«Кўз очиб кўрганинг билан қувонгин»
Кўз очиб кўрганинг билан қувонгин. [...] Нега энди, ўғлим, бегона хотинни кўнглинг қўмсайди? ҲИКМАТЛАР 5:18, 20
1, 2. Нима сабабдан ишқий ҳис-туйғулар ва эру хотин ўртасидаги жинсий алоқа муборакдир, деб айтилган?
МУҚАДДАС КИТОБ жинсий муносабатлар ҳақида сукут сақламайди. Масалан, Ҳикматлар 5:18, 19да бундай сўзлар ёзилган: «Булоғинг сувлари муборак бўлсин; кўз очиб кўрганинг билан қувонгин. Жозибали оҳу ва гўзал кийик! Унинг оғуши сени қониқтирсин, доим унинг севгиси билан қаноатлангин».
2 Бу ерда «булоқ» сўзи остида жинсий қониқиш манбаи назарда тутилган. У муборакдир, чунки ишқий ҳис-туйғулар ва жинсий алоқадан роҳатланиш эру хотинларга Худодан инъом этилган. Бироқ бундай муносабатлар фақатгина никоҳда ўринли бўлади. Шу сабабли Ҳикматлар китобини ёзган шоҳ Сулаймон: «Нега энди, ўғлим, бегона хотинни кўнглинг қўмсайди? Нимага бегона аёлнинг оғушини қучасан?» — деб савол берган эди (Ҳикматлар 5:20).
3. а) Кўп оилалар қандай муаммога дуч келишмоқда? б) Худо зинокорликка қандай қарайди?
3 Никоҳдан ўтаётиб, эркак ва аёл бир-бирини севиб, садоқатли бўлишга ваъда беришади. Бироқ кўп оилалар хиёнат туфайли вайрон бўлмоқда. Бир тадқиқотчи аёл 25 та сўровларнинг натижасини кўриб чиқиб, «хотинларнинг 25 фоизи, эркакларнинг эса 44 фоизи никоҳдан ташқари жинсий алоқада бўлишган» деган хулосага келди. Ҳаворий Павлус бундай деб ёзган: «Адашманглар, на зинокорлар, на бутпарастлар, на фоҳишабозлар, на баччабозлар, на баччалар... Худонинг Шоҳлигидан баҳраманд бўлмайдилар» (1 Коринфликларга 6:9, 10). Нақадар аниқ ва равшан қилиб ёзилган сўзлар. Зинокорлик Яратувчининг назарида оғир гуноҳдир, шунинг учун Худонинг хизматчилари турмуш ўртоқларига садоқатли бўлишлари лозим. Шундай экан, «никоҳ ҳамманинг кўзида эътиборда бўлсин, ётоғингиз беғубор бўлсин», деган сўзларга риоя қилишимизга нима ёрдам беради? (Ибронийларга 13:4).
Қалб алдамчи эканлиги ёдингизда бўлсин
4. Қандай қилиб оила қурганлар ҳам ўзлари билмаган ҳолда никоҳдан ташқари ишқий муносабатда бўлиш тузоғига илинишлари мумкин?
4 Ахлоқсизликка тўлиб-тошган бу дунёда кўпчиликнинг «кўзлари зинога тўймайди, тинимсиз гуноҳ қиладилар» (2 Бутрус 2:14). Улар никоҳдан ташқари ишқий муносабатларда бўлишни исташади. Айрим мамлакатларда аёлларнинг кўпчилиги ишга киришаётгани сабабли, ҳамкорлар сафи ҳам эркаклар, ҳам аёллардан иборат бўлиб, ишда ишқий муносабатлар пайдо бўлмоқда. Бундан ташқари, интернет алоқаси, ҳатто уятчанг одамлар ҳам бундай муносабатлар боғлашига имкон яратиб бермоқда. Кўпинча бундай тузоқларга оила қурганлар ҳам ўзлари билмаган ҳолда тушиб қолишлари мумкин.
5, 6. Қандай қилиб бир имондошимиз хавфли вазиятга тушиб қолди ва биз бундан қандай сабоқ олишимиз мумкин?
5 Бир имондошимиз, исмини Марям деб атайлик, зино қилишига сал қолган бир вазиятга тушган эди. Яҳованинг Шоҳиди бўлмаган унинг эри оиласига меҳрини кўрсатмас эди. Марям, эрининг ҳамкорларидан бири билан танишиб қолган кунни эслайди. У жуда хушмуомала инсон бўлиб, Марямнинг диний эътиқодига ҳам қизиқиш кўрсата бошлади. Марям: «У жуда меҳрибон бўлиб, эримга умуман ўхшамас эди»,— деб ҳикоя қилади. Кўп ўтмай улар орасида ишқий ҳис-туйғулар пайдо бўлди. Марям ўзини тинчлантириб: «Ахир мен зино қилаётганим йўқ-ку. Аслида у Муқаддас Китобни ўрганмоқчи. Эҳтимол мен унга ёрдам берарман»,— дея ўйлар эди.
6 Марямнинг бу кишига нисбатан пайдо бўлган ҳис-туйғуси зино қилишга олиб келмади, чунки у вақтида эс-ҳушини йиғиб олди (Галатияликларга 5:19–21; Эфесликларга 4:19). Унинг виждони қийнай бошлаб, хатосини тўғрилашга ундади. Ушбу мисол, инсоннинг қалби алдамчи эканини кўрсатиб турибди (Еремиё 17:9). Муқаддас Китоб бизни: «Бор кучинг билан қалбингни асра»,— деб огоҳлантирмоқда (Ҳикматлар 4:23). Қандай қилиб?
«Эс-ҳушли... яширинади»
7. Оиласида муаммоси борларга ёрдам бераётиб, Муқаддас Китобнинг қайси насиҳатига риоя қилиш даркор?
7 Ҳаворий Павлус: «Ўзининг мустаҳкамлигига ишонган киши йиқилмаслик учун эҳтиёт бўлсин»,— деб ёзган эди (1 Коринфликларга 10:12). Ҳикматлар 22:3да эса: «Эс-ҳушли хавф-хатарни кўриб яширинади»,— дейилган. Ўзига ишонган ҳолда: «Мен билан асло бундай бўлмайди»,— деб ўйлаш нотўғри. Эс-ҳушли инсон муаммога олиб бориши мумкин бўлган вазиятни олдиндан кўра билади. Мисол учун у, бошқа жинсдаги одамнинг ягона сирдоши бўлмайди (Ҳикматлар 11:14). Бордию, одамнинг оиласида муаммоси бўлса, унга буни турмуш ўртоғи, никоҳ тузумини қадрловчи ўз жинсдаги етук масиҳчи ёки оқсоқоллар билан муҳокама қилиш тавсия этилади (Титусга 2:3, 4). Имонлилар жамоатининг оқсоқоллари бунда яхши ўрнак кўрсатишади: агар оқсоқол бирор опа ёки синглимиз билан шахсан суҳбатлашиши керак бўлса, у бошқаларнинг кўз олдида, масалан, Йиғилиш Залида гаплашади.
8. Иш жойимизда қандай огоҳлантиришга амал қилишимиз керак?
8 Ишда ёки бошқа жойларда жинсий алоқада бўлишга олиб келадиган вазиятлардан қочинг. Масалан, иш вақтидан ташқари ишлаганда ўзга жинсдаги киши билан ёлғиз қолишга тўғри келса, бу гуноҳ қилишга сабаб бўлиши мумкин. Турмуш қурган инсон ҳеч ким билан ишқий муносабатда бўлмоқчи эмаслигини ҳам сўзлари, ҳам хатти-ҳаракати билан аниқ кўрсатиши керак. Аллоҳга садоқатли киши, ноз-карашма қилмайди ва кийиниши ҳамда ташқи кўриниши билан ҳам ўзига ортиқча эътиборни қаратмайди (1 Тимўтийга 4:8; 6:11; 1 Бутрус 3:3, 4). Агар иш жойимизда умр йўлдошимиз ва болаларимизнинг расми бўлса, бу ўзимизга ва бошқаларга биз учун ким азиз эканлигини кўрсатиб туради. Бировнинг икки маъноли пичингларини эшитмасликка қатъий қарор қилинг (Аюб 31:1).
«Севган хотинингиз билан... ҳаётдан завқланинг»
9. Бирга никоҳда бўлмаган инсонга нисбатан ҳис-туйғуларнинг пайдо бўлишига нима сабаб бўлиши мумкин?
9 Қалбни асраш — бу нафақат хатарли вазиятлардан қочишни англатади. Бирга никоҳда бўлмаган инсонга нисбатан ҳис-туйғуларнинг пайдо бўлиши, эр ва хотин бир-бирининг эҳтиёжларига эътиборсизлигидан далолатдир. Мисол учун, эри хотинига умуман эътибор бермайди ёки хотини уни доим танқид қилади дейлик. Шунда у, иш жойида ёки ҳатто имонлилар жамоатида умр йўлдошида бўлмаган фазилатларни ўзга инсонда пайқаб қолади. Кўп ўтмай, улар ўртасида ҳис-туйғулар пайдо бўлиб, бир-бирларига интила бошлайдилар. Воқеаларнинг бундай уланиб кетиши, Муқаддас Китобдаги оятнинг ҳаққонийлигини исботлаб турибди: «Ҳар ким ўзининг эҳтиросига берилиб, алданиб васвасага дучор бўлади» (Ёқуб 1:14).
10. Қандай қилиб эру хотинлар никоҳ ришталарини мустаҳкамлашлари мумкин?
10 Севгига, дўстликка ёки тасаллига бўлган эҳтиёжни никоҳдан ташқари қондиришга ҳаракат қилгандан кўра, ўз умр йўлдоши билан муносабатларини мустаҳкамлаш даркор. Бунинг учун бир-бирингизга эътиборли бўлиб, вақтингизни бирга ўтказинг. Бир-бирингизни қандай севиб қолганингизни эслаб туринг. Турмуш ўртоғингизга бўлган илк ҳис-туйғуларингизни уйғотишга ҳаракат қилинг. Ҳаётингизда бирга ўтказган ёқимли дамларни ёдга олинг. Худога ибодат қилиб, муаммоларингизни тўкиб солинг. Ҳазрати Довуд: «Эй Худо, менда пок юракни яратгин, ичимда янги, собит руҳни бунёд этгин»,— деб Яҳова Таолога ибодат қилган эди (Забур 50:12). Шундай экан, «бу дунёдаги сизга берилган умр давомида ўз севган хотинингиз билан тез ўтиб кетадиган бу ҳаётдан завқланинг» (Воиз 9:9).
11. Никоҳ ришталарини мустаҳкамлашда билим, донолик ва ақл-идрок қандай аҳамиятга эга?
11 Шунингдек, никоҳ ришталарини мустаҳкамлашда билим, донолик ва ақл-идрок муҳим аҳамиятга эга эканини ёдда тутиш лозим. Ҳикматлар 24:3, 4да бундай дейилган: «Уй донолик билан қурилади, идрок билан мустаҳкам бўлади. Хоналар эса билим билан турли қимматбаҳо, қимматли бойликка тўлади». Бахтли оиланинг уйи севги, садоқат, Худодан қўрқув ва имон каби «қимматли бойликка» ҳам тўлдирилган бўлади. Бундай фазилатлар эгаси бўлиш учун эса Аллоҳ ҳақида билим олиш даркор. Шу сабабли умр йўлдошлар Худонинг Каломини қунт билан тадқиқ қилишлари лозим. Донолик ва ақл-идрок эса қанчалик муҳим? Кундалик муаммоларни енгиш учун донолик, яъни Муқаддас Китобдаги билимларни татбиқ эта билиш даркор. Ақл-идрок ва фаҳм умр йўлдошининг фикрлари ва ҳис-туйғуларини тушунишга ёрдам беради (Ҳикматлар 24:3, 4). Яҳова Тангри шоҳ Сулаймон орқали: «Ўғлим, донолигимга эътибор бер, ақл-идрокимга қулоқ сол»,— деган сўзларни айтган (Ҳикматлар 5:1).
Бундайларнинг «боши қайғуда бўлади»
12. Умр йўлдошлар муаммоларга дуч келиши нима сабабдан ажабланарли эмас?
12 Беками-кўст оиланинг ўзи йўқ. Ҳатто Муқаддас Китобда эр-хотинларнинг «боши қайғуда бўлади», деб айтилган (1 Коринфликларга 7:28). Ғам-ташвиш, касаллик, таъқиблар ва бошқа сабабларга кўра оилада муаммолар пайдо бўлиши мумкин. Бироқ Яҳовага маъқул келишни истовчи садоқатли умр йўлдошлар уларни биргаликда ҳал қилишлари керак.
13. Эру хотинлар қайси соҳаларда ўзларини текшириб кўрсалар яхши бўларди?
13 Турмуш ўртоқларнинг ёмон муносабати дастидан никоҳ хавф остида қолган бўлса-чи? Вазиятнинг ечимини топиш ҳаракат талаб этади. Эҳтимол, эру хотин қўпол сўзларни айтишга одатланиб қолишгандир (Ҳикматлар 12:18). Ўтган мақолада кўриб чиқилганидай, бу ёмон оқибатларга олиб келиши мумкин. Муқаддас Китобда: «Уришқоқ ва баджаҳл хотин билан яшагандан кўра чўлу биёбонда яшаш яхшироқ»,— деб айтилган (Ҳикматлар 21:19). Шу сабабли хотин ўзидан: «Эримнинг мен билан чиқишиши осонми?» — деб сўраши керак. Муқаддас Китоб эрларга: «Хотинларингизни севинглар, уларга қўпол муомалада бўлманглар»,— деб маслаҳат беради (Колосаликларга 3:19). Эрлар ҳам ўзларидан: «Менинг совуқ муносабатим хотинимни четдан тасалли қидиришга ундамаяптими?» — деб сўрашлари даркор. Бинобарин, жинсий ахлоқсизликни оқлашга асос йўқ. Аммо бундай фожиа юз бериши эҳтимолдан йироқ эмас, шунинг учун ҳаммасини очиқ-ойдин муҳокама қилишга барча сабаблар бор.
14, 15. Нима сабабдан никоҳдан ташқаридаги ишқий муносабатлар оиладаги муаммоларни ечмайди?
14 Никоҳдан ташқари ишқий муносабатлардан тасалли излаш билан оиладаги муаммони ҳал қилиб бўлмайди. Бундай муносабатлар нимага олиб келиши мумкин? Яхшироқ турмуш ўртоқ топишгами? Баъзилар шундай фикрда бўлишлари мумкин. Улар: «Ҳар ҳолда бу инсон менинг умр йўлдошимда бўлмаган яхши фазилатларга эга»,— деб таъкидлашади. Аммо бундай фикрлаш нотўғри, чунки ўз турмуш ўртоғини ташлаб кетадиган ёки уни бундай қилишга ундайдиган киши, никоҳнинг муқаддаслигига ҳурматсизлик қилган бўлади. Янги ишқий ҳис-туйғулар, муваффақиятли никоҳ қуришга олиб келишига умид қилиш оқилона эмас.
15 Юқорида эслатиб ўтилган Марям, хатти-ҳаракатларининг оқибатлари нимага олиб келишини англаб етди. Шунингдек у, бу туфайли ўзи ёки бошқа киши Худонинг марҳаматидан маҳрум бўлиши мумкинлигини тушунди (Галатияликларга 6:7). У бундай дейди: «Эримнинг ҳамкорига бўлган ҳис-туйғуларим устидан фикр юритиб, қуйидагини тушуниб етдим: агар унинг ҳақиқатга келиш эҳтимоли бўлган тақдирда ҳам, айнан мен бунга тўғоноқ бўляпман. Гуноҳ қилиб қўйсам, бу яқинларимга салбий таъсир қилиб, бошқаларнинг қоқинишига сабаб бўлади!» (2 Коринфликларга 6:3).
Кучли ундов
16. Ахлоқсизлик нимага олиб келади?
16 Муқаддас Китоб: «Бузуқ аёлнинг тилидан бол томади, сўзлари малҳамдай юмшоқ, аммо оқибати заҳардай аччиқ, ханжардай ўткирдир»,— деб огоҳлантирмоқда (Ҳикматлар 5:3, 4). Ахлоқсизлик дард-алам, баъзида эса ҳатто ўлим келтириши мумкин. Бундай гуноҳнинг оқибати — виждон азобига, жинсий йўл билан ўтадиган касалликлар ва жабр кўрган томоннинг кўнгли вайрон бўлишига олиб келиши мумкин. Шубҳасизки, хиёнат қилишга олиб борувчи йўлдан юрмасликка асосли сабаблар мавжуд.
17. Никоҳда садоқатли бўлишга нима кучли ундов бўлиб хизмат қилади?
17 Никоҳда бевафоликка ўрин йўқлигининг асосий сабаби, никоҳнинг Асосчиси бўлмиш ва инсонларга жинсий муносабатда бўлиш имконини ато этган Яҳова Таоло буни қоралайди. У Малахи пайғамбар орқали, зинокорларни ҳукм этиб, уларни фош этиши ҳақида айтган (Малахи 3:5). Яҳова ҳамма нарсани кузатиб туриши тўғрисида Ҳикматлар 5:21да: «Инсоннинг хатти-ҳаракатлари Эгамизнинг кўзи олдида, одамнинг барча ишларини кузатиб туради»,— дейилган. Дарҳақиқат, «Унинг кўзи олдида ҳамма нарса очиқ ва аёндир. Ахир, биз Унга ҳисоб берамиз-ку!» (Ибронийларга 4:13). Шундай экан, ҳар қандай ахлоқсизлик, уни яширишга қанчалик уринишмасин ва соғлиққа ҳамда атрофдагиларга қандай таъсир қилмасин, айниқса Яҳова билан ўзаро муносабатларга шикаст етказиши аниқдир. Буни англаб етиш, никоҳда садоқатли бўлишга кучли ундов бўлиб хизмат қилади.
18, 19. Юсуф ва Пўтифарнинг хотини билан бўлган воқеадан нимани ўрганиш мумкин?
18 Бобокалонимиз Ёқубнинг ўғли Юсуфнинг ўрнаги, Худо билан яхши муносабатларни йўқотмаслик истаги — бу кучли ундов эканини кўрсатиб турибди. Юсуф Фиръавн саройининг маъмури Пўтифарнинг кўнглини топиб, унинг хонадонида махсус амалга тайинланган эди. Юсуф «қадди-қомати келишган, жуда чиройли йигит» бўлгани сабабли, Пўтифарнинг хотинининг назаридан четда қолмади. У ҳар куни Юсуфни ўзига жалб қилишга ҳаракат қилса-да, бу ҳеч қандай самара бермаган эди. Унинг макрларига кўнмасликка Юсуфни нима ундаган эди? Муқаддас Китобда айтилишича: «Юсуф рад этиб, хўжайинининг хотинига: “Мана, хўжайиним... мендан ҳеч нарсани аямай, биргина сени бермаган. Сен унинг хотинисан-ку. Мен қандай қилиб бундай қабиҳликка бориб, Худога қарши гуноҳ қиламан?” — деди» (Ибтидо 39:1–12).
19 Ҳали уйланмаган Юсуф бегонанинг хотини билан жинсий алоқа қилишдан воз кечиб, ахлоқан пок бўлиб қолди. Ҳикматлар 5:15да уйланган эркакларга: «Ўз сардобангдаги, ўз қудуғингдаги сувни ичавер»,— деб айтилган. Ҳатто билмаган ҳолда никоҳдан ташқари бирор кимсага нисбатан ишқий ҳис-туйғулар пайдо бўлишидан эҳтиёт бўлинг. Никоҳ ришталарини мустаҳкамлаб, оилавий муаммоларни биргаликда ҳал қилишга ҳаракат қилинг. Хуллас, «кўз очиб кўрганинг билан қувонгин» (Ҳикматлар 5:18).
Нимани билиб олдингиз?
• Қандай қилиб Худонинг хизматчиси, ўзи билмаган ҳолда никоҳдан ташқари ишқий муносабатда бўлиш тузоғига илиниши мумкин?
• Қандай эҳтиёткорлик чоралари, никоҳдан ташқари ишқий муносабатлардан қочишга ёрдам беради?
• Эру хотинлар муаммоларга дуч келишганда нима қилишлари керак?
• Никоҳда садоқатли бўлишга нима кучли ундов бўлиб хизмат қилади?
[18- саҳифадаги расм]
Афсуски, иш жойи ишқий муносабатлар пайдо бўладиган қулай жойга айланиши мумкин