Ер юзида абадий ҳаёт бўлиши муқаррар!
Эй, Дониёр... бу сўзларни охирзамонгача сир сақла. Бу давр мобайнида кўп одамлар ўзларини у ёқдан бу ёққа уриб, юз бераётган ҳодисаларни тушунмоқчи бўладилар. ДОН. 12:4
1, 2. Ушбу мақолада қайси саволлар муҳокама қилинади?
БУГУНГИ кунда миллионлаб инсонлар, ер юзидаги жаннатда мангу яшаш умиди Муқаддас Китобга асосланганини яхши билишади (Ваҳ. 7:9, 17). Зеро Аллоҳ, инсоннинг қисқа умр кўриб, оламдан ўтишини эмас, балки мангу яшашини азалдан ният қилган (Ибт. 1:26–28).
2 Яҳудийлар, Одам Ато йўқотган мукаммаллик инсонга қайтадан насиб этишига умид қилишган. Худо қандай қилиб одамзодга ер юзидаги жаннатда яшаш имконини бериши Инжилда тушунтирилади. Бироқ нима учун инсониятнинг бу умидини қайтадан тиклаш керак бўлган? Бундай умид миллионлаб одамларга қандай аён бўлган экан?
Яширин бўлган умид
3. Одамзоднинг умиди яширин бўлиб қолгани нега бизни ҳайратда қолдирмайди?
3 Сохта пайғамбарлар, Исонинг таълимотларини нотўғри талқин қилиб, кўпларни йўлдан уриши башорат қилинган эди (Мат. 24:11). Масалан, ҳаворий Бутрус имондошларини: «Сизларнинг орангизда ҳам сохта устозлар бўлади»,— деб огоҳлантирган (2 Бутр. 2:1). Ҳаворий Павлус эса қуйидагича ёзган: «Шундай вақт келадики, одамлар соғлом таълимотга чидаш бермайдилар, натижада ўз орзуларига мос муаллимлар тўплайдилар. Бу муаллимлар ўшандай одамларнинг қулоқларига ёқадиган сўзлар айтадилар» (2 Тим. 4:3, 4). Шу йўсин Шайтон, имондан қайтганлардан фойдаланиб, одамларни йўлдан оздиряпти ва Эгамизнинг инсоният ҳамда ер юзи билан боғлиқ бўлган ажойиб ниятини яшириб қўйяпти (2 Коринфликларга 4:3, 4 ўқиб беринг).
4. Худодан юз ўгирган дин арбоблари, инсониятнинг қайси умидини рад этишган?
4 Муқаддас Китобга кўра, Худонинг Шоҳлиги — бу самовий ҳукуматдир ва у келажакда барча инсоний ҳукуматларни йўқ қилади (Дон. 2:44). Исо Масиҳнинг Минг йиллик бошқаруви даврида Шайтон кишанлаб қўйилади, марҳумлар тирилтирилади, одамлар эса мукаммалликка эришиб, ер юзида яшашади (Ваҳ. 20:1–3, 6, 12; 21:1–4). Аммо Худодан юз ўгирган христиан олами, умуман бошқача ғояларни ўзлаштириб олган. Масалан, учинчи асрдаги черков оталаридан бири, искандариялик Ориген, Исонинг Минг йиллик бошқаруви ер юзига қут-баракалар ёғдиришига ишонганларни қоралар эди. Бир энциклопедияда айтилишича, католик илоҳиётшуноси, гиппонлик Августин (мил. 354–430), Минг йиллик бошқарув умуман бўлмайди, деган ғояни ёқлаган («The Catholic Encyclopedia»)a.
5, 6. Ориген ва Августин Минг йиллик бошқарув тушунчасини нега тан олишмаган?
5 Минг йиллик бошқарув тушунчасини Ориген ва Августин нега тан олишмаган? Гап шундаки, Ориген Юнон фалсафасига оид бўлган ўлмас жон ҳақидаги ғояни тарғиб қиларди. Илоҳиётшунос Вернер Егернинг фикрича, Платоннинг жон ҳақидаги ғояларига берилиб, Ориген уларни христиан таълимотларига қўшган. Шундай қилиб у, Минг йиллик бошқарувнинг қут-баракалари ер юзида эмас, балки осмонда бўлади, деб ўргатган.
6 Августин 33 ёшида христиан динини қабул қилган, бироқ ундан аввал у неоплатонизмга мансуб эди. Учинчи асрда у Плотинуснинг кўмаги билан Платоннинг фалсафасини ривожлантирган. Янги динга кирганидан кейин ҳам, у ўз тафаккурини ўзгартирмади. Бир энциклопедияга кўра, унинг тафаккури шунчалик мустаҳкам бўлганки, Инжил таълимотларини Платоннинг ғоялари билан чалкаштириб юборган («The New Encyclopædia Britannica»). Бошқа энциклопедияга биноан, Ваҳий китобининг 20- бобида тасвирланган Минг йиллик бошқарув даврини, Августин мажозий маънога эга, деб таъкидларди. Унинг бундай фикрлашига Ғарб илоҳиётшуносларининг ғоялари таъсир қилган ва бунинг натижасида Минг йиллик бошқарув тушунчасининг асл маъносини кўпчилик тан олмай қўйган («The Catolic Encyclopedia»).
7. Қайси сохта таълимотлар, одамнинг ер юзида мангу яшашга бўлган умидини барбод этди, ва бу қандай қилиб юз берди?
7 Қадимги Бобилдан келиб чиққан ғоялар, яъни ўлмас жон тўғрисидаги таълимотлар, инсониятнинг ер юзида мангу яшашга бўлган умидини пучга чиқарди. Бундай ғоялар таъсирида христиан оламининг илоҳиётшунослари Муқаддас Китобни нотўғри талқин қилиб, одам ўлганидан кейин осмонга кетади, деб ўргатадиган бўлишди. Натижада, одам ер юзига синалиш учун, яъни осмонда яшашга лойиқ ёки нолойиқ экани аниқланиши учун келади, деган ақида пайдо бўлди. Яҳудийларнинг ер юзида мангу яшашга бўлган умиди ҳам худди шундай инқирозга учраган эди. Шу йўсинда, улар ўлмас жон ҳақидаги юнон ғояларини ўзлаштириб, ер юзида абадий яшашдан умидини узишди. Ахир, бундай ақидалар Муқаддас Китоб таълимотларидан жуда фарқ қилади-ку! Одам руҳий шахс эмас, зеро Эгамиз Яҳова илк инсонга: «Тупроқдирсан»,— деган эди (Ибт. 3:19). Дарҳақиқат, одамзоднинг абадий макони осмон эмас, ер юзидир (Забур 103:5; 113:24 ўқиб беринг).
Зулматда ҳақиқат нури порлади
8. Айрим олимлар 1600- йилларда, инсониятнинг умиди борасида қандай фикр билдиришган эди?
8 Христиан оламининг аксарият тарафдорлари, абадий ҳаёт ер юзида бўлишини инкор этишган. Шундай бўлса-да, Шайтон ҳақиқатни яширишда муваффақиятга эриша олмади. Асрлар мобайнида, Муқаддас Китоб тадқиқотчиларидан айримлари, Худонинг инсониятга мукаммалликни қай тарзда қайтариб беришини тушуна бошлашган (Заб. 96:11; Мат. 7:13, 14; 13:37–39). Муқаддас Китоб таржимаси ва нашри, 1600- йилларда кенг қулоч ёзди. 1651- йилда бир олим шундай фикр билдирган эди: «Одам Атонинг дастидан одамзод жаннатни ва ер юзидаги абадий ҳаётни йўқотган бўлса, Исо Масиҳ туфайли бутун инсоният ер юзида яшайди» (1 Коринфликларга 15:21, 22 ўқиб беринг). Машҳур инглиз шоири, Жон Мильтон эса (1608–1674) «Йўқотилган жаннат» ҳамда «Топилган жаннат» номли асарларни яратган. Ушбу асарларда, солиҳ кишиларга жаннат ерида яшаш мукофоти ато этилиши тўғрисида баён этилади. Мильтон кўп вақтини Муқаддас Китобни тадқиқ қилишга бағишлаган бўлса ҳам, Масиҳ ҳозир бўлмагунга қадар ҳақиқатни тўлиқ тушуниб бўлмайди, деб ўйларди.
9, 10. а) Инсониятнинг умиди ҳақида Исаак Ньютон нима ёзган? б) Нима сабабдан Ньютон Масиҳнинг ҳозир бўлиш вақтини узоқ келажак билан боғлар эди?
9 Буюк математик, Исаак Ньютон ҳам (1642–1727) Муқаддас Китобга чуқур қизиқиш кўрсатган. У, азиз авлиёлар осмонда Исо Масиҳ билан бирга бошқариш учун тирилишади, деб тушунган (Ваҳ. 5:9, 10). Худо Шоҳлигининг фуқаролари ҳақида эса у шундай ёзган: «Маҳшардан сўнг одамлар ер юзида атиги 1 000 йил эмас, балки абадий умр кўришади».
10 Ньютоннинг фикрича, Масиҳ узоқ келажакда ҳозир бўлиши керак эди. Бу борада тарихчи Стивен Снобелен шундай дейди: «Ньютон Худонинг Шоҳлигини узоқ келажак билан боғлашининг сабаби, иккиюзламачи дин пешволарининг таълимотига қўшилмаганидадир». Ньютоннинг даврида Инжил хушхабари одамлар учун ёпиқ эди ва ҳеч ким уни ваъз этмасди. Унинг ўзи шундай деб ёзган: «Дониёр пайғамбар ва Юҳаннонинг [Ваҳий китобида ёзган] башоратлари, охирзамонгача тушунарсиз бўлиб қолаверади. Сабаби, Дониёр пайғамбар айтганларидек, одамлар у ёқдан бу ёққа юришади ва билим кўпаяди. Буюк мусибат бошланишидан аввал ва дунё ўз ниҳоясига етгунча, барча халқларга Инжил хушхабари ваъз қилинади. Натижада, қўлида пальма новдаларини ушлаб турган, ҳар хил миллатга мансуб, сон-саноқсиз улкан оломон буюк мусибатдан омон қолади» (Дон. 12:4; Мат. 24:14; Ваҳ. 7:9, 10).
11. Мильтон билан Ньютон даврида инсониятнинг умиди нега кўпчилик учун қоронғу бўлган?
11 Мильтон билан Ньютоннинг даврида черков ақидаларига хилоф ғояларни ифодалаш хавфли эди. Шу боис, ўша олимларнинг Муқаддас Китоб тадқиқотига асосланган асарлари, улар вафот қилмагунча чоп этилмай турган. XVI асрда бўлиб ўтган ислоҳот, ўлмас жон ҳақидаги сохта таълимотни ислоҳ қилмади, яъни ўзгартирмади. Ўшанда протестант черковларининг аксарияти, Августиннинг таълимотини ўргатишни давом этишди. Хўш, охирзамонга келиб билим кўпайдими?
Ҳақиқий билим кўпаяди
12. Ҳақиқий билим қачон кўпая бошлаган?
12 Дониёр пайғамбар «охирзамонда» яхши воқеалар юз бериши ҳақида каромат қилган (Дониёр 12:3, 4 [изоҳига қ.], 9, 10 ўқиб беринг). Шунингдек, Исо Масиҳ ҳам: «Ўшанда солиҳлар... қуёш каби порлайдилар»,— деган эди (Мат. 13:43). Қизиқ, ҳақиқий билим «охирзамонда», яъни ҳозирги вақтда қандай кўпайган экан? Бу саволга жавоб топиш учун, 1914- йилдан олдинги айрим тарихий воқеаларнинг ривожини кўриб чиқиш зарур. Нега деганда, охирзамон айнан ўшанда бошланган.
13. Изланишлар натижасида, Расселл қандай хулосага келган?
13 Ўн тўққизинчи асрнинг сўнгги йилларида, бир нечта самимий киши «соғлом таълимотдан намуна олиш» ниятида изланишга тушди (2 Тим. 1:13). Улардан бири Чарлз Тейз Расселл эди. 1870- йилда унга бошқалар ҳам қўшилиб, Муқаддас Китоб тадқиқи гуруҳини ташкил этишди. 1872- йилга келиб, улар одамзоднинг мукаммалликка қайтиши борасидаги мавзуни ўргана бошлашди. Вақт ўтиб, Расселл қуйидагиларни ёзган: «Буни қарангки, мойланган масиҳчилар билан бошқа садоқатли кишиларнинг мукофоти орасидаги фарқни шу пайтгача яхши тушунмай юрган эканмиз». Ўша садоқатли кишиларга мукофот тариқасида «Одам Ато йўқотган мукаммаллик қайтариб берилади». Расселл, Муқаддас Китобни тадқиқ қилишда унга бошқалар ҳам ёрдам берганини тан оларди. Улар ким эди, деб қизиқаётгандирсиз?
14. а) Ҳенри Данн Ҳаворийлар 3:21 ни қандай тушунган? б) Даннинг сўзларига кўра, ер юзида ким абадий яшайди?
14 Муқаддас Китобни тадқиқ қилишда Расселлга ёрдам берган кишилардан бири Ҳенри Данн эди. У киши, Ҳаворийлар 3:21 даги «борлиқни тузатиш вақти» тўғрисида ўз фикрларини баён этган. Бу вақт, Масиҳнинг Минг йиллик бошқаруви даврини ўз ичига олиб, ўшанда одамзод ер юзида мукаммалликка эришишини билар эди. Шунингдек Данн, кўпчиликни ташвишга солаётган бир саволни тадқиқ қилди, яъни ер юзида ким абадий яшайди? Унинг тушунтиришича, миллионлаб одамлар тирилади ва ҳақиқат тўғрисида билим олиб, Масиҳга эътиқод қилиш имконига эга бўлади.
15. Жорж Сторрз тирилиш тўғрисида нимани тушунган?
15 Шунингдек, 1870- йилда Жорж Сторрз ҳам изланиш олиб бориб, фосиқлар тирилгач мангу яшаш имконига эга бўлишади, деб хулоса қилган. У шунингдек, тирилган киши бу имкониятни қўлдан бой берса, ҳатто юз йил яшаган бўлса ҳам, ёш ўлиб кетишини Муқаддас Китоб ёрдамида тушунган (Ишаё 65:20). Сторрз Бруклинда (Нью-Йорк) яшаб, «Муқаддас Китоб тадқиқотчиси» журналини таҳрир қиларди.
16. Муқаддас Китоб тадқиқотчиларини христиан оламидан нима ажратиб туради?
16 Биродаримиз Расселл, хушхабар дунё бўйлаб тарғиб қилинадиган вақт келганини Муқаддас Китоб ёрдамида англаб етган. Шунда у, 1879- йилда «Сион қўриқчи минораси ва Масиҳ ҳозир бўлишининг даракчиси» номли журнални нашр эта бошлаган. Бу журнал ҳозир «Қўриқчи минораси Худованд Яҳованинг Шоҳлигини хабарлайди» деб номланади. Илгари одамзоднинг умиди фақат озчиликка аён эди. Ҳозирда эса, кўп мамлакатларда ушбу журнални ўрганаётган Муқаддас Китоб тадқиқотчиларининг аксарияти бундан бохабар. Улар, самога озчилик боришига, миллионлаб бошқа одамлар эса мукаммалликка эришиб, ер юзида яшаб қолишига ишонишади. Айнан бу таълимот, уларни христиан оламидан ажратиб туради.
17. Ҳақиқий билим қандай қилиб кўпайди?
17 Билиб олганимиздек, башорат қилинган «охирзамон» даври 1914- йилда бошланди. Хўш, инсониятнинг умиди тўғрисидаги ҳақиқий билим кўпайдимикин? (Дон. 12:4). 1913- йилдан бери Расселлнинг нутқлари 2 000 та газетада чоп этилганди ва уларни 15 000 000 киши қизиқиб ўқир эди. 1914- йилнинг охирига келиб, «Яратилиш фотодрамасини» учта мамлакатда 9 000 000 дан зиёд киши томоша қилди. Бу дастурда слайдлар, овоз ва ҳаракатли тасвирлар ёрдамида, Масиҳнинг Минг йиллик бошқаруви даври намойиш этиларди. 1918–1925- йиллар орасида Яҳованинг хизматчилари томонидан, «Ҳозирда яшаётган миллионлар асло ўлмайди» деб номланган нутқ, жаҳон бўйлаб 30 дан ортиқ тилларда янгради. Ушбу нутқда ер юзидаги абадий ҳаёт умиди батафсил тушунтирилган эди. 1934- йилдан буён Яҳованинг Шоҳидлари, ер юзида мангу яшашга умид қилганлар сувга чўмиб имон келтиришлари кераклигини англашди. Шу боис улар, Худо салтанати тўғрисидаги хушхабарни кўпроқ ғайрат билан ваъз этишга тушишди. Ҳозирда эса, ер юзида мангу яшаш умиди миллионлаб кишиларни, Эгамиз Яҳовага чин дилдан миннатдор бўлишга ундамоқда.
Олдинда «улуғвор эркинлик»!
18, 19. Ишаё пайғамбар қандай ҳаёт бўлишини каромат қилган?
18 Ишаё пайғамбар, Худонинг халқи ер юзидаги ҳаётдан завқланиб яшашини башорат қилган (Ишаё 65:21–25). Буни қарангки, унинг даврида, яъни 2 700 йил муқаддам экилган айрим дарахтлар ҳозиргача мавжуд экан. Инсон ҳам шунча йил мобайнида соғ-саломат яшашини тасаввур қила оласизми?!
19 Бешикдан қабргача қисқа умр кўришнинг ўрнига, тоабад яшаб уйлар қуриш, экин экиш ва таълим олиш имкониятига эга бўламиз. Ўшанда қандай дўстлар орттиришимиз мумкинлигини бир ўйлаб кўринг. Ҳа, бундай иноқлик мангу давом этиб, «Худо фарзандлари» туфайли ер юзида қандай «улуғвор эркинликка» эришар эканмиз! (Рим. 8:21).
[Изоҳ]
a Августиннинг таъкидлашича, Худонинг Минг йиллик Шоҳлиги келажакда эмас, балки черков бунёд бўлганидан бери, аллақачон бошқара бошлаган эмиш.
Тушунтириб бера оласизми?
• Қандай қилиб одамзоднинг умиди яширин бўлиб қолган?
• Муқаддас Китобни ўқиган айрим кишилар 1600- йилларда нимани тушунишган?
• 1914- йил яқинлашган сари, одамзоднинг ҳақиқий умиди қандай аниқлана бошлади?
• Ер юзида яшаш умиди ҳақидаги билим қандай кўпайди?
[13- саҳифадаги расм]
Чап томонда Жон Мильтон (шоир), ўнг томонда эса Исаак Ньютон (математик). Улар, ер юзида мангу ҳаёт бўлишини билишарди
[15- саҳифадаги расм]
Одамзоднинг умиди, вақти келиб бутун дунёга маълум бўлишини Муқаддас Китоб тадқиқотчилари тушунишган