7- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ
Муқаддас Китобни ўқишдан кўпроқ фойда олинг
Ўқиганларингиздан нимани тушундингиз? ЛУҚО 10:26
97- ҚЎШИҚ Раб Сўзи ила ҳар лаҳза яшаймиз
БУ МАҚОЛАДАa
1. Исо Каломни қадрлаганини нимадан кўришимиз мумкин?
ИСО ПАЙҒАМБАР қандай таълим берганини бир тасаввур қилинг. У тез-тез ёддан Муқаддас Ёзувлардаги оятларга ишора қилган. Буни у сувга чўмганидан кейин ва ўлишидан сал олдин айтган сўзларидан кўришимиз мумкинb. (Қонун. 8:3; Заб. 31:5; Луқо 4:4; 23:46) Ер юзидаги хизмати давомида Исо кўп маротаба омма олдида Каломни ўқиб, тушунтирган. (Мат. 5:17, 18, 21, 22, 27, 28; Луқо 4:16–20)
Ҳаёти давомида Исо Муқаддас Ёзувларни яхши кўрганини намоён этган ва улар ишларига таъсир қилишига йўл қўйган (2- хатбошига қаранг.)
2. Исо Муқаддас Ёзувларга меҳр қўйишига нима ёрдам берган? (Муқовадаги расмга қаранг.)
2 Хизматни бошлашдан аввал Исо Худонинг Каломини тез-тез ўқиган ва тинглаган. Ҳойнаҳой, Марям билан Юсуф уйда суҳбатлашганда Муқаддас Ёзувлардаги фикрлардан фойдаланганc. (Қонун. 6:6, 7) Шубҳасизки, улар ҳар Шаббат куни оиласи билан бирга ибодатхонага борган. (Луқо 4:16) У ерда Муқаддас Ёзувлар қироат қилинганида улар буни диққат билан тинглаган. Вақт ўтгач, Исонинг ўзи ҳам уларни ўқишга ўрганган. Натижада, у нафақат билимга эга бўлган, балки Каломга меҳр қўйиб, у хатти-ҳаракатларига таъсир қилишига йўл қўйган. Мисол учун, Исо атиги 12 ёшда бўлганида маъбадга борган ҳамда Тавротни яхши билган муаллимлар унинг «фаҳм-идрокига ва бераётган жавобларига лол қолган». (Луқо 2:46, 47, 52)
3. Ушбу мақолада нимани муҳокама қиламиз?
3 Аллоҳнинг Каломини тушуниш ва унга меҳр қўйиш учун уни мунтазам равишда ўқишимиз даркор. Қай йўсин ўқиганларимиздан кўпроқ фойда олсак бўлади? Исо Масиҳнинг Тавротни яхши биладиган инсонларга, жумладан, уламою фарзийларга ва саддуқийларга айтган сўзларини кўриб чиқиш бизга ёрдам беради. Ушбу диний раҳбарлар Каломни тез-тез ўқишган, лекин билиб олганлари уларга ҳеч қандай фойда келтирмаган. Исо улар қилмаган учта нарсага эътибор қаратган. Буни кўриб чиқиш 1) ўқиганларимизни тушунишга, 2) маънавий хазиналарни топишга ва 3) Худонинг Каломи бизни шакллантиришига йўл қўйишга ёрдам беради.
ЎҚИГАНЛАРИНГИЗНИ ТУШУНИШГА ИНТИЛИНГ
4. Худонинг Каломини ўқиш борасида нимани билиб оляпмиз? (Луқо 10:25–29)
4 Худонинг Каломини ўқиганда маъносини тушунишни истаймиз. Чунки шундагина уни ўқишдан тўлиқ фойда оламиз. Масалан, Исонинг «Таврот тафсирчиси» билан қурган суҳбатини эслайлик. (Луқо 10:25–29 ни ўқинг.) У: «Абадий ҳаётга эришиш учун нима қилишим керак?» — деб сўраганида, Исо: «Тавротда нима ёзилган? Ўқиганларингиздан нимани тушундингиз?» — деб савол берган. Ўша киши Худога ва яқинига бўлган севги ҳақидаги оятлардан иқтибос келтириб, тўғри жавоб берган. (Лев. 19:18; Қонун. 6:5) Бироқ кейин Исодан: «Хўп, менинг яқиним ким?» — деб сўраган. Демак, у ўқиганларининг асл маъносини тушунмаган. Оқибатда билиб олганларини ҳаётида қандай қўллаш кераклигини билмаган.
Ўқиганларимизни тушунишга ўрганиш мумкин
5. Қай йўсин ибодат қилиш ва шошилмасдан ўқиш билиб олаётганларингизни тушунишга кўмаклашади?
5 Худонинг Каломини тушуниш учун уни мунтазам равишда яхшилаб ўқишимиз даркор. Мана баъзи тавсиялар: ўқишдан олдин ибодат қилинг. Муқаддас Китобни тушуниш учун Яҳованинг ёрдамига муҳтожмиз. Шунга диққатингизни бир жойга жамлаш учун Ундан муқаддас руҳ сўранг. Кейин шошилмасдан ўқинг. Бу сизга билиб олаётганларингизни англашга кўмаклашади. Балки овоз чиқариб ёки Муқаддас Китобнинг аудиоёзуви билан бирга ўқиш сизга ёрдам берар. Бу ўз навбатида у ердаги сўзлар қалбингизу онгингизга таъсир қилишига кўмаклашади. (Ёшуа 1:8) Ўқиб бўлганингиздан кейин Яҳовага яна ибодат қилиб, Муқаддас Китобдек ажойиб совғаси учун раҳмат айтинг ва билиб олганларингизни амалда қўллашга ёрдам беришини сўранг.
Нега қисқа қайдлар ўқиганларингизни тушунишга ёрдам беради? (6- хатбошига қаранг.)
6. Нега ўқиётганда саволлар бериш ва қисқа қайдлар қилиш фойдали? (Расмга ҳам қаранг.)
6 Муқаддас Китобни яхшироқ тушунишга қўл келадиган яна иккита тавсияга назар солайлик. Ўқиганларингиз борасида ўзингизга саволлар беринг. Масалан, «Асосий қаҳрамонлар ким? Ким гапиряпти? У кимга ва нега бу сўзларни айтяпти? Бу воқеа қачон ва қаерда юз беряпти?» Шу каби саволлар билиб олганларингиз устида фикр юритишга ва уларга амал қилишга кўмаклашади. Бундан ташқари, қисқа қайдлар қилинг. Шунда кўпроқ мулоҳаза юритасиз, Каломни яхшироқ тушунасиз ва ўқиганларингизни эслаб қоласиз. Саволларни, тадқиқ натижасини, асосий фикрларнинг хулосасини, ўрганган нарсалардан қандай фойдаланишингиз мумкинлигини ёки пайдо бўлган туйғуларингизни ёзиб қўйинг. Бундай қайдлар ёрдамида Худонинг Каломи шахсан сизга совға қилинганини ҳис қиласиз.
7. Ўқиганларимизни тушуниш учун қайси фазилат бизга керак ва нега? (Матто 24:15)
7 Исо Масиҳ Аллоҳнинг Каломини тушунишимиз учун фаҳм-идрок каби муҳим фазилатни ривожлантиришимиз кераклигини айтган. (Матто 24:15 ни ўқинг.) Бу фазилат бирон фикр бошқаси билан қандай боғлиқ эканини ва фарқ қилишини тушунишни ҳамда дарров илғаб олиш қийин бўлган маълумотларни англашни билдиради. Қолаверса, Исо айтганидай, бу Муқаддас Китобдаги башоратлар қандай амалга ошаётганини тушунишга кўмаклашади. Ҳа, ўқиганларимиздан тўлиқ фойда олиш учун бу фазилатга муҳтожмиз.
8. Муқаддас Китобни ўқиганда фаҳм-идрок бизга қандай қўл келади?
8 Яҳова хизматчиларига фаҳм-идрокли бўлишга ёрдам беряпти. Биз Унга ибодат қилиб, бу фазилатни ривожлантиришга ёрдам беришини сўрасак бўлади. (Ҳик. 2:6) Хўш, ибодатингизга яраша йўл тутиш учун нима қила оласиз? Тадқиқ ўтказиб, ўқиганларингиз билганларингиз билан қандай боғлиқ эканини кўриб чиқинг. Ёрдам тариқасида Муқаддас Китобни тадқиқ қилиш учун мўлжалланган қўлланмалардан фойдаланинг. Масалан, «Яҳованинг Шоҳидлари изланиш олиб бориши учун қўлланма» қўл келади. Бу сизга Муқаддас Китобдаги фикрларнинг мағзини чақишга ва ҳаётда уларга қандай амал қилиш мумкинлигини тушунишга кўмаклашади. (Иброн. 5:14) Фаҳм-идрокли бўлсангиз, Каломни янада яхшироқ тушунасиз.
ЎҚИГАНИНГИЗДА МАЪНАВИЙ ХАЗИНАЛАРНИ ТОПИШГА ИНТИЛИНГ
9. Саддуқийлар қайси ҳақиқатни кўздан қочирган?
9 Саддуқийлар Ибронийча ёзувлардаги биринчи бешта китобни яхши билган, лекин бунга қарамай, у ердаги муҳим ҳақиқатларни кўздан қочирган. Масалан, улар Исодан тирилиш ҳақида сўраганида, у қандай жавоб берганини кўриб чиқайлик. Исо улардан: «Мусонинг Таврот китобида, ёнаётган бута ҳақидаги ҳикояда Аллоҳ: “Мен Иброҳимнинг, Исҳоқнинг ва Ёқубнинг Тангрисиман”,— деганини ўқимаганмисизлар?» — деб сўраган. (Марк 12:18, 26) Демак, саддуқийлар буни кўп маротаба ўқиган бўлса-да, Каломдаги муҳим ҳақиқатни, яъни тирилиш борасидаги таълимотни тушунмаган. (Марк 12:27; Луқо 20:38)d
10. Ўқиётганимизда нимага эътибор қаратишимиз лозим?
10 Бундан қандай сабоқ оляпмиз? Муқаддас Китобни ўқиганимизда, ҳар бир оят ёки баёнотнинг мағзини чақишимиз лозим. Нафақат асосий таълимотларни, балки яширин бўлган чуқур ҳақиқатларни ва принципларни ҳам кўришга интиламиз.
11. Қай йўсин маънавий хазиналарни топа оласиз? (2 Тимўтийга 3:16, 17)
11 Муқаддас Китобни ўқиётганингизда қай йўсин маънавий хазиналарни топа оласиз? 2 Тимўтийга 3:16, 17 ни (ўқинг) кўриб чиқайлик. Эътибор берсангиз, «Муқаддас Ёзувларнинг ҳаммаси» 1) ўргатиш, 2) танбеҳ бериш, 3) тузатиш ва 4) тарбиялаш учун фойдали деб айтилган. Унча тез-тез ўқилмайдиган китоблардан ҳам бу тўртта йўналишда фойда олсангиз бўлади. Масалан, бирон баёнотни тадқиқ қилганингизда, ундан Яҳова, Унинг нияти ва принциплари борасида нимани ўрганаётганингизга эътибор қаратинг. Шунингдек, қай йўсин у сиз учун танбеҳ мақсадида хизмат қилиши ҳақида ўйлаб кўринг. Бу нотўғри мойилликларни ёки хатти-ҳаракатларни аниқлаб, уларни рад этишингизга ва Яҳовага содиқ қолишингизга кўмаклашади. Қолаверса, қай йўсин ушбу баёнот нотўғри нуқтаи назарни тузатишингизга кўмаклашиши борасида фикр юритинг. Эҳтимол, хизматда бунга дуч келгандирсиз. Бундан ташқари, у тарбия олишингиз, яъни масалага Яҳованинг нуқтаи назари билан қарашга қандай қўл келиши борасида ўйлаб кўринг. Ушбу тавсияларни ёдда тутиш Каломни ўқиётганингизда, маънавий хазиналарни топишга кўмаклашади.
ЎҚИГАНЛАРИНГИЗ СИЗНИ ШАКЛЛАНТИРСИН
12. Нега Исо фарзийларга: «Тавротдан ўқимаганмисизлар?» — деб савол берган?
12 Исо фарзийлар Муқаддас Ёзувлар борасида нотўғри фикрда эканини ошкор этиш учун уларга: «Тавротдан ўқимаганмисизлар?» — деб ҳам савол берган. (Мат. 12:1–7)e Ўшанда улар Исонинг шогирдларини Шаббатга риоя қилмасликда айблашган. Жавобан у Муқаддас Ёзувлардаги иккита мисолни келтирган. Қолаверса, фарзийлар Шаббат ҳақидаги қонунни нега тушунмаётганини кўрсатиш учун Ҳўшея пайғамбарнинг сўзларини иқтибос сифатида келтирган. Хўш, нега Худонинг Каломини ўқиш фарзийларни шакллантирмаган? Чунки улар такаббур бўлиб, буни танқидий нуқтаи назар билан қилишган. Уларнинг фикрлаш тарзи хабарнинг маъносини тушунишга тўсқинлик қилган. (Мат. 23:23; Юҳан. 5:39, 40)
13. Муқаддас Китобни ўқиганда қайси мақсадни кўзлашимиз керак ва нега?
13 Бундан қандай сабоқ олсак бўлади? Муқаддас Китобни ўқиганда тўғри мақсадни кўзлашимиз лозим. Фарзийлардан фарқли равишда, камтарин ва ўрганишга тайёр бўлишимиз керак. Калом ичимизга «экилишини камтарлик билан қабул қилиш» жуда муҳим. (Ёқб. 1:21) Агар камтарин бўлсак, Каломдаги сўзлар қалбимизга чуқур таъсир қилишига йўл қўямиз. Мағрурлик ёки танқидий руҳдан қочсак, Муқаддас Китобдаги меҳр-шафқат, раҳмдиллик ва севги борасидаги мисоллардан фойда оламиз.
Худонинг Каломи бизга таъсир қилаётганини ёки қилмаётганини қандай аниқлай оламиз? (14- хатбошига қаранг.)f
14. Худонинг Каломи бизни шакллантиришига йўл қўяётганимизни нимадан аниқлаш мумкин? (Расмларга ҳам қаранг.)
14 Бошқаларга бўлган муносабатимиз билан Худонинг Каломи бизни шакллантираётганини кўрсатамиз. Фарзийлар илоҳий сўзлар қалбларини забт этишига йўл қўйишмаган. Оқибатда улар «айбсиз кишиларни ҳукм» қилишган. (Мат. 12:7) Шу каби, бошқалар тўғрисидаги фикримиз ва уларга бўлган муносабатимиз Калом бизга таъсир қилишига йўл қўяётганимизни кўрсатади. Ўзингиздан шундай сўранг: «Одатда бошқаларнинг яхши ёки ёмон тарафларини кўришга мойилманми? Раҳмдил бўлиб бошқаларни кечиряпманми ёки танқид қилиб, гина сақлаяпманми?» Шунга ўхшаш саволларга берган жавобларингиз Каломдаги сўзлар фикр, туйғу ва ишларингизга таъсир қилишига йўл қўяётганингизни намоён этади. (1 Тим. 4:12, 15; Иброн. 4:12)
ХУДОНИНГ КАЛОМИНИ ЎҚИШ СИЗГА ЗАВҚ КЕЛТИРСИН
15. Исо Каломни ўқиганда нималарни ҳис қилган?
15 Исо Муқаддас Ёзувларни жуда яхши кўрган. Унинг туйғуларини Забур 40:8 даги башоратли сўзлардан кўрсак бўлади. У ерда: «Сенинг иродангни бажаришдан завқ топаман, эй Тангрим, қонунинг қалбим тўридадир»,— деб ёзилган. Исо Каломга меҳр қўйгани учун бахтли бўлган ва хизматда муваффақиятга эришган. Биз ҳам у каби бундай туйғуларни ҳис қилишимиз мумкин. Бунинг учун Худонинг сўзларини ўқишимиз ва уларга меҳр боғлашимиз даркор. (Заб. 1:1–3)
16. Каломни ўқишдан кўпроқ фойда олиш учун нималар қилишингиз лозим? («Исонинг сўзлари ўқиганларингизни англашга кўмаклашади» номли рамкага қаранг.)
16 Исонинг сўзларию ўрнагини ёдда тутган ҳолда, келинг, Муқаддас Китобни ўқиш қобилиятимизни яхшилайлик. Бунга ибодат қилиш, шошмай ўқиш, саволлар бериш ва қисқа қайдлар яратиш орқали эриша оламиз. Ўқиганларимизни адабиётларимиз ёрдамида тадқиқ қилиб, фаҳм-идрокли бўламиз. Ҳатто яхши таниш бўлмаган баёнотлар ортида қандай маъно борлигини тушунишга интилсак, маънавий хазиналарни топамиз. Қолаверса, Худонинг Каломини тўғри ният билан ўқишимиз лозим. Шундагина уни яхшироқ тушуниб, бизни шакллантиришига йўл қўямиз ва Яҳовага янада кўпроқ яқинлашамиз. (Заб. 119:17, 18; Ёқб. 4:8)
95- ҚЎШИҚ Нур янада ёрқинроқ порламоқда
a Яҳовага топинадиган барча инсонлар Унинг Каломини ҳар куни ўқишга интилади. Бошқа кўп одамлар ҳам уни ўқийди, аммо маъносини тушунмайди. Исонинг даврида ҳам баъзилар билан шундай бўлган. Исо Каломни ўқиганларга айтган сўзларини кўриб чиқиш Муқаддас Китобни ўқишдан кўпроқ фойда олишимизга қўл келади.
b Исо сувга чўмиб, муқаддас руҳ билан мойланганида осмондаги ҳаётини эслаган бўлса керак. (Мат. 3:16)
c Марям Муқаддас Ёзувларни яхши билган ва улардан иқтибос келтирган. (Луқо 1:46–55) Ҳойнаҳой, Юсуф билан Марямда Каломнинг нусхаларини сотиб олиш учун пул бўлмаган. Шунга, ибодатхонада Калом қироат қилинганида фикрларни эслаб қолиш учун улар диққат билан тинглашган.
d «Қўриқчи минораси»нинг 2013 йил 1 февраль (рус) сонидаги «Худога яқинлашинглар. У... тирикларнинг Тангрисидир» номли мақолага қаранг.
e Матто 19:4–6 да ҳам Исо: «Ахир ўқимаганмисизлар?» — деб савол берган. Гарчи фарзийлар яратилиш борасидаги баёнотни ўқиган бўлса ҳам, Худонинг никоҳ борасидаги нуқтаи назарини писанд қилмаган.
f РАСМГА ШАРҲ. Учрашув пайтида аудио-видео аппаратурасига жавобгар биродар хатоларга йўл қўйяпти. Учрашувдан кейин эса бошқа биродарлар хатосига эътибор қаратмай уни мақташяпти.