«Ҳар ким ўз аравасини ўзи тортиши лозим»
«Ҳар биримиз ўзимиз ҳақимизда Худога ҳисобот берамиз» (РИМЛИКЛАРГА 14:12).
1. Уч иброний йигит қандай жавобгарликни ўз зиммаларига олишди?
БОБИЛДА яшовчи уч иброний йигит олдида ҳаёт-мамот масаласи туғилди. Ўша давлатнинг қонуни бўйича улар улкан ҳайкалга сажда қилишлари керак эди. Агар улар бундай қилишмаса, оловли чуқурликка ташланишарди. Шадрах, Мешах ва Абеднахунинг бирор киши билан маслаҳатлашишга вақти йўқ эди, бу керак эмас ҳам эди. Улар иккиланмасдан шоҳга: «Билиб қўйингки, эй, шоҳ ҳазратлари, биз ҳеч қачон худоларингизга сиғинмаймиз, сиз ўрнатган олтин ҳайкалга ҳам сажда қилмаймиз»,— дейишди (Дониёр 3:1-18). Уч иброний йигит жавобгарликни ўз зиммаларига олишди.
2. Исо Масиҳга нисбатан, Пилатнинг ўрнига аслида ким қарор чиқарди ва бу, ҳокимни масъулиятдан ҳоли этдими?
2 Бу воқеадан қарийб олти аср ўтгач, маҳкамада бир иш кўриб чиқилди. Айбловчига қарши айтилган ҳамма айбларни тинглаб ва ишни ўрганиб чиқиб, ҳоким у айбсиз деган қарорга келди. Бироқ халойиқ унинг қатл этилишини талаб қилди. Ҳоким бу ишда масъулиятли бўлишни истамай, уларнинг талабига кўнгиси келмади, аммо халойиқнинг таъсири устун келди. У сув олиб, қўлларини чайиб: «Мен бу солиҳ Одамнинг қони тўкилаётганидан бегуноҳман»,— деди. Сўнг бу одамни қатл қилиш учун топширди. Масъулиятни ўз зиммасига олиб, Исо Масиҳга нисбатан ўзи қарор чиқариш ўрнига, Пўнтий Пилат бошқалар у учун ҳал қилишига йўл қўйди. У қўлини қанча чаймасин, Исога бундай адолатсиз ҳукм чиқарганининг гуноҳини юва олмайди (Матто 27:11-26; Луқо 23:13-25).
3. Нима учун бошқалар биз учун қарор қабул қилишига йўл қўймаслигимиз керак?
3 Биз-чи? Бирор қарор қабул қилишимизга тўғри келганда, уч иброний йигит каби йўл тутамизми ёки бошқалар биз учун қарор қабул қиладими? Қарор қабул қилиш осон иш эмас. Тўғри хулоса чиқариш учун, инсон етарлича етук бўлмоғи лозим. Масалан, кичик фарзандлари учун ота-оналар қарор қабул қилишади. Айниқса оғир аҳволга тушиб қолганда, қарор чиқариш қийин кечади. Бироқ, «руҳ амри билан яшаётган биродарларимиз» оғирликларимизни зиммасига олаётганига қараганда, бизнинг қарор чиқариш масъулиятимиз уларникидан енгилроқдир (Галатияликларга 6:1, 2). Шунга қарамай, «ҳар биримиз ўзимиз ҳақимизда Худога ҳисобот берамиз» (Римликларга 14:12). Муқаддас Китобда: «Ҳар ким ўз аравасини ўзи тортиши лозим»,— дейилган (Галатияликларга 6:5). Унда қандай қилиб ҳаётимизда доно қарорлар чиқаришимиз мумкин? Аввало, биз ўз камчиликларимизни ва имкониятларимизни тан олиб, уларни қандай бартараф этишни билиб олишимиз лозим.
Асосий талаблар
4. Одам Ато билан Момо Ҳавонинг итоатсизлиги мисолидан, қарор қабул қилишга нисбатан нимани ўрганамиз?
4 Инсоният тарихининг бошланишида, Одам Ато билан Момо Ҳавонинг қабул қилган қарори ҳалокатли оқибатларга олиб келди. Улар яхши ва ёмонни билиш дарахтидан ейишни афзал кўришди (Ибтидо 2:16, 17). Улар нимага асосланиб бундай қарор чиқаришди? Тавротда айтилишича: «Хотин кўрсаки, дарахтнинг меваси емоққа яхши, кўзга ёқимли... экан. У дарахтнинг мевасидан олиб, еди. Сўнг эрига ҳам берди, эри ҳам еди» (Ибтидо 3:6). Момо Ҳаво худбинликка берилганлиги учун шундай қарор чиқарди. Одам Ато ҳам у сингари йўл тутди. Оқибатда гуноҳ ва ўлим «бутун инсонларга ўтди» (Римликларга 5:12). Одам Ато билан Момо Ҳавонинг итоатсизлиги, инсоннинг имконияти чекланганлигидан далолатдир: агар инсон Худонинг йўл-йўриғига амал қилмаса, нотўғри қарорлар чиқаришга мойил бўлади.
5. Яҳова Худо бизга қандай йўл-йўриқ ҳавола этган, ва бу бизга фойда келтириши учун нима қилишимиз керак?
5 Яҳова Таоло бизга йўл-йўриқ берганидан биз ғоят хурсандмиз! Муқаддас Китоб бизга бундай далда бермоқда: «Мабодо чап ёки ўнг томонга оғиб кетсангиз, қулоқларингиз орқадан: “Мана йўл, шу йўлдан юринглар”,— деган сўзларни эшитади» (Ишаё 30:21, ЯДТ). Яҳова Худо бизга илҳомлантирган Каломи бўлмиш, Муқаддас Китоб орқали гапирмоқда. Шу сабабли биз Муқаддас Китобни тадқиқ қилиб, У ҳақидаги билимларимизни кенгайтиришимиз керак. Тўғри қарорлар чиқара олишимиз учун, камолотга етказувчи «қаттиқ озиқ»дан тановул қилмоғимиз лозим. Бу билимларни татбиқ этиш орқали ‘туйғуларимизни яхши ва ёмонни фарқ этишга’ ўргатамиз (Ибронийларга 5:14). Худонинг Каломидан билиб олганларимизни ҳаётда қўллаб, зеҳнимизни ўткирлаймиз.
6. Соф виждонли бўлиш учун, нима зарур?
6 Қарор қабул қилишда, бизга виждон ато этилганлиги муҳим аҳамиятга эга. У туфайли биз аҳволимизга баҳо бериб, ўзимизни «гоҳ қоралаб, гоҳ оқлашимиз» мумкин (Римликларга 2:14, 15). Соф виждонли бўлишимиз учун, Муқаддас Китоб асосида билим олиб, уни ҳаётда қўллаш орқали виждонимизни сезгир қилишимиз мумкин. Бундай қилмасак, виждонимиз маҳаллий урф-одатлар ва атрофимиздаги одамларнинг таъсирига берилиб, бизга панд бериб қўйиши мумкин. Агар виждонимиз қийнашига қарамай Худонинг меъёрларини бузсак, виждонимизга нима бўлади? Вақти билан виждонимиз «гўё қизиган темир билан доғ» қолдиргандек, доғ бўлган жойи сезмайдиган бўлиб қолади (1 Тимўтийга 4:2). Бироқ, Муқаддас Китоб асосида тарбияланган виждон ишончли йўлбошчидир.
7. Доно қарор чиқаришнинг талаби қандай?
7 Доно қарор чиқаришнинг асосий талаби, Муқаддас Китобдан аниқ билимга эга бўлиб, уни амалда қўллашдир. Бирор қарор қабул қилишда шошма-шошарлик қилмаслигимиз керак. Балки Муқаддас Китобдан мос келувчи йўл-йўриқни топиб, мулоҳазалилик билан қўллашга вақт ажратишимиз лозим. Агар виждонимиз, Худонинг Каломидаги аниқ билимлар асосида тарбияланган бўлса, зудлик билан қарор қабул қилиш талаб қилинган тақдирда ҳам, Шадрах, Мешах ва Абеднаху каби бунга тайёр бўламиз. Келинг, тўғри қарор қабул қилишда маънавий етуклик қандай ёрдам беришини, ҳаётимизнинг иккита соҳаси асосида кўриб чиқайлик.
Кимлар билан мулоқот қиламиз?
8, 9. а) Ёмон одамлар тўдасидан қочишимиз кераклигини кўрсатадиган қандай қонун-қоидалар бор? б) Ёмон одамлар тўдаси деганда, фақат енгилтак одамлар назарда тутиладими? Тушунтириб беринг.
8 «Адашманглар,— деб ёзган эди ҳаворий Павлус,— ёмон одамлар тўдаси яхши ахлоқни бузар экан» (1 Коринфликларга 15:33). Исо Масиҳ шогирдларига: «Сизлар бу дунёники эмассизлар»,— деган эди (Юҳанно 15:19). Бу меъёрлар ҳақида билиб, фоҳиша, зинокор, ўғри ва ичкиликбоз каби инсонлар билан яқин муносабатда бўлмаслик кераклигини тушундик (1 Коринфликларга 6:9, 10). Муқаддас Китобдан билимларимиз ортиб боргани сайин, кино, теледастур, компьютер ва китоблар орқали бундай одамлар билан мулоқотда бўлиш қанчалик хавфли эканини англаб етамиз. Интернет орқали «ҳийлагарлар бирлан» мулоқот қилиш ҳам шулар қаторидадир (Забур 25:4).
9 Ахлоқли ҳаёт кечирадиган, аммо Ҳақ Худога топинмайдиган инсонлар билан яқин мулоқот қилишимиз мумкинми? Инжилда: «Бутун дунё эса ёвуз шайтоннинг ҳукмидадир»,— деб айтилган (1 Юҳанно 5:19). Бундан кўриниб турибдики, ёмон одамлар тўдаси, фақат енгилтак ёки ахлоқсиз кишилар билан чекланмайди. Шундай экан, фақат Яҳовани севувчилар билан дўстлашсак, оқилона йўл тутган бўламиз.
10. Бу дунёдаги одамларнинг ҳурматини жойига қўйиш билан биргаликда, қандай қилиб тўғри қарорлар чиқаришимиз мумкин?
10 Бу дунёдаги одамлар билан умуман мулоқот қилмасликнинг иложи йўқ, бу талаб ҳам қилинмайди (Юҳанно 17:15). Ваъз қилганимизда, мактабда, ишда, хуллас ҳамма ёқда имондошимиз бўлмаган кишиларни учратамиз. Турмуш ўртоғи имондошимиз бўлмаган биродар ёки синглимиз, бу дунё билан янада яқинроқ алоқада бўлади. Бироқ зеҳни ўткирлик, мажбурият юзасидан дунё билан мулоқотда бўлишнинг, дунё билан дўстлашиш ўртасидаги фарқни тушунишда ёрдам беради (Ёқуб 4:4). Бу ҳақда фикр юритиб, турли масалаларда тўғри қарор чиқаришимиз мумкин. Мисол учун, дарсдан кейин мактабдаги тадбирларда, масалан, спорт мусобақалари ёки рақсларга қатнашиш мумкинми? Ёки бирор корхона ишчилар учун уюштирилган базмларга борса бўладими?
Иш танлашда
11. Иш танлашда, биринчи навбатда нимани аниқлаб олиш керак?
11 Муқаддас Китоб қонун-қоидаларини донолик ила қўлласак, ‘оила аъзоларимиз ҳақида ғамхўрлик қилиш’ вазифасини бажаришга тегишли қарорлар чиқариш осон бўлади (1 Тимўтийга 5:8). Биринчи навбатда, иш қайси мақсадларга хизмат қилишини аниқлаб олиш лозим. Худо қоралайдиган нарсаларни қўллаб-қувватловчи ишни танлаш, албатта нотўғри бўлади. Шунинг учун масиҳчилар, бутпарастлик, ўғирлик, қондан нотўғри фойдаланиш ва шу каби Муқаддас Китобга зид бўлган нарсалар билан боғланган ишни танлашмайди. Шунингдек, агар бошлиқ алдашни ёки ёлғон гапиришни талаб қилган тақдирда ҳам, улар бундай қилишмайди (Ҳаворийлар 15:29; Ваҳий 21:8).
12, 13. Иш танлашда яна қандай омилларни эътиборга олиш керак?
12 Агар ишимиз Худонинг талабларига зид бўлмаса-чи? Ҳақиқат ҳақидаги билимимиз ошиб боргани сайин, зеҳнимиз ўткирлашиб, бошқа омилларни ҳам эътиборга олиш зарурлигини тушуна бошлаймиз. Агар ишимиз, масалан, қиморхонада телефон қўнғироқларига жавоб бериш каби, Муқаддас Китобда очиқ-ойдин айтилмаган нарсалар қаторига кирса-чи? Бундан ташқари, бизга ким томонидан маош тўланиши ёки қаерда ишлаётганимизни ҳам эътиборга олиш лозим. Масалан, масиҳчи хусусий тадбиркор сифатида, сохта динга тегишли бирор-бир бинони тузатиш учун ўз хизматини таклиф этса, бу билан сохта динни қўллаб-қувватлаган бўлмайдими? (2 Коринфликларга 6:14-16).
13 Агар хўжайин, сохта динга тегишли бинони жиҳозлаб беришга келишиб қўйган бўлса-чи? Бундай пайтда биз бир неча омилларни эътиборга олишимиз керак: бу ишда мен қандай вазифага эгаман ва унда мен қандай ишни бажаришим керак? Муқаддас Китобга зид бўлмаган хизматни бажаришга нисбатан, масалан аҳоли яшайдиган барча жойларга, шу қаторда нопок ишлар қилинадиган жойларга ҳам хат-хабар етказиб бериш-чи? Бундай ҳолда Матто 5:45да ёзилган қоидани қўллаган бўлмаймизми? Бироқ, бу иш кундан-кунга виждонга қандай таъсир этишини эътибордан четда қолдирмаслик керак (Ибронийларга 13:18). Чиндан ҳам, иш танлашда масъулият ва донолик ила қарор чиқариш учун, биз зеҳнимизни ўткирлашимиз ва Худо ато этган виждонни тарбиялашимиз лозим.
«Ҳар ишингда Эгамизни эътироф эт»
14. Бирор хулоса чиқаришда, нимани кўриб чиқишимиз керак?
14 Таҳсил олиш ва даволаниш масаласида қарор чиқариш ҳақида нима дейиш мумкин? Бирор хулоса чиқаришда, бунга тегишли Муқаддас Китоб меъёрларини аниқлаб, мулоҳазалилик ила уларни татбиқ этишимиз керак. Доно шоҳ Сулаймон: «Ўз ақл-идрокингга суянма, бутун қалбинг билан Эгамизга ишон. Ҳар ишингда Эгамизни эътироф эт, шунда У йўлларингни тўғрилайди»,— деган эди (Ҳикматлар 3:5, 6).
15. Қарор қабул қилишда илк масиҳчилардан нимани ўрганамиз?
15 Чиқарган қарорларимиз кўпинча бошқаларга ҳам тааллуқли бўлгани сабабли, бунга ҳам диққат қилиш керак. Масалан, І асрда яшаган масиҳчилар, озиқ-овқат ҳақида Тавротда ёзилган амрга риоя қилишлари керак эмас эди. Улар, Тавротда ҳаром ҳисобланган ҳайвонларнинг гўштини ейишлари мумкин эди. Бироқ ҳаворий Павлус, бутларга атаб сўйилган ҳайвонларнинг гўшти ҳақида: «Агар еяётган овқатим биродаримнинг васвасага тушишига сабаб бўладиган бўлса, мен уни васвасага солмаслик учун умрбод гўшт емайман»,— деб ёзди (1 Коринфликларга 8:11-13). Бу билан Павлус, бошқаларни қоқинтирмаслик учун, уларнинг виждонини эътиборга олиш кераклигига ундади. Бизнинг чиқарган қарорларимиз ҳам бошқаларнинг қоқинишига сабаб бўлмаслиги лозим (1 Коринфликларга 10:29, 32).
Илоҳий донолик пайидан бўлинг
16. Қарор қабул қилишда ибодат қандай ёрдам беради?
16 Ибодат, қарор қабул қилишда бебаҳо ёрдам кўрсатади. «Агар сизлардан бирор кишининг ҳикмати камлик қилса, ҳаммага самимият билан, таъна қилмасдан берувчи Худодан сўрасин, Худо унга беради» (Ёқуб 1:5). Биз қарор қабул қилишда донолик сўраб, Худога ишонч билан ибодат орқали мурожаат қилишимиз мумкин. Ҳақ Худога ўз ташвишларимиз ҳақида айтиб, Ундан йўл-йўриқ сўрасак, илоҳий руҳ бизга Муқаддас Китобдаги фикрларни яхшироқ тушунишимизга ёрдам беради ва назаримиздан четда қолган нарсаларни ёдимизга солади.
17. Қарор қабул қилишимизда ўзгалар қандай ёрдам бериши мумкин?
17 Қарор қабул қилишимизда ўзгалар ёрдам бериши мумкинми? Ҳа, жамоатда маънан етук имондошларимиз бор (Эфесликларга 4:11, 12). Айниқса муҳим масалаларда, улардан маслаҳат сўрашимиз мумкин. Маънан етук, тажрибали имондошларимиз, бизнинг масаламизга тегишли бўлган қўшимча Муқаддас Китоб меъёрларига эътиборимизни қаратиб, «юқори қадриятлар» пайидан бўлишимизга ёрдам беришлари мумкин (Филиппиликларга 1:9, 10). Биргина огоҳлантириш: бошқалар биз учун қарор қабул қилишларига йўл қўймаслигимиз даркор. Ҳар ким ўз аравасини ўзи тортиши лозим.
Чиқарган қароримиз доим ҳам яхши самара берадими?
18. Тўғри чиқарилган қарорларнинг самаралари ҳақида нима дейиш мумкин?
18 Муқаддас Китоб меъёрлари асосида ҳамда соф виждон ила чиқарган қарорларимиз, ҳар доим ҳам яхши самара берадими? Охир оқибатда албатта шундай бўлади. Лекин аввалига кўнгилсизлик келтириши мумкин. Шадрах, Мешах ва Абеднаху, улкан ҳайкалга сажда қилишдан воз кечишса, ўлимга ҳукм этилишларини билишарди (Дониёр 3:16-19). Шу каби, ҳаворийлар яҳудий Олий Кенгашига, одамлардан кўра Худога кўпроқ итоат қилиш керак дейишганда, аввал уларни калтаклаб, шундан кейингина қўйиб юборишди (Ҳаворийлар 5:27-29, 40). Устига-устак, чиқарган қароримиз кўнгилсиз самара беришига «фурсат ва тасодиф» сабаб бўлиши мумкин (Воиз 9:11, ЯДТ). Тўғри қарор чиқарган бўлишимизга қарамай, бирор бахтсизликка йўлиқсак, Яҳова Таоло ҳаммасига дош беришимизга ёрдам бериб, келажакда қут-барака ёғдиришига амин бўлишимиз мумкин (2 Коринфликларга 4:7).19 Хуллас, қарор қабул қилаётганда, Муқаддас Китоб меъёрларини аниқлаб олиб, мулоҳазалилик ила татбиқ этмоғимиз лозим. Яҳова бизга олий қудрати ва маънан етук имондошларимиз орқали ёрдам бераётганидан нақадар миннатдормиз! Бундай ёрдам ва йўл-йўриққа эга эканмиз, келинг, илоҳий доноликни қўллаб, қарор чиқаришда, жасурлик ила масъулиятни ўз зиммамизга олайлик.
Сиз нимани билиб олдингиз?
• Қарор қабул қилишда асосий талаб нимадан иборат?
• Маънавий етукликка интилиш, дўст танлашга қандай таъсир қилади?
• Иш танлашда, қандай муҳим омилларни эътиборга олиш лозим?
• Қарор чиқаришда қандай ёрдамга эгамиз?
19. Қандай қилиб қарор чиқаришда, жасурлик ила масъулиятни ўз зиммамизга олишимиз мумкин?
w06-UZ 03/15a
17—23 АПРЕЛ Қўшиқлар: 214, 108.