Яҳованинг Каломи жонли
Титусга, Филимўнга ва Ибронийларга йўлланган мактубларнинг диққатга сазовор оятлари
МИЛОДИЙ 61- йилда ҳаворий Павлус Рим қамоқхонасидан озод қилингандан кўп ўтмай Крит оролига боради. Маҳаллий жамоатлар маънавий ёрдамга муҳтож эканини кўргач, уларни қўллаб-қувватлаш ниятда Титусни у ерда қолдириб кетади. Кейинчалик, эҳтимол Павлус Македониядан туриб Титусга топширилган вазифани қандай бажариши ҳақда кўрсатма ёзилган мактубни юборади. Шунингдек бу хат, Титус ҳаворийнинг топшириғи бўйича ҳаракат қилаётганини тасдиқлайди.
Ўша йилда озод этилишидан олдин, Павлус Колосадаги имондоши Филимўнга хат ёзган. Ушбу мактуб — дўстига йўлланган шахсий илтимос эди.
Тахминан милодий 61- йилда Павлус Яҳудияда яшаган иброний имондошларига ҳам хат ёзиб, масиҳчиликнинг яҳудий дин тузумидан афзаллигини айтиб ўтган. Бу учта мактуб бизга ҳам фойда келтириши шубҳасиздир (Иброн. 4:12).
МАЪНАВИЙ СОҒЛИКНИ САҚЛАНГ
Павлус Титусга «ҳар бир шаҳардаги имонлилар жамоати устидан оқсоқолларни» қандай тайинлаш кўрсатмасини берганда, итоатсизларни қатъийлик билан ошкор этишни сўрайди, токи «улар соғлом имонни» топишсин. Боз устига у, «Крит оролида» истиқомат қилувчи барча жамоат аъзоларини «дунёвий орзу-эҳтиросларни рад этишга» ва «тақводорлик билан ҳаёт кечиришга» чорлайди (Титус. 1:5, 10–13; 2:12).
Хуллас, Критдаги биродарлар маънавий соғлигини қандай сақлашлари тўғрисида Павлус Титусга кўп маслаҳатлар беради. Жумладан бемаъни баҳслар ва Таврот қонун-қоидалари ҳақида борадиган жанжаллардан узоқроқ туришга ундайди (Титус. 3:9).
Саволларга жавоблар:
1:15 — Қандай қилиб «пок одамлар учун ҳамма нарса пок бўлур», «нопоку имонсизлар учун ҳеч бир пок нарса йўқ»? Бу саволга жавоб олиш учун «ҳамма нарса» сўзи остида Павлус нимани назарда тутганини тушуниш даркор. У, Аллоҳ Каломида тўғридан-тўғри қораланган нарсалар ҳақда гапирмаган, балки масиҳчилар ўзлари қарор қабул қилишлари мумкин бўлган саволларни назарда тутганди. Фикрлари бузуқ ва ҳаром кишиларнинг қарорларидан фарқли равишда, Худонинг меъёрларига мувофиқ йўл тутган инсон учун бундай қарорлар покдирa.
3:5 — Қайси маънода мойланган масиҳчиларнинг гуноҳлари ювилиб, муқаддас руҳ орқали янгидан туғилиб қутқарилишмоқда? Бу дегани, уларнинг гуноҳлари Исонинг тўкилган қони билан Худо томонидан ювилган. Ушбу мойланганлар «янги ижод» каби руҳий шахс сифатида Аллоҳнинг ўғиллари ҳисоблангани учун муқаддас руҳ билан янгиланишяпти (2 Кор. 5:17).
Хулосалар:
1:10–13; 2:15. Оқсоқоллар жамоатдаги камчиликларни жасорат билан тўғрилашлари даркор.
2:3–5. Биринчи асрдагидек, бугун ҳам маънан етук опаларимиз «ғийбат ва майхўрликка ружу қўймай, балки муқаддасликка мувофиқ, ҳар қандай хайрли ишда ибрат бўлиб турмуш кечирсинлар». Шундай йўл тутиб улар суҳбат чоғида ҳам жамоатдаги «ёш хотинларга» таълим-тарбия берадилар.
3:8, 14. «Хайрли ишларга астойдил бел боғлаш» «маъқул ва фойдалидир», чунки бу, Худога хизмат қилиб дунёдан четда юришга кўмаклашади.
«МЕҲРИБОНЛИК БИЛАН» ИЛТИМОС ҚИЛ
Павлус Филимўнни имони ва муҳаббати учун мақтаяпти. Сабаби у орқали имондошлар далда олишмоқда, бу эса Павлусга «катта севинч ва тасалли беряпти» (Филим. 4, 5, 7).
Нозирларга ўрнак кўрсатиб, Павлус Ўнисимга тааллуқли бир нозик ишни ҳал қилаётганда буйруқ ила эмас, балки «меҳрибонлик билан» Филимўндан илтимос қиляпти. «Сен менинг сўзларимга қулоқ солиб, айтганларимни қиласан, ҳа, бундан ҳам кўпроқ қиласан, деб ишониб, буларни ёздим» (Филим. 8, 9, 21).
Саволларга жавоблар:
10, 11, 18 — Бир вақтлар фойдасиз Ўнисим қандай фойдали бўлиб қолди? Илгари Ўнисим Колосадан Римга қочиб кетган ўжар қул эди. Йўли 1 400 километрдан иборат бўлгани сабабли у ўз хўжайини Филимўндан пул ўғрилаб қочиб кетган. Тўғри, у Филимўн учун фойдасиз эди. Бироқ Римда Павлус Ўнисимга масиҳчи бўлишга ёрдамлашди. Хуллас бир вақтлар фойдасиз қул фойдалига айланди.
15, 16 — Нима учун Павлус Филимўндан Ўнисимни озод қилишни сўрамади? Павлус Худонинг Шоҳлиги тўғрисидаги хушхабарни ваъз қилиш ва Исо Масиҳ ҳақда таълим бериш вазифасига содиқ қолишни истаган. Шунинг учун у ижтимоий ва қуллик масалаларига боғлиқ бўлган ишларга аралашмоқчи эмасди.
Хулосалар:
2. Биринчи асрда баъзи масиҳчилар жамоат учрашувларини ўтказишга ўз уйларини тақдим этишарди. Бизнинг ҳам уйимизда ваъзгўйлик учрашувлари ўтиши катта шарафдир (Рим. 16:5; Колос. 4:15).
4–7. Ташаббускорликни ўз зиммамизга олиб, имону муҳаббатни намоён этишда ўрнак кўрсатаётган имондошларимизни мақташимиз лозим.
15, 16. Ҳаётимиздаги қийин вазиятлар дастидан ортиқ даражада ташвишланмаслигимиз керак. Чунки оқибати Ўнисим билан юз берганидек, самарали бўлиши мумкин.
21. Филимўн Ўнисимни кечиришига Павлус умид қилган. Бизни ранжитган биродарларни биз ҳам кечиришимиз даркор (Мат. 6:14).
«КАМОЛОТГА ИНТИЛАЙЛИК»
Павлус Исонинг қурбонлигига бўлган ишонч Тавротдан муҳимроқ эканини исботлаётиб, масиҳчиликнинг Асосчиси, руҳонийлиги, қурбони ва янги аҳднинг афзал томонларини таъкидлаб ўтди (Иброн. 3:1–3; 7:1–3, 22; 8:6; 9:11–14, 25, 26). Буни англаш, иброний масиҳчиларга яҳудийлар томонидан қилинган қувғинларга дош беришга кўмаклашиши керак эди. Шул боис Павлус иброний имондошларини: «Камолотга интилайлик»,— дея чорламоқда (Иброн. 6:1).
Худонинг хизматчисига имон қанчалик муҳим? Павлус шундай деган: «Ишонмасдан эса Худонинг розилигини топмоқнинг имкони йўқ». Шу сабабли ибронийларга қарата: «Тақдиримиздаги мусобақада сабр-тоқат билан чопайлик»,— демоқда (Иброн. 11:6; 12:1).
Саволларга жавоблар:
2:14, 15 — «Ўлим билан даҳшат сочувчи иблис» хоҳлаган одамни барвақт ўлишига сабабчи бўла оладими? Асло. Бироқ Адан боғида Шайтон исён кўтарганидан бери, у ишлатган ёлғон дастидан ўлим бор. Одам Ато бу ёлғонга ишониб гуноҳга қўл урган ва бутун одамзодга гуноҳ билан ўлимни мерос қилиб берган (Рим. 5:12). Бундан ташқари Шайтоннинг ердаги шериклари Аллоҳ хизматчиларини таъқиб қилишмоқда ва Исо билан юз берганидек, ҳатто ўлдиришмоқда. Аммо бу, Шайтон хоҳлаган одамни ўлдиради дегани эмас, зеро унинг кучи чегараланган. Бордию бундай бўлганда эди, у аллақачон Яҳованинг хизматчиларини ер юзидан қириб ташларди. Худованд Яҳова Ўз халқини ҳимоялайди ва Шайтон уни яксон қилишига йўл қўймайди. Гарчи Худо айрим хизматчилари Иблиснинг ҳийлалари дастидан ҳаётдан кўз юмушларига йўл қўйган бўлса-да, зарар ўрнини тўлдиришга У қодир эканига ишонамиз.
4:9–11 — Аллоҳнинг «фароғат кунига» қандай кира оламиз? Худо барча нарсани олти кунда яратиб, ер ва инсониятга тегишли ниятларини бажарганидан қувониб, еттинчи кун дам олган (Ибт. 1:28; 2:2, 3). Агар «ўлик ишлар» билан ўзимизни оқлашга интилмай, Эгамиз ато этган халос йўлини қабул қилсак, «фароғат кунига кира оламиз». Боз устига худбин истакларимиз пайидан юрмай, Яҳовага ишонч боғлаб Унинг азизи бўлмиш Исога эргашсак, ҳар бир кундан қувониб таскин топамиз (Мат. 11:28–30).
9:16, 17 — Янги «васият қилувчи» шахс ким? Яҳова янги васият тузувчи шахсдир, васият қилувчи шахс эса Исо. У воситачи бўлиб, ўз ўлими билан буни тасдиқловчи муҳим қурбонликни тақдим этган.
11:10, 13–16 — Иброҳим қайси «шаҳарни кутар эди»? Бу том маънодаги шаҳар эмас, балки Исо Масиҳ ва унинг 144 000 ҳамворисларидан ташкил топган рамзий шаҳар «самовий Қуддус»дир. Бунинг устига бу кишилар улуғ шарафга эга бўлиб «табаррук шаҳар — Қуддус», дея аталишади (Иброн. 12:22; Ваҳ. 14:1; 21:2). Иброҳим Халилуллоҳ ҳам Аллоҳнинг Шоҳлиги остидаги ҳокимлик пайтида умр кечиришни сабрсизлик билан кутган.
12:2 — Исо қайси кутаётган шодлик учун шармандаликни менсимай, азоб-уқубатга чидади? Бу шодлик кўп нарсага боғлиқ эди жумладан унинг хизмати, Яҳованинг исми улуғланишию ҳукмронлиги оқланиши ва инсоният ўлимдан халос этилиши. Исо шунингдек Шоҳ бўлиш ва одамларнинг фойдаси учун олий руҳоний сифатида хизмат қилиш мукофоти тўғрисида фикр юритган.
13:20 — Нима учун янги аҳд «абадий» деб айтиляпти? Бунинг учта сабаби мавжуд: 1) унинг ўрнини ҳеч ким эгалламайди; 2) мангу баракалар бахш этади; 3) Ҳор-Магидўндан кейин ҳам «бошқа қўйлар» манфаатига хизмат қилади (Юҳан. 10:16).
Хулосалар:
5:14. Аллоҳ Каломи бўлмиш Муқаддас Китобни қунт ила тадқиқ қилиб, билиб олганларимизни ҳаётда қўллашимиз даркор. Шу тарзда «яхши ва ёмонни фарқ этиш малакасига эга бўламиз» (1 Кор. 2:10).
6:17–19. Агар умидимиз Худонинг қасами ҳамда ваъдасига асосланган бўлса, ҳақиқат йўлидан озмаслигимизга ёрдам қилади.
12:3, 4. Эҳтимол арзимаган синов ва қаршиликларга дуч келаётгандирмиз. Унда тинкамиз қуриб руҳимиз тушиб кетишига йўл қўйишнинг ўрнига, синовларни енгиш қобилиятини мустаҳкамлаб камолотга интилайлик. Устига-устак «қон тўкилишига қадар», яъни ўлимгача қаршилик кўрсатишга қатъий туришимиз лозим (Иброн. 10:36–39).
12:13–15. «Аччиқ томир» — салбий фикрлайдиган жамоатдаги ҳар қандай инсон «оёқларимизни тўғри йўлга буришга» халақит қилишига йўл қўймайлик.
12:26–28. Аллоҳ қўли билан яратилмаган «ўткинчи мавжудот», жумладан нопок «осмон ҳам» яқинда яксон қилинади. Ана ўшанда фақатгина Шоҳлик ва унинг тарафдорлари бўлган «боқий мавжудот қолади». Мана шу Шоҳлик ҳақида ғайрат ила ваъз қилиш ва унинг меъёрлари бўйича ҳаёт кечириш ўта муҳим.
13:7, 17. Жамоатдаги нозирларга итоатли ва бўйсунувчан бўлиш тўғрисидаги маслаҳатга қулоқ тутиб, ҳамкорлик руҳини янада яхши намоён эта оламиз.
[Изоҳ]