. Яхши одамлар ўлгандан кейин осмонга кетадими?
ЯҲОВАНИНГ ШОҲИДЛАРИ ҳамма билан Муқаддас Китоб асосида бажонидил суҳбатлашишади. Эҳтимол, сизни ҳам Муқаддас Китобга тааллуқли бирон-бир савол қизиқтираётгандир? Балки, Яҳова Шоҳидларининг эътиқодлари ва фаолияти ҳақида билишни жуда хоҳлаётгандирсиз? Ундай бўлса, кейинги сафар Яҳованинг Шоҳидларини учратганингизда улардан бу ҳақда бемалол сўрашингиз мумкин. Улар сиз билан бу борада жон деб гаплашишади.
Қуйида Яҳованинг Шоҳиди бир киши билан суҳбатлашаётгани мисол тариқасида келтирилган. Маҳмуд исмли бир Яҳованинг Шоҳиди Равшан деган кишининг уйига келганини тасаввур қилайлик.
Ўлгандан кейин осмонга кетганлар у ерда нима қилишади?
Маҳмуд: Сизнингча, яхши инсонларни қандай келажак кутяпти?
Равшан: Дунёдаги аҳвол аянчли бўлиб кўринса-да, яхши инсонлар барибир тақдирланишига ишонаман. Улар ўлгандан кейин осмонга бориши аниқ.
Маҳмуд: Қандай ажойиб умид-а! Муқаддас Китобда осмон ҳақида ва у ерга бориш шараф эканлиги тўғрисида кўп ёзилган. Ўлгандан кейин осмонга кетганлар у ерда нима қилиши борасида ҳеч ўйлаб кўрганмисиз?
Равшан: Биз Худонинг ёнида бўлиб, Уни абадий улуғлаймиз.
Маҳмуд: Ниятингиз яхши. Шуниси қизиқки, Муқаддас Китобда ўлгандан кейин осмонга кетиш нафақат шараф, балки масъулият эканлиги айтилган.
Равшан: Бу билан нима демоқчисиз?
Маҳмуд: Бу масъулият тўғрисида Инжилда шундай деб ёзилган: «[Исо] улардан Худо учун бир шоҳлик яратиб, Унинг руҳонийлари этиб тайинлади. Улар ер юзи устидан шоҳлик қиладилар» (Ваҳий 5:10). Ўлгандан кейин осмонга кетадиганларга қандай масъулият юкланганига эътибор бердингизми?
Равшан: Мазкур оятга кўра, улар ер юзи устидан шоҳлик қиладилар.
Маҳмуд: Қизиқ фикр экан-а?
Улар кимнинг устидан шоҳлик қилишади?
Маҳмуд: Агар, ўлгандан кейин осмонга кетадиганлар шоҳ бўлишса, демак уларга бўйсунадиган одамлар ҳам бўлиши керак, тўғрими? Ахир фуқаросиз ҳукумат бўлмайди-ку.
Равшан: Нима демоқчи бўлганингизни энди тушундим.
Маҳмуд: Демак, улар кимнинг устидан шоҳлик қилишади, деган мантиқий савол туғиляпти?
Равшан: Менимча биз, ҳали осмонга кетмаган, ер юзида яшаётган одамлар устидан бошқарамиз.
Маҳмуд: Агар ҳамма яхши инсонлар осмонга кетадиган бўлганда, бундай деб таъкидлаш мумкин эди. Бироқ бу масалада бошқа бир фикрни кўриб чиқса бўлади. Масалан, яхши инсонларнинг баъзилари осмонга кетмайди, деб айтса бўладими?
Равшан: Мен бу ҳақда ҳеч эшитмаган эканман.
Маҳмуд: Бу борада Муқаддас Китобда ёзилган. Илтимос, Забур 36:29- оятни ўқиб берасизми?
Равшан: Майли. Бу ерда: «Солиҳлар ер юзига эга бўлиб, Унда мангу яшайдилар»,— деб ёзилган.
Маҳмуд: Раҳмат. Яхши одамларнинг кўпчилиги қаерда яшашига аҳамият бердингизми?
Равшан: Оятга кўра, улар ер юзида яшайдилар.
Маҳмуд: Тўппа-тўғри, улар қисқа вақт давомида эмас, балки оятда айтилишича, «мангу яшайдилар».
Равшан: Эҳтимол, бу ерда шунчаки, ер юзида ҳар доим яхши одамлар яшаши борасида гап кетяпти. Ахир ўлиб, осмонга кетганимиздан кейин ўрнимизга бошқа яхши одамлар келади-ку.
Маҳмуд: Балким кўп одамлар шу оятни айнан шундай тушунар. Бироқ бу оятда бошқа нарса назарда тутилган бўлиши мумкин эмасми? Бу ерда яхши одамларнинг авлодлари эмас, аксинча, ўзлари ер юзида абадий яшайди, деб айтилган.
Равшан: Унча яхши тушунмадим, шекилли.
Бўлажак ер юзидаги жаннат
Маҳмуд: Келинг, унда Муқаддас Китобнинг бошқа оятларида келажакда ер юзида қандай ҳаёт бўлиши борасида нима дейилганини кўриб чиқайлик. Ўша пайтда яшайдиган одамлар ҳақида Инжилда шундай дейилган: «Ўшанда Худо уларнинг кўзидаги ҳар қандай ёшни артиб олади. Ўлим, мотам, фарёд ва оғриқ бошқа бўлмайди. Зеро аввалгилар ўтиб кетди» (Ваҳий 21:4). Қандай зўр ваъда-а?
Равшан: Ҳа. Лекин ўйлашимча, бу ерда осмондаги ҳаёт қандай бўлиши тўғрисида айтилган.
Маҳмуд: Ўлгандан кейин осмонга кетадиганлар шу каби баракаларга эга бўлиши муқаррар. Аммо оятга яна бир бор назар ташланг-да. Ўлим ҳақида у ерда нима дейилган экан?
Равшан: «Ўлим бошқа бўлмайди», дейилган.
Маҳмуд: Худди шундай. Бироқ, мавжуд бўлмаган нарсани йўқ қилиб бўлмайди-ку, тўғрими?
Равшан: Тўғри.
Маҳмуд: Наҳотки осмонда кимдир ўлиши мумкин? Ахир ўлим фақатгина ер юзида мавжуд-ку.
Равшан: Ҳм, бу ҳақида ўйлаб кўришим керак.
Маҳмуд: Кўряпсизми, Муқаддас Китобга кўра, яхши одамларнинг фақатгина баъзилари осмонда, бошқалари эса ер юзида яшайдилар. Инжилда: «Мулойим кишилар бахтлидир, чунки улар ер юзига эга бўлишади»,— деган сўзларни ўқисак бўлади (Матто 5:5).
Равшан: Ҳа, жуда қизиқ фикр экан.
Маҳмуд: Мулойим кишилар ер юзига эга бўлишса, демак, одамлар ерда яшайдилар, шундай эмасми? Бу одамлар қандай баракаларга эга бўлиши тўғрисида Инжилда башорат қилинган. Дунёмиз тубдан ўзгаради, чунки Худо ёвузликни ва ҳатто ўлимни ҳам бутунлайин йўқ қилади.
Равшан: Нимани назарда тутаётганингизни тушуняпман. Аммо фикрингизни фақатгина битта-иккита оят билан тасдиқлаб бўлмайди, деб ўйлайман.
Маҳмуд: Гапингизда жон бор. Бўлажак ер юзидаги ҳаёт қандай бўлиши тўғрисида Муқаддас Китобда кўп оятлар бор. Агар вақтингиз бўлса, сизга энг яхши кўрган оятимни кўрсатиб бермоқчи эдим.
Равшан: Ҳа, озгина вақтим бор.
Фосиқлар йўқ қилинади
Маҳмуд: Бундан олдин биз Забур 36:29- оятни ўқиган эдик. Келинг, энди 10- ва 11- оятларни ҳам ўқийлик. Илтимос, ўзингиз ўқиб бера оласизми?
Равшан: Майли. «Яна бироздан кейин фосиқ йўқ бўлур, унинг жойини кўрасан-у, аммо ўзи йўқолиб кетган бўлур. Беозорлар эса ер юзига эга бўлажак, улар тинч-осойишталикда ҳузур қилажак».
Маҳмуд: Раҳмат. 11- оятга биноан, беозорлар, яъни яхши одамлар қаерда яшайдилар?
Равшан: «Ер юзига эга бўлажак», дейилган экан. Лекин менимча, бу сўзлар ҳозирги вақтга тегишли, ахир дунёда яхши одам кўп-ку.
Маҳмуд: Тўғри айтасиз. Бироқ, яхши инсонлар «тинч-осойишталикда ҳузур қилажак», деб ёзилганига эътибор беринг. Бугунги кунда дунёда тинчлик-осойишталик камёб бўлиб қолган, шундай эмасми?
Равшан: Ҳа, шундай.
Маҳмуд: Хўш, бу башорат қандай амалга ошаркин? Сизга бир мисол келтирай. Уйингизни ижарага бердингиз, дейлик. Баъзи ижарачилар уйни тоза тутиб, қўшнилар билан яхши муносабатда. Сиз уларни уйингизга қўйганингиздан мамнунсиз. Бошқалари эса, нуқул муаммо туғдиради. Улар ҳамма буюмларни бузиб, қўшниларга тинч яшашга беришмайди. Бундай ижарачилар яхши томонга ўзгаришмаса, сиз қандай йўл тутасиз?
Равшан: Уларни ҳайдаб чиқараман.
Маҳмуд: Худо ҳам ёмон одамлар билан ана шундай йўл тутади. 10- оятга яна бир бор қаранг-да. У ерда: «Фосиқ йўқ бўлур»,— дейилган. Бошқача айтганда, ўзгаларга озор етказадиганларни Худо «ҳайдаб чиқаради». Ўшандан кейингина яхши инсонлар ер юзида тинч-осойишталикда яшай олишади. Яхши одамлар ер юзида абадий яшаши борасида, эҳтимол, эшитмагандирсиз.
Равшан: Йўқ, эшитмаган эканман.
Маҳмуд: Боя айтганингиздек, бирор масала бўйича битта-иккита оятни кўриб чиқиш етарли эмас. Шундай экан, Муқаддас Китобда яхши одамларнинг келажаги ҳақида умуман олганда нима ёзилганини кўриб чиқсак арзийди. Аммо бугун Муқаддас Китобда ўқиганларимиз асосида сиз қандай хулосага келдингиз, баъзи яхши одамлар ўлгандан кейин осмонга кетиб, қолган қисми эса ер юзида абадий яшаши мумкинми?
Равшан: Билмадим. Бироқ ҳозиргина ўқилган оятлар гапингизда жон борлигини кўрсатиб турибди. Мен бу ҳақда ҳали ўйлаб кўришим керак.
Маҳмуд: Бу мавзу борасида бошқа саволлар ҳам туғилиши мумкин. Масалан: биздан илгари яшаган яхши одамлар билан нима бўлган? Уларнинг ҳаммаси ўлгандан кейин осмонга кетишганми? Агарда кетишмаган бўлса, унда ҳозир улар қаерда?
Равшан: Қизиқ савол экан.
Маҳмуд: Келинг, бу ҳақда келаси сафар гаплашамиз.
Равшан: Майли. Раҳмат.