Яҳованинг ҳукмдорлигини қўллаб-қувватлаяпсизми?
Халқлар орасида эълон қилинг: Худованд — Ҳокими мутлақдир. ЗАБУР 95:10
1, 2. а) Милодий 29- йил тахминан октябр ойида қандай воқеа содир бўлди? б) Ушбу воқеа Исо учун қандай аҳамиятга эга эди?
МИЛОДИЙ 29- йил тахминан октябр ойида тарихда ҳали бўлмаган воқеа юз берди. Инжилда бу қуйидагича ёзилган: «У [Исо] сувдан чиққан заҳоти, осмон очилиб кетди ва Худонинг Руҳи каптардай Исонинг устига тушиб қўнгани кўрилди. Осмондан эса: “Бу Менинг севикли Ўғлимдир, Ундан мамнунман”,— деган нидо келди». Бу, Инжилда баён этилган воқеалардан бири холос (Матто 3:16, 17; Марк 1:9–11; Луқо 3:21, 22; Юҳанно 1:32–34).
2 Муқаддас руҳ Исонинг устига тушганида у мойланган, яъни Масиҳ экани аниқ бўлди (Юҳанно 1:33). Ниҳоят ваъда қилинган «зот» пайдо бўлди! Яҳё пайғамбар олдида товони чақиладиган ва Яҳованинг ҳамда Унинг ҳукмдорлигининг ашаддий душмани бўлмиш Шайтоннинг бошини эзиб ташлайдиган шахс турган эди (Ибтидо 3:15). Ўша пайтдан бошлаб Исо, Яҳованинг ҳукмдорлиги ва Унинг Шоҳлиги билан боғлиқ бўлган ниятини бажариш кераклигини тўлиқ тушуна бошлаган.
3. Қандай қилиб Исо Яҳованинг ҳукмдорлигини қўллаб-қувватлаш вазифасига тайёргарлик кўрган?
3 Бундай масъулиятли вазифага тайёрланиш учун «Исо Муқаддас Руҳга тўлган ҳолда Ўрдун дарёсидан қайтиб келди. У Муқаддас Руҳнинг таъсирида саҳрода айланиб» юрди (Луқо 4:1; Марк 1:12). У ерда Исо 40 кун давомида Шайтон кўтарган ҳукмдорлик масаласи ҳамда Яҳованинг ҳукмдорлигини қўллаб-қувватлай олиши ҳақида чуқур ўйлаш имкони бор эди. Бу масала осмону ерда бўлган барча онгли мавжудотларга ҳам тегишли. Шу йўсин Исонинг ҳаёт тарзи тўғрисида мулоҳаза юритиб, қай тарзда биз Яҳованинг ҳукмдорлигини қўллаб-қувватлай олишимизни ҳал қилишимиз керак (Аюб 1:6–12; 2:2–6).
Ҳукмдорлик масаласи
4. Қандай қилиб ҳукмдорлик масаласи яна кўтарилган эди?
4 Юқорида муҳокама қилинган воқеалар Шайтоннинг эътиборидан четда қолмади. Вақтни бой бермай, Шайтон «хотин»га тегишли «зот»нинг асосий қисмига ҳужум қила бошлади (Ибтидо 3:15). Исо учун қулай вазиятни яратиб Шайтон уни уч марта, Яҳованинг иродасига зид бўлган нарсани қилишга ундаган. У Исони учинчи марта синаганида, ҳукмдорлик масаласи яна кўтарилган эди. Шайтон «дунёнинг барча салтанатларини ҳамда уларнинг ҳашаматини Унга [Исога] кўрсатиб: “Агар тиз чўкиб менга сажда қилсанг, буларнинг ҳаммасини Сенга бераман”,— деди». «Дунёнинг барча салтанатлари» Шайтоннинг қўлида эканини билиб, Исо ҳукмдорлик масаласида кимнинг тарафидалигини қуйидаги сўзлар билан тасдиқлади: «Йўқол кўзимдан, шайтон! Чунки Тавротда: “Эганг — Худовандга сажда қил, биргина Унга итоатда бўл”, деб ёзилган» (Матто 4:8–10).
5. Исо қандай мураккаб топшириқни бажариши керак эди?
5 Яҳованинг ҳукмдорлигини қўллаб-қувватлаш — Исо учун жуда аҳамиятли бўлганини ҳаёти билан кўрсатди. Аллоҳнинг бошқаришга ҳақли эканини исботлаш учун ўлимигача Худога содиқ қолиши кераклигини Исо тушунганди. Унинг ўлими башоратга кўра, хотиннинг «зот»и товонидан чақилади, деб тасвирланганди (Матто 16:21; 17:12). Шунингдек Исо Масиҳ Худонинг Шоҳлиги — бошқарув органи эканини кўрсатиши керак эди. Тангри Яҳова Шайтон кўтарган исённи тўхтатиб, мавжудотлар орасида тинчлик ва тартибни тиклаш мақсадида бу органга ваколат берди (Матто 6:9, 10). Бу мураккаб топшириқни Исо қандай бажарибди экан-а?
«Худонинг Шоҳлиги яқинлашиб қолди»
6. Шоҳлик орқали Худо «иблиснинг ишларини барбод» қилишини Исо қандай кўрсатди?
6 «Исо Жалилага қайтди. У Худонинг Шоҳлиги ҳақида Хушхабар тарқатди. “Вақт-соати келди, Худонинг Шоҳлиги яқинлашиб қолди”»,— деб эълон қила бошлади (Марк 1:14, 15). Шунингдек у: «Мен Худо салтанати тўғрисидаги Хушхабарни бошқа шаҳарларга ҳам етказишим фарз, Мен шунинг учун юборилганман»,— деди (Луқо 4:18–21, 43). «Исо шаҳару қишлоқлар бўйлаб Худо салтанати тўғрисидаги Хушхабарни тарқатар эди» (Луқо 8:1). Боз устига Исо алайҳиссалом кўп мўъжизалар ҳам қилар эди: минглаб одамларни тўйдирар, кучли бўронни тўхтатар, беморларни соғайтирар ва ўлганларни тирилтирар эди. Ушбу мўъжизалар билан Исо, Адан боғида кўтарилган исённинг натижаси бўлган азоб-уқубатларни Аллоҳ бартараф этишга ҳамда «иблиснинг ишларини барбод» қилишга қодирлигини исботлади (1 Юҳанно 3:8).
7. Исо шогирдларига қандай вазифа топширган ва самараси қанақа эди?
7 Шоҳлик тўғрисидаги хабар бутун дунё бўйлаб тарқалсин, дея Исо ўз шогирдларини ваъз қилишга ўргатган. Бошида у 12 та шогирдига «Худонинг Шоҳлигини эълон қилиш» вазифасини топширган (Луқо 9:1, 2). Сўнг эса 70 шогирдини юбориб: «Худонинг Шоҳлиги сизларга яқинлашди»,— деб айтишларини буюрди (Луқо 10:1, 8, 9). Шогирдлари қайтгач эса Шоҳлик тўғрисидаги хабар одамларга яхши таъсир қилганини гапириб беришганида, Исо уларга: «Мен шайтоннинг осмондан яшиндай тушганини кўрдим» — деди (Луқо 10:17, 18).
8. Исо дунёга нима мақсадда келган?
8 Исо пайғамбар кучини аямай, ҳар имкониятдан фойдаланиб Шоҳлик тўғрисидаги хабарни баҳам кўрарди. У одатдаги қулайликлардан воз кечиб, тинмай қунт ила ваъз қиларди. Шу сабабли, Исо Масиҳ шундай сўзларни айтган: «Тулкиларнинг инлари, кўк қушларининг уялари бор. Лекин Инсон Ўғлининг бош суқадиган жойи йўқ» (Луқо 9:58; Марк 6:31; Юҳанно 4:31–34). Ўлимидан сал олдин эса Исо жасурлик ила Пўнтий Пилатга: «Мен ҳақиқат тўғрисида шоҳидлик қилмоқ учун... оламга келдим»,— деган эди (Юҳанно 18:37). Исо дунёга фақатгина мўъжиза кўрсатиш учун, Улуғ Устоз ёки ҳатто Нажоткор сифатида келмаган. Балки авваламбор у Яҳованинг ҳукмронлигини қўллаб-қувватлаб, Шоҳлик орқали Яҳова ниятини амалга ошириши тўғрисида шаҳодат бериш мақсадида келган (Юҳанно 14:6).
«Амалга ошди!»
9. Қандай қилиб Шайтон Худонинг рамзий хотинининг «зот»ини товонидан чақди?
9 Исо, Шоҳлик учун қилган барча ишлар Шайтонни ғазаблантирарди. Иблис, «зот»ининг ердаги қисми бўлмиш сиёсат ҳамда дин орқали бир неча марта Худонинг рамзий хотинининг «зот»ини йўқ қилишга уринган. Туғилганидан то ўлимигача Шайтон ва унинг шериклари учун Исо ўлжа бўлиб келган. Милодий 33 -йилнинг баҳорида Инсон Ўғли Душман қўлига топширилиб, «товонидан чақилиши» керак эди (Матто 20:18, 19; Луқо 18:31–33). Инжилдан кўриниб турганидек, Яҳудо Ишқариётдан бошлаб, то руҳонийлар, уламолар, фарзийлар ва римликлар Шайтоннинг таъсири остида Исога ҳукм чиқариб, уни азоб устунига осиб ўлдиришди (Ҳаворийлар 2:22, 23).
10. Исонинг азоб устунида: «Амалга ошди!» — деган сўзлари нимани англатади?
10 Азоб устунига михланган, аста-секин жон бераётган Исони тасаввур қилганингизда, нима ҳақида ўйлайсиз? Эҳтимол сиз, гуноҳкор одамзод учун ўз ҳаётини фидо қилганини эслаётгандирсиз (Матто 20:28; Юҳанно 15:13). Ёки бундай қурбонликни тақдим этиб, буюк севгисини намоён қилган Худованд Яҳовани ёдга олгандирсиз (Юҳанно 3:16). Балки сиз: «Ҳақиқатан ҳам бу Худонинг Ўғли экан!» — деган юзбошининг сўзларига қўшиларсиз (Матто 27:54). Барча айтилган бу гаплар тўғри. Шу сабабли келинг, Исонинг азоб устунида: «Амалга ошди!» — деган сўнгги сўзларини эслайлик (Юҳанно 19:30). Нима амалга ошди экан? Ўз ҳаётию ўлими билан Исо кўп нарсаларга эришди. Авваламбор у Тангри Яҳова ҳукмдорлик қилиш ҳуқуқига эга эканини тасдиқлади. Башорат қилинганидек, Исо Шайтон васвасасига дучор бўлиб, Аллоҳнинг исмини шарафлади (Ишаё 53:3–7). Тўғри бу мураккаб масала эди, лекин Исо алайҳиссалом бунинг уддасидан чиқди. Айнан бу, амалга ошди!
11. Ибтидо 3:15 да ёзилган каромат амалга ошиши учун Исо алайҳиссалом нима қилади?
11 Аллоҳга содиқ қолгани учун Исо одам каби эмас, балки «ҳаётбахш Руҳ» каби тирилди (1 Коринфликларга 15:45; 1 Бутрус 3:18). Яҳова Таоло азиз зоти бўлмиш Исога шундай ваъда берди: «Ёвларингни оёқларинг остига йиқитмагунимча, Сен Менинг ўнг томонимда ўлтириб тургин!» (Забур 109:1). «Ёвларга» асосий душман Шайтон ва унинг «зот»ини ташкил қилувчилар киради. Ҳазрати Исо, Масиҳий Шоҳликнинг подшоҳи экан, унинг раҳбарлиги остида еру осмонда бўлган барча исёнчилар йўқ қилинади (Ваҳий 12:7–9; 19:11–16; 20:1–3, 10). Ўшанда Ибтидо 3:15 да ёзилган каромат ҳамда Исо издошларига: «Сенинг Шоҳлигинг келсин. Осмонда бўлгани каби, ерда ҳам Сенинг ироданг бажо келсин»,— деб ибодат қилишни ўргатган сўзлари бутунлай амалга ошади (Матто 6:10; Филиппиликларга 2:8–11).
Ҳазрати Исонинг ўрнаги
12, 13. а) Худо салтанати тўғрисидаги хушхабар одамларга қандай таъсир қилмоқда? б) Ҳазрати Исога эргашишни хоҳласак, ўзимизга қандай саволлар берсак бўлади?
12 Исо пайғамбар башорат қилганидек, Худо салтанати тўғрисидаги хушхабар жаҳон бўйлаб ваъз қилинмоқда (Матто 24:14). Натижада миллионлаб одамлар ҳаётларини Аллоҳга бағишлашмоқда. Улар, Шоҳлик орқали келадиган қут-баракаларни билиб олишдан бахтиёрдирлар. Тинчлик ва хавфсизлик ҳукм сурадиган жаннатда мангу яшайдиган вақтни кутиб, ўзгалар билан бу умидни баҳам кўришмоқда (Забур 36:11; 2 Бутрус 3:13). Сиз ҳам бундай бахтиёр кишилар орасидамисиз? Агар шундай бўлса, таҳсинларга сазоворсиз. Бироқ ҳар биримиз зарур бўлган саволлар устидан чуқур мулоҳаза юритишимиз керак.
13 Инжилда қуйидаги сўзларни ўқиймиз: «Масиҳ ҳам: “Менинг изимдан юринглар”, деб сизлар учун азоб чекиб намуна бўлди» (1 Бутрус 2:21). Бу сўзлар билан ҳаворий Бутрус Исонинг ғайратли хизматию ўргатиш қобилиятини эмас, балки чеккан азобларини ёдга олмоқда. Сабаби, Яҳованинг ҳукмдорлигини оқлаш ва Шайтон ёлғончи эканини исботлаш учун, Исо қай даражада азоб чекишга тайёр бўлганини ҳаворий Бутрус ўзи кўрган эди. Қандай қилиб Ҳазрати Исога эргашишимиз мумкин? Ўзимизга қуйидагича саволлар берсак бўлади: Яҳованинг ҳукмронлигини қўллаб-қувватлаб, уни шарафлаш ниятида азоб чекишга тайёрманми? Яҳованинг ҳукмдорлигини ҳимоялаш мен учун муҳим экани турмуш тарзим ҳамда хизматга бўлган муносабатимдан кўриняптими? (Колосаликларга 3:17).
14, 15. а) Исо Масиҳ Бутрусга қарата қандай жавоб берди ва нимага? б) Биз нимани доимо ёдда тутишимиз керак? (Жавобингизга «Эгамиз Яҳованинг тарафида бўлинг» номли рамкадан фикрларни киритинг.)
14 Ҳар куни турлича синовларга дуч келиб, жиддий ҳамда унчалик жиддий бўлмаган қарорлар қабул қилишимизга тўғри келади. Шунда биз нимага асосланиб қарор чиқарамиз? Мисол учун Яҳова билан бўлган муносабатларимизга ёмон таъсир қиладиган вазият пайдо бўлса, қандай йўл тутамиз? Масалан ҳаворий Бутрус, Исо ўзига раҳм қилишини айтганида, жавобан у: «Йўқол кўзимдан, шайтон!.. Сен Мени йўлдан уряпсан, чунки сен Худонинг ишларини эмас, балки инсон ишларини ўйлаяпсан»,— деди (Матто 16:21–23). Моддий шароитни яхшилаш ёки юқори мансабга эга бўлиш имкони пайдо бўлганда, Исо Масиҳнинг ўрнагини ёдга оламизми? Исонинг мўъжизаларини кўрган «одамлар Уни зўрлик билан ушлаб, подшоҳ қилиб кўтармоқчи эканликларини билиб қолгач», Исо ёлғиз ўзи тоққа чиқиб кетди (Юҳанно 6:15).
15 Нега Исонинг бу, ва бошқа вазиятларда қарори қатъий эди? Зеро у шахсий хавфсизлиги ва фаровонликдан ҳам янада муҳимроқ нарсалар борлигини тан олган. Оқибати қандай бўлишига қарамай, у доимо Яҳованинг ниятини бажариб, Унинг ҳукмронлигини қўллаб-қувватлашни истаган (Матто 26:50–54). Агар биз ҳукмдорлик масаласини эътибордан четда қолдирсак, имондан қайтиш ёки эътиқодимизга зид йўл тутишимиз эҳтимолдан йироқ эмас. Нимага? Чунки Момо Ҳаво билан юз берганидек, ўтакетган ёлғончи Иблис ҳамма нотўғри нарсани жозибали қилиб кўрсатиб, бизни тузоғига илинтириши мумкин (2 Коринфликларга 11:14; 1 Тимўтийга 2:14).
16. Ваъз қилаётганимизнинг асосий мақсади нимадан иборат?
16 Ваъз қилаётганимизда, биз албатта одамларни ташвишга соладиган нарсалар ҳақида гапириб, диққатларини Муқаддас Китобга қаратишга ҳаракат қиламиз. Бундай пайтда Муқаддас Китоб тадқиқини бошлаш учун имконият туғилади. Бироқ асосий мақсадимиз инсонларга нафақат Муқаддас Китоб таълимотларинию Худонинг Шоҳлиги келтирадиган мубораклар тўғрисида гапириб бериш, балки ҳукмдорлик масаласини тушунтириб беришдан иборатдир. Ўрганаётган кишилар Аллоҳнинг хизматчилари бўлишга ва имон туфайли келадиган кулфатларга дош беришга тайёрми? (Марк 8:34). Шунингдек, Яҳованинг ҳукмронлигини ҳимоялаб, бу билан Шайтон ёлғончи ва туҳматчи эканини исботлай олишадими? (Ҳикматлар 27:11). Эгамиз Яҳованинг ҳукмронлигини қўллаб-қувватлаш ва Унинг тарафида бўлишда бошқаларга ёрдам бериш, улуғ шараф! (1 Тимўтийга 4:16).
Қачон «Худо ҳамманинг ҳаммаси» бўлади
17, 18. Яҳованинг ҳукмдорлигини қўллаб-қувватласак, келажагимиз қандай бўлади?
17 Агар яхши хулқимиз ва хизматимиз билан Яҳованинг ҳукмдорлигини қўллаб-қувватлаётганимизни кўрсатсак, Ҳазрати Исо «салтанатни Ота — Худога топширган» вақтни ишонч билан кутамиз. Бу қачон содир бўлар экан? Ҳаворий Павлус қуйидагича тушунтирган: «Масиҳ ҳар қандай бошқарма, ҳокимият ва қудратни тугатиб... Худо бутун душманларни Масиҳнинг оёғига йиқитмагунига қадар, Масиҳ ҳокимлик қилиши керак. Ҳамма нарса Унга тобе бўлгандан кейингина Ўғил ҳам Ўзига ҳамма нарсани тобе қилдирган Отага тобе бўлади, токи Худо ҳамманинг ҳаммаси бўлсин» (1 Коринфликларга 15:24, 25, 28).
18 «Худо ҳамманинг ҳаммаси» бўлган пайтда ҳаётимиз нақадар ажойиб бўлишини бир тасаввур қилинг-а?! Ўшанда Шоҳлик орқали ҳамма нарса амалга ошади. Яҳованинг ҳукмронлигига қарши чиққанлар бартараф қилинади. Бутун Оламда тинчлик ҳукмронлик қилади. Ўша пайтда борлиқ мавжудот сано бастакорининг сўзларига қўшилиб: «Худованднинг исми шарафига тан беринг!.. Халқлар орасида эълон қилинг: Худованд — Ҳокими мутлақдир» деб ҳамдлар айтишади (Забур 95:8, 10).
Жавоб бера оласизми?
• Яҳованинг ҳукмдорлигини қўллаб-қувватлаш, Исо учун жуда аҳамиятли бўлганини у қандай кўрсатган?
• Исо жонини фидо қилиб, хизматини бажаргани билан нима амалга ошди?
• Ҳазрати Исога эргашаётиб, Яҳованинг тарафида эканимизни қандай кўрсатишимиз мумкин?
[11- саҳифадаги расм]
ЭГАМИЗ ЯҲОВАНИНГ ТАРАФИДА БЎЛИНГ
Корея ҳамда бошқа давлатларда синовларга дуч келган биродарлар имонимиз нима учун синалаётганини доимо ёдда тутиш кераклигини билишади.
Собиқ Совет Иттифоқи даврида имони учун қамоқда ўтириб чиққан битта Яҳованинг Шоҳиди бундай деб бўлишди: «Барча қийинчиликларни бошдан кечиришга Адан боғида кўтарилган мунозарали масала, яъни Аллоҳнинг ер юзи устидан ҳукмронлик қилиш ҳуқуқи борлигини аниқ тушуниш бизга ёрдам берган... [...] Биз Яҳованинг тарафида бўла олишимизни билган эдик... [...] Бу ўз навбатда бизга куч бахш этиб, бенуқсонликни сақлашга ёрдам берарди».
Ахлоқ тузатиш лагерида ўзига ва имондошларига Худога содиқ қолишга нима ёрдам бергани ҳақида биродаримиз бундай деди: «Яҳова бизни қўллаб-қувватлаган... Шароитлар оғирлигига қарамай маънан мустаҳкам бўлган эдик. Биз ҳамиша бир-биримизга: “Дадил бўлинг биродарим, ахир ҳукмдорлик масаласида Яҳованинг тарафида-ку биз”, деб далда берардик».
[8- саҳифадаги расм]
Қандай қилиб Исо Шайтон уни васваса қилганида, Яҳованинг ҳукмдорлигини қўллаб-қувватлаган?
[10- саҳифадаги расм]
Нимага Исо: «Амалга ошди!» — деган эди?