«Ёмонлик эвазига ёмонлик қайтарманглар»
Ҳеч кимга ёмонлик эвазига ёмонлик қайтарманглар. Барча одамларнинг кўзи олдида яхшилик қилишга интилинглар. РИМЛИКЛАРГА 12:17
1. Кўп инсонлар ўзларини қандай тутишади?
ОДАТДА бир болани бошқаси итариб юборса, у ҳам бориб уни туртади. Афсуски, нафақат болалар, балки катталар ҳам шундай йўл тутишади. Агар уларни кимдир хафа қилса, ўч олишни хоҳлашади. Гарчи кўпинча катталар том маънода бир-бирини туртмаса-да, хафа қилган кишидан аламини олишга ҳаракат қиладилар. Эҳтимол баъзилар у ҳақда ғийбат қилишни ёки бирор зарар етказишни бошлайдилар. Хуллас қандай усулни қўллашмасин, уларнинг мақсади — ўч олишдир.
2. а) Нега Худонинг хизматчилари ўч олишмайди? б) Қандай саволларни ва Муқаддас Китобнинг қайси бобини кўриб чиқамиз?
2 Ўч олиш истаги қанчалик кучли бўлмасин, Худонинг хизматчилари буни енгишга ҳаракат қилишади. Зеро улар ҳаворий Павлуснинг қуйидаги маслаҳатига риоя қилишга интилишади: «Ҳеч кимга ёмонлик эвазига ёмонлик қайтарманглар» (Римликларга 12:17). Бундай олижаноб қоидага амал қилишга бизни нима ундайди? Кимларга ёмонлик эвазига ёмонлик қайтармаслигимиз керак? Ўч олмаслик қандай фойда келтиради? Бу саволларга жавоб бериш учун, келинг, Павлуснинг Римликларга ёзган мактубининг 12- бобини кўриб чиқайлик. Шунда, ўч олишдан ўзимизни тийиб, тўғри йўл тутиш ҳамда севги ва камтаринликни намоён этиш нақадар афзал эканини кўрамиз. Ҳозир буларни бирма-бир кўриб чиқамиз.
«Шундай қилиб... сизларга ёлвораман»
3, 4. а) Римликларга йўлланган мактубнинг 12- бобидан бошлаб ҳаворий Павлус нимани муҳокама қилган ва қайси мақсадда «шундай қилиб» иборасини қўллаган? б) Римдаги имонлилар Худонинг иноятига қандай муносабатда бўлишлари керак эди?
3 Римликларга йўлланган мактубнинг 12- бобидан бошлаб ҳаворий Павлус, Худо хизматчиларининг ҳаётига тегишли тўртта бир-бирига боғлиқ бўлган мавзуларни, яъни Тангри Яҳова билан, имондошлармизу имондошимиз бўлмаганлар билан ҳамда давлат ҳокимлари билан муносабатларимизни баён этган. У нима сабабдан биз нотўғри мойилликларимизга, шу қаторда қасос олишга қарши курашишимизнинг сабабларидан бирини келтирган: «Шундай қилиб, эй биродарларим, Худонинг марҳамати ҳақи сизларга ёлвораман» (Римликларга 12:1). Марҳамат эътиборингизни бу оятдаги «шундай қилиб» иборасига қаратсангиз. Ушбу сўз «юқоридаги айтиб ўтилганга кўра» деган маънони англатади. Бу билан Павлус: «Айтиб ўтганим асосида, энди айтмоқчи бўлган сўзларимга риоя қилишингизни ёлвораман»,— демоқчи. Хўш, ҳаворий Павлус римдаги имондошларига нимани айтган эди?
4 Павлус мактубининг дастлабки 11та бобида, яҳудийлар ва ғайрияҳудийлар Худонинг Шоҳлигида Исо Масиҳнинг ворисдошлари бўлишдек ажойиб имкониятга эга эканликлари, лекин Исроил халқи эса бунинг қадрига етмагани ҳақида ёзган эди (Римликларга 11:13–36). Бундай шарафга «Худонинг марҳамати» туфайлигина эришиш мумкин бўлган. Имонлилар Худонинг бундай иноятига қандай муносабатда бўлишлари керак эди? Уларнинг қалби чуқур миннатдорликка тўлиб, Павлуснинг қуйидаги сўзларига амал қилишга ундаши лозим эди: «Худога оқилона хизмат қила олишингиз учун вужудингизни тирик, муқаддас, Худога манзур бўладиган қурбон қилиб бағишланглар» (Римликларга 12:1). Аммо қандай қилиб улар ўзларини Худога «қурбон» қилишлари мумкин бўлган?
5. а) Ўзини Худога «қурбон» қилиш нимани англатади? б) Худонинг хизматчилари қандай меъёрга амал қилишлари лозим?
5 Павлус давом этиб бундай деди: «Бу дунёга уйғунлашманглар. Худонинг яхши, манзур, комил иродасининг нима эканини фаҳмламоқ учун фикрингизни янгилаш орқали тубдан ўзгаринглар» (Римликларга 12:2). Худонинг хизматчилари, бу дунё уларнинг фикрлаш тарзига таъсир қилишига йўл қўймасликлари даркор бўлган. Улар Масиҳнинг фикрига эга бўлиш учун, ўз фикрларини янгилашлари лозим эди (1 Коринфликларга 2:16; Филиппиликларга 2:5). Худонинг хизматчилари эканмиз, барчамиз кундалик ҳаётимизда ушбу меъёрга риоя қилишимиз керак.
6. Римликларга 12:1-, 2- оятларидаги Павлуснинг сўзларига кўра, ўч олишга қарши курашишга нима ёрдам беради?
6 Римликларга 12:1-, 2- оятларидаги Павлуснинг сўзлари бизга қандай ёрдам беради? Римдаги мойланган масиҳчилар каби, Худо бизга доимо ва турли тарзда намоён этиб келаётган марҳамати учун жуда миннатдормиз. Шундай экан, миннатдорликка тўлган қалбимиз Худога хизмат қилиш учун бор кучимиз, маблағимиз ва қобилиятларимизни ишга солишга ундайди. Бундай самимий истагимиз, бу дунё каби эмас, балки Исо Масиҳ сингари фикр ютиритишга рағбатлантиради. Агар Масиҳнинг фикрига эга бўлсак, имондошларимиз ва бошқалар билан ўринли тарзда муносабатда бўламиз (Галатияликларга 5:25). Масалан, Масиҳ каби фикр юритсак, ўч олиш истагига қарши курашамиз (1 Бутрус 2:21–23).
«Севгингиз риёсиз бўлсин»
7. Римликларга мактубининг 12- бобида севгининг қайси тури муҳокама қилинган?
7 Биз ёмонлик эвазига ёмонлик билан жавоб бермаймиз, зеро бу билан нафақат тўғри йўл тутган, балки севгимизни намоён этган бўламиз. Келинг, ҳаворий Павлус севги ҳақида яна нималар деганини кўриб чиқайлик. Павлус Римликларга мактубида Худо ҳамда Исонинг севгисини назарда тутиб, бир неча бор «севги» (юнон. ага’пе) сўзини қўллаган (Римликларга 5:5, 8; 8:35, 39). Бироқ у 12- бобда ага’пе сўзини, инсонлар бир-бирига намоён этадиган севгига нисбатан қўллаган. Павлус маънавий инъомлар ҳар хил бўлишини ва фақат баъзи имонлиларга насиб этишини таъкидлаб ўтиб, севгини эса барча имонлилар ривожлантириши лозимлигини эслатди. У бундай деди: «Севгингиз риёсиз бўлсин» (Римликларга 12:4–9). Ўзгаларга бўлган севги, Худо хизматчиларининг асосий белгисидир (Марк 12:28–31). Дарҳақиқат, Павлус самимий севгини ривожлантиришга даъват этмоқда.
8. Қандай қилиб риёсиз севгини намоён этишимиз мумкин?
8 Павлуснинг келгуси сўзлари риёсиз севги нимада намоён бўлишини кўрсатмоқда: «Ёмонликдан нафрат қилиб, яхшиликка чирмашиб олинглар» (Римликларга 12:9). «Нафрат» ва «чирмашиш» — ўткир сўзлар. Юнончадан «нафрат» деб таржима қилинган сўзни, шунингдек «жирканиш» деб таржима қилса ҳам бўлади. Биз нафақат ёвузликнинг оқибатларидан, балки ёвузликнинг ўзидан нафратланишимиз керак (Забур 96:10). «Чирмашиш» деб таржима қилинган юнонча сўз эса, том маънода «ёпишиб қолишни» англатади. Самимий севгини намоён этувчи киши, яхшиликка гўё «ёпишиб қолгандек» қаттиқ чирмашиб олади. Бошқача айтганда, эзгулик қилиш унинг ажралмас бир қисми бўлиб қолади.
9. Павлус такрор-батакрор нима қилишга даъват этмоқда?
9 Севгининг бир тури ҳақида Павлус такрор-батакрор эслатмоқда. «Сизларни қувғин қилаётганларни дуо қилинглар, ҳа, дуо қилинглар, қарғаманглар». «Ҳеч кимга ёмонлик эвазига ёмонлик қайтарманглар». «Эй севиклиларим, ўзингиз учун қасос олманглар». «Ёмонликка мағлуб бўлма, ёмонликни яхшилик билан мағлуб қилгин» (Римликларга 12:14, 17–19, 21). Ҳаворий Павлус, имондошимиз бўлмаганларга, ҳатто душманларимизга қандай муносабатда бўлиш кераклигини аниқ кўрсатган.
«Сизларни қувғин қилаётганларни дуо қилинглар»
10. Бизни қувғин қилаётганларни қандай қилиб дуо қилишимиз мумкин?
10 Қандай қилиб Павлуснинг: «Сизларни қувғин қилаётганларни дуо қилинглар»,— деган сўзларига амал қилишимиз мумкин? (Римликларга 12:14). Ҳазрати Исо шогирдларига: «Душманларингизни севинглар. Сизни лаънатлаганларни дуо қилинглар»,— деб насиҳат қилган эди (Матто 5:44; Луқо 6:27, 28). Масалан, билмасдан бизни қувғин қилаётганлар учун ибодат қилиб ҳамда Яҳовадан уларнинг ҳақиқатга нисбатан кўзларини очишини сўраб, бизни лаънатлаганларни дуо қилган бўламиз (2 Коринфликларга 4:4). Худодан қувғин қилаётганларни дуо қилишини сўраш, бирор киши учун ғалати туюлиши мумкин. Бироқ, фикрлаш тарзимиз Исоникига ўхшагани сайин, душманларимизни севишимиз осонроқ бўлади (Луқо 23:34). Бундай севги қандай самаралар келтириши мумкин?
11. а) Стефандан қандай ўрнак олишимиз мумкин? б) Павлуснинг мисолидан кўриниб турганидай, айрим таъқиб қилувчилар билан қандай ўзгариш юз бериши мумкин?
11 Стефан исмли Исонинг шогирди, уни қувғин қилганлар учун ибодат қилганлардан бири бўлиб, унинг ибодати ижобат бўлган эди. Милодий 33- йилнинг Ҳосил байрами кунидан кўп ўтмай, имонлилар жамоатининг душманлари Стефанни Қуддуснинг ташқарисига судраб чиқиб, тошбўрон қилишди. Ўлимидан олдин у бундай деб хитоб қилди: «Ё Раббий, бу гуноҳни уларга қўйма!» (Ҳаворийлар 7:58–8:1). Стефанни ўлдиришаётганда, Шоул исмли киши буни маъқуллаб, кузатиб турган бўлса-да, Стефан у учун ҳам ибодат қилган эди. Вақт ўтгач, Шоулга Ҳазрати Исо зоҳир бўлди. Бундан сўнг, у Исонинг издоши бўлиб, Римликларга мактуб ёзган ҳаворий Павлус бўлиб танилди (Ҳаворийлар 26:12–18). Кўриниб турганидай, Яҳова Стефаннинг ибодатини инобатга олиб, Павлуснинг қувғин қилганини кечирди (1 Тимўтийга 1:12–16). Шу сабабли Павлус имондошларини: «Сизларни қувғин қилаётганларни дуо қилинглар»,— деб ундагани бежиз эмас. Ҳатто баъзи таъқиб қилувчилар кейинчалик Худонинг хизматчиси бўлиши мумкинлигини у ўз тажрибасидан билар эди. Ҳозирги кунда ҳам, таъқиб қилувчилар Худо хизматчиларининг тинчликсеварлигини кўриб, ҳақиқатни қабул қилган воқеалар учраб турибди.
«Барча одамлар билан тинч-тотув ҳаёт кечиринглар»
12. Римликларга 12:9- ва 12:17- оятлари ўртасида қандай боғлиқлик мавжуд?
12 Павлуснинг кейинги маслаҳати имондошларимиз ва бошқа одамлар билан қандай муносабатда бўлишимиз лозимлигига тегишли. У: «Ҳеч кимга ёмонлик эвазига ёмонлик қайтарманглар»,— деб айтган. Дарҳақиқат, агар одам ёмонлик эвазига ёмонлик қайтараётган бўлса, у ёвузликдан нафратланади деб бўладими? Бу риёсиз севгининг тескариси бўларди-ку. Павлус давом этиб: «Барча одамларнинг кўзи олдида яхшилик қилишга интилинглар»,— деган (Римликларга 12:9, 17). Бу сўзларни қандай қўлласак бўлади?
13. Қайси маънода «барча одамларнинг кўзи олдидамиз»?
13 Аввал, Павлус коринфликларга йўллаган мактубида ҳаворийлар дуч келган қувғинлар ҳақида ёзган эди: «Биз фаришталар ҳамда инсонлар олдида, қолаверса, бутун коинот олдида бир томоша бўлдик. [...] Бизни ҳақорат қилсалар, дуо қиламиз; зулм қилсалар, чидаймиз. Ғийбат қилсалар, юмшоқ жавоб берамиз» (1 Коринфликларга 4:9–13). Шу сингари, бу дунёдаги одамлар Яҳованинг Шоҳидларини кузатиб юришибди. Ҳатто ноҳақликка дуч келаётганимизга қарамай, қилаётган эзгу ишларимизни кўриб, атрофдагилар хушхабарга ижобий муносабатда бўлишлари мумкин (1 Бутрус 2:12).
14. Қай даражада тинчликни сақлашга интилишимиз керак?
14 Қай даражада тинчликни сақлашга интилишимиз керак? Иложи борича бунга жон-жаҳдимиз билан интилишимиз даркор. Павлус имондошларига: «Агар иложи бўлса, қўлингиздан келганича, барча одамлар билан тинч-тотув ҳаёт кечиринглар»,— деган эди (Римликларга 12:18). «Агар иложи бўлса, қўлингиздан келганича» деган сўзлар, бошқалар билан тинч-тотув бўлишнинг ҳар доим ҳам имкони бўлмаслигини кўрсатмоқда. Мисол учун, бирор киши билан тинчликни сақлайман деб, Аллоҳнинг қонунини бузмаймиз (Матто 10:34–36; Ибронийларга 12:14). Шундай бўлса-да, Худонинг меъёрларини бузмаган ҳолда, қўлимиздан келганича «барча одамлар билан» тинч-тотув бўлишга интиламиз.
«Ўзингиз учун қасос олманглар»
15. Римликларга 12:19- оятига биноан, ўч олишдан ўзимизни тийишга қандай асосимиз бор?
15 Павлус ёмонлик эвазига ёмонлик қайтармасликнинг яна бир муҳим сабабини келтирмоқда. У бундай деган: «Ўзингиз учун қасос олманглар, балки Худонинг ғазабига йўл қўйинглар. Зеро Тавротда шундай ёзилган: “Қасос Менинг қўлимда, сазосини Мен бераман, — дейди Худованд”» (Римликларга 12:19). Бошқадан аламини олмоқчи бўлган киши, ўзбилармонлик қилган бўлади. Зотан у Худога тегишли бўлган нарсага қўл урмоқчи (Матто 7:1). Бундан ташқари, у Яҳованинг: «Сазосини Мен бераман»,— деган сўзларидан шубҳаланаётган бўлади. Аксинча, Яҳованинг Шоҳидлари Аллоҳ «Ўз танлаганларини ҳимоя қилишига» ишонишади (Луқо 18:7, 8; 2 Салоникаликларга 1:6–8). Улар камтаринлик ила ёвузлик қилганларни жазолашни Худога қўйиб беришади (Еремиё 30:23, 24; Римликларга 1:18).
16, 17. а) «Бошига ёнаётган чўғлар йиғиш» нимани англатади? б) Эзгу ишлар имондошимиз бўлмаган кишининг қалбини юмшатганини кўрганмисиз? Мисол келтиринг.
16 Агар душманимиздан ўч олсак, у бағритошга айланиши мумкин. Бордию унга яхши муносабатда бўлсак, эҳтимол қалби юмшаши мумкин. Нега? Келинг, Павлуснинг Римдаги имондошларига ёзган сўзларига эътибор қаратайлик: «Агар душманинг оч қолган бўлса, уни тўйғазгил, агар чанқаган бўлса, унга сув ичиргил. Мана шунда унинг бошига ёнаётган чўғлар йиққандай бўлурсан». (Римликларга 12:20; Ҳикматлар 25:21, 22). Бу нимани англатади?
17 «Бошига ёнаётган чўғлар йиққандай бўлурсан» — бу мажозий сўзлар бўлиб, қадимда темирни эритишгани билан боғлиқ. Масалан, рудани чўғнинг устига қўйиб, устидан ҳам чўғ босишган. Устига чўғ қўйилгани туфайли ҳарорат кўтарилиб, темир эрир, ундаги чиқитлар ажраларди. Худди шундай, душманимизга яхшилик қилсак, унинг қалби «эриб», ижобий томонга ўзгариши мумкин (4 Шоҳлар 6:14–23). Шуни айтиб ўтиш жоизки, кўпларнинг имонлилар жамоатига келиб қўшилишларига Худо хизматчиларининг эзгу ишлари сабаб бўлган.
Ўч олмаслигимизнинг сабаби
18. Нима учун ўч олишдан ўзимизни тийсак, тўғри йўл тутган бўламиз ҳамда севги ва камтарликни намоён этамиз?
18 Римликларга йўлланган мактубнинг 12- бобини қисқача кўриб чиқиб, «ёмонлик эвазига ёмонлик қайтармаслик» нақадар муҳимлигини билиб олдик. Биринчидан, ўч олмасдан тўғри йўл тутган бўламиз. Худо бизга Ўз марҳаматини аямаётган экан, ўзимизни Яҳовага бахшида этиб, Унинг амрларига, шу ҳисобда душманларимизни севиш буйруғига бўйсуниш, тўғри ва оқилонадир. Иккинчидан, ёмонлик эвазига ёмонлик қайтармай, севгимизни намоён этамиз. Қасос олишдан ўзимизни тийсак, тинчликни сақлаб қолган бўламиз. Бу эса ашаддий таъқиб қилувчиларга Яҳованинг хизматчиси бўлишига ёрдам беради, деб умид қиламиз. Учинчидан, ёмонлик эвазига ёмонлик қайтармай, камтарлигимизни кўрсатамиз. Ўзимиз учун ўч олиш ўзбилармонлик бўларди, чунки Яҳова: «Қасос Менинг қўлимда»,— деб айтмоқда. Муқаддас Китобда шунингдек: «Мағрурлик билан шармандалик келади, донолик эса камтарлар биландир»,— дейилган (Ҳикматлар 11:2). Камтарин инсонлар, уларга етказилган ёмонлик учун қасос олишни Худога қўйиб берадилар.
19. Навбатдаги мақолада нимани кўриб чиқамиз?
19 Ўзгалар билан қандай муносабатда бўлиш кераклигини муҳокама қилиб, ҳаворий Павлус бундай деб якун ясади: «Ёмонликка мағлуб бўлма, ёмонликни яхшилик билан мағлуб қилгин» (Римликларга 12:21). Лекин бугунги кунда қандай ёвузликларга дуч келяпмиз? Уларни қандай енгишимиз мумкин? Бу ва бошқа саволларга навбатдаги мақоладан жавоб топамиз.
Тушунтириб бера оласизми?
• Римликларга 12- бобида қайси маслаҳат такрор-батакрор келтирилган?
• Қасос олмасликка бизни нима ундайди?
• «Ёмонлик эвазига ёмонлик қайтармаслик» бизга ва бошқаларга қандай фойда келтиряпти?
[22- саҳифадаги рамка]
Римликларга йўлланган мактубнинг 12- бобида:
• Яҳова Таоло
• имондошларимиз
• имондошимиз эмаслар
билан бўлган муносабатлар ифодаланган
[23- саҳифадаги расм]
Павлуснинг римликларга йўллаган мактубида имонлилар учун раҳбарлик мавжуд
[25- саҳифадаги расм]
Стефандан нимани ўрганишимиз мумкин?