Қўриқчи минорасининг ОНЛАЙН КУТУБХОНАСИ
Қўриқчи минорасининг
ОНЛАЙН КУТУБХОНАСИ
ўзбекча
  • МУҚАДДАС КИТОБ
  • АДАБИЁТЛАР
  • УЧРАШУВЛАР
  • w10 15.4. 20–24-саҳ.
  • Кўзимизни беҳуда иш-ҳаракатларга қаратмайлик!

Танланган маълумот учун видео мавжуд эмас.

Кечирасиз, видеони ижро этишда хатолик юз берди.

  • Кўзимизни беҳуда иш-ҳаракатларга қаратмайлик!
  • Қўриқчи минораси Худованд Яҳованинг Шоҳлигини хабарлайди – 2010
  • Сарлавҳалар
  • Ўхшаш маълумот
  • Қанақасига кўз алдаши мумкин?
  • Ўзимизни тийиш жудаям муҳимдир
  • Беҳуда иш-ҳаракатлардан қочинг
  • Масиҳнинг ўрнагига эргашинг
  • Кўзни «тиниқ» сақланг
  • Шайтоннинг тузоғидан ҳимояланинг!
    Қўриқчи минораси Худованд Яҳованинг Шоҳлигини хабарлайди (Тадқиқ сони) – 2019
  • Қандай инсон эканлигингизни текширинг
    Қўриқчи минораси Худованд Яҳованинг Шоҳлигини хабарлайди – 2013
  • Порнография — зиёнсиз вақтичоғликми ёки заҳарми?
    Порнография — зиёнсиз вақтичоғликми ёки заҳарми?
  • Порнография
    Уйғонинг! – 2013
Кўпроқ маълумот топинг
Қўриқчи минораси Худованд Яҳованинг Шоҳлигини хабарлайди – 2010
w10 15.4. 20–24-саҳ.

Кўзимизни беҳуда иш-ҳаракатларга қаратмайлик!

Беҳуда иш-ҳаракатларга қаратма кўзим, Ўз йўлларингда мени тирик тутгин! ЗАБ. 118:37

1. Нима учун кўриш қобилияти катта аҳамиятга эга?

КЎРИШ қобилияти Худонинг мўъжизасидир! Нега деганда, бу орқали биз гўзал табиат манзараларини кузатиб ҳаётдан завқ оламиз. Шунингдек, у яхши ва ёмонни ажратишга ёрдам беради. Кўзимиз билан Аллоҳнинг бетакрор ижодларини томоша қилиб, Унга шараф келтирамиз (Заб. 8:4, 5; 18:2, 3; 103:24; Рим. 1:20). Боз устига, кўз онгимиз билан чамбарчас боғлиқ бўлгани учун, Яҳовани янада яқинроқ таниб-билишимизга ва имонимизни мустаҳкамлашга катта ҳисса қўшади (Ёшуа 1:8; Заб. 1:2, 3).

2. Нега баъзида кўриш қобилияти бизга зарар келтириши мумкин ва сано бастакорининг илтижосидан қандай сабоқ оляпмиз?

2 Лекин, баъзида кўриш қобилияти зиён ҳам келтириши мумкин. Гап шундаки, кўз билан онг бир-бирига боғлиқ. Шу сабабли, кўраётган нарсалар ҳиссиётлар ва хоҳиш-истакларимизга таъсир қилади. Шайтон ҳукми остидаги разиллашиб бораётган дунёда яшаётган эканмиз, аллақандай тасвир ва фикрлар ҳар томондан бизга зарба бермоқда. Баъзан уларга, ҳаттоки бир кўз ташлашнинг ўзи кифоядир (1 Юҳан. 5:19). Шунинг учун, сано бастакори: «Беҳуда иш-ҳаракатларга қаратма кўзим, Ўз йўлларингда мени тирик тутгин!» — деб бекорга илтижо қилмаган (Заб. 118:37).

Қанақасига кўз алдаши мумкин?

3–5. Кўз алдамчи эканини тасдиқловчи мисоллар келтиринг.

3 Келинг, Момо Ҳавонинг мисолини кўриб чиқайлик. Шайтон, агар Момо Ҳаво тақиқланган мевадан еса «кўзлари очилиб» «яхши ва ёмонни биладиган» бўлади деб ваъда қилган эди. Дарвоқе, Момо Ҳаво кўзлари «очилиб қолади», деган гапларга учиб, «дарахтнинг меваси емоққа яхши, кўзга ёқимли ҳамда дид-фаросат топишга фойдали эканини» кўрди. Хуллас, у Худонинг буйруғига қарши чиқиб, ўша дарахт мевасидан олиб еди. Одам Ато эса хотинига эргашиб, Аллоҳга қарши чиқди. Оқибатда бу, бутун одамзод келажагига ёмон таъсир қилди (Ибт. 2:17; 3:2–6; Рим. 5:12; Ёқб. 1:14, 15).

4 Нуҳ пайғамбар даврида ҳам айрим фаришталар кўрганларининг таъсирига берилишди. Бу ҳақда Ибтидо 6:2 да шундай дейилган: «Илоҳий зотлар... одамзод қизларининг жуда яхшилигини кўриб, истаганларини хотинликка оладиган бўлдилар». Исёнкор фаришталар, гўзал қизларга маҳлиё бўлиб, ғайритабиий истаклар пайдо бўлишига йўл қўйишди. Улар жинсий алоқа қилиб, ёвуз фарзандлар туғилишига сабабчи бўлишди. Натижада одамлар разиллашиб кетгани дастидан, Нуҳ ва унинг оиласидан ташқари бутун одамзод йўқ қилинди (Ибт. 6:4–7, 11, 12).

5 Бир неча асрлар ўтгач исроилликлар Ерихо шаҳрини қўлга киритганида Охун исмли киши Худога бағишланган нарсаларни ўғирлайди. Аллоҳ буюрганидек, шаҳар бутунлай вайрон қилиниб, бор нарсаси Унинг хазинасига олиб келиниши лозим эди. Исроил халқига эса: «Эгамизга бағишланган нарсаларнинг ҳеч бирига яқинлашманг, яна ўша нарсаларни олиб, ўзингиз ҳам ҳалок бўлманг»,— деб буйруқ берилган эди. Бироқ Охун бу гапларга қулоқ солмади. Натижада исроилликлар Ғай шаҳрига ҳужум қилганларида мағлубиятга учраб, ҳатто баъзилари ўлиб кетишди. Охун эса гуноҳи ҳамманинг олдида фош қилинмагунига қадар индамай турди. Аммо сир очилгандан сўнг, Охун нарсаларни кўриб қолдим деб ўзини оқлай бошлайди. Ҳа, у нафсга берилиб «бор нарсаси билан» ҳалок бўлди (Ёшуа 6:18, 19; 7:1–26). Демак, у тақиқланган нарсани олиш васвасасига тушди.

Ўзимизни тийиш жудаям муҳимдир

6, 7. Тузоққа тушириш мақсадда Шайтон қанақа «фитналар» уюштиради ва рекламачилар бундан қай тарзда фойдаланишмоқда?

6 Бугун ҳам кўпчилик Момо Ҳаво, исёнкор фаришталар ва Охун каби кўз орқали васвасага тушишади. Шайтоннинг ҳамма «фитналари», «ҳирсли кўзлар» орқали алдашга мўлжалланган бўлиб, инсонларни тўғри йўлдан оздиради (2 Кор. 2:11; 1 Юҳан. 2:16). Замонавий рекламачилар кўз ёрдамида одамларда истак уйғотиб, ўзига жалб қилишнинг энг яхши усули эканини азалдан билишади. Европалик бир мутахассис ҳам: «Орзу-ҳаваслар пайдо бўлишида кўриш қобилияти муҳим аҳамиятга эга. Бу, ҳис-туйғуларга қаттиқ таъсир қилиб, ҳатто мантиққа зид ишларга ҳам ундайди»,— деб бўлишди.

7 Рекламачилар ранг-баранг тасвирлар орқали кўзни қамаштириб, ўз буюмларини сотишга ёки хизматларидан фойдаланишга чорлашади. Реклама қандай таъсир қилишини ўрганаётган АҚШдаги мутахассисларнинг айтишича, рекламанинг мақсади фойдали маълумот келтиришга эмас, балки одам ҳис-туйғуларга берилиб бирон нарса қилишига қаратилган. Ҳаммага маълумки, рекламаларда тез-тез беҳаё тасвирларни кўрсатишади. Негаки бу, нафсни қўзғатиб, ҳар доим катта даромад келтиради-да! Дарҳақиқат, кўз орқали юрагу онгимизга кираётган нарсаларни назорат қилиш ўта муҳим!

8. Нима учун қаерга нигоҳ ташлашимиз муҳим аҳамиятга эга?

8 Аллоҳнинг хизматчиларига ҳам, кўз ва тана нафси таъсир қилади. Шу боис, Муқаддас Китоб бизни нафсимизни тийишга ундамоқда (1 Кор. 9:25, 27; 1 Юҳанно 2:15–17 ўқинг). Софдил бўлган Аюб пайғамбар ҳам, кўришдан хоҳиш пайдо бўлишини яхши билган. Шунинг учун у: «Кўзларим билан аҳд қилганман. Аёлга маҳлиё бўлиб қарашга қандай журъат этардим?» — деб бекорга айтмаган (Аюб 31:1, ЯДТ). Дарҳақиқат, Аюб аёл кишига тегиш у ёқда турсин, ҳатто бундай фикрларни ҳаёлига келтиришдан қўрққан. Исо ҳам фикр-хаёлларимиз пок бўлиши қанчалик муҳим эканлигини таъкидлаб, шундай деган: «Ким бир аёлга шаҳват билан қараса ҳам, аллақачон кўнглида у билан зино қилган бўлади» (Мат. 5:28).

Беҳуда иш-ҳаракатлардан қочинг

9. а) Интернетдан фойдаланаётиб нега ҳушёр бўлиш муҳим? б) Порнографияга бир нигоҳ ташлашнинг оқибатлари қандай?

9 Ҳозирги дунёда айниқса Интернет орқали порнографияни томоша қилиш кенг тарқалган. Биз бундай ахлоқсиз веб-сайтларга қарашни хоҳламасак-да, улар бизга қараб туради! Қандай қилиб дейсизми? Компьютер экранида ногаҳон беҳаё суратлар чиқиб қолади. Ёки одам оддий электрон манзилга кириб, беҳаё расмларга кўзи тушади. Баъзан бундай сайтлардан чиқиш қийин бўлиши мумкин. Унутмангки, бир зумда пайдо бўлиб ўчирилган расм ҳам, мияда муҳрланиб қолади. Порнографик расмларга шунчаки бир нигоҳ ташлаш аянчли оқибатларга олиб келиши турган гап. Авваламбор бунинг дастидан виждонимиз қийналади ва уларни онгимиздан чиқариб ташлаш учун курашишга тўғри келади. Афсуски, айримлар бундай зарарли оқибатларни билатуриб ҳам ахлоқсизликни томоша қилаверадилар (Эфесликларга 5:3, 4, 12 ўқинг; Колос. 3:5, 6).

10. Нега айниқса болаларни порнографиядан эҳтиёт қилиш керак ва бу қанақа оқибатларга олиб келиши мумкин?

10 Болалар табиатан қизиқувчан бўлганлари учун порнографияни томоша қилишлари мумкин. Агар шундай бўлса, оқибатда уларда ахлоқ-одобга нисбатан нотўғри нуқтаи назар шаклланиб боради. Боз устига, жинсий меъёрларга нисбатан бузилган нуқтаи назар, дўстона муносабатлар ривожланишига тўсқинлик қилади. Қолаверса, аёлларга нисбатан хаёли бузилиб, уятсиз суратларни томоша қилиш мойиллигини туғдиради. Бу, ўз навбатида мактабда, дўстлар ва оила аъзолари ўртасида муаммоларга олиб келиши мумкин. Энг асосийси эса, келажакда бу никоҳга ҳам таъсир қилиши ҳеч гап эмас.

11. Порнографиянинг қандай зарарли томонлари борлиги ҳақда мисоллар келтиринг.

11 Ўтмишини эслаб битта биродаримиз шундай фикр билдирди: «Порнография томоша қилиш одатини ташлаш мен учун жуда қийин бўлди. Беҳаё суратлар ўз-ўзидан кўз олдимга келаверади. Баъзида бирон ҳидни сезиш, мусиқа эшитиш, бирор нарсани кўриш ёки фикрдан чалғишнинг ўзи етарли эди. Бу одатдан халос бўлиш учун ҳар куни кураш олиб борардим». Бошқа имондошимиз эса кичиклигида ота-онаси уйда йўқлигидан фойдаланиб, порнографик журналларни томоша қилар экан. У ҳам шундай деб бўлишди: «Минг афсуски, бундай суратлар ўшанда миямни заҳарлаб бўлган эди! Мана 25 йил ўтган бўлса-да, бу расмлар ҳалигача хаёлимдан ўтаверади. Бундай фикрлар билан қанча курашмасам ҳам, улар барибир гоҳида пайдо бўлаверади. Лекин ўша ўй-хаёлларни ривожлантирмасликка ҳаракат қилсам ҳам виждоним қийнайди». Агар биз ҳам виждонимизни тоза сақлашни хоҳласак, бу каби беҳуда ишларга қарамасликка интилайлик! Шунда «ҳар қандай фикрни Масиҳга бўйсундириб асир қиламиз» (2 Кор. 10:5).

12, 13. Худонинг хизматчилари қандай беҳуда ишлардан қочишлари керак ва нима учун?

12 Беҳуда нарсаларга шу жумладан ўйин-кулгилар ҳам киради. Уларнинг аксарияти спиритизм, зўравонлик, қон тўкиш ва ўлим билан боғлиқ бўлгани учун одамга зиён келтиради (Забур 100:3 ўқинг). Художўй ота-оналар ҳам, болалари нима томоша қилаётганидан доимо хабардор бўлиши керак. Албатта ҳеч ким билатуриб спиритизм билан шуғулланмаслиги мумкин. Бироқ ота-она фарзандлари қандай фильм, теледастур, видео ўйин ва китоблар танлаётганига эътиборли бўлишлари жуда муҳим (Ҳик. 22:5).

13 Шубҳасизки, барчамиз ёвузлик ва қон тўкиш ҳақидаги видео ўйинларни томоша қилишдан жирканамиз (Забур 10:5 ўқинг). Чунки, Яҳова Таоло ҳазар қиладиган ишлардан қочишни хоҳлаймиз. Ёдингизда бўлсин, Шайтон айнан онгимизга таъсир қилишга ҳаракат қилади (2 Кор. 11:3). Ҳатто зарарсиз кўнгилхушликларга ҳаддан ташқари кўп вақт ажратиш, оилавий сиғиниш, Муқаддас Китобни кунда ўқиш ва учрашувларга тайёргарлик кўриш каби муҳим ишлар четда қолиб кетиши мумкин (Филип. 1:9, 10).

Масиҳнинг ўрнагига эргашинг

14, 15. Шайтон Исони учинчи марта васвасага солганда нима юз берди?

14 Афсуски бу разиллашган дунёда яшар эканмиз, кўзимиз беҳуда иш-ҳаракатларга тушиб туради. Буларнинг барчаси бизга ёмон таъсир қилишига йўл қўймаслик учун эса, Исодан ибрат олишимиз керак. Шайтон Исони учинчи марта васвасага солиб, «жуда баланд тоққа олиб чиқиб кетганида «дунёнинг барча салтанатларини ҳамда уларнинг ҳашаматини» унга кўрсатган эди (Мат. 4:8). Шайтон айнан кўз орқали Исони алдамоқчи бўлган. Барча инсоний ҳокимиятларни кўрсатиб, Иблис Исода шуҳрат қозониш туйғусини уйғотмоқчи бўлган. Қизиқ, Исо қандай жавоб берди?

15 Исо бундай қизиқарли таклифга парво ҳам қилмади. У алдамчи туйғуларга берилишни хоҳламай, Шайтоннинг таклифини иккиланмасдан рад қилди. Шу сабабли Исо қатъият ила: «Йўқол кўзимдан, шайтон!» — дея жавоб қайтарди (Мат. 4:10). Исо диққатини, Тангри Яҳова билан бўлган муносабатига ҳамда Унинг иродасини бажаришга қаратган эди (Иброн. 10:7). Шундай қилиб, Шайтоннинг ҳийла-найранги чиппакка чиқди.

16. Исонинг ўрнагидан қандай дарс олсак бўлади?

16 Албатта Исонинг ўрнагидан яхши сабоқ олсак бўлади. Биринчидан, Шайтоннинг ҳийлаларидан ҳеч ким ҳимояланмаган (Мат. 24:24). Иккинчидан, кўраётган нарсалар яхши ёки ёмон хоҳиш-истакларни туғдириши мумкин. Учинчидан, Шайтон кўриш қобилиятимиздан фойдаланиб, бизни тўғри йўлдан оздиришга бел боғлаган (1 Бутр. 5:8). Тўртинчидан, Иблисга қатъият ила қарши туриш бизнинг ҳам қўлимиздан келади (Ёқб. 4:7; 1 Бутр. 2:21).

Кўзни «тиниқ» сақланг

17. Нега васвасага тушишдан олдин нима қилиш кераклиги ҳақида ўйлаш оқилона?

17 Ҳаётимизни Яҳовага бағишлаб, беҳуда нарсалардан бутунлай воз кечганимизни кўрсатганмиз. Шу сабабли сано бастакорига қўшилиб: «Сўзингга риоя қилай дея тийдим мен оёқларимни барча ёмон йўлдан»,— деб айтамиз (Заб. 118:101). Хуллас, васвасага тушишдан олдин ўзимизни қандай тутишимиз кераклиги ҳақида ўйлаш оқилонадир. Чунки барчамиз, Муқаддас Китобга зид бўлган ишларни ҳамда Шайтоннинг ҳийлаларини яхши биламиз. Эсингиздами, Иблис қайси пайт Исодан тошлар нонга айланишини сўраганди? Ҳа, Исо 40 кун рўза тутиб «оч қолган» вақтда! (Мат. 4:1–4). Хулоса, одам ўзини кучсиз ва ожиз ҳис қилган вақтда зарба бериш қулай эканини Шайтон яхши билади. Шундай экан, бугунги кунда маънан ҳушёр туришимиз жуда муҳимдир. Шайтонга асло панд бермайлик! Агар Яҳовага берган ваъдамизни доимо ёдимизда тутсак, беҳуда нарсаларга кўзимизни қаратмаймиз (Ҳик. 1:5; 19:20).

18, 19. а) «Тиниқ» ва «ёмон» кўз ўртасида қанақа фарқ бор? б) Назаримизни арзигулик ишларга қаратиш қанчалик муҳим ва Филиппиликларга 4:8 даги маслаҳат қандай ёрдам бериши мумкин?

18 Ҳақиқатан ҳам диққат-эътиборимизни чалғитадиган нарсалар ҳар томонлама бизни ўраб олган. Лекин, Исонинг кўзингизни «тиниқ» сақланг деган огоҳлантиришига қулоқ солиб, ҳушёр тура оламиз (Мат. 6:22, 23). Зеро «тиниқ» кўз, фақатгина Худонинг иродасини бажаришга қаратилган. Бироқ «ёмон» кўз эса айёр ва баднафс бўлиб, беҳуда нарсаларга қарашга мойил бўлади.

19 Унутмангки, кўрганимиз онгимизга, сўнг эса қалбимизга киради. Шундай экан, назаримизни арзигулик ишларга қаратиш жудаям муҳим (Филиппиликларга 4:8 ўқинг). Келинг, бундан буён ҳам сано бастакори каби: «Беҳуда иш-ҳаракатларга қаратма кўзим»,— деган сўзларга амал қилайлик. Ибодатимизга мувофиқ йўл тутсак, Яҳова албатта бизни «Ўз йўлларида тирик тутади» (Заб. 118:37; Иброн. 10:36).

Илтимос тушунтиринг

• Кўз, онг ва қалбимиз орасида қандай боғлиқлик бор?

• Порнографияни томоша қилиш қанақа оқибатларга олиб келади?

• Кўзни «тиниқ» сақлаш қандай аҳамиятга эга?

[23- саҳифадаги расмлар]

Худонинг хизматчилари қандай беҳуда ишлардан қочишлари керак?

    Ўзбекча адабиётлар (1993-2025)
    Чиқиш
    Кириш
    • ўзбекча
    • Улашиш
    • Созламалар
    • Copyright © 2025 Watch Tower Bible and Tract Society of Pennsylvania
    • Фойдаланиш шартлари
    • Махфийлик сиёсати
    • Махфийлик созламалари
    • JW.ORG
    • Кириш
    Улашиш