Қўриқчи минорасининг ОНЛАЙН КУТУБХОНАСИ
Қўриқчи минорасининг
ОНЛАЙН КУТУБХОНАСИ
ўзбекча
  • МУҚАДДАС КИТОБ
  • АДАБИЁТЛАР
  • УЧРАШУВЛАР
  • w09 15.10. 7–11-саҳ.
  • «Барча одамлар билан тинч-тотув ҳаёт кечиринглар»

Танланган маълумот учун видео мавжуд эмас.

Кечирасиз, видеони ижро этишда хатолик юз берди.

  • «Барча одамлар билан тинч-тотув ҳаёт кечиринглар»
  • Қўриқчи минораси Худованд Яҳованинг Шоҳлигини хабарлайди – 2009
  • Сарлавҳалар
  • Ўхшаш маълумот
  • «Яхшилик қилишга интилинглар»
  • «Ёнаётган чўғлар» кўнгилни юмшатар
  • «Барча одамлар билан тинч-тотув ҳаёт кечиринглар»
  • Қасос Яҳованинг қўлида
  • Ёмонликни яхшилик билан мағлуб қилинглар
  • Умидворлик ила хурсанд бўлиб юринглар
  • «Ёмонлик эвазига ёмонлик қайтарманглар»
    Қўриқчи минораси Худованд Яҳованинг Шоҳлигини хабарлайди – 2007
  • «Ғайратингизни сусайтирманглар»
    Қўриқчи минораси Худованд Яҳованинг Шоҳлигини хабарлайди – 2009
  • Римликларга йўлланган мактубнинг диққатга сазовор оятлари
    Қўриқчи минораси Худованд Яҳованинг Шоҳлигини хабарлайди – 2008
  • Жаҳлингизни тийиб, ёмонликни мағлуб қилинг
    Қўриқчи минораси Худованд Яҳованинг Шоҳлигини хабарлайди – 2010
Қўриқчи минораси Худованд Яҳованинг Шоҳлигини хабарлайди – 2009
w09 15.10. 7–11-саҳ.

«Барча одамлар билан тинч-тотув ҳаёт кечиринглар»

Агар иложи бўлса, қўлингиздан келганича, барча одамлар билан тинч-тотув ҳаёт кечиринглар. РИМ. 12:18

1, 2. а) Ҳазрати Исо шогирдларини нима ҳақида огоҳлантирган? б) Қаршиликларга тўғри муносабатда бўлиш борасидаги маслаҳатларни қаердан топиш мумкин?

ҲАЗРАТИ ИСО, дунёнинг барча халқлари унинг шогирдларига қарши чиқишлари ҳақида огоҳлантирган эди. Бунинг сабабини, ҳаворийларга қуйидагича айтган: «Сизлар бу дунёники бўлсангиз эди, дунё сизларни ўзиники каби севар эди. Ҳолбуки, сизлар бу дунёники эмассизлар; Мен сизларни дунёдан танлаб олдим. Ана шу сабабдан дунё сизлардан нафратланади» (Юҳан. 15:19).

2 Исонинг сўзлари қанчалик тўғри эканини, ҳаворий Павлус ўз тажрибасидан билади. У, ҳамкори Тимўтийга ёзган иккинчи мактубида, шундай деганди: «Сен эса менга эргашдинг, таълимотим, турмуш тарзим, мурод-мақсадим, имон, севги ва сабр-тоқатимдан намуна олдинг. Бошимга келган қувғинларни... чеккан азобларимни эшитдинг». У давом этиб, мана буларни ҳам қўшиб қўйди: «Исо Масиҳ йўлида диёнатли яшамоқчи бўлган одамларнинг ҳаммаси ҳам қувғинга дучор бўладилар» (2 Тим. 3:10–12). Павлус, Римдаги имондошларига йўллаган мактубининг 12- бобида, қаршиликларга қандай муносабатда бўлишлари кераклиги борасида доно маслаҳатлар берган. Ушбу кўрсатмалар, охирзамон даврида яшаётган бизларга ҳам фойдалидир.

«Яхшилик қилишга интилинглар»

3, 4. Римликларга 12:17 даги маслаҳатни, оила аъзоларига ва атрофдагиларга нисбатан қандай қўлласа бўлади?

3 Римликларга 12:17 ўқиб беринг. Павлуснинг тушунтиришича, бизга душманлик қилишса ҳам, мулойимлик билан жавоб қайтаришимиз лозим. Айниқса оила аъзоларининг ҳаммаси ҳам Яҳованинг Шоҳиди бўлмаганлар, бу маслаҳатга амал қилиши муҳим. Масалан, имонига шерик бўлмаган турмуш ўртоғи қўполлик қилганда, унга худди шундай жавоб қайтариш истаги пайдо бўлиши мумкин. Аммо шуни ёдда тутингки, ёмонлик эвазига ёмонлик қайтариш яхшиликка олиб келмайди. Аксинча, бу вазиятни таранглаштиради холос.

4 Павлус зўр бир маслаҳат берган: «Барча одамларнинг кўзи олдида яхшилик қилишга интилинглар». Яхши гап билан илон инидан, ёмон гап билан пичоқ қинидан чиқар деганларидек, эрнинг жиғибийрони чиқиб уйга келганида, хотин уни ширин сўз билан кутиб олса, жанжалнинг олдини олган бўлади (Ҳик. 31:12). Ҳозир Байтилда хизмат қилаётган Карлоснинг мисолни кўриб чиқайлик. Унинг отаси онасининг Яҳовага топинишига тўсқинлик қиларди. Ўшанда онаси қандай йўл тутгани ҳақида у шундай бўлишди: «Онам, дадамизни доимо ҳурмат қилишга бизни ундар эди. Французча боулинг ўйнашни унча ёқтирмасам-да, дадам билан ўйнашимни илтимос қиларди. Бу туфайли дадамнинг кайфияти кўтариларди». Вақт ўтиб, дадам Муқаддас Китобни тадқиқ қила бошлади ва охири сувга чўмиб имон келтирди. Шунингдек, Яҳованинг Шоҳидлари табиий офатлар пайтида «барча одамларнинг кўзи олдида яхшилик қилишга» интиладилар. Бу эса, атрофдагилар салбий фикрларини ўзгартиришига олиб келмоқда.

«Ёнаётган чўғлар» кўнгилни юмшатар

5, 6. а) «Ёнаётган чўғларни» душманнинг бошига йиғиб қўйиш нимани англатади? б) Римликларга 12:20 даги маслаҳатни қўлласа бўладиган, бирор воқеани айтиб беринг.

5 Римликларга 12:20 ўқиб беринг. Бу оятда келтирилган Павлуснинг сўзлари, Ҳикматлар 25:21, 22 даги мана бу маслаҳатга ҳамоҳангдир: «Душманинг оч бўлса, овқат бер, чанқаган бўлса, сув ичир. Шунда унинг бошига ёнаётган чўғ йиққандай бўласан, Эгамиз эса сени тақдирлайди». Павлус, ёнаётган чўғларни мисол қилиб, қаршилик кўрсатганларга яхши муносабатда бўлиш кераклиги тўғрисида маслаҳат берган. Ушбу мисол иккита оятда бекорга келтирилмаган. Нега деганда, темирни олов билан эритиш усули одамларга қадимдан маълум. Масалан, 19- асрда яшаган англиялик бир олим шуларни айтиб ўтган: «Қийин эрийдиган металлни эритиш учун, унинг тагига ҳам, устига ҳам ёнаётган чўғларни йиғиб қўйишади. Шунга ўхшаб, айрим бағритош кишиларнинг кўнглини юмшатиш учун, сабр-тоқат ва самимий меҳр ила ёндашиш лозим».

6 Хуллас, қаршилик кўрсатаётган кишиларга мулойим муносабатда бўлиб, уларнинг Яҳова Шоҳидларига ва хушхабарга бўлган муносабатини ўзгартира оламиз. Бу борада ҳаворий Бутрус шундай деган: «Мажусийлар орасида хатти-ҳаракатингиз бенуқсон бўлсин. Улар эзгу ишларингизни кўриб туриб, сизларни ёмонликда айблаб ғийбат қилсалар ҳам, маҳшар куни Худо олдида жавоб берадилар» (1 Бутр. 2:12).

«Барча одамлар билан тинч-тотув ҳаёт кечиринглар»

7. Исо шогирдларига қанақа тинчликни берган ва бу бизни нимага ундаши керак?

7 Римликларга 12:18 ўқиб беринг. Исо Масиҳ ўлимидан олдин издошларига: «Мен сизларга тинчлик қолдиряпман; Ўз тинчлигимни сизларга беряпман»,— деб айтган (Юҳан. 14:27). Бу тинчлик, уларнинг қалбидаги хотиржамликдир. Дарҳақиқат, Яҳова Таоло ва Ҳазрати Исо бизни севиб биздан мамнун эканларини билиш, кўнглимизга осойишталик бахш этади. Ҳа, Худонинг хизматчилари тинчликсевар ва тинчлик ўрнатувчилардир (Мат. 5:9).

8. Оилада ва жамоатда қандай қилиб тинчлик ўрнатувчи бўла оламиз?

8 Аввало, одам оиласида тинчлик ўрнатувчи бўлиши зарур. Мисол учун, қийин вазиятларда жаҳлни тийиш оқилонадир (Ҳик. 15:18; Эфес. 4:26). Имонлилар жамоатида ҳам ушбу фазилат муҳим аҳамиятга эга. Бутрус, тилни тийиб тинчликни сақлаш мумкинлигига эътибор қаратган (1 Бутр. 3:10, 11). Исонинг шогирди Ёқуб ҳам, ғазабланмасликка нима ёрдам бериши ҳақида шундай деган: «Юқоридан тушган донолик эса, биринчидан покдир. Иккинчидан эса муросали, мулойим, бўйсунувчан, тўла меҳр-шафқатли, яхши самаралар билан тўлиб-тошган, беғараз ва риёсиздир. Шу тариқа солиҳлик уруғи сепилиб, тинчликпарварлар учун осойишталик барпо бўлади» (Ёқб. 3:17, 18).

9. «Барча одамлар билан тинч-тотув ҳаёт кечиришга» интилаётиб нимани эсда тутамиз?

9 Билиб олганимиздек, Римликларга 12:18 даги маслаҳатни қариндош-уруғ ва имондошларимизга нисбатан қўллаш мумкин. Павлуснинг айтишича, барча одамлар билан тинч-тотув ҳаёт кечириш керак. Бунга қўни-қўшни, ҳамкасб, синфдош ҳамда ваъзгўйликда учрайдиган кишилар киради. Эътибор берган бўлсангиз, Павлус: «Агар иложи бўлса, қўлингиздан келганича»,— деб айтган. Яъни, биз имкон қадар «барча одамлар билан тинч-тотув ҳаёт кечиришга» интиламиз. Аммо, Худонинг адолатли меъёрларини ҳеч қачон бузмаймиз.

Қасос Яҳованинг қўлида

10, 11. Нега ўзимиз учун қасос олмаслигимиз керак?

10 Римликларга 12:19 ўқиб беринг. Гарчи, айтаётган хабаримиз ва фаолиятимиз туфайли бизга қаршилик кўрсатишса-да, ўзимизни паст олиб мулойимлик билан жавоб қайтариш муҳим (2 Тим. 2:23–25). Павлуснинг маслаҳат беришича, бундай вазиятларда Худонинг ғазабига йўл қўйишимиз керак. Ҳа, Исонинг издошлари сифатида, асло ўзимиз учун қасос олмаймиз. Бу борада, сано бастакори шундай деган: «Қаҳрдан чекиниб, ғазабдан ўзингни тутгил, ҳаяжонланиб ёвузлик қилишга мойил бўлма» (Заб. 36:8). Шунингдек, шоҳ Сулаймон ҳам қуйидагиларни таъкидлаган: «Ёвузлик учун қасос оламан демагин, Эгамизга умид боғлаб кутгин, У сени қутқаради» (Ҳик. 20:22).

11 Агар душманлар бизга бирон-бир зарар етказса, вақти келиб Яҳованинг Ўзи уларнинг жазосини беради. Шунинг учун ҳам Павлус қуйидагини айтган: «Қасос Менинг қўлимда, сазосини Мен бераман,— дейди Худованд» (Амрлар 32:35 солиштиринг). Мабодо, ўзбошимчалик қилиб ўч олишга уринсак, Яҳованинг: «Сазосини Мен бераман»,— деган ваъдасига ишонмаганимизни кўрсатган бўламиз.

12. Яҳованинг қаҳри қачон ва қай йўсин тўкилади?

12 Павлус мактубнинг бошида шундай ёзган: «Ноҳақлик қилиб ҳақиқатни оёқ ости қилаётган барча бетавфиқ ва фосиқ инсонларга кўкдан Худонинг ғазаби тўкилишга тайёр» (Рим. 1:18). Дарвоқе, Яҳованинг қаҳри кўкдан Исо Масиҳ орқали «буюк қайғу» пайтида тўкилади (Ваҳ. 7:14). Бошқа бир мактубида эса, Павлус шундай деган: «Булар Худонинг адолатли ҳукмидан далолат бермоқда. Худонинг адолати яна шундан ҳам иборатки, сизларга азоб бераётганларга У ўзига яраша жазосини беради, сиз, азоб чекаётганларни эса биз билан бирга роҳат-фароғатга эриштиради. Раббимиз Исо Ўзининг қудратли фаришталари билан бирга олов алангасида осмондан тушиб зоҳир бўлган вақтда, бу воқеа содир бўлади. Ўшанда Раббимиз Исо Худони танимаган ва Ўзининг Хушхабарига итоат этмаган шаккоклардан ўч олади» (2 Салон. 1:5–8).

Ёмонликни яхшилик билан мағлуб қилинглар

13, 14. а) Қаршиликларга дучор бўлганимизда нима учун ҳайрон қолмаймиз? б) Таъқиб қилувчиларга қандай муносабатда бўлишимиз керак?

13 Римликларга 12:14, 21 ўқиб беринг. Яҳованинг нияти амалга ошишига қаттиқ ишониб, хушхабарни тарғиб қилишда бор кучимизни ишга солайлик (Мат. 24:14). Фаолиятимиз душманларнинг ғазабини қўзғатиши шубҳасиздир. Зеро, Ҳазратимиз Исо бу ҳақда шундай деб огоҳлантирганди: «Менинг номим туфайли барча халқлар сизлардан нафратланади» (Мат. 24:9). Шунинг учун қаршиликларга дучор бўлганимизда бундан ҳайрон ҳам қолмаймиз, тушкунликка ҳам тушмаймиз. Бутрус эса мана нима деган: «Эй севганларим, сизларни синаш учун бошингизга келаётган оташли имтиҳонни ажиб воқеа деб, ҳайрон бўлманглар. Аксинча, Масиҳнинг қанча азобларига шерик бўлаётган бўлсангиз, шунча хурсанд бўлинглар!» (1 Бутр. 4:12, 13).

14 Қаршилик қилганларга кек сақлашдан кўра, уларга билим бериш фойдалидир. Сабаби, улардан айримлари буни билмай қилаётгандир (2 Кор. 4:4). Биз, Павлуснинг мана бу маслаҳатига қулоқ солишга интиламиз: «Сизларни қувғин қилаётганларни дуо қилинглар, ҳа, дуо қилинглар, қарғаманглар» (Рим. 12:14). Улуғ Устозимиз Исо ҳам шундай деган: «Душманларингизни севинглар, сиздан нафратланганга яхшилик қилинглар. Сизга қарғиш ёғдирганга дуолар ўқинг. Сизга озор берганлар учун ибодат қилинглар» (Луқо 6:27, 28). Таъқиб қилувчилар Исонинг издоши бўлиб, Яҳованинг ғайратли хизматчисига айланиши мумкинлигини, Павлус ўз тажрибасидан биларди (Галат. 1:13–16, 23). Унинг бошқа бир мактубида қуйидагилар ёзилган: «Бизни ҳақорат қилсалар, дуо қиламиз; зулм қилсалар, чидаймиз. Ғийбат қилсалар, юмшоқ жавоб берамиз» (1 Кор. 4:12, 13).

15. Ёмонликни енгишнинг энг яхши усули қандай?

15 Хуллас, Римликларга 12- бобнинг сўнгги оятида: «Ёмонликка мағлуб бўлма, ёмонликни яхшилик билан мағлуб қилгин»,—деб бежиз ёзилмаган. Маълумки, содир этилаётган барча ёвузликнинг сабабчиси Иблис Шайтондир (Юҳан. 8:44; 1 Юҳан. 5:19). Азиз пир Юҳаннога берилган ваҳийда, Исо ўзининг мойланган биродарлари тўғрисида шундай деган: «Улар Қўзининг қони шарофати билан ва Ўзларининг шаҳодат каломи билан уни [Шайтонни] енгдилар» (Ваҳ. 12:11). Бундан кўриниб турибдики, Шайтон ва унинг ёвузликларини енгишнинг энг яхши усули, Худо Шоҳлиги тўғрисидаги хушхабарни ваъз қилишдир.

Умидворлик ила хурсанд бўлиб юринглар

16, 17. Римликларга 12- бобдаги маслаҳатларга биноан, а) ҳаётимизни нимага бағишлашимиз лозим? б) имондошларимиз билан қандай муносабатда бўлишни истаймиз? в) қаршилик кўрсатаётганларга нисбатан қай муносабатда бўлишимиз зарур?

16 Павлуснинг римликларга йўллаган мактубининг 12- бобидан, кўпгина маслаҳатларни кўриб чиқдик. Биз, Яҳованинг садоқатли хизматчилари сифатида, бир нарсаларни қурбон қилишга тайёр бўлишимиз керак. Буни чин дилдан бажаришга бизни Худонинг руҳи ундайди. Ва бу Аллоҳнинг иродаси экан, буни оқилона бажаришимиз лозим. Бизга ато этилган инъомларни ишга солиб, ғайрат ила Раббимизга хизмат қиламиз. Боз устига, жамоатда бирлик сақланиши учун доимо камтарин бўлишга уринамиз. Ва ниҳоят, меҳмондўст бўлиб, бошқаларнинг ҳиссиётларини тушунишга интиламиз.

17 Римликларга 12- бобдан шунингдек, қаршиликларга қанақа муносабатда бўлиш кераклигини билиб олдик. Ёмонликка яхшилик билан жавоб қайтаришимиз керак. Муқаддас Китобдаги меъёрларни бузмай, барча одамлар билан тинч-тотув ҳаёт кечирамиз. Бу маслаҳатни оила аъзоларимиз, жамоатдагилар, қўни-қўшни, ҳамкасб, синфдош ва хизматда учраганлар билан бўлган муносабатда қўллашимиз мумкин. Ҳатто, ҳеч кутилмаганда қаршиликка дуч келганда ҳам, ёмонликни яхшилик билан енгишга ҳаракат қилиб, қасос олишни Яҳовага қўйиб берамиз.

18. Римликларга 12:12 да қандай учта маслаҳат мавжуд?

18 Римликларга 12:12 ўқиб беринг. Юқорида санаб ўтилган насиҳатлардан ташқари, Павлус яна учта маслаҳат берган. Бироқ, шуни ёдда тутиш керакки, Яҳованинг ёрдамисиз, ҳеч нарсага эриша олмаймиз. Шунинг учун, доим «тоат-ибодатда» бўлишимиз даркор. Қолаверса, «қайғуда сабрли» бўлишни ҳам эсдан чиқармайлик. Ва ниҳоят, келажакда хоҳ осмонда, хоҳ ер юзида яшашимиздан қатъи назар, Яҳованинг ваъдаларига кўз тикиб, «умидворлик ила хурсанд бўлиб» юрайлик.

Тушунтириб беринг:

• Қаршиликларга қанақа муносабатда бўлишимиз керак?

• Ҳаётнинг қайси соҳаларида тинчлик ўрнатувчи бўлиш лозим ва қандай қилиб?

• Нимага ўзимиз учун қасос олмаслигимиз даркор?

[8- саҳифадаги расм]

Қўни-қўшнига амалда ёрдамлашиб турсак, уларнинг нотўғри фикри ўзгариши мумкин

[9- саҳифадаги расм]

Жамоатда тинчлик ўрнатишга ҳаракат қиляпсизми?

    Ўзбекча адабиётлар (1993-2025)
    Чиқиш
    Кириш
    • ўзбекча
    • Улашиш
    • Созламалар
    • Copyright © 2025 Watch Tower Bible and Tract Society of Pennsylvania
    • Фойдаланиш шартлари
    • Махфийлик сиёсати
    • Махфийлик созламалари
    • JW.ORG
    • Кириш
    Улашиш