Нахимиё
9 Еттинчи ойнинг 24- кунида исроилликлар бирга йиғилиб, жулга ўранишди ва устларига тупроқ сочиб, рўза тута бошлашди+. 2 Исроилнинг ушбу авлоди ўзга халқ вакилларидан ажралиб+, ўз гуноҳлари ва ота-боболарининг хатоларига иқрор бўлишди+. 3 Улар жойларида туриб, Худоси Яҳова берган Тавротни тахминан уч соат* қироат қилишди+. Кейин яна қарийб уч соат гуноҳларига иқрор бўлиб, Худоси Яҳовага таъзим қилишди.
4 Ешува, Баних, Кадмил, Шабаниё, Бўнах, Шаравиё+, Баних ва Ханонах левилар учун ўрнатилган супага чиқиб+, баланд овозда Худоси Яҳовага илтижо қилишди. 5 Левилардан бўлган Ешува, Кадмил, Баних, Хашавниё, Шаравиё, Хўдиё, Шабаниё ва Патихиё шундай дейишди: «Туринг! Худойингиз Яҳовани абадулабад олқишланг+. Эй Тангри, барака ва мақтовларнинг ҳаммасидан устун турган Сенинг улуғвор исминг шарафлансин!
6 Эй Яҳова, танҳо Худо Сенсан+. Сен осмонни, ҳа, бепоён самони ҳамда унинг қўшинини*, ерни ва ундаги борлиқни, денгизларни ва улардаги барча нарсани яратдинг. Уларнинг бари Сен туфайли мавжуддир. Самовий қўшин Сенга таъзим қилади. 7 Яҳова, Сен ҳақ Тангрисан. Сен Ибромни+ танлаб, халдейлар шаҳри Урдан+ олиб чиқдинг ва унга Иброҳим деб ном бердинг+. 8 Сен уни ишончли* деб топдинг+. Ўзинг Иброҳимга ва унинг зурриётига* канъонликлар, хетийлар, аморийлар, паризийлар, ёбусийлар ва гиргошийлар юртини бериш борасида у билан аҳд қилдинг+. Адолатли бўлганинг учун Ўз ваъдаларингни рўёбга чиқардинг.
9 Чунки Сен ота-боболаримиз Мисрда қайғу-алам чекканини кўрдинг+, Қизил денгиз олдида уларнинг фарёдларини эшитдинг. 10 Фиръавн билан унинг барча хизматкорлари, қолаверса, унинг юртидаги ҳамма одамлари ота-боболаримизга зулм ўтказгани учун+, уларга қарши аломату мўъжизалар яратдинг+. Ўша кундан то бугунгача Ўз исмингни машҳур қилдинг+. 11 Уларнинг олдида денгизни иккига бўлдинг ва улар қуруқликдан ўтиб кетишди+. Орқасидан қувганларни эса, тош каби жўшқин сувларга ғарқ қилдинг+. 12 Кундузи уларни булут устуни орқали етакладинг, кечаси бўлса олов устуни орқали йўлини ёритдинг+. 13 Сен Синай тоғига тушдинг+, улар билан осмондан туриб гаплашдинг+. Уларга адолатли ҳукмлар, ҳақиқат қонунларини*, яхши қоида ва амрларни бердинг+. 14 Уларга муқаддас Шаббатни+ ва хизматкоринг Мусо орқали амр, меъёр ва қонунларни тақдим этдинг. 15 Улар оч бўлганида осмондан нон+, чанқаганида эса қоядан сув чиқариб бердинг+. Шунингдек, бераман деб қасам ичган* юртга боринглар ва унга эгалик қилинглар, деб айтдинг.
16 Аммо ота-боболаримиз ўзбилармон+, ўжар*+ ва Сен берган амрларга итоат қилмайдиган бўлиб қолишди. 17 Сенга қулоқ солишни ва улар учун қилган ажойиб ишларингни ёдда тутишни хоҳлашмади+. Аксинча, ўжар бўлиб, Мисрдаги қулликка қайтиш учун ўзларига бошқарувчи тайинлашди+. Бироқ Сен кечиришга тайёр, раҳмдил*, шафқатли, сабр-тоқатли* ва меҳр-садоқатга* бой+ Худо бўлганинг учун уларни ташлаб кетмадинг+. 18 Улар ҳатто ўзлари учун қуйма бутни*, бузоқни ясаб: “Бизни Мисрдан олиб чиққан Худойимиз мана шу”+,— деб Сенга нисбатан ўта ҳурматсизлик кўрсатишганда ҳам, 19 Сен уларни саҳрода ташлаб кетмай, чексиз раҳм-шафқатингни намоён этдинг+. Булут устуни кундузи йўл кўрсатса, кечаси олов устуни йўлини ёритиб турарди+. 20 Улар фаҳм-фаросатли бўлишлари учун Ўз руҳингни* ато этдинг+. Улардан маннани* тортиб олмадинг+ ва чанқаганларида сув бердинг+. 21 Саҳрода уларни 40 йил озуқа билан таъминладинг+. Улар ҳеч нарсада муҳтожлик кўришмади, кийимлари йиртилмади+, оёқлари эса шишмади.
22 Сен шоҳликлару халқларни уларнинг қўлига топшириб, ҳудудларини тақсимлаб бердинг+. Улар Хашбон+ шоҳи Сихўн ва Башан шоҳи Ўгнинг+ ерларига эгалик қила бошлашди+. 23 Фарзандларини осмондаги юлдузлардай кўпайтирдинг+. Ерга эгалик қиласизлар деб ота-боболарига ваъда қилган юртга уларни олиб кирдинг+. 24 Уларнинг фарзандлари бориб, ерни эгаллаб олишди+. Ўша ердаги канъонликларни уларга тобе қилдинг+. Улар билан истаганларини қилишсин дея, шоҳларинию халқларини уларнинг қўлига топширдинг. 25 Улар мустаҳкам шаҳарлару+ ҳосилдор ерларга+, турли яхши нарсаларга тўла уйлару қазилган сардобаларга, узумзор, зайтунзор+ ва мўл-кўл мевали дарахтларга эга бўлишди. Улар тўйиб-тўйиб ейишди ва семиришди. Ҳа, улар буюк ҳимматингдан завқланиб яшашди.
26 Аммо улар итоатсиз бўлиб, Сенга қарши исён кўтаришди+ ва Сен берган Тавротдан юз ўгиришди. Сенга қайтиш учун халқни огоҳлантирган пайғамбарларингни ўлдиришди ва Сенга нисбатан ўта ҳурматсизлик кўрсатишди+. 27 Шу боис, Сен уларни азоб келтирадиган+ душманларининг қўлига топширдинг+. Бироқ қайғули кунларида улар Сенга илтижо қилишди ва Сен осмондан туриб уларни эшитдинг. Раҳм-шафқатинг чексиз бўлгани учун, душманлари қўлидан қутқарадиган нажоткорларни юбординг+.
28 Лекин улар тинч ҳаёт кечира бошлаши биланоқ, яна Сенинг назарингда ёмон бўлган ишларни қилишди+ ва Сен уларни устларидан ҳукмронлик қиладиган* душманларининг қўлига топширдинг+. Шунда улар Сенга қайтиб ёрдам сўрашди+ ва Сен осмондан туриб уларни эшитдинг. Раҳм-шафқатинг чексиз бўлгани учун уларни қайта-қайта қутқардинг+. 29 Гарчи Сен берган Тавротга қайтишлари учун уларни огоҳлантирган бўлсанг-да, улар ўзбилармонлик қилиб, амрларингга қулоқ солишмади+. Улар меъёрларингни — риоя этувчиларга ҳаёт берадиган меъёрларингни бузиб, улар гуноҳ қилишди+. Қайсарлик билан Сендан юз ўгириб, ўжар бўлишди ва Сенга қулоқ солишмади. 30 Сен уларга кўп йиллар мобайнида сабр қилиб келдинг+ ва пайғамбарларга руҳингни бериб, улар орқали халқни огоҳлантирдинг, улар бўлса қулоқ солишмади. Охир-оқибат, уларни ўзга юртдаги халқларнинг қўлига топширдинг+. 31 Аммо раҳм-шафқатинг чексиз бўлгани учун, уларни қириб ташламадинг+ ва тарк этмадинг. Зеро, Сен раҳмдил ва шафқатли Аллоҳсан+.
32 Энди эса, эй Тангримиз, буюк, қудратли, ҳайбатли, аҳдига содиқ ва меҳр-садоқатни намоён этадиган Аллоҳимиз+, бизнинг, шоҳларимизу бекларимизнинг+, руҳонийлару+ пайғамбарларимизнинг+, ота-боболаримизнинг ва Оссурия шоҳларининг давридан+ то бугунгача халқинг бошига тушган мусибатлар Сенга оз бўлиб туюлмасин. 33 Тўғри, бошимизга тушган мусибатлар адолатдандир. Сабаби, Сен садоқат ила йўл тутдинг, биз эса ёвузликлар қилдик+. 34 Шоҳларимиз, бекларимиз, руҳонийларимиз ва ота-боболаримиз Сен берган Тавротга риоя этишмади, огоҳлантириш учун берилган амрларингга ва эслатмаларингга парво қилишмади. 35 Улар ўз шоҳларининг даврида ҳамма яхшиликларингни кўриб, Сен берган кенг ва ҳосилдор ерда яшаб туриб ҳам, Сенга хизмат қилишмади+ ва ёвуз ишларидан қайтишмади. 36 Шу боис, биз бугун қулмиз+. Ҳа, меваларидан ейишсин, яхшиликларидан баҳраманд бўлишсин деб ота-боболаримизга берилган юртда қул бўлиб юрибмиз. 37 Гуноҳларимиз сабаб, бу ернинг барча ҳосили Сен устимиздан қўйган ўзга шоҳларга етказиляпти+. Улар бизга ва чорвамизга хоҳлагандай эгалик қилиб, бизни эзишяпти.
38 Шунинг учун ёзма равишда аҳд тузиб+, бекларимиз, левиларимиз ва руҳонийларимиз муҳри билан уни тасдиқлаяпмиз»+.