Қўриқчи минорасининг ОНЛАЙН КУТУБХОНАСИ
Қўриқчи минорасининг
ОНЛАЙН КУТУБХОНАСИ
ўзбекча
  • МУҚАДДАС КИТОБ
  • АДАБИЁТЛАР
  • УЧРАШУВЛАР
  • w07 1.9. 8–12-саҳ.
  • Тангри Яҳова адолатни севар

Танланган маълумот учун видео мавжуд эмас.

Кечирасиз, видеони ижро этишда хатолик юз берди.

  • Тангри Яҳова адолатни севар
  • Қўриқчи минораси Худованд Яҳованинг Шоҳлигини хабарлайди – 2007
  • Сарлавҳалар
  • Ўхшаш маълумот
  • Адолатсизлик ҳукм сурмоқда
  • Табиий ҳис-туйғулар
  • Адолатли янги дунё
  • Шайтоннинг ҳужуми муваффақиятсиздир
  • Адолатсизликка муносабат билдиришнинг энг яхши йўли
    Қўриқчи минораси Худованд Яҳованинг Шоҳлигини хабарлайди (Тадқиқ сони) – 2025
  • Адолатсизликка қандай дош бериш мумкин?
    Қўриқчи минораси Худованд Яҳованинг Шоҳлигини хабарлайди – 2007
Қўриқчи минораси Худованд Яҳованинг Шоҳлигини хабарлайди – 2007
w07 1.9. 8–12-саҳ.

Тангри Яҳова адолатни севар

Мен, Яҳова, адолатни севаман. ИШАЁ 61:8, ЯДТ

1, 2. а) Адолат ва адолатсизлик сўзларининг маъноси қандай? б) Муқаддас Китобда Яҳова ҳамда Унинг адолати ҳақида нима дейилган?

АДОЛАТ — одилона ва холисона иш тутиш, ҳаққонийлик, одилликни англатади. Адолатсизлик эса — ҳаққониятсизлик билан иш тутувчи, адолатни поймол этувчи, адолатдан йироқликни билдиради.

2 Тахминан 3500 йил муқаддам, Мусо пайғамбар Сарвари Олам Яҳова ҳақида: «Барча йўллари адолатлидир, Худо садоқатли, Унда ноҳақлик йўқдир»,— деганди (Амрлар 32:4, ЯДТ). Бундан етти аср ўтгач, Худованд Ишаё пайғамбарни: «Мен, Яҳова, адолатни севаман»,— деган сўзларни ёзишга илҳомлантирган эди (Ишаё 61:8, ЯДТ). Милодий биринчи асрда ҳаворий Павлус жасорат ила: «Бунга нима деймиз? Худо ноҳақми? — Асло!» — деб айтган (Римликларга 9:14). Павлуснинг замондоши ҳаворий Бутрус қуйидагича фикр билдирган: «Худонинг юз-хотир қилмаслигини, балки Ундан қўрққан ва тўғрилик ила иш тутган ҳаммани миллатига қарамай қабул қилишини мен энди чинакамига тушундим» (Ҳаворийлар 10:34, 35). Дарҳақиқат, «Худованд адолатни севар» (Забур 36:28; Малахи 3:6).

Адолатсизлик ҳукм сурмоқда

3. Адолатсизлик одамзод жамиятига қандай кириб келди?

3 Адолатни бугун камдан-кам учратамиз. Адолатсизликка эса ҳар жойда яъни ишда, мактабда, мансабдорларга ишимиз тушганда ва ҳатто оилада дуч келамиз. Бу янгилик эмас. Илк жуфтлик Худога қарши исён қилиб, Уни қонунини бузишганида, адолатсизлик одамзод жамиятига кириб келган эди. Ушбу жуфтликни бундай йўл тутишга, Шайтон Иблисга айланган бир фаришта ундаганди. Одам Ато, Момо Ҳаво ва Шайтон Иблис, Тангри Яҳова тақдим этган ирода эркинлигини суиистеъмол қилиб, Унинг адолатли меъёрларини бузишди. Уларнинг қилмиши бутун инсониятни азоб-уқубат ва ўлимга дучор қилди (Ибтидо 3:1–6; Римликларга 5:12; Ибронийларга 2:14).

4. Адолатсизлик қачондан бери ҳукм сурмоқда?

4 Адан боғида исён содир бўлганидан бери қарийб 6000 йил ўтган бўлса ҳам, адолатсизлик инсоният жамиятининг бир қисми бўлиб қолди. Биз бунга ҳайрон бўлмаслигимиз керак, зеро Шайтон бу дунёнинг тангрисидир (2 Коринфликларга 4:4). У ёлғончи, ёлғоннинг отаси, туҳматчи ва Яҳованинг душманидир (Юҳанно 8:44). У доимо даҳшатли адолатсизлик қилиб келган. Мисол учун, Нуҳ пайғамбар даврида Шайтоннинг салбий таъсири остида «ерда одамзоднинг ёмонлиги ошиб бораётганини, кўнглидаги бутун фикр-хаёли эса ҳамиша ёмонлик эканини Худованд кўрди» (Ибтидо 6:5, 6). Шундай ҳолат Ҳазрати Исо даврида ҳам ҳукм сурган. Исо бу ҳақда: «Ҳар бир куннинг дарди ўзига етар»,— деган. У адолатсизлик дастидан юз бераётган муаммоларни назарда тутган (Матто 6:34). Шунинг учун Инжилда: «Борлиқ махлуқот ҳозирга қадар биргаликда оҳ-нола қилиб, гўё туғиш азобини чекиб ётибди»,— деб айтилган (Римликларга 8:22).

5. Нега замонамиз адолатсизликка тўлиб тошган?

5 Шундай қилиб, инсоният тарихи мобайнида ёвузлик қилиниши натижасида адолатсизлик кўпайиб кетган. Бугунга келиб вазият янада ёмонлашган. Нима учун? Чунки биз яшаб турган дунёнинг «охирги кунлари» бошланган бўлиб, сўнги яқинлашиб боргани сайин «оғир вақтлар»ни бошдан кечирмоқда. Муқаддас Китобнинг башоратига кўра, бу даврда яшаётган «одамлар нафс бандаси, пулпараст, мақтанчоқ, кибрли, кофир... нонкўр, худобехабар, шафқатсиз, муросасиз, ғийбатчи, нафсини тия олмайдиган, инсонлик ва яхшилик душмани, хоин, бемулоҳаза, мағрур бўладилар» (2 Тимўтийга 3:1–5). Одамлар бундай бўлиб кетганлари учун дунё адолатсизликка тўлиб тошган.

6, 7. Бугунги кунда одамлар адолатсизликдан қандай азоб чекмоқда?

6 Охирги юз йил ичида инсоният адолатсизлик дастидан ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ азоб чекди. Масалан, бу давр ичида кенг миқёсда даҳшатли урушлар содир бўлган. Айрим тарихшуносларнинг ҳисоботига биноан, фақатгина Иккинчи жаҳон уруши даврида тахминан 50–60 миллион одам нобуд бўлди. Уларнинг аксарияти тинч аҳоли — эркак, аёл ва болалардан иборат эди. Ўша пайтдан бери уруш ва турли тўқнашувлар натижасида миллионлаб инсонлар, асосан тинч аҳоли ҳаётдан кўз юмди. Бунинг барчасига Шайтон жавобгардир. Зеро Иблис, Яҳова уни яқинда йўқ қилишини билгани сабабли, у қаҳр-ғазабда. Инжилда бундай башорат мавжуд: «Иблис вақт оз қолганини билиб, мудҳиш қаҳр-ғазаб ила сизнинг олдингизга тушди» (Ваҳий 12:12).

7 Ҳар йили ҳарбий харажатларни қоплаш учун, триллионга яқин АҚШ доллари сарфланади. Бироқ шу билан бир вақтда, юз миллионлаб одамларнинг ҳаёт учун энг зарурий бўлган нарсалари ҳам йўқ. Агар бу маблағларнинг барчаси хайрли ишлар учун қўлланилганда, қанча фойда келтиришини тасаввур қилинг-а! Боз устига миллиардга яқин кишилар оч-наҳор бўлган бир пайтда, бошқалар эса мўл-кўлчиликда яшашмоқда. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг хабарига кўра, ҳар йили очликдан қарийб беш миллион бола ҳалок бўлмоқда. Ахир бу адолатсизлик-ку! Аборт туфайли йилига дунё бўйлаб 40–60 миллионгача болалар ўлдирилаётгани ҳақида бир ўйлаб кўринг-а! Бу даҳшат-ку!

8. Инсоният учун адолатни ким ўрната олади?

8 Ҳокимият ҳозирги кунда инсониятнинг муаммоларини ҳал қила олмаяпти ва келажакда ҳам қиладиган ҳаракатлари беҳудадир. Инжилда замонамиз тўғрисида бундай башорат мавжуд: «Ёмон ва фирибгар одамлар эса бошқаларни алдабгина қолмасдан, ўзларини ўзлари ҳам алдаб, тобора разиллашиб борадилар» (2 Тимўтийга 3:13). Адолатсизлик шу қадар кўпайиб кетганки, унга чек қўйиш одамларнинг қўлидан келмайди. Буни фақат адолатли Аллоҳ ҳал қилишга қодир. Айнан У Шайтонни, жинларни ва ёмон одамларни йўқ қила олади (Еремиё 10:23, 24).

Табиий ҳис-туйғулар

9, 10. Нега Асаф Худога хизмат қилишда қувончини йўқотган?

9 Муқаддас Китоб ёзувчиларидан баъзилари ҳам, нега Худо ҳалигача инсоният учун адолатни ўрнатмаганлигини тушунишмаган. Келинг, бир мисолни кўриб чиқайлик. Забур 72- саносининг сўзбошида Асаф деган исм учрайди. Бу, эҳтимол шоҳ Довуд даврида яшаган Леви қабиласидан бўлган сано бастакори Асафни ёки унинг қавмидан келиб чиққан бастакорларни назарда тутади. Асаф ва унинг наслидан бўлганлар, маъбадда айтиладиган кўп саноларга куй басталашган. 72- сано бастакорининг ҳаётида, Худога хизмат қилишда қувончини йўқотган пайтлари ҳам бўлган. У ёвуз кишиларнинг фаровон ҳаёт кечираётганини кўрган ва унга бу кишилар қилмишлари учун жазоланмай, ҳаётдан завқланиб яшаётгандай туюлган.

10 Забур 72:2–8- оятларида қуйидагини ўқиймиз: «Мен фосиқлар соғломлигини кўрдим, мақтанчоқлар ҳолига ғашим келди. Улар ўлгундек изтироб чекмайди, танлари эса соппа-соғломдир. Уларда халқ дарди йўқ, бошқа одамлардай балога йўлиқмайдилар». Бироқ кейин у бундай салбий фикрларга эътибор бериш нотўғри эканини тушунди (Забур 72:15, 16). Сано бастакори фикрлаш тарзини ўзгартиришга интилган бўлса-да, лекин нега фосиқларнинг ёвузлиги жазосиз қолиб, солиҳлар эса азоб чекишаётганини барибир охиригача тушунмади.

11. Сано бастакори Асаф нимани англаб етди?

11 Аммо кейинчалик Худонинг ушбу садоқатли хизматчиси, Яҳова охир оқибат барча фосиқларни жазолашини ва адолат ғалаба қозонишини англаб етди (Забур 72:17–19). Ҳазрати Довуд: «Худовандга кўз тутиб, У кўрсатган йўлда юр, ер юзига эга бўлишинг учун сени У юксалтирур. Фосиқлар нобуд бўлганда сен буни кўрурсан»,— деб ёзган (Забур 36:9, 11, 34).

12. а) Яҳова ёвузликка ва адолатсизликка нисбатан нима қилиш ниятида? б) Адолатсизликка чек қўйилиши ҳақида билиш, сизда қандай ҳис-туйғуларни уйғотади?

12 Шак-шубҳасизки, Яҳова Ўзи белгилаган вақтда ер юзидан барча ёвузликни ва адолатсизликни йўқ қилади. Буни ҳатто Аллоҳнинг садоқатли хизматчилари ёдда тутишлари лозим. Яҳова Унинг иродасига мувофиқ яшаётганларни тақдирлаб, Унга қарши чиққанларни эса қириб ташлайди. «Худованднинг кўзлари кўрар, нигоҳи текширар инсон ўғилларин. У солиҳлару фосиқларни синаб кўрар, зўравонлар эса Унинг нафратига йўлиқар. Фосиқлар бошига У ёмғирдай қўру чўғ ҳамда ёнаётган олтингугурт ёғдирар, гармсел уларнинг тақдиру қисмати бўлар. Зероки Худованд барҳақдир, У ҳаққоний ишларни севар» (Забур 10:4–7).

Адолатли янги дунё

13, 14. Нега янги дунёда ҳаққоният ва адолат ҳукм суради?

13 Яҳова Шайтоннинг ҳукми остида бўлган бу адолатсиз дунёни йўқ қилганидан сўнг, Ўзининг ҳаққоний янги дунёсини ўрнатади. Ушбу янги дунё устидан Худонинг Шоҳлиги бошқаради. Исо шогирдларига айнан бу Шоҳлик ҳақида ибодат қилишни ўргатган. Ёвузлик ва адолатсизлик бартараф этилиб, адолату ҳаққоният ҳукм суради. Ўшанда: «Сенинг Шоҳлигинг келсин. Осмонда бўлгани каби, ерда ҳам Сенинг ироданг бажо келсин»,— деган илтижоларимиз тўла маънода ижобат бўлади (Матто 6:10).

14 Муқаддас Китобда ушбу Шоҳликнинг бошқаруви, айнан барча инсонлар орзу қилгандек бўлиши айтилмоқда. Забур 144:16- оятида: «Сен қўлингни очасан-у, ҳар бир жонзотни марҳаматингга тўйдирасан»,— дейилган. Боз устига Ишаё пайғамбарнинг башоратига кўра: «Подшоҳ адолат ила шоҳлик қилади, ва амирлар ҳаққоният ила ҳокимлик қиладилар» (Ишаё 32:1, ЯДТ). Шунингдек Ишаё бўлажак Шоҳ Исо Масиҳнинг шоҳлиги узра абадий тинчлик бўлиши, у адолат ила ҳукм суриши тўғрисида каромат қилган эди (Ишаё 9:7). Бундай шароитларда яшашингизни тасаввур қила оласизми?

15. Яҳова янги дунёда одамлар учун нима қилади?

15 Худонинг янги дунёсида, шоҳ Сулаймоннинг қуйидаги сўзларини такрорлашга бошқа сабаблар бўлмайди: «Мен яна бу дунёда бўлаётган зулмни кўрдим. Мана эзилганларнинг кўз ёшлари, лекин уларнинг юпатувчиси йўқ. Уларга зулм қилаётганларда куч бор, эзилганларнинг эса юпатувчиси йўқ» (Воиз 4:1). Шуни айтиб ўтиш жоизки, биз номукаммал инсонлар учун адолат ўрнатилган янги дунё нақадар гўзал бўлишини тасаввур қилиш қийин. Ёвузлик бошқа бўлмайди, ҳар кунимиз қувончли бўлади. Дарҳақиқат, Яҳова барча азобу бахтсизликларни биз кутгандан ҳам аълороқ даражада бартараф этади. Шу сабабли ҳаворий Бутрус илоҳий илҳом ила: «Худонинг аҳд қилгани бўйича, биз адолат ҳукм сурадиган янги ер ва янги осмонни кутаяпмиз»,— деб ёзганди (2 Бутрус 3:13).

16. Қайси маънода «янги осмон» ўрнатилган ва қандай қилиб «янги ер»ни ташкил қилувчи одамлар йиғиб олинмоқда?

16 Чиндан ҳам «янги осмон», яъни Исо Масиҳнинг бошқаруви остидаги Худонинг Шоҳлиги аллақачон ўрнатилган. Ушбу охирги кунларда «янги ер»ни ташкил қиладиган адолатли одамлар йиғиб олинмоқда. Уларнинг сони етти миллионга яқин бўлиб, 235 мамлакату ҳудудларда қарийб 100000та жамоатларни ташкил қилади. Бу кишиларнинг барчаси Яҳованинг адолатли ва ҳаққоний йўлидан юришгани учун, мустаҳкам севги ришталари билан боғланганлар. Тарихда ҳали бундай иноқ ва якдил жамият бўлмаган ва Шайтоннинг изидан кетаётганлар бундай иноқликдан йироқлар. Бундай севгини ва якдилликни кузатиб, адолатли ва ҳаққоний Шоҳлик бошқаруви остида ҳаёт нақадар ажойиб бўлишини тасаввур қилишимиз мумкин (Ишаё 2:2–4; Юҳанно 13:34, 35; Колосаликларга 3:14).

Шайтоннинг ҳужуми муваффақиятсиздир

17. Нега Шайтоннинг охирги ҳужуми муваффақиятсизликка учрайди?

17 Яқинда Шайтон ўзининг тарафдорлари билан Яҳованинг хизматчиларига ҳужум қилиб, йўқ қилмоқчи бўлади (Ҳизқиё 38:14–23). Ҳазрати Исо бу вақтни қуйидагича тасвирлаган: «Ўшанда дунё бошланишидан то ҳозиргача содир бўлмаган ва қайтиб содир бўлмайдиган буюк мусибат бўлади» (Матто 24:21). Шайтон ўз ниятига эришадими? Йўқ. Худонинг Каломи бизни ишонтирмоқда: «Худованд адолатни севар, Ўз азизларини ташлаб кетмас. Улар абадий сақланар, фосиқлар томири эса қуриб қолар. Солиҳлар ер юзига эга бўлиб, унда мангу яшайдилар» (Забур 36:28, 29).

18. а) Шайтон Худонинг халқига ҳужум қилганида, Яҳова қандай жавоб қайтаради? б) Адолат ғалаба қозониши ҳақида билиш, нега фойдали деб ўйлайсиз?

18 Шайтон ва унинг тарафдорлари Яҳованинг хизматчиларига охирги марта ҳужум қилади. Аллоҳ Закариё пайғамбар орқали: «Кимки сизларга тегса, Менинг кўз қорачиғимга теккан бўлади»,— деб айтган (Закариё 2:8, ЯДТ). Худонинг халқига ҳужум қилиш, Яҳованинг кўз қорачиғига бармоқни тиқиб кўриш билан баробардир. У бундай хатти-ҳаракатга жавобан душманларни шу заҳотиёқ қириб ташлайди. Яҳованинг хизматчилари иноқлиги, севгиси, қонунга бўйсуниши ва тинчликсеварлиги билан бошқалардан ажралиб туришади. Шунинг учун уларга қарши ҳужум қилиш адолатсиздир. Яҳова «адолатни севар» ва бундай қонунсизликка чидаб ўтирмайди. У хизматчиларини ҳимоялаб, душманларини йўқ қилади. Ҳақ Худога топинганлар эса нажотга эришиб, адолат ғалаба қозонади. Яқин келажакда нақадар ажойиб ҳодисалар бизни кутмоқда! (Ҳикматлар 2:21, 22).

Қандай жавоб берардингиз?

• Нега дунёда адолатсизлик шу қадар кўп?

• Яҳова адолатсизликка қандай чек қўяди?

• Адолат ғалаба қозониши ҳақида билиш, сизда қандай ҳис-туйғуларни уйғотди?

[9- саҳифадаги расм]

Тўфондан олдин ер юзи ёвузликка тўлиб-тошганди ва ушбу «охирги кунлар»да ҳам вазият худди шундай

[10- ва 11- саҳифадаги расм]

Худонинг янги дунёсида адолат ва ҳаққоният ҳукм суради

    Ўзбекча адабиётлар (1993-2025)
    Чиқиш
    Кириш
    • ўзбекча
    • Улашиш
    • Созламалар
    • Copyright © 2025 Watch Tower Bible and Tract Society of Pennsylvania
    • Фойдаланиш шартлари
    • Махфийлик сиёсати
    • Махфийлик созламалари
    • JW.ORG
    • Кириш
    Улашиш