47-ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ
Қай йўсин ўзаро севгини мустаҳкамлашда давом эта оламиз?
Бир-биримизни севишни бас қилмайлик, зеро севги Худодандир. (1 ЮҲАН. 4:7)
109-ҚЎШИҚ Самимий севги
БУ МАҚОЛАДАa
1, 2. a) Нега ҳаворий Павлус севги «энг аълоси» деб айта олган? б) Қандай саволларни кўриб чиқамиз?
ҲАВОРИЙ ПАВЛУС имон, умид ва севги ҳақида гапириб, «севги энг аълоси» эканини айтган. (1 Кор. 13:13) Нега Павлус бундай деган? Келажакда Худонинг ваъдаларига ишонишга ёки амалга ошишига умид қилишга ҳожат қолмайди, чунки улар амалга ошган бўлади. Бироқ Яҳовани ва одамларни доим севишимиз керак бўлади. Шубҳасиз, уларга бўлган севгимиз абадий ўсишда давом этади.
2 Ҳамиша севишимиз керак экан, келинг, учта саволга диққат қаратайлик. Биринчиси, нега бир-биримизни севишимиз лозим? Иккинчиси, бундай севгини қандай намоён эта оламиз? Учинчиси, қай йўсин ўзаро севгимизни мустаҳкамлашда давом этишимиз мумкин?
НЕГА БИР-БИРИМИЗНИ СЕВИШИМИЗ КЕРАК?
3. Бир-биримизни севишимиз учун қандай сабаблар бор?
3 Бир-биримизни севиш нега муҳим? Сабабларидан бири ўзаро севгини намоён этиб, Масиҳнинг ҳақиқий издошлари эканимизни кўрсатамиз. Исо ҳаворийларига: «Агар орангизда меҳр-муҳаббат бўлса, сизлар менинг шогирдларим эканингизни барча билиб олади»,— деб айтган. (Юҳан. 13:35) Бундан ташқари, севги бирликни сақлашимизга ёрдам беради. Зеро Павлус севги «етук даражада» бирлаштиришини айтиб ўтган. (Колос. 3:14) Аммо ўзаро севгини намоён этишимизнинг бошқа муҳим сабаби ҳам бор. Ҳаворий Юҳанно имондошларига: «Худони севадиган киши биродарини ҳам севиши даркор»,— деб ёзган. (1 Юҳан. 4:21) Бир-биримизга севгини намоён этганимизда, Худони севишимизни кўрсатамиз.
4, 5. Худога бўлган севги ва ўзаро севгимиз бир-бири билан боғлиқ эканини кўрсатувчи мисол келтиринг.
4 Қандай қилиб Худога бўлган севги имондошларимизга бўлган севги билан ўзаро боғлиқ? Масалан, юрак тананинг бошқа аъзолари билан қандай боғлиқ эканига эътибор қаратайлик. Шифокор одамнинг билагини ушлаб, томир уриши ёрдамида юраги қандай ҳолатда экани борасида оз-моз маълумотга эга бўлиши мумкин. Қандай қилиб буни севги мавзуси билан боғласа бўлади?
5 Шифокор томир уришини текширганида, юрак қанчалик соғлом эканини аниқлаши мумкин. Шунга ўхшаб, бошқаларга бўлган севгимиз қанчалик кучли эканини текширганимизда, Худога нисбатан севгимиз қанчалик кучли эканини аниқлашимиз мумкин. Биродару опа-сингилларимизга нисбатан севгимиз олдингидан совиб қолганини пайқасак, бу Аллоҳга бўлган севгимиз ҳам совиб бораётганининг белгисидир. Лекин имондошларимизга доимий равишда севги кўрсатганимизда, Худога бўлган севгимиз кучли эканини акс эттирамиз.
6. Нега имондошларимизга бўлган севги совиётгани бизни ташвишга солиши лозим? (1 Юҳанно 4:7–9, 11)
6 Биродару опа-сингилларимизга бўлган севгимиз совиётган бўлса, бу бизни хавотирга солиши керак. Нега деганда, бу Яҳова билан дўстлик ришталаримиз сусайиб қолганини билдиради. Ҳаворий Юҳанно бу борада қуйидагича ёзган: «Кўриб турган биродарини сева олмаса, кўрмаган Худони қандай сева олади?!» (1 Юҳан. 4:20) Хўш, бундан қандай сабоқ оляпмиз? Бир-биримизни севсаккина, Яҳова биздан мамнун бўлади. (1 Юҳанно 4:7–9, 11 ни ўқинг.)
БИР-БИРИМИЗГА СЕВГИНИ ҚАНДАЙ НАМОЁН ЭТА ОЛАМИЗ?
7, 8. Бир-биримизга севги намоён этишнинг баъзи йўллари қандай?
7 Бир-биримизни севиш амри Муқаддас Китобда қайта-қайта ёзилган. (Юҳан. 15:12, 17; Рим. 13:8; 1 Салон. 4:9; 1 Бутр. 1:22; 1 Юҳан. 4:11) Севги қалбимиз тубидаги туйғудир ва ҳеч бир инсон юрагимизни кўра олмайди. Шундай экан, имондошларимизни севишимизни қай йўсин кўрсата оламиз? Буни сўзларимизу ишларимиз орқали қилсак бўлади.
8 Биродару опа-сингилларимизни севишимизни турли йўллар орқали кўрсатишимиз мумкин. Қуйида айрим мисоллар келтирилган: «Бир-бирингизга ҳақиқатни гапиринглар». (Закр. 8:16) «Ўзаро тинч-тотув яшанглар». (Марк 9:50) «Бир-бирингизни ҳурмат қилишда ташаббус кўрсатинглар». (Рим. 12:10) «Бир-бирингизни қабул қилинглар». (Рим. 15:7) Бир-бирингизни «чин дилдан кечир[инглар]». (Колос. 3:13) «Бир-бирингизнинг оғирликларингизни кўтаринглар». (Галат. 6:2) «Бир-бирингизга тасалли беринглар». (1 Салон. 4:18) «Бир-бирингизни қўллаб-қувватланглар». (1 Салон. 5:11) «Бир-бирингиз учун ибодат қилинглар». (Ёқб. 5:16)
Қийинчиликка дуч келган имондошимизга қандай ёрдам беришимиз мумкин? (7–9-хатбошиларига қаранг.)
9. Нега бошқаларга тасалли бериш севгимизни изҳор этишнинг муҳим йўли? (Расмга ҳам қаранг.)
9 Энди, севгимизни кўрсатишнинг йўлларидан бирига диққат қаратайлик. Павлуснинг «Бир-бирингизга тасалли беринглар» деган ундовини кўриб чиқамиз. Нима учун бошқаларга тасалли бериш севгимизни кўрсатишнинг муҳим йўли ҳисобланади? Бир китобда айтилишича, «тасалли бериш» деб қўлланилган ибора «бирор киши оғир синовни бошдан кечираётганида, унга далда бериш учун ёнида туриш» деган маънони англатади. Шундай қилиб, азоб чекаётган имондошимизга тасалли бериш орқали оёққа туришига ва ҳаётга етакловчи йўлдан юришда давом этишига ёрдам берамиз. Ҳар сафар биродару опа-сингилларимизга елкадош бўлиб, уларга бўлган севгимизни кўрсатамиз. (2 Кор. 7:6, 7, 13)
10. Раҳм-шафқат ва тасалли бериш ўзаро қандай боғлиқ?
10 Қай йўсин раҳм-шафқат тасалли бериш билан узвий боғлиқ? Раҳм-шафқатли инсон бошқаларга тасалли бериб, оғирини енгил қилишга ҳаракат қилади. Демак, аввал раҳм-шафқатни ҳис қиламиз, кейин тасалли берамиз. Павлус Яҳованинг раҳм-шафқатини У берадиган тасалли билан қандай боғлаганига эътибор беринг. Павлус Уни «раҳмдил Ота ва ҳар қандай вазиятда тасалли берадиган Аллоҳ» деб айтган. (2 Кор. 1:3) Яҳова «раҳмдил Ота» ва «ҳар қандай вазиятда тасалли берадиган» экан, демак «барча қайғуларимизда бизга тасалли бера» олади. (2 Кор. 1:4) Булоқдан чиққан тоза сув кишига ором бахш этганидек, Яҳова ҳам қайғураётган кишига тасалли бериб, роҳат бахш этади. Раҳм-шафқат кўрсатишда қай йўсин Яҳовага тақлид қилиб, бошқаларга тасалли бера оламиз? Бунинг йўлларидан бири тасалли бериш билан боғлиқ фазилатларни сидқидилдан ривожлантиришдир. Хўш, бу қайси фазилатлар экан?
11. Бошқаларга тасалли беришга ундайдиган севгини ривожлантириш учун яна қандай фазилатларга эга бўлишимиз даркор? (Колосаликларга 3:12; 1 Бутрус 3:8)
11 Ҳар куни севгини намоён этишимизга ва «бир-бирингизга тасалли беринглар» деган сўзларга амал қилишимизга нима ёрдам беради? Биз имондошларимизга ҳамдард ва меҳрибон бўлиб, уларни биродарларча севишимиз зарур. (Колосаликларга 3:12; 1 Бутрус 3:8 ни ўқинг.) Хўш, бу бизга қандай ёрдам беради? Раҳм-шафқат ва бу билан боғлиқ бошқа фазилатлар шахсиятимизнинг бир қисмига айланса, бу азоб чекаётган имондошларимизга тасалли бериш учун кучли туртки бўлади. Исо айтганидай, «ахир одамнинг дилида нима бўлса, тили шуни гапиради-ку. Яхши инсон дилидаги яхши нарсаларни сўзлайди». (Мат. 12:34, 35) Чиндан ҳам муҳтож бўлган имондошларимизга тасалли бериш жуда ҳам муҳим. Бу орқали уларга бўлган севгимизни намоён этган бўламиз.
ҚАЙ ЙЎСИН ЎЗАРО СЕВГИНИ МУСТАҲКАМЛАШДА ДАВОМ ЭТА ОЛАМИЗ?
12. a) Нега ҳушёр бўлишимиз лозим? б) Ҳозир қайси саволни кўриб чиқамиз?
12 Барчамиз «Бир-биримизни севишни бас қилмайлик» деган амрга қулоқ солишни истаймиз. (1 Юҳан. 4:7) Аммо шуни унутмаслик керакки, Исо: «Кўпчиликнинг севгиси совийди»,— деб огоҳлантирган. (Мат. 24:12) У аксарият шогирдларининг орасида севги совишини назарда тутмаган. Лекин барибир дунёда севги етишмагани туфайли бундай руҳият бизга ҳам таъсир қилишидан эҳтиёт бўлишимиз лозим. Буни ёдда тутган ҳолда, келинг, муҳим бир саволга диққат қаратайлик. Имондошларимизга бўлган севги қанчалик кучли эканини текширишимизга нима ёрдам беради?
13. Нима туфайли севгимиз синалиши мумкин?
13 Севгимиз қанчалик кучли эканини аниқлашнинг йўлларидан бири муайян вазиятларда қандай йўл тутаётганимизни текширишдир. (2 Кор. 8:8) Бундай вазиятлардан бири ҳақида ҳаворий Бутрус шундай деган: «Энг аввало, бир-бирингизни самимият билан севинглар, чунки севги кўпгина гуноҳларни қоплайди». (1 Бутр. 4:8) Бошқаларнинг заифликлари ва камчиликлари туфайли севгимиз синалиши мумкин.
14. Қандай севги турига эга бўлишимиз керак? (Мисол келтиринг.) (1 Бутрус 4:8)
14 Келинг, Бутруснинг ушбу сўзлари устида чуқур фикр юритиб кўрайлик. 8-оятнинг биринчи қисмида «самимият билан» севиш ҳақида ёзилган. Бутрус қўллаган «самимият» сўзи том маънода «чўзиш» ёки «ёйиш» деган маънони билдиради. Бу оятнинг иккинчи қисмида эса самимият билан севишнинг натижаси қандай бўлиши ёзилган. Самимият билан севиб, биродарларимизнинг гуноҳларини қоплаган бўламиз. Айтайлик, доғлари кўп стол бор. Уларнинг битта ёки иккитасини эмас, ҳаммасини қоплаш учун унинг устига дастурхон ёямиз. Шу каби имондошларимизни самимият билан севсак, уларнинг битта ёки иккита камчилигини эмас, «кўпгина» гуноҳларини қоплашимиз мумкин.
15. Имондошларимизга бўлган севги етарли даражада кучли бўлса, нима қила оламиз? (Колосаликларга 3:13)
15 Имондошларимизнинг камчиликларини кечириш учун севгимиз етарли даражада кучли бўлиши даркор. Баъзида бунинг учун ҳатто анчагина куч сарфлашимиз керак бўлади. (Колосаликларга 3:13 ни ўқинг.) Бошқаларни кечира олганимизда, севгимиз кучли эканини ва Яҳовани мамнун қилиш хоҳишимиз борлигини кўрсатамиз. Бошқаларнинг ғашимизни келтирадиган одатларию хатоларини кечиришимизга яна нима ёрдам бериши мумкин?
Энг яхши расмларни сақлаб, қолганларини ўчириб ташлаганимиздай, имондошлар билан бирга ўтказган яхши дамларни хотирамизда сақлаб қадрлаймиз, ёқимсизларини эса унутамиз (16-, 17-хатбошиларига қаранг.)
16, 17. Бошқаларнинг кичик хатоларини кечиришга бизга яна нима ёрдам беради? Мисол келтиринг. (Расмга ҳам қаранг.)
16 Биродару опа-сингилларимизнинг салбий эмас, балки ижобий томонларига диққат қаратинг. Бир мисолни кўриб чиқайлик. Сиз кўпгина биродару опа-сингиллар билан ўтиришдасиз. Вақтингизни чоғ ўтказиб, барча билан расмга тушдингиз. Ҳар эҳтимолга қарши яна икки марта расмга тушасиз. Энди сизда учта расм бор. Уларнинг бирида битта биродар табассум қилмаганини пайқаб қоласиз. Шунда, бу расмни нима қиласиз? Уни ўчириб ташлайсиз, чунки қолган иккита расмда ҳамма, жумладан, ўша биродар ҳам табассум қиляпти.
17 Келинг, сақланган ўша расмларни хотираларимиз билан солиштирайлик. Одатда имондошларимиз билан ўтказган вақтлар ёдимизда қолади. Айтайлик, бундай ўтиришларнинг бирида биродаримиз ёки опамиз бизга қаттиқ ботадиган нимадир айтган ёки нимадир қилган. Буни эсда сақлаб юрамизми ёки уни худди ўша расмни ўчириб ташлагандай унутиб юборамизми? (Ҳик. 19:11; Эфес. 4:32) Дарҳақиқат, у билан бирга кўп марта маза қилиб вақт ўтказганимиз учун унинг бу кичик хатосини эсимиздан чиқариб ташлашимиз мумкин. Ҳа, яхши хотираларни ёдда сақлаб, қадрлашни истаймиз.
НЕГА ҲОЗИР СЕВГИ АЙНИҚСА МУҲИМ?
18. Бу мақолада севги борасида қайси асосий фикрларни кўриб чиқдик?
18 Нега ўзаро севгимизни мустаҳкамлашда давом этишни хоҳлаймиз? Кўриб чиққанимиздай, биродару опа-сингилларга севгимизни намоён этиб, Яҳовани севишимизни кўрсатамиз. Қай йўсин имондошларга севгимизни намоён эта оламиз? Бунинг йўлларидан бири имондошларимизга тасалли беришдир. Раҳм-шафқатли бўлсак, бундай қила оламиз. Қандай қилиб ўзаро севгимизни мустаҳкамлашда давом эта оламиз? Бунинг учун бир-биримизни кечиришга жон куйдиришимиз лозим.
19. Нега айниқса ҳозир бир-биримизга севги кўрсатишимиз муҳим?
19 Нега ҳозир бир-биримизга севги кўрсатишнинг айни пайти? Бутрус бу борада нима деганига эътибор берайлик: «Барча нарса ўз ниҳоясига етиб қолган экан,... бир-бирингизни самимият билан севинглар». (1 Бутр. 4:7, 8) Бу дунёнинг охири ҳар қачонгидан ҳам яқинлашиб қолган экан, бизни нима кутяпти? Исо издошлари ҳақида қуйидаги башоратни айтган: «Менинг номим туфайли ҳамма халқлар сизлардан нафратланади». (Мат. 24:9) Бундай нафратга қарамай, Яҳовага содиқ қолиш учун бирликни сақлашимиз керак. Бундай йўл тутсак, Шайтоннинг бизни уриштиришга қаратилган ҳаракатлари пучга чиқади. Зеро бизни «етук даражада бирлаштирадиган» севги ришталари боғлаб турибди. (Колос. 3:14; Филип. 2:1, 2)
130-ҚЎШИҚ Кечиримли бўлайлик
a Ҳозир ҳар қачонгидан ҳам биродару опа-сингилларимизга бўлган севгини кўрсатиш муҳим. Қизиқ, нега? Қай йўсин ўзаро севгимизни янада кўпроқ намоён эта оламиз?