Ўн иккинчи боб
Сувга чўмишнинг маъноси
1. Нима сабабдан сувга чўмиш ҳар биримизда қизиқиш уйғотиши керак?
МИЛОДИЙ 29 йилда Исо Яҳё пайғамбар томонидан Иордан дарёсида сувга чўмдирилди. Яҳова бу ҳодисани кузатиб туриб, Ўз мамнуниятини изҳор этди (Матто 3:16, 17). Исо барча издошларига унга тақлид қилишлари учун ўрнак кўрсатди. Уч ярим йил ўтгач, Исо шогирдларига бундай деди: «Менга осмонда ҳам, ерда ҳам бутун ҳокимият берилгандир. Шунинг учун бориб, барча халқлардан шогирд орттиринглар. Уларни Ота, Ўғил ва Муқаддас Руҳ номи билан сувга чўмдириб, имонга киритинглар» (Матто 28:18, 19). Исонинг буйруғига биноан сиз ҳам сувга чўмдингизми? Ёки бунга тайёргарлик кўряпсизми?
2. Сувга чўмишга тегишли қандай саволларга жавоб топишимиз керак?
2 Қандай бўлмасин, Яҳовага хизмат қилишни ҳамда Унинг адолатли янги дунёсида яшашни хоҳлаган ҳар бир киши сувга чўмишнинг маъносини аниқ тушуниб олиши муҳим. Шунга кўра, қуйидаги саволларга жавоб топишимиз керак: Исонинг сувга чўмганлиги билан ҳозирги масиҳчиларнинг сувга чўмиши бир хил маънога эгами? «Ота, Ўғил ва Муқаддас Руҳ номи билан» сувга чўмиш нимани англатади? Сувга чўмганлигига биноан яшаш нимани билдиради?
Яҳё пайғамбарнинг сувга чўмдириши
3. Яҳё пайғамбар фақат кимларни сувга чўмдирарди?
3 Исонинг сувга чўмишидан олти ой олдин, Яҳё пайғамбар Яҳудия чўлида: «Тавба қилинглар, чунки Осмон Шоҳлиги яқинлашди»,— деб воизлик қила бошлади (Матто 3:1, 2). Одамлар Яҳё пайғамбарнинг сўзларига қулоқ солишди. Улар гуноҳларини очиқ тан олиб, тавба қилишди ва Яҳё пайғамбар уларни сувга чўмдириши учун Иордан дарёсига келишди. Ушбу маросим фақат яҳудийлар учун эди (Луқо 1:13-16; Ҳаворийлар 13:23, 24).
4. Нима сабабдан биринчи асрда яшаган яҳудийларнинг тавба қилиши жуда муҳим эди?
4 Яҳудийларнинг тавба қилиши жуда муҳим эди. Милоддан аввалги 1513 йилда уларнинг ота-боболари бўлмиш Исроил халқи Яҳова Худо билан тантанавор равишда аҳд тузишган эди. Аммо улар тузилган аҳдга қарши гуноҳ қилиб, ўз вазифаларини бажармаганликлари сабаб, шу аҳд томонидан ҳукм этилишди. Исо яшаган даврда уларнинг аҳволи аянчли эди. Малахи пайғамбар башорат қилган «Яҳованинг буюк ва даҳшатли куни» яқинлашиб келаётган эди. Милодий 70 йилда Рим қўшини Қуддусни ва маъбадни вайрон қилганида ўша кун келиб, миллиондан ортиқ яҳудийлар ҳалок бўлди. Ҳақиқий топинишга ғайрати бўлган Яҳё пайғамбар, «ҳозирланмиш бир халқни Раббимизга тақдим этиш» учун, бу вайрон қилинишдан олдин юборилган эди. Яҳудийлар Яҳова билан тузган аҳдга қарши қилган гуноҳларидан тавба қилишлари керак эди. Шунингдек, Яҳова уларни қутқариш учун юборган Исо Масиҳни қабул қилишга ҳозирланишлари лозим эди (Малахи 4:4-6; Луқо 1:17; Ҳаворийлар 19:4).
5. а) Исо сувга чўмиш учун келганида, нима учун Яҳё уни тўхтатмоқчи бўлди? б) Исонинг сувга чўмганлиги ниманинг рамзи эди?
5 Сувга чўмиш учун Яҳёнинг олдига келганлар орасида Исо ҳам бор эди. Аммо нима учун? Исонинг гуноҳсизлигини билиб Яҳё: «Мен Сенинг ҳузурингда имон келтиришим керак эди. Сен бўлсанг, менинг олдимга келяпсанми?» — деди. Бироқ Исонинг сувга чўмиши бошқача рамзий маънога эга эди. Шунда Исо жавоб бериб: «Энди рози бўл, чунки биз шу йўсинда илоҳий амрни тўла бажаришимиз ўринлидир»,— деди (Матто 3:13-15). Исо гуноҳсиз бўлганлиги учун, унинг сувга чўмиши гуноҳдан тавба қилишни англатмасди, шунингдек, ўзини Худога бахш этишни ҳам билдирмасди, чунки у Яҳовага аллақачон бағишланган халққа тегишли эди. Аниқроғи, унинг 30 ёшга тўлиб сувга чўмгани ҳаммадан фарқли бўлиб, самовий Отасининг иродасини бажариш учун Унга ўзини тақдим этганлигининг рамзи эди.
6. Худонинг ниятидаги вазифасини бажаришга Исо қанчалик жиддий муносабатда бўлган?
6 Исо Масиҳга нисбатан Худонинг иродаси қисман унинг Шоҳликка тегишли фаолият билан шуғулланишидан иборат эди (Луқо 8:1). Шунингдек, ўзининг мукаммал инсоний ҳаётини қурбон қилиб, тўлов бериши ҳамда янги аҳдга асос солишидан иборат эди (Матто 20:28; 26:26-28; Ибронийларга 10:5-10). Исо сувга чўмишнинг маъносига жиддий муносабатда бўлган. Унинг диққатини бошқа қизиқишлар эгаллаб олишига йўл қўймаган. Умрининг охиригача Худонинг иродасини садоқат ила бажарган ва Худонинг Шоҳлиги ҳақида ваъз қилишни биринчи ўринга қўйган (Юҳанно 4:34).
Масиҳчиларнинг сувга чўмиши
7. Милодий 33 йилнинг Ҳосил байрами кунидан бошлаб, сувга чўмишга нисбатан масиҳчиларга қандай вазифа берилди?
7 Исонинг илк издошлари Яҳё томонидан сувга чўмдирилиб, осмон Шоҳлигининг аъзолари сифатида, унинг олдига келтирилганлар (Юҳанно 3:25-30). Исонинг раҳбарлиги остида улар ҳам бошқаларни Яҳё пайғамбар каби сувга чўмдиришган (Юҳанно 4:1, 2). Бироқ, милодий 33 йилнинг Ҳосил байрами кунидан бошлаб, улар «Ота, Ўғил ва Муқаддас Руҳ номи билан» сувга чўмдириш вазифасини бажара бошладилар (Матто 28:19). Бундай сувга чўмдиришнинг маъносини кўриб чиқиш жуда фойдали бўлади.
8. «Ота... номи билан» сувга чўмиш нимани англатади?
8 «Ота... номи билан» сувга чўмиш нимани англатади? Бунинг маъноси — Худонинг исмини, лавозимини, ҳокимиятини, иродасини ва қонунларини тан олишдир. Келинг, бу нимани назарда тутиши устидан фикр юритайлик. 1) Унинг исмига нисбатан Забур 82:19да (ЯДТ) шундай дейилган: «Билсинларки, Сенинг исминг — Яҳовадир, бутун дунёда энг олий ёлғиз Сенсан». 2) Унинг лавозимига нисбатан 4 Шоҳлар 19:15-ояти бундай демоқда: «Танҳо Худо Сенсан». 3) Унинг ҳокимияти ҳақида Ваҳий 4:11-оятида: «Ё Раббимиз, ё Худойимиз! Сен шон-шуҳрат, иззат-икром, куч қудратни эгаллашга лойиқсан. Зеро Сен бутун борлиқни яратдинг, ҳамма нарса Сенинг ироданг ила вужудга келди»,— дейилган. 4) Биз шунингдек, Яҳова — Ҳаёт Манбаи эканини ва Унинг нияти бизни гуноҳ ва ўлимдан қутқаришдан иборатлигини англаб олмоғимиз лозим: «Нажот — Худованддандир» (Забур 3:9; 35:10). Яҳова — Олий Қонун чиқарувчи эканини тан олишимиз керак: «Яҳова — Ҳакамимиздир, Яҳова — Қонун чиқарувчимиздир, Яҳова — Подшоҳимиздир» (Ишаё 33:22, ЯДТ). Шуларга асосан бизга: «Эганг Худовандни бутун қалбинг билан, бутун жонинг билан ва бутун онгинг билан севгин»,— деган маслаҳат берилмоқда (Матто 22:37).
9. «Ўғил... номи билан» сувга чўмиш қандай маънога эга?
9 «Ўғил... номи билан» сувга чўмиш қандай маънога эга? Бу, Исо Масиҳнинг исми, лавозими ва ҳокимиятини тан олишдан иборатдир? Исонинг исми «Яҳова нажот беради» деган маънони англатади. У Худонинг тўнғич Ўғли ҳамда биринчи ижоди бўлгани сабабли, у юқори лавозимни эгаллашга ҳақлидир (Матто 16:16; Колосаликларга 1:15, 16). Бу Ўғил ҳақида Юҳанно 3:16-оятида: «Худо оламни шунчалик севдики, Ўзининг ягона Ўғлини берди, токи Унга ишонган ҳар бир киши ҳалок бўлмасин, балки абадий ҳаётга эга бўлсин»,— деб ёзилган. Исо то ўлимигача Худога содиқ қолгани учун, Худо уни тирилтириб, янада юксакроқ ҳокимиятни ато этди. Ҳаворий Павлуснинг сўзларига биноан, Худо Исони «жуда юксалтирди» ва энди у Коинотда Яҳовадан кейинги ўринни эгалламоқда. Шу сабабдан «Исонинг исми тилга олинганда... борлиқ жон тиз чўксин ва ҳар бир тил Отамиз Худо шаънига Исо Масиҳни Раббим деб очиқ тан олсин» (Филиппиликларга 2:9-11). Бу, Яҳованинг Исо орқали бераётган амрларига амал қилишни англатади (Юҳанно 15:10).
10. «Муқаддас Руҳ номи билан» сувга чўмиш нимани билдиради?
10 «Муқаддас Руҳ номи билан» сувга чўмиш нимани билдиради? Бу, муқаддас руҳнинг вазифаси ва ҳаракатини тан олишни билдиради. Муқаддас руҳ ўзи нима? Бу Яҳованинг қудрати бўлиб, у орқали ниятларини амалга оширади. Исо шогирдларига: «Мен Отамга мурожаат қиламан ва У то абад сизлар билан қоладиган бошқа Юпатувчини [ёрдамчини] юборади. Бу Юпатувчи — Ҳақиқат Руҳидир»,— деб айтган (Юҳанно 14:16, 17). Унинг ёрдамида шогирдлар нима қила олишар эди? Бир мунча вақтдан сўнг Исо уларга: «Сизлар қувват оласизлар, Қуддусда, Яҳудия билан Самариянинг ҳамма жойида ва ҳатто дунёнинг энг олис ерларида ҳам Менинг шоҳидларим бўласизлар»,— деди (Ҳаворийлар 1:8). Муқаддас руҳ орқали, Яҳова шунингдек Муқаддас Китоб ёзилишини илҳомлантирди: «Ҳеч бир пайғамбар ўзининг инсоний хоҳиши билан башорат қилган эмас. Бу азиз одамлар Муқаддас Руҳ томонидан ҳаракатга келтирилиб, Худонинг сўзларини гапириб берганлар» (2-Бутрус 1:21). Шундай экан, Муқаддас Китобни тадқиқ қилсак, муқаддас руҳнинг таъсирини тан олган бўламиз. Бунинг яна бир йўли, «Илоҳий Руҳнинг самараси» бўлмиш муҳаббат, севинч, хотиржамлик, сабр-тоқат, лутфкорлик, хайрихоҳлик, садоқат, мулойимлик ва ибо» каби хислатларни ўзимизда ривожлантиришда Яҳовадан ёрдам сўрашдир (Галатияликларга 5:22, 23).
11. а) Сувга чўмишнинг асл маъноси ҳозирги кунда нимадан иборат? б) Инсон сувга чўмганида қайси маънода аввал ўлиб, кейин тирилади?
11 Милодий 33 йилдан бошлаб, Исонинг кўрсатмаларига биноан биринчи бўлиб сувга чўмганлардан яҳудийлар ва яҳудий динига кирганлар бўлди. Кўп ўтмай, самарияликлар ҳам Масиҳнинг шогирдлари бўлиш шарафига муяссар бўлишди. Сўнгра, милодий 36 йилда суннатсиз ғайрияҳудийлар ҳам таклиф қилинишди. Сувга чўмишдан аввал, самарияликлар ва ғайрияҳудийлар Масиҳнинг шогирдлари бўлиб хизмат қилиш учун ўзларини Яҳовага бағишлашлари даркор эди. Сувга чўмиш ҳозир ҳам ўша маънога эга. Сувга чўмиш рамзий маънода дафн этилишни англатиб, у шунингдек бағишловнинг ўринли рамзидир. Бағишловингизни ифодалаб сувга чўмганингизда, сиз худди олдинги турмуш тарзингиз учун ўлгандай бўласиз. Сувдан кўтарилганингизда эса, Худонинг иродасини бажариш учун тирилган бўласиз. Масиҳчи бўлаётганларнинг барчаси учун сувга чўмиш, яъни «сувдаги иқрор — бирдир». Сувга чўмгандан сўнг улар Яҳованинг Шоҳидлари, яъни Худонинг тайинланган хизматчилари бўлишади (Эфесликларга 4:5; 2-Коринфликларга 6:3, 4).
12. Сувга чўмиш ниманинг тимсолидир? Изоҳлаб беринг.
12 Бундай сувга чўмиш қутқарилишга олиб бориб, Худонинг назарида жуда қадрлидир. Масалан, ҳаворий Бутрус, кема қуриб Тўфон сувидан сақланиб қолган Нуҳ ва оиласи ҳақида айтиб ўтгандан сўнг: «Мана шу сув — ҳозирги сувда имон келтириш маросимининг тимсолидир. Бу маросимнинг маъноси баданни кирдан тозалаш эмас, балки Худодан пок виждонни сўрашдир. Сизлар ҳам сувга чўмиб имон келтирганингизда, Исо Масиҳнинг тирилиши туфайли нажот топдингизлар»,— деб ёзган (1-Бутрус 3:21). Кема — Нуҳ Худонинг топшириғини тўлиқ бажарганининг яққол исботи эди. Кема қуриб битказилгандан сўнг, «тўфон сувидан қадимги дунё маҳв бўлган» (2-Бутрус 3:6). Нуҳ ўз оиласи билан «саккиз жонгина сувдан ўтиб қутулган эдилар» (1-Бутрус 3:20).
13. Сувга чўмиш масиҳчиларни нимадан қутқаради?
13 Бугунги кунда, кимки тирилган Исо Масиҳга ишончи асосида Яҳовага ўзини бағишласа, бунинг рамзи сифатида сувга чўммоқда. Улар Худонинг иродасини бажараётганлари сабабли, ёвуз дунёдан қутқарилганлар (Галатияликларга 1:3, 4). Улар бу ёвуз дунёга қўшиб йўқ қилинадиганлар орасида эмаслар. Улар йўқ қилинишдан қутқарилганлар ва Худо уларга пок виждон ато этмоқда. Ҳаворий Юҳанно Худонинг хизматчиларига бундай аминлик бермоқда: «Дунё ҳам, унинг нафси ҳам ўтиб кетади. Лекин Худонинг иродасини бажо келтирган киши абадий яшайди» (1-Юҳанно 2:17).
Ўз вазифаларимизга мувофиқ ҳаёт кечириш
14. Нима сабабдан сувга чўмишнинг ўзигина қутқарилишнинг гарови эмас?
14 Сувга чўмиш қутқарилишнинг гарови, деб ўйлаш англашилмовчилик бўлади. Агар инсон ўзини чин дилдан Исо Масиҳ орқали Яҳовага бағишлаган бўлса, у Худонинг иродасини бажариб, охиригача содиқ қолиши керак. Чунки «охиригача чидаган қутулади» (Матто 24:13).
15. а) Сувга чўмган масиҳчилар учун Худонинг иродаси нимадан иборат? б) Масиҳнинг шогирди бўлиш ҳаётимизда қанчалик муҳим бўлиши керак?
15 Исога нисбатан Худонинг иродаси, у ўз инсоний ҳаётидан қай йўсинда фойдаланишини ҳам ўз ичига олар эди. У ўз ҳаётини қурбон қилиб ўлиши керак эди. Биздан эса ўз вужудимизни Худога ҳавола қилиб, Унинг иродасини бажариш ила фидойи ҳаёт кечиришимиз кутилади (Римликларга 12:1, 2). Агар биз ҳатто баъзида дунёвий инсонларга ўхшаб йўл тутсак ёки Худога фақат юзаки хизмат қилиб, ўз нафсимизни ўйласак, Худонинг иродасини бажаряпмиз деб айта олмаймиз (1-Бутрус 4:1-3; 1-Юҳанно 2:15, 16). Бир яҳудий абадий ҳаётга эга бўлиш учун нима қилиш керак деб сўраганида, Исо ахлоқан пок ҳаёт кечириш кераклигини таъкидлади. Аммо у янада муҳимроғига, яъни Исо Масиҳнинг шогирди бўлиш зарурлигини кўрсатди. Бу, инсоннинг ҳаётида энг муҳим ўринни эгалламоғи лозим. Бойликка интилиш инсонни чалғитмаслиги керак (Матто 19:16-21).
16. а) Барча масиҳчиларнинг Шоҳликка тегишли қандай вазифаси бор? б) 116 ва 117-саҳифаларда келтирилган суратлардан фойдаланиб, Шоҳлик ишида қандай қилиб унумли қатнашиш мумкинлигини гапириб беринг. в) Ваъзгўйлик ишида чин дилдан қатнашаётганимиз нимадан далолат беради?
16 Яна шуни таъкидлаб ўтиш керакки, Худонинг иродасига биноан, Исо Худонинг Шоҳлигига тегишли муҳим фаолият билан шуғулланиши керак эди. Исо Шоҳ қилиб тайинланган эди. Шундай бўлса-да, у ер юзида яшаганида, шахсан ўзи Шоҳлик ҳақида ғайрат билан шоҳидлик қилди. Бизнинг ҳам шоҳидлик қилиш вазифамиз ҳамда буни чин дилдан бажаришга барча асослар ҳам бор. Бу билан Яҳованинг ҳукмдорлигини тан олаётганимизни ва ўзга инсонларни севишимизни кўрсатамиз (Матто 22:36-40). Биз шунингдек, дунё бўйлаб Яҳовага топинаётган Шоҳлик ваъзгўйлари билан бирликда эканимизни намоён этамиз. Барчамиз биргаликда, ўша Шоҳликнинг бошқаруви остида, ерда абадий ҳаётга эга бўлиш мақсадимиз сари интилмоқдамиз.
Такрорлаш учун саволлар
• Исонинг сувга чўмганлиги билан бугунги сувга чўмиш ўртасида қандай ўхшашликлар ва фарқлар бор?
• «Ота, Ўғил ва Муқаддас Руҳ номи билан» сувга чўмиш нимани англатади?
• Сувга чўмишдан келиб чиқадиган вазифаларга биноан ҳаёт кечириш нимани билдиради?
[116- ва 117- саҳифадаги расмлар]
ШОҲЛИК ҲАҚИДА ВАЪЗ ЭТИШНИНГ УСУЛЛАРИ
Уйма-уй юриб
Қариндошларга
Ҳамкорларга
Мактабдошларга
Кўча-кўйда
Қизиқаётган инсонлардан хабар олиб
Муқаддас Китоб тадқиқини ўтказиб