Тангри Яҳованинг аниқ огоҳлантиришларига амал қиляпсизми?
Мана йўл, шу йўлдан юринглар. ИШАЁ 30:21
1, 2. Шайтон нима қилишга мойил ва Худонинг Каломи қандай қилиб бизга кўмаклашади?
НОТЎҒРИ йўлга бошловчи белги нафақат адаштиради, балки ўта хавфлидир. Фараз қилинг, дўстингиз бир ёвуз одам эҳтиётсиз саёҳатчиларга зарар келтириш учун атайлаб белгини ўзгартириб қўйгани ҳақида сизни огоҳлантиради. Унинг огоҳлантиришига қулоқ соласизми?
2 Шайтон ёвуз душман каби бизни тўғри йўлдан оздирмоқда (Ваҳ. 12:9). Ўтган мақолада муҳокама қилинган ёмон таъсирлар ундан келиб чиққан бўлиб, бизни абадий ҳаётга етаклаётган йўлдан уришга қаратилган (Мат. 7:13, 14). Меҳрибон Аллоҳимиз, Шайтон алмаштирган «йўл белгиларидан» огоҳлантираётганидан миннатдормиз. Келинг, унинг яна учта салбий таъсирини кўриб чиқайлик. Худонинг Каломи улардан йироқлашишга қандай ёрдам бераётганини муҳокама қилаётиб, Яҳова гўё орқамиздан юриб: «Мана йўл, шу йўлдан юринглар»,— дея тўғри йўлни кўрсатаётганини тасаввур қилишимиз мумкин (Ишаё 30:21). Яҳованинг аниқ огоҳлантиришлари уларга қулоқ солиш қароримизни мустаҳкамлайди.
«Сохта пайғамбарларга» эргашманг
3, 4. а) Сохта пайғамбарлар қайси маънода сувсиз қудуққа ўхшайди? б) Кўпинча сохта пайғамбарлар қаердан пайдо бўлади ва уларнинг нияти қандай?
3 Ўзингизни саҳрода кетаётгандек тасаввур қилинг. Узоқда бир қудуқни кўриб қолиб, чанқоқни босиш учун сув олиш умидидасиз. Қудуқ олдига бориб қарасангиз, у қуп-қуруқ экан. Албатта ҳафсалангиз пир бўлади! Сохта пайғамбарларни ҳам шу сувсиз қудуққа ўхшатиш мумкин. Улардан ҳақиқат сувларини олиш учун келган ҳар қандай кишининг ҳафсаласи пир бўлади. Яҳова, ҳаворий Павлус ва Бутрус орқали бизни сохта пайғамбарлар ҳақида огоҳлантирмоқда (Ҳаворийлар 20:29, 30; 2 Бутрус 2:1–3 ни ўқинг). Сохта пайғамбарлар кимлар? Улар қаердан келиб чиққанини ва қандай ҳаракат қилаётганини ушбу иккита ҳаворийнинг сўзларидан билиб олса бўлади.
4 Павлус Эфес жамоатидаги оқсоқолларга: «Сизларнинг орангиздан... нотўғри таълимотларни тарқатадиган кишилар чиқади»,— деб айтган. Имондошларига мурожаат этиб, Бутрус шундай ёзган: «Сизларнинг орангизда ҳам сохта устозлар бўлади». Демак, сохта пайғамбарлар қаердан келиб чиқар экан? Улар жамоат орасидан чиқиши мумкин. Бундай кишилар муртадлардирa. Улар нимани хоҳлашади? Бу кишилар эҳтимол қачонлардир ташкилотни яхши кўрган. Аммо улар ташкилотдан якка ўзлари кетишни хоҳламайдилар. Павлус тушунтирганидай, уларнинг мақсади «шогирдларни ортидан эргаштиришдир». Айнан «шогирдлар» деган сўзга эътибор беринг. Муртадлар ўзларига ташқаридан шогирд орттиришнинг ўрнига, Масиҳнинг шогирдларини ўзлаштирмоқчи бўлишади. Сохта пайғамбарлар «ваҳший бўрилар» каби жамоат аъзоларининг ишончини қозониб, уларнинг имонини яксон қилишади ва ҳақиқатдан воз кечишга ундашади (Мат. 7:15; 2 Тим. 2:18).
5. Сохта пайғамбарлар қанақа усуллардан фойдаланишади?
5 Сохта пайғамбарлар қандай ҳаракат қилишади? Уларнинг усуллари маккорлик руҳини акс этади. Муртадлар йўлдан оздирадиган фикрларни «яширинча» киритишади. Улар, контрабанда билан шуғулланувчи одамлар сингари яширинча ўз фикрлаш тарзини сингдиришади. Ҳужжатларни сохталаштирувчи киши каби муртадлар «айёрона гапириб», ўзларининг уйдирма фикрларини ҳақиқат қилиб кўрсатишади. Улар ўз нуқтаи назарини ўтказиш мақсадида «алдамчи таълимотларни» тарқатиб, «Муқаддас Ёзувларнинг бошқа қисмларини нотўғри талқин қилишади» (2 Бутр. 2:1, 3, 13; 3:16). Кўриб турганимиздек, муртадлар бизнинг манфаатларимизни кўзлаб йўл тутишмас экан. Уларга эргашиш, абадий ҳаётга етаклайдиган йўлдан адаштиради, холос.
6. Сохта пайғамбарлар ҳақида Муқаддас Китобда қандай аниқ маслаҳат мавжуд?
6 Ўзимизни сохта пайғамбарлардан қандай ҳимояласак бўлади? Уларга қандай муносабатда бўлишимиз борасида Муқаддас Китобда маслаҳат берилган (Римликларга 16:17; 2 Юҳанно 9–11 ни ўқинг). Аллоҳнинг Каломида: «Бундайлардан узоқроқ юринглар»,— деб ёзилган. Бошқа таржимада: «Улардан ўзингизни четга олинглар»,— дейилган. Ушбу маслаҳатда ҳеч қандай шубҳали маъно йўқ деса бўлади. Айтайлик, шифокор сизга жиддий юқумли касали бор одамдан узоқроқ юришни тавсия қилади. Сиз шифокор нима демоқчи эканини билиб, унинг огоҳлантиришига жиддий амал қиласиз. Муртадлар ҳам «баҳслашиш касаллигига» эга бўлиб, ўзларининг айёр таълимотларини бошқаларга юқтиришга интилишади (1 Тим. 6:3, 4). Улуғ Шифокоримиз Яҳова бундайлардан узоқроқ юришни бизга тавсия этмоқда. Бу нимани англатишини биламиз, лекин Унинг огоҳлантиришини барча соҳаларда қўллаяпмизми?
7, 8. а) Сохта пайғамбарлардан узоқроқ юриш нима дегани? б) Нега сохта пайғамбарларга қарши жиддий қадамлар қўйишга қарор қилдингиз?
7 Сохта пайғамбарлардан узоқроқ юриш нима дегани? Бу, уларни уйимизда кутиб олмасликни ёки уларга салом бермасликни билдиради. Шунингдек ўзимизни адабиётларини ўқишдан, теледастурларини кўришдан, веб-сайтларини текширишдан ёки уларнинг сайтларига кириб изоҳларимизни киритишдан эҳтиёт қиламиз. Нега энди шунчалик жиддий қадамлар қўйиш керак? Айнан севги туфайли. Ҳақ Таолони севганимиз учун Унинг ҳақиқат Каломини булғовчи уйдирма таълимотлар бизни асло қизиқтирмайди (Заб. 30:6; Юҳан. 17:17). Қолаверса, Яҳованинг ташкилотини яхши кўрамиз. Зеро у орқали ажойиб ҳақиқатларни, жумладан Яҳованинг исми ва унинг маъноси, Аллоҳнинг ер юзига нисбатан нияти, ўлганларнинг ҳолати ва тирилишга бўлган умид ҳақида билиб олдик. Буларни ва бошқа қимматбаҳо ҳақиқатларни илк бор билиб олганингизда, нималарни ҳис этганингиз эсингиздами? Нега энди, бу ҳақиқатларни ўргатган ташкилотни қоралайдиган кимсаларга алданишимиз керак? (Юҳан. 6:66–69).
8 Сохта пайғамбарлар нима дейишидан қатъи назар, уларга асло эргашмаймиз! Бундай сувсиз қудуқлар фақатгина ҳафсаламизни пир қилар экан, уларга боришнинг нима кераги бор? Шундай экан, келинг, Худонинг Каломига асосланган соф ва тасаллига бой ҳақиқат сувлари билан чанқоғимизни қондирган Яҳовага ва ташкилотига садоқатли бўлиб қолишга қарор қилайлик (Ишаё 55:1–3; Мат. 24:45–47).
«Уйдирмаларга» эргашманг
9, 10. Павлус Тимўтийни уйдирмалар борасида нима деб огоҳлантирган ва у нимани назарда тутган бўлиши мумкин? (Шунингдек изоҳга қаранг).
9 Кимдир алмаштириб қўйган йўл белгиси бизни тўғри йўлдан адаштириши мумкин. Баъзида буни пайқаш осон, гоҳида эса қийин бўлади. Шу сингари Шайтоннинг ёмон таъсирларидан бири яққол кўринади, бошқаси эса яширинча бўлади. Ҳаворий Павлус бизни Шайтоннинг айёр ҳийлаларидан бири, яъни «уйдирмалар» ҳақида огоҳлантирган эди (1 Тимўтийга 1:3, 4 ни ўқинг). Ҳаётга етакловчи йўлдан озмаслик учун, уйдирмалар нимадан иборатлигини ва улардан қандай эҳтиёт бўлишимиз мумкинлигини билиб олишимиз даркор.
10 Павлус, жамоатнинг поклигига доғ туширмасликка ва имондошларига содиқ бўлиб қолишга кўмаклашган Тимўтийга йўллаган биринчи мактубининг бошида уйдирмалар борасида огоҳлантирган (1 Тим. 1:18, 19). Павлус бу ерда тўқима, афсона ёки ёлғон деган маъноларга эга бўлган юнонча сўзни қўллаган. Бир энциклопедияда бу сўз «реал воқеалар билан умуман боғлиқ бўлмаган (диний) ҳикояларга» нисбатан ишлатилган («The International Standard Bible Encyclopaedia»). Эҳтимол Павлус, антиқа тўқималар ёки таъсирчан ривоятлардан келиб чиққан диний ёлғонларни назарда тутгандирb. Бундай ҳикоялар «изланишни талаб қиладиган саволларни туғдиради», яъни бемаъни саволларга жавоб излашга олиб келади. Уйдирмалар, ёлғоннинг отаси бўлмиш Шайтоннинг энг севимли ишидир. У ишонувчан одамларни адаштириш учун диний ёлғон ва эътиқодга зид афсоналардан фойдаланади. Павлус, уйдирмаларга эргашманглар, дея аниқ маслаҳат берган.
11. Одамларни йўлдан оздириш учун Шайтон сохта диндан қандай фойдаланяпти ва қайси огоҳлантиришга амал қилиш бундан йироқлашишимизга кўмаклашади?
11 Эҳтиёт бўлмасак, қайси уйдирмалар йўлдан адаштириши мумкин? «Уйдирмалар» иборасини динга оид ҳар қандай ёлғон ёки ҳақиқатдан оғдирадиган афсоналарга қўлласа бўлади (2 Тим. 4:3, 4). «Ўзини нурли фаришта қилиб кўрсатадиган» Шайтон, одамларни йўлдан оздириш мақсадида маккорлик ила сохта диндан фойдаланяпти (2 Кор. 11:14). Христиан дин олами христианлик ниқоби остида, учлик, дўзах ва ўлмас жон каби афсона ҳамда ёлғон таълимотларни тарқатмоқда. Бундан ташқари, афсоналар ва бутпарастликдан келиб чиққан, бир қарашда зиёнсиздек туюладиган Рождество ва Пасхага ўхшаш байрамларни қўллаб-қувватламоқда. Ўзимизни узоқда сақлаб, «нопокка қўл теккизмаслик» ҳақидаги Тангрининг огоҳлантиришига амал қилсак, уйдирмаларга лаққа тушмаймиз (2 Кор. 6:14–17).
12, 13. а) Шайтон қандай ёлғонларни олға сурмоқда ва улар аслида ёлғон эканини нима кўрсатмоқда? б) Шайтоннинг уйдирмаларига қандай қилиб лаққа тушмаслигимиз мумкин?
12 Агар диққатли бўлмасак, Шайтон бошқача ёлғондан фойдаланиб бизни адаштириши мумкин. Мана бир нечта мисол. Тўғрими ё нотўғрими, фарқи йўқ. Энг асосийси ҳис-туйғуларингизга қулоқ солинг. Ушбу фикр оммавий ахборот воситалари ва ўйин-кулгилар орқали олға сурилмоқда. Худонинг меъёрларига бўлган бундай бузуқ нуқтаи назар, ахлоқ чегарасидан чиқишимиз учун бизга босим ўтказади. Аслида эса фақатгина Аллоҳ биз учун ўрната оладиган ахлоқий йўл-йўриқларга ўта муҳтожмиз (Ерм. 10:23). Худо ер юзидаги ишларга аралашмайди. Фақат бугунги кун билан яшаш таъсирига берилиш, «фаолиятсиз ёки самарасиз» бўлиб қолишимизга олиб келади (2 Бутр. 1:8). Аслида, Яҳованинг куни тезлик билан яқинлашяпти ва биз уни кутишимиз зарур (Мат. 24:44). Тангри шахсан ҳар биримизга ғамхўрлик қилмайди. Шайтоннинг бу ёлғонига ишониш, руҳимиз тушишига ва Худонинг севгисига ҳеч қачон лойиқ бўла олмаслик туйғуси пайдо бўлишига олиб келади. Аслида эса, Яҳова хизматчиларининг шахсан ҳар бирини севади ва қадрлайди (Мат. 10:29–31).
13 Шайтон дунёси яхши бўлиб кўриниши мумкин, лекин биз бундай фикрлаш тарзидан эҳтиёт бўлишимиз керак. Унутманг, Шайтон моҳир ёлғончидир. Худонинг Каломидаги маслаҳатлар ва эслатмаларга амал қилибгина, Шайтоннинг «уддабурона ўйлаб чиқарилган ҳикояларига» лаққа тушиб қолмаймиз (2 Бутр. 1:16).
«Шайтоннинг орқасидан» эргашманг
14. Павлус айниқса ёш беваларни нимадан огоҳлантирган ва нега ҳаммамиз унинг сўзларига амал қилишимиз даркор?
14 Йўлда «бу йўл Шайтонга эргаштиради» деган белги бор дейлик. Ушбу белгига амал қилган бўлармидик? Павлус, масиҳийлар «Шайтоннинг орқасидан эргашиб» қолишларининг бир нечта йўли ҳақида бизни огоҳлантирган (1 Тимўтийга 5:11–15 ни ўқинг). Гарчи Павлуснинг сўзлари айниқса «ёш бева хотинларга» қаратилган бўлса-да, ҳаммамиз уларга риоя қилишимиз лозим. Биринчи асрдаги масиҳий аёлларда Шайтонга эргашиш нияти бўлмаган, аммо уларнинг ишлари бунинг аксини кўрсатган. Қандай қилиб билмаган ҳолда Шайтоннинг орқасидан эргашиб қолиш мумкин? Келинг, ғийбат масаласида Павлуснинг огоҳлантиришини кўриб чиқайлик.
15. Шайтоннинг мақсади қанақа ва Павлус унинг усулларини қандай тасвирлаган?
15 Шайтоннинг мақсади имонимизни сусайтириб, бизни хушхабарни ваъз қилишдан тўхтатишга қаратилган (Ваҳ. 12:17). Шу сабабли у, бизни бефойда нарсаларга — вақтимизни ўғирлайдиган машғулотлар ёки орамизда адоват қўзғатадиган ишларга берилишимизга ундамоқда. Павлус Шайтоннинг усулларини тасвирлаганига диққат қаратинг. «Кезиб, бекор юришга ҳам одатланадилар». Масалан, кераксиз ёки ҳатто нотўғри маълумотларни электрон почта, телефон, СМС орқали ҳамда бўлишиш мақсадида биров билан учрашиб етказсак, ўзимизнинг ҳам, бошқаларнинг ҳам вақтини ўғирлаган бўламиз. «Гап сотувчилар». Ғийбатчилар ёки гап сотувчилар, кўпинча жанжал чиқарадиган туҳматга етаклашади (Ҳик. 26:20). Ўзлари билган ёки билмаган ҳолда, туҳматчилар Шайтон Иблисга тақлид қилган бўлишадиc. «Бошқаларнинг ишига аралашадиганлар». Ўзгаларга шахсий ишларини қандай бажаришлари кераклиги ҳақида гапиришга ҳаққимиз йўқ. Шунга ўхшаш барча бефойда ва серташвиш ҳаракатлар бизни Худонинг Шоҳлиги ҳақидаги хабарни ваъз қилиш ишидан чалғитади. Агар Яҳованинг ишида фаол қатнашмай қўйсак, Шайтоннинг орқасидан эргашиб қолишимиз мумкин. Бу ерда учинчи йўл бўлиши мумкин эмас (Мат. 12:30).
16. Қайси маслаҳатга амал қилиш, «Шайтоннинг орқасидан эргашишдан» йироқлашишимизга ёрдам беради?
16 Муқаддас Китобдаги маслаҳатга амал қилиш, «Шайтоннинг орқасидан эргашишдан» йироқлашишимизга ёрдам беради. Павлуснинг доно маслаҳатларининг айримларини кўриб чиқайлик. «Доимо Раббимизнинг иши билан банд бўлинглар» (1 Кор. 15:58). Худонинг хизмати билан банд бўлиш, бефойда ва кўп вақт оладиган ишлардан бизни ҳимоялайди (Мат. 6:33). «Мустаҳкамлайдиган эзгу сўзларни гапиринглар» (Эфес. 4:29). Ғийбатни тингламасликка ва уларни тарқатмасликка қарор қилишимиз зарурd. Имондошларимизга бўлган ишонч ва ҳурматни ривожлантиришимиз лозим. Шунда бошқаларни йиғлатадиган эмас, балки кўнглини кўтарадиган сўзларни гапирамиз. «Шахсий ишларингиз билан шуғулланишни... мақсад қилиб қўйинглар» (1 Салон. 4:11). Бошқаларга самимий қизиқиш кўрсатинг, бироқ буни уларнинг шахсий ҳаётига ҳурмат кўрсатиб, нафсониятига тегмасдан қилинг. Унутмангки, бошқалар ўзи чиқариши керак бўлган қарорларга ўз нуқтаи назаримизни ўтказмаслигимиз муҳим (Галат. 6:5).
17. а) Нега Яҳова эргашишимиз керак бўлмаган нарсалардан огоҳлантиряпти? б) Яҳова етаклаётган йўлдан юришга нисбатан қарорингиз қандай?
17 Яҳова нималар орқасидан эргашмаслик кераклигини яққол кўрсатаётганидан миннатдормиз! Бу ва олдинги мақолаларда муҳокама қилинган Яҳованинг огоҳлантиришлари бизга бўлган юксак севгисидан далолат бераётганини ҳечам эсимиздан чиқармайлик. Шайтоннинг адаштирадиган «йўл белгиларига» эргашиш бахтсизлик ва дард келтиради. Худо эса бизни ҳимоялашни хоҳлайди. Яҳова, бизни тор, бироқ абадий ҳаётга олиб борадиган энг яхши йўлдан етаклашни истайди (Мат. 7:14). Шундай экан, Яҳованинг: «Мана йўл, шу йўлдан юринглар»,— деган кўрсатмасига амал қилиш қароримиздан асло қайтмайлик (Ишаё 30:21).
[Изоҳлар]
a «Муртадлик» ҳақ топинишдан узоқлашиш, ўзини четлатиш, бош тортиш, тарк этиш ва Худога қарши исёнкорлик демакдир.
b Мисол учун, Товитнинг апокрифик китоби тахминан милоддан аввалги учинчи асрда ёзилган бўлиб, Павлуснинг кунигача сақланиб қолган эди. Бу китоб хурофотларга шунингдек сеҳр-жоду ҳақидаги антиқа тўқималарга тўлиб-тошган бўлиб, ҳақиқатдек кўрсатилганди. «Муқаддас Китобни англамоқ» энциклопедиясининг (ингл.) 1- жилд, 122- саҳ. қ.
c Юнонча диа́болос, яъни «иблис» сўзи «туҳматчи» деган маънога эга. Бу сўз бош туҳматчи Шайтонга нисбатан бошқа унвон сифатида қўлланилган (Юҳан. 8:44; Ваҳ. 12:9, 10).
d «Шамол учириб кетган патлар» деган рамкага қ.
Марҳамат, жавоб беринг
Қуйидаги оятларда келтирилган огоҳлантиришларни қандай қилиб шахсан қўллашингиз мумкин?
[19- саҳифадаги рамка ва расмлар]
Шамол учириб кетган патлар
Қадимги яҳудийларнинг бир ҳикоясида ғийбат тарқатиш қандай оқибатларга олиб келиши тасвирланган. Унинг турли талқинлари бор, лекин ҳикоянинг мазмуни қуйидагича.
Бир одам туҳматчилар шаҳридан донолар шаҳрига борибди. Сўнг, бу ғийбатчи киши нотўғри йўл тутаётганини тушуниб, кечирим сўраш учун доно кишиникига борибди ва ундан бу қилмишини қандай қоплаши мумкинлигини сўрабди. Доно киши, ғийбатчи пар ёстиқни сўтиб, патларини учириб юборишни талаб қилибди. Бу талабдан боши қотган ғийбатчи, доно кишининг айтганини бажариб, қайтиб келибди.
У: «Энди мен кечирилдимми?» — деб сўрабди.
Доно киши жавобан: «Аввал бориб, барча патларни йиғиб кел»,— дебди.
«Бироқ, бунинг иложи йўқ-ку! Ахир шамол уларни учириб юборган».
«Учиб кетган патларни қайтариш қийин бўлганидек, айтган сўзларингиз келтирган зарарни тузатиш ҳам қийин»,— дебди доно киши.
Бу аниқ сабоқдир. Айтилган гап, отилган ўқдир ва у келтирган зарарни қайтариб бўлмайди. Бирор ғийбатни тарқатишдан аввал, шамолга учирилган патлар тўғрисидаги ҳикояни эслаш оқилонадир.
[16- саҳифадаги расм]
Қандай қилиб баъзилар муртадларни ўз уйига таклиф қилиши мумкин?