Қўриқчи минорасининг ОНЛАЙН КУТУБХОНАСИ
Қўриқчи минорасининг
ОНЛАЙН КУТУБХОНАСИ
ўзбекча
  • МУҚАДДАС КИТОБ
  • АДАБИЁТЛАР
  • УЧРАШУВЛАР
  • w11 15.7. 28–32-саҳ.
  • Худонинг фароғатига кирдингизми?

Танланган маълумот учун видео мавжуд эмас.

Кечирасиз, видеони ижро этишда хатолик юз берди.

  • Худонинг фароғатига кирдингизми?
  • Қўриқчи минораси Худованд Яҳованинг Шоҳлигини хабарлайди – 2011
  • Сарлавҳалар
  • Ўхшаш маълумот
  • Маслаҳатга муҳтож бўлганимизда
  • Яҳованинг ташкилоти билан баравар қадам ташлаш
  • Яқин кишимиз Яҳовадан воз кечганда
  • «Худонинг каломи жонли»
  • Яқинимиз Яҳовадан юз ўгирганда
    Қўриқчи минораси Худованд Яҳованинг Шоҳлигини хабарлайди (Тадқиқ сони) – 2021
  • Жамоатдан четлатилган кишига қандай муносабатда бўлиш керак?
    «Ўзингизни Худонинг меҳр-муҳаббати соясида сақланглар»
  • Худонинг фароғати нима дегани?
    Қўриқчи минораси Худованд Яҳованинг Шоҳлигини хабарлайди – 2011
  • Ўқувчиларнинг саволлари
    Қўриқчи минораси Худованд Яҳованинг Шоҳлигини хабарлайди – 2013
Кўпроқ маълумот топинг
Қўриқчи минораси Худованд Яҳованинг Шоҳлигини хабарлайди – 2011
w11 15.7. 28–32-саҳ.

Худонинг фароғатига кирдингизми?

Худонинг каломи жонли бўлиб, кучли таъсирга эга. ИБРОН. 4:12

1. Худонинг фароғатига киришнинг қандай йўли бор, бироқ нега буни қилиш мушкул?

ЎТГАН мақоладан, Худонинг мақсадига мувофиқ йўл тутиб итоаткор бўлсак, Унинг фароғатига кира олишимиз мумкинлигини кўриб чиқдик. Лекин буни айтиш осон, қилиш эса мушкулроқ. Мисол учун, бизга ёқадиган бирор нарса Яҳовага маъқул келмаслигини билганимизда, бошида бунга амал қилиш қийин кечиши мумкин. Бу, «бўйсунувчан» бўлиш устидан ишлаш кераклигини англатади (Ёқб. 3:17). Ушбу мақолада, Аллоҳнинг мақсадига мос келишимиз ёки чин дилдан бўйсунишимиз синалиши мумкин бўлган айрим соҳаларни кўриб чиқамиз.

2, 3. Яҳованинг назарида хазина бўлиб қолиш учун қандай ҳаракатлар қилишни давом эттиришимиз лозим?

2 Муқаддас Китобга асосланган маслаҳатни қабул қилиш сиз учун осонми? Илоҳий Ёзувларда Аллоҳ Ўзи учун барча миллатлардан хазиналарни йиғиб олаётгани ҳақида айтилган (Хаг. 2:7). Албатта, ҳақиқат тўғрисида илк бор билганимизда кўпчилигимизни хазина деб бўлмасди. Аммо Тангрига ва Унинг суюкли Ўғлига бўлган севги нуқтаи назаримиз ва одатларимизни ўзгартириб, бизни Худога тўлиқ маъқул келишга ундади. Кўп ибодатлар ва уринишлардан сўнг, масиҳий сифатида сувга чўмдик (Колосаликларга 1:9, 10 ни ўқинг).

3 Бироқ, номукаммалликка қарши кураш сувга чўмиш билан якунланмади. Бу кураш давом этяпти ва мукаммалликка эришмагунимизга қадар тугамайди. Агар кураш қилишдан тўхтамай, Тангри Яҳованинг назарида чинакам хазинага айланишга уринсак, У ҳаракатларимизга барака беради.

Маслаҳатга муҳтож бўлганимизда

4. Қайси учта йўл билан Муқаддас Китобга асосланган маслаҳатни олишимиз мумкин?

4 Ўз номукаммаллигимиз устидан ишлашни бошлашдан аввал, у қандай намоён бўлишини билиб олишимиз даркор. Йиғилишлардаги нияту фикрларни фош этувчи нутқлар ёки адабиётларимиздаги чуқур фикрлашга ундайдиган бирор мақола жиддий муаммони ошкор этиши мумкин. Бошқа томондан, нутқдаги фикрни эътибордан четда қолдирсак ёки ёзилган маслаҳатга риоя этмасак, Яҳова хатоларимизни кўрсатиш учун имондошларимиздан фойдаланади (Галатияликларга 6:1 ни ўқинг).

5. Бизга маслаҳат берилганда, ёқмайдиган айрим вазиятларни санаб ўтинг ва нега оқсоқоллар бизга ёрдам беришга уринишлари кераклигини тушунтиринг.

5 Маслаҳат юмшоқлик ва севги ила берилишига қарамай, уни номукаммал инсондан қабул қилиш осон эмас. Яҳова жамоатда масъулиятга эга бўлганларга: «Мулойимлик билан тузатишга урининглар»,— дея буюрган (Галат. 6:1). Агар насиҳатга амал қилсак, Аллоҳнинг назарида қимматбаҳо хазинага айланамиз. Қизиғи шундаки, ибодат қилганимизда, номукаммал эканимизни очиқ тан олган бўлар эканмиз. Бироқ, кимдир диққатимизни муайян хатомизга қаратса ўзимизни оқлашга, муаммонинг аҳамиятини кичрайтиришга, маслаҳатчининг ниятини шубҳа остига солишга ёки маслаҳат қандай тарзда берилганига эътироз билдиришга мойиллик туғилади (4 Шоҳ. 5:11). Айниқса маслаҳат нозик масалага, яъни оила аъзоларимизга, кийимимиз ва ташқи кўринишимизга, шахсий тозалигимизга ёки танлаган ўйин-кулгимизга тааллуқли бўлса, ўзимиз кутмаган ва маслаҳат берган кишини саросимага солган ҳолда салбий жавоб қайтаришимиз мумкин. Лекин сал тинчланганимиздан сўнг, маслаҳат ўринли берилганини тан оламиз.

6. Қай йўсин Худонинг каломи «юракдаги нияту фикрларни аниқлашга қодир»?

6 Мазкур мақоланинг очқич ояти, Худонинг каломи «кучли таъсирга эга» эканини эслатмоқда. Чиндан ҳам, Аллоҳнинг каломи ҳаётни ўзгартириш қудратига эга. У худди сувга чўмиш қадамини қўйишимизга ёрдам берганидек, ундан кейин ҳам керакли ўзгаришлар қабул қилишимизда ўз таъсирини кўрсатиб келади. Ибронийларга ёзган мактубида ҳаворий Павлус ҳам Худонинг каломи «жон билан руҳни, бўғинлар билан иликни бўлгундек суқилиб кириб, юракдаги нияту фикрларни аниқлашга қодир», деган эди (Иброн. 4:12). Бошқача қилиб айтганда, бизга нисбатан Тангрининг нияти нимадан иборатлигини аниқ тушуниб олсак, унга бўлган муносабатимиз аслида қанақа инсон эканимизни ошкор этади. Баъзан қандай таассурот қолдираётганимиз («жон») билан аслида кимлигимиз («руҳ») ўртасида фарқ борлиги кўриняптими? (Матто 23:27, 28 ни ўқинг). Келинг, қуйидаги вазиятларда ўзингизни қандай тутишингизни кўриб чиқайлик.

Яҳованинг ташкилоти билан баравар қадам ташлаш

7, 8. а) Нега айрим яҳудий масиҳийлар Тавротнинг баъзи қонунларига риоя этишни давом эттиришган? б) Нега уларнинг уринишлари Яҳованинг мақсадига мувофиқ эмас эди?

7 Кўпчилигимиз Ҳикматлар 4:18 даги сўзларни ёддан биламиз: «Солиҳнинг йўли тонгга ўхшайди, тонг кун чиққунча ёришаверади». Бу, юриш-туришимиз ва Аллоҳнинг мақсадлари ҳақидаги тушунчамиз вақт ўтиб ўзгаришини англатади.

8 Олдинги мақолада муҳокама қилганимиздай, Исонинг ўлимидан сўнг кўп яҳудий масиҳийлар учун Таврот қонунидан воз кечиш қийин бўлган (Ҳавор. 21:20). Гарчи Павлус энди масиҳийлар Таврот қонуни остида эмасликларини исботлаган бўлса-да, айримлар унинг илоҳий фикрларини рад этишган (Колос. 2:13–15). Эҳтимол улар агар Тавротнинг баъзи қонунларига риоя этишни давом эттиришса, таъқиб қилинишмайди деб ўйлашгандир. Қандай бўлмасин, Павлус иброний масиҳийларга мактуб йўллаб, Тангрининг мақсадига мувофиқ йўл тутишмаса, Унинг фароғатига кира олмасликларини аниқ айтганa (Иброн. 4:1, 2, 6, Ибронийларга 4:11 ни ўқинг). Яҳованинг марҳаматини қозониш учун, улар Худо Унга бошқача тарзда топинишни истаётганини тан олишлари даркор эди.

9. Муқаддас Китобнинг баъзи таълимотларига нисбатан тушунчамиз ўзгартирилганда, қандай муносабатда бўлишимиз лозим?

9 Бугунги кунда ҳам Муқаддас Китобнинг баъзи таълимотларига нисбатан тушунчамиз ўзгартирилди. Бу бизни ташвишга солмаслиги, аксинча ишончли ва ақлли хизматкорга нисбатан ишончимизни янада кучайтириши даркор. Ушбу «хизматкор» вакилининг аъзолари ҳақиқатнинг айрим жиҳатларини ойдинлаштириш ёки тўғрилаш кераклигини тушуниб етишганда, улар бундай ўзгариш киритишни орқага суришмайди. «Хизматкор» тушунчани ўзгартиргани учун танқиддан ҳимояланиш ҳақида эмас, кўпроқ Худонинг олға босаётган мақсадига мувофиқ йўл тутиш тўғрисида ўйлайди. Бундай ўзгариш тақдим этилганда сиз қандай муносабатда бўласиз? (Луқо 5:39 ни ўқинг).

10, 11. Ваъзгўйликнинг янги усуллари киритилганда, айримлар қанақа муносабатда бўлишганидан қандай сабоқ олсак бўлади?

10 Келинг бошқа бир мисолни кўриб чиқайлик. XIX асрнинг охири XX асрнинг бошида Муқаддас Китоб Тадқиқотчиларининг айримлари моҳир маърузачи бўлиб, миннатдор тингловчилар учун пухта тайёрланган нутқларни тақдим этиш билан ваъз қилиш вазифасини аъло даражада бажаряпмиз деб ўйлашган. Улар нутқ сўзлашни яхши кўришар ва баъзиларига тингловчиларининг қарсаклари мойдай ёқарди. Бироқ, кейинчалик Яҳова Ўз халқидан ваъзгўйликнинг турли усулларида, жумладан уйма-уй хизматда қатнашишларини исташи аниқланди. Баъзи бир маърузачилар янгиликни қабул қилишни умуман хоҳлашмади. Улар Ҳазратимизга тўла садоқатли, маънавий инсонлар бўлиб кўринишарди. Аммо Худонинг воизлик ишига тегишли мақсади аниқ бўлганда, уларнинг юракдаги нияту фикрлари ошкор бўлди. Бу, Яҳовага қандай таъсир қилди? Аллоҳ уларни Ўз баракасидан маҳрум этди. Оқибатда улар ташкилотни тарк этишди (Мат. 10:1–6; Ҳавор. 5:42; 20:20).

11 Ташкилотга садоқатли бўлганларнинг ҳаммасига ҳам ваъз қилиш осон кечмаган. Бошида кўплар учун бу қийин бўлган. Лекин улар итоаткор бўлишган. Вақт ўтиб, улар ўз қийинчиликларини енгишган ва Яҳова уларга мўл-кўл барака ёғдирган. Ваъзгўйликнинг янги усули киритилганда, сиз бунга қандай муносабатда бўласиз? Бу каби янгиликни тайёрлик билан қабул қиласизми?

Яқин кишимиз Яҳовадан воз кечганда

12, 13. а) Гуноҳида тавба қилмаган киши жамоатдан қайси мақсадда четлатилади? б) Айрим масиҳий ота-оналар қанақа синовга дуч келишади ва бу синовни нима янада қийинлаштиради?

12 Тангрига маъқул келиш учун жисмонан, ахлоқан ва маънан пок бўлиш ҳақидаги меъёрга қўшилишимиз шубҳасиз (Титусга 2:14 ни ўқинг). Худонинг мақсадига алоқадор ушбу соҳаларга нисбатан садоқатимиз синаладиган вазиятлар ҳам бўлиб туради. Мисол учун, художўй эр-хотиннинг биттаю битта ўғли ҳақиқатдан кетганини тасаввур қилинг. Яҳова ҳамда худотарс ота-онаси билан бўлган муносабатларидан кўра, у «гуноҳдан вақтинчалик ҳузур-ҳаловат олишни» афзал кўргани учун жамоатдан четлатилади (Иброн. 11:25).

13 Ота-онаси қайғуга ботган. Албатта улар, жамоатдан четлатилганларга нисбатан Муқаддас Китобда шундай дейилганини билишади: «Биродар бўла туриб, зинокор ёки тамагир, бутпараст ёки бошқаларни ҳақорат қилувчи, ичкиликбоз ёки талончи бўлган киши билан мулоқот қилманглар, ҳатто у билан бирга овқатланманглар» (1 Кор. 5:11, 13). Шунингдек улар, бу оятдаги «киши» сўзи битта хонадонда яшамайдиган оила аъзоларига ҳам тегишли эканини тушунишади. Бироқ улар жигарбандини жудаям яхши кўришади! Шу сабабли улар қуйидагича фикр юритишлари мумкин: «Агар ўғлимиз билан мулоқотимизни чеклаб қўядиган бўлсак, Яҳовага қайтишига қандай ёрдам бера оламиз? У билан мунтазам мулоқот қилсак, бунга тезроқ эриша олмаймизми?»b

14, 15. Жамоатдан четлатилганнинг ота-онаси қандай қарор қабул қилиши керак?

14 Бундай аҳволдаги ота-онага чин дилдан ачинамиз. Ахир уларнинг ўғли ота-онаси ва имондошлари билан яқин мулоқот қилишнинг ўрнига Худога номаъқул умр кечиришни танлади. Бошқа томондан, ота-онаси энди у билан бу масалада гаплаша олмайди. Улар ўзларини чорасиз ҳис қилиши ажабланарли эмас!

15 Бу имондошларимиз энди нима қилади? Улар Яҳованинг аниқ йўл-йўриғига бўйсунишадими? Ёки улар жамоатдан четлатилган ўғли билан мунтазам мулоқот қилишга баҳона излаб, буни «зарурий оилавий иш» деб аташадими? Қарор чиқараётиб, улар қилаётган ишларига Яҳованинг муносабати қанақа эканини эътибордан четда қолдирмасликлари лозим. Аллоҳнинг мақсади ташкилотини пок сақлаш ва иложи бўлса, қонунбузарни ақлини йиғиб олишга чорлашдан иборат. Масиҳий ота-она ушбу мақсадни қандай қўллаб-қувватлаши мумкин?

16, 17. Ҳоруннинг мисоли устидан мулоҳаза юритиб, қандай сабоқ оламиз?

16 Мусо пайғамбарнинг акаси Ҳорун иккита ўғли дастидан мушкул вазиятга тушиб қолган. Унинг Надов ва Абиҳу исмли ўғиллари Яҳова ҳузурига У амр этмаган олов олиб келишган. Шунда Тангри уларни ўлимга дучор қилган. Албатта бу, ота-онаси билан улар ўртасидаги муносабатларига якун ясаган. Лекин бунинг ўзи камлик қиларди. Яҳова, Ҳорунга ва садоқатли ўғилларига, улар ҳам ўлиб кетмаслиги ва У бутун жамоатга ғазабини сочмаслиги учун сочларини юлиб, кийимларини йиртиб йиғламасликни амр этган (Лев. 10:1–6). У аниқ амр берган эди. Бевафо оила аъзоларимиздан кўра, Яҳовани қаттиқ севишимиз даркор.

17 Ҳозирги вақтда Яҳова Унинг қонунини бузганларни дарҳол жазоламайди. У меҳр ила бундайларга қонунсиз ишларидан тавба қилишларига имконият бермоқда. Шундай экан, агар тавба қилмаган қонунбузарнинг ота-онаси жамоатдан четлатилган ўғли ёки қизи билан ортиқча мулоқотда бўлиб, Яҳовани синаса, бу Унга қандай таъсир қилади?

18, 19. Жамоатдан четлатилганларга нисбатан Яҳованинг йўл-йўриғига амал қилаётган оила аъзолари қандай баракага эга бўлишлари мумкин?

18 Қачондир жамоатдан четлатилганларнинг кўпи, дўст ва оила аъзоларининг эътиқодида маҳкам тургани, уларга ақлини йиғиб олишга ёрдам берганини очиқ тан олишади. Оқсоқоллар бир аёлни қайта тиклашга тавсия этишибди. Уларнинг ёзишича, бу аёл ўз ҳаётини ўзгартиришига «акаларининг жамоатдан четлатилганларга тегишли тадбирга риоя этишгани ўз ҳиссасини қўшган» экан. Опамизнинг айтишича, «акаларининг Муқаддас Китоб йўл-йўриғига қаттиқ амал қилгани қайтишига ёрдам берган».

19 Бундан қандай хулоса чиқарсак бўлади? Муқаддас Китобдаги маслаҳатга қарши чиқишга мойиллиги бор қалбимизга қарши туришимиз даркор. Худонинг муаммоларимизга нисбатан тутаётган йўли доим аъло даражада эканига амин бўлишимиз мумкин.

«Худонинг каломи жонли»

20. Ибронийларга 4:12 ни қандай иккита нарсага қўлласа бўлади? (Изоҳга қаранг.)

20 Павлус «Худонинг каломи жонли» деб айтганида, у фақат Худонинг Каломи бўлмиш Муқаддас Китоб ҳақида гапирмаганc. Матн таркибига кўра, у Аллоҳнинг ваъдасини назарда тутган. Павлус, Тангри ваъда бериб, кейин эса ваъдасини ёдидан чиқариб юбормаслигини таъкидлаган. Яҳова буни Ишаё пайғамбар орқали тасдиқлаган эди: «Менинг оғзимдан чиққан сўз... Менга бўм-бўш қайтиб келмайди... Қайси ниятда юборсам, ўшани бажо қилади» (Ишаё 55:11). Шундай экан, бирор нарса биз истаган пайтда амалга ошмаса, сабрсиз бўлмаслигимиз керак. Зеро Яҳова, мақсади муваффақият ила якун топиши учун «меҳнат қилиб келяпти» (Юҳан. 5:17).

21. «Улкан оломоннинг» садоқатли ёши улуғ аъзолари Ибронийларга 4:12 дан қандай далда олишлари мумкин?

21 «Улкан оломоннинг» садоқатли ёши улуғ аъзолари Яҳовага ўнлаб йиллар давомида хизмат қилиб келишмоқда (Ваҳ. 7:9). Уларнинг кўпи бу замонада қариймиз, деб ҳеч ўйламаган. Бунга қарамай, улар тушкунликка тушишмаяпти (Заб. 91:15). Улар Яҳованинг ваъдаси жонли эканига ва уни амалга ошириш учун меҳнат қилаётганига аминлар. Аллоҳнинг мақсади Унинг Ўзи учун жуда муҳим экан, фикримиздаги асосий ўринни бунга ажратсак, Тангрига беҳад қувонч келтирамиз. Ушбу еттинчи кун давомида Ўз мақсадини амалга ошириш учун Яҳовага ҳеч нарса тўсқинлик қила олмайди ва халқи Уни қўллаб-қувватлашида У амин. Сиз-чи, Худонинг фароғатига кирасизми?

[Изоҳлар]

a Яҳудийлар орасидаги кўпгина йўлбошчилар Таврот қонунига синчковлик билан амал қилишган, аммо ушбу қонун бекор қилингандан кейин, улар бу ўзгаришни тан олишмаган. Улар Тангрининг олға босаётган мақсадини қўллаб-қувватлашмаган.

b «Ўзингизни Худонинг меҳр-муҳаббати соясида сақланглар» китобининг 207–209- саҳ. қ.

c Бугунги кунда Аллоҳ бизга, ҳаётимизга таъсир қилиш қудратига эга бўлган Каломи орқали гапирмоқда. Шундай экан, Павлуснинг Ибронийларга 4:12 да ёзилган сўзларни кенг маънода Муқаддас Китобга нисбатан қўллаш ўринлидир.

Мақсадни кўздан қочирмайлик

• Бугун Худонинг фароғатига кириш учун нима қилиш керак?

• Аллоҳнинг мақсади билан Муқаддас Китобга асосланган маслаҳатни қабул қилиш ўртасида қандай боғлиқлик бор?

• Қандай вазиятларда Муқаддас Китобдаги йўл-йўриққа бўйсуниш қийин кечади, аммо нега бўйсуниш муҳим?

• Ибронийларга 4:12 ни қандай иккита нарсага қўлласа бўлади?

[31- саҳифадаги расм]

Ота-онаси қайғуга ботган

    Ўзбекча адабиётлар (1993-2025)
    Чиқиш
    Кириш
    • ўзбекча
    • Улашиш
    • Созламалар
    • Copyright © 2025 Watch Tower Bible and Tract Society of Pennsylvania
    • Фойдаланиш шартлари
    • Махфийлик сиёсати
    • Махфийлик созламалари
    • JW.ORG
    • Кириш
    Улашиш