Қўриқчи минорасининг ОНЛАЙН КУТУБХОНАСИ
Қўриқчи минорасининг
ОНЛАЙН КУТУБХОНАСИ
ўзбекча
  • МУҚАДДАС КИТОБ
  • АДАБИЁТЛАР
  • УЧРАШУВЛАР
  • w09 15.10. 17–21-саҳ.
  • Меҳрсиз дунёда дўстликни ривожлантиринг

Танланган маълумот учун видео мавжуд эмас.

Кечирасиз, видеони ижро этишда хатолик юз берди.

  • Меҳрсиз дунёда дўстликни ривожлантиринг
  • Қўриқчи минораси Худованд Яҳованинг Шоҳлигини хабарлайди – 2009
  • Сарлавҳалар
  • Ўхшаш маълумот
  • Яхши дўстлик нимага асосланади?
  • Чин дўстларни қандай орттириш мумкин?
  • Қачон дўстликка чек қўйиш лозим?
  • Дўстликни ривожлантиринг
  • Дўстларни донолик ила танланг
    Ҳаётдан тоабад завқланинг! Муқаддас Ёзувлар асосида жонли суҳбатлар
  • Худони севадиганлар билан дўст бўлинг
    Келинг, Худонинг меҳр-муҳаббатида қолайлик
Қўриқчи минораси Худованд Яҳованинг Шоҳлигини хабарлайди – 2009
w09 15.10. 17–21-саҳ.

Меҳрсиз дунёда дўстликни ривожлантиринг

Сизларга буйруғим шу: бир-бирингизни севинглар! ЮҲАН. 15:17

1. Исонинг илк издошлари нега қалин дўст бўлишлари зарур эди?

ИСО Масиҳ, ер юзидаги ҳаётининг сўнгги дамларида, издошларига ўзаро дўстликни сақлаб қолишни амр этганди. Зотан, айнан бу орқали бошқалар уларни Исонинг издошлари деб билишлари лозим эди (Юҳан. 13:35). Дарвоқе, олдинда турган синовларга дош бериш ҳамда Исо Масиҳнинг топшириғини бажара олиш учун, улар ўзаро қалин дўст бўлиб қолишлари зарур эди. Исонинг илк издошлари, ҳақиқатан ҳам бир-бирига ва айниқса Худога ниҳоятда содиқ бўлишган.

2. а) Нима қилишга қароримиз қатъий ва нега? б) Қандай саволларни муҳокама қиламиз?

2 Ҳозирги вақтда ҳам, илк масиҳчиларга тақлид қилаётган кишилар орасида бўлиш нақадар яхши! Дарҳақиқат, Устозимизнинг амрига биноан, барчамиз ўзаро меҳр-муҳаббатли бўлишга қароримиз қатъий. Сабаби, ушбу охирзамон одамлари, худобехабар ва шафқатсиз бўлиб кетишяпти (2 Тим. 3:1–3). Бундайлар фақатгина ўз манфаатларини кўзлашади. Биз эса, Исонинг издошлари сифатида уларга сира ҳам тақлид қилмаймиз. Келинг, қуйидаги саволларни муҳокама қилайлик: Яхши дўстлик нимага асосланади? Чин дўстларни қандай қилиб орттириш мумкин? Қачон дўстликка чек қўйиш даркор? Бошқалар билан иноқ бўлиш учун нима қилишимиз керак?

Яхши дўстлик нимага асосланади?

3, 4. Мустаҳкам дўстлик нимага асосланади ва нима учун?

3 Мустаҳкам дўстлик, Яҳовага бўлган севгига асосланади. Зеро шоҳ Сулаймон шундай деган: «Киши бир ўзи бўлса, уни йиқитиш осон, лекин икки киши ўзларини ҳимоя қила олади. Учта ипдан эшилган арқонни узиш қийиндир» (Воиз 4:12). Чиндан ҳам, дўстона муносабатларда Тангримиз Яҳова учинчи ип бўлса, бундай дўстлик маҳкам бўлади.

4 Тўғри, Яҳовани севмайдиганлар орасида ҳам дўстона муносабат бўлади. Бироқ, иккала томоннинг ҳам Яҳовага нисбатан севгиси бўлса, уларнинг дўстлиги янада мустаҳкам бўлади. Масалан, орада келишмовчилик пайдо бўлган тақдирда ҳам, бундайлар ўзаро муомала қилганда Яҳовага маъқул келишга интилишади. Худонинг душманлари масиҳчиларнинг орасига низо солмоқчи бўлганда, улар айрилмас дўст экани аниқланади. Тарих шуни кўрсатяптики, Худонинг хизматчилари бир-бири учун ҳатто жонини ҳам беришга тайёрдирлар (1 Юҳанно 3:16 ўқиб беринг).

5. Рут билан Наиманинг дўстлиги нега шу қадар мустаҳкам бўлган?

5 Шак-шубҳасиз, фақатгина Яҳовани яхши кўрганлар чинакам дўст бўла олади. Бунинг тасдиғи сифатида, Рут билан Наиманинг мисолига эътибор берайлик. Уларнинг ажойиб дўстона муносабати тўғрисида Муқаддас Китобда ёзилган. Уларнинг дўстлиги нега шу қадар мустаҳкам бўлган? Сабабини, Рутнинг Наимага айтган қуйидаги сўзларидан кўриш мумкин: «Сизнинг халқингизни ўзимнинг халқим, сизнинг Худойингизни ўзимнинг Худойим дейман... Эгам мени не кўйга солса солсин, ундан баттарроғини ҳам қилсин. Мени сиздан фақат ўлим ажрата олади» (Рут 1:16, 17). Демак, Рут ҳам, Наима ҳам Худони роса яхши кўришган ва ушбу севги уларнинг ўзаро дўстлигига таъсир қилишига йўл қўйишган. Натижада, Эгамиз Яҳова уларнинг иккаласини ҳам муборак қилган.

Чин дўстларни қандай орттириш мумкин?

6–8. а) Мустаҳкам дўстликни қандай қилиб ривожлантирса бўлади? б) Дўст орттиришда ташаббус кўрсатишнинг қанақа йўллари мавжуд?

6 Рут билан Наиманинг мисоли, ҳатто қайғули дамларда ҳам оқибатли дўст бўлиш мумкинлигини кўрсатиб турибди. Дарҳақиқат, Яҳовага бўлган севги, дўстликнинг пойдеворидир. Аммо, мустаҳкам дўстликка эришиш учун фидойилик талаб этилади. Ҳатто Яҳова Шоҳидларининг оиласида туғилганлар учун ҳам, яхши дўстларни орттириш ўз-ўзидан бўлиб қолмайди. Хўш, бунинг қандай усуллари бор?

7 Ташаббускор бўлинг. Ҳаворий Павлус, Рим жамоатидаги дўстларини: «Меҳмондўст бўлишга жон куйдиринглар»,— дея чорлаганди (Рим. 12:13). Ушбу маслаҳатга амал қилиш учун муайян ҳаракатлар талаб этилади. Ахир, бизнинг ўрнимизга биров келиб меҳмондўстлик қилиб кетмайди-ку! (Ҳикматлар 3:27 ўқиб беринг). Меҳмондўст бўлишнинг турли йўллари мавжуд. Масалан, биродару опа-сингилларни овқатланишга таклиф қилиш мумкин. Сиз ҳам шундай қилиб турибсизми?

8 Дўст орттиришда ташаббус кўрсатишнинг бошқа бир йўли, турли ваъзгўйларни хизматга таклиф қилишдир. Нега деганда, ҳамкорингиз бировга хушхабарни жон куйдириб айтаётганида, у Яҳовани қанчалик севиши намоён бўлиб, унга нисбатан меҳрингиз янада ортади.

9, 10. Павлус бизга қанақа ўрнак кўрсатган ва биз унга қандай тақлид қила оламиз?

9 Кўнглингизни кенгроқ қилинглар. (2 Коринфликларга 6:12, 13 ўқиб беринг). Эҳтимол, жамоатда ўзингизга муносиб дўст йўқдек туюлар. Ундай бўлса, кўнглингизни кенгроқ қилишга уриниб кўринг. Бунда, Павлус бизга яхши ўрнак бўла олади. Шундай пайтлар бўлганки, у ўзга миллат вакиллари билан иноқ бўлишни ҳатто ҳаёлига ҳам келтирмаган эди. Ўшанда, у «ғайрияҳудийларнинг ҳаворийси» бўлишга аҳд қилган (Рим. 11:13).

10 Павлус фақатгина ўзининг тенгдошлари билан дўстлашмаган. Мисол учун, у Тимўтийдан анчагина катта бўлишига қарамай, улар қалин дўст эдилар. Бугунги кунда ҳам, кўплаб ёшлар жамоатдаги қариялар билан дўстона муносабатда бўлишмоқда. 20 га кирган Ванесса шундай фикр билдирди: «Мен, бир опамиз билан жуда иноқ бўлиб қолганман. Унинг ёши 50 да бўлса ҳам, у билан исталган мавзуда гаплашаверамиз. У ҳам менга бефарқ эмас». Қандай қилиб бунақа дўстликка эришса бўлади? Бу борада, Ванесса мана нима деди: «Биров билан дўстлашишни истасам, қачон олдимга келар экан, деб кутиб ўтирмай, ўзим биринчи бўлиб бораман». Тенгдошингиз бўлмаганлар билан дўстлашишга сиз ҳам тайёрмисиз? Бундай уринишларингизни Яҳова албатта мукофотлайди.

11. Йўнатан билан Довуднинг дўстона муносабатларидан қандай сабоқ олишимиз мумкин?

11 Садоқатли бўлинг. Ҳазрати Сулаймон шундай деган: «Дўст ҳар қачон севиш учундир, ака-укалар ҳам оғир кун учун туғилган» (Ҳик. 17:17). Эҳтимол, Сулаймон ушбу сўзларни ёзганида, отаси Довуд ва Йўнатаннинг орасидаги дўстона муносабатларни назарда тутгандир (1 Шоҳ. 18:1). Шоҳ Шоул, ўғли Йўнатаннинг Исроилда шоҳ бўлишини орзу қиларди. Бироқ, Худованд Яҳова подшоҳликка Довудни танлаганини Йўнатан яхши биларди. Шоулдан фарқли ўлароқ, Йўнатан Довудга ҳасад қилмаган. Кейинчалик, Довуд ушбу шарафли мавқега кўтарилади, Шоул эса унга туҳмат қилади. Аммо, Йўнатан шунда ҳам лаққа тушиб ишонмайди (1 Шоҳ. 20:24–34). Биз-чи, Йўнатан каби йўл тутяпмизми? Имондош дўстимизга масъулиятли вазифалар топширилганда, унинг қувончига шерик бўламизми? Мабодо, ўртоғимиз қандайдир қийинчиликка дуч келса, уни қўллаб-қувватлашга тайёрмизми? Агар, у ҳақда бўлар-бўлмас гаплар эшитиб қолсак, дарров ишониб кетамизми? Ёки Йўнатан сингари, унинг тарафини олишга интиламизми?

Қачон дўстликка чек қўйиш лозим?

12–14. Муқаддас Китобни ўрганаётган киши қанақа муаммога дуч келиши мумкин ва биз унга қандай қилиб ёрдам бера оламиз?

12 Муқаддас Китобни ўрганаётган киши ҳаётини ўзгартира бошлаганида, улфатлари билан муносабати таранглашиши мумкин. Эҳтимол, у Худонинг қонун-қоидаларига амал қилмаётган ошналари билан иноқ бўлгандир. Энди эса, салбий таъсирга берилиб кетмай деб, улар билан алоқани камайтирар (1 Кор. 15:33). Аммо, бу киши оғайниларимга хоинлик қилдим, деган хаёлга бориши мумкин.

13 Агар, сиз ҳам бундай муаммога дуч келаётган бўлсангиз, шуни билингки, чин дўст ҳаётингизни ўзгартирганингиздан қувонади. Қолаверса, сиз билан бирга Яҳова тўғрисида кўпроқ билим олишни ҳам хоҳлайди. Қалбаки дўстлар эса, уларнинг қабиҳликларига шерик бўлмаётганингиз учун сизни ёмонлашади (1 Бутр. 4:3, 4). Аслини олганда, сиз уларга хоинлик қилганингиз йўқ, аксинча улар сиздан юз ўгиришди.

14 Хуллас, Яҳованинг таълимотини ўргана бошлаган киши, ўзини ёлғиз ҳис этмаслиги учун, имонлилар жамоатининг аъзолари у билан дўстлашиши лозим (Галат. 6:10). Сиз ҳам, йиғилишларингизга келиб турадиган шундай кишиларни танийсизми? Бу кишига, жамоатда яхши дўст орттиришга ёрдам бера оласизми?

15, 16. а) Дўстимиз Яҳовадан воз кечганда, ўзимизни қандай тутишимиз лозим? б) Аллоҳни севишимизни қандай исботлай оламиз?

15 Албатта, бирон имондош дўстимиз Яҳовадан юз ўгирса, бу бизга жуда ҳам қаттиқ ботиши мумкин. Шундай вазиятга дуч келган бир опамиз мана шуларни айтиб берди: «Дугонамнинг имони кучли деб ўйлардим, аслида эса у бор-йўғи оиласини рози қилмоқчи бўлган экан. Бундай йўл тутиб, у мени карахт қилиб қўйди. Шунда, мен ўзи Яҳовага қайси ниятда хизмат қиляпман деб, ўйланиб қолдим». Хўш, бу опамиз қандай хулосага келди? У шундай деб бўлишди: «Ҳа, Отажоним Яҳова Ўз ташкилоти орқали менга кўпдан-кўп дўстларни берди, лекин мен Уни усиз ҳам севаман».

16 Агар, бу дунёдан дўст орттирсак, Аллоҳга яқинлашиш имконсиздир. Исонинг шогирди Ёқуб: «Дунё билан дўстлик Худога душманлик эканлигини билмайсизларми? Ким дунё билан дўст бўлишни истаса, Худога душман бўлади»,— деб бежиз айтмаган (Ёқб. 4:4). Дўстимиздан айрилиб қолганимизда, Тангри Яҳовага содиқ қолиб, Унинг мададига таянсак, Уни севишимизни исботлаймиз (Забур 17:26 ўқиб беринг). Бояги опамиз яна қуйидагиларни гапириб берди: «Мен шуни тушундимки, Яҳовани ёки ўзимизни севишига бировни мажбур қила олмаймиз. Бу, ҳар бир кишининг шахсий қароридир». Хўш, имондошларимиз орасидан қалин дўст орттириш учун биздан нима талаб қилинади?

Дўстликни ривожлантиринг

17. Чин дўстлар ўзаро қандай мулоқот қилишади?

17 Гап шундаки, дўстликни ривожлантиришда самимий бўлиш катта аҳамиятга эга. Масалан, Рут ва Наима, Довуд ва Йўнатан, Павлус ва Тимўтий ўзаро очиқ-ойдин, лекин ҳурмат ила гаплашишарди. Павлус имонлиларга шундай маслаҳат берган: «Ҳар бир одамга қандай жавоб бериш лозимлигини билинглар, сўзингиз ҳамиша файзли ва мазали бўлсин». Бундан ташқари «сафингизда бўлмаганлар», яъни имондошимиз бўлмаганлар билан оқилона йўл тутиш кераклигини ҳам айтиб ўтган (Колос. 4:5, 6). Шундай экан, биродару опа-сингилларимизни янада кўпроқ ҳурмат қилишимиз даркор!

18, 19. Дўстимизнинг маслаҳатини қандай қабул қилишимиз керак ва бу борада Эфесдаги оқсоқоллардан нимани ўргансак бўлади?

18 Дарҳақиқат, қалин дўстлар бир-бирининг нуқтаи назарини эътиборга олиб, меҳр ва самимият ила мулоқот қилишади. Шунинг учун ҳам доно шоҳ Сулаймон: «Хушбўй ёғ ва муаттар атир кўнгилни шод қилади, дўстнинг самимий маслаҳати эса қувонч келтиради»,— деб ёзган (Ҳик. 27:9). Дўстингиз берган маслаҳатга сиз ҳам шундай муносабатдамисиз? (Забур 140:5 ўқиб беринг). Айтайлик, у бирор камчилигингизга диққат қаратса, сиз нима қиласиз? Ундан миннатдор бўласизми ёки ранжийсизми?

19 Ҳаворий Павлус Эфесдаги оқсоқоллар билан аҳил бўлганидан жуда хурсанд эди. Павлус, улардан айримларини энди имонга кираётганларида танирди. Ўша кишилар билан охирги марта учрашганда, жиддий маслаҳатлар берган. Қизиқ, оқсоқоллар бундан хафа бўлишдими? Мутлақо! Аслида, улар Павлусдан жуда миннатдор бўлиб, уни бошқа кўра олмас эканмиз, деб роса йиғлашган (Ҳавор. 20:17, 29, 30, 36–38).

20. Ҳақиқий дўст нималар қилади?

20 Яқин дўстлар шунингдек, амалий маслаҳатлар ҳам беришади. Шу билан бирга, бировнинг ишига аралашиб қолишдан эҳтиёт бўлиш зарур (1 Салон. 4:11). Қолаверса, «ҳар биримиз ўзимиз ҳақимизда Худога ҳисобот берамиз» (Рим. 14:12). Бироқ, вақти келганда чин дўст Яҳованинг адолатли қонун-қоидаларини ҳам меҳр ила эслатиб қўяди (1 Кор. 7:39). Мисол учун, агар турмуш қурмаган ўртоғингиз имондош бўлмаган кишига меҳр қўйганини пайқасангиз, нима қиласиз? Уни ранжитишдан қўрқиб, индамайсизми? Бордию, насиҳатингизни назар-писанд қилмаса-чи? Бундай вазиятда ҳақиқий дўст, оқсоқолларга бориб, дўсти учун ёрдам сўрайди. Шубҳасизки, бундай йўл тутиш учун жасорат керак. Унутмангки, иккала дўст ҳам Яҳовани севса, уларнинг муносабатлари асло бузилмайди.

21. Гоҳида нима қилишга мойилмиз ва нега имондошлар билан самимий дўстликни ривожлантириш муҳим?

21 Колосаликларга 3:13, 14 ўқиб беринг. Маълумки, дўстлар гоҳида гаплари ёки ишлари билан бир-бирини хафа қилиб қўйишади. Шунинг учун ҳам, Ёқуб: «Ҳаммамиз кўп хато қиламиз»,— деб айтган (Ёқб. 3:2). Аммо, чин дўстлар бир-бирини кечиришга доим тайёр бўлишади. Ҳа, очиқ-ойдин мулоқот қилиш ва кечиримли бўлиш орқали самимий дўстликни ривожлантириш нақадар муҳим! Шу йўсин, орамиздаги меҳр-муҳаббат «камолот чўққисига» айланади.

Тушунтириб беринг:

• Яхши дўстларни қандай қилиб орттириш мумкин?

• Қачон дўстликка чек қўйиш даркор?

• Чин дўстликни ривожлантириш учун нима қилиш керак?

[18- саҳифадаги расм]

Рут билан Наиманинг иноқлиги нимага асосланган?

[19- саҳифадаги расм]

Меҳмондўст бўлишга жон куйдиринг!

    Ўзбекча адабиётлар (1993-2025)
    Чиқиш
    Кириш
    • ўзбекча
    • Улашиш
    • Созламалар
    • Copyright © 2025 Watch Tower Bible and Tract Society of Pennsylvania
    • Фойдаланиш шартлари
    • Махфийлик сиёсати
    • Махфийлик созламалари
    • JW.ORG
    • Кириш
    Улашиш