9-қисм
«Охирзамон»да яшаётганимизни қаердан биламиз?
1, 2. Охирзамонда яшаётганимизни қандай билиб олишимиз мумкин?
ХУДО Шоҳлиги ҳозирги инсоний бошқарув тузумига қарши чора кўрмоқчи бўлиб турган вақтда яшаётганимизга қандай амин бўлишимиз мумкин? Худо азоб-уқубатларга чек қўядиган пайт жуда яқинлигини қаердан билиб олсак бўлади?
2 Бу ҳақда Исо Масиҳнинг шогирдлари ҳам билишни хоҳлашган эди. Улар Исодан, Шоҳлик ҳокимиятида ҳозир бўлиши ҳамда «охирзамон» «белги»си қандай бўлишини сўрадилар (Матто 24:3). Бунга жавобан Исо, бутун дунёни ларзага келтирадиган воқеаларни ҳамда одамзод «охирзамон вақти»га, яъни ҳозирги тузумнинг «охирги кунлари»га қадам ташлаганлигини кўрсатадиган шароитларни батафсил тасвирлаб берди (Дониёр 11:40; 2-Тимўтийга 3:1). Ҳозирги кунда ушбу таркибий белгини кўряпмизми? Ҳа, мўл даражада кўряпмиз!
Жаҳон урушлари
3, 4. Ўтган асрдаги урушлар Исонинг башоратига қандай мос келмоқда?
3 Исо каромат қилиб: «халқ халққа қарши, подшоҳлик подшоҳликка қарши кўтарилади»,— деган эди (Матто 24:7). Бутун дунё 1914 йилда, халқлар ва подшоҳликларни сафарбар қилганлиги билан аввалги барча урушлардан ажралиб турадиган урушга жалб қилинди. Бу ҳақиқатни тан олиб тарихчилар, уни «Улуғ уруш» деб номлашган эди. Бундай уруш олдин тарихда ҳеч содир бўлмаган эди, у биринчи жаҳон уруши эди. Ҳалок бўлганларнинг сони, аввалги бўлиб ўтган урушларнинг барчасидан ҳам ошиб кетиб, қарийб 20 000 000 аскар ва фуқаро аҳолиси ўлдирилди.
4 Биринчи жаҳон уруши, «охирзамон» бошланганлигини билдирди. Исо бу ва бошқа воқеаларни «бамисли тўлғоқнинг бошидир», деган эди (Матто 24:8). Чиндан ҳам шундай бўлди, чунки Иккинчи жаҳон уруши янада шиддатлироқ бўлиб чиқди — қарийб 50 000 000 аскар ва фуқаро аҳолиси ҳаётдан жудо бўлди. Ўтган асрдаги урушларда, ҳаммаси бўлиб, қарийб 100 000 000 одам ўлдирилди, бу, ўтган 400 йил мобайнида ҳалок бўлганларнинг сонидан тўрт баравар кўпдир! Инсоний бошқарувнинг зиммасидаги айб нақадар оғир!
Бошқа далиллар
5–7. Яна қайси далиллар, охирзамонда яшаётганимизни кўрсатмоқда?
5 Исо, охирзамоннинг бошқа аломатларини ҳам айтиб берди: «Айрим жойларда шиддатли зилзилалар, қаҳатчиликлар, ўлатлар [юқумли касалликларнинг кенг тарқалиши] бўлади» (Луқо 21:11). Бу сўзлар, 1914 йилда бошланган ҳодисаларга бутунлай мос келади, чунки бу каби фалокатлар туфайли азоб-уқубатлар қўрқинчли даражада кўпайди.
6 Кўпларни ҳаётдан маҳрум қилаётган, шиддатли зилзилалар доим содир бўлиб турибди. Биринчи жаҳон уруши кетидан эргашган Испан гриппининг ўзи 20 000 000 га яқин инсонни нобуд қилди — баъзи ҳисобларга кўра 30 000 000 ёки ундан ҳам ортиқ. ОИТС касаллиги юз мингларнинг ўлимига сабаб бўлмоқда ва яқин келажакда яна миллионларнинг ўлимига сабаб бўлиши мумкин. Ҳар йили юрак хасталигидан, саратон ва бошқа касалликлардан миллионлаб инсонлар ўлмоқда. Миллионлаб бошқалар аста-секин очликдан ўлмоқдалар. Шубҳасиздирки, 1914 йилдан буён урушларни, озиқ-овқат етишмовчиликларини ҳамда юқумли касалликларни ўзлари билан олиб келаётган Ваҳий китобидаги «отлиқлар», инсоният оиласининг кўплаб миқдорини ҳалок қилмоқда (Ваҳий 6:3—8).
7 Шунингдек Исо, жиноятчилик кўпаяди деб башорат қилган эди, бундай ҳолат ҳозир бутун дунёда кўринмоқда. У шундай деган: «Ёвузлик авжга чиқиши туфайли кўпчиликнинг севгиси совийди» (Матто 24:12).
8. 2-Тимўтийга 3-бобдаги башорат бизнинг вақтимизга қандай тўғри келади?
8 Бундан сўнг, Муқаддас Китоб башорати, ҳозирги кунда бутун дунёда кўриб турганимиздек, ахлоқнинг бузулишини каромат қилган эди: «Охирги кунларда оғир вақтлар келади. У пайтда одамлар нафс бандаси, пулпараст, мақтанчоқ, кибрли, кофир, ота-онага итоатсиз, нонкўр, худобехабар, шафқатсиз, муросасиз, ғийбатчи, нафсини тия олмайдиган, инсонлик ва яхшилик душмани, хоин, бемулоҳаза, мағрур бўладилар. Худодан кўра айш-ишратни кўпроқ севадилар. Ўзларини художўй кўрсатиб, илоҳий қудратни эса инкор этадилар... Ёмон ва фирибгар одамлар эса... тобора разиллашиб борадилар» (2-Тимўтийга 3:1—13). Буларнинг ҳаммаси айнан бизнинг кўз ўнгимизда амалга ошди.
Яна бир сабаб
9. Осмонда юз берган қандай ҳодиса, ер юзида охирзамоннинг бошланишига тўғри келди?
9 Бугунги кунда азоб-уқубатларнинг даҳшатли даражада ортишига олиб келган яна бир сабаб бор. Охирзамоннинг бошланиши бўлган 1914 йил билан бир вақтга тўғри келган ва инсониятни янада каттароқ хавф остига қўйган бир ҳодиса содир бўлди. Муқаддас Китобнинг охирги китобида ёзилган башоратда баён этилишича, ўша пайтда «Осмонда жанг бўлди. Микоил [осмонда ҳукмдорлик қилаётган Масиҳ] ва унинг фаришталари аждаҳога [Шайтонга] қарши уришдилар. Аждаҳо ҳам ўзининг фаришталари [жинлари] билан урушга тушди. Аммо аждаҳо ғолиб келмади. Осмонда уларга бошқа жой қолмади. Улкан аждаҳо — иблис ва шайтон деб аталган, бутун дунёни алдаб йўлдан оздираётган ўша алмисоқ илон ўз фаришталари билан бирга ер юзига отилди» (Ваҳий 12:7—9).
10, 11. Шайтон билан жинларнинг ерга ташланиши инсониятда қандай акс этди?
10 Бу инсоният оиласига қандай таъсир қилди? Башорат давом этиб шундай дейди: «Ер ва денгизнинг ҳолига вой! Зеро иблис вақт оз қолганини билиб, мудҳиш қаҳр-ғазаб ила сизнинг олдингизга тушди». Ҳа, Шайтон ўз тузумининг охири етиб қолганини билади, шу сабабдан у, ўз тузуми билан бирга йўқ қилинишдан олдин, қўлидан келганича одамларни Худога қарши қилиб қўйишга ҳаракат қилмоқда (Ваҳий 12:12; 20:1—3). Ирода эркинликларидан суиистеъмол қилганлари сабабли, ўша руҳий мавжудотлар қанчалик бузилиб кетдилар! Уларнинг таъсирида ер юзида нақадар даҳшатли шароитлар юзага келди, айниқса 1914 йилдан бери!
11 Шу сабабли, Исо бизнинг замонимиз ҳақида башорат қилгани ажабланарли эмас: «Ваҳимали ҳодисалар содир бўлиб, осмонда ажиб ғаройиботлар юз беради» (Луқо 21:11).
Инсон ва жинлар бошқарувининг йўқ қилиниши яқин
12. Бу тузум ниҳоясига етишидан олдин бажарилиши керак бўлган энг охирги башоратлардан бири қайси?
12 Худо бугунги тузумни йўқ қилишидан олдин бажарилиши керак бўлган яна қанча башоратлар бор? Озгина! Энг охиргиларидан бири 1-Салоникаликларга 5:3 да ёзилган, у ерда шундай дейилади: «Инсонлар тинч ва осойишта деб юрганда, тўсатдан уларнинг бошига ҳалокат келади». Бундан кўриняптики, бу тузумнинг йўқ қилиниши, «инсонлар тинч ва осойишта деб юрганда» бошланади. Ҳалокат кутилмаганда, инсониятнинг эътибори, одамлардан кутилаётган тинчлик ва хавфсизликка қаратилган пайтда бошланиб кетади.
13, 14. Исо қанақа мусибат вақти тўғрисида башорат қилган эди ва у нима билан тугайди?
13 Шайтоннинг таъсири остида ётган бу дунёнинг вақти тугаб бормоқда. Яқинда у, Исо айтган мусибат пайтида ўз ниҳоясига етади: «Ўшанда дунё бошланишидан то ҳозиргача содир бўлмаган ва қайтиб содир бўлмайдиган буюк мусибат бўлади» (Матто 24:21).
14 Худонинг Ҳор-Магидўн деган жанги «буюк мусибат»нинг энг юксак чўққиси бўлади. Дониёр пайғамбарнинг сўзларига кўра, айнан ўша пайтда Худо «барча шоҳликларни ер билан яксон қилади». Бу, кунимиздаги Худодан мустақил бўлган барча инсоний ҳукуматларнинг йўқ қилинишини англатади. Ўшанда, Худонинг самовий Шоҳлиги инсонларнинг барча ишларини бутунлай ўз назорати остига олади. Дониёр пайғамбар, ҳукмдорлик ҳуқуқи энди ҳеч қачон, ҳеч кимга берилмайди, деб башорат қилган (Дониёр 2:44; Ваҳий 16:14—16).
15. Шайтон ва жинларнинг таъсири билан нима содир бўлади?
15 Ўша пайтда, Шайтон ва жинларнинг ҳар қандай таъсирига ҳам чек қўйилади. Бу исёнчи руҳий мавжудотлар, ‘халқларни алдашларига’ бошқа имкониятлари бўлмасин деб, бартараф қилинадилар (Ваҳий 12:9; 20:1—3). Улар ўлимга маҳкум бўлганлар, энди уларнинг йўқ қилиниши кутилмоқда. Уларнинг ёмон таъсиридан қутулиш, инсониятга қанчалик енгиллик беради!
Ким омон қолади? Ким қолмайди?
16–18. Бугунги тузум йўқ қилинганида ким омон қолади, ким қолмайди?
16 Худо бу дунёга қарши ҳукмини амалга оширганида, ким омон қолади? Ким қолмайди? Муқаддас Китоб кўрсатишича, Худонинг бошқарувини хоҳлаётганлар ҳимоя қилинади ва омон қолишади. Худонинг бошқарувини хоҳламаётганлар эса ҳимоя қилинмайди, улар Шайтоннинг дунёси билан бирга йўқ қилинади.
17 Ҳикматлар 2:21, 22 да шундай дейилган: «Чунки солиҳ [Худонинг бошқарувига бўйсунаётганлар] ўша ерда яшайди, пок одам у ерда қолади. Фосиқ [Худонинг бошқарувига бўйсунмаётганлар] эса ердан қириб ташланади, вафосиз йўқ қилинади».
18 Забур 36:10, 11 да ҳам шундай дейилган: «Яна бироздан кейин фосиқ йўқ бўлур... Беозорлар эса ер юзига эга бўлажак, улар тинч-осойишталикда ҳузур қилажак». Бунга қўшимча қилиб 29-оятда: «Солиҳлар ер юзига эга бўлиб, унда мангу яшайдилар»,— деб айтилган.
19. Биз қандай маслаҳатни қалбимизга жо қилишимиз керак?
19 Биз Забур 36:34 да ёзилган маслаҳатни қалбимизга жо қилишимиз керак, у ерда шундай дейилган: «Худовандга кўз тутиб, У кўрсатган йўлда юр, ер юзига эга бўлишинг учун сени У юксалтирур. Фосиқлар нобуд бўлганда сен буни кўрурсан». Яна 37 ва 38-оятларда: «Софдилга нигоҳ ташла, тўғри одамни кузат! Бундай кишининг истиқболи осойишталикдир. Аммо қонунсизлар бари нобуд бўлур, фосиқлар насли оқибатда қириб ташланур»,— деб айтилган.
20. Нега биз ҳаяжонлантирувчи вақтда яшаяпмиз, дейишимиз мумкин?
20 Худонинг шунчалик ғамхўрлигини ҳамда яқинда барча ёвузлик ва азоб-уқубатларга чек қўйишини билиш қанчалик тасалли беради, ҳа, нақадар руҳлантиради! Бу ажойиб башоратларнинг яқин орада бажарилишини тушуниб етмоқ, қандай ҳаяжонлантиради!
[20- саҳифадаги расм]
Муқаддас Китоб, охирзамон «белги»сини ташкил этувчи ҳодисаларни олдиндан айтиб берган.
[22- саҳифадаги расм]
Худонинг бошқарувига бўйсунмаётганлар яқинда, Ҳор-Магидўнда йўқ қилинади. Бўйсунаётганлар эса, адолатли янги дунёда яшаш учун омон қоладилар.