«Сукут сақлашнинг ўз вақти бор»
ХАЛҚДА: «Гапирганинг — кумуш, гапирмаганинг — олтин», «тил суяксиз бўлса ҳам, суякни янчий олар»,— деган мақоллар бор. Доно шоҳ Сулаймон ҳам қуйидагиларни ёзган: «Бу дунёда ҳамма нарсанинг ўз тайинланган пайти бор, ҳар бир ишнинг ўз вақти бор [...] Сукут сақлашнинг ҳам, сўзлашнинг ҳам ўз вақти бор» (Воиз 3:1, 7).
Қизиқ, қайси пайт айнан гапириш, қачон эса жим туриш керак? Муқаддас Китобда ҳам сукут сақлаш тўғрисида такрор-батакрор ёзилган. Сулаймоннинг гапини оладиган бўлсак, ҳаётимизнинг учта соҳасида сукут сақлаш муҳим. Бу орқали бошқаларни ҳурмат қилишимиз ва мулоҳазакорлик ила иш тутишимиз мумкин. Қолаверса, сокин муҳитда фикр юритиш ҳам осонроқдир.
Иззат-ҳурмат
Сукут сақлаш — иззат-ҳурмат белгисидир. Хабаққуқ пайғамбар айтганидек, бутун борлиқ Тангри Яҳова олдида сукунат сақлаши даркор (Хаб. 2:20). Аллоҳнинг хизматчилари тинчлик сақлаб, Унинг халос этишини кутишмоқда (Марсия 3:26). Сано бастакори мана шуларни айтган: «Худованд ҳузурида тинч тур, Унга умидвору мунтазир бўлгил... фирибгарга ғашлик қилма» (Заб. 36:7).
Хўш, гап-сўзсиз Тангри Яҳовани шарафласа бўладими? У яратган ажойиботларни кўриб, лол қолган пайтингиз бўлганми? Бундай вазиятларда, Эгамизнинг салоҳияти тўғрисида фикр юритсак яхши бўларди. Шоҳ Довуд қуйидагича айтган: «Эй Худо, Сен Сион мақтовларига муносибсан, Сенга аталган назр-ниёзлар бажо бўлғуси» (Заб. 64:2).
Биз фақат Тангри Яҳовани шарафлашимиз муҳим. Масалан, Исроил халқи танҳо Ҳақ Таолога қулоқ солиши керак эди. Бундан ташқари, Аллоҳнинг қонун-қоидаларини фарзандларига ҳам уқтириш улардан талаб этиларди. Шу йўсин, уларнинг барча оила аъзолари Худонинг амрларини яхши бажара олишарди (Амр. 27:9, 10; 31:11, 12).
Биз ҳам жамоат учрашувларию анжуманларга қатнаб, итоаткорликка ўрганяпмиз. Агар у ердаги дастурни тинглашнинг ўрнига гаплашиб ўтирсак, Худонинг Каломи ва ташкилотига ҳурматсизлик кўрсатган бўламиз. Бироқ, сукут сақлаб диққат ила тингласак, Эгамизни хушнуд қиламиз.
Бундан ташқари, ўзаро мулоқот қилаётганимизда бир-биримизга диққатли бўлиш ҳам яхши фазилатдир. Мисол учун, айбловчилар Аюбга қарата бир нималарни айтишганда, у камтарлик билан тинглаган. Лекин ўзи гапирганида ҳам, уни эшитишларини хоҳларди (Аюб 6:24; 13:13).
Мулоҳазакорлик ва донолик
Бу борада Муқаддас Китобда шундай маслаҳатлар мавжуд: «Тилини тийган донодир», «Идрокли сукут сақлайди» (Ҳик. 10:19; 11:12). Буюк Устозимиз Исо ҳам сукут сақлаб, мулоҳазакорлик ва доноликда яхши ўрнак кўрсатган. Душманлари, уни гапда тутиб олиш ниятида савол беришганда «Исо индамади» (Мат. 26:63). Кейинчалик эса шоҳ Пилат уни сўроқ қилганида, Исо ҳеч қандай жавоб қайтармай, халқ олдида хотиржамликни сақлаган (Мат. 27:11–14).
Шу каби бизнинг ҳам асабимизга тегишганида тилимизни тийсак, доно эканимизни кўрсатамиз. Ҳикматлар 14:29 да қуйидагича ёзилган: «Сабр-тоқатли одам ақл-идроклидир, жаҳлдорлик аҳмоқликни билдиради». Кўриниб турганидек, аччиқ устида гапирсак, кейинчалик афсусланиб, тинчлигимизни ҳам йўқотишимиз ҳеч гап эмас.
Агар мулоҳазакорликка эга бўлсак, ёвуз кишилар орасида ҳам тўғри гапира оламиз. Хизматимизда бизни ҳам масхара қилишса, жавоб қайтармасак оқилонадир. Шундай вазиятлар бўлиши мумкинки, мактабда ёки ишхонада кимдир беадаб ҳазил-ҳузул қилади. Агар, мана шу пайтда уларнинг суҳбатига аралашиб кетмасак, оқилона йўл тутган бўламиз (Эфес. 5:3). Сано бастакори: «Мен юрар йўлимга эҳтиёт бўлайин, айтар сўзим ила гуноҳ қилиб қўймайин, фосиқ қаршимда экан, оғиз очмайин»,— деб бекорга айтмаган (Заб. 38:2).
Демак, идрокли инсоннинг имони асло ўзгармас (Ҳик. 11:12). Шунингдек, Худонинг содиқ хизматчилари махфий маълумотларни ҳар кимга тарқатишмайди. Шу сабабли, оқсоқоллар бундай биродару опа-сингилларга ишонч билдиришади.
Айтайлик, кимдир жим юради, бу унинг сўзга чечан эмаслигини англатадими? Албатта йўқ! Бир таниқли ёзувчи шундай деган: «Аслида вазмин одам билан мулоқот қилиш мароқлидир». Шубҳасизки, икки киши ўзаро гаплашаётиб бир-бирини тинглаши ўта муҳим. Шундагина улар дўст бўлиб, яхши суҳбат қура олишади.
Доно шоҳ Сулаймон мана шундай таъкидлаган: «Гап-сўз кўп бўлса жанжал ҳеч қачон тўхтамайди, тилини тийган эса донодир» (Ҳик. 10:19). Демак, бир неча сўздан ҳам можаро чиқиши мумкин. Ҳатто, «аҳмоқ ҳам индамай ўтирса доно, тилини тийган фаросатли ҳисобланади» (Ҳик. 17:28). Ҳа, Тангри Яҳовага қилган ибодатларимизда: «Оғзимга посбон қўйгин»,— дея сўрашимиз ўринлидир (Заб. 140:3).
Фикр юритишимиз учун ёрдам
Тангри Таолонинг Каломини овоз чиқариб ўқибгина, ақл-идрокли бўлишимиз мумкин. Зеро Забур 1:2 да шундай ёзилган: «Туну кун Тангри Қонуни ила банддир фикри-зикри». Қайси вазиятларда мулоҳаза қилиш яхши самаралар келтиради?
Иброҳимнинг ўғли Исҳоқ шомда «яхшилаб ўйлаш учун даштга чиқди» (Ибт. 24:63). Кўриб турганимиздек, фикр юритиш учун у қулай вақт ҳамда тинч жойни танлаган. Ҳазрати Довуд эса кечки пайт мулоҳаза қилишни ёқтирарди (Заб. 62:7). Ҳатто мукаммал одам Исо Масиҳ ҳам тоғда, чўлда ва шунга ўхшаш хилват жойларда фикр юритишга вақт ажратган (Мат. 14:23; Луқо 4:42; 5:16).
Ҳақиқатдан ҳам сокин муҳит бизга анча ёрдам бериши мумкин. Шундай пайтларда, ўз камчиликларимиз тўғрисида ўйлаш осонроқ кечади. Бу ўз навбатида, ўзимизни яхши ҳис қилишимизга кўмаклашади. Боз устига, тинчликда фикр-хаёлимиз хотиржам бўлади. Бу шунингдек, камтарин ва итоаткор бўлишимизга ҳамда ҳаётдаги муҳим нарсаларнинг қадрига етишимизга ҳисса қўшади.
Хуллас, «сукут сақлашнинг ҳам, сўзлашнинг ҳам ўз вақти бор» (Воиз 3:7). Шу боис, бугун масиҳчилар Худонинг Шоҳлиги тўғрисидаги хушхабарни «жаҳон бўйлаб тарғиб қилишяпти» (Мат. 24:14). Натижада, Худонинг халқи тобора ортиб бормоқда (Михо 2:12). Шундай экан, бошқаларга Аллоҳнинг ажойиб ишлари ҳақида айтишда тинмайлик. Ушбу фаолиятда иштирок этишдан ташқари, сукут сақлаш олтин каби экани ҳам ҳаёт тарзимизда намоён бўлсин!
[3- саҳифадаги расм]
Йиғилишларда диққатли бўлиш лозим
[4- саҳифадаги расм]
Ваъзгўйликда ҳақорат қилишса, миқ этмаслик оқилонадир
[5- саҳифадаги расм]
Сокин муҳитда фикрлаш мароқли бўлади