Қўриқчи минорасининг ОНЛАЙН КУТУБХОНАСИ
Қўриқчи минорасининг
ОНЛАЙН КУТУБХОНАСИ
ўзбекча
  • МУҚАДДАС КИТОБ
  • АДАБИЁТЛАР
  • УЧРАШУВЛАР
  • fy 3- боб 27–38-саҳ.
  • Мустаҳкам никоҳнинг иккита калити

Танланган маълумот учун видео мавжуд эмас.

Кечирасиз, видеони ижро этишда хатолик юз берди.

  • Мустаҳкам никоҳнинг иккита калити
  • Оилавий бахтнинг сири
  • Сарлавҳалар
  • Ўхшаш маълумот
  • БИРИНЧИ КАЛИТ
  • ИККИНЧИ КАЛИТ
  • МАСИҲ КАБИ БОШЧИЛИК ҚИЛИШ
  • ХОТИННИНГ БЎЙСУНИШИ
  • ОЧИҚ МУЛОҚОТ
  • Оилангиз қандай қилиб бахтли бўлиши мумкин? 1- қисм
    Ҳаётдан тоабад завқланинг! Муқаддас Ёзувлар асосида жонли суҳбатлар
  • Худо бирга қўшганини бандаси ажратмасин
    Қўриқчи минораси Худованд Яҳованинг Шоҳлигини хабарлайди – 2007
  • Бахтли оилавий ҳаёт
    Муқаддас Китоб ҳақиқатлари
  • Никоҳда муваффақиятга эришиш
    Қўриқчи минораси Худованд Яҳованинг Шоҳлигини хабарлайди (Тадқиқ сони) – 2016
Оилавий бахтнинг сири
fy 3- боб 27–38-саҳ.

УЧИНЧИ БОБ

Мустаҳкам никоҳнинг иккита калити

1, 2. а) Никоҳ қанча давом этиши керак? б) Бунинг имкони борми?

АЛЛОҲ Одам Ато ва Момо Ҳавони никоҳ ришталари билан боғлаганида, бу тузум вақтинча давом этади, деб айтмаган эди. Демак, улар бутун умр бирга яшашлари керак эди (Ибтидо 2:24). Худонинг меъёри бўйича никоҳ бир эркагу бир аёлдан иборатдир. Лекин ажралиш ва қайтадан никоҳ қуришнинг Муқаддас Китобга асосланган битта сабаби бор. Бу ҳам бўлса никоҳдан ташқари жинсий алоқада бўлишдир (Матто 5:32).

2 Бироқ икки киши абадий бирга яшаб, бахтли бўлишининг имкони борми? Ҳа, бор ва Муқаддас Китобда бунинг иккита асосий усули ёки калити келтирилган. Агар турмуш ўртоқларнинг иккови ҳам шу калитларни қўллашса, улар бахтли ҳаётга ва кўп қут-баракаларга эришадилар. Бу қандай калитлар экан?

БИРИНЧИ КАЛИТ

[28- саҳифадаги расм]

Ўзаро севги ва ҳурмат никоҳни бахтли қилади

3. Севгининг қайси учта турларини эру хотин ривожлантиришлари керак?

3 Биринчи калит — севгидир. Шуниси қизиқки, Муқаддас Китобда севгининг ҳар хил турлари ҳақида айтилган. Улардан бири — яқин дўстларнинг орасида бўлган севгидир (Юҳанно 11:3). Бошқаси эса қариндошлар орасида бўлган меҳр-муҳаббат (Римликларга 12:10). Учинчиси — эркагу аёл ўртасида бўлган ишқий севгидир (Ҳикматлар 5:15–20). Юқорида келтирилган севги турларини эру хотин албатта ривожлантиришлари керак. Аммо севгининг яна бир муҳимроқ тури бор.

4. Севгининг тўртинчи тури қандай?

4 Инжилнинг юнон тилидаги асл нусхасида севгининг тўртинчи тури ага́пе деб номланади. Бу сўз бир оятда шундай деб қўлланилган: «Худонинг Ўзи севгидир» (1 Юҳанно 4:8). Дарҳақиқат, «биз Уни [Худони] севайлик, чунки аввал У бизни севди» (1 Юҳанно 4:19). Инсон бундай севгини биринчи бўлиб Яҳова Таолога, кейин эса ўзгаларга нисбатан ривожлантириши керак (Марк 12:29–31). Шунингдек, ага́пе сўзи бошқа бир оятда шундай ишлатилган: «Масиҳ сизларни жуда севгани учун, сизлар учун Ўзини фидо қилди... Сизлар ҳам худди шундай муҳаббат билан яшанглар» (Эфесликларга 5:2). Исо пайғамбар айтганларидай, бундай севги унинг ҳақиқий издошларини бошқалардан ажратиб туради: «Агар орангизда муҳаббат [ага́пе] ҳукмрон бўлса, сизлар Менинг шогирдларим эканингизни ҳамма шундан билиб олади» (Юҳанно 13:35). Ага́пе сўзи ҳақида ҳатто шундай дейилган: «Эндиликда бу уч нарса қолади: ишонч, умид, севги. Севги [ага́пе] эса энг аълосидир» (1 Коринфликларга 13:13).

5, 6. а) Нима учун севги ишонч ва умиддан ҳам устун туради? б) Севги никоҳни мустаҳкам қилишининг айрим сабаблари қандай?

5 Нима учун ага́пе севгиси ишонч ва умиддан ҳам устун турар экан? Чунки у Худонинг Каломида ёзилган қонун-қоидаларига асосланган (Забур 118:105). Бу дегани, бошқалар бунга муносибми ёки йўқми, уларга нисбатан тўғри йўл тутиб, яхшилик қилишдир. Бундай севги эру хотинларга Муқаддас Китобнинг насиҳатига амал қилишларига имкон беради: «Бир-бирингизга кўнгилчан ва меҳр-шафқатли бўлинглар. Худо сизларни Масиҳ ҳақи кечиргани каби, сизлар ҳам бир-бирингизни кечиринглар» (Эфесликларга 4:32). Шунингдек турмуш ўртоқларга бундай маслаҳат берилган: «Бир-бирингизни ихлос билан севинглар. Чунки севги кўп гуноҳларни ювади» (1 Бутрус 4:8). «Севги кўп гуноҳларни ювади», деган иборага аҳамият берайлик. Бу, гуноҳни бартараф этишни англатмайди, чунки бандалар хато қилишга мойилдирлар (Забур 129:3, 4; Ёқуб 3:2).

6 Агар умр йўлдошлар Худога ва бир-бирига бундай севгини ривожлантиришса, унда никоҳлари мустаҳкам ва бахтли бўлади, чунки «севги асло адо бўлмас» (1 Коринфликларга 13:8). Зеро севги — «камолот чўққиси»дир (Колосаликларга 3:14). Эру хотин бундай севгини қандай ривожлантира олишади? Агар биргаликда Муқаддас Китобни ўқиб, муҳокама қилишса. Ҳамда Исо алайҳиссаломдан ўрнак олиб, унга фикр-хаёлларида ва хатти-ҳаракатларида тақлид қилишса. Боз устига, Муқаддас Китоб ўрганиладиган йиғилишларга қатнашишса. Шунингдек, Худога ибодат қилаётиб, Ундан бу фазилатни ривожлантиришда ёрдам беришини сўрашса (Ҳикматлар 3:5, 6; Юҳанно 17:3; Галатияликларга 5:22; Ибронийларга 10:24, 25).

ИККИНЧИ КАЛИТ

7. Ҳурмат дегани нима ва оилада ким-кимни ҳурмат қилиши керак?

7 Агар турмуш ўртоқлар бир-бирини чиндан ҳам севишса, унда уларнинг орасида ҳурмат ҳам бўлади; ва айнан ҳурмат — бахтли никоҳнинг иккинчи калитидир. Ҳурмат — «бошқаларни эътиборга олиб, иззат қилишни» англатади. Худонинг Каломи ҳаммага насиҳат қилиб: «Бир-бирингизни иззат-ҳурмат қилишга ўзишгандай ҳаракат қилинглар»,— деб ундайди (Римликларга 12:10). Бошқа насиҳат эса айнан эрларга қаратилган: «Сиз, эрлар ҳам хотинларингиз заиф жинсдан эканлигини ҳисобга олиб, улар билан оқилона муносабатда бўлинглар» (1 Бутрус 3:7). Шунингдек, «хотин ҳам эрини ҳурмат қилсин», деб маслаҳат берилган (Эфесликларга 5:33). Бинобарин, агар биз бировни иззат қилишни хоҳласак, унга албатта меҳрибонлик кўрсатиб, унинг нафсонияти ва нуқтаи назарини ҳурмат қилиб, илтимосларини бажаришга ҳаракат қиламиз.

8–10. Қандай қилиб ҳурмат никоҳни мустаҳкам ва бахтли қилишга ёрдам беради?

8 Оила бахтли бўлишини истаган одам ўз умр йўлдошини ҳурмат қилиши, яъни «ўз манфаатинигина эмас, балки бошқаларнинг манфаатини ҳам кўзлаши» керак (Филиппиликларга 2:4). Ҳа, у фақат ўз фойдасини кўзламайди, чунки бу худбинлик бўлар эди. Аксинча, у турмуш ўртоғининг манфаатини ўйлайди. Бу, эса унинг қизиқишларини биринчи ўринга қўйиш демакдир.

9 Ҳурмат, эру хотиннинг нуқтаи назари бир-биридан фарқ қилишини тан олишга ёрдам беради. Иккита одам ҳамма нарсага бир хил қарайди деб ўйлаш нотўғри бўларди. Масалан, эрга муҳим бўлиб туюлган нарса, хотини учун арзимас бўлиши мумкин. Худди шундай хотинга ёқадиган нарса, эрига ёқмаслиги мумкин. Лекин, улар Аллоҳ Яҳованинг қонун-қоидаларига зид бўлмагунча, бир-бирларининг нуқтаи назарини ҳурмат қилишлари керак (1 Бутрус 2:16; Филимўнга 14-оятни солиштиринг). Боз устига улардан ҳар бири умр йўлдошининг нафсониятини ҳурмат қилиб, на бошқалар олдида, на ёлғиз қолишганида, гаплар ёки ҳазиллар билан пастга урмаслиги лозим.

10 Хуллас, Худога ва бир-бирига бўлган севги ҳамда ўзаро ҳурмат, мустаҳкам никоҳнинг ўта муҳим иккита калитидир. Хўш, уларни оилавий ҳаётнинг айрим муҳим соҳаларида қандай қўллаш мумкин?

МАСИҲ КАБИ БОШЧИЛИК ҚИЛИШ

11. Муқаддас Китобга биноан никоҳда ким бошчилик қилади?

11 Муқаддас Китобда айтилишича, эркак киши оилада яхши бош бўлиши учун керакли фазилатлар билан яратилган. Шундай экан, эр Тангри Яҳова олдида оиласининг маънавий ва моддий аҳволи учун жавобгардир. У Худонинг иродасига мувофиқ қарорлар қабул қилиб, яхши хулқ-атвори билан ўрнак кўрсатиши лозим. Шунинг учун Инжилда: «Эй хотинлар, сиз Раббингизга қандай бўйсунсаларингиз, эрларингизга шундай бўйсунинглар. Масиҳ имонлилар жамоатининг боши бўлгани каби, эркак ҳам хотиннинг бошидир»,— дейилган (Эфесликларга 5:22, 23). Бироқ, Аллоҳнинг Каломига биноан, эрнинг устидан ҳам бош бор. Зотан Исонинг шогирди Павлус: «Яна шуни билишингизни хоҳлайманки, ҳар бир эркакнинг бошлиғи Масиҳ, хотиннинг бошлиғи эркак, Масиҳнинг бошлиғи эса Худодир»,— деб ёзган эди (1 Коринфликларга 11:3). Доно эр, Исо Масиҳга тақлид қилаётиб, бошчилик қилишни ўрганади.

12. Исо алайҳиссалом бўйсунишда ҳамда бошчилик қилишда қандай ўрнак кўрсатди?

12 Исо алайҳиссалом устидан эса Яҳова бош бўлиб, Исо Унга ўринли равишда бўйсунади. Бунга нисбатан Исо: «Мен Ўз иродамни эмас, балки Мени юборган Отамнинг иродасини бажо келтиришни истайман»,— деб айтган эди (Юҳанно 5:30). Нақадар ажойиб ўрнак! Исо Масиҳ «бутун махлуқот устидан, худди тўнғич сингари, биринчи ўринда туради» (Колосаликларга 1:15). Дарвоқе Масиҳ сўзи, Худо Шоҳлигига Подшоҳ этиб тайинланган кимсага нисбатан қўлланилади. Ҳа, Исо барча фаришталардан юқори лавозимга эга бўлди. Шунингдек, у барча имонлилар жамоатлари устидан бошчилик қилмоқда (Филиппиликларга 2:9–11; Ибронийларга 1:4). Лекин Исо алайҳиссалом шундай юқори лавозимга эга бўлишидан қатъий назар, қўпол ёки ҳаддан ортиқ талабчан бўлмаган. Бундан ташқари у золимларга ўхшаб, шогирдлари унга бўйсунишлари керак, деб туриб олмаган эди. Аксинча, Исо пайғамбар ҳаммага, айниқса хўрланганларга меҳрибон ва раҳмдил бўлган. У бундай деган эди: «Эй оғир юк остида қийналиб, ҳориб-толган ҳаммаларингиз! Менинг ҳузуримга келинг, Мен сизга ором бераман. Менинг бўйинтуруғимга ўзингизни қўшинг ва Мендан ўрганинглар. Чунки Мен беозор ва соддадилман. Шундай қилиб, жонларингиз таскин топар. Чунки Мен солган бўйинтуруқ юмшоқ, Мен берган юк енгилдир» (Матто 11:28–30). Чиндан ҳам, у билан мулоқотда бўлганлар жонларига таскин топишарди.

13, 14. Эр бошчиликда Масиҳга қандай тақлид қилиши мумкин?

13 Оиласи бахтли бўлишига интилаётган эр, Исо пайғамбарнинг хислатлари тўғрисида мулоҳаза қилса яхши бўларди. Яхши эр қўпол ва золим бўлмайди, ва хотинини қўрқитиш мақсадида ўз бошчилигини суиистеъмол қилмайди. Аксинча, у жуфти ҳалолини севиб, иззат қилади. Исо «беозор ва соддадил» бўлган, демак эрнинг бундай бўлишига кўпроқ сабаблари бор, чунки у Исодан фарқли равишда хатолар қилиб туради. Эр хато қилганида, у хотинининг тушунишини истайди. Гарчи у учун: «Илтимос, мени кечиринг»,— деган сўзларни айтиш осон бўлмаса-да, камтарин эр ўз хатосини тан олади. Хотинига эса мағрур ёки золим эрдан кўра, камтарин эрни ҳурмат қилиш осон бўлади. Эрини ҳурмат қиладиган хотин ҳам, ўз хатолари учун ундан кечирим сўрайди.

14 Худойи Таоло аёлни ажойиб хислатлар билан яратган экан, оилани бахтли қилиш учун, у бу фазилатларни қўллаши керак. Доно эр буни тан олиб, хотинини ерга урмайди. Шунингдек, оилага ғамхўрлик қилишда ва одамлар билан муносабатларини ривожлантиришда керак бўладиган ҳамдардлик ва жонкуярлик каби фазилатлар хотинларнинг аксариятига хосдир. Одатда аёл уйни шинам қилиб, жиҳозлашга эпчил бўлади. Шоҳ Сулаймон Ҳикматлар китобида тасвирлаган «фаросатли хотин» ажойиб хислатлар ва қобилиятларга эга бўлиб, оиласига кўп фойда келтирган. Бунинг сабаби нимада экан? Чунки «эри унга юракдан ишонган» (Ҳикматлар 31:10, 11).

15. Эр хотинини севиб, иззат қилишини қандай кўрсата олади?

15 Баъзи жойларда эрларнинг бошчилиги катта аҳамиятга эга, ва уларга ҳатто савол бериш ҳам ҳурматсизлик белгиси ҳисобланади. У хотинига худди чўридек қарайди. Эр бошчилигини бундай тарзда намоён этиши оқибатида нафақат хотини билан, балки Аллоҳ билан муносабати ёмонлашади (1 Юҳанно 4:20-, 21-оятларни солиштиринг). Бошқа тарафдан эса, баъзи эрлар оилада бошчилик жиловини ўз хотинларига бериб қўйишади. Масиҳга итоат қилувчи эр хотинини ҳаддан ортиқ ишлатиб, нафсониятига тегмайди. Аксинча, у Исо алайҳиссаломнинг фидокорона севгисига тақлид қилиб, Павлуснинг: «Эй эрлар, Масиҳ имонлилар жамоатини севиб, улар учун Ўзини қандай фидо қилган бўлса, сизлар ҳам хотинларингизни шундай севинглар»,— деган маслаҳатига риоя қилади (Эфесликларга 5:25). Исо Масиҳ ўз умматларини шунчалик севганки, ҳатто улар учун ўз жонини фидо қилган. Худди шундай, яхши эр бундай беғараз муносабатга тақлид қилиб, ўз хотинидан кўп талаб қилмасликни ҳаракат қилади. Агар эр Масиҳга итоат қилиб, хотинини севса ва иззат қилса, хотини ҳам ўз навбатида унга бўйсунади (Эфесликларга 5:28, 29, 33).

ХОТИННИНГ БЎЙСУНИШИ

16. Хотин эрига нисбатан қандай фазилатларни намоён этиши керак?

16 Одам Ато яратилгандан сўнг бир мунча вақт ўтгач, «Худованди Карим: “Одамнинг ёлғиз бўлиши яхши эмас, энди унга муносиб мададкор яратаман”,— деди» (Ибтидо 2:18). Аллоҳ Момо Ҳавони рақиб эмас, мададкор қилиб яратган эди. Никоҳ, иккита рақобат қилаётган қўмондондан иборат кема сингари бўлмаслиги лозим эди. Эр севги ила бошчилик қилиши, хотин эса эрини ҳурмат қилиб, унга бўйсуниши керак эди.

17, 18. Хотинлар ўз эрларига мададкор бўлишининг айрим усуллари қандай?

17 Бироқ, яхши хотин нафақат ҳурмат кўрсатади, балки эрининг қарорларини қўллаб-қувватлаб, мададкор бўлишга ҳаракат қилади. Албатта, агар у эрининг қарорларига рози бўлса, уни қўллаб-қувватлаш осон. Лекин, ҳатто рози бўлмаган тақдирда ҳам, хотинининг қўллаб-қувватлаши туфайли, эрнинг қарорлари муваффақият қозонади.

18 Шунингдек, хотин эри яхши бошчилик қилишига бошқа тарафдан ҳам ёрдам бериши мумкин. Масалан, эрини танқид қилиш ёки норозилик билдириш ўрнига, хотин унинг уринишлари учун ўз миннатдорлигини кўрсатади. Хотин эри билан яхши муомалада бўлиб, «ювош ва сокин руҳ» нафақат эри учун, балки «Худо олдида» қадрли эканини ёдда тутмоғи лозим (1 Бутрус 3:3, 4; Колосаликларга 3:12). Лекин, агар эри имондоши бўлмаса-чи? Бундай тақдирда ҳам, Муқаддас Китоб хотинларни «ўз эрлари ва болаларини севадиган, рўзғорга жонкуяр, вазмин, иффатли, хушфеъл, эрларига бўйсунадиган бўлсинлар», деб даъват этмоқда (Титусга 2:4, 5). Аммо эр хотинидан Аллоҳ Каломига аниқ зид бўлмаган нарсани талаб қилса-чи? Унда хотин ҳаммасини камтаринлик ва ҳурмат ила тушунтирса, эҳтимол эр унинг нуқтаи назарини эътиборга олиши мумкиндир. Айрим бундай эрлар «аёлларининг ор-номусли, покдомон хулқ-атворини кўриб, имон ҳақида бирон сўз айтилмасданоқ қойил қолганлар» (1 Бутрус 3:1, 2, 15; 1 Коринфликларга 7:13–16).

19. Агар эр хотинидан Худонинг қонунини бузишни талаб қилса, у нима қилиши керак?

19 Агар эр хотинидан Худо ман этган нарсани талаб қилса-чи? Бундай ҳолда, хотин унинг олий Ҳукмдори Аллоҳ эканини ёдда тутиши шарт. Бунга нисбатан у, Исонинг яқин шогирдлари бўлмиш ҳаворийларнинг ўрнагига тақлид қилиши мумкин. Зеро бундай масалада улар: «Одамлардан кўра Худога кўпроқ итоат қилиш керак», деган гапларни айтишганди (Ҳаворийлар 5:29).

ОЧИҚ МУЛОҚОТ

20. Қайси соҳада севги ва ҳурмат зарурдир?

20 Севги ва ҳурмат мулоқот соҳасида ҳам зарурдир. Хотинини севадиган эр, унинг ишлари, муаммолари ҳақида гаплашиб, турли масалалар бўйича унинг нуқтаи назарини эътиборга олади, чунки аёл бунга муҳтож. Ўз рафиқаси билан мулоқот қилиш учун вақт ажратадиган эр, унинг сўзларини диққат билан тинглаб, уни севишини ва иззат қилишини кўрсатади (Ёқуб 1:19). Баъзи бир аёллар, эрлари улар билан кам гаплашишади деб, арз қилишади. Дарҳақиқат, бугунги кунда, эрлар рўзғорни тебратиш учун, ишга кўп вақт сарфлашади. Иқтисодий аҳвол қийинлашиб боргани сабабли эса, баъзи аёллар ҳам ишлашга мажбурлар. Аммо турмуш ўртоқлар бир-бирларига вақт ажратишлари ҳам қарз, ҳам фарз. Акс ҳолда улар бир-бирларидан узоқлашишлари мумкин. Агар бирор бир турмуш ўртоқ бундай мулоқотни никоҳдан ташқари изласа, унда оилада жиддий муаммолар келиб чиқиши табиий ҳол.

21. Қандай қилиб ўринли сўзлар оиланинг бахтига ҳисса қўшади?

21 Эру хотин қандай мулоқот қилишлари керак? «Ёқимли сўз... жонга роҳат, суякларга малҳамдир» (Ҳикматлар 16:24). Турмуш ўртоғи имондоши бўлмаган тақдирда ҳам, Муқаддас Китоб: «Сўзингиз ҳамиша файзли ва мазали бўлсин»,— деб маслаҳат беради (Колосаликларга 4:6). Агар улардан бирининг куни оғир ўтган бўлса, турмуш ўртоғининг бир-икки оғиз ширин сўзи жуда ўринли бўлади. «Ўз ўрнида айтилган сўз тилла узукка қўйилган ёқут кўздайдир» (Ҳикматлар 25:11). Мулойим оҳангда ва ўринли сўзлар билан гапириш жуда муҳим. Масалан, жаҳл билан: «Ёп эшикни!» — деб бақиришнинг ўрнига, мулойимлик билан: «Илтимос, эшикни ёпворинг»,— дейиш нақадар афзал.

22. Яхши мулоқот қилиш учун турмуш ўртоқлар бир-бирига қандай муносабатда бўлиши керак?

22 Ширин сўзлар, мулойим қарашлар ва суйиб-эркалашлар бор оилада яхши мулоқот гуллаб яшнайди. Яхши мулоқот қилишга ҳаракат қиладиган эру хотин ўз эҳтиёжлари ҳақида гапиришга уялишмайди, қийинчиликларга дуч келганда эса, бир-бирини қўллаб-қувватлайди. Чунки Инжилда: «Жасоратсизларнинг руҳини кўтаринглар»,— деб айтилган (1 Салоникаликларга 5:14). Ҳаётда шундай вақтлар бўладики, эр ёки хотин тушкунликка тушиб қолади. Шунда улар бир-бирига таскин ва далда манбаи бўладилар (Римликларга 15:2).

23, 24. Тушунмовчиликлар келиб чиққанда севги ва ҳурмат қандай қилиб ёрдам беради? Мисол келтиринг.

23 Бир-бирини севиб, ҳурмат қиладиган умр йўлдошлар, ҳар бир тушунмовчиликни қаршилик деб билишмайди. Улар бир-бирларига «қўпол муомалада» бўлмасликка ҳаракат қилишади (Колосаликларга 3:19). «Юмшоқ жавоб ғазабни қайтаришини» иккови ҳам ёдда тутишлари керак (Ҳикматлар 15:1). Агар умр йўлдоши қалбидаги дардини тўкиб солса, уни пастга урмаслик ёки айбламаслик учун эҳтиёт бўлиш керак. Чунки у ўз ҳис-туйғуларини ифодалаганида, унинг нуқтаи назарини тушуниш имкони пайдо бўлади. Шундай экан, тушунмовчиликларни бартараф этиб, битта фикрга келишга жон куйдиринг.

24 Келинг, бир воқеани кўриб чиқайлик: Соро биби эри Иброҳим алайҳиссаломга бир муаммони ҳал қилиш учун маслаҳат берганида, у кишига бу ёқмаган эди. Шунга қарамай Худо Иброҳимга: «Соронинг айтадиган ҳамма гапига қулоқ сол»,— деди (Ибтидо 21:9–12). Иброҳим Халилуллоҳ қулоқ солганди, бу учун дуолар олди. Бу каби, агар хотин эрига бирон нарса таклиф қилса-ю, бу унинг режалари билан тўғри келмаётган бўлса, шунда ҳам эри унинг сўзларини тинглаши даркор. Хотин эса ташаббускорликни ўз зиммасига олмай, эрининг гапига қулоқ солиши керак (Ҳикматлар 25:24). Бинобарин, агар эр ёки хотин ҳар доим ўз гапида туриб оладиган бўлса, бу унинг севгиси ва ҳурмати йўқлигидан далолат беради.

25. Қандай қилиб яхши мулоқот умр йўлдошларнинг жинсий муносабатларида ёрдам беради?

25 Шунингдек яхши мулоқот эру хотиннинг жинсий муносабатларида ҳам муҳимдир. Никоҳда ва айниқса жинсий муносабатларда худбинлик ва ўзини тута била олмаслик катта зарар келтириши мумкин. Шунинг учун бу ҳақда очиқ мулоқот қилиб, сабр-тоқатни намоён этиш керак. Агар турмуш ўртоқлар бир-бирининг манфаатини кўзласа, унда жинсий ҳаётда муаммолар пайдо бўлмайди. Бу ва бошқа соҳаларда ҳам «ҳар ким ўзининг эмас, ўзганинг манфаатини кўзласин» (1 Коринфликларга 7:3–5; 10:24).

26. Оилада турли қийинчиликлар бўлиб туришига қарамай, қандай қилиб турмуш ўртоқларнинг Муқаддас Китобга риоя қилиши бахт келтиради?

26 Муқаддас Китобда нақадар ажойиб маслаҳатлар бор! Тўғри, ойнинг ярми қоронғи бўлса, ярми ёруғ бўлади деганларидек, ҳар бир оилада ҳам турли қийинчиликлар бўлиб туради. Бироқ умр йўлдошлар Яҳованинг қонун-қоидаларига риоя қилиб, бир-бирини севиб, ҳурмат қилишса, никоҳлари мустаҳкам ва бахтли бўлади. Шунда улар нафақат бир-бирларига, балки никоҳнинг Асосчиси бўлмиш Тангри Яҳовага шараф келтиришади.

ҚАНДАЙ ҚИЛИБ МУҚАДДАС КИТОБ МЕЪЁРЛАРИ... НИКОҲ МУСТАҲКАМ ВА БАХТЛИ БЎЛИШИГА ЁРДАМ БЕРАДИ?

Аллоҳ Яҳованинг хизматчилари бир-бирларига меҳр-муҳаббат кўрсатишади (Юҳанно 13:35).

Улар бир-бирларини кечиришга тайёр (Колосаликларга 3:13).

Оилада бошчилик қилишнинг тартиби бор (1 Коринфликларга 11:3).

Ўз ўрнида айтилган сўз жуда муҳим (Ҳикматлар 25:11).

    Ўзбекча адабиётлар (1993-2025)
    Чиқиш
    Кириш
    • ўзбекча
    • Улашиш
    • Созламалар
    • Copyright © 2025 Watch Tower Bible and Tract Society of Pennsylvania
    • Фойдаланиш шартлари
    • Махфийлик сиёсати
    • Махфийлик созламалари
    • JW.ORG
    • Кириш
    Улашиш