«Худодан қўрқиб... муқаддас бўлишга» интилинг
АЛЛОҲ КАЛОМИДА Эгамиз ҳақида: «Яҳова муқаддас, муқаддас, муқаддасдир»,— дея ёзилган (Ишаё 6:3 ЯДТ; Ваҳ. 4:8). «Муқаддас» деб таржима қилинган ибронийча ва юнонча сўзлар беғуборликни ҳамда маънан пок ва ҳаром нарсалардан четда бўлишни англатади. Аллоҳнинг муқаддаслиги У ахлоқан мукаммал эканидан далолат беради.
Муқаддас Худованд Яҳова, Унинг хизматчилари ҳам муқаддас, яъни жисмонан, ахлоқан ва маънан пок бўлишларини истайди. Аллоҳ Каломида ҳам бу ҳақда аниқ ёзилган бўлиб, Худо халқига: «Муқаддас бўлинглар, зеро Мен муқаддасман»,— деб айтган (1 Бутр. 1:16). Гуноҳкор бандалар Яҳованинг муқаддаслигига тақлид қила олишадими? Албатта, бироқ афсус мукаммал даражада эмас. Агар маънан пок бўлиб, Худо билан яқин муносабатларни ривожлантирсак, У бизни муқаддас деб ҳисоблайди.
Аммо ушбу нопок дунёда қандай қилиб пок қолишимиз мумкин? Нималардан четда бўлишимиз лозим? Нутқ ҳамда хулқ-атворимизда қандай ўзгаришлар қилмоғимиз муҳим? Келинг бунинг учун, мил. авв. 537- йилда Бобилдан ўз юртига қайтишаётган яҳудийлардан Аллоҳ нима талаб қилганини кўриб чиқамиз.
Ўша ердан муқаддас йўл ўтади
Тангри Яҳова, халқи Бобил асирлигидан она юртига қайтишини башорат қилган. Ушбу башоратда айтилишича, ўша ердан йўл ўтиб уни муқаддас йўл деб аташади (Ишаё 35:8а). Демак Яҳова яҳудийларга нафақат йўл очиб беришини, балки бу йўл давомида уларни ҳимоялашини ваъда қилган.
Яҳова Таоло бугунги кунда ҳам, хизматчилари сохта дин бўлмиш буюк Бобилдан чиқиб кетишлари учун муқаддас йўл очиб берган. Масалан, 1919- йилда мойланган масиҳчиларни сохта дин асирлигидан озод қилганида, улар барча сохта таълимотларни инкор этиб, аста-секин пок бўлишди. Бугун Яҳова Шоҳидларининг жамоатларида маънавий поклик ҳукм сургани туфайли Яҳовага топиниб, ўзгалар билан тинч-тотувликда умр кечиришимиз мумкин.
«Кичик пода» аъзолари бўлмиш мойланган масиҳчилар ҳамда «улкан бир оломон» «бошқа қўйлар» муқаддас йўлни танлаб, ўзга кишиларни ҳам бу йўлдан юришга таклиф қилишмоқда (Луқо 12:32; Ваҳ. 7:9; Юҳан. 10:16). Ҳа, вужудини «тирик, муқаддас, Худога манзур бўладиган қурбон қилиб бағишлашга» тайёр турган барча инсонларга муқаддас йўл очиқ (Рим. 12:1).
Ўша йўлдан нопок одам юрмайди
Мил. авв. 537- йилда юртига қайтишаётган яҳудийлар битта муҳим талабга риоя қилишлари керак эди. Муқаддас йўлдан нопок одам юрмайди. Бу йўл бўйсунганларга муносиб холос, аҳмоқлар эса бу йўлдан кезиб юришмайди (Ишаё 35:8б). Яҳудийлар Қуддусга ҳақ топинишни тиклаш мақсадида қайтишаётганди. Шунинг учун ғаразгўй, муқаддас нарсаларни қадрламайдиган ёки маънан нопок бўлган кишилар муқаддас йўлдан юра олишмасди. Бу яҳудийлар Яҳованинг юқори ахлоқий меъёрларига мос келишлари лозим эди. Бугун Аллоҳнинг назарида пок бўлишни истаган киши ҳам бундай талабларга муносиб келиши учун «Худодан қўрқиб... муқаддас бўлишга» интилиши зарур (2 Кор. 7:1). Шундай экан, нималардан четланишимиз лозим?
Ҳаворий Павлус қуйидагича ёзган: «Башарий табиатнинг ишлари маълум, чунончи: фаҳшбозлик, ҳаром-ҳаришлик, фисқ-фужур» (Галат. 5:19). Фаҳшбозлик сўзи остида, никоҳда бўлмай туриб турли равишда жинсий аъзолардан фойдаланиш назарда тутилган. Фисқ-фужур эса ахлоқий бузуқликлар, фаҳш, беҳаёлик ва ярамас хатти-ҳаракатлар билан боғлиқ. Фаҳшбозлик ҳам, фисқ-фужур ҳам, Аллоҳ Яҳованинг нуқтаи назарида умуман жирканчлидир. Шу йўсин ким ахлоқсиз ҳаёт кечиришни давом этса, Худонинг хизматчиси бўла олмайди. Шунингдек бу, «тамагирлик» ила турли ифлос ишларга берилган одамларга тегишлидир (Эфес. 4:19).
«Ҳаром-ҳаришлик» ибораси ҳар хил гуноҳларни ўз ичига олади. Ушбу юнонча сўз остида хулқ-атворда ҳамда нутқда бўлган ҳар қандай ифлослик ва маънавий нопоклик назарда тутилади. Бунга шунингдек ҳакамлар қўмитаси кўриб чиқишга асоси бўлмаган ҳаракатлар ҳам кирадиa. Бундай ишларни қилган кишилар муқаддас йўлдан юришяпти, деб айтса бўладими?
Масалан, масиҳчи порнографияни яширинча томоша қила бошлаган дейлик. Аста-аста унинг нопок истаклари кучайиб борса, Яҳованинг назарида пок бўлиш қатъийлиги сусайиб боради. Эҳтимол у ҳали «тамагирлик» ила қилинган нопокликка берилмагандир, аммо «нима соф... қандайдир бир фазилат, қандайдир мақтанарли хислат бор бўлса, булар ҳақида фикр қилмайди» (Филип. 4:8). Порнографияни томоша қилиш — Худо билан бўлган муносабатларни барбод қиладиган ифлос одатдир. Ифлосликнинг қандай турлари бўлмасин бизнинг орамизда ҳатто тилга олинмаслиги даркор (Эфес. 5:3).
Бошқа бир мисолни кўриб чиқайлик. Мисол учун масиҳчида онанизм (мастурбация), яъни шаҳвоний ҳисни қондириш мақсадида жинсий аъзоларни қўзғатиш одати пайдо бўлди. Онанизм ёки мастурбация сўзи Муқаддас Китобда учратилмаган бўлса-да, шубҳасиз бу одат ифлос фикрларни туғдиради ва бундан одам ҳиссан эзилади. Бундай ифлос ишлар билан шуғулланаётган инсон, Яҳова билан ўзаро муносабатига зарар келтириб, Унинг назарида нопок бўлади. Бундан кўра Павлуснинг насиҳатига қулоқ солиб, «бадан ва руҳимизни булғовчи ҳар қандай мурдорликдан ўзимизни тозалаб», «ерга хос нафсимизни тийиб, фаҳшбозлик, нопоклик, ёмон ҳирсу ҳаваслар ҳамда бутпарастлик билан тенг бўлган тамагирликни ўлдирайлик» (2 Кор. 7:1; Колос. 3:5).
Шайтон ҳукмронлик қилаётган бу дунёда нопок хулқ-атвор табиий ҳол бўлиб, ўзгаларни ҳам шундай ҳаёт кечиришга чорлайди. Ва бундай васвасаларга қарши туриш осон эмас. Аммо Аллоҳнинг хизматчилари «ўзга халқларнинг бемаъни ўй-фикри билан яшамасликлари» лозим (Эфес. 4:17). Хоҳ одамлар олдида, хоҳ ёлғиз қолганимизда ҳаром ишлардан қочсак, муқаддас йўлдан юришимизга Яҳова рухсат этади.
Ўша ерда шер бўлмас
Муқаддас Тангри Яҳованинг назарида маъқул бўлиш учун, баъзиларга хулқинию нутқини буткул ўзгартиришга тўғри келар. Зеро Муқаддас Китобда айтилганидай, ўша ерда шер бўлмас ҳамда ҳеч қандай йиртқич ҳайвон муқаддас йўлдан юрмайди (Ишаё 35:9). Йиртқич ҳайвонларни зўравон ва қўпол кишилар билан солиштириш мумкин. Бундайлар адолат ҳукм сурадиган янги дунёда яшамайдилар (Ишаё 11:6; 65:25). Шу йўсин агар биз Яҳованинг марҳаматига сазовор бўлишни хоҳласак, ёмон ҳаракатлардан четланиб, муқаддасликка интилишимиз керак.
Муқаддас Китоб бизни: «Ҳар қандай ёмон ният ва гина-кудурат, ҳар қандай қаҳру жаҳл, нолиш ва ғийбатчиликни ўзингиздан соқит қилинглар»,— деб даъват қилмоқда (Эфес. 4:31). Шунингдек унда қуйидагиларни ўқиймиз: «Ғазаб, жаҳл, гиналарнинг ҳаммасини бир четга йиғиштириб қўйинглар. Оғзингиздан ҳеч қандай жеркиш ёки ножўя сўз чиқмасин» (Колос. 3:8). Ушбу оятда «жеркиш сўз» ибораси асосан ранжитадиган, камситадиган ёки ҳақоратли сўзларга ишора қилади.
Бугунги кунда қўпол ва жеркиш сўзлар ҳатто оилаларда ҳам одат тусига кириб қолган. Масалан, кўпинча турмуш ўртоқлар бир-бирини ёки фарзандларини пастга уриб, ҳақоратлаб, ранжитиб қўйишади. Худонинг хизматчилари учун бундай ҳақоратли сўзларни ишлатиш ноўриндир (1 Кор. 5:11).
«Худодан қўрқиб... муқаддас бўлиш» — баракадир!
Муқаддас Худованд Яҳовага хизмат қилиш нақадар шарафли! (Ёшуа 24:19). Бизни етаклаб келган маънавий жаннат эса — ҳаққоний хазинадир. Ахир Яҳованинг назарида муқаддас бўлиб қолишдан зўр нарса борми?
Аллоҳ ваъда қилганидек, тез орада ер юзини жаннатга айлантиради (Ишаё 35:1, 2, 5–7). Кимки бу ваъдани амалга ошишини кутиб, муқаддас йўлдан юришда давом этса жаннатда яшайди (Ишаё 65:17, 21). Шундай экан келинг, маънавий покликни ҳамда Яҳова билан яқин муносабатни сақлаб, Унга хизмат қилишни давом этайлик!
[Изоҳ]
a Ҳаром-ҳаришлик «тамагирлик» ила қилинган нопокликдан қанақа фарқи борлиги, «Қўриқчи минораси»нинг 2006- йил, 15- июль сонидаги 29–31- саҳифаларида тушунтирилган.
[26- саҳифадаги расм]
Муқаддас йўлдан юрган яҳудийлардан нима талаб қилинарди?
[27- саҳифадаги расм]
Порнография, Яҳова билан бўлган муносабатни барбод қилади
[28- саҳифадаги расм]
«Нолиш ва ғийбатчиликни ўзингиздан соқит қилинглар»