Қўриқчи минорасининг ОНЛАЙН КУТУБХОНАСИ
Қўриқчи минорасининг
ОНЛАЙН КУТУБХОНАСИ
ўзбекча
  • МУҚАДДАС КИТОБ
  • АДАБИЁТЛАР
  • УЧРАШУВЛАР
  • w17 октябрь 7–11-саҳ.
  • «Амалда ва самимийлик ила севайлик»

Танланган маълумот учун видео мавжуд эмас.

Кечирасиз, видеони ижро этишда хатолик юз берди.

  • «Амалда ва самимийлик ила севайлик»
  • Қўриқчи минораси Худованд Яҳованинг Шоҳлигини хабарлайди (Тадқиқ сони) – 2017
  • Сарлавҳалар
  • Ўхшаш маълумот
  • ЧИН СЕВГИ СОХТА СЕВГИГА ҚАРШИ
  • ҚАЙ ЙЎСИН «АМАЛДА ВА САМИМИЙЛИК ИЛА» СЕВА ОЛАМИЗ?
  • Севги — бебаҳо фазилатдир
    Қўриқчи минораси Худованд Яҳованинг Шоҳлигини хабарлайди (Тадқиқ сони) – 2017
  • Севгингиз сўнишига йўл қўйманг!
    Қўриқчи минораси Худованд Яҳованинг Шоҳлигини хабарлайди (Тадқиқ сони) – 2017
  • Қай йўсин ўзаро севгини мустаҳкамлашда давом эта оламиз?
    Қўриқчи минораси Худованд Яҳованинг Шоҳлигини хабарлайди (Тадқиқ сони) – 2023
  • Сизни севувчи Аллоҳни севинг
    Қўриқчи минораси Худованд Яҳованинг Шоҳлигини хабарлайди – 2006
Кўпроқ маълумот топинг
Қўриқчи минораси Худованд Яҳованинг Шоҳлигини хабарлайди (Тадқиқ сони) – 2017
w17 октябрь 7–11-саҳ.
Яҳованинг Шоҳидлари биргаликда Йиғилиш Залида ишлашяпти

«Амалда ва самимийлик ила севайлик»

Бир-биримизни сўз ёки тил билангина эмас, балки амалда ва самимийлик ила севайлик. 1 ЮҲАН. 3:18

ҚЎШИҚЛАР: 3, 50

ЁДИНГИЗДАМИ?

  • Севгининг энг аъло тури қайси?

  • «Иккиюзламачиликдан холи» севги нимани англатади?

  • Севгимиз чин эканига қандай амин бўла оламиз?

1. Севгининг энг аълоси қайси ва уни қандай таърифлаган бўлардингиз? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қаранг.)

АДОЛАТЛИ принципларга асосланган агапе севгиси — Яҳованинг ҳадяси. Зеро, Тангри унинг манбаидир. (1 Юҳан. 4:7) Севгининг бу тури энг аълосидир. У меҳрибонлик ва самимийликни ўз ичига олади. Бундан ташқари, бу севги асосан бошқаларнинг манфаатини кўзлаб беғараз яхшилик қилишни англатади. Бир манбага кўра, агапе севгиси «амалда намоён бўлади». Агар биз беғараз севгини кўрсатсак ёки кимдир бизга шундай севгини намоён этса, ҳаётимиз бойиб, қувончга ва мазмунга тўлади.

2, 3. Қай йўсин Яҳова инсониятга беғараз севгисини кўрсатди?

2 Яҳова ҳали Одамато ва Момоҳавони яратмасидан олдин, инсонларга Ўз севгисини кўрсатди. Масалан, Худо ерни одамлар шунчаки яшаши учун эмас, балки ҳаётдан завқ олиши учун инсоннинг абадий уйи қилиб яратди. Яҳова буни Ўзини ўйлаб қилгани йўқ, аксинча, бизнинг манфаатимизни кўзлаб қилди. Кейинчалик, У ердаги фарзандларига жаннатда абадий яшаш умидини бериб, уларга беғараз севгисини кўрсатди.

3 Одамато ва Момоҳаво исён кўтарганидан кейин Яҳова беғараз севгисининг ёрқин ифодасини намоён этди. Яҳова уларнинг бўлажак фарзандларидан баъзилари Унинг севгисига жавоб қайтаришига амин бўлиб, тўлов тақдим этди. (Ибт. 3:15; 1 Юҳан. 4:10) Худо Нажоткор келишини ваъда қилган пайтдан бошлаб, мазкур қурбонликка аллақачон келтирилгандек қараган. Тахминан 4 000 йил ўтиб, Яҳова бутун инсоният учун ягона Ўғлини қурбонлик сифатида тақдим этди. (Юҳан. 3:16) Яҳованинг шундай беғараз севгиси учун ниҳоятда миннатдормиз!

4. Номукаммал инсонлар беғараз севгини намоён эта олишини қайси мисоллар кўрсатмоқда?

4 Яҳова бизни Ўзига ўхшаш қилиб яратгани боис, биз ҳам беғараз севгини намоён эта оламиз. Тўғри, мерос бўлиб ўтган гуноҳимиз дастидан севгини амалда кўрсатиш қийин кечиши мумкин, аммо бу имконсиз эмас. Мисол учун, Ҳобил ўзида бор энг яхшисини беғаразлик ила қурбонликка келтириб, Яҳовага бўлган севгисини кўрсатди. (Ибт. 4:3, 4) Нуҳ одамларнинг бепарволигига қарамай, ўнлаб йиллар давомида Худонинг хабарини замондошларига ваъз қилиб, уларга нисбатан беғараз севгини намоён этди. (2 Бутр. 2:5) Худо Иброҳимдан ўғли Исҳоқни қурбонликка келтиришни сўраганида, у Худога бўлган севгисини ўз ҳис-туйғуларидан устун қўйди. (Ёқб. 2:21) Биз ҳам мана шундай садоқатли кишилар сингари, қийинчиликларга дуч келганимизда севгини кўрсатишни хоҳлаймиз.

ЧИН СЕВГИ СОХТА СЕВГИГА ҚАРШИ

5. Чин севгини кўрсатишнинг қандай йўллари бор?

5 Муқаддас Китобга биноан, чин севги «сўз ёки тил билангина эмас, балки амалда ва самимийлик»да кўринади. (1 Юҳан. 3:18) Лекин бу севгимизни сўзлар орқали изҳор этиш мумкин эмаслигини англатадими? Асло! (1 Салон. 4:18) Севгимиз фақатгина сўзлар билан чекланиб қолмаслиги лозим, айниқса, кимгадир ёрдам керак бўлганида. Масалан, имондошимиз ҳаёт учун зарурий нарсаларга эҳтиёж сезса, у яхши сўзларимиздан кўпроқ нарсага муҳтож бўлади. (Ёқб. 2:15, 16) Шунга ўхшаб, Яҳовага ҳамда яқинимизга бўлган севги бизни Худодан нафақат «ҳосилни йиғиш учун ишчилар» юборишни сўрашга, балки ваъзгўйлик ишида тўлақонли қатнашишга ундайди. (Мат. 9:38)

6, 7. а) «Иккиюзламачиликдан холи севги» нима дегани? б) Сохта севгининг мисолларини келтиринг.

6 Ҳаворий Юҳанно бир-биримизни «амалда ва самимийлик ила» севишимиз кераклигини ёзган. Ҳа, севгимиз «иккиюзламачиликдан холи» бўлиши лозим. (Рим. 12:9; 2 Кор. 6:6) Гўё ниқоб кийгандек, аслида ўзимизда йўқ нарсани бор қилиб кўрсатиб, чин севгини намоён эта олмаймиз. Балки шундай савол туғилар: «Иккиюзламачилик билан севиш мумкинми?» Албатта йўқ! Бундай сохта севги бир тийинга қиммат.

7 Келинг, сохта севгининг баъзи мисолларини кўриб чиқайлик. Адан боғида Шайтон ўзини Момоҳавонинг манфаатини кўзлагандек тутди, бироқ унинг ҳаракатлари худбинлик ва иккиюзламачиликдан далолат берарди. (Ибт. 3:4, 5) Охитўфелнинг ишларидан унинг шоҳ Довуд билан дўстлиги сохта экани аён бўлди. Охитўфел ўз манфаати йўлида сотқинлик қилди. (2 Шоҳ. 15:31) Бугунги кунда ҳам муртадлар ва жамоатда бўлинишларга сабаб бўладиган кишилар «ширин сўзлар ва хушомадгўйлик билан» ўзларини бошқаларни севадигандек кўрсатишади, аслида эса улар фақатгина ўзини ўйлайди. (Рим. 16:17, 18)

8. Ўзимизга қандай саволлар берсак бўлади?

8 Қалбаки севги илоҳий фазилатга хос фидойи севгининг акси бўлгани учун иснод келтиради, холос. Бундай иккиюзламачилик билан инсонни лақиллатиш мумкин, аммо Яҳовани эмас. Исо иккиюзламачилик ила йўл тутадиганлар «қаттиқ жазога мубтало» бўлишини айтганди. (Мат. 24:51) Шубҳасизки, Яҳованинг хизматчилари қалбаки севгини намоён этишни умуман хоҳламайди. Аммо ўзимиздан шундай деб сўрасак бўлади: «Севгим доим чинми? Худбинлик ёки ёлғондан холими?» Келинг, «иккиюзламачиликдан холи севги»ни намоён этишнинг тўққизта йўлини кўриб чиқайлик.

ҚАЙ ЙЎСИН «АМАЛДА ВА САМИМИЙЛИК ИЛА» СЕВА ОЛАМИЗ?

9. Чин севги бизни нима қилишга ундайди?

9 Ҳаммага кўз-кўз қилмай хизматингизни адо этишдан хурсанд бўлинг. Имондошларни севишимизни кўрсатадиган ишларни, иложи бўлса «яширин» тарзда ёки бошқаларга билдирмасдан қилишимиз лозим. (Матто 6:1–4 ни ўқинг.) Афсуски, Ҳанания ва Саффира бундай йўл тутишмади. Улар ҳеч кимга билдирмай эҳсон қилишнинг ўрнига, келтирган хайр-эҳсонларини ошириб айтишди ва иккиюзламачилик оқибатида ўлимга дучор бўлишди. (Ҳавор. 5:1–10) Чин севги эса, овоза қилмаган ва шуҳрат қозонишга интилмаган ҳолда имондошларимизга яхшилик қилишга ундайди. Мисол учун, Етакчи кенгашга маънавий озуқани тайёрлашга ёрдам берадиган биродарлар ўз вазифаларини бошқаларга кўз-кўз қилмай бажаришади. Қолаверса, улар ўзларига эътибор қаратишмайди ва нима устида ишлаганлари борасида гапириб юришмайди.

10. Қандай қилиб ҳурмат кўрсатишда ташаббускор бўла оламиз?

10 Бошқаларга ҳурмат кўрсатишда ташаббускор бўлинг. (Римликларга 12:10 ни ўқинг.) Исо шогирдларининг оёқларини ювиб, бошқаларга ҳурмат кўрсатишда ўрнак қолдирди. (Юҳан. 13:3–5, 12–15) Биз ҳам бошқаларга шундай ҳурмат кўрсатишни истасак, камтарликни ривожлантириш учун жон куйдиришимиз зарур. Ҳатто ҳаворийлар ҳам муқаддас руҳни олмагунича, Исо қилган ишларни охиригача тушунмаган. (Юҳан. 13:7) Маълумотимиз, мол-мулкимиз ёки шарафли вазифаларимиз туфайли бошқалардан яхшироқман, деб ўйламасак, уларга ҳурмат кўрсата оламиз. (Рим. 12:3) Бошқаларни мақташганда уларга ҳасад қилмаймиз ва ҳатто ўзимизни худди шундай ҳурматга ёки мақтовга сазовор деб билсак ҳам, улар билан биргаликда қувонамиз.

11. Нима учун мақтовимиз чин қалбдан чиқиши керак?

11 Имондошларни чин қалбдан мақтанг. Бир-биримизни мақташ учун фурсат излашимиз керак, сабаби, бундай мақтовлар «мустаҳкамлайдиган эзгу сўзлар»дир. (Эфес. 4:29) Бироқ шу билан бирга самимий бўлишимиз лозим. Акс ҳолда, кишига тилёғламалик қилган ёки масъулиятимиздан қочиб керакли маслаҳатни бермаган бўламиз. (Ҳик. 29:5) Аввал кишини мақтаб, кейин орқасидан гапириш иккиюзламачиликнинг бир туридир. Ҳаворий Павлус бу тузоқдан қочган ва бошқаларни мақтаганда чин севгини намоён этиб, ажойиб ўрнак қолдирган. Масалан, у Коринфдаги имондошларни баъзи ишлари учун чин қалбдан мақтаган. (1 Кор. 11:2) Бироқ улар маслаҳатга муҳтож бўлганида, Павлус бунинг сабабини аниқ ва мулойимлик ила тушунтирган. (1 Кор. 11:20–22)

Опамиз конвертга пул солиб, муҳтожликда бўлган имондошимизга олиб боради

Имондошларимиз муҳтожлигида уларга ёрдам бериш севгимизни ва меҳрибонлигимизни кўрсатишнинг йўлларидан биридир (12- хатбошига қаранг.)

12. Қай йўсин меҳмондўстлик орқали чин севгини кўрсата оламиз?

12 Меҳмондўст бўлинг. Яҳова имондошларимизга нисбатан сахий бўлишимизни истайди. (1 Юҳанно 3:17 ни ўқинг.) Биз буни тўғри ниятда, худбинликдан қочган ҳолда намоён этишимиз даркор. Ўзимиздан қуйидагича сўрасак бўлади: «Мен фақатгина яқин дўстларимни, ўзим муҳим деб ҳисоблайдиган имондошларни ёки менга ҳам худди шундай муносабат кўрсата оладиган инсонларни меҳмонга таклиф қиляпманми? Ёки аксинча, мен яхши билмайдиган, менга ҳеч нарса қайтара олмайдиган имондошларга сахийликни намоён этиш йўлларини излаяпманми?» (Луқо 14:12–14) Бундан ташқари, имондошингиз пухта режалаштирмагани боис, бирон-бир нарсага муҳтож бўлиб қолганини ёки меҳмондўстлигингиз учун миннатдорчилик билдира олмаганини тасаввур қилинг. Шу каби вазиятларда биз «нолимай, ўзаро меҳмондўст бўлинглар», деган маслаҳатга амал қиламиз. (1 Бутр. 4:9) Агар шундай йўл тутсангиз, тўғри ниятнинг самараси бўлмиш бахтиёрликка эришасиз. (Ҳавор. 20:35)

13. а) Айниқса қачон заифларга ёрдам бериш қийин кечиши мумкин? б) Заифларга қандай амалий ёрдам бера оламиз?

13 Кучсизларга ёрдамлашинг. Севгимиз чин ёки чин эмаслигини Муқаддас Китобдаги «кучсизларга ёрдамлашинглар, ҳамма одамларга узоқ сабрли бўлинглар» деган амр орқали текшириб кўрсак бўлади. (1 Салон. 5:14) Заиф бўлганлар вақти келиб имонда кучли бўлишлари мумкин, аммо бошқаларга кўпроқ сабр-тоқатли бўлишимизга ва уларни қўллаб-қувватлашимизга тўғри келар. Бу далда берадиган оятлар билан бўлишишни, уларни хизматга таклиф қилишни ва тинглаш учун вақт ажратишни ўз ичига олиши мумкин. Шунингдек, имондошимизни «кучли» ёки «заиф» деб ўйламай, барчамизнинг ҳам кучли, ҳам заиф томонларимиз борлигини тан олайлик. Ҳатто ҳаворий Павлус ҳам ўзининг заиф томонларини тан олган. (2 Кор. 12:9, 10) Ҳа, барчамиз ёрдамга ва далдага муҳтожмиз.

14. Тинчликни сақлаш учун нимага тайёр бўлишимиз лозим?

14 Тинчликпарвар бўлинг. Борди-ю, имондошларимиз ҳатто бизни нотўғри тушунишса ёки бизга адолатсизларча муносабатда бўлишса, қўлимиздан келганича тинчликни сақлашга интиламиз. (Римликларга 12:17, 18 ни ўқинг.) Кечирим сўраш хаста кўнгилларга шифо беради, аммо у чин дилдан бўлиши лозим. Масалан, «шундай бўлганидан афсусдаман», деб айтишнинг ўрнига «гапларим билан кўнглингизни оғритиб қўйганимдан афсусдаман» дейишингиз мумкин. Айниқса, никоҳда тинчлик муҳим. Эр ва хотин одамлар олдида бир-бирини севадигандек кўрсатиб, аммо ёлғиз қолганида гаплашмай юришдан, қўпол сўзларни ишлатишдан ёки зўравонлик қилиб, бир-бирига оғриқ етказишдан қочиши даркор.

15. Қандай қилиб чин қалбдан кечирганимизни кўрсата оламиз?

15 Чин дилдан кечиринг. Кимдир бизни хафа қилса, уни кечириб, хафагарчиликни унутамиз. «Севги билан... бардошли бўлиб, тинчлик ришталари орқали муқаддас руҳнинг бирлигини сақлашга интилиб», билмасдан бизни хафа қилиб қўйганларни кечирамиз. (Эфес. 4:2, 3) Чин қалбдан кечириш учун бизни хафа қилган кишининг ишлари тўғрисида ўйлаб юрмаслигимиз керак. Ахир севги «хафагарчиликларни ҳисоблаб юрмайди». (1 Кор. 13:4, 5) Борди-ю, хафагарчиликларни унутмай, гина сақлаб юрсак, биз нафақат имондошларимиз, балки Яҳова билан ҳам муносабатларимизга путур етказишимиз мумкин. (Мат. 6:14, 15) Қолаверса, бизга қарши гуноҳ қилганлар учун ибодат қилиб, уларни чин қалбдан кечирганимизни кўрсатамиз. (Луқо 6:27, 28)

16. Шарафли вазифаларимизга қандай қарашимиз керак?

16 Ўз манфаатингизни кўзламанг. Шарафли вазифаларга эга бўлсак, уларни ўзимизнинг эмас, «ўзганинг манфаатини кўзлаб» севгимиз чин эканини кўрсатишнинг имкони деб билайлик. (1 Кор. 10:24) Мисол учун, анжуманларда жойларни тайинланган биродарлар тақсимлайди. Бу биродарлар вазифаларидан фойдаланиб, ўзлари ва оила аъзолари учун энг яхши жойларни банд қилиб қўймайди. Аксинча, уларнинг кўпчилиги унча қулай бўлмаган жойларни танлайди. Шу тариқа, улар ўз манфаатини кўзламай, худбинликдан холи бўлган севгини намоён этади. Сиз қай йўсин уларнинг ўрнагига тақлид қила оласиз?

17. Чин севги жиддий гуноҳ қилган инсонни нима қилишга ундайди?

17 Яширин гуноҳларингизни тан олиб, тавба қилинг. Жиддий гуноҳ қилган баъзи масиҳийлар уятга қолишдан ёки бошқаларнинг кўнгли совишидан қўрқиб, қилган ишларини яширишади. (Ҳик. 28:13) Лекин бундай йўл тутиш севгидан дарак бермайди, чунки у фақат ўзигагина эмас, бошқаларга ҳам зарар етказади. Яҳова жамоатга муқаддас руҳини ёғдирмай қўяди, устига-устак, жамоатда тинчлик бузилади. (Эфес. 4:30) Чин севги масиҳийларни жиддий гуноҳи ҳақида оқсоқолларга айтишга ундайди. Шунда улар зарурий ёрдамни бера олишади. (Ёқб. 5:14, 15)

18. Чин севги қанчалик муҳим?

18 Севги барча фазилатлар ичида энг аълосидир. (1 Кор. 13:13) Севгини намоён этсак, бошқалар Исонинг издошлари эканимизни ҳамда севги манбаи Яҳовага тақлид қилаётганимизни билиб олишади. (Эфес. 5:1, 2) Ҳаворий Павлус шундай деб ёзганди: «Агар... севгим бўлмаса, мен ҳеч ким эмасман» (1 Кор. 13:2) Илоё, севгимизни фақатгина «сўз» билан эмас, балки «амалда ва самимийлик» ила кўрсатишда давом этайлик.

    Ўзбекча адабиётлар (1993-2025)
    Чиқиш
    Кириш
    • ўзбекча
    • Улашиш
    • Созламалар
    • Copyright © 2025 Watch Tower Bible and Tract Society of Pennsylvania
    • Фойдаланиш шартлари
    • Махфийлик сиёсати
    • Махфийлик созламалари
    • JW.ORG
    • Кириш
    Улашиш