Бу дунёнинг охирати қандай келади?
Сиз биродарлар, ўша кун тўсатдан келганда унинг қўлига тушмайсизлар, сабаби сиз ўғрилар каби қоронғиликда эмассизлар. 1 САЛОН. 5:4
1. Ҳушёрликни сақлашга ва синовларга бардошли бўлишга нима ёрдам беради?
ЯҚИН орада оламшумул воқеалар юз беради. Муқаддас Китобдаги башоратларнинг амалга ошиши буни исботламоқда. Шундай экан, келинг, ҳушёрликни сақлайлик. Бу масалада бизга нима ёрдам бериши мумкин? Ҳаворий Павлус нигоҳимизни «кўринмайдиган нарсаларга қаратишга» ундаган эди. Чиндан ҳам умидимиз қандай бўлмасин, осмондами ёки ердами, абадий ҳаёт мукофотини ёдимизда тутишимиз керак. Матн таркибидан кўриниб турганидек, Павлус ушбу сўзларни ёзиб, имондошларининг эътиборини содиқ қолиш қандай самаралар келтиришига қаратмоқчи эди. Бу эса, уларга синов ва қувғинларга бардошли бўлишга ёрдам берарди (2 Кор. 4:8, 9, 16–18; 5:7).
2. а) Умидимизни маҳкам ушлаш учун, нима қилишимиз даркор? б) Бу ҳамда келаси мақолаларда нимани муҳокама қиламиз?
2 Павлуснинг огоҳлантиришида муҳим бир меъёр бор: умидимизни маҳкам ушлаш учун, биз фақатгина кўринадиган нарсаларга диққатли бўлмаслигимиз керак. Дарҳақиқат, биз кўринмайдиган, аммо муҳим воқеаларга эътибор қаратишимиз лозим (Иброн. 11:1; 12:1, 2). Шундай экан, келинг абадий яшаш умидимиз билан чамбарчас боғлиқ бўлган ўнта воқеани кўриб чиқайликa.
ОХИРАТ КЕЛИШИДАН ОЛДИН НИМА СОДИР БЎЛАДИ?
3. а) 1 Салоникаликларга 5:2, 3 га биноан келажакда қандай воқеа содир бўлиши керак? б) Сиёсий раҳбарлар нима қилишади ва кимлар уларга қўшилиши мумкин?
3 Келажакда содир бўладиган воқеалардан бири ҳақида, Павлус салоникаликларга йўллаган мактубида эслатиб ўтган эди (1 Салоникаликларга 5:2, 3 ни ўқинг). У эътиборимизни «Яҳованинг куни»га қаратмоқда. Бу оятдаги «Яҳованинг куни» ибораси, сохта дин йўқ қилинишидан бошланиб, Армагеддон жангида ўз авж нуқтасига етадиган вақт оралиғига ишора қилади. Аммо Яҳованинг куни бошланишидан олдин дунё раҳбарлари томонидан «тинчлик ва хавфсизлик!» деб айтилади. Бу эса битта ёки бир қатор воқеаларни назарда тутиши мумкин. Эҳтимол халқлар, катта муаммоларимиздан бирининг ечимини топдик, деган хаёлга боришади. Унда диний раҳбарлар ҳақида нима деса бўлади? Улар дунёнинг бир қисми экан, демак улар сиёсий раҳбарларга қўшилиши эҳтимолдан йироқ эмас (Ваҳ. 17:1, 2). Улар қадимги Яҳудонинг сохта пайғамбарларига тақлид қилишади. Яҳова улар ҳақида шундай деган: «Аҳвол оғир бир пайтда [улар] “ҳаммаси яхши”, деб айтишади» (Ерм. 6:14; 23:16, 17).
4. Дунёдаги одамлардан фарқли ўлароқ, биз ниманинг маъносини тушунамиз?
4 Ким «тинчлик ва хавфсизлик!» деб айтишидан қатъи назар, бу воқеа Яҳованинг куни бошланганидан далолат беради. Шу боис Павлус қуйидагиларни айтган: «Биродарлар, ўша кун тўсатдан келганда унинг қўлига тушмайсизлар, сабаби сиз ўғрилар каби қоронғиликда эмассизлар. Зеро сизлар нур ва кундузнинг ўғилларисизлар» (1 Салон. 5:4, 5). Дунёдаги одамлардан фарқли ўлароқ, биз содир бўлаётган муҳим воқеаларнинг маъносини тушунамиз. «Тинчлик ва хавфсизлик!» ҳақидаги башорат қандай амалга ошади? Бунинг учун кутишимиз ва кузатишимиз керак. Шундай экан, «ҳушёр туриб, сергакликни сақлаш» қароримиз қатъий бўлсин! (1 Салон. 5:6; Заф. 3:8).
ОМОН ҚОЛИШГА УМИД ҚИЛИБ ЯНГЛИШГАН «МАЛИКА»
5. а) «Буюк қайғу» нимадан бошланади? б) Ким ўзини «малика» деб ҳисоблаб, ҳеч қачон қайғу чекмаслигига ишонади?
5 Ҳали кўринмаётган кейинги воқеа қанақа бўлар экан? Павлуснинг сўзларига кўра, «одамлар: “Тинчлик ва хавфсизлик!” — деб айтиб юришганда... ногаҳон улар ҳалокатга дучор бўлишади». Ушбу «ногаҳон ҳалокатга дучор бўлиш»нинг биринчи босқичи, «Буюк Бобил» ҳамда «фоҳиша» сифатида тасвирланган сохта дин империяси йўқ қилинишидан бошланади (Ваҳ. 17:5, 6, 15). Барча сохта динларга, шу қаторда христиан оламига қилинадиган мазкур ҳужум, «буюк қайғу»да бошланади (Мат. 24:21; 2 Салон. 2:8). Кўпчилик учун бу кутилмаган воқеа бўлади. Нега? Ушбу ҳужум бошланишига қадар, фоҳиша ўзини «малика» деб ҳисоблайди ва «ҳеч қачон қайғу чекмайман» дея ўзига ишонган бўлади. У омон қолишга умид қилади, лекин кутилмаганда янглишганини тушуниб етади. У дарҳол, яъни «бир куннинг ўзида» йўқ қилинади (Ваҳ. 18:7, 8).
6. Сохта дин ким томонидан йўқ қилинади?
6 Муқаддас Китобда, «ўнта шоҳли» «йиртқич ҳайвон» фоҳишага ҳужум қилиши аниқ кўрсатилган. Ваҳий китобини тадқиқ қилиш орқали, йиртқич ҳайвон Бирлашган Миллатлар Ташкилотини (БМТ) тасвирлашини яққол кўрса бўлади. «Ўнта шоҳ» эса, ушбу «тўқ қизил йиртқич ҳайвон»ни қўллаб-қувватлаётган бугунги кундаги барча сиёсий кучларни ифодалайдиb (Ваҳ. 17:3, 5, 11, 12). Бу ҳужум қанчалик ҳалокатли бўлади? БМТнинг аъзолари фоҳишани талон-тарож қиладилар, унинг асл қиёфасини фош этадилар, уни ютиб юборадилар, «ўзини эса ўтда ёндирадилар». Фоҳиша батамом йўқ қилинади (Ваҳий 17:16 ни ўқинг).
7. «Йиртқич ҳайвон» ҳужумни бошлашига нима туртки бўлади?
7 Шунингдек, Муқаддас Китобда бу ҳужум бошланишига нима туртки бўлиши ҳақида айтилган. Яҳова қандайдир йўл билан, сиёсий раҳбарларнинг дилига Ўз «фикр»ини, яъни фоҳишани йўқ қилиш фикрини солади (Ваҳ. 17:17). Урушларни қўзғатувчи дин, ҳалигача дунёда вайронагарчилик келтирадиган қудратга эга. Шу сабабли халқлар, фоҳишани йўқ қилиш миллий манфаатимиз учун хизмат қилади, деб ўйлашлари мумкин. Демак, раҳбарлар ҳужум қилишганида, «битта фикрни», ўзимизнинг фикримизни амалга оширяпмиз, деган хулосага келишади. Аслини олганда эса, улар барча сохта динларни йўқ қилиш учун Худонинг қуроли бўлишади, холос. Ҳайратланарлиси шуки, Шайтоннинг дунёси иккига бўлиниб, бир-бирига қарши ҳужум қилади ва Шайтон бунинг олдини олишга ожиз бўлади (Мат. 12:25, 26).
ХУДОНИНГ ХАЛҚИГА ҚАРАТИЛГАН ҲУЖУМ
8. «Магўг юртидаги... Гўг»нинг ҳужуми қанақа бўлади?
8 Сохта дин йўқ қилинганида, Худонинг хизматчилари «хотиржам яшаётган»дек ва «девор билан ўралмаган»дек кўринишади (Ҳиз. 38:11, 14). Яҳовага топинаётган ва ҳимоясиз кўринган бу халқ билан нима юз беради? Эҳтимол «кўп халқлар» ёппасига уларга ҳужум қилишади. Худонинг Каломида бу воқеа, «Магўг юртидаги... Гўг»нинг ҳужуми тариқасида тасвирланган (Ҳизқиё 38:2, 15, 16 ни ўқинг)c. Бу ҳужумга биз қандай муносабатда бўлишимиз керак?
9. а) Худонинг хизматчилари биринчи навбатда нима ҳақида қайғуриши даркор? б) Имонимиз мустаҳкам бўлиши учун нималар қилишимиз керак?
9 Худонинг халқига ҳужум қилинишини олдиндан билиш, бизни ҳаддан ташқари хавотирга солмаслиги керак. Биз биринчи навбатда нажотимиз ҳақида эмас, аксинча Яҳованинг исми улуғланиши ва ҳукмдорлиги оқланиши ҳақида қайғуришимиз лозим. Зеро Ҳизқиё китобида Яҳова 60 мартадан кўпроқ: «Эгангиз Мен эканлигимни билиб оласизлар»,— деган (Ҳиз. 6:7). Ҳизқиё китобидаги ушбу муҳим башорат амалга ошишини катта қизиқиш билан кутаётган эканмиз, «художўй кишиларни синовлардан қандай қутқаришни... Яҳова билади» деган сўзларга ишонайлик (2 Бутр. 2:9). Ҳозир эса ҳар қандай қулай вазиятдан фойдаланиб, имонимизни мустаҳкамлашга интилайлик. Шунда қанақа синовларга дуч келмайлик, Яҳовага бўлган садоқатимизни сақлай оламиз. Бунинг учун нима қилишимиз керак? Ибодат қилишимиз, Худонинг Каломини ўрганишимиз ва унинг устидан мулоҳаза юритишимиз ҳамда Шоҳлик ҳақида ваъз қилишимиз керак. Шу тариқа абадий яшаш умидимизни «лангардек» мустаҳкам сақлаймиз (Иброн. 6:19; Заб. 24:21).
ХАЛҚЛАР ЯҲОВАНИ ТАН ОЛАДИЛАР
10, 11. Армагеддон бошланганини нимадан билса бўлади ва бу вақт давомида нима содир бўлади?
10 Яҳованинг хизматчиларига ҳужум қилиниши қандай оламшумул воқеа бошланишига туртки бўлади? Тангри Яҳова, Исони ҳамда самовий қўшинни ишга солиб, халқининг ёнини олади (Ваҳ. 19:11–16). Бу эса «Қодир Аллоҳнинг улуғ кунида юз берадиган жангда», аниқроғи Армагеддонда содир бўлади (Ваҳ. 16:14, 16).
11 Бу жанг ҳақида Аллоҳ Яҳова, Ҳизқиё орқали шундай деган эди: «Эй Гўг, Мен ҳамма Исроил тоғларида сенга қарши қилич ҳозирлайман... Лашкарларинг бир-бирига ҳамла қилади». Шайтон томонида бўлганларни ваҳима босади ва улар сафдошларига қарши қурол кўтаришади. Хуллас Шайтоннинг тузуми вайрон бўлади. Яҳова Гўгга шундай деган: «Мен ўлату қотилликлар орқали сени жазолайман. Сенинг, лашкарингнинг, сенга эргашиб келган кўп халқларнинг устига оловли олтингугурт, жала ва дўл ёғдираман» (Ҳиз. 38:21, 22). Худонинг бу иши қандай натижа келтиради?
12. Халқлар нимани тан олишга мажбур бўлишади?
12 Халқлар, уларни мағлуб қилаётган Тангри Яҳова эканини тушуниб етишади. Сўнг, Қизил денгиздан ўтаётган исроилликларнинг орқасидан қувган Миср лашкари сингари, Шайтоннинг лашкари ҳам ноиложликдан: «Халқи учун уларнинг Эгаси жанг қиляпти!» — деб дод солади (Чиқ. 14:25). Дарҳақиқат, халқлар Яҳовани тан олишга мажбур бўладилар (Ҳизқиё 38:23 ни ўқинг)d. Ушбу воқеалар кетма-кетлиги бошланишига биз қанчалик яқин турибмиз?
БОШҚА ИМПЕРИЯ ПАЙДО БЎЛМАЙДИ
13. Дониёрнинг башоратидаги ҳайкалнинг бешинчи қисми ҳақида нимани билиб олдик?
13 Дониёр китобидаги башорат қайси вақтда яшаётганимизни аниқлашга ёрдам беради. Дониёр турли металлардан ясалган инсон қиёфасидаги бир ҳайкални тасвирлаб беради (Дон. 2:28, 31–33). Бу ҳайкал, Худонинг халқига ўтмишда бўлганидек, бугун ҳам катта таъсир ўтказаётган, бир-бирининг ўрнини эгаллайдиган империяларни ифодалайди. Улар: Бобил, Мидия ва Форс, Юнонистон, Рим ва ниҳоят бизнинг кунлардаги яна бир империядир. Дониёрнинг башоратини тадқиқ қилиш орқали охирги империя ҳайкалнинг оёқ панжалари ва бармоқларини ифодалашини билиб оляпмиз. Биринчи жаҳон уруши пайтида, Қўшма Штатлар Британия билан яқин ҳамкорлик қилган. Дониёрнинг башоратидаги ҳайкалнинг бешинчи қисми — Англия-Америка империясидир. Оёқ панжалари ҳайкалнинг охирги қисми бўлгани учун, жаҳон саҳнасида бошқа инсоний империя пайдо бўлмайди. Оёқ панжалари ҳамда бармоқларнинг темир ва лой қоришмасидан таркиб топгани, Англия-Америка империясининг заиф ҳолатини тасвирлайди.
14. Армагеддон бошланганида қайси империя ҳукмронлик қилган бўлади?
14 Шунингдек мазкур башорат, Худонинг Шоҳлигини ифодалайдиган катта тош 1914- йилда Яҳованинг хукмдорлигини тасвирловчи тоғдан думалаб тушганини кўрсатмоқда. Ҳозир бу тош ўз мўлжалига — ҳайкалнинг оёқ панжаларига зарба бериш учун шиддат билан яқинлашиб келмоқда. Бу тош Армагеддонда оёқ панжаларини ва ҳайкалнинг қолган қисмларини парчалаб ташлайди (Дониёр 2:44, 45 ни ўқинг)e. Армагеддон бошланганида Англия-Америка империяси ҳукмронлик қилган бўлади. Ушбу башорат тўлиқ амалга ошганининг шоҳиди бўлиш, нақадар ҳаяжонли бўлади!f Аммо Шайтон учун Яҳова нима тайёрлаб қўйган экан?
ХУДОНИНГ АСОСИЙ ДУШМАНИ БИЛАН НИМА БЎЛАДИ?
15. Армагеддондан сўнг Шайтон ва унинг жинлари билан нима содир бўлади?
15 Шайтон аввал ер юзидаги ташкилоти бутунлай йўқ бўлиб кетишининг гувоҳи бўлади. Сўнг унинг ҳам навбати келади. Бундан кейин нима содир бўлиши ҳақида ҳаворий Юҳанно айтган эди (Ваҳий 20:1–3 ни ўқинг). «Қўлида тубсизликнинг калити» бўлган фаришта — Исо Масиҳ Шайтонни ва унинг жинларини тутиб, тубсизликка ташлайди ва минг йил давомида уларни ўша ерда сақлайди (Луқо 8:30, 31; 1 Юҳан. 3:8). Бундай ҳаракат илоннинг боши эзилишининг биринчи босқичидирg (Ибт. 3:15).
16. «Тубсизликка» ташланиш Шайтон учун нимани англатади?
16 Шайтон ва унинг жинлари ташланган «тубсизлик» нима дегани? Бу оятда Юҳанно қўллаган юнонча ави́сос сўзи, «жуда ёки ҳаддан ташқари чуқур» деган маънони англатади. Бу сўз шунингдек, «туби йўқ, чегарасиз» ва «чексиз бўшлиқ» деб таржима қилинади. Демак, Яҳовадан ҳамда У тайинлаган ва «қўлида тубсизликнинг калити» бўлган фариштадан ташқари, Шайтонни ва унинг жинларини тубсизликдан ҳеч ким озод қила олмайди. Шайтон бу ерда гўё ўлим ҳолатида бўлгандек, ҳеч қандай фаолият юрита олмайди, «токи у халқларни йўлдан оздирмасин». Дарҳақиқат, «бўкириб» юрган шернинг овози ўчиб қолади! (1 Бутр. 5:8).
ТИНЧ ДАВРГА ЕТАКЛАЙДИГАН ВОҚЕАЛАР
17, 18. а) Ҳозирча кўринмайдиган воқеаларнинг нечтасини муҳокама қилдик? б) Бу воқеалардан кейин бизни қандай ҳузурбахш давр кутмоқда?
17 Муҳим ва оламшумул воқеалар ҳали олдинда! Биз «тинчлик ва хавфсизлик!» деб айтилиши қай тарзда содир бўлишини интизорлик билан кутяпмиз. Сўнг эса биз Буюк Бобилнинг йўқ қилинишига, Магўг юртидаги Гўгнинг ҳужумига, Армагеддон жангига шоҳид бўламиз. Сўнг, Шайтон ва унинг жинлари тубсизликка ташланади. Бу воқеалардан сўнг, ёвузликлар ортда қолиб, ҳаётимизда янги саҳифа очилади, яъни Масиҳнинг минг йиллик бошқаруви бошланади. Ўшанда «тинч-осойишталикда ҳузур қиламиз» (Заб. 36:10, 11, Туркия 1998).
18 Ҳозирча биз бешта воқеани муҳокама қилдик. Аммо булардан ташқари бошқа «кўринмайдиган нарсалар» ҳам бор. Биз уларга ҳам «қараймиз». Бу воқеалар кейинги мақолада кўриб чиқилади.
a Ушбу ўнта воқеа бу ва кейинги мақолаларда кўриб чиқилади.
b «Ваҳий — унинг бажарилиши ўз поёнига етмоқда!» китобининг (рус) 251-258- саҳ. қ.
c Ҳизқиё 38:2, 15, 16: «Эй инсон, Магўг юртидаги Мешех ва Тувал халқларининг бош ҳукмдори Гўгга юзлан. Унга қарши башорат қилиб, шимолдаги олис юртингдан кўп халқларни эргаштириб келасан. Ҳа, бу чексиз отлиқ лашкарни, бир тўда буюк қўшинни тортиб келасан. Ер юзини қоплаган булут каби халқим Исроилни босиб оласан. Эй Гўг, келажакда Мен сени юртимга ҳужум қилгани юбораман. Сен орқали халқларга муқаддаслигимни аён қилиб, Ўзимни танитаман».
d Ҳизқиё 38:23: «Дунёдаги кўплаб халқларга Ўзимнинг улуғворлигим ва муқаддаслигимни намоён қиламан, уларга Ўзимни танитаман. Ўшанда Эгангиз Мен эканлигимни улар билиб оладилар».
e Дониёр 2:44, 45, ЯДТ: «Ўша шоҳларнинг даврида Самовий Худо ҳеч қачон йўқ бўлиб кетмайдиган бир шоҳлик ўрнатади. У бошқа халққа берилмайди. Бу шоҳлик ушбу барча шоҳликларни ер билан яксон қилиб, уларга барҳам беради, ўзи эса абадий туради. Сиз, тоғдан ўз-ўзидан думалаб тушиб, темир, бронза, лой, кумуш ва олтинни парчалаб ташлаган тошни кўрдингиз. Буюк Худо келажакда нималар содир бўлишини сизга аён қилди. Бу туш ишончлидир ва таъбири аниқдир».
f Дониёр 2:44 даги «ушбу барча шоҳликларни ер билан яксон қилади» деган ибора, ҳайкалнинг турли қисмлари сифатида тасвирланган шоҳликлар ёки империяларга ишора қилади. Аммо Ваҳийдаги башорат бу борада кенгроқ тушунча беради. У ерда кўрсатилганидек, «Қодир Аллоҳнинг улуғ кунида» Яҳовага қарши «барча жаҳон шоҳлари тўпланишади» (Ваҳ. 16:14; 19:19–21). Армагеддон жангида, нафақат ҳайкалнинг қисмлари сифатида тасвирланган шоҳликлар, балки инсоний бошқа барча шоҳликлар ҳам йўқ қилиб ташланади.
g Илоннинг боши батамом эзилиши, Шайтон ва унинг жинлари минг йилдан сўнг, «оловли ва олтингугуртли кўл»га ташланганида юз беради (Ваҳ. 20:7–10; Мат. 25:41).