Тангри Яҳова маъқуллаган Хизматчи!
Мана, Менинг... хизматчим! Мамнун бўлиб, танлаганим! ИШАЁ 42:1, ЯДТ
1. Қутлуғ Кечлик маросими яқинлашиб келаётган экан, нима қилишимиз керак ва нега?
ҚУТЛУҒ КЕЧЛИК маросими яқинлашиб келаётган экан, «имонимизнинг Илғори ҳамда уни камолга Етказувчи Исога» кўз тикиш учун қуйидаги маслаҳатга қулоқ солайлик: «Исо гуноҳкорлар томонидан қаттиқ қаршиликка учраб, сабр-тоқат қилди. Сизлар шу ҳақда фикр қилинг, токи тинкангиз қуриб, руҳингиз тушиб кетмасин» (Иброн. 12:2, 3). Дарҳақиқат, Исо Масиҳ Худога садоқатли қолгани ҳамда ўз ҳаётини қурбонликка бергани тўғрисида мулоҳаза юритиш фойдали. Негаки, шундагина мойланганлар ва ер юзида мангу яшашга умидворлар Яҳовага сидқидил хизмат қилишда давом эта олишади (Галатияликларга 6:9 солиштиринг).
2. Ишаё ёзган башоратлардан Исо тўғрисида нималар билиб оламиз?
2 Масалан, Ишаё пайғамбар Исога тегишли бир қатор башоратлар ёзган. Улар «имонимизнинг Илғори ҳамда уни камолга Етказувчи Исога» кўз тикишимизга ёрдамлашадиa. Ушбу башоратлар унинг фазилатларию чеккан азобларини, шунингдек халоскор бўлиб, кейин Шоҳликни эгаллашини ёритиб беради. Шуларни кўриб чиқиш, Қутлуғ Кечлик маросимининг аҳамиятини чуқурроқ тушунишимизга кўмаклашади. Ушбу маросим бу йил 9- апрель, пайшанба куни қуёш ботгач бошланади.
Хизматчи ким?
3, 4. а) Ишаё башоратларидаги «хизматчи» сўзи кимларга нисбатан қўлланган? б) Инжилга биноан Ишаё китобининг 42-, 49-, 50-, 52- ва 53- бобларида қайси Хизматчи ҳақида гап кетяпти?
3 Ишаё китобида кўп маротаба ишлатилган «хизматчи» сўзи баъзи ҳолларда пайғамбарнинг ўзига тааллуқлидир (Ишаё 20:3; 44:26). Ушбу унвон айрим пайтларда Исроил халқига ёки Ёқубга нисбатан ҳам қўлланган (Ишаё 41:8, 9; 44:1, 2, 21). Бироқ, Ишаё китобининг 42-, 49-, 50-, 52- ва 53- бобларида Хизматчи дейилганда ким назарда тутилган? Инжилда бу ҳақда аниқ айтилган. Қизиғи шундаки, Ҳаворийлар китобида қаламга олинган ҳабашистонлик амалдор айнан шу башоратлардан бирини ўқиб ўтирганда, унинг ёнига Филип келди. Шунда у Филипдан сўради: «Сендан илтимос қиламан, пайғамбар буни ким ҳақида айтяпти? Ўзи ҳақидами ёки бошқа киши ҳақидами, менга айтчи». Филип эса Ишаё 53:7, 8 даги башорат Масиҳ тўғрисида эканини тушунтирди (Ҳавор. 8:26–35).
4 Исонинг ҳали чақалоқлик даврида, солиҳ инсон бўлган Шимъўн Муқаддас руҳдан илҳомланиб, шу бола «элу халқларга илоҳий нур» сочади, деган хабар берди (Ишаё 42:6; 49:6; Луқо 2:25–32). Бундан ташқари, Исо ҳукм этилган оқшомда унга ҳақоратомуз муомала қилишлари олдиндан ёзилган (Ишаё 50:6–9; Мат. 26:67; Луқо 22:63). Милодий 33- йили Ҳосил байрамидан сўнг, башоратдаги «Хизматчи» айнан Исо эканини Бутрус кўрсатиб берди. Бошқа матнларда эса бу сўз «Ўғлон» деб таржима қилинган (Ишаё 52:13; 53:11; Ҳаворийлар 3:13, 26 ўқиб беринг). Бу башоратдан Масиҳ ҳақида нима маълум бўлмоқда?
Яҳова Хизматчисига таълим бермоқда
5. Хизматчи қандай таълим олган?
5 Ишаё пайғамбар каромат қилишича, Исо ер юзига келишидан аввал самовий Отаси билан яқин муносабатда эди (Ишаё 50:4 ўқиб беринг)b. Маълум бўлишича, Яҳова Таоло ўз Хизматчисига ҳамиша таълим берган. У эса ўз навбатида доимо итоаткор ва диққатли ўқувчи бўлган. Коинот Яратувчисининг Ўзидан ўрганиш қанчалар ажойиб!
6. Танланган Хизматчи самовий Отасига қандай қилиб итоат этган?
6 Дарвоқе, Хизматчи Отаси Яҳовани Сарвари Олам деб, Унинг мутлақ ҳокимлиги ҳақидаги асосий ҳақиқатни тўла англаган. Бинобарин, Исо таълим олганда асло қайсарлик қилмай, доимо итоаткорлик намоён этган (Ишаё 50:5). Шунингдек, у Худонинг «ёнида мусаввир» сифатида коинот ва инсониятнинг яратилишида қатнашиб, чексиз шодланарди (Ҳик. 8:22–31).
7. Исо синовлар чоғида Худонинг мададига ишонгани нималарда кўринади?
7 Отасидан олган таълим-тарбияси ва одамларга бўлган севгиси туфайли, Исо ер юзидаги синовларга бардош бера олди. Кучли қаршиликларга дуч келганига қарамасдан, у Худонинг иродасини бажараётганидан беҳад хурсанд эди (Заб. 39:9; Мат. 26:42; Юҳан. 6:38). Исо синовлар чоғида, Яҳова уни қўллаб-қувватлашига ва ҳечам ташлаб қўймаслигига қаттиқ ишонган. Бир ўйлаб кўринг, Сарвари Оламнинг Ўзи ёрдам берса, ким ҳам қарши чиқа оларди (Ишаё 50:8, 9). Дарҳақиқат, Исонинг ердаги хизмати мобайнида Худонинг Ўзи унга мадад бериб турган. Буни, Ишаёнинг бошқа башоратида кўриш мумкин.
Исонинг ер юзидаги хизмати
8. Ишаё 42:1 да айтилган Яҳованинг танлагани Исо экани нимадан билиняпти?
8 Исо милодий 29- йилда сувга чўмганида муқаддас руҳ унинг устига тушиб, осмондан: «Сен Менинг севикли Ўғлимсан, Сендан мамнунман»,— деган садо келди (Луқо 3:21, 22). Шу тариқа Ишаё башоратидаги танланган хизматчи кимлигини Яҳованинг Ўзи тасдиқлади (Ишаё 42:1 ўқиб беринг)c. Исо Масиҳ ердаги хизмати давомида буни қойилмақом тарзда кўрсатди. Шунингдек, Матто ҳам Ишаё 42:1–4 да айтилганларни Исога нисбатан қўллаган (Мат. 12:15–21).
9, 10. а) Исо ер юзидаги хизмати билан қай йўсин Ишаё 42:3 даги башоратни амалга оширди? б) Адолат нима эканини Масиҳ қандай кўрсатди ва уни ер юзида қачон ўрнатади?
9 Яҳудий дин пешволари оддий одамларни менсишмаган (Юҳан. 7:47–49). Улар инсонларга қўпол муомалада бўлишарди. Натижада, оддий халқ букилган қамиш ва ўчай-ўчай деб тутаётган пиликка ўхшаб қолган эди. Исо эса бечораю ҳолдан тойганларга ачинарди (Мат. 9:35, 36). У меҳр ила: «Оғир юк остида қийналиб, ҳориб-толган ҳаммаларингиз! Менинг ҳузуримга келинг, Мен сизга ором бераман»,— дея чорлаган (Мат. 11:28). Бундан ташқари у одамларни ўргатаётиб, адолат қанақа бўлишини тушунтирган (Ишаё 42:3). Устига-устак, Аллоҳнинг қонун-қоидаларини бажаришда, мулоҳазакорлик ва раҳм-шафқат талаб этилишига урғу берган (Мат. 23:23). Исо одамларнинг бою камбағаллигига қарамай, ҳаммага хушхабарни етказгани, унинг ҳаққоният ила иш тутганини кўрсатарди (Мат. 11:5; Луқо 18:18–23).
10 Башоратда яна, ер юзида Хизматчи томонидан адолат ўрнатилиши ҳам айтилган (Ишаё 42:4). Яқинда Исо Масиҳ самовий Шоҳ сифатида ер юзидаги барча сиёсий тузумларни бартараф этиб, одилона ҳокимият ўрнатади (2 Бутр. 3:13; Дон. 2:44).
Илоҳий нур ва аҳд
11. Биринчи асрда Исо қайси маънода «халқларга нур» эди ва бу иш ҳозир қандай давом этмоқда?
11 Боз устига башоратларда, Исо Масиҳ халқлар учун илоҳий нур бўлиб порлаши ёзилган (Ишаё 42:6). Бу нурдан Исонинг ер юзидаги хизмати давомида аввало яҳудийлар баҳраманд бўлишган (Мат. 15:24; Ҳавор. 3:26). Аммо унинг ўзи: «Мен оламнинг нуриман»,— деган (Юҳан. 8:12). У қайси маънода халқлар учун нур бўлиб порлади? У нафақат маънавий билим етказгани учун, балки ўз ҳаётини қурбон қилгани туфайли ҳам шу унвонга сазовор бўлган (Мат. 20:28). Шогирдларига эса шундай фармон берган: «Ҳатто дунёнинг энг олис ерларида ҳам Менинг шоҳидларим бўласизлар» (Ҳавор. 1:8). Павлус билан Барнабо хизматлари давомида «халқларга нур» иборасини қўллашган ҳамда бу башоратни ғайрияҳудийларга ваъз қилишга нисбатан татбиқ этишган (Ҳавор. 13:46–48; Ишаё 49:6 солиштиринг). Ушбу фаолият ҳали ҳануз давом этмоқда. Яъни, биз ҳам мойланган масиҳчилар билан биргаликда маънавий нурни тарқатяпмиз.
12. Аллоҳ Ўз Хизматчисини қайси маънода «аҳд» тариқасида берган?
12 Ана шу кароматда Тангри Яҳова танланган Хизматчисини ҳимоя қилишида ишонтириб, у халқлар учун аҳд бўлишини таъкидлаган (Ишаё 42:6). Шуни айтиш жоизки, Исонинг ер юзидаги хизматини тўхтатиш мақсадда, Шайтон уни йўқ қилиш пайига тушган. Бироқ, Яҳова уни маълум вақтгача асраган (Мат. 2:13; Юҳан. 7:30). Сўнг эса Аллоҳ уни тирилтириб, ер юзидагилар учун «аҳд» тариқасида кўрган. Бу садоқатли Хизматчи, Худонинг бизга ваъда қилиб берган кафолати бўлиб, маънавий зулматдагиларни ёруғликка олиб чиқади (Ишаё 49:8, 9 ўқиб берингd)e.
13. Исо одамларни маънавий зулматдан илгари қандай қутқарган, ҳозир-чи?
13 Худонинг ваъдаси бўйича, Яҳованинг танланган Хизматчиси одамларни бу дунёнинг асирлигидан ва барча дардлардан халос этади (Ишаё 42:7). Исо ўзининг хизмати мобайнида, сохта дин удумларини фош қилиб, Шоҳлик хушхабарини етказиш орқали бу башоратни амалга оширган (Мат. 15:3; Луқо 8:1). Оқибатда, унинг шогирдлари қаторига қўшилган яҳудийлар маънавий зулматдан қутулишган (Юҳан. 8:31, 32). Яна бунинг устига, миллионлаб ғайрияҳудийлар ҳам маънавий нурдан баҳра олишди. Исо издошларига: «Бориб, барча халқлардан шогирд орттиринглар»,— дея муҳим вазифани топшириб, улар билан «дунёнинг охиригача» бирга бўлишини ҳам айтганди (Мат. 28:19, 20). Ҳозирги кунда эса Ҳазрати Исо осмондан туриб, умумжаҳон ваъзгўйлик фаолиятини бошқармоқда.
Эгамиз Яҳова «Хизматчини» юксалтирди
14, 15. Яҳова қандай қилиб Хизматчисини юксалтирди ва нима учун?
14 Яҳованинг Хизматчиси тўғрисидаги яна бир башоратда, у одамларни тўғри тушуниб иш юритиши ва ниҳоятда юксалтирилиши ҳақида ёзилган (Ишаё 52:13). Исо самовий Отасига итоатли бўлиб, ҳатто оғир синовлар пайтида ҳам садоқатли эди.
15 Ҳаворий Бутрус: «Масиҳ эса осмонга чиқиб, Худонинг ўнг томонида ўтириб, фаришталар ва коинотдаги барча куч-қудратлар устидан ҳокимият ўрнатди»,— дея таъкидлаган (1 Бутр. 3:22). Исо азоб-уқубатларга қарамай, ўлимигача содиқ қолгани учун Худо уни жуда юксалтиргани ва унга юқори исмни ато этгани тўғрисида Павлус ҳам айтиб ўтган (Филип. 2:8–11).
16. Қандай қилиб Исо 1914- йилда юксалтирилди ва ўшандан бери қанақа ишларни бажаряпти?
16 Буни қарангки, 1914- йилда Яҳова Исони осмонда Шоҳ этиб тайинлаганда, у ниҳоятда юксак мавқени эгаллади (Заб. 2:6; Дон. 7:13, 14). Ўшандан бери Масиҳ душманлари аро ҳокимлик қилмоқда (Заб. 109:2). Унинг ҳукмронлиги аввало ғанимларини ер юзига улоқтиришдан бошланган (Ваҳ. 12:7–12). Кейин эса «буюк Бобил» асирлигидан мойланган биродарларини озод этди (Ваҳ. 18:2; Ишаё 44:28). Шундан бери у, ер юзидаги мойланган масиҳчиларни ҳамда «бошқа қўйлар» сирасига кирувчи инсонларни йиғиб олишдек, умумжаҳон воизлик фаолиятини бошқармоқда (Ваҳ. 12:17; Юҳан. 10:16; Луқо 12:32).
17. «Хизматчи» ҳақида бу мақолада нимани билиб олдик?
17 Бундай ажойиб башоратларни ўрганиш туфайли, Нажоткоримиз ва Подшоҳимиз бўлган Исо Масиҳни янада қадрлаймиз. Унинг итоаткорлиги орқали, Яҳовадан қандай таълим олгани яққол намоён бўлмоқда. У ўзи хизмат қилганида ҳам, ваъзгўйлик фаолиятини бошқариш билан ҳозир ҳам «халқларга нур» таратмоқда. Бу Хизматчининг чеккан уқубатлари ва азобли ўлимига доир тафсилотлар, бошқа башоратларда ҳикоя қилинади. Қутлуғ Кечлик маросими яқинлашаётган экан, келинг, ҳозирдан бошлаб шулар тўғрисида жиддий фикр юритайлик! (Иброн. 12:2, 3).
[Изоҳлар]
a Ушбу башоратлар Ишаё 42:1–7; 49:1–12; 50:4–9 ва 52:13–53:12 да келтирилган.
b Ишаё 50:4, ЯДТ: «Эзилганларни сўз билан қўллаб-қувватлашим учун, Сарвари Олам Яҳова менга билимдонлар тилини берган. Уни, таълим олаётганлар каби тинглашим учун, У ҳар тонг мени уйғотади».
c Ишаё 42:1, ЯДТ: «Мана, Менинг қўллаб-қувватлаган хизматчим! Мамнун бўлиб, танлаганим! Мен унга Ўз руҳимни берганман, у эса элу халқларга одиллик кўрсатгай».
d Ишаё 49:1–12 даги башорат «Ишаёнинг башорати — инсоният учун нур» китобининг 2- жилд, 136–145- саҳ. тушунтирилган (рус.).
e Ишаё 49:8, 9, ЯДТ: «Тангри Яҳова шундай демоқда: Мақбул вақтда сенга жавоб бердим, нажот кунида сенга ёрдам бердим. Халқ билан аҳд тузиш, ерни тиклаш, насиба қилиб берилган ҳувиллаган ерларни яна қайтариш учун, сени ҳимоя қилдим. Маҳбусларга: “Чиқинглар!”, қоронғуликда бўлганларга эса: “Ошкор бўлинглар!” — дейман. Улар йўллар ёқасида ўтлайдилар ва барча йўлларда яйловлари бўлади».
Такрорлаш учун саволлар
• Ишаё башоратларидаги «хизматчи» ким ва буни қаердан биламиз?
• Яҳова Таолодан Хизматчи қанақа таълим олган?
• Қайси маънода Исо Масиҳ «халқларга нур» эди?
• Хизматчи қай йўсин юксалтирилди?
[21- саҳифадаги расм]
Ишаё айтган «хизматчи» айнан Исо Масиҳ эканини Филип аниқ кўрсатди
[23- саҳифадаги расм]
Яҳованинг танланган Хизматчиси Масиҳ, бечораю ҳолдан тойганларга ачинарди
[24- саҳифадаги расм]
Яҳова Исони самода Шоҳ сифатида тайинлаб, ниҳоятда юксалтирди