Яҳованинг Каломи жонли
Ишаё китобининг диққатга сазовор оятлари (1-қисм)
ЯҲОВА ТАОЛОНИНГ таклифини эшитганидан сўнг, Омиз ўғли Ишаё тайёрлик ила уни бажаришга ўз истагини билдирди (Ишаё 1:1; 6:8). Шу пайтдан бошлаб, у пайғамбар бўлиб тайинланди. Ишаёнинг фаолияти эса Худонинг каломи таркибига кирган ва унинг исми билан аталган китобда ёзиб қолдирилган.
Шахсан пайғамбарнинг ўзи ёзган китоб, милоддан аввалги 778-йилдан бошлаб тахминан милоддан аввалги 732-йилга довур, яъни 46 йиллик даврни ўз ичига олган. Бу китоб Яҳудо, Исроил ва бошқа халқларга қарши чиқарилган Аллоҳнинг ҳукмларидан иборат бўлса-да, унинг асосий мавзуси ҳукм қилиш эмас, балки Худованд Яҳовадан келадиган нажот ҳақидадир (Ишаё 25:9). Ҳаттоки Ишаёнинг исми «Яҳова нажот беради», деган маънога эга. Ушбу мақолада Ишаё китобининг 1:1–35:10 оятларидан диққатга сазовор фикрларни кўриб чиқамиз.
ОМОН ҚОЛГАНЛАР АСИРЛИКДАН ҚАЙТАДИЛАР
Китобнинг илк бешта бобида башоратли ваҳий мавжуд. Аммо Ишаё уни қачон ёзгани, пайғамбар қилиб тайинланганидан олдин ёки кейинми, Муқаддас Китобда айтилмаган (Ишаё 6:6–9). Бироқ Яҳудо ва Қуддус аҳолиси ‘бошидан товонигача’ маънан касал экани ойдиндир (Ишаё 1:6). Зеро бутпарастлик кенг тарқалган, халқни бошқарганлар порахўрликка ботиб кетган, аёллар кеккайган, одамлар эса Худога маъқул тарзда сиғинмай қуйишганди. Шунинг учун ҳам Ишаё пайғамбарга, билими йўқ ва тушунишни истамайдиганларга бориб, қайта-қайта гапириш буюрилган эди.
Яҳудия хавф остида.Чунки Исроил ва Суриянинг бирлашган қўшинлари унга таҳдид солмоқда. Ишаё ҳамда унинг болаларидан ‘аломат ва мўъжиза’ тариқасида фойдаланиб, Яҳова Таоло Сурия билан Исроил режалари мағлубиятга учрайди, деб ишонтирмоқда (Ишаё 8:18). Аммо абадий тинчлик — Тинчлик Ҳукмрони бўлмиш Исо Масиҳ бошчилигида амалга ошади (Ишаё 9:6, 7). Аллоҳ Ўз қаҳрини тўкиб солиш учун, жазо қуроли сифатида Оссурия халқидан фойдаланган бўлса-да, уни ҳам жавобгарликка тортади. Охир оқибат, Яҳудо асирликка қувиб кетилади, аммо омон қолганлар асирликдан қайтадилар (Ишаё 10:5, 21, 22). Лекин ҳақиқий адолат Ишай илдизидан ўсиб чиққан Ниҳол, яъни Исо Масиҳ ҳукмронлиги остида ўрнатилади (Ишаё 11:1).
Саволларга жавоблар:
1:8, 9 — Сион қизи узумзордаги чайладай, даладаги кападай бўлади, деган сўзлар нимани англатади? Бу сўзлар оссурияликлар Қуддусни босиб олаётган пайтда, шаҳар узумзордаги чайладай, даладаги кападай ҳимоясиз, ожиз бўлиб кўринишини англатади. Бироқ Яҳова Таоло ёрдамга келиб, Қуддуснинг Садўм ва Ғамўра шаҳарларига ўхшаб қолишига йўл қўймади.
1:18 — Бу оятда Яҳова исроилликларни ўзаро даъволарини муҳокама қилишга таклиф қилдими? Асло. Гап тенг ҳуқуққа эга бўлган икки томоннинг ўзаро келишмовчиликни муҳокама қилишида эмас, балки адолатли Ҳакам бўлмиш Яҳова исроилликларни тавба қилиб, ахлоқан ва маънан покланишга ундаганидадир.
6:8 — Бу оятда ‘Мен’ ҳамда ‘Биз’ олмошлари кимга нисбатан ишлатилган? ‘Мен’ олмоши Яҳова Таолога нисбатан қўлланилган. ‘Биз’ олмоши эса Худованд олдида яна кимдир борлигига ишора қилади. Бу ҳам бўлса Унинг азизи Исо Масиҳдир (Юҳанно 1:14; 3:16).
6:11 — Ишаё пайғамбар қачонгача деб савол берганида нимани назарда тутган эди? Ишаё Яҳованинг хабарини бефарқ бўлган халққа қанча ваъз қилиши кераклигини сўрамаган. Аксинча, у қачонгача Исроил халқи маънан ярамас ҳолатда бўлиши ва Яҳованинг номига қачонгача доғ тушириш давом этиши ҳақида билишни хоҳлаган эди.
7:3, 4 — Нима учун Яҳова ёвуз шоҳ Охозни халос қилди? Сурия билан Исроил шоҳлари Яҳудиянинг шоҳи Охозни тахтдан тушириб, ўрнига уларнинг амри билан иш қиладиган ва Довуд наслидан бўлмаган одамни подшоҳ қилиб қўйишни режалаштирган эдилар. Шайтоннинг макри бўлган бундай режа, Довуд билан тузилган Шоҳлик аҳдига зиён етказиши мумкин эди. Аммо Яҳова ваъдасига биноан келажак Тинчлик Ҳукмронининг насабномасини сақлаб қолиш учун, шоҳ Охозни халос қилди (Ишаё 9:6).
7:8 — Қандай қилиб 65 йилда Эфрайим халқи йўқ бўлиб кетган? Исроил шоҳи Пеках даврида ўн қабилали шоҳликнинг одамлари сургун қилиниб, ўрниларига бошқа халқдаги одамларни кўчириб олиш жараёни бошланди (4 Шоҳлар 15:29). Бу узоқ вақт, ҳатто Сурия шоҳи Санхаривнинг ўғли ва тахт вориси бўлган Исархаддўн давргача давом этди (4 Шоҳлар 17:6; Эзра 4:1, 2; Ишаё 37:37, 38). Эҳтимол, сурияликлар томонидан одамларни Самарияга ва ундан кўчириб олиш жараёни, Ишаё 7:8 оятида айтилган 65 йиллик даврга тегишли.
11:1, 10 — Ишай уруғидан бўлган Исо Масиҳ қандай қилиб бирданига ҳам ниҳол, ҳам илдиз бўлиши мумкин? (Римликларга 15:12) Исо алайҳиссалом Ишай ўғли ҳазрати Довуд зурриётидан келиб чиққан. Шунинг учун у Ишай илдизидан ўсиб чиққан ниҳол, деб аталади (Матто 1:1–6; Луқо 3:23–32). Бироқ Исо Масиҳ самовий шоҳликнинг ҳуқуқига эга бўлиши, ўз ота-боболарига нисбатан мартабасини ўзгартиряпти. Бинобарин итоаткор инсонларга ер юзида абадий ҳаётни ато этиш Мангу Ота, яъни Исо Масиҳнинг қўлида экан, у шунингдек Ишайнингу ота-боболарининг илдизи ҳам аталади (Ишаё 9:6).
Хулосалар:
1:3. Худонинг талабларига бўйсуниб яшашни истамаганларнинг онги, хачир ва ҳўкизнинг онгидан ҳам паст эканини кўрсатади. Бошқа томондан Яҳова Таолонинг барча яхшиликлари учун миннатдорчиликни оширсак, онгсизлардай Уни ҳеч қачон қолдирмаймиз.
1:11–13. Иккиюзлама диний урф-одатлар ва расмиятчилик юзасидан айтилган ибодатлар Худованд Яҳова учун оғир юкдир. Бизнинг иш-ҳаракатларимизу ибодатларимиз соф юракдан чиқиши лозим.
1:25–27; 2:2; 4:2, 3. Яҳудо халқининг қуллик ва она юртининг кимсасиз қолган даври, омон қолганларнинг Қуддусга қайтиб, ҳақ топинишни қайта тикланиши билан тугайди. Бинобарин Худованд Яҳова тавба қилган гуноҳкорларга меҳр-иноятлидир.
2:2–4. Худо салтанати тўғрисида ваъз қилиш ҳамда шогирд орттириш фаолиятида бўлган ғайратимиз, ҳар хил миллатдан бўлган инсонларга қиличларидан омоч ясашга, яъни бошқалар билан тинч-тотув ҳаёт кечиришни ўрганишга ёрдам беради.
4:4. Яҳова Таоло ахлоқсизликни ювади, қон гуноҳидан эса тозалайди.
5:11–13. Ўйин-кулгини танлаётиб меъёр ва ўринли пайтини билмаслик, Худо ҳақида билимни қўлламаслик демакдир (Римликларга 13:13).
5:21–23. Имонлилар жамоатининг оқсоқол ёки нозирлари ўзларини доно ҳисобламасликлари даркор. Шунингдек улар спиртли ичимликларни суиистеъмол қилишдан ва юз-хотирчилик кўрсатишдан қочишлари зарур.
11:3. Исо Масиҳнинг ўрнагию таълимотлари Худодан қўрқиш, шодлик келтиришини кўрсатмоқда.
ХУДОВАНД ЁҚУБ ХАЛҚИГА РАҲМ-ШАФҚАТ КЎРСАТАР
Ишаё китобининг 13–23-боблари бошқа халқларга қарши чиқарилган Аллоҳнинг ҳукмларидан иборат. Бироқ Яҳова Таоло Ёқуб халқига раҳм-шафқат кўрсатиб, Исроилнинг барча қабиласига уйга қайтиб келишга имконият беради (Ишаё 14:1). Яҳудо кимсасиз қолгани тўғрисидаги хабардан ташқари 24–27-бобларида унинг қайта тикланиши ҳақида айтилган. ‘Маст бўлган Эфрайим’, яъни исроилликлар Сурия билан иттифоқ тузгани, Яҳудонинг руҳонийлару пайғамбарлари эса Оссурия билан бирлашмоқчи бўлгани учун Худованд Яҳова улардан ғазабланди (Ишаё 28:1, 7). Кабзаёл, яъни Қуддус аҳолиси Мисрга бориб ҳимоя излагани учун Аллоҳ уларни жазолашни ваъда берди (Ишаё 29:1; 30:1, 2). Лекин Худованд Яҳовага умид боғлаганлар нажот топиши ҳақида сўз ҳам берилган.
Арслон ўз ўлжаси устида туриб бўкирганидай, Яҳова Таоло Сион тоғини ҳимоя қилади (Ишаё 31:4). Шунингдек, шоҳ адолатлик ила ҳукм суриши ҳақида ваъда берилган (Ишаё 32:1). Оссурия Яҳудога таҳдид солгани учун тинчлик элчилари аччиқ йиғлашса-да, Яҳова унинг халқи маънан шифо топиб, гуноҳлари эса кечирилиши тўғрисида сўз беради (Ишаё 33:7, 22–24). Зотан Аллоҳнинг қаҳри-ғазаби барча халқ ва уларнинг қўшинларига қаршидир (Ишаё 34:2). Яҳудо кимсасиз қолмайди, чунки унинг саҳрою қақраган ерлари худди наргис гулидай яшнайди (Ишаё 35:1).
Саволларга жавоблар:
13:17 — Қайси маънода мидияликлар кумуш ва тиллани севмасдилар? Мидияликлар билан форслар ўлжа олишдан кўра янги ерларни бостириб олишни ва шуҳрат қозонишни кўпроқ ўйлардилар. Бунинг исботи сифатида, шоҳ Кирнинг Навухадназар томонидан Яҳованинг маъбадидан олиб чиқилган кумуш ва тилла ашёларни исроилликларга қайтариб берганини келтириш мумкин.
14:1, 2 — Қандай қилиб Яҳованинг халқи уларни қулликка олганларни асир қилдилар ва уларни зўрлаб ишлатганлар устидан ҳоким бўлдилар? Дарҳақиқат, мидияликлар ва форслар ҳукмронлиги даврида Дониёр Бобил вилоятининг ҳокими бўлиб тайинланди. Эстер Форс давлатининг маликаси бўлди. Мордахай эса ҳуқуқи бўйича шоҳдан кейин турарди.
20:2–5 — Ишаё пайғамбар ҳақиқатдан ҳам уч йил қип-яланғоч бўлиб юрганми? Эҳтимол, Ишаё фақат устки кийимларини ечиб юргандир. Зотан яланғоч деб таржима қилинган ибронийча сўз шунингдек ярим-яланғоч деб ўгирилиши мумкин (2 Шоҳлар 6:14, 20).
21:1 — Қайси жой денгиз соҳилидаги саҳро, деб номланган? Бобил денгиздан узоқда жойлашган бўлса ҳам, ушбу оятда гап айнан у ҳақда бормоқда. Сабаби ҳар йили Фурот ва Дажла дарёларининг тошқини бўлган пайтлари, бу жой сув дастидан серботқоққа айланиб, денгизга ўхшаб қолар эди.
24:13–16 — ‘Зайтун дарахтлари мевасини қоққандан ва узумзор ҳосилини йиққандан сўнг нима содир бўлса, халқлар билан ҳам шундай бўлади’, деган сўзлар нимани англатади? Йиғим-терим тугаб, дарахт ёки узум токида қолган-қутган мевалар каби, Қуддус ва Яҳудонинг вайронага айланишидан фақат баъзилари омон қоладилар. Аммо уларни қаерга кўчириб бормасинлар, шарқдаги Бобилгами ёки ғарбдаги Ўрта ер денгизнинг оролларигами, улар Худованд Яҳовага ҳамду сано ўқирдилар.
24:21 — Самовий қўшин ҳамда ер подшоҳлари деб, кимлар назарда тутилган? Самовий қўшин деб, ёвуз руҳий кучларга ишора қилинган бўлиши мумкин. Ер подшоҳлари эса шу ёвуз руҳларнинг кучли таъсирида бўлган ер юзидаги ҳокимлардир (1 Юҳанно 5:19).
25:7 — Бутун халқларни ўраб олган ҳамда барча миллатларни ёпиб олган чойшаб нимани англатади? Бу муқояса инсониятнинг иккита ашаддий душманига — ўлим ва гуноҳга ишора қилмоқда.
Хулосалар:
13:20–22; 14:22, 23; 21:1–9. Бобил билан содир бўлган воқеа кўрсатганидай, Яҳованинг башоратли сўзи ҳамиша рўёбга ошади.
17:7, 8. Исроилликларнинг кўпчилиги Яҳованинг хабарига қулоқ солмаган бўлса ҳам, баъзилари Яҳовага кўз тикишган. Шунга ўхшаб, христиан оламидаги баъзи одамлар Худонинг Шоҳлиги ҳақидаги хушхабарни қабул қилишди.
28:1–6. Исроил Оссурия қўлидан мағлубиятга учраган бўлса ҳам, Аллоҳ Унга вафодор бўлган одамларни асраб қолишига ғамхўрлик қилди. Яҳова Ўз адолати ила солиҳ бандаларини умидсиз қолдирмайди.
28:23–29. Яҳова Таоло софдил инсонларнинг шахсий эҳтиёжлари ва шароитларини эътиборга олган ҳолда уларни тўғрилайди.
30:15. Тангри Яҳова бизни халос қилишга доимо тайёр. Фақат биз одамзодга умид боғлаб, ундан нажот келишини изламай, аксинча ‘тинчликни’ сақлаб, имонда мустаҳкам туришимиз муҳим. Қўрқувдан титрамай ўзимизни қўлга олсак, Яҳова бизни халос қилишига қодир эканини намоён қилган бўламиз.
30:20, 21. Яҳова Таоло бизга илоҳий илҳом билан ёзилган Муқаддас Китоб ҳамда «ишончли ва ақлли хизматкор» орқали мурожаат қилганида, Уни кўриб, нажот бахш этадиган овозини эшитгандай бўламиз (Матто 24:45).
Ишаё китоби Худонинг каломига бўлган ишончимизни мустаҳкамлайди
Ишаё китобида ёзилган Худонинг хабари учун нақадар миннатдормиз! Пайғамбарнинг амалга ошган башоратлари, Яҳованинг оғзидан чиққан ҳар бир сўз, амалга ошмай қайтмаслигида бизни ишонтирмоқда (Ишаё 55:11).
Ишаё 9:7 ва 11:1–5, 10 оятларидаги Исо Масиҳга оид башоратлари ҳақида нима дейиш мумкин? Наҳотки, улар нажот топишимиз учун Яҳова ташкил этган тадбирларига бўлган имонимизни мустаҳкамламаса? Боз устига китобда асосан бизнинг кунларимизда ёки яқин келажакда юз берадиган башоратлар мавжуд (Ишаё 2:2–4; 11:6–9; 25:6–8; 32:1, 2). Ҳақиқатдан ҳам Ишаё пайғамбарнинг китоби яна бир бор «Худонинг каломи жонли» эканлигини исботламоқда! (Ибронийларга 4:12).
[30- саҳифадаги расм]
Ишаё ҳамда унинг болалари ‘аломат ва мўъжиза’ тариқасида бўлишган
[31- саҳифадаги расм]
Қуддус узумзордаги чайладай бўлиб қолди
[32- саҳифадаги расм]
Қандай қилиб инсонларга қиличларидан омоч ясашга ёрдам беришмоқда?