Қўриқчи минорасининг ОНЛАЙН КУТУБХОНАСИ
Қўриқчи минорасининг
ОНЛАЙН КУТУБХОНАСИ
ўзбекча
  • МУҚАДДАС КИТОБ
  • АДАБИЁТЛАР
  • УЧРАШУВЛАР
  • bt 4- боб 28–35-саҳ.
  • «Ўқимаган ва оддий одамлар»

Танланган маълумот учун видео мавжуд эмас.

Кечирасиз, видеони ижро этишда хатолик юз берди.

  • «Ўқимаган ва оддий одамлар»
  • Худонинг Шоҳлиги тўғрисида кенг шоҳидлик берайлик
  • Сарлавҳалар
  • Ўхшаш маълумот
  • «Ўз кучимиз билан» эмас (Ҳаворийлар 3:11–26)
  • «Айтмай туролмаймиз» (Ҳаворийлар 4:1–22)
  • «Ҳаммаси... ибодат қилишди» (Ҳаворийлар 4:23–31)
  • «Одамларга эмас, Аллоҳга» ҳисобдормиз (Ҳаворийлар 4:32–5:11)
  • У кечиримли бўлишни ўрганиб олди
    Қўриқчи минораси Худованд Яҳованинг Шоҳлигини хабарлайди – 2010
  • Бутрус каби саботли бўла оласиз
    Қўриқчи минораси Худованд Яҳованинг Шоҳлигини хабарлайди (Тадқиқ сони) – 2023
  • Қўрқувни қандай енгиш мумкин?
    Улуғ Устозга қулоқ солинг
Худонинг Шоҳлиги тўғрисида кенг шоҳидлик берайлик
bt 4- боб 28–35-саҳ.

4-БОБ

«Ўқимаган ва оддий одамлар»

Ҳаворийлар жасорат кўрсатади, Яҳова эса уларга барака беради

Ҳаворийлар 3:1–5:11 га асосланган

1, 2. Маъбад дарвозаси ёнида Бутрус билан Юҳанно қандай мўъжиза яратишди?

КУНДУЗИ қуёш нурлари халойиққа ёғилиб туради. Художўй яҳудийлару Исонинг шогирдлари маъбадга боради. Ҳадемай «ибодат маҳали»a бўлиб қолади. (Ҳавор. 2:46; 3:1) Уларнинг орасида Бутрус билан Юҳанно маъбаднинг Гўзал деган дарвозаси томон боради. Ҳамма гаплашиб кетаётгани учун у ер ғала-ғовур, ўрта ёшдаги камбағал туғма чўлоқ киши эса садақа сўраяпти. (Ҳавор. 3:2; 4:22)

2 Бутрус билан Юҳанно бу чўлоқ кишига яқинлашиб боришаркан, у ёдлаб олган илтижосини такрорларди. Улар тўхташади ва кўзлари умидвор нигоҳига тушади. Шунда Бутрус: «Менда кумуш ҳам, олтин ҳам йўқ. Аммо ўзимда борини сизга бераман: носиралик Исо Масиҳ номидан сизга айтаман, ўрнингиздан туриб юринг!» — дейди. Бутрус бу кишини қўлидан ушлаб оёққа турғизганида, одамлар у умрида биринчи марта тик турганини кўриб, қанчалик қойил қолганини тасаввур қилинг! (Ҳавор. 3:6, 7) Бу киши соғайган оёқларига ҳайрат билан қараб, илк қадамларини журъатсиз босаётганини кўз олдингизга келтира оласизми? Шубҳасизки, у ирғиб-сакраб юрганча, баланд овозда Аллоҳни мадҳ этарди!

3. Илгари чўлоқ бўлган киши ва халойиқ қандай инъомга эга бўлиши мумкин эди?

3 Халойиқ ҳангу манг бўлиб Сулаймон равоқи ёнида турган Бутрус ва Юҳаннонинг олдига югуриб боради. Қачонлардир Исо таълим бериб турган бу жойда, Бутрус ҳозиргина юз берган воқеанинг маъносини тушунтиради. (Юҳан. 10:23) У халойиққа ва илгари чўлоқ бўлган кишига кумушу олтиндан қадрлироқ бир инъомни таклиф этади. Бу тикланган соғликдан ҳам аълороқ инъом бўлиб, тавба қилиш, гуноҳлардан халос бўлиш ва Яҳова «ҳаётга етакловчи Раҳбар» этиб тайинлаган Исо Масиҳнинг издоши бўлиш имконидир. (Ҳавор. 3:15)

4. а) Мўъжизавий тарзда соғайтириш нимага олиб келди? б) Қайси иккита саволга жавоб топамиз?

4 Нақадар ажойиб кун! Битта одам жисмонан соғайиб, юра оладиган бўлди. Минглаб бошқа инсонларга эса Худони мамнун қилиш учун маънан соғайиш имкони берилди. (Колос. 1:9, 10) Бироқ ушбу воқеалар туфайли ҳокимиятга эга бўлган кишилар Масиҳнинг содиқ издошларига Шоҳлик ҳақидаги хабарни бошқаларга етказишга тўсқинлик қилишади. (Ҳавор. 1:8) Улар Бутрус билан Юҳаннони «ўқимаган ва оддий одамлар» деб ҳисоблашади. Лекин бу иккита ҳаворий халойиққа шоҳидлик берганидан нимани ўргансак бўлади? (Ҳавор. 4:13)b Қаршиликларни енгишда Бутрус, Юҳанно ва бошқа шогирдларга қандай тақлид қила оламиз?

«Ўз кучимиз билан» эмас (Ҳаворийлар 3:11–26)

5. Бутрус халойиққа қандай мурожаат қилганидан нимани ўрганишимиз мумкин?

5 Бутрус билан Юҳанно халойиқ олдида турганида, уларнинг орасида, эҳтимол, Исони қатл этишни талаб қилган одамлар ҳам борлигини тушунишган эди. (Марк 15:8–15; Ҳавор. 3:13–15) Бутрус чўлоқ киши Исонинг номи билан соғайганини айтганда, қанчалик жасорат кўрсатгани ҳақида бир ўйлаб кўринг. У ҳақиқатни борича айтиб, халойиқ Исонинг ўлимида айбдор эканини ошкор этган. Лекин Бутруснинг улардан жаҳли чиқмаган, чунки улар «билмасдан шундай йўл тутган». (Ҳавор. 3:17) У халойиққа биродарлар деб мурожаат қилган ва Шоҳлик тўғрисидаги хабарнинг ижобий томонларига эътибор қаратган. Агар улар тавба қилиб, Масиҳга ишонишганида, улар учун Яҳовадан «тетиклик бахш этадиган вақт» келарди. (Ҳавор. 3:19) Биз ҳам Аллоҳ келажакда амалга оширадиган ҳукмларни эълон қилганда, борича гапириб, жасур бўлишимиз керак. Шу билан бирга, бетгачопар ёки қўпол бўлмаслигимиз ва одамларни ҳукм қилмаслигимиз лозим. Аксинча, биз ваъз қилаётган одамларга бўлажак имондошларимиздай қараб, Бутрус сингари аввало Шоҳлик ҳақидаги хабарнинг ижобий томонларига эътибор қаратамиз.

6. Қандай қилиб Бутрус ва Юҳанно камтарлик намоён этган?

6 Ҳаворийлар камтарин бўлган. Улар бу мўъжизани ўз кучимиз билан қилдик, деб айтмаган. Бутрус халойиққа шундай деган: «Гўё биз бу кишини ўз кучимиз билан ёки художўйлигимиз туфайли оёққа турғизганимиздек, нимага бизга тикилиб турибсизлар?» (Ҳавор. 3:12) Бутрус ва бошқа ҳаворийлар хизматда қилган ҳамма эзгу ишларни ўзининг эмас, балки Аллоҳнинг қудрати билан бажарганини тан олишган. Шу боис улар эришган ютуқлари учун бутун шон-шарафни камтарлик ила Яҳовага ҳамда Исога қаратган.

7, 8. а) Одамларга қандай инъомни таклиф эта оламиз? б) Тангрининг «барча айтганларини ўз ўрнига» қўйиш ваъдаси бугун қандай амалга ошяпти?

7 Ваъз қилганда биз ҳам камтар бўлишимиз лозим. Бугунги кунда Аллоҳнинг руҳи ёрдамида инсонларни мўъжизавий тарзда соғайтириш қобилиятига эга эмасмиз. Аммо одамларга Худо ва Масиҳга бўлган имонини ривожлантиришга ҳамда Бутрус таклиф қилган инъомга — гуноҳлардан халос бўлиб, Яҳовадан тасалли олиш имкониятига эга бўлишга ёрдам бера оламиз. Ҳар йили юз минглаб одамлар бундай имкониятни қўлдан бой бермай, Масиҳнинг сувга чўмган шогирди бўляпти.

8 Дарҳақиқат, биз Бутрус айтган пайтда, яъни Тангри «барча айтганларини ўз ўрнига қўядиган» вақтда яшаяпмиз. 1914 йили Самовий Шоҳлик бошқаришни бошлади ва бу билан «Аллоҳ қадимги муқаддас пайғамбарлари орқали» айтган сўзлари амалга ошди. (Ҳавор. 3:21; Заб. 110:1–3; Дон. 4:16, 17) Кўп ўтмай, Масиҳ шогирдларига ҳақ топинишни тиклашга ёрдам берди. Натижада миллионлаб инсонлар Худо Шоҳлигининг фуқароларига айланди ва ҳозир аҳил бўлиб Унга топиняпти. Улар эски, ёмон ўзликни ечиб ташлаб, «Худонинг ниятига кўра яралган янги ўзликни» кийиб олишди. (Эфес. 4:22–24) Шифо топган чўлоқ киши билан юз берганидай, бу ажойиб иш инсонларнинг ҳаракатлари эмас, Худонинг руҳи туфайли амалга ошяпти. Бошқаларга таълим берганда Бутрус каби жасоратли бўлиб, Худонинг Каломидан моҳирлик ила фойдаланишимиз керак. Инсонларга Масиҳнинг шогирди бўлишга кўмаклашишда эришишимиз мумкин бўлган ҳар қандай ютуқни ўзимизнинг эмас, Аллоҳнинг кучи билан қўлга кирита оламиз.

«Айтмай туролмаймиз» (Ҳаворийлар 4:1–22)

9–11. а) Яҳудий раҳбарлар Бутрус билан Юҳаннонинг хабарига қандай муносабат билдиради? б) Ҳаворийлар қандай йўл тутишга қарор қилишади?

9 Бутруснинг нутқи ва илгари чўлоқ бўлган кишининг сакрашию ҳайқиргани дастидан тўполон кўтарилади. Шу боис маъбад ҳудудида тартиб бўлишига бош-қош бўлиш учун тайинланган маъбад соқчиларининг назоратчиси ва бош руҳонийлар тезда етиб келишади. Эҳтимол, бу кишилар саддуқийлар, яъни римликлар билан тинч муносабатларни ўрнатадиган таъсири кучли бой сиёсий мазҳабнинг аъзолари бўлган. Саддуқийлар Тавротга амал қиладиган фарзийлардан фарқли равишда оғзаки қонунни рад этиб, тирилишга ишонишмаганc. Улар Бутрус билан Юҳанно маъбадда Исонинг тирилгани ҳақида жасорат ила айтишганини кўришганда, ғазабга минишган!

10 Бутрус билан Юҳаннога қарши чиққан бу жаҳлдор кишилар уларни қамоққа ташлаб, эртасига яҳудийларнинг олий маҳкамасига судраб боришади. Уларнинг фикрича, Бутрус билан Юҳанно «ўқимаган ва оддий одамлар» бўлгани учун маъбадда таълим беришга ҳаққи йўқ эди. Чунки улар бирор таниқли диний мактабда ўқимаган. Бироқ улар очиқ-ойдин ва ишонч билан гапириб маҳкама аъзоларини ҳайрон қолдиради. Нега Бутрус билан Юҳанно бундай қила олган? Сабабларидан бири, улар «Исо билан бирга» бўлган. (Ҳавор. 4:13) Уларнинг Устози уламолар сингари эмас, балки Аллоҳдан ваколат олган кишидай ўргатарди. (Мат. 7:28, 29)

11 Маҳкама томонидан ҳаворийларга ваъзгўйликни тўхтатиш буюрилади. Ўша вақтларда маҳкаманинг қарорлари катта аҳамиятга эга эди. Бундан бир неча ҳафта олдин айнан бу маҳкама аъзолари Исо ҳақида: «У ўлимга лойиқ!» — деб эълон қилишган. (Мат. 26:59–66) Аммо Бутрус билан Юҳаннони ҳеч нарса қўрқита олмасди. Шундай бой, зиёли ва мартабали кишилар олдида улар қўрқмай, лекин ҳурмат ила қуйидагиларни айтишади: «Ўзларингиз ўйлаб кўринглар, Аллоҳнинг назарида Унга эмас, сизларга қулоқ солиш адолатданми? Бизлар эса кўрган-эшитганларимизни айтмай туролмаймиз». (Ҳавор. 4:19, 20)

ОЛИЙ РУҲОНИЙ ВА БОШ РУҲОНИЙЛАР

Олий руҳоний Исроил халқининг Худо олдидаги вакили бўлган. Мил. биринчи асрда у Олий Кенгашни бошқарган. Яҳудийларнинг бошқа раҳбарлари бош руҳоний бўлишган. Улар қаторига собиқ олий руҳонийлар ҳам кирган. Масалан, Ҳанан ва бошқа эркаклар. Улар, эҳтимол, тўртта ёки бешта оиладан олий руҳоний сифатида танлаб олинган. Тарихчи Эмиль Шюрернинг сўзларига кўра, ўша оилаларга тегишли бўлган киши бошқа руҳонийларга қараганда кўпроқ ҳурматга сазовор эди.

Муқаддас Ёзувларда айтилишича, олий руҳонийлар вазифасини бир умр бажарган. (Саҳ. 35:25) Бироқ илк масиҳийлар яшаган даврда Рим ҳукумати ва унинг ижозати билан бошқарган шоҳлар олий руҳонийларни тайинлашган ёки ўрнига бошқаларини қўйишган. Ҳойнаҳой, ўша бутпараст бошқарувчилар олий руҳонийларни фақат Ҳорун авлодидан бўлган руҳонийлардан танлаган.

12. Имон ва жасоратни ривожлантиришда нима ёрдам бериши мумкин?

12 Сиз ҳам бундай жасорат кўрсата оласизми? Бой, зиёли ва мартабали кишиларга ваъз қилиш имкони туғилганда, ўзингизни қандай ҳис қиласиз? Оила аъзоларингиз, синфдошларингиз ёки ҳамкасбларингиз эътиқодингизни деб сизни масхара қилишса-чи? Қўрқиб қоласизми? Агар шундай бўлса, бу каби туйғуларни енгишингиз мумкин. Исо ер юзида бўлганида ҳаворийларга эътиқодини ишонч ва ҳурмат ила ҳимоя қилишни ўргатган. (Мат. 10:11–18) Тирилгач эса Исо шогирдларига «замонанинг охиригача» улар билан бўлишини ваъда қилган. (Мат. 28:20) Исонинг бошқаруви остида «ишончли ва ақлли хизматкор» эътиқодимизни қандай ҳимоялашимиз мумкинлигига ўргатяпти. (Мат. 24:45–47; 1 Бутр. 3:15) Бундай йўл-йўриқларни йиғилишларда, мисол учун, «Ҳаёт тарзимиз ва хизматимиз»да ҳамда Муқаддас Китобга асосланган адабиётлар, масалан, jw.org сайтимиздаги «Муқаддас Китобга асосланган жавоблар» туркумидаги мақолалар орқали оляпмиз. Сиз ҳам бундай йиғилишларга бориб, адабиётларимизни ўқияпсизми? Агар шундай қилсангиз, янада жасоратли бўлиб, имонингизга имон қўшасиз. Ҳаворийлар каби сиз ҳам билиб олган ва эшитган ажойиб ҳақиқатлар тўғрисида гапиришингизга бирон нима халақит беришига йўл қўймайсиз.

Опамиз ишхонада танаффусда ҳамкасбига шоҳидлик беряпти.

Муқаддас Китобдан билиб олган ажойиб ҳақиқатларни гапиришдан сизни ҳеч нарса тўхтатмасин

«Ҳаммаси... ибодат қилишди» (Ҳаворийлар 4:23–31)

13, 14. Қаршиликка дуч келганимизда нима қилиш керак ва нега?

13 Бутрус ва Юҳанно озодликка чиқиши биланоқ имондошлар билан учрашишди. Улар ваъзгўйликни тўхтатмаслик учун Аллоҳдан жасорат сўраб, «ҳаммаси... ибодат қилишди». (Ҳавор. 4:24) Бутрус Худонинг иродасини бажаришга интилганда, ўз кучига ишониш нодонлик эканини яхши биларди. Бундан бир неча ҳафта олдин у ўзига ишониб, Исога: «Ҳамма сиздан юз ўгирса ҳам, мен асло юз ўгирмайман!» — деган эди. Лекин Исо башорат қилганидай, у дарров қўрқувга берилиб, дўстию устозидан тонди. Шундай бўлса-да, Бутрус хатосидан сабоқ олди. (Мат. 26:33, 34, 69–75)

14 Масиҳ тўғрисида шоҳидлик бериш топшириғини бажариш учун жасоратнинг ўзи етарли эмас. Душманлар сизни имондан қайтаришга ёки ваъз қилишдан тўхтатишга уринишса, Бутрус ва Юҳаннога тақлид қилинг. Яҳовадан куч сўраб ибодат қилинг. Имондошлардан ёрдам беришини сўранг. Бошдан кечираётган қийинчиликларингиз тўғрисида оқсоқолларга ва маънан етук имондошларга айтинг. Бошқаларнинг дуолари сизни қўллаб-қувватлашда кучли таъсирга эга бўлиши мумкин. (Эфес. 6:18; Ёқб. 5:16)

15. Ваъзгўйликни вақтинча тўхтатганлар нега таслим бўлмаслиги керак?

15 Борди-ю, қачондир босимга берилиб, қайсидир вақт давомида ваъз қилмаётган бўлсангиз, таслим бўлманг. Эсингизда бўлса, Исонинг ўлимидан кейин ҳамма ҳаворийлар муайян вақтга ваъзгўйликни тўхтатган, лекин кейинчалик яна фаолиятли бўлган. (Мат. 26:56; 28:10, 16–20) Ўтмишдаги хатолар дастидан сиқилишнинг ўрнига, улардан сабоқлар олиб, бошқаларга далда бериш учун улардан фойдалана оласизми?

16, 17. Масиҳнинг издошлари Қуддусда қилган ибодатидан нимани ўрганишимиз мумкин?

16 Ҳокимият томонидан таъқибларга йўлиқсак, нима ҳақда ибодат қилишимиз лозим? Эътибор беринг, Масиҳнинг шогирдлари синовлардан халос бўлишни сўрамаган. Улар Исо: «Агар мени таъқиб қилган бўлишса, сизларни ҳам таъқиб қилишади»,— деб айтган сўзларини ёдда тутган. (Юҳан. 15:20) Ушбу содиқ шогирдлар Яҳовадан душманларнинг дўқ-пўписаларига эътибор беришини сўраган. (Ҳавор. 4:29) Шогирдлар Худонинг иродаси муҳим ва таъқибларга йўлиқиши башоратларнинг амалга ошиши эканини тушунган. Исо ибодат қилишни ўргатганидай, инсоний ҳукуматлар нима дейишидан қатъи назар Худонинг иродаси «ерда ҳам» бажо бўлишини улар билган. (Мат. 6:9, 10)

17 Аллоҳнинг иродасини бажариш учун шогирдлар Яҳовага: «Каломингни гапириш учун қулларингга жасорат ато эт»,— деб ибодат қилган. Яҳова шу заҳотиёқ нима қилганини биласизми? «Ўтирган жойлари силкиниб кетди ва уларнинг ҳар бири муқаддас руҳга тўлиб, Тангрининг каломини жасорат билан гапира бошлади». (Ҳавор. 4:29–31) Ҳа, Унинг иродаси бажо бўлишига ҳеч нарса тўсқинлик қила олмайди. (Ишаё 55:11) Қийинчиликлар қанчалик оғир ва душманлар қанчалик кучли бўлмасин, Аллоҳга илтижо қилсак, Унинг каломини жасорат ила гапириш учун У бизга куч беришига аминмиз.

«Одамларга эмас, Аллоҳга» ҳисобдормиз (Ҳаворийлар 4:32–5:11)

18. Қуддусдаги жамоатдагилар бир-бирига қандай ёрдам беришган?

18 Қуддусдаги янги ташкил топган жамоатда қисқа муддат ичида 5 000 дан зиёд киши пайдо бўлдиd. Келиб чиқиши турлича бўлишига қарамай, шогирдлар «бир жон, бир тан» ва ўй-фикрда якдил эди. (Ҳавор. 4:32; 1 Кор. 1:10) Шогирдлар Яҳова ҳаракатларига барака беришини сўрабгина қолмай, бир-бирини маънан қўллаб-қувватлаган ва керак бўлганда моддий ёрдам кўрсатган. (1 Юҳан. 3:16–18) Мисол учун, ҳаворийлар Барнабо деб ном қўйган Юсуф Қуддусга олис юртлардан келган инсонлар у ерда узоқ вақт қолиб, янги эътиқоди борасида кўпроқ билиб олиши учун ўз ерини сотиб, пулини эҳсон қилган.

19. Нима учун Яҳова Ҳанания билан Саффирани жазолади?

19 Ҳанания ва Саффира жуфтлиги ҳам ўз мол-мулкини сотиб, хайр-эҳсон қилди. Улар ўзини ҳамма пулни бергандек кўрсатди. Аслида эса Ҳанания «пулнинг бир қисмини яширди» ва хотини бундан хабардор эди. (Ҳавор. 5:2) Яҳова бу жуфтликни кам хайр-эҳсон қилгани эмас, балки буни ёмон ният билан қилиб, алдагани учун ўлимга мубтало этди. Улар «одамларга эмас, Аллоҳга ёлғон гапирди». (Ҳавор. 5:4) Исо айблаган иккиюзламачилар каби, Ҳанания ва Саффира ҳам Тангрининг розилигини олишни истамаган, улар аввало одамлардан мақтов олмоқчи эди. (Мат. 6:1–3)

20. Хайр-эҳсонларимизга Яҳова қандай қарашидан нималарни билиб олдик?

20 Биринчи асрда Қуддусдаги масиҳийлар сахийлик кўрсатишгани каби бугун ҳам миллионлаб Яҳованинг Шоҳидлари хайр-эҳсонлар орқали умумжаҳон ваъзгўйлик ишини қўллаб-қувватлаяпти. Уларни бунга ҳеч ким мажбурламайди ҳамда вақтию маблағини ажратишни талаб қилмайди. Ахир Яҳова биз ўз хоҳишимизга қарши ёки мажбурият юзасидан Унга хизмат қилишимизни истамайди. (2 Кор. 9:7) Шуни ёдда тутишимиз керакки, Яҳова учун қанча беришимиз эмас, қайси ниятда беришимиз муҳим. (Марк 12:41–44) Илойим, ҳеч қачон Ҳанания ва Саффира каби бўлмайлик, Аллоҳга ғаразли ният ила ёки ўзимизга шараф излаб хизмат қилмайлик. Аксинча, Бутрус, Юҳанно ҳамда Барнабога ўхшаб Худога ва яқинимизга бўлган самимий севги Унга хизмат қилишга бизни доим ундасин. (Мат. 22:37–40)

БУТРУС — ҒАЙРАТЛИ ҲАВОРИЙГА АЙЛАНГАН БАЛИҚЧИ

Муқаддас Ёзувларда Бутрус бешта ном билан танилган. Ибронийча у Симўн, юнонча Симун ва оромийча Бутрус ёки Кифа. Бу ҳаворийни иккита исмни қўшиб Симун Бутрус деб ҳам аташган. (Мат. 10:2; Юҳан. 1:42; Ҳавор. 15:14)

Ҳаворий Бутрус балиқ тўла саватни кўтариб турибди.

Бутрус уйланган эди ва қайнанаси ҳамда укаси билан бир уйда яшарди. (Марк 1:29–31) У Жалила денгизининг шимолидаги Байтсайда шаҳрида яшаб, балиқчилик билан шуғулланарди. (Юҳан. 1:44) Кейинчалик, у Кафарнаҳум шаҳри яқинида яшаган. (Луқо 4:31, 38) Исо айнан Бутруснинг қайиғида туриб, Жалила денгизининг соҳилига йиғилган халойиққа таълим бергач, Бутрус унинг гапига кириб тўр ташлаган ва мўъжизавий тарзда жуда кўп балиқ овлаган. У қўрққанидан Исонинг олдида тиз чўккан. Исо эса унга: «Қўрқманг, бундан буён инсонларни овлайсиз»,— деган. (Луқо 5:1–11) Бутрус Ёқуб, Юҳанно ва укаси Идрис билан бирга балиқ овларди. Исо уларни ортидан юришга ундаганда, тўрталаси ҳам ишини қолдириб, унга эргашган. (Мат. 4:18–22; Марк 1:16–18) Қарийб бир йил ўтиб, Бутрус Исо танлаган 12 та «ҳаворий», яъни «юборилганлар» орасида эди. (Марк 3:13–16)

Исо Бутрус, Ёқуб ва Юҳанно ўзгача воқеаларнинг гувоҳи бўлишлари учун уларни ёнида олиб юрган. Улар Исонинг қиёфаси ўзгарганини, у Яирнинг қизини тирилтирганини ва Гетсемания боғидаги изтиробларини кўришган. (Мат. 17:1, 2; 26:36–46; Марк 5:22–24, 35–42; Луқо 22:39–46) Улар ва Идрис Исодан ҳозир бўлишининг белгисини сўрашган. (Марк 13:1–4)

Бутрус кўнгли очиқ, ғайратли ва баъзан шартаки киши эди. Бошқа ҳаворийларга қараганда, кўпинча у биринчи бўлиб фикр билдирарди. 11 та ҳаворийнинг хушхабар баёнотларида келтирилган гапларини жамлаганда ҳам, унинг гаплари уларникидан кўпроқ учрайди. Бошқалар жим турса ҳам, Бутрус Исога кўп савол берарди. (Мат. 15:15; 18:21; 19:27–29; Луқо 12:41; Юҳан. 13:36–38) Исо Бутруснинг оёқларини ювмоқчи бўлганда, аввалига у эътироз билдирган. Кейин эса Исонинг гапига қулоқ солиб, қўлларини ва бошини ҳам ювиб қўйишини илтимос қилган. (Юҳан. 13:5–10)

Бутрус Исони яхши кўргани учун уни азоб чекиб ўлишдан қайтармоқчи бўлган. Бироқ у нотўғри фикр юритгани учун Исо унга жиддий танбеҳ берган. (Мат. 16:21–23) Бутрус Исонинг ер юзидаги ҳаётининг сўнгги кечасида ҳамма ҳаворийлар ундан юз ўгирса ҳам у асло бундай қилмаслигини айтган. Душманлар Исони ҳибсга олганда, Бутрус жасорат ила қилични олиб, уни ҳимоялаган. Кейин эса олий руҳонийнинг ҳовлисигача орқасидан кузатиб борган. Аммо бу воқеадан кўп ўтмай, у Хўжайинидан уч марта тонган ва нима иш қилиб қўйганини англагач, аччиқ-аччиқ йиғлаган. (Мат. 26:31–35, 51, 52, 69–75)

Исо тирилганидан кейин ҳаворийлар Жалилага кетган. У ерда Бутрус уларга балиқ овлашга кетаётганини айтган. Шунда уларнинг баъзилари унга эргашган. У соҳилда турган Исони таниб қолгач, шу заҳоти сувга шўнғиб, у томон сузиб кетган. Исо ҳаворийларига нонуштага балиқ қовуриб берган. Сўнг у Бутрусдан «булардан», яъни олдиларида турган балиқлардан кўра уни яхши кўриш-кўрмаслигини сўраган. Исо Бутрусни бутун вақтини ишга, масалан, балиқчиликка эмас, хизматга бағишлашга ундаган. (Юҳан. 21:1–22)

Тахминан мил. 62–64 йилларда Бутрус Бобилда ваъз қилган. Бобил ҳозирги Ироқ ҳудудида жойлашган бўлиб, ўша вақтда кўпгина яҳудийлар у ерда яшарди. (1 Бутр. 5:13) Бутрус илоҳий илҳом остида ўзининг исми билан аталган биринчи ва, эҳтимол, иккинчи мактубини Бобилда ёзган. Исо унга «куч ато этиб», «суннат қилинганларга ҳаворийлик қилишни» топширган. (Галат. 2:8, 9) Бутрус буни раҳм-шафқат ва ғайрат ила бажарган.

ЮҲАННО — ИСОНИНГ СЕВИМЛИ ШОГИРДИ

Ҳаворий Юҳанно Забадийнинг ўғли ва ҳаворий Ёқубнинг туғишган укаси эди. Ҳойнаҳой, онасининг исми Саломия бўлиб, у Исонинг холаси бўлган. (Мат. 10:2; 27:55, 56; Марк 15:40; Луқо 5:9, 10) Шунинг учун Юҳанно Исонинг қариндоши бўлган дея оламиз. Юҳаннонинг оиласи ўзига тўқ ҳаёт кечирганга ўхшайди. Забадийнинг балиқчилик иши юришган, чунки у ёлланган ишчилардан фойдаланган. (Марк 1:20) Исо Жалилада бўлганида, Саломия унга эргашган ва хизмат қилган. Кейинчалик эса Исонинг жасадини дафн қилишга тайёрлаш учун у хушбўй ўтларни олиб келган. (Марк 16:1; Юҳан. 19:40) Эҳтимол, Юҳаннонинг ўз уйи бўлган. (Юҳан. 19:26, 27)

Ҳаворий Юҳанно битик ушлаб турибди.

Юҳанно Яҳё пайғамбарнинг шогирди бўлганга ўхшайди. Яҳё Исони кўриб: «Мана, Худонинг Қўзиси!» — деганда, Юҳанно билан Идрис унинг ёнида туришган эди. (Юҳан. 1:35, 36, 40) Шунда Забадий ўғли Юҳанно Исога эргашиб Канахга борган ва унинг илк мўъжизасини кўрган бўлса керак. (Юҳан. 2:1–11) Юҳанно Исонинг Қуддусда, Самарияда ва Жалилада қилган ишларини жуда жонли ва батафсил тасвирлаб берган. Бундан у барчасини ўз кўзлари билан кўрган деган хулосага келяпмиз. Исо Юҳаннога ортидан юришни таклиф қилганда, у ҳам Ёқуб, Бутрус ва Идрис каби тўри, қайиғи ҳамда даромадли ишини дарҳол ташлаб кетганидан имони кучли эканини кўряпмиз. (Мат. 4:18–22)

Инжилда Юҳанно Бутрусдан камроқ тилга олинган. Аммо у ҳам Бутрус каби серғайрат инсон эди. Шу боис Исо уни ва акаси Ёқубни Банирагаш, яъни «момақалдироқ ўғиллари» деб атаган. (Марк 3:17) Дастлаб Юҳанно муҳим мавқега эга бўлишни жуда хоҳлаган. Шунинг учун у ва акаси Исо уларни Шоҳликда улуғвор мартабага сазовор қилишини онаси сўраб беришини айтишган. Тўғри, улар фақат ўзини ўйлашган. Аммо бундан улар Худонинг Шоҳлиги мавжуд эканига ишонишганини кўряпмиз. Уларнинг шуҳратпарастлигидан фойдаланиб, Исо барча ҳаворийларига камтарлик қанчалик муҳим эканини таъкидлаган. (Мат. 20:20–28)

Юҳанно Исонинг издоши бўлмаган кишига унинг номи билан жинларни қувиб чиқаришни тақиқламоқчи бўлганда ҳам, қандай феъл-атворга эга экани намоён бўлган. Бошқа сафар эса Юҳанно осмондан олов тушиб, самарияликларнинг қишлоғини гумдон қилишини таклиф қилган. Чунки улар Исога ва унинг издошларига меҳмондўстлик кўрсатишдан бош тортган. Бу учун у Исодан гап эшитган. Ҳойнаҳой, вақт ўтиб Юҳанно мувозанатли ва раҳм-шафқатли бўлишни ўрганган. (Луқо 9:49–56) У камчиликларига қарамай «Исонинг севимли шогирди» бўлган. Шунинг учун у ўлимидан сал олдин Юҳаннодан онаси Марямга ғамхўрлик қилишни сўраган. (Юҳан. 19:26, 27; 21:7, 20, 24)

Исо башорат қилганидай, Юҳанно бошқа ҳаворийлардан кўпроқ яшаган. (Юҳан. 21:20–22) У қарийб 70 йил давомида Яҳовага садоқат ила хизмат қилган. Умрининг сўнгги дамларида Рим императори Домициан ҳукмронлигида Юҳанно «Худо ҳақида гапириб, Исо тўғрисида шоҳидлик бергани» учун Патмос оролига сургун қилинган. У ерда тахминан мил. 96 йили Юҳанно ваҳийлар кўрган ҳамда Ваҳий китобини ёзган. (Ваҳ. 1:1, 2, 9) Айтишларича, Юҳанно озод бўлгач, Эфесга борган ва ўз исми билан аталган китобни ҳамда учта мактубни ёзган. У тахминан мил. 100 йили ҳаётдан кўз юмган.

a Маъбадда эрталаб ва кундузи қурбонликлар келтирилганда одамлар ибодат қиларди. Қурбонлик кундузи «соат учларда» ёки куннинг тўққизинчи соатида келтириларди.

b «Бутрус — ғайратли ҳаворийга айланган балиқчи» номли 30-саҳифадаги ва «Юҳанно — Исонинг севимли шогирди» номли 33-саҳифадаги рамкаларга қаранг.

c «Олий руҳоний ва бош руҳонийлар» номли 34-саҳифадаги рамкага қаранг.

d Мил. 33 йили Қуддусда, эҳтимол, бор-йўғи 6 000 га яқин фарзий ва бундан сал озроқ саддуқийлар бўлган. Ҳойнаҳой, бу Исонинг таълимотлари улар учун катта хавф туғдиради, деб ҳисоблаганининг яна бир сабаби.

    Ўзбекча адабиётлар (1993-2025)
    Чиқиш
    Кириш
    • ўзбекча
    • Улашиш
    • Созламалар
    • Copyright © 2025 Watch Tower Bible and Tract Society of Pennsylvania
    • Фойдаланиш шартлари
    • Махфийлик сиёсати
    • Махфийлик созламалари
    • JW.ORG
    • Кириш
    Улашиш