Қўриқчи минорасининг ОНЛАЙН КУТУБХОНАСИ
Қўриқчи минорасининг
ОНЛАЙН КУТУБХОНАСИ
ўзбекча
  • МУҚАДДАС КИТОБ
  • АДАБИЁТЛАР
  • УЧРАШУВЛАР
  • w08 15.4. 3–7-саҳ.
  • «Бекор нарсаларни» рад этинг

Танланган маълумот учун видео мавжуд эмас.

Кечирасиз, видеони ижро этишда хатолик юз берди.

  • «Бекор нарсаларни» рад этинг
  • Қўриқчи минораси Худованд Яҳованинг Шоҳлигини хабарлайди – 2008
  • Сарлавҳалар
  • Сохта худоларни рад этинг
  • Нафс эҳтирослари худо бўлиб қолишига йўл қўйманг
  • Бекор сўзлардан қочинг
  • Бекор сўзларни қандай рад этса бўлади?
Қўриқчи минораси Худованд Яҳованинг Шоҳлигини хабарлайди – 2008
w08 15.4. 3–7-саҳ.

«Бекор нарсаларни» рад этинг

Бекор нарсани кўзлаган эса ақлсиздир. ҲИК. 12:11

1. Нималарга эгамиз ва қайси маслаҳатга амал этмоқчимиз?

ҲАММАМИЗ қайсидир жиҳатдан боймиз. Масалан саломатлик, куч-қудрат, ақл-идрок ёки моддий бойликка эгамиз. Аллоҳ Яҳовани севганимиз учун Унга чин дилдан хизмат қилаётганимизда: «Ўз бойлигинг... билан Эгамизни улуғла»,— деган маслаҳатга амал этмоқчимиз (Ҳик. 3:9).

2. Муқаддас Китобда бекор нарсалардан огоҳлантириш ҳақида нима дейилган ва бу том маънода қандай қўлланилади?

2 Бироқ Муқаддас Китобда бекор нарсалар ҳақида ҳам айтилган бўлиб, уларнинг тузоғига тушиб қолмаслик учун огоҳлантириш ёзилган. Келинг, Ҳикматлар 12:11 даги сўзларга эътибор қаратайлик: «Ерга ишлов берган тўйиб нон ейди, бекор нарсани кўзлаган эса ақлсиздир». Тўғри, ушбу маслаҳатга том маънода риоя қилиш қийин эмас. Агар киши ўз вақтинию кучини оиласига ғамхўрлик қилишга аямай сарфласа, улар яхши ҳаёт кечиришади (1 Тим. 5:8). Аммо агар кучини бекор нарсаларга ишлатса, бу билан «ақлсиз» эканини кўрсатади. Шундай йўл тутган кимса муҳтожликка учраши муқаррар.

3. Бекор нарсалар тўғрисидаги насиҳатни хизматимизда қандай қўлласак бўлади?

3 Энди келинг, ушбу насиҳатни Худога бўлган хизматимизга қўллайлик. Яҳовага ғайрат ва садоқат ила хизмат қиладиган одам хавфсизликда яшайди. Боз устига бундай киши ҳозирданоқ Аллоҳнинг қут-баракаларини топиб, келажакка эса умиди борлигига аминдир (Мат. 6:33; 1 Тим. 4:10). Бордию, у бекор нарсаларга эътиборини қаратса, Яҳова билан ўзаро муносабатларини ва абадий ҳаётга умидини йўқотади. Бунга йўл қўймаслик учун нима қилиш керак? Бу учун ҳаётимизда бекор нарсаларга нима киришини аниқлаб, уларни қатъият ила рад этиш зарур (Титусга 2:11, 12 ўқиб беринг).

4. Бекор нарсаларга нима киради?

4 Хўш, унда бекор нарсаларга нима киради? Эгамизга сидқидилдан хизмат қилишга халақит бераётган барча нарсалардир. Мисол учун ўйин-кулгиларни олайлик. Албаттаки ҳордиқ чиқариш муҳим. Лекин вақтимизни ҳаддан ортиқ хушчақчақлик қилишга ажратсак, маънавий соғлигимизга путур етказамиз холос (Воиз 2:24; 4:6). Бунга йўлиқмаслик учун мувозанатли бўлиб, бебаҳо вақтимизни нимага сарфлаётганимизга диққатли бўлиш лозим (Колосаликларга 4:5 ўқиб беринг). Қолаверса хавф туғдирадиган бекор нарсаларга сохта худолар ҳам киради.

Сохта худоларни рад этинг

5. Муқаддас Китобнинг асл нусхасида «бекор нарсалар» ибораси остида нима назарда тутилади?

5 Муқаддас Китобнинг асл нусхасида кўпинча «бекор нарсалар» ибораси сохта худоларга ишлатилади. Масалан қадимда Тангри Яҳова исроилликларга, бутлару ҳайкалчалар ясамаслиги, устунлар ўрнатмаслиги ва сурат солинган тошларни ўрнатиб, ўша нарсаларга сажда қилмаслигини буюрганди (Лев. 26:1). Боз устига Тавротда: «Худолар орасида Сенга ўхшагани борми, эй, Эгамиз?! Ким Сенга ўхшар?! Муқаддаслигинг билан улуғворсан Сен, қўрқинчли ишларинг билан ҳамду санога илҳомлантирурсен, Сен ажойиботлар кўрсатурсан»,— деган гапларни ўқиймиз (Чиқ. 15:11).

6. Нега сохта худолар фойдасиздир?

6 Ҳазрати Довуд ҳам эътиборни атрофимизни қуршаб турган Яҳованинг ажойиб ишларига қаратганди (Заб. 138:14; 148:1–10). Исроилликлар катта шарафга эга бўлишган, зеро Яҳова Таоло улар билан аҳд тузганди. Лекин бунга қарамай, улар Яҳовадан юз ўгириб, бут ва устунларга сажда қилганлари аҳмоқона эди. Зотан қийинчилик пайтда ясама сохта худолар, унга топинаётганлар у ёқда турсин, ҳатто ўзларини ҳам қутқаришга ожиз эдилар (Ҳак. 10:14, 15; Ишаё 46:5–7).

7, 8. Қандай қилиб «пул» худога айланиши мумкин?

7 Кўп мамлакатларда инсонлар ҳалигача ўз қўллари билан ясаган бутларга сиғинишяпти. Аммо улар ўтмишдагидек бефойдадир (1 Юҳан. 5:21). Муқаддас Китобга биноан худоларга нафақат бутлар кирар экан. Келинг, диққатимизни Исонинг қуйидаги сўзларига қаратайлик: «Ҳеч ким икки хўжайинга хизмат қилолмайди. У ё бирини ёмон кўриб, бошқасини севади, ёки бирига ихлос қўйиб, бошқасини хорлайди. Сиз ҳам Худога, ҳам пулга бирдек сиғина олмайсизлар» (Мат. 6:24).

8 Қандай қилиб «пул» худога айланиши мумкин? Мана бир мисол. Қадимда исроилликлар уй ёки деворнинг қурилишида керак бўлган оддий бир тошдан ҳайкалча ёки устун ясашган. Бу эса уларни Яҳовадан узоқлаштирарди (Лев. 26:1). Худди шундай пул ҳам ҳаёт кечиришда ва Яҳовага хизмат қилишда асқатади (Воиз 7:12; Луқо 16:9). Аммо пулни хизматимиздан афзал кўрсак, улар биз учун худога айланади (1 Тимўтийга 6:9, 10 ўқиб беринг). Дарвоқе, бу дунёда аксарият одамлар пул ишлаш дардида юришибди. Лекин биз пулга нисбатан нуқтаи назаримизни тўғри сақлашимиз муҳим (1 Тим. 6:17–19).

9, 10. а) Худо хизматчиларининг таҳсил олишга нисбатан муносабати қандай? б) Олий маълумотнинг қандай хавфи бор?

9 Фойдали нарса бекор нарсага айланиб қолишнинг яна бир мисоли — таҳсил олишдир. Болаларимиз яхши билимларга эга ҳамда ҳаётини таъминлай оладиган бўлишини истаймиз. Устига-устак бу билимлар Худонинг Каломини яхшироқ тушунишга ҳисса қўшади. Ҳамда муаммоларни ҳал қилишда қайси қонун-қоидаларни қандай қўллашга, тўғри қарорлар чиқаришга, ўзгаларга ҳақиқатни содда ва қатъият ила ўргатишга кўмаклашади. Таҳсил олиш вақт талаб этса-да, бунга арзийди.

10 Олий маълумот ҳақида эса нима дейиш мумкин? Олий маълумотли бўлмасдан муваффақиятга эришишнинг имкони йўқдек туюлади. Аммо олий маълумотга эга бўлаётганларнинг кўплари, бу дунёнинг зарарли ғояларию қарашларига берилиб кетишяпти. Боз устига ёшлик даврлар таҳсил олишга сарфланади. Ундан кўра қимматли вақтни Эгамиз Яҳовага хизмат қилишга бағишлаш афзалроқ эмасми? (Воиз 12:1). Дарвоқе олий маълумотга эга бўлганларнинг кўпчилиги Аллоҳга ишонмай қолишлари ҳам ажабланарли эмас. Бироқ масиҳчилар умидини олий маълумотга эмас, балки Худованд Яҳовага боғлашади (Ҳик. 3:5).

Нафс эҳтирослари худо бўлиб қолишига йўл қўйманг

11, 12. Нега Павлус баъзиларнинг «худоси — қорин» деди?

11 Ҳаворий Павлус филиппиликларга мактуб йўллаб, яна нима худо бўлиб қолишига эътибор қаратганди. Олдин имондошлари бўлганларга қарата у бундай ёзган: «Мен сизларга тез-тез гапирар эдим-ку, Масиҳ хочининг душманлари каби иш тутаётган кишилар кўп деб. Энди улар ҳақида кўз ёшим билан сўзлаяпман: Уларнинг охири — ҳалокат, уларнинг худоси — қорин... Улар ердаги нарсалар ҳақидагина ўйлайдилар» (Филип. 3:18, 19). Қанақасига қорин одамга худо бўлиб қолиши мумкин?

12 Ўша одамлар Павлус билан бирга Яҳовага хизмат қилишдан кўра ўз нафс эҳтиросларини устун қўйишган. Улардан баъзилари ортиқча еб-ичиб, майхўр ва очкўзларга айланишди (Ҳик. 23:20, 21; Амр. 21:18–21). Бошқалари эса дунё тақдим этаётган имкониятлардан фойдаланишга интилишгани туфайли Яҳовадан юз ўгиришди. Шундай экан келинг, бу дунёнинг назарида яхши деб туюлган ҳаёт Яҳовага бўлган хизматдан устун туришига йўл қўймайлик (Колос. 3:23, 24).

13. а) Тамагирлик ўзи нима ва Павлус уни нима билан солиштирди? б) Тамагирликдан қандай қочиш мумкин?

13 Шунингдек, ҳаворий Павлус сохта топинишнинг бошқа томонига ҳам эътибор қаратган: «Ерга хос нафсингизни тийиб, фаҳшбозлик, нопоклик, ёмон ҳирсу ҳаваслар ҳамда бутпарастлик билан тенг бўлган тамагирликни ўлдиринглар» (Колос. 3:5). Тамагирлик — ўзига тегишли бўлмаган нарсани ортиқ даражада исташдир. Бунга моддий нарсалар ва тақиқланган жинсий эҳтиросларни қондириш ҳам киради (Чиқ. 20:17). Бу каби эҳтирослар бутпарастлик ва сохта худоларга топиниш билан баробар. Ваҳоланки Исо бундай нотўғри эҳтиросларни тийиш қанчалик муҳимлигини аниқ ва равшан айтган (Марк 9:47 ўқиб беринг; 1 Юҳан. 2:16).

Бекор сўзлардан қочинг

14, 15. а) Еремиё пайғамбарнинг даврида нима кўпларни ҳалокатга олиб келди? б) Нима учун Мусонинг сўзлари қадрли эди?

14 Бекор нарсаларга сўзлар ҳам киради. Мисол учун қадимда Худованд Яҳова Еремиё пайғамбар орқали айтганки, пайғамбарлар Унинг номидан ёлғон башоратлар қилиб, У ҳеч ҳам буюрмаган нарсаларни қилишган. Ва барча қилган бемаъниликлар тўғрисида бекор сўзлар тарқатишган (Ерм. 14:14). Ҳақиқатан ҳам ўша сохта пайғамбарлар Яҳованинг номидан гапиряпмиз дегани билан аслида эса ўз ғояларинию донолигини ёйишган. Шу сабабли уларнинг сўзлари «бекор» бўлиб, ҳатто ҳақ топинишга жиддий хавф солган. Мил. авв. 607- йилда бекор сўзларга ишонганларнинг кўплари бобилликлар томонидан ҳалок бўлишган.

15 Мусо пайғамбар исроилликларга Яҳованинг айтганларини яхшилаб тушунишлари кераклигини эслатиб турарди. Зеро бу сўзлар бекор бўлмай, улар туфайли исроилликлар Худонинг марҳаматига эга бўлишлари шубҳасиз эди (Амр. 32:46, 47). Шу тариқа Эгамиз Яҳова Мусога раҳбарлик бергани аниқ. Бу гаплар Исроил халқига қадрли бўлиб, уларнинг эсон-омонлигига хизмат қилган. Аллоҳнинг гапларига ишонган барча инсонлар узоқ умр кечириб, фаровонликда яшашган эди. Келинг, биз ҳам доимо бекор гапларни рад этиб, қимматбаҳо ҳақиқатга эътиборли бўлайлик!

16. Аллоҳ Каломига зид бўлган илмий кашфиётларга муносабатимиз қандай бўлиши даркор?

16 Бугунги кунда бекор сўзларни эшитяпмизми? Албатта. Масалан, айрим олимларнинг фикрича эволюция назарияси ва илмий кашфиётлар ривожланиб кетгани сайин, инсонлар Худога ишонмай қўйишмоқда. Бундай маълумотлар бизга таъсир қилишига йўл қўямизми? Асло! Зотан Аллоҳнинг донолиги одамникидан анча устун туради (1 Кор. 2:6, 7). Шунинг учун қачонки инсоний таълимотлар Яратувчининг сўзларига зид келса, биламизки одамларнинг таълимотлари ҳамиша ёлғон бўлиб чиқади (Римликларга 3:4 ўқиб беринг). Инсоният фан тараққиётига эришган тақдирда ҳам, Муқаддас Ёзувларга биноан «бу дунёнинг донолиги Худо олдида ақлсизликдир». Дарҳақиқат, Раббимизнинг чексиз донолигини одамнинг донишмандлиги билан таққослашга ҳам арзимайди (1 Кор. 3:18–20).

17. Дин раҳбарлари ва муртадларнинг гапларига нисбатан қандай йўл тутиш лозим?

17 Христиан оламининг дин раҳбарлари томонидан ҳам бекор сўзлар келиб чиқмоқда. Улар Худо номидан гапиришларини таъкидлашса-да, аслида сўзлари Муқаддас Китобга асосланмай, қуруқ ва бемаънидир. Қолаверса муртадлар ҳам, «ишончли ва ақлли хизматкор»дан кўра билимдонмиз дея, бекор гапларни тарқатишяпти (Мат. 24:45–47). Хуллас, улар ўз донолигини ёйиб, бўлмағур сўзларни тарқатишяпти. Бу эса барча тинглаётган кишиларни тўғри йўлдан адаштиради (Луқо 17:1, 2). Уларнинг ўлжасига айланмаслик учун нима қилиш керак?

Бекор сўзларни қандай рад этса бўлади?

18. ЯДТдаги 1 Юҳанно 4:1 ни қандай қўллаш мумкин?

18 Бу борада азиз пир Юҳанно зўр маслаҳат берган: «Ҳар бир илҳомланган сўзга ишонаверманг, аксинча Худоданми ёки йўқми билиш учун илҳомланган сўзларни текширинглар» (1 Юҳанно 4:1, ЯДТ). Ушбу маслаҳатга мувофиқ биз инсонларни билиб олган нарсаларини Муқаддас Китоб бўйича текширишга ундаймиз. Шунингдек, агар биз Худо тўғрисидаги ҳақиқат, жамоатимиз, оқсоқол ёки қайсидир имондошимиз ҳақида танқид гапларни эшитсак, дарҳол уларга ишониб, нотўғри хулоса чиқармаслигимиз оқилона бўларди. Бунинг ўрнига қуйидаги саволлар борасида фикрлаб кўрайлик: «Миш-мишларни тарқатаётган кишининг ўзи Аллоҳнинг Каломига мувофиқ йўл тутяптими? Унинг гапларини Яҳова Таоло маъқул деб кўрадими? Ушбу гаплар жамоатда бирлик сақланишига ҳисса қўшяптими?» Дарҳақиқат, нимаики барпо қилиш ўрнига хароб қилса, у арзимас ва бекордир (2 Кор. 13:10, 11).

19. Сўзлари бекор бўлмаслиги учун оқсоқоллар қандай йўл тутишади?

19 Сўзлари бекор бўлмаслиги учун оқсоқоллар ҳам боя айтилган маслаҳатдан сабоқ олишади. Зеро улар ўз билим ва тажрибаси чегараланганини эсда тутиб, насиҳат беришаётганда Муқаддас Китобга асосланишади. Бунда оқсоқоллар ҳаворий Павлуснинг: «Ёзилгандан ташқарига чиқманг»,— деган сўзларига амал қилишади (1 Кор. 4:6). Чунончи улар шахсий фикрларини қўшмай, аксинча ишончли ва ақлли хизматкор Муқаддас Китобга асосланиб ёзган маслаҳатларнинг чегарасидан чиқишмайди.

20. Бекор нарсаларни рад этишда нима кўмаклашади?

20 Хуллас, бекор нарсаларнинг барчаси, хоҳ «худолар», хоҳ сўзлар, хоҳ яна бирон-бир нарса бўлсин ғоят ҳалокатлидир. Шу сабабли бекор нарсаларни ажрата олиш учун доимо Яҳовага ибодат қилиш муҳим. Боз устига Унинг раҳбарлигини излаб, барча бекор нарсаларни рад этиш зарур. Бундай йўл тутиб, сано бастакорининг: «Беҳуда иш-ҳаракатларга қаратма кўзим, Ўз йўлларингда мени тирик тутгин!» — деган сўзларига қўшиламиз (Заб. 118:37). Келаси мақолада эса Яҳованинг раҳбарлиги қанчалик қимматли эканини муҳокама қиламиз.

Тушунтира оласизми?

• «Бекор нарсалар»га нима киради ва уларни қандай рад этишимиз лозим?

• Пул худога айланиб қолмаслиги учун қандай йўл тутиш керак?

• Қанақасига нафс эҳтирослари бутпарастлик билан баробар?

• Бекор сўзларни қандай рад этса бўлади?

[3- саҳифадаги расм]

Исроилликлар бекор нарсалар ортидан қувмай, «ерга ишлов беришлари» керак эди

[5- саҳифадаги расм]

Моддий нарсалар, Яҳовага бўлган хизматдан устун туришига йўл қўйманг

[6- саҳифадаги расм]

Оқсоқолларнинг сўзлари қимматлидир

    Ўзбекча адабиётлар (1993-2025)
    Чиқиш
    Кириш
    • ўзбекча
    • Улашиш
    • Созламалар
    • Copyright © 2025 Watch Tower Bible and Tract Society of Pennsylvania
    • Фойдаланиш шартлари
    • Махфийлик сиёсати
    • Махфийлик созламалари
    • JW.ORG
    • Кириш
    Улашиш