Тўртинчи боб
Пайғамбарларнинг ҳаммаси у ҳақда шаҳодат берганлар
1. Исонинг инсон бўлиб туғилишидан олдинги ҳаёти, унинг Яҳова билан бўлган муносабатлари ҳақида нимани кўрсатади?
«ОТА Ўғилни севади, Ўзи қилган ҳамма нарсани Ўғилга кўрсатади» (Юҳанно 5:20). Ўғил билан Отаси Яҳованинг ўзаро муносабатлари нақадар самимий! Бу муносабатлар Ўғилнинг яратилганидан бошланиб, то инсон бўлиб туғилгунига қадар миллиард йиллар давом этган. У Худонинг ягона Ўғлидир, яъни ёлғиз уни Яҳованинг Ўзи яратган. Кўкдаги ва ердаги борлиқ мавжудот эса шу севикли тўнғич Ўғил орқали яратилган (Колосаликларга 1:15, 16). У шунингдек Худонинг Каломи ёки Вакили бўлган, яъни бошқаларга Худонинг иродасини эълон қилган. Худо ўзгача севадиган ўша Ўғил, Исо Масиҳ деб аталган инсон бўлди (Ҳикматлар 8:22-30; Юҳанно 1:14, 18; 12:49, 50).
2. Муқаддас Китоб башоратларида Исо ҳақида қанчалик батафсил гапирилади?
2 Худонинг тўнғич Ўғли мўъжизакор равишда инсон бўлиб туғилишидан аввал, у ҳақда кўп башоратлар ёзилган эди. Корнилий билан қилган суҳбатида Бутрус Исо ҳақида: «Қадимий пайғамбарларнинг ҳаммаси ҳам у ҳақда шаҳодат берганлар»,— деган (Ҳаворийлар 10:43). Муқаддас Китобда Исо ҳақида шу қадар батафсил ёзилганки, ҳатто фаришта Юҳаннога шундай деди: «Исога шоҳидлик пайғамбарлик руҳи билан тенгдир» (Ваҳий 19:10). Бу башоратлар, Исонинг Масиҳ эканлигини аниқ кўрсатиб турар ва Худонинг иродасидаги унинг вазифалари нимадан иборатлигига эътиборни қаратарди. Албатта, бу бизда катта қизиқиш уйғотади.
Башоратлар нимани очиб беради
3. а) Ибтидо 3:15 да ёзилган башоратдаги илон, «хотин» ва илоннинг зоти кимни тасвирлайди? б) Илоннинг боши эзиб ташланиши нима сабабдан Яҳованинг хизматчиларида катта қизиқиш уйғотади?
3 Илк башорат Адан боғидаги исёндан сўнг айтилган эди. Яҳова илонга шундай деди: «Сен билан хотин орасига, сенинг зотинг билан унинг зоти орасига адоват соламан. Ўша зот сенинг бошингни эзиб ташлайди, сен эса унинг товонини чақасан» (Ибтидо 3:15). Бу башорат илоннинг рамзи сифатида Шайтонга айтилган эди. «Хотин» — Яҳовага содиқ самовий ташкилот бўлиб, вафодор аёл билан солиштирилади. Илоннинг зоти Шайтонга бўйсунувчи фаришталар ва инсонлардан иборат бўлиб, Яҳовага ва Унинг халқига қарши тураётганлардир. Илоннинг боши эзиб ташланиши, Худога туҳмат қилган ва инсониятни улкан балоларга дучор қилган исёнчи Шайтоннинг батамом йўқ қилинишини англатади. Аммо илоннинг бошини эзиб ташлайдиган «Зотнинг» асосий қисми ким экан? Асрлар давомида бу «улуғ сир» бўлиб келган (Римликларга 14:24; 16:20).
4. Қандай қилиб Исонинг насабномаси, у ваъда қилинган Зот эканини тушунишга ёрдам беради?
4 Қарийб 2 000 йилдан сўнг, Яҳова келгуси тафсилотларини очиб берди. Зот Иброҳимнинг наслидан келиб чиқишини маълум қилди (Ибтидо 22:15-18). Аммо Зотнинг келиб чиқиши айнан шу наслдан бўлибгина қолмай, балки Худонинг танловига боғлиқ эди. Гарчи Иброҳим Ҳожардан кўрган ўғли Исмоилни севган бўлса-да, Яҳова унга: «Ўз аҳдимни... Соро сенга туғиб берадиган Исҳоқ орқали амалга ошираман»,— деди (Ибтидо 17:18-21). Кейинчалик Яҳова берган ваъдасини тасдиқлаб, Исҳоқнинг тўнғичи Эсов билан эмас, балки Исроилнинг 12 қабиласининг отаси бўлмиш Ёқуб билан аҳд тузди (Ибтидо 28:10-14). Вақти билан эса Зот Яҳудонинг наслидан бўлган Довуднинг авлодида туғилиши маълум бўлди (Ибтидо 49:10; 1 Солномалар 17:3, 4, 11-14).
5. Исо ер юзидаги хизматини бошлаганида, унинг Масиҳ эканлиги нимадан аниқ бўлди?
5 Зот кимлигини аниқлашда яна нима ёрдам беради? Зот келишидан қарийб 700 йил аввал, Муқаддас Китоб Байтлаҳм шаҳрида унинг инсон бўлиб дунёга келишини башорат қилган эди. Унда шунингдек, Зотнинг келиб чиқиши «азалдандир», яъни осмонда яратилган вақтдан буён деб очиб берилди (Михо 5:2, ЯДТ). Унинг Масиҳ бўлиб ерга келишининг аниқ вақти ҳам Дониёр пайғамбар орқали башорат қилинган эди (Дониёр 9:24-26). Исога муқаддас руҳ тушиб Яҳованинг Мойлангани, яъни Масиҳи бўлганида, осмондан, Худонинг бу Менинг Ўғлим, деган нидоси келди (Матто 3:16, 17). Зот аниқланган эди! Шу сабабли Филип аминлик билан: «Биз Мусо ва бошқа пайғамбарлар Тавротда ёзган... Исони топдик»,— деди (Юҳанно 1:45).
6. а) Луқо 24:17 га биноан, Исонинг шогирдлари нимани тушунишди? б) «Хотин зотининг» асосий қисми ким ва илоннинг бошини эзиб ташлаш нимани англатади?
6 Кейинчалик Исонинг шогирдлари Муқаддас Китобда Исога тегишли бир талай башоратлар борлигини кўришди (Луқо 24:27). Боз устига, илоннинг бошини эзиб ташлайдиган, яъни Шайтонни йўқ қиладиган «хотин зотининг» асосий қисми айнан Исо эканлиги аниқ бўлди. Худо инсониятга берган ва биз зориқиб кутаётган ваъдаларнинг ҳаммаси, Исо орқали рўёбга чиқади (2-Коринфликларга 1:20).
7. Башоратларда ким ҳақида гап кетаётганини билганимиздан сўнг, нимани англаб етиш муҳим?
7 Бу билимлар бизга қандай таъсир қилиши керак? Муқаддас Китобда бўлажак Қутқарувчи ёки Масиҳ ҳақидаги башоратларнинг айримларини ўқиб чиққан ҳабашистонлик амалдор тўғрисида гапирилади. Ўқиганларини тушунмай, у инжил воизи Филипдан: «Пайғамбар буни ким ҳақида айтяпти?» — деб сўради. Саволига жавоб олгач, ҳабаш бу билан кифояланмади. Ҳабаш Филипнинг талқинини диққат билан тинглаб, бу бажо бўлган башорат буюк маънога эга эканлигини кўрган инсон, қўл қовуштириб ўтирмаслиги кераклигини англаб етди. У сувга чўмиши кераклигини тушунди (Ҳаворийлар 8:32-38; Ишаё 53:3-9). Олган билимларимиз бизга ҳам шундай таъсир қиляптими?
8. а) Иброҳимнинг Исҳоқни қурбон қилишга тайёр бўлганлиги ниманинг рамзи эди? б) Нима учун Яҳова Иброҳимга сенинг Наслингдан барча халқлар барака топадилар деди ва биз бундан қандай сабоқ олишимиз мумкин?
8 Шунингдек, Иброҳим Сородан кўрган ягона ўғли Исҳоқни қурбон қилишга тайёр бўлганлиги ҳақидаги ҳаяжонли ҳикояни эслайлик (Ибтидо 22:1-18). Бу, келажакда Яҳова ягона Ўғлини қурбонликка келтиришининг рамзи эди: «Зеро Худо оламни шунчалик севдики, Ўзининг ягона Ўғлини берди, токи Унга ишонган ҳар бир киши ҳалок бўлмасин, балки абадий ҳаётга эга бўлсин» (Юҳанно 3:16). Яҳова Ўз ниятини амалга ошириш учун ягона Ўғлини аямаган экан, «ҳамма нарсани ҳам бизга беришига» амин бўлишимиз мумкин (Римликларга 8:32). Бизлардан нима талаб қилинади? Ибтидо 22:18 да айтилганидай, Иброҳим Худонинг «гапига қулоқ солгани учун», барча халқлар унинг Наслидан барака топадилар. Биз ҳам Яҳова ҳамда Исога қулоқ солишимиз керак: «Кимки Худо Ўғлига ишонса, абадий ҳаётга эришади. Ўғилга ишонмаган одам эса ҳаёт кўрмай, Худонинг ғазабига учрайди» (Юҳанно 3:36).
9. Исонинг қурбонлиги туфайли бизлар эга бўлган абадий ҳаёт умиди учун миннатдорлигимизни қандай кўрсатамиз?
9 Исонинг қурбонлиги туфайли бизлар эга бўлган абадий ҳаёт умиди учун миннатдор бўлсак, Яҳова Исо орқали берган амрларига риоя қиламиз. Бу, Худони ҳамда яқинларимизни севишимиз кераклигини англатади (Матто 22:37-39). Исо кўрсатганидай, Яҳовага бўлган севгимиз, Исо бизларга «буюрган ҳамма нарсага амал қилишни» бошқаларга ўргатишга ундайди (Матто 28:19, 20). Боз устига, Яҳованинг хизматчиларига ҳам меҳр-муҳаббат кўрсатиш истаги пайдо бўлади, буни эса «йиғилишларимизга» мунтазам қатнашиб амалга ошира оламиз (Ибронийларга 10:25; Галатияликларга 6:10). Яҳова ҳамда Исога итоат қилар эканмиз, улар биздан мукаммалликни талаб қилишади деган фикрга бормаслигимиз керак. Ибронийларга 4:15 да айтилганидек, Олий руҳонийимиз Исо «заифликларимизга ҳамдард» бўла олади (Ибронийларга 4:15). Ибодатда Масиҳ орқали Худодан камчиликларимизни енгиш учун ёрдам сўрасак, нақадар тасалли топамиз! (Матто 6:12).
Масиҳга ишонч ҳосил қилинг
10. Нима сабабдан Исо Масиҳдан бўлак ҳеч кимдан нажот йўқ?
10 Муқаддас Китоб башоратларининг Исода бажо бўлганини яҳудийларнинг Қуддусдаги олий маҳкамасига тушунтириб, ҳаворий Бутрус: «Бошқа ҳеч кимдан нажот йўқ. Нажот топишимиз учун, осмони фалак остида одамзодга берилган бошқа ҳеч бир исм йўқ»,— деб ишончли якун ясади (Ҳаворийлар 4:11, 12). Одам Атонинг бутун авлоди гуноҳкор бўлганлиги сабабли, уларнинг ўлими ҳеч қандай аҳамиятга эга бўлмай, ҳеч кимни қутқара олмайди. Исо эса мукаммал бўлган ва унинг ҳаёти қутқарувчи қудратга эга бўлган (Забур 48:7-10; Ибронийларга 2:9). У ҳаётини тўлов сифатида Худога тақдим этди, унинг баҳоси Одам Ато йўқотган мукаммал ҳаётга тўла мос келар эди (1-Тимўтийга 2:5, 6). Бу, Худонинг янги дунёсида абадий яшай олишимизга йўл очди.
11. Масиҳнинг қурбонлиги нақадар улкан фойда келтиришини тушунтириб беринг.
11 Исо Масиҳнинг тўлови ҳозирданоқ бизга фойда келтирмоқда. Масалан, у туфайли гуноҳларимиз кечирилиб, пок виждонли бўла оламиз. Мусо пайғамбар орқали берилган амрларга биноан, исроилликлар келтирган ҳайвонлар қурбонлигидан кўра, бу анча устундир (Ҳаворийлар 13:38, 39; Ибронийларга 9:13, 14; 10:22). Бироқ гуноҳларимиз кечирилиши учун, Масиҳнинг қурбонлигига нақадар муҳтожлигимизни англаб етишимиз керак: «Агар гуноҳимиз йўқ десак, ўз-ўзимизни алдаган бўламиз ва кўнглимизда ҳақиқат бўлмайди. Агар гуноҳларимизни эътироф қилсак, Худо гуноҳларимиздан ўтади ва бизни ҳар турли ноҳақликдан фориғ қилади. Чунки У Ўз сўзида содиқ ва адолатлидир» (1-Юҳанно 1:8, 9)
12. Нима сабабдан Худо олдида пок виждонга эга бўлиш учун сувга чўмиш зарур?
12 Қандай қилиб гуноҳкорлар Масиҳга ва унинг қурбонлигига ишонч ҳосил қилишлари мумкин? Биринчи асрда яшаган имонлилар, буни жамоат олдида кўрсатишган. Қандай қилиб дейсизми? Улар сувга чўмиб имон келтиришган. Нима сабабдан? Чунки Исо барча шогирдларига сувга чўмиб имон келтиришни амр этган (Матто 28:19, 20; Ҳаворийлар 8:12; 18:8). Агар инсон Яҳованинг Исо орқали тақдим этган ҳадяси учун чин дилдан миннатдор бўлса, у қўл қовуштириб ўтирмайди. У ўз ҳаётига керакли ўзгаришлар киритади, ибодатда ўзини Худога бағишлайди ва бунинг рамзини сувга чўмиш билан кўрсатади. Имони асосида қилган бундай хатти-ҳаракатлар билан, инсон Худодан «пок виждонни» сўраган бўлади (1-Бутрус 3:21).
13. Гуноҳ қилганимизни англаган бўлсак, нима қилишимиз лозим ва нима учун?
13 Аммо сувга чўмгандан кейин ҳам гуноҳли мойилликлар ҳануз кўриниб туради. Унда нима қилиш мумкин? Ҳаворий Юҳанно бундай деган: «Буларни шунинг учун ёзяпманки, сизлар гуноҳ қилманглар. Бордию бирортамиз гуноҳ қилиб қўйсак, Отанинг олдида одил ҳомиймиз — Исо Масиҳ бор. Унинг Ўзи... гуноҳларни ювиш учун қурбон бўлди» (1-Юҳанно 2:1, 2). Бу, қандай гуноҳ қилсак ҳам Худога ибодат қилсак бас, У ҳаммасини кечиради деганими? Албатта йўқ. Гуноҳимиз кечирилиши учун чин юракдан тавба қилишимиз керак. Эҳтимол, имонлилар жамоатининг каттароқ ёшдаги ва тажрибалироқ аъзоларининг ёрдами керак бўлар. Нотўғри йўл тутганлигимизни англаб етишимиз керак ва қилмишимиздан қаттиқ афсус чекиб, хатомизни бошқа қайтармасликка бор кучимиз билан ҳаракат қилишимиз керак (Ҳаворийлар 3:19; Ёқуб 5:13-16). Шунда биз Яҳованинг хайрихоҳлигига эришишда Исо ёрдам беришига амин бўлишимиз мумкин.
14. а) Исонинг қурбонлиги қайси муҳим жиҳатдан фойда келтиришини тушунтириб беринг. б) Имонимиз борлигини нима билан кўрсатамиз?
14 Исонинг қурбонлиги «кичик пода», яъни Ибтидо 3:15 да келтирилган зотнинг иккинчи даражали қисми учун самодаги абадий ҳаётга йўл очди (Луқо 12:32; Галатияликларга 3:26-29). Миллионлаб бошқа инсонлар учун эса ер юзидаги жаннатда абадий ҳаёт учун йўл очди (Забур 36:29; Ваҳий 20:11, 12; 21:3, 4). Абадий ҳаёт — бу ‘Раббимиз Исо Масиҳ орқали Худонинг инъомидир’ (Римликларга 6:23; Эфесликларга 2:8-10). Агар бу инъомга ишончимиз бор бўлса ва унинг қадрига етаётган бўлсак, буни амалда кўрсатамиз. Яҳованинг ниятида Исо нақадар улуғ вазифани бажарганини ва унга тақлид қилишимиз қанчалик муҳимлигини фаҳмласак, Худога хизматимиз ҳаётимизда энг муҳим ўринни эгаллайди. Худонинг ажойиб инъоми ҳақида бошқаларга аминлик билан айтганимизда, имонимиз борлиги равшан бўлади (Ҳаворийлар 20:24).
15. Исо Масиҳга бўлган ишонч қандай қилиб бирлаштиради?
15 Бундай имон ажойиб тарзда бирлаштириш кучига эга! У туфайли Яҳова ҳамда Исога, шунингдек масиҳчилар жамоатида бир-биримизга янада яқинлашамиз (1-Юҳанно 3:23, 24). Биз хурсандмизки, Яҳова меҳрибонлиги туфайли Ўз Ўғлига «[Худонинг исмидан ташқари] ҳар қандай исмдан юқори исмни ато этди, токи Исонинг исми тилга олинганда кўк, ер ва ер остидаги борлиқ жон тиз чўксин ва ҳар бир тил Отамиз Худо шаънига Исо Масиҳни Раббим деб очиқ тан олсин» (Филиппиликларга 2:9-11).
Такрорлаш учун саволлар
• Нима сабабдан Худонинг Каломига чин кўнгилдан ишонган инсонлар, Масиҳ келганида уни аниқ таний олишган?
• Исо Масиҳнинг қурбонлиги учун миннатдорлигимизни қандай кўрсатишимиз мумкин?
• Исонинг қурбонлиги ҳозирданоқ бизга қандай фойда келтирмоқда? Гуноҳларимизни кечиришини сўраб, Яҳовага ибодат қилганимизда бу бизга қандай ёрдам беради?
[36- саҳифадаги расм]
Исо шогирдларига, бошқаларга Худонинг амрларини бажаришга ўргатишларини буюрди.