Ҳаётдаги қийинчиликларни енга оласиз
БУГУНГИ қийин кунларда кўплар бўрон ёки тўфонга ўхшаш қийинчиликларга дучор бўлишмоқда. Бироқ Яҳованинг Шоҳидларига, Худога бўлган севгиси ва Унинг қонун-қоидаларига садоқати, бундай қийинчиликларни енгишга ёрдам беряпти. Қандай қилиб дейсизми? Жавобини ҳазрати Исо келтирган масалдан билиб олишимиз мумкин. У итоаткор шогирдларини «ўз уйини тош устига қурган фаросатли одамга» ўхшатиб, бундай давом этди: «Ёмғир ёғиб, селлар тошиб, шамоллар эсиб, у уйни босиб қолибди. Лекин тош устига ўрнатилгани учун қуламабди» (Матто 7:24, 25).
Эътибор беринг, Исонинг масалидаги одам фаросатли бўлишига қарамай ёмғир, тошқин ва кучли шамоллар каби муаммоларга дуч келяпти. Демак Исо, унинг издошлари барча қийинчиликлардан халос бўлиб, тинч ва осойишта ҳаёт кечиришлари ҳақида айтмоқчи эмас эди (Забур 33:20; Ёқуб 4:13–15). Аксинча у, Худонинг садоқатли хизматчилари оғир ва машаққатли қийинчиликларга дуч келишини ҳамда уларни енгишга тайёрланишлари мумкинлигини назарда тутган.
Қизиғи шундаки ҳазрати Исо масалини бундай деб бошлади: «Ким Менинг бу сўзларимни эшитиб, уларни бажо келтирса, уни ўз уйини тош устига қурган фаросатли одамга ўхшатаман». Албатта, Исо том маънода уй қуришни эмас, аксинча одам ҳаётини барпо этишда асос бўладиган қоидалар ҳақида гапирган. Исо алайҳиссаломнинг сўзларига эътиборли инсонлар ақл-идрок ва фаросатни намоён этадилар. Бундай кишилар олган билимларни амалда қўллаб, ҳаётини силжимас тош каби Масиҳнинг таълимотларида қуришади. Дарвоқе, бу «тош» шунчаки ер устида эмас, балки унга етиш учун одам ‘чуқур қазиши’ керак эди (Луқо 6:48). Шу каби Исо алайҳиссаломнинг издошлари ҳам, вақт ўтгач кучини йўқотмайдиган ва Худога яқинлаштирадиган фазилатларни ривожлантириш учун кўп меҳнат қилишади (Матто 5:5–7; 6:33).
Яҳова Шоҳидларининг имони қийинчиликлар билан синалганда нима юз беради? Улар риоя қилаётган Масиҳнинг таълимотлари ва ривожлантирган фазилатлари куч манбаидир. Энг муҳими эса бунинг ҳаммаси яқинлашаётган Худонинг улуғ жанги бўлмиш Ҳор-Магидўнда омон қолиш учун ёрдам беради (Матто 5:10–12; Ваҳий 16:15, 16). Чиндан ҳам, Масиҳнинг таълимотларини амалда қўллаб, кўплар ҳаётий қийинчиликларни енгишда муваффақиятга эришяптилар. Сиз ҳам бунинг уддасидан чиқа оласиз (1 Бутрус 2:21–23).