Қандай жавоб беришни билинг
АЙРИМ саволларни айсбергга ўхшатиш мумкин. Унинг асосий қисми сув остида яширилган бўлади. Саволнинг ўзига қараганда, унинг остида яширилган масала жиддийроқ бўлиши мумкин.
Ҳатто одам ўз саволига жавоб олишни жудаям истаётган бўлса-да, унга қандай жавоб беришни билиш лозим. Бу, қанча гапириш ва муаммога қайси томондан ёндашиш даркорлигини билишни англатади (Юҳан. 16:12). Исо ҳаворийларига айтганидай, баъзида киши эшитишга ҳаққи бўлмаган ёки унга умуман фойдасиз бўлган маълумотни билишга қизиқиши мумкин (Ҳавор. 1:6, 7).
Муқаддас Китобда шундай маслаҳат мавжуд: «Сўзларингиз доимо ёқимли ва мазали бўлсин. Ўшанда ҳар бир кишига қандай жавоб бериш кераклигини биласизлар» (Колос. 4:6). Шундай экан, жавоб беришдан аввал, нафақат нима дейишни, балки қандай айтишни ҳам ўйлаб кўриш даркор.
Савол бераётганнинг нуқтаи назарини билинг
Саддуқийлар, бир неча марта турмуш қурган аёлнинг тирилиши ҳақида савол бериб, Исони қийин аҳволга солиб қўймоқчи бўлишган. Аммо Исо, улар тирилишга ишонмасликларини биларди. Шунинг учун у, бу саволга унинг ортида турган нотўғри нуқтаи назарни кўрсатадиган тарзда жавоб берди. Моҳирона фикр юритиш орқали ва Муқаддас Ёзувлардаги яхши таниш бўлган мисолни қўллаб, Исо саддуқийларнинг эътиборини, улар ҳеч ўйлаб кўрмаган фикрга, яъни Худо ўлганларни тирилтиришининг яққол исботига қаратди. Унинг жавоби душманларини шунчалик эсанкиратиб қўйдики, улар ҳатто бошқа савол беришдан қўрқиб қолишди (Луқо 20:27–40).
Шу сингари сиз ҳам қандай жавоб беришни билишингиз учун, савол бераётганларнинг нуқтаи назари ҳамда қизиқишларини тушунишингиз керак. Масалан, синфдошингиз ёки ҳамкасбингиз нима учун янги йил байрамини нишонламаслигингизни сўраяпти. Қизиқ, нима учун у бундай савол беряпти? У чиндан ҳам бунинг сабабини билмоқчими? Ёки ўтиришларга боришингиз мумкинлигини аниқламоқчими? Буни аниқлаш учун, у нега бу саволни берганини тўғридан-тўғри сўрасангиз бўлади. Кейин, у нима дейишига қараб, жавоб беришингиз мумкин. Фурсатдан фойдаланиб, Муқаддас Китобдаги қонун-қоидалар, байрамлар туфайли юзага келиши мумкин бўлган муаммолардан қандай ҳимоя қилишини айтиб беринг.
Фараз қилайлик, сиздан Яҳованинг Шоҳидлари ҳақида ўқувчилар ёки талабалар олдида маъруза сўзлашни сўрашди. Маърузани айтиб бўлганингиздан сўнг, эҳтимол сизга саволлар беришар. Агар саволлар самимий ва беғараз бўлиб туюлса, уларга очиқчасига жавоб бериш яхшироқдир. Борди-ю, саволда кенг тарқалган хато фикрлар ўз аксини топган бўлса-чи? У ҳолда, жавоб беришдан олдин нима учун бундай нуқтаи назар кенг тарқалганини ва нега Яҳованинг Шоҳидлари Муқаддас Китобга асосланиб йўл тутишини қисқача тушунтиринг. Бунақа саволлар ҳужумдек кўринса ҳам, ундай қабул қилмаган маъқул. Бу каби саволларга, тингловчиларни ташвишлантираётган мавзудек қаранг. Сизнинг жавобингиз, уларнинг нуқтаи назарини кенгроқ қилишга, уларга аниқ маълумот беришга ва эътиқодларимиз Муқаддас Китобга асосланганини тушунтиришга имкон беради.
Раҳбарингиз анжуманга боришга рухсат бермаса, унга нима деган бўлардингиз? Аввалига, унинг нуқтаи назарини тушунишга ҳаракат қилинг. Эҳтимол, ишдан кейин ишлаб беришни таклиф қиларсиз? Балки, анжуманда оладиган билимлар, ҳалол ва тўғри ишчи бўлишга ҳисса қўшишини унга тушунтириш керакдир? Агар унинг ҳам манфаатини кўзлаётганингизни кўрсатсангиз, эҳтимол у сиз учун қадрли бўлган нарсаларни ҳурмат қилишга мойил бўлар. Аммо сизни қинғир иш қилишга чорласа, нима қилишингиз мумкин? Унга дангал рад жавобини бериб, Муқаддас Китобдан бунинг тасдиғини келтириш, сизнинг нуқтаи назарингизни кўрсатиши мумкин. Лекин уни мулоҳаза юритишга чорлаб, бугун у учун ёлғон гапирган ва ўғирлаган киши, эртага унинг ўзига ёлғон гапириши ва ундан ўғирлаши мумкинлигини тушунтирсангиз яхшироқ бўлар?
Бошқа томондан, сиз ўқувчи бўлиб, Муқаддас Китобга зид бўлган мактабдаги тадбирларда иштирок этишни истамаётгандирсиз. Шуни ёдда тутингки, ўқитувчингиз эътиқодингизга шерик эмас ва синфда тартиб ўрнатиш унинг вазифасидир. Сиз 1) масъулиятга эга бўлган кишини ҳурмат қилишингиз, 2) ўз қарорингизни хушмуомалалик ила тушунтиришингиз ва 3) Яҳовага маъқул келган ишларда қатъий бўлишингиз лозим. Яхши натижаларга эришиш учун, эътиқодингиз ҳақида аниқ ва лўнда қилиб гапиришнинг ўзи камлик қилиши мумкин (Ҳик. 15:28). Нима деб жавоб беришга ўзингиз қийналсангиз, бу борада ота-онангиз албатта сизга кўмаклашади.
Баъзида, мансабдор кишилар томонидан қўйилган ёлғон айбловларнинг нотўғрилигини исботлаш керак бўлади. Милиция ходими, давлат хизматчиси ёки судья, қонунга бўйсуниш, бетарафлик ҳамда ватанпарварлик тадбирларига оид саволларга жавоб беришингизни талаб қилиши мумкин. Бундай вазиятларда қандай жавоб қайтариш лозим? Муқаддас Китобда маслаҳат берилишича, буни «мулойимлик ва камоли эҳтиром билан» қилиш даркор (1 Бутр. 3:15). Шунингдек, бу масала уларни нима учун ташвишлантираётгани ҳақида ҳам ўйлаб кўринг ва уларнинг ташвишланишининг сабабини тушунаётганингизни ҳурмат ила айтинг. Кейин нима қилиш керак? Ҳаворий Павлус Рим ҳукумати томонидан кўрсатилган қонунга ишора қилгани каби, сиз ҳам ўз ҳақ-ҳуқуқингизни эслатиб ўтишингиз мумкин (Ҳавор. 22:25–29). Эҳтимол, биринчи асрда масиҳийлар қандай йўл тутгани ҳақидаги айрим далиллар ёки бугунги кунда бошқа давлатларда Яҳованинг Шоҳидлари қандай йўл тутишаётгани, бу киши вазиятга кенгроқ қарашига кўмаклашар. Бошқа тарафдан, Худонинг қонунларига тобе бўлганлар, Аллоҳнинг иродасига зид бўлмаган пайтда, инсоний ҳукуматга бўйсунишини айтиб ўтинг (Рим. 13:1–14). Агар Муқаддас Китобдаги меъёрларни шу тарзда қўлласангиз, ким билсин, балки мансабдор кишининг муносабати ўзгариб қолар.
Савол берганлар Муқаддас Ёзувларга қандай муносабатда?
Қандай жавоб қайтаришни ўйлаётганингизда, киши Муқаддас Ёзувларга қандай муносабатда эканини ҳам инобатга олинг. Исо тирилиш тўғрисида саддуқийларга жавоб бераётганида, шундай йўл тутган. Улар фақатгина Мусо томонидан ёзилган китобларни тан олишганини инобатга олиб, Исо Тавротда ёзилган воқеани асос тариқасида келтириб, шундай деган: «Мусо пайғамбар ҳам... ўликлар тирилишига ишора қилган» (Луқо 20:37). Эҳтимол сиз ҳам суҳбатлашаётганда, Муқаддас Китобнинг тингловчингизга таниш бўлган ва у тан оладиган қисмларидан фойдаланарсиз.
Лекин Муқаддас Китоб киши учун ҳеч қандай қадр-қимматга эга бўлмаса-чи? Ҳаворийларга 17:22–31 да ёзилган Павлуснинг Ареопагдаги нутқига эътибор беринг. У ўшанда оятларни ўқиб бермаган бўлса-да, барибир Муқаддас Китобдаги ҳақиқатни гапирган. Агар шароит шуни тақозо қилса, сиз ҳам шундай йўл тутишингиз мумкин. Баъзи жойларда тўғридан-тўғри Муқаддас Китобдан ўқиб беришдан олдин, бир неча маротаба одамлар билан суҳбатлашишга тўғри келади. Оятларни ўқиб бериш фурсати етди, деган хулосага келган тақдирда ҳам, Муқаддас Китоб — Худонинг Каломи деб туриб олманг. Аввалига, нега бу китоб эътиборимизга лойиқ эканини тасдиқловчи далилларни келтириб, сўнг эса оятлар ўқиб берилса оқилона бўларди. Сизнинг мақсадингиз — Аллоҳнинг нияти тўғрисида яхши шоҳидлик бериш ва кишига Муқаддас Китобда нима ёзилганини кўришга ёрдам беришдир. Бизнинг ҳар қандай гапимиздан кўра, Муқаддас Китобнинг ўзи кишини ишонтиришга қодир (Иброн. 4:12).
«Доимо ёқимли»
Муқаддас Китобга кўра, Яҳова хизматчиларининг нутқи «доимо ёқимли ва мазали» бўлиши лозим. Боиси, Аллоҳнинг Ўзи инсонларга жуда меҳрибон (Колос. 4:6; Чиқ. 34:6). Ҳатто мулойим гапиришга асос йўқдек кўринган тақдирда ҳам, шундай муомала қилишимиз лозим. Нутқимиз ёқимли бўлиб, унда қўполлик ва одобсизлик намоён бўлмаслиги керак.
Кўп одамлар доимий босим остида бўлиб, қўпол муомалага ҳар куни дуч келишади. Шу сабабли, уларнинг ёнига келганимизда, бизга ҳам қаттиқ гапириб қўйишлари мумкин. Хўш, бунга қандай муносабатда бўлиш керак? Муқаддас Китобда шундай маслаҳат бор: «Юмшоқ жавоб ғазабни қайтаради». Юмшоқ жавоб, фикримизга умуман қўшилмайдиганларнинг ҳам кўнглини юмшатишга қодир (Ҳик. 15:1; 25:15). Овозимизда ва хатти-ҳаракатимизда намоён бўлиб турган мулойимлик, ҳатто қўполликка ҳар куни дуч келаётганларни ҳам хушхабарни эшитишга мойил қилиши мумкин.
Ҳақиқатга ҳурмат кўрсатмайдиган кишилар билан баҳслашиб ўтиришни хоҳламаймиз. Бунинг ўрнига, бизни тинглайдиган инсонлар билан Муқаддас Ёзувлар борасида музокара юритишни истаймиз. Қандай вазиятга тушмайлик, мулойимлик ва Худонинг ваъдаларига ишонч ила гапиришимиз кераклигини ёдда сақлаймиз (1 Салон. 1:5).
Шахсий қарор ва виждон масаласи
Муқаддас Китобни ўрганаётган киши ёки имондошлардан бири сиздан у ёки бу вазиятда қандай йўл тутиш кераклигини сўраб қолса, нима деб жавоб берган бўлардингиз? Эҳтимол, унинг ўрнида бўлганингизда нима қилиш кераклигини билган бўлардингиз. Аммо ҳар ким ўзи учун жавоб бериши даркор (Галат. 6:5). Ҳаворий Павлус ваъз қилган пайтда, одамларни «имон орқали Аллоҳга итоат этишларига» чорлаган (Рим. 16:26). Бу, тақлид қилишимиз учун ажойиб ўрнак! Мабодо, киши чиқараётган қарори билан тадқиқ ўтказаётган кишининг ёки бошқа инсоннинг кўнглини топмоқчи бўлса, демак у имон билан яшамай, одамларга хизмат қиляпти (Галат. 1:10). Шундай экан, тўғридан-тўғри берилган жавоб, савол берган киши учун фойда келтирмайди.
Унда, Муқаддас Китобдаги йўл-йўриқларни инобатга олган ҳолда қандай жавоб бериш керак? Инсоннинг эътиборини, Муқаддас Китобда келтирилган муайян меъёр ёки мисолга қаратса бўлади. Баъзи вазиятларда эса, бу одамнинг ўзи қандайдир йўл-йўриқ топиши учун, уни изланиш олиб боришга ўргатиш мумкин. Ҳатто бирорта меъёр ёки мисолни аниқ бир вазиятга қўлламай туриб муҳокама қилсангиз бўлади. Кейин эса, доно қарор чиқариш мақсадида ўзи учун қандай фикрни фойдали деб топганини сўраш мумкин. Шунингдек, ушбу меъёр ёки мисолга Яҳованинг нуқтаи назари қандайлиги борасида мулоҳаза юритишга чорланг. Шу тариқа, савол берган кишини «зеҳнини ишга солиш орқали яхшини ёмондан ажратишга» ўргатган бўласиз (Иброн. 5:14).
Жамоат учрашувларида қандай жавоб бериш лозим?
Жамоат учрашувларида одамлар олдида ўз эътиқодимиз тўғрисида шоҳидлик бериш имкониятига эгамиз. Бунинг усулларидан бири — саволларга жавоб беришдир. Қандай жавоб беришимиз керак? Бизда Яҳовани мақташ, яъни У ҳақда яхши нарсаларни гапириш истаги бўлиши лозим. Ҳазрати Довуд ҳам «йиғинларда» бўлганида, айнан шундай қилган (Заб. 25:12). Йиғилишларда берадиган шарҳларимиз имондошларимизга далда бериши даркор. Шунингдек Павлус айтганидай, уларни «севишга ва эзгу ишлар қилишга» ундаса яхши бўларди (Иброн. 10:23–25). Ушбу мақсадларга эришиш учун, муҳокама қилинадиган маълумотни олдиндан ўрганиб чиқинг.
Агар сиздан сўрашса, қисқа, содда ва аниқ қилиб жавоб беринг. Бутун хатбошини айтиб беришнинг ўрнига, фақатгина битта фикрни муҳокама қилинг. Хатбошидаги битта фикрни ёритсангиз, бошқалар жавоб беришига ҳам имкон яратган бўласиз. Айниқса, матнда келтирилган оятларни шарҳлаб бериш керак. Тушунтираётиб, эътиборни муҳокама қилинаётган саволга бевосита алоқадор бўлган оят қисмига қаратинг. Жавобни хатбошидан ўқиб беришнинг ўрнига, ўз сўзларингиз билан айтиб беришни ўрганинг. Берган жавобингиз сиз истагандек чиқмаса, хафа бўлманг. Бунақаси ҳаммада ҳам бўлиб туради.
Жавоб беришни билиш, саволнинг жавобини билишдан ҳам кўпроқ нарсани ўз ичига олади. Бу борада ақл-идрокли бўлиш лозим. Чин юракдан жавоб берсак ва бу тингловчиларнинг қалбига таъсир этса, бағоят хурсанд бўламиз! (Ҳик. 15:23).