Қўриқчи минорасининг ОНЛАЙН КУТУБХОНАСИ
Қўриқчи минорасининг
ОНЛАЙН КУТУБХОНАСИ
ўзбекча
  • МУҚАДДАС КИТОБ
  • АДАБИЁТЛАР
  • УЧРАШУВЛАР
  • w12 15.11. 15–19-саҳ.
  • Камтарлик фазилатини ривожлантиринг

Танланган маълумот учун видео мавжуд эмас.

Кечирасиз, видеони ижро этишда хатолик юз берди.

  • Камтарлик фазилатини ривожлантиринг
  • Қўриқчи минораси Худованд Яҳованинг Шоҳлигини хабарлайди – 2012
  • Сарлавҳалар
  • Ўхшаш маълумот
  • «ОҲ, ХУДОНИНГ БОЙЛИГИ ҲАМДА ДОНОЛИГИЮ БИЛИМИ ҚАНЧАЛИК ТУБСИЗ-А!»
  • «ОРАНГИЗДА КИМ ЎЗИНИ ПАСТ ОЛИБ ЮРСА, ЎША БУЮК БЎЛАДИ»
  • ЎЗИНГИЗНИ ПАСТ ОЛИБ ЮРИШГА ИНТИЛИНГ
  • Тангри Яҳова камтар хизматчиларини қадрлайди
    Қўриқчи минораси Худованд Яҳованинг Шоҳлигини хабарлайди (Тадқиқ сони) – 2019
  • Исо камтарлик борасида ўрнак кўрсатган
    Қўриқчи минораси Худованд Яҳованинг Шоҳлигини хабарлайди – 2012
  • Ўз ҳақингизда керагидан ортиқ ўйламанглар
    Қўриқчи минораси Худованд Яҳованинг Шоҳлигини хабарлайди (Тадқиқ сони) – 2020
Қўриқчи минораси Худованд Яҳованинг Шоҳлигини хабарлайди – 2012
w12 15.11. 15–19-саҳ.

Камтарлик фазилатини ривожлантиринг

Орангизда ким ўзини паст олиб юрса, ўша буюк бўлади. ЛУҚО 9:48

САВОЛЛАРГА ЖАВОБ ТОПАЙЛИК

  • Камтарлик руҳини ривожлантиришга нима ёрдам беради?

  • Қай йўсин ўзини паст олган «буюк» бўлиши мумкин?

  • Никоҳда, жамоатда ҳамда бошқалар билан муносабатда қандай қилиб камтарликни намоён этсак бўлади?

1, 2. Исо ҳаворийларига қандай насиҳат берган ва нега у бундай деган?

МИЛОДИЙ 32- йил эди. Исо Жалила вилоятида бўлганида, мушкул бир вазият юзага келди. Унинг ҳаворийлари орасида ким буюк деган баҳс кўтарилди. Инжил ёзувчиси Луқо бу борада шундай деб айтган: «Исонинг шогирдлари орасида ким энг буюк бўлиши керак, деган баҳс кўтарилди. Исо уларнинг кўнглидан нима кечаётганини билиб, бир ёш болани олди-да, ёнига турғизди. Кейин уларга қуйидагича деди: “Ким шу жажжи болакайни менинг номимдан қабул қилса, мени ҳам қабул қилган бўлади. Мени қабул қилган эса, мени Юборганни ҳам қабул қилган бўлади. Чунки орангизда ким ўзини паст олиб юрса, ўша буюк бўлади”» (Луқо 9:46–48). Сабр-тоқат билан, лекин қатъият ила Исо ҳаворийларига камтарлик муҳим эканини тушунишга ёрдам берган.

2 Исонинг камтар бўлиш борасидаги насиҳати ўша пайтдаги яҳудийлар учун аҳамиятли бўлганми? Ёки бундай нуқтаи назар аксарият одамларнинг фикрлаш тарзига зид бўлганми? Ўша даврдаги жамият ичида ҳукм сурган муҳит ҳақида бир манбада шундай дейилган: «Ҳар бир вазиятда ким буюк деган савол кўтариларди ҳамда у ёки бу инсон ҳурматга лойиқми деган масала ҳамиша уларни ташвишлантирарди» («Theological Dictionary of the New Testament»). Исо ҳаворийларига кўпчиликдан ажралиб туришни насиҳат қилган.

3. а) «Ўзини паст олиб юриш» дегани нимани англатади ва нега шундай йўл тутиш биз учун баъзида қийин бўлиши мумкин? б) Камтарлик руҳини ривожлантириш борасида қандай саволлар туғилмоқда?

3 «Ўзини паст олиб юриш» деб таржима қилинган юнонча сўзнинг шундай маънолари бор: ўз имконият чегарасини биладиган, камтар, кўзга кўринмайдиган, аҳамиятсиз ёки ҳурмати ва таъсири оз. Исо жажжи болани мисол тариқасида келтириб, ҳаворийлари камтар ва ўз имконият чегарасини биладиган инсон бўлишлари муҳим эканини яққол кўрсатди. Бу насиҳат нафақат биринчи асрдаги масиҳийлар учун, балки бугунги кундаги Худонинг хизматчилари учун ҳам жуда амалийдир. Тўғри, баъзи вазиятларда ўзимизни паст олиб юриш қийин бўлади. Мағрурликка бўлган мойиллик бизни шон-шуҳрат излашга ундаши мумкин. Қолаверса, рақобатчилик ҳукм сураётган муҳитда яшаяпмиз ва бу дунёнинг руҳи ўз таъсирини ўтказиб, бизни худбин, уришқоқ ёки айёр инсонга айлантирмоқчи бўлади. Хўш, камтарлик руҳини ривожлантиришимизга нима ёрдам беради? Ўзини паст олиб юрган инсон қандай қилиб буюк бўлиши мумкин? Ҳаётимизнинг қайси соҳаларида камтарлик руҳини намоён этишга интилишимиз керак?

«ОҲ, ХУДОНИНГ БОЙЛИГИ ҲАМДА ДОНОЛИГИЮ БИЛИМИ ҚАНЧАЛИК ТУБСИЗ-А!»

4, 5. Камтарликни ривожлантиришда бизга нима ёрдам бериши мумкин? Мисол келтиринг.

4 Камтарликни ривожлантиришнинг йўлларидан бири — Яҳова биздан қанчалик буюк экани ҳақида мулоҳаза юритишдир. Ҳақиқатдан ҳам «Унинг донолигини билиб бўлмайди» (Ишаё 40:28). Яҳова улуғворлигининг айрим қирралари тўғрисида ҳаворий Павлус қуйидагиларни ёзган: «Оҳ, Худонинг бойлиги ҳамда донолигию билими қанчалик тубсиз-а! Унинг ҳукмларига ақл бовар қилмас, Унинг ҳамма йўлларини тушуниб бўлмас!» (Рим. 11:33). Павлус бу сўзларни қарийб 2 000 йил муқаддам ёзган эди. Ўша вақтдан буён одамларнинг кўп соҳада билимлари ошди. Аммо бу сўзлар ҳали-ҳануз ҳақиқатлигича қолмоқда. Биз қанчалик кўп билимга эга бўлмайлик, Тангри Яҳовани, Унинг ишларини ва йўлларини чексиз ўрганишимиз кераклигини камтарлик ила тан олишимиз лозим.

5 Мисол учун Леониa олайлик. Аллоҳ яратган барча нарсани ўрганишнинг иложи йўқлигини тушуниш, унга ўзини паст олишга кўмаклашди. Ёшлик чоғида у илм-фанга меҳр қўйган эди. Коинот ҳақида кўпроқ билим олишга интилиб, у астрофизикани ўрганди ва бундан муҳим хулоса чиқариб, шундай деди: «Тадқиқотлар ўтказиб шуни тушундимки, замонавий илмий назариялар билангина инсон коинотни тўлиқ тушуна олмайди. Шунда қонунларни ўрганишга ўтдим». Вақт ўтиб, Лео вилоят прокурори ва кейинчалик судья бўлди. Кейинчалик у ва хотини Яҳованинг Шоҳидлари билан Муқаддас Китобни ўргана бошладилар. Улар ҳақиқатни қабул қилдилар ва ҳаётларини Худога бағишлаб, сувга чўмдилар. Олий маълумотли бўлишига қарамасдан, Леога ўзини паст олиб юришга нима ёрдам берди? У тўла ишонч билан шундай жавоб берди: «Яҳова ҳамда коинот ҳақида қанча билим олмайлик, ҳали кашф этилмаган кўп нарсалар борлигини англаб етдим».

6, 7. а) Яҳова камтарлик борасида қандай ўрнак кўрсатмоқда? б) Худонинг камтарлиги қай йўсин инсонни «буюк» қилади?

6 Камтарликни ривожлантиришга ёрдам берадиган яна бир омил — Яҳованинг Ўзи намоён этаётган камтарликдир. Мана бу сўзларга эътибор беринг: «Биз Тангрининг хизматдошларимиз» (1 Кор. 3:9). Тасаввур қилинг, Тангри Яҳованинг буюклигига ҳеч бир шахс тенг кела олмайди. Лекин шунга қарамасдан, У бизга Каломи бўлмиш Муқаддас Китобдан фойдаланиб, илоҳий хизматни бажариш шарафини ато этди. Гарчи биз эккан ва суғорган уруғни Яҳованинг Ўзи ўстирса-да, У билан хизмат қилишдек шарафли вазифани бизга ишониб топширган (1 Кор. 3:6, 7). Яҳова камтарлик борасида ажойиб ўрнак кўрсатаётгани ҳайратланарли эмасми?! Шубҳасизки, Яҳова камтарликни намоён этаётгани бизни ҳам ўзимизни паст олиб юришга ундайди.

7 Худонинг камтарлик борасида кўрсатган ўрнаги, сано бастакори Довудда жуда катта таассурот қолдирган. У, Яҳова ҳақида шундай деб куйлаган: «Сен менга зафар қалқонингни бергансан, мададинг [камтарлигинг, ЯДТ] эса мени юксалтирар» (2 Шоҳ. 22:36). Тангри Яҳова Довудга эътибор ва ёрдам бериб, камтарликни намоён этган. Довуд айнан шу туфайли Исроилда буюк ишлар қила олганини тушунарди (Заб. 112:5–7). Қандай фазилат, қобилият ва шарафли вазифаларга эга бўлмайлик, ҳамма нарсани Яҳовадан олганмиз, шундай эмасми? (1 Кор. 4:7). Ўзини паст олиб юрган киши Яҳованинг жуда қадрли хизматчиси бўлади, шу маънода у «буюк» бўлади (Луқо 9:48). Келинг, амалда бу нимани англатишини кўриб чиқайлик.

«ОРАНГИЗДА КИМ ЎЗИНИ ПАСТ ОЛИБ ЮРСА, ЎША БУЮК БЎЛАДИ»

8. Камтар бўлиш Яҳованинг ташкилотига нисбатан муносабатимизга қандай таъсир қилади?

8 Камтар инсонлар Худонинг ташкилотида бахтли бўлиб, жамоатдаги тартибни қўллаб-қувватлашади. Масалан, Яҳованинг Шоҳидлари оиласида катта бўлган Петра исмли ёш аёлнинг мисолини олайлик. Ўз хоҳишича яшашни истаб, у жамоатдан узоқлашиб кетди. Бир неча йил ўтгач, у яна жамоатга қайтиб келди. У эндиликда Яҳованинг ташкилотида бўлганидан жуда бахтиёр ва жамоатдаги тартибни астойдил қўллаб-қувватламоқда. Бундай ўзгаришлар қилишига уни нима ундади? У шундай деб ёзди: «Худонинг ташкилотида қолишим учун, камтарлик ва ўз имконият чегарасини билиш каби фазилатларни ривожлантириш ниҳоятда муҳим эканини тушундим».

9. Маънавий озуқага нисбатан камтар киши қандай муносабатда бўлади ва нега бу унинг хизматда янада фойдали бўлишига ҳисса қўшади?

9 Камтар инсон Яҳованинг барча яхшиликлари, жумладан маънавий озуқа учун чин юракдан миннатдор бўлади. Демак, бундай инсон Муқаддас Китобни чуқур тадқиқ қилишга, «Қўриқчи минораси» ва «Уйғонинг!» журналларини ўқишга ҳаракат қилади. Яҳованинг бошқа садоқатли хизматчилари сингари, у янги адабиётни шахсий кутубхонаси жойлашган китоб жавонига қўйишдан аввал уни тўлиқ ўқиб чиқади. Муқаддас Китобга асосланган адабиётларимизни ўқиб тадқиқ қилсак, камтарлигимизни ва улар учун миннатдор эканимизни намоён этамиз. Шунда маънан ўсиб, Яҳова Ўзининг хизматида биздан янада кўпроқ фойдаланишига имкон яратамиз (Иброн. 5:13, 14).

10. Жамоатда қандай қилиб ўзимизни паст олаётганимизни кўрсатишимиз мумкин?

10 Ўзини паст олиб «буюк» бўлишнинг бошқа йўли ҳам бор. Ҳар бир жамоатда муқаддас руҳ билан тайинлаган қобилиятли эркаклар, яъни оқсоқоллар бошчилик қилади. Улар жамоат учрашувлари, ваъзгўйлик хизмати ва далда берувчи ташрифлар қилиш каби маънавий тадбирларни уюштиришади. Агар ўзимизни паст олиб, бу тадбирларни тайёрлик ила қўллаб-қувватласак, жамоатдаги хурсандчилик, тинчлик ва бирликка катта ҳисса қўшган бўламиз (Ибронийларга 13:7, 17 ни ўқинг). Агар сиз оқсоқол ёки жамоат хизматкори бўлсангиз, Яҳова сизга мана шундай шарафли вазифани топшириб қўйганидан миннатдор бўлиб, камтарликни намоён этяпсизми?

11, 12. Қайси фазилат туфайли Яҳованинг ташкилотида жуда қадрли инсон бўламиз ва нега?

11 Ўзини паст олиб юрадиган киши «буюк»дир, яъни Яҳованинг ташкилотида бундай инсон жуда қадрлидир. Чунки камтарлиги уни яхши ва Худо хизматига яроқли инсон қилади. Исо шогирдларини ўзини паст олиб юришга ундаган. Сабаби улардан айримлари мағрур замондошлари каби фикр юритишган. Луқо 9:46 да шундай дейилган: «Сўнгра Исонинг шогирдлари орасида ким энг буюк бўлиши керак, деган баҳс кўтарилди». Эҳтимол хаёлимизга: имондошларимизга нисбатан мен анча яхшироқман ёки атрофдаги одамлардан устунлигим бор, деган фикр келиши мумкин. Дунёдаги аксарият инсонлар худбин ва такаббурдир. Ундан кўра, келинг, камтар бўлиб, мағрурликдан узоқроқ юрайлик. Агар шундай қилсак ва Яҳованинг иродасини биринчи ўринга қўйсак, биродару опа-сингилларимизга биз билан суҳбатлашиш роҳат келтиради.

12 Исонинг ўзингизни паст олинг, деган маслаҳатини яхши тушунсак, ҳаётимизнинг барча соҳаларида камтар бўлишга ҳаракат қиламиз. Ҳозир эса келинг, учта вазиятни кўриб чиқайлик.

ЎЗИНГИЗНИ ПАСТ ОЛИБ ЮРИШГА ИНТИЛИНГ

13, 14. Хотин ёки эр қандай қилиб ўзини паст олиб юриши керак ва бундай муносабат никоҳга қандай таъсир қилади?

13 Никоҳда. Бугунги кунда аксарият инсонлар ўзларининг ҳақ-ҳуқуқлари ҳақида шунчалик кўп қайғуришадики, бошқаларнинг ҳуқуқларини бузиб бўлса-да, ўзлариникини ҳимоя қилишгача боришади. Аммо ўзини паст олган киши, Павлус барчамизни ундаган нуқтаи назарга эга бўлган ҳолда йўл тутади. Римликларга ёзган мактубида у шундай деган: «Келинглар, тинчлик келтирадиган ва бир-биримизни мустаҳкамлашга кўмаклашадиган нарсалар пайидан бўлайлик» (Рим. 14:19). Ўзини паст тутган инсон ҳамма билан, айниқса севимли турмуш ўртоғи билан тинч яшашга интилади.

14 Ўйин-кулги масаласини муҳокама қилайлик. Масалан эр-хотин ўйин-кулгини танлашда турли хил фикрда бўлиши мумкин. Эҳтимол эр бўш вақтида уйда қолиб дам олишни ёки биронта китоб ўқишни ёқтирар. Хотини эса бирон жойга бориб овқатланишни ёки дўстларидан хабар олишни маъқул кўрар. Агар эр фақатгина ўзининг шахсий қизиқишлари ҳақида ўйламасдан, хотинига нима ёқиш-ёқмаслигини инобатга олиб камтарликни намоён этса, хотини учун уни ҳурмат қилиш осонроқ бўлмайдими? Хотин ҳам ўзиникида туриб олмасдан, эрининг хоҳиш-истакларини эътиборга олса, эри учун уни севиб ардоқлаш қийин бўлмайди! Ҳар бири ўзини паст олишга ҳаракат қилса, уларнинг никоҳ ришталари янада мустаҳкам бўлади (Филиппиликларга 2:1–4 ни ўқинг).

15, 16. Забур 130 да Довуднинг қандай муносабати тасвирланган ва бу жамоатдаги ҳаракатимизга қандай таъсир қилиши лозим?

15 Жамоатда. Дунёдаги инсонларнинг аксарияти истакларини дарҳол қондиришга интилиб яшайди. Улар сабрсиз бўлиб, кутиш улар учун бир синовдек. Ўзимизни паст олиб юриш фазилати бизга Яҳовани кутишга, яъни унга умид қилишга ёрдам беради (Забур 130:1–3 ни ўқинг). Камтар бўлиб Яҳовани кутсак хавфсизликни, хотиржамликни ҳамда мамнуниятни ҳис этиб, қут-баракаларга эга бўламиз. Шу сабабли Довуд ҳамюртларини Худони сабр-тоқат билан кутишга ундаги ажабланарли эмас!

16 Сиз ҳам камтарлик ила Яҳовани кутсангиз, шу сингари тасалли олишингиз мумкин (Заб. 41:6). Эҳтимол сиз ҳам «яхши ишни орзу қилаётгандирсиз» ва шунинг учун «нозир бўлишга интилаётгандирсиз» (1 Тим. 3:1–7). Аввало муқаддас руҳ ёрдамида оқсоқол бўлиш учун керакли фазилатларни қўлдан келганича ривожлантиришга ҳаракат қилинг. Аммо бошқаларга қараганда кўпроқ кутишга тўғри келиб қолса-чи? Ўзини паст оладиган киши, шарафли вазифаларни сабр-тоқат ила кутади ва Яҳовага қувонч ила хизмат қилишни тўхтатмай, У берган ҳар қандай топшириқни хурсанд бўлиб бажаради.

17, 18. а) Бошқаларни кечириш ва кечирим сўраш қандай самаралар келтиради? б) Кутилмаган ҳодиса дастидан шартноманинг шартларини бажара олмасак, Ҳикматлар 6:1–5 қандай йўл тутишга ундаяпти?

17 Бошқалар билан бўлган муносабатда. Аксарият инсонлар учун кечирим сўраш жуда қийин. Лекин Худонинг хизматчилари ўзини паст олишга ҳаракат қилиб, хатоларини тан олишади ва кечирим сўрашади. Боз устига, улар бошқаларнинг ҳам гуноҳларини кечиришга тайёр бўлишади. Одамлар мағрур бўлса, кўпинча уларнинг орасида бўлинишлар ва тушунмовчиликлар юз беради. Аммо кечиримли бўлиш, жамоат ичида тинчлик ҳукм суришига ҳисса қўшади.

18 Борди-ю бир киши билан шартнома тузсак, лекин кутилмаган ҳодиса дастидан унинг шартларини бажара олмасак, ўзимизни паст олиб, у кишидан чин юракдан кечирим сўрашимиз керак. Гарчи бу вазиятнинг юзага келишига қисман бошқа томоннинг айби бўлса-да, камтар масиҳий ўзининг хатосига эътиборини қаратиб, уларни тан олади (Ҳикматлар 6:1–5 ни ўқинг).

19. Ўзимизни паст олиш борасидаги маслаҳат учун миннатдор бўлишимизнинг қандай сабаблари бор?

19 Муқаддас Китоб ўзимизни паст олиб юришга ундаётгани учун жуда миннатдормиз. Баъзида камтар бўлиш қийин кечади. Аммо Яратувчимиз биздан қанчалик буюк экани ҳақида ўйласак ҳамда Унинг Ўзи шу сифатни намоён этаётганини эсда тутсак, ўзимиз ҳам шу ажойиб фазилатни намоён этишни истаб қоламиз. Шундай йўл тутиб биз Яҳованинг жуда қадрли хизматчиларидан бири бўламиз. Келинг, ҳар биримиз ўзимизни паст олиб юришга ҳаракат қилайлик.

a Исмлар ўзгартирилган.

    Ўзбекча адабиётлар (1993-2025)
    Чиқиш
    Кириш
    • ўзбекча
    • Улашиш
    • Созламалар
    • Copyright © 2025 Watch Tower Bible and Tract Society of Pennsylvania
    • Фойдаланиш шартлари
    • Махфийлик сиёсати
    • Махфийлик созламалари
    • JW.ORG
    • Кириш
    Улашиш