Иккинчи боб
Танҳо Ҳақ Яҳовани улуғланг
1. Танҳо Ҳақ Худо ким?
МУҚАДДАС КИТОБДА, инсонлар кўп худоларга сиғинса-да, «биз учун биргина Отамиз Худо бор»,— дейилади (1-Коринфликларга 8:5, 6). Бу «биргина Худо» — барча нарсанинг Яратувчиси Яҳовадир (Амрлар 6:4; Ваҳий 4:11). Исо У ҳақда «Ўз Худойим ва сизларнинг Худойингиз», деб айтган (Юҳанно 20:17). Бу тасдиқ, илгари Мусо айтган сўзларга мос келади: «Яҳова — Худодир, Ундан бошқаси йўқ» (Амрлар 4:35, ЯДТ). Худолаштирилган инсонлар ҳам, сажда қилинадиган ҳар қандай бутлар ҳам Яҳовага тенг кела олмайди ва У ўз душмани бўлган, «бу дунёнинг тангриси» Шайтон Иблисдан устун туради (2-Коринфликларга 4:3, 4). Инсонлар кимга ёки нимага сиғинишидан қатъиназар, Исо айтганидек, «танҳо Ҳақ Худо» Яҳовадир (Юҳанно 17:3).
2. Худо ҳақида олаётган билимимиз, ҳаётимизда қандай акс этиши керак?
2 Яхшиликни қадрловчи инсонлар, Худонинг ёқимли хислатлари тўғрисида ҳамда инсоният учун қилган ва келажакда қиладиган ишлари ҳақида билишганида, Худога яқинлашишга интилишади. Худога бўлган севгилари ортган сари, Уни улуғлаш истаги пайдо бўлади. Аммо қандай улуғлаш мумкин? Имконларидан бири — Яҳова ҳақида бошқаларга айтишдир. Римликларга 10:10 да: «Қутулиш учун оғиз билан иқрор бўлмоқ лозимдир»,— дейилган. Яна бир имкони, сўзда ҳам, амалда ҳам Худога тақлид қилишдир. Эфесликларга 5:1 да: «Севикли болалар каби Худога эргашинглар»,— деб айтилган. Буни бажара олишимиз учун, Яҳова билан яқинроқ танишмоғимиз лозим.
3. Худонинг асосий хислатлари қандай?
3 Муқаддас Китобда Худонинг машҳур хислатлари тўғрисида жуда кўп айтилган. Тўртта асосий хислати — донолик, адолат, қудрат ва севгидир. Шундай экан, Худойимиз доно (Аюб 12:13). Унинг йўллари адолатлидир (Амрлар 32:4). Унинг қудрати буюкдир (Ишаё 40:26). «Худонинг Ўзи севгидир» (1-Юҳанно 4:8). Аммо шу тўртта асосий хислатларидан қайси бири энг мисли кўрилмаган бўлиб, Худони яхшироқ тасвирлайди?
«Худонинг Ўзи севгидир»
4. Оламни ҳамда бутун жонзотни яратишда Худога қайси хислати туртки бўлди?
4 Қандай деб ўйлайсиз, оламни ҳамда идрокли мавжудотларни, яъни фаришталар ва инсонларни яратишда Яҳовага нима туртки бўлган? Донолигими ёки қудратими? Гарчи Худо бу хислатларни қўллаган бўлса-да, улар туртки бўлмаган. Унинг адолати ҳам туртки бўлмаган, чунки ҳаёт ҳадяси билан бўлишиш адолатнинг талаби эмас эди. Худо буюк севгиси туфайли, улар ҳам ҳаётдан шодлансинлар деб, идрокли мавжудотларни яратди. Итоаткор инсонлар жаннатда яшашларидан иборат бўлган Худонинг нияти ҳам севгига асосланган эди (Ибтидо 1:28; 2:15). У севгиси туфайли, Одам Ато гуноҳининг оқибатларидан инсониятни озод қилиш учун ҳамма чорасини кўрди.
5. Муқаддас Китобга биноан Яҳова қандай хислатнинг тимсолидир ва нима учун?
5 Хуллас, севги — Худонинг энг мисли кўрилмаган хислатидир. Бу Унинг моҳиятидир. Унинг донолиги, адолати ва қудрати ҳам нақадар муҳим бўлса-да, Муқаддас Китобда Яҳова уларнинг ҳеч бирига қиёсланмайди. Бироқ, у ерда Худонинг Ўзи севгидир, дейилади. Ҳа, Яҳова севгининг тимсолидир. Бу севги ҳис-туйғуларга эмас, балки меъёрларга асосланган. Худонинг севгиси одил ва ҳақ меъёрларга мувофиқ тарзда намоён бўлади. Бу севгининг энг олий тури бўлиб, Яҳованинг Ўзи унинг буюк намунасидир. Бу севги батамом худбинликдан холи ва доим ишларда яққол кўриниб туради.
6. Худо биздан қанчалик устун бўлса-да, нима туфайли Унга тақлид қилишимиз мумкин?
6 Севги — бу ажойиб хислат бўлиб, у туфайли биз Худога тақлид қила оламиз. Биз хато қилишга мойил бўлган, кўримсиз, номукаммал инсонлар, бунга бизнинг қурбимиз етмайди, деб ўйлаётгандирмиз. Бироқ бунда ҳам Яҳованинг буюк севгисини кўришимиз мумкин: У бизнинг имкониятларимиз чекланганлигини тушуниб, биздан мукаммалликни талаб қилмайди. Биз мукаммалликдан йироқ эканлигимизни Худо билади (Забур 50:7). Шу сабабли Забур 129:3, 4 да бундай дейилган: «Ёҳу Раббано! Сен гуноҳларни ҳисобга олсанг, ким ҳам тура олар экан? Бироқ, Сен кечиримлисан; шу сабаб эл Сендан қўрқсин». Ҳа, «Яҳова раҳмдил ва меҳрибон, ғазабда сабрли ва иноятга... тўладир» (Чиқиш 34:6, ЯДТ). «Сен мурувватли ва кечиримлисан, эй Худованд» (Забур 85:5). Нақадар тасаллига бой сўзлар! Бундай тенги йўқ Худога хизмат қилиш ҳамда Унинг раҳмдил ва севгига тўла ғамхўрлигини ҳис этиш, қанчалик мамнуният бахш этади!
7. Худонинг севгиси Унинг ижодларида қандай кўринмоқда?
7 Яҳованинг севгиси Унинг ижодларида ҳам кўриниб турибди. Ҳаётдан роҳатланишсин деб, Яҳова биз учун берган хушманзара тоғлар, ўрмонлар, кўллар ва денгизлар каби барча яхши нарсалар ҳақида ўйлаб кўринг. Шунингдек Худо, бизларга фақат тўйимли бўлибгина қолмай, балки мазали турли-туман таомлар берган. Бундан ташқари Яҳова ранг-баранг, муаттар гулларни ва ажойиб ҳайвонларни яратди. У барчасини инсонларга қувонч келтириши учун яратди, гарчи бундай қилишга Уни ҳеч нарса мажбур этмаган эди. Албатта, ҳозирги нопок дунёда яшаб, бунинг устига номукаммал бўла туриб, Худо яратган барча нарсалардан тўлиқ роҳатлана олмаймиз (Римликларга 8:22). Аммо Яҳова биз учун жаннатда нималар қилишини тасаввур қилиб кўринг-а! Забурда Худо ҳақида: «Сен қўлингни очасан-у, ҳар бир жонзотни марҳаматингга тўйдирасан»,— дейилган (Забур 144:16).
8. Худонинг бизга кўрсатган энг буюк севгиси нимадан иборат?
8 Яҳованинг инсониятга кўрсатган энг буюк севгиси нимадан иборат? Муқаддас Китоб бундай ифодалайди: «Худо оламни шунчалик севдики, Ўзининг ягона Ўғлини берди, токи Унга ишонган ҳар бир киши ҳалок бўлмасин, балки абадий ҳаётга эга бўлсин» (Юҳанно 3:16). Инсонлар шу қадар яхши бўлганлиги учун Яҳова бундай қилдими? Римликларга 5:8да қуйидагича жавоб берилади: «Биз ҳали гуноҳга ботган чоғимизда, Масиҳ биз учун ўлди. Бу Худонинг бизга бўлган муҳаббатидан далолатдир». Ҳа, бизни гуноҳ ва ўлимдан қутқариш учун, ўз жонини қурбон қилсин дея, Худо Ўз мукаммал Ўғлини ер юзига юборди (Матто 20:28). Бу туфайли Худони севувчи инсонлар учун абадий ҳаётга йўл очилди. Худо севгисини, Унинг иродасини бажо келтиришни хоҳловчиларнинг барчасига кўрсатишидан бахтиёрмиз. Бу ҳақда Муқаддас Китобда: «Худо юз-хотир қилмайди, балки Ундан қўрққан ва тўғрилик ила иш тутган ҳаммани миллатига қарамай қабул қилади»,— дейилган (Ҳаворийлар 10:34, 35).
9. Худо Ўз Ўғлини биз учун қурбон қилганлиги, бизга қандай таъсир кўрсатиши керак?
9 Хўш, Яҳованинг биз учун Ўз Ўғлини қурбон қилиб, абадий ҳаётга йўл очганлиги, бизнинг турмуш тарзимизга таъсир кўрсатиши керакми? Бу, ҳақиқий Худойимиз Яҳовага бўлган севгимиз янада ортишига кўмаклашади. Шу ўринда Худонинг вакили бўлган Исо Масиҳга қулоқ солиш истагимиз ҳам бўлмоғи лозим. «Масиҳ ана шу мақсадда ҳамма учун ўлди, токи яшаётганлар энди ўзлари учун эмас, балки ўзлари учун ўлган... Масиҳ учун яшасинлар» (2-Коринфликларга 5:15). Исонинг изидан бориш мамнуният бахш этади, ахир айнан у Яҳованинг севгиси ва ҳамдардлигини тўла намоён этди! Бу, Исонинг камтарин инсонларга қарата айтган сўзларидан яққол кўринади: «Эй оғир юк остида қийналиб, ҳориб-толган ҳаммаларингиз! Менинг ҳузуримга келинг, Мен сизга ором бераман. Менинг бўйинтуруғимга ўзингизни қўшинг ва Мендан ўрганинглар. Чунки Мен беозор ва соддадилман. Шундай қилиб, жонларингиз таскин топар. Чунки Мен солган бўйинтуруқ юмшоқ, Мен берган юк енгилдир» (Матто 11:28-30).
Ўзгаларни севиш
10. Имондошларимизни севишимизни қандай кўрсата оламиз?
10 Яҳова ҳамда Исо бизни севганидай, биз ҳам имондошларимизни шундай севишимизни қандай кўрсата оламиз? Бундай қилишнинг кўплаб имконлари бор: «Севги сабрли ва кўнгилчандир. Севги ҳасад қилмас, кеккаймас, шишинмас. Севги бебошлик қилмас, худбинлик қилмас, аччиқланмас, кек сақламас. Севги ноҳақликка севинмас, аксинча, ҳақиқат ила шод бўлур. Севги ҳар нарсани кўтарар, ҳар йўлда ишонч ҳосил қилар, ҳар шароитда умид сақлар, ҳар нарсага тоқат қилар. Севги асло адо бўлмас» (1-Коринфликларга 13:4-8; 1-Юҳанно 3:14-18; 4:7-12).
11. Яна кимга ўз севгимизни кўрсатишимиз керак ва қандай қилиб?
11 Яна кимга ўз севгимизни кўрсатишимиз керак ва қандай қилиб? Исо: «Бориб, барча халқлардан шогирд орттиринглар. Уларни Ота, Ўғил ва Муқаддас Руҳ номи билан сувга чўмдириб, имонга киритинглар. Мен сизларга буюрган ҳамма нарсага амал қилишни уларга ўргатинглар»,— деб айтган (Матто 28:19, 20). Бу, яқинлашиб келаётган Худонинг янги дунёси, яъни жаннат ҳақидаги хушхабарни, ҳали имондошларимиз бўлмаган инсонларга айтишимиз кераклигини билдиради. Фақат имондошларимизни севиш билан чегараланмаслигимиз кераклигини Исо яққол кўрсатди: «Агар сизни севадиганларнигина севсангиз, бундан сизга раҳмат бўлурми? Солиқчилар ҳам худди шундай қилишмайдими? Агар сиз фақат биродарларингиз билангина саломлашсангиз, қандай фазилатли иш қилган бўласизлар? Бутпарастлар ҳам худди шундай қилишмайдими?» (Матто 5:46, 47; 24:14; Галатияликларга 6:10).
«Яҳова номи билан юрамиз»
12. Яҳова исми билан номланишга нима учун фақат Худо лойиқ?
12 Ҳақ Худони улуғлашнинг яна бир муҳим босқичи, ўз турида ягона Яҳова исмини билиш, бу исмни қўллаш ҳамда у ҳақида бошқаларга айтишдир. Забур ёзувчиларидан бири ўз самимий истагини бундай ифодалади: «Билсинларки, Сенинг исминг — Яҳова, бутун дунёда энг олий ёлғиз Сенсан» (Забур 82:19; ЯДТ). Яҳова исми «У бўлдиради» деган маънога эга. Яҳова буюк ниятлар Худоси бўлиб, доим ниятларини амалга оширади. Фақат Ҳақ Худо бундай исм билан номланишга лойиқ, чунки инсонлар ўз мақсадларига эриша олишларига ҳеч қачон амин бўла олмайдилар (Ёқуб 4:13, 14). Ёлғиз Яҳова Ўз каломи ҳақида «муродимга мувофиқ ишни бажаради», деб айта олади (Ишаё 55:11, ЯДТ). Кўп инсонлар Муқаддас Китобда биринчи бор Худонинг исмини кўриб, унинг маъносини билишганида, бу уларни ҳаяжонга келтиради (Чиқиш 6:3). Аммо улар ‘то абад Раббимиз Яҳова номи билан юришгандагина’ бу билимлар уларга фойда келтиради (Михо 4:5, ЯДТ).
13. Яҳова номини билиш ва шу ном билан юриш нимани англатади?
13 Худонинг исми ҳақида Забур 9:11 да шундай дейилган: «Номингни билганлар Сенга умид боғлар». Бу сўзлардан кўриниб турибдики, Худонинг исмини билишнинг ўзи етарли эмас, чунки билиш унга умид боғлашни англатмайди. Худонинг исмини билиш, Яҳова қандай Худо эканлигини аниқ тушуниш, Унинг ҳокимиятини ҳурмат қилиш ва доим Унга таянишни англатади (Ҳикматлар 3:5, 6). Шу сингари, Яҳова номи билан юриш, Худога топинувчиларнинг бири сифатида Унга бағишланиш ва Унинг иродасига мувофиқ яшашни билдиради (Луқо 10:27). Сиз ҳам шундай қиляпсизми?
14. Агар Яҳовага абадий хизмат қилмоқчи бўлсак, бурч ҳиссидан ташқари яна нима талаб қилинади?
14 Агар Яҳовага абадий хизмат қилмоқчи бўлсак, бурч юзасидангина бунга киришишимиз етарли эмас. Яҳовага анча вақт хизматда бўлган Тимўтийга Павлус: «Художўйлик йўлида машқ қил»,— деб рағбатлантирганди (1-Тимўтийга 4:7). Бирор кимсага миннатдорчилигимиз тўлиб тошиши натижасида, юрагимизда садоқат пайдо бўлади. «Художўйлик» — Яҳовага чуқур ҳурмат кўрсатишни англатади. Бу, Яҳова ҳамда Унинг йўлларига нисбатан чексиз ҳурмат ҳиссидан келиб чиқиб, Худога меҳр қўйганликда кўринади. Бу бизда, барча инсонлар Худонинг исмини шарафласинлар, деган истакни уйғотади. Агар биз танҳо Ҳақ Яҳова Худонинг номи билан юришни хоҳласак, Унга содиқликни ривожлантиришимиз керак (Забур 36:4; 2-Бутрус 3:11).
15. Яҳовага ниҳоятда содиқ бўлиш нимани англатади?
15 Яҳова хизматимизни қабул қилиши учун, ёлғиз Унга топинмоғимиз лозим, чунки У «ниҳоятда содиқликни талаб қилувчи Худо» (Чиқиш 20:5, ЯДТ). Худони севиш билан бир вақтда, Шайтоннинг ҳукми остида бўлган бу бетавфиқ дунёни севишнинг иложи йўқ (Ёқуб 4:4; 1-Юҳанно 2:15-17). Ҳар биримиз қандай бўлишга ҳаракат қилаётганимизни Яҳова жуда яхши билади (Еремиё 17:10). Агар чиндан ҳам одилликни севсак, Яҳова буни кўриб, кундалик синовларни енга олишимизда ёрдам беради. У бизни қудратли муқаддас руҳи билан қўллаб-қувватлайди ва шунда биз бу дунёда кенг тарқалган ёвузлик устидан ғалаба қозонамиз (2-Коринфликларга 4:7). Худо шунингдек, ердаги жаннатда абадий яшашдан иборат бўлган умидимизни сақлаш ва мустаҳкамлашга ёрдамлашади. Бу нақадар шарафли истиқбол! Бундай умид учун Яҳова Худога чуқур миннатдор бўлмоғимиз ва унга чин дилдан хизмат қилмоғимиз лозим.
16. Миллионлаб инсонлар каби, қандай даъватга қўшилишингиз керак?
16 Миллионлаб инсонлар Забурдаги: «Мен билан бирга Худовандни [«Яҳовани», ЯДТ] улуғланг, келинг, бирга Унинг исмини шарафлайлик!» — дейилган даъватга қувонч билан қўшилмоқдалар (Забур 33:4). Бу даъватга қўшилганларнинг сони барча халқлар орасида кўпайиб бормоқда ва Яҳова сиз ҳам улар орасида бўлишингизни хоҳлайди.
Такрорлаш учун саволлар
• Яҳова қандай шахс? Худонинг хислатлари ҳақида яққол тушунчага эга бўлиш, бизга қандай фойда келтиради?
• Ўзгаларни севишимизни қандай кўрсатишимиз мумкин?
• Яҳова номини билиш ва шу ном билан юриш нимани англатади?
[14- саҳифадаги расмлар]
Яҳова, буюк севгиси туфайли «қўлини очиб, ҳар бир жонзотни марҳаматига тўйдиради».