Чиқиш
35 Кейин Мусо Исроил ўғилларининг бутун жамоасини йиғиб, уларга деди: «Яҳова қуйидаги нарсаларни бажаришни буюрди+: 2 “Олти кун ишласа бўлади, аммо еттинчи кун сизлар учун муқаддас бўлади. У — Яҳовага аталган, тўлиқ дам олинадиган Шаббат куни+. Кимки бу куни ишласа, ўлимга маҳкум этилади+. 3 Шаббат куни ҳеч бир турар жойингизда олов ёқманглар”».
4 Мусо Исроил ўғилларининг бутун жамоасига яна шундай деди: «Яҳова мана буларни амр этди: 5 “Бор нарсангиздан Яҳовага хайр-эҳсон олиб келинглар+. Чин қалбдан истаган ҳар ким+, Яҳовага хайр-эҳсон келтирсин. Булар: олтин, кумуш, мис, 6 мовий ип, тўқ қизилга бўялган жун, қирмизи ип, аъло сифатли зиғир газлама, эчки жуни+, 7 қизил рангга бўялган қўчқор териси, тюлень териси, акация дарахти ёғочи, 8 чироқ мойи, муқаддас мой билан хушбўй тутатқи учун бальзам+, 9 оникс тошлари ҳамда эфод ва кўкракпечга+ ўрнатиладиган бошқа тошлар+.
10 Орангиздаги маҳоратли кишилар+ келиб, Яҳова буюрган ҳамма нарсани бажаришсин. 11 Чунончи, улар муқаддас чодирни, унинг барча қисмлари ва қопламасини, илгаклари ва ромларини, ходалари, устунлари ва ўйиғи бор тагликларини, 12 сандиқни+, унинг ходалари+ ва қопқоғини+ ҳамда ажратиб турадиган пардани+, 13 стол+ ва унинг ходаларини ҳамда анжомлари ва тортиқ этилган нонларни+, 14 ёруғлик таратиб турувчи чироқпоя+ ва унинг жиҳозларини ҳамда мойчироқлар ва улар учун мойни+, 15 тутатқи тутатиладиган қурбонгоҳ+ ва унинг ходаларини, мойлаш учун мўлжалланган мой билан хушбўй тутатқини+, муқаддас чодир кираверишидаги пардани, 16 куйдириладиган қурбонлик учун қурбонгоҳ+ ва унинг мис панжарасини, унинг ходаларию барча анжомларини, тос ва унинг таглигини+, 17 ҳовли учун парда+ ва унинг устунларию ўйиғи бор тагликларини ҳамда ҳовлига кираверишдаги пардани, 18 муқаддас чодирнинг қозиқлари ва ҳовлининг қозиқлари билан арқонларини+, 19 муқаддас масканда хизмат қилганда кийиладиган нафис қилиб тўқилган кийимларни+, руҳоний бўлмиш Ҳорун учун муқаддас кийимларни+, руҳонийлик хизмати учун унинг ўғилларига аталган кийимларни тайёрласинлар”».
20 Шундай қилиб, Исроил ўғилларининг бутун жамоаси Мусонинг олдидан кетди. 21 Сўнг қалби ундаганлар+ ҳамда хоҳиш билдирганларнинг бари келиб, учрашув чодирининг ясалиши, ундаги хизмат ва муқаддас кийимлар учун ишлатилсин дея, Яҳовага хайр-эҳсон қилишди. 22 Қалби ундаганларнинг ҳаммаси, эркагу аёллар турли хил олтин буюмлар — тўғноғичлар, сирғалар, узуклар ва бошқа тақинчоқлар олиб келишарди. Уларнинг ҳаммаси олтинни Яҳовага назрлар* сифатида тақдим этишарди+. 23 Кимда мовий ипи, тўқ қизилга бўялган жуни, қирмизи ипи, аъло сифатли зиғир газламаси, эчки жуни, қизил рангга бўялган қўчқор териси ва тюлень териси бор бўлса, олиб келарди. 24 Кумуш ва мис эҳсон қилаётганлар, уларни Яҳовага хайр-эҳсон сифатида тақдим этишарди. Шунингдек, кимда акация дарахти ёғочи бор бўлса, уни чодирдаги хизматда ишлатиш учун олиб келарди.
25 Маҳоратли аёллар+ ўз қўллари билан йигирган нарсаларни — мовий ип, тўқ қизилга бўялган жун, аъло сифатли зиғир ва қирмизи ип олиб келишарди. 26 Қалби ундаган барча маҳоратли аёллар эчки жунидан ип йигиришарди.
27 Йўлбошчилар бўлса оникс тошлари ҳамда эфод ва кўкракпечга+ ўрнатиладиган бошқа тошларни, 28 бальзамни ва чироқ мойи, муқаддас мой+ ҳамда хушбўй тутатқи тайёрлаш учун мой олиб келишарди+. 29 Яҳова Мусо орқали буюрган ишлар бажарилиши учун, қалби ундаган барча эркагу аёллар тортиқ келтиришди. Исроил халқи буларни Яҳовага атаб ихтиёрий назрлар сифатида олиб келди+.
30 Кейин Мусо Исроил халқига деди: «Яҳова, Яҳудо қабиласидан бўлган Хурнинг невараси, Ури ўғли Базалилни танлади+. 31 Худо уни Ўз руҳи билан тўлдириб, унга донолик, ақл-идрок ва билим ато этди ва ҳар қандай ишга қобилиятли қилди. 32 Бу туфайли у бадиий лойиҳаларни яратадиган, олтин, кумуш ва мис билан ишлайдиган, 33 тошларни йўниб, уяларга ўрнатадиган ҳамда ёғочдан турли хил нарсалар ясайдиган бўлди. 34 Бундан ташқари, Худо унга ва Дан қабиласидан бўлган Охисамах ўғли Охолиёвга+ бошқаларга таълим бериш қобилиятини ато этди. 35 Устанинг, каштачининг, мовий ипдан, тўқ қизилга бўялган жундан, аъло сифатли зиғир ва қирмизи ипдан кашта тикувчининг ҳамда тўқувчининг ишларини бажаришлари учун, Тангри уларга маҳорат ато этди+. Улар ҳар қандай ишни бажариб, турли хил лойиҳаларни тайёрлашарди.