«Орангизда қунт билан меҳнат қилаётганларни... қадрланг»
Орангизда қунт билан меҳнат қилаётганларни, Ҳазратимизнинг ишида сизларни бошқараётганларни ҳамда сизларга насиҳат бераётганларни қадрланг. 1 САЛОН. 5:12
1, 2. а) Павлус салоникаликларга биринчи мактубини ёзганда, у ердаги жамоат қандай аҳволда эди? б) Павлус салоникаликларни нима қилишга рағбатлантирган?
БИРИНЧИ АСРДА Европада илк ташкил этилган Салоника жамоатининг аъзоси эканингизни тасаввур қилинг. Ҳаворий Павлус ўша ердаги биродарларни қўллаб-қувватлаш учун анча вақт сарфлаган. Худди бошқа жамоатлардагидек, у бошқариш учун оқсоқолларни ҳам тайинлаган бўлиши мумкин (Ҳавор. 14:23). Бироқ жамоат ташкил этилгандан сўнг, яҳудийлар Павлус билан Силани шаҳардан ҳайдаш учун оломонни тўплашган. У ердаги масиҳийлар ўзларини ташлаб кетилгандай ҳис қилиб, эҳтимол қўрқиб қолишгандир.
2 Салоникани тарк этгандан кейин ҳам Павлус янги жамоат ҳақида қайғурганини тушунса бўлади. У боришга ҳаракат қилган, лекин «Шайтон йўлини тўсган». Шу боис, жамоатга далда бериш учун Тимўтийни юборган (1 Салон. 2:18; 3:2). Тимўтий яхши хабар билан қайтгандан кейин эса, Павлус салоникаликларга мактуб ёзишга киришган. Ўшанда, Павлус уларни: «Орангизда қунт билан меҳнат қилаётганларни... қадрланг»,— дея рағбатлантирган (1 Салоникаликларга 5:12, 13 ни ўқинг).
3. Салоникадаги масиҳийларда оқсоқолларни ҳурмат қилишларига қанақа сабаблари бўлган?
3 Салоникадаги масиҳийлар орасида бошқарган биродарлар Павлус ва унинг ҳамкорлари ҳамда Қуддусдаги оқсоқоллар сингари тажрибали бўлишмаган. Бундан ташқари, жамоат ташкил этилганига ҳали бир йил ҳам бўлмаганди. Аммо ўша жамоатдагиларда «қунт билан меҳнат қилаётган», жамоатни «бошқараётган» ва «насиҳат бераётган» оқсоқолларга миннатдорлик изҳор этишга сабаблари бор эди. Чиндан ҳам, уларда оқсоқолларни «ҳурмат қилиб, севишга» етарлича асослари бўлган. Бу сўзлардан сўнг Павлус: «Ўзаро тинч-тотув яшанглар»,— дея маслаҳат берган. Агар сиз ҳам Салоникада бўлганингизда, оқсоқолларнинг меҳнатини чуқур қадрлаган бўлармидингиз? Аллоҳ жамоатингизга Исо Масиҳ орқали «ҳадялар сифатида инсонларни» тақдим этганига қандай қараяпсиз? (Эфес. 4:8).
«Қунт билан меҳнат қилиш»
4, 5. Нима сабабдан Павлуснинг давридаги оқсоқоллар жамоатга таълим бериш учун қунт билан меҳнат қилишган ва нега бугун ҳам шундай қилишмоқда?
4 Павлус билан Силани Верия шаҳрига жўнатишгандан кейин, Салоникадаги оқсоқоллар қай йўсин қунт билан меҳнат қилишган? Павлусга тақлид қилиб, шубҳасизки улар Муқаддас Ёзувлар асосида таълим беришган. Эҳтимол сизда: «Салоникалик масиҳийлар Аллоҳнинг Каломини қадрлашганмикин?» — деган савол туғилаётгандир. Чунки Муқаддас Китобда, верияликлар «Салоника аҳолисидан фарқли равишда холисона фикр юритишарди... Муқаддас Ёзувларни кунда синчковлик билан ўрганишарди», деб айтилган (Ҳавор. 17:11). Бироқ бу таққослаш масиҳийларга эмас, умуман Салоникадаги яҳудийларга тегишли бўлган. Масиҳга ишонч ҳосил қилганлар эса «Худонинг каломини... инсон сўзи сифатида эмас, балки Аллоҳ каломи сифатида қабул қилишган» (1 Салон. 2:13). Оқсоқоллар бундай кишиларни маънан озиқлантириш учун қунт билан меҳнат қилишлари лозим эди.
5 Бугунги кунда ишончли ва ақлли хизматкор Худонинг сурувига «ризқ-рўзни вақтида» бериб турибди (Мат. 24:45). Ушбу хизматкорнинг бошқаруви остида маҳаллий оқсоқоллар имондошларини маънан озиқлантиришмоқда. Жамоатдагиларда Муқаддас Китобга асосланган адабиётлар мўл-кўл. Баъзи тилларда эса «Қўриқчи Минораси Жамияти нашрларининг кўрсаткичи» ва «Электрон кутубхона» мавжуд. Жамоатнинг маънавий эҳтиёжини қондириш учун оқсоқоллар йиғилиш дастурларига соатлаб тайёргарлик кўришади. Бу туфайли улар топширилган маълумотни сермазмун тарзда етказишади. Оқсоқоллар йиғилиш ва анжуманлардаги топшириқларини тайёрлашга қанча вақт сарфлашлари устидан ҳеч ўйлаб кўрганмисиз?
6, 7. а) Павлус Салоникадаги оқсоқолларга қандай ўрнак кўрсатган? б) Нега бугун оқсоқоллар учун Павлусга тақлид қилиш қийин кечиши мумкин?
6 Салоникадаги оқсоқоллар Павлус сурувни боқишда кўрсатган ўрнагини ёдда сақлашган. Демак улар ўз вазифаларини беихтиёр ёки юзаки бажаришмаган. Ўтган мақолада муҳокама қилинганидай, Павлус «худди болаларини паҳпаҳлаб боқадиган она каби юмшоқ муомала қилган» (1 Салоникаликларга 2:7, 8 ни ўқинг). У ҳатто «ўз жонини ҳам беришга» тайёр бўлган. Чўпонлик қилишда оқсоқоллар унга тақлид қилишган.
7 Бугун ҳам оқсоқоллар чўпонлик қилишда Павлусдан ибрат олиб, сурувга ғамхўрлик кўрсатишади. Табиатан айрим қўйлар қўполроқ ва бошқаларга қўшилмайдиган бўлишади. Шундай бўлса-да, оқсоқоллар улардан «яхшилик топишга» ҳаракат қилишади (Ҳик. 16:20). Тўғри, номукаммаллик дастидан оқсоқол учун ҳар бир кишига ижобий нуқтаи назар билан қараш қийин кечар. Лекин у ҳаммага юмшоқ муомала қилишга интилаётган экан, Масиҳнинг бошқаруви остидаги яхши чўпон бўлиш ниятида қилаётган ҳаракатлари учун мақталишга арзимайдими?
8, 9. Бугунги оқсоқоллар жонларимизни деб қайғуришаётганининг баъзи усуллари қанақа?
8 Бизда оқсоқолларга «бўйсунишга» барча сабабларимиз бор. Павлус ёзганидай, улар жонларимизни деб қайғуришяпти (Иброн. 13:17). Ушбу сўзлар бизга сурувни қўриқлаш учун уйқудан воз кечадиган чўпонларни эслатади. Шу сингари, соғлиги ёмон ёки ҳиссий ва маънавий муаммоларга дуч келганларнинг эҳтиёжларини қондириш учун, баъзан оқсоқоллар ҳам уйқудан воз кечишади. Масалан, тиббий ёрдам керак бўлиб қолганда, Касалхоналар билан алоқа қилиш қўмитасидаги биродарлар ҳатто уйқудан туришларига тўғри келади. Аммо бизнинг ҳам бошимизга бундай вазият тушиб қолса, уларнинг хизмати учун жудаям миннатдор бўламиз!
9 Ҳудудий қурилиш қўмитаси ва ёрдам бериш қўмитасидаги оқсоқоллар биродарларга кўмаклашиш учун қунт билан меҳнат қилишади. Улар бизнинг қўллаб-қувватлашимизга сазовор! Келинг, 2008- йил Мьянмани босган Наргис довулидан сўнг нима бўлганини кўриб чиқайлик. Иравади дарёсининг дельтасида жойлашган қаттиқ талафот кўрган Ботингон қишлоғидаги жамоатга бориш учун, ёрдам бериш гуруҳи мурдалар ёйилиб ётган ҳудудлардан ўтиб боришган. Ботингондаги маҳаллий биродарлар етиб келган илк ёрдам бериш гуруҳини, жумладан собиқ туман нозирини кўриб: «Қаранглар! Ахир бу туман нозиримиз-ку! Яҳова бизни қутқарди!» — дейишган. Сиз-чи, кечаю кундуз қунт билан меҳнат қилаётган оқсоқолларнинг меҳнатини қадрлаяпсизми? Айрим оқсоқоллар мушкул ҳуқуқий масалаларни ҳал қилиш қўмитасига тайинланганлар. Ушбу оқсоқоллар бажарган ишлари билан мақтанишмайди. Аслида уларнинг хизматидан фойда кўрганлар чинакам миннатдорчилик билдиришади (Мат. 6:2–4).
10. Оқсоқоллар ҳаммага маълум бўлмаган қандай ишларни бажаришади?
10 Кўплаб оқсоқоллар шунингдек ҳужжатлар билан шуғулланишади. Масалан, оқсоқоллар кенгашининг раиси ҳафталик йиғилишларнинг жадвалини тайёрлайди. Жамоат котиби ваъзгўйлик хизматининг ойлик ва йиллик ҳисоботини тузади. Мактаб нозири эса мактаб жадвалини пухталик билан ўйлаб чиқади. Ҳар уч ойда жамоатнинг маблағлари текширилади. Оқсоқоллар филиалдан келган хатларни ўқиб, «имонда якдил» бўлишга кўмаклашадиган йўл-йўриқларни қўллашади (Эфес. 4:3, 13). Қунт билан меҳнат қилаётган оқсоқолларнинг саъй-ҳаракатлари туфайли «ҳамма нарса одоб ва тартиб билан бўлади» (1 Кор. 14:40).
«Сизларни бошқараётганлар»
11, 12. Ким жамоатни бошқармоқда ва бу нимани ўз ичига олади?
11 Павлус Салоникадаги қунт билан меҳнат қилган оқсоқолларни жамоатни «бошқараётганлар» сифатида тасвирлаган (1 Салон. 5:12). Худди шу биродарлар ҳақида Павлус «қунт билан меҳнат қилаётганлар», деб айтган. Бу ерда у жамоатдаги барча оқсоқоллар ҳақида гапирган. Ҳозирги кунда кўпчилик оқсоқоллар жамоат олдида туриб, йиғилишларни ўтказишади. Янги киритилган ўзгаришга кўра «оқсоқоллар кенгашининг раиси» дея атала бошлаган вазифа, барча оқсоқолларга гўё тананинг аъзоларидек қарашимизга ёрдам беради.
12 Жамоатни «бошқариш» нафақат таълим беришни ўз ичига олади. Худди шу ибора 1 Тимўтийга 3:4 да қўлланилган. Павлус нозирлар «уйдагиларини яхши бошқара оладиган, тўла жиддият билан фарзандларини бўйсундира оладиган» бўлишлари кераклигини айтган. Бу ердаги «бошқара оладиган» деган сўзлар нафақат фарзандларга таълим беришни, балки оиласида бошчилик қилиш ва «фарзандларини бўйсундира олишни» ўз ичига олади. Дарҳақиқат, оқсоқоллар жамоатда бошчиликни ўз зиммаларига олиб, ҳаммага Яҳовага итоатли бўлишга ёрдам беришади (1 Тим. 3:5).
13. Оқсоқоллар учрашувида қарор чиқариш нега вақт талаб этиши мумкин?
13 Сурувни яхши бошқариш учун оқсоқоллар жамоатнинг эҳтиёжларини ва қандай ёрдам бериш мумкинлигини ўзаро муҳокама қилишади. Битта оқсоқол барча қарорларни чиқариши самарали бўлиши мумкин. Бироқ, биринчи асрдаги етакчи кенгашнинг ўрнагига эргашиб, бугунги оқсоқоллар кенгаши масалани эркин тарзда муҳокама қилиб, Муқаддас Китобдан йўл-йўриқ излашади. Уларнинг мақсади Аллоҳнинг Каломидаги қонун-қоидаларни маҳаллий жамоатнинг эҳтиёжларига қўллашдир. Бунинг учун ҳар бир оқсоқол оятларни ҳамда ишончли ва ақлли хизматкор тақдим этган йўл-йўриқларни кўриб чиқиб, ушбу учрашувларга тайёрланса, янада самаралироқ бўлади. Албатта, бу вақт талаб этади. Фикрлар турлича бўлган тақдирда, худди биринчи асрдаги етакчи кенгаш суннат масаласини кўриб чиққанидек, Муқаддас Китобга асосланган ягона қарорга келиш учун анча вақт ва изланиш ўтказиш керак бўлиши мумкин (Ҳавор. 15:2, 6, 7, 12–14, 28).
14. Оқсоқоллар кенгаши якдилликда меҳнат қилаётганини қадрлаяпсизми? Нега шундай фикрдасиз?
14 Борди-ю, бирор оқсоқол ўзиникида туриб олса ёки ўз фикрини ўтказмоқчи бўлса-чи? Ё бўлмаса, кимдир худди биринчи асрдаги Диотреф каби ихтилоф солса-чи? (3 Юҳан. 9, 10). Бундай ҳолда бутун жамоат азият чекади. Агар Шайтон биринчи асрдаги жамоатга шикаст етказмоқчи бўлган бўлса, бугунги жамоатнинг ҳам тинчлигини бузишни исташига амин бўлишимиз мумкин. У инсонда худбинликка бўлган мойиллигини, жумладан буюк инсон бўлиш истагини қўзғатади. Шундай экан, оқсоқоллар камтаринликни ривожлантириб, тана аъзолари каби якдилликда меҳнат қилишлари даркор. Тана аъзоларидек ҳамкорлик қилаётган оқсоқолларнинг камтаринлигини жудаям қадрлаймиз!
«Сизларга насиҳат бераётганлар»
15. Оқсоқоллар биродару опа-сингилларга қайси ниятда насиҳат беришади?
15 Кейин Павлус оқсоқолларнинг қийин, лекин муҳим топшириғи бўлмиш сурувга насиҳат беришни таъкидлаб ўтган. Насиҳат бериш душманликни назарда тутмайди (Ҳавор. 20:31; 2 Салон. 3:15). Мисол учун, Павлус коринфликларга: «Ушбу гапларни сизларни уялтириш учун эмас, аксинча севикли болаларимга насиҳат қилгандек ёзяпман»,— деб айтган (1 Кор. 4:14). Унинг насиҳат бериш ниятининг орқасида бошқаларга нисбатан севгиси турган.
16. Бошқаларга насиҳат беришда оқсоқоллар нимани ёдда тутишлари лозим?
16 Оқсоқоллар бошқаларга насиҳат беришда оҳанг муҳимлигини ёдда тутишлари лозим. Улар меҳрибон, севувчи ва ёрдамчи бўлиб, Павлусдан ибрат олишади (1 Салоникаликларга 2:11, 12 ни ўқинг). Албатта, оқсоқол «ҳақиқат каломига қаттиқ риоя қиладиган киши бўлиши лозим. Токи соғлом таълимот билан насиҳат бера» оладиган бўлсин (Титус. 1:5–9).
17, 18. Оқсоқол сизга насиҳат берса, нимани ёдда тутишингиз лозим?
17 Оқсоқоллар номукаммал эканлар, бирор нарса деб, кейин афсус чекишлари мумкин (3 Шоҳ. 8:46; Ёқб. 3:8). Шунингдек улар, биродару опа-сингиллар учун маслаҳат «севинч эмас, балки қайғу бўлиб кўриниши» табиий эканини билишади (Иброн. 12:11). Оқсоқол кимдирга насиҳат қилган бўлса, эҳтимол у бундай қилишдан аввал у кишининг масаласи ҳақида кўп ўйлаб, ибодат қилгандир. Мабодо сизга насиҳат беришган бўлса, оқсоқолнинг севгига бой ғамхўрлигини қадрлаяпсизми?
18 Тиббиёт томонидан аниқлаб бўлмаётган касаллигингиз борлигини тасаввур қилинг. Кейин шифокор касалликни аниқлайди, лекин сиз учун ташхисни қабул қилиш қийин кечади. Аммо шифокорга жаҳлингиз чиқармиди? Албатта, йўқ! Ҳатто жарроҳлик муолажаси талаб этилса ҳам, бу сизга фойда келтиришига ишониб, муолажага рози бўласиз. Шифокор бу ҳақда айтганида, сизнинг ҳис-туйғуларингизга таъсир қилади, лекин бу қарорингизда акс этишига йўл қўясизми? Қайдам. Шу сингари, сизга насиҳатнинг қай тарзда берилгани, уни тинглашингизга халақит бермасин. Ахир бу туфайли сиз ўзингизга маънан ёрдам берасиз ёки ҳимоялайсиз. Яҳова ҳамда Исо Масиҳ сизнинг фойдангизни кўзлаб шундай кишилардан фойдаланяпти.
Яҳова тақдим этган оқсоқолларни қадрланг
19, 20. «Ҳадялар сифатидаги инсонларга» миннатдорлигингизни қандай ифодалашингиз мумкин?
19 Сизга атаб тайёрланган совғани олсангиз нима қилган бўлардингиз? Ундан фойдаланиб, ўз миннатдорлигингизни кўрсатармидингиз? Яҳова сиз учун Исо орқали «ҳадялар сифатида инсонларни» тақдим этган. Ушбу ҳадя учун миннатдорлик кўрсатишнинг усулларидан бири, оқсоқолларнинг айтган нутқларини диққат билан тинглаб, ҳавола этилган фикрларни қўллашга ҳаракат қилишдир. Бундан ташқари йиғилишларда шарҳлар бериб, миннатдорлик кўрсатса бўлади. Ваъзгўйлик хизмати каби оқсоқоллар бошқараётган ишни қўллаб-қувватланг. Бирор оқсоқолнинг маслаҳатини қўллаб, фойда топган бўлсангиз, унга бу ҳақда айтинг. Шунингдек, оқсоқолларнинг оилаларига ўз миннатдорлигингизни билдирсангиз бўлади. Оқсоқол жамоатда қунт билан меҳнат қилиши учун, оиласи у билан ўтказадиган вақтни бунга қурбон қилганини ёдда сақланг.
20 Ҳақиқатан ҳам, орамизда қунт билан меҳнат қилаётган, бизни бошқараётган ва бизга насиҳат бераётган оқсоқолларни қадрлашимизга кўпдан-кўп сабаблар бор. Ушбу «ҳадялар сифатидаги инсонлар» Яҳованинг севувчи ғамхўрлигидан далолатдир.
Марҳамат, тушунтиринг
• Салоникадаги масиҳийларда оқсоқолларни ҳурмат қилишга қанақа сабаблари бўлган?
• Қандай қилиб жамоатингиздаги оқсоқоллар сиз учун қунт билан меҳнат қилишяпти?
• Оқсоқоллар сизларни бошқараётганидан қандай фойда топяпсиз?
• Агар оқсоқол сизга насиҳат берса, нимани ёдда тутишингиз лозим?
[27- саҳифадаги расм]
Оқсоқоллар турли йўл билан жамоатга ғамхўрлик қилаётганини қадрлаяпсизми?