Мулоҳазакорлик ила ён беринг
Шуни эслатиб тургинки, улар... ювошлик ва мулойимлик билан муомала қилсинлар [ён берадиган бўлсинлар, ЯДТ]. ТИТУС. 3:1, 2
1, 2. а) Ҳаворий Павлус қўллаган юнонча сўз кўпинча қандай таржима қилинган? б) Нега ён бериш фазилатини намоён этиш муҳимдир?
САМОВИЙ отамиз Яҳова чексиз донолик эгасидир. У Парвардигоримиз бўлгани сабабли, йўл-йўриқ сўраб Унга мурожаат қилишимиз даркор (Заб. 47:15). Исонинг шогирди Ёқуб бундай деган эди: «Юқоридан тушган донолик эса, биринчидан покдир. Иккинчидан эса муросали, мулойим, бўйсунувчан, тўла меҳр-шафқатли, яхши самаралар билан тўлиб-тошган, беғараз ва риёсиздир» (Ёқб. 3:17).
2 Ҳаворий Павлус: «Сизларнинг инсонпарварлигингиз [беозорлик, изоҳ] барчага маълум бўлсин»,— деб ундаган эдиa (Филип. 4:5). Исо Масиҳ — Ҳазратимиз ва имонлилар жамоатининг Бошидир (Эфес. 5:23). Шу сабабли Масиҳнинг раҳбарлигига бўйсунаётиб ҳамда бошқаларга ён бераётиб, мулоҳазакорлик ила йўл тутмоғимиз лозим.
3, 4. а) Ён бериш кераклигини мисолда кўрсатинг. б) Бу мақолада нимани кўриб чиқамиз?
3 Агар биз мулоҳазакорлик ила ён берадиган бўлсак, ўзимизга фойда келтирамиз. Келинг, бир мисолни кўриб чиқайлик. Буюк Британияда террорчилик бартараф этилганидан сўнг, кўпчилик авиа йўловчилар, айрим нарсаларни олиб ўтишни ман этадиган қоидага тайёрлик ила бўйсуна бошлашди. Шунингдек ҳайдовчилар чорраҳада тирбандлик ва фалокат юз бермаслиги учун, бошқа машиналарга йўл беришади.
4 Кўпчилигимиз учун ён бериш қийин. Бу хислатни намоён этишга ўрганиш учун, биринчидан ниятлармизни, иккинчидан ҳокимиятга бўлган муносабатимизни ва учинчидан қай даражада ён бериш кераклигини кўриб чиқамиз.
Нега ён берадиган бўлиш керак?
5. Тавротга кўра, қайси ҳолда қул хўжайиникида қолиши мумкин бўлган?
5 Қулга айланган яҳудийларга нисбатан Тавротда ёзилган қонундан, ён беришга нима ундаши кераклигини кўриш мумкин. Қонунга кўра, бундай қуллар еттинчи йили озод этилиши лозим бўлган. Бироқ қул озодликдан воз кечиб, хўжайиникида қолиши мумкин бўлган (Чиқиш 21:5, 6 ўқиб беринг). Қайси ниятда қул бундай қилган? У хўжайинини яхши кўргани сабабли, охиригача қул бўлиб қолишни истаган.
6. Севгининг ён бериш билан қандай боғлиқлиги бор?
6 Шу сингари, Яҳовага бўлган севги Унга ўзимизни бағишлаб, шунга яраша яшашга ундайди (Рим. 14:7, 8). Ҳаворий Юҳанно: «Худони севиш — Унинг амрларини бажо келтириш демакдир. Худонинг амрлари эса оғир эмас»,— деб ёзган (1 Юҳан. 5:3). Бундай севги «худбинлик қилмас» (1 Кор. 13:4, 5). Ўзгаларни севганлигимиз туфайли, уларга ён бериб, уларнинг манфаатини ўзимизникидан юқори қўямиз. Биз нафақат ўзимиз, балки бошқалар ҳақида ўйлашга ҳаракат қиламиз (Филип. 2:2, 3).
7. Хизматимизда ён бериш қанчалик муҳим?
7 Биз сўзимизда ҳам, ишимизда ҳам, бошқаларни қоқинтирмаслигимиз керак (Эфес. 4:29). Севги бизларни, тарбияси ва маданияти бошқа бўлган одамларни Худонинг хизматчиси бўлишига тўсқинлик қилиши мумкин бўлган нарсалардан қочишга ундайди. Кўпинча бунинг учун ён беришга тўғри келади. Мисол учун, махсус ваъзгўй бўлиб хизмат қиладиган опа-сингиллар пардоз-андоз қилишга ўрганиб қолишган бўлса-да, бордию бу бошқаларни қоқинтирса, маҳаллий эҳтиёжларни эътиборга олишади (1 Кор. 10:31–33).
8. Қандай қилиб Худога нисбатан севги «энг кичик» бўлишга ёрдам беради?
8 Яҳовага бўлган севги мағрурликни тийишга ёрдам беради. Шогирдлар орасида ким катта экани ҳақида тортишув кетганида, Исо бир болани олиб, уларнинг ўртасига турғизди-да: «Ким бу болани Менинг номимдан қабул қилса, Мени қабул қилган бўлади. Ким Мени қабул қилса, Мени Юборганни қабул қилган бўлади. Орангизда ким энг кичик экан, мана у буюк ҳисобланади»,— деди (Луқо 9:48; Марк 9:36). Айримларимиз учун «энг кичик» бўлиш катта ҳаракатларни талаб этади. Мерос қилиб олинган гуноҳ ва мағрурликка мойиллик дастидан, баъзида бошқалардан ажралиб туришга ҳаракат қиламиз. Лекин камтаринлик ён берадиган бўлишга кўмаклашади (Рим. 12:10).
9. Ён берадиган бўлишни истасак, нима қилишимиз керак?
9 Ён берадиган бўлиш учун, Худо томонидан ўрнатилган ҳокимиятни тан олишимиз даркор. Худонинг барча хизматчилари бошчилик қоидасига бўйсунишади. Бу ҳақда ҳаворий Павлус қуйидагини ёзган: «Яна шуни билишингизни хоҳлайманки, ҳар бир эркакнинг бошлиғи Масиҳ, хотиннинг бошлиғи эркак, Масиҳнинг бошлиғи эса Худодир» (1 Кор. 11:3).
10. Яҳованинг ҳокимиятига бўйсуниб, нимани кўрсатамиз?
10 Худонинг ҳокимиятига итоатли бўлиб, Унга ишонишимиз ва таянишимизни кўрсатамиз. Ундан ҳеч нарсани яшириб бўлмайди. У ҳамма нарсадан хабардор бўлиб, бизни тўла маънода мукофотлаши мумкин. Айниқса бошқалар бизни ҳурмат қилмай, жаҳл билан ҳақоратлаганда, буни ёдда тутиш муҳим. Ҳаворий Павлус: «Агар иложи бўлса, қўлингиздан келганича, барча одамлар билан тинч-тотув ҳаёт кечиринглар»,— деб ундаб, сўнг бундай маслаҳат берганди: «Ўзингиз учун қасос олманглар, балки Худонинг ғазабига йўл қўйинглар. Зеро Тавротда шундай ёзилган: “Қасос Менинг қўлимда, сазосини Мен бераман”» (Рим. 12:18, 19).
11. Масиҳнинг бошчилигига итоат қилаётганимизни қандай кўрсата оламиз?
11 Биз шунингдек имонлилар жамоатида Худо ўрнатган ҳокимиятга бўйсунишимиз лозим. Ваҳий китобининг 1- бобида Исо ўнг қўлида «юлдузларни» тутиб турган ҳолатда тасвирланган (Ваҳ. 1:16, 20). Юлдузлар — жамоатдаги оқсоқоллар ёки нозирлар кенгашини ифодалайди. Бу тайинланган биродарлар, Масиҳнинг йўл-йўриғига риоя қилиб, бошқаларга меҳрибонлик кўрсатишда унга тақлид қиладилар. Жамоатнинг барча аъзолари, «ишончли ва ақлли хизматкор» маънавий озуқани ўз вақтида етказиб туриши учун Исо Масиҳ томонидан ўрнатилган тартибга амал қиладилар (Мат. 24:45–47). «Ишончли ва ақлли хизматкор»нинг адабиётларини қунт билан ўқиб ҳамда олган билимларимизни амалда қўллаб, Масиҳнинг бошчилигига итоат этаётганимизни намоён қиляпмиз. Бу эса жамоатнинг тинч-тотувлигига ҳисса қўшмоқда (Рим. 14:13, 19).
Қай даражада ён бериш керак?
12. Нима учун ҳар доим ҳам ён бермаслик керак?
12 Бироқ ён бериш, ўз эътиқодларимиз ва илоҳий қонун-қоидаларга зид йўл тутишни англатмайди. Дин раҳбарлари илк масиҳчиларга Исо номидан таълим беришни ман этишганида, улар қандай йўл тутишди? Бутрус ва бошқа ҳаворийлар жасурлик билан: «Одамлардан кўра Худога кўпроқ итоат қилиш керак»,— деб жавоб беришди (Ҳавор. 4:18–20; 5:28, 29). Бугунги кунда ҳам давлат раҳбарлари хушхабарни ваъз қилишимизни тақиқлашганда, худди шундай йўл тутамиз. Бундай ҳолларда вазиятни кескинлаштирмаслик учун, ваъз қилишнинг бошқа усулларини қўллашимиз мумкин. Агар уйма-уй ваъз қилиш ман этилган бўлса, Худонинг топшириғини бажаришни давом эттириб, ҳудудимиздаги одамларга хушхабарни етказишнинг бошқа усулларини қидирамиз. Бордию «ҳукмрон ҳокимият» жамоат учрашувларимизни ўтказишни тақиқласа, биз эҳтиёткорлик кўрсатиб, кичик гуруҳларга бўлиниб йиғиламиз (Рим. 13:1; Иброн. 10:24, 25).
13. Ҳукуматга бўйсуниш ҳақида Исо нима деган?
13 Исо Тоғдаги ваъзида ҳукуматга бўйсуниш кераклигини қуйидагича таъкидлаб ўтганди: «Ким сен билан даъволашиб, кўйлагингни олмоқчи бўлса, унга тўнингни ҳам бериб юбор. Ким сени бир чақирим йўл юришга мажбур қилса, у билан икки чақирим юр»b (Мат. 5:40, 41). Бундан ташқари икки чақирим юришга бизни, бошқаларга нисбатан диққат-эътибор ва ёрдам бериш истаги ундайди (1 Кор. 13:5; Титус. 3:1, 2).
14. Нега ҳеч қачон муртадларга ён бермаслигимиз даркор?
14 Бироқ, биз ён берамиз деб, ҳеч қачон муртадларга қўшилмаймиз. Ҳақиқатнинг софлигини сақлаш ва жамоатнинг якдиллигини бузмаслик учун, имонда мустаҳкам бўлмоғимиз лозим. Ҳаворий Павлус «сохта биродарлар» борасида: «Хушхабарнинг ҳақиқати сизлар билан абадий бўлсин деб, бир дам ҳам уларга ён бермадик»,— деб ёзган (Галат. 2:4, 5). Аллоҳнинг хизматчилари муртадларга рўбарў келганда, ҳақиқат томонида қаттиқ турадилар.
Нозирлар ён берадиган бўлишлари керак
15. Жамоат ишларини ҳал қилаётиб, қандай қилиб нозирлар бир-бирига ён бериши мумкин?
15 Нозир этиб тайинланганларга нисбатан талаблардан бири — ён берадиган бўлишдир. Зеро Павлус ‘нозир мулойим бўлмоғи’ лозимлиги ҳақида ёзган (1 Тим. 3:2, 3). Айниқса масъулиятли биродарлар жамоат ишларини ҳал қилиш учун йиғилишганда, буни қўллашлари ўта муҳим. Бир қарорга келишдан аввал, ҳар бир оқсоқол ўз фикрини айтишга ҳақли. Муҳокама пайтида оқсоқоллардан бири, бошқа оқсоқолнинг Муқаддас Китобга асосланиб келтирган далилига қўшилиб, ўз нуқтаи назарини ўзгартириши мумкин. Етук оқсоқол ўзиникида туриб олмасдан, ён беради. Гарчи бошида биродарларнинг фикрлари бир-бирига зид бўлса ҳам, бироқ ибодат, камтаринлик ва ён бериш оқсоқоллар якдил бўлиб қолишларига ёрдам беради (1 Кор. 1:10; Эфесликларга 4:1–3 ўқиб беринг).
16. Нозирлар қандай муносабатни намоён этишлари керак?
16 Оқсоқоллар ҳар нарсада илоҳий қоидаларга риоя қилишлари даркор. Бу уларга Худонинг сурувини боқишда мулойим ва диққатли бўлишларига ёрдам беради. Ҳаворий Бутрус шундай ёзган: «Назоратингиздаги Худонинг сурувини яхши боқинглар. Бу ишни мажбурий эмас, балки Худога ёқадиган даражада кўнгилдан чиқариб қилинглар. Қабиҳ ғаразгўйликсиз, сидқидилдан иш тутинглар» (1 Бутр. 5:2).
17. Қандай қилиб жамоатнинг барча аъзолари ён беришлари мумкин?
17 Жамоатнинг кекса аъзолари ёшлардан миннатдорлик ила ёрдамни қабул қилиб, уларни камситмайдилар. Ёш биродару сингилларимиз эса, Яҳовага кўп йиллардан бери хизмат қилаётган кексаларни ҳурмат қиладилар (1 Тим. 5:1, 2). Оқсоқоллар қайси биродарларга муайян вазифаларни ишониб топшириш мумкинлигини пайқаб, уларни Худонинг сурувига ғамхўрлик қилишга ўргатадилар (2 Тим. 2:1, 2). Худонинг барча хизматчилари ҳаворий Павлуснинг илоҳий илҳом билан ёзган қуйидаги маслаҳатига амал қилишлари даркор: «Ўз жамоат бошлиқларингизга итоат қилинглар, уларга камоли эҳтиром билан бўйсунинглар [ён беринглар]. Чунки улар ҳисобот берадиганлардек ҳамиша жонларингизни қўриқлаб турадилар. Бу ишни эса оҳу нола билан эмас, балки севинч билан бажо келтирсинлар. Агар буни оҳу нола билан қилсалар, сизларга фойда бўлмайди» (Иброн. 13:17).
Оилада ён бериш
18. Нега оилада ён бериш зарур?
18 Оилада ҳам ён бериш ўта муҳим (Колосаликларга 3:18–21 ўқиб беринг). Муқаддас Китобга биноан, оиланинг ҳар бир аъзосида ўз вазифаси бор. Эр хотинининг боши бўлиб, фарзандларни тарбиялашдаги асосий мажбурият унинг зиммасига юкланган. Хотин эрига, болалар эса ота-онасига бўйсунишлари лозим. Бундай тартиб Раббимизга маъқулдир. Мулоҳазакорлик ила ён бериб, оиланинг ҳар бир аъзоси тинч-тотувликка ҳисса қўшган бўлади. Келинг, Муқаддас Китобдаги айрим мисолларни кўриб чиқайлик.
19, 20. а) Ён беришга нисбатан Элах ва Яҳованинг мисолларидан қандай хулоса чиқарса бўлади? б) Ота-оналар бу мисоллардан қандай сабоқ олишлари мумкин?
19 Шомуил ҳали болалигида, Исроилда Элах олий руҳоний бўлиб хизмат қиларди. Бироқ унинг ўғиллари Хўфнах ва Пинхос «ярамас йигитлар» бўлиб, «Эгамизни ҳурмат қилмас»дилар. Элах улар учрашув чодирнинг эшигида хизмат қиладиган аёллар билан зино қилишаётганини эшитиб турарди. Лекин у бунга қандай муносабатда бўлди? Элах ўғилларига, Яҳовага қарши гуноҳ қилишса, ҳеч ким уларнинг гуноҳи кечирилиши учун ибодат қила олмаслигини айтди. Лекин у ўғилларига панд-насиҳат бериб, тўғри йўлга солмагани учун, улар гуноҳ ишларини давом эттиришган. Шу сабабли Яҳова Хўфнах ва Пинхосни ўлимга лойиқ, деб қарор қилди. Ўғилларининг ҳалок бўлганини эшитиб, Элах ҳам ўлди. Оқибати нақадар аянчли бўлди! Кўриниб турганидай, Элах ҳаддан ортиқ ён бериб, ўғилларининг қабиҳ ишларига кўз юмгани, нохуш натижага олиб келди (1 Шоҳ. 2:12–17, 22–25, 34, 35; 4:17, 18).
20 Энди эса Яҳова Ўз фаришталари билан қандай муносабатда бўлганини кўриб чиқамиз. Михиё пайғамбар ажойиб бир ваҳий олди. Унга кўра, жамики самовий мавжудотлар Яҳованинг ҳузурида йиғилишган эди. Шунда Худо, қайси фаришта ҳийла ишлатиб, шоҳ Ахабни ҳалок қилдира олишини сўради. Яҳова бир нечта таклифларни тинглади. Сўнг фаришталардан биттаси бу топшириқни бажара олишини айтди. Яҳова ундан қандай қилиб бажара олишини сўраганидан кейин, унинг режаси Худога маъқул келиб, бу вазифани унга топширди (3 Шоҳ. 22:19–23). Ушбу мисолдан оила аъзолари ён беришга нисбатан нимани ўрганишлари мумкин? Оила боши хотини ва болаларининг таклифлару истакларини эътиборга олиши даркор. Хотини ва болалари эса ўз фикрларини айтгандан сўнг, оила бошига ён бериб, унга қулоқ солишларига тўғри келишини тушунишлари керак. Зеро Муқаддас Китобга кўра, қарор чиқариш бўйича мажбурият эрнинг зиммасига юкланган.
21. Келгуси мақолада нимани муҳокама қиламиз?
21 Яҳова бизга меҳр-муҳаббат ила керакли эслатмалар бериб, ён беришга ўргатаётганидан жуда миннатдормиз! (Заб. 118:99). Келгуси мақолада қандай қилиб мулоҳазакорлик ила ён бериш, оилани мустаҳкамлаб, бахтли қилишини муҳокама қиламиз.
[Изоҳлар]
a Павлус қўллаган юнонча сўз кўпинча ювошлик, мулойимлик, беозорлик деб таржима қилинган. Бир луғатда бундай изоҳ берилган: «Бу сўз бошқаларнинг манфаати учун ён бериш, диққатли ва мулойим бўлишни ўз ичига олади». Хуллас ушбу сўз ён берадиган ва мулоҳазакор бўлишни ҳамда ўзиникида туриб олмасликни англатади.
b «Қўриқчи минораси»нинг 2005- йил, 15- февраль, 23–26- саҳифаларидаги «Сизни “икки чақирим” юришга мажбурласа» номли мақолага қаранг.
Қандай жавоб берардингиз?
• Ён бериш қандай ажойиб самара келтиради?
• Нозирлар қандай ён беришади?
• Нега оилада ён бериш ўта муҳим?
[4- саҳифадаги расм]
Оқсоқоллар Масиҳга тақлид қилиб, бошқаларга меҳрибонлик кўрсатишади
[6- саҳифадаги расм]
Жамоат ишларини ҳал қилаётганда, оқсоқоллар Яҳовага ибодат қилиб ҳамда бир-бирига ён бериб, якдилликка ҳисса қўшишади