Қўриқчи минорасининг ОНЛАЙН КУТУБХОНАСИ
Қўриқчи минорасининг
ОНЛАЙН КУТУБХОНАСИ
ўзбекча
  • МУҚАДДАС КИТОБ
  • АДАБИЁТЛАР
  • УЧРАШУВЛАР
  • w23 май 8–13-саҳ.
  • Яҳова ибодатларимизга қандай жавоб беради?

Танланган маълумот учун видео мавжуд эмас.

Кечирасиз, видеони ижро этишда хатолик юз берди.

  • Яҳова ибодатларимизга қандай жавоб беради?
  • Қўриқчи минораси Худованд Яҳованинг Шоҳлигини хабарлайди (Тадқиқ сони) – 2023
  • Сарлавҳалар
  • Ўхшаш маълумот
  • ЯҲОВА БИЗ КУТГАН ЙЎЛ ОРҚАЛИ ЖАВОБ БЕРМАСЛИГИ МУМКИН
  • ЯҲОВА ИБОДАТЛАРИМИЗГА ҚАЙСИ ЙЎЛЛАР ОРҚАЛИ ЖАВОБ БЕРАДИ?
  • ЯҲОВАНИНГ ЖАВОБИНИ ИЗЛАШ ВА ҚАБУЛ ҚИЛИШ УЧУН ИМОН КЕРАК
  • Ибодат орқали Худога яқинлашинг
    Муқаддас Китоб таълимотлари
  • Кириш сўзлари
    Қўриқчи минораси Худованд Яҳованинг Шоҳлигини хабарлайди (Тарқатиш сони) – 2021
  • Яҳова ибодатларимга жавоб берадими?
    Қўриқчи минораси Худованд Яҳованинг Шоҳлигини хабарлайди (Тадқиқ сони) – 2023
  • Ибодат қилиш шарафи
    Муқаддас Китоб ҳақиқатлари
Кўпроқ маълумот топинг
Қўриқчи минораси Худованд Яҳованинг Шоҳлигини хабарлайди (Тадқиқ сони) – 2023
w23 май 8–13-саҳ.

21- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

Яҳова ибодатларимизга қандай жавоб беради?

Тилакларимиз бажо бўлишини ҳам биламиз, чунки Ундан сўраган эдик. (1 ЮҲАН. 5:15)

41- ҚЎШИҚ Ё Раб, қабул эт дуомни

БУ МАҚОЛАДАa

1, 2. Ибодатлар борасида қандай савол туғилиши мумкин?

«ЯҲОВА ибодатларимга жавоб беряптими?» — деб ҳеч ташвишланганмисиз? Агар ҳа бўлса, сиз ёлғиз эмассиз. Кўп биродару опа-сингиллар, айниқса, муаммоларни бошдан кечираётганда бу савол устида ўйлаганини айтди. Биз ҳам қийналаётган бўлсак, Яҳова ибодатларимизга қандай жавоб бераётганини аниқлаш қийин кечаётгандир.

2 Келинг, нега Яҳова хизматчиларининг ибодатига жавоб бераётганига амин бўлишимиз мумкинлигига эътибор қаратайлик. (1 Юҳан. 5:15) Шунингдек, қуйидаги саволлар ҳақида сўз юритамиз. Нега гоҳида Яҳова ибодатларимизга жавоб бермаётгандай туюлади? Ҳозирги кунда У қайси йўллар орқали ибодатларга жавоб беряпти?

ЯҲОВА БИЗ КУТГАН ЙЎЛ ОРҚАЛИ ЖАВОБ БЕРМАСЛИГИ МУМКИН

3. Нега Яҳова Унга ибодат қилишимизни хоҳлайди?

3 Муқаддас Ёзувлардан Яҳова бизни қаттиқ яхши кўришини ва У учун қадрли эканимизни кўрсак бўлади. (Хаг. 2:7; 1 Юҳан. 4:10) Шунинг учун ҳам У бизни Унга ибодат қилиб ёрдам сўрашга ундаяпти. (1 Бутр. 5:6, 7) Аллоҳ Ундан узоқлашмаслигимиз ва муаммоларни енгишимиз учун ёрдам беришни жуда истайди.

Довуд унга найза отилганда қочиб қолди, арфаси эса қўлидан тушиб кетди.

Яҳова Довуднинг ибодатларига душманларидан халос қилиш орқали жавоб берган (4- хатбошига қаранг.)

4. Яҳова хизматчиларининг ибодатларига жавоб беришини қаердан биламиз? (Расмга ҳам қаранг.)

4 Муқаддас Китобда Яҳова хизматчиларининг ибодатларига жавоб бергани ҳақида тез-тез ўқиймиз. Хаёлингизга ким келди? Масалан, шоҳ Довудни олайлик. Унинг душманлари кўп бўлган ва у Яҳовадан ёрдам сўраган. Бир сафар у Худога шундай ёлворган: «Эй Яҳова, ибодатимни эшит, ёрдам сўраб қилган илтижоимни тингла. Ўз садоқатингу адолатингга мувофиқ менга жавоб бер». (Заб. 143:1) Ҳа, Яҳова унинг ибодатларини эшитиб, жавоб берган. (1 Шоҳ. 19:10, 18–20; 2 Шоҳ. 5:17–25) Довуд «Яҳова Уни чақираётган кишиларга» яқин эканини аминлик билан айта олган. Биз ҳам бунга ишонишимиз мумкин. (Заб. 145:18)

Ҳаворий Павлус Яҳовага илтижо қиляпти.

Яҳова Павлуснинг ибодатларига бардошли бўлиши учун керакли кучни бериш орқали жавоб берган (5- хатбошига қаранг.)

5. Яҳованинг хизматчилари доим ибодатларига ўзлари кутган тарзда жавоб олишганми? Мисол келтиринг. (Расмга ҳам қаранг.)

5 Яҳова ибодатларимизга биз кутган тарзда жавоб бермаслиги мумкин. Буни ҳаворий Павлуснинг мисолидан кўрсак бўлади. У Худодан баданини «гўё тикандек азоблайдиган» бир дарддан халос этишини сўраган. Павлус уч марта бу ҳақда Худога мурожаат қилган. Яҳова унинг ибодатларига жавоб берганми? Ҳа, лекин у кутган тарзда эмас. Яҳова Павлуснинг бу муаммосини бартараф этишнинг ўрнига у садоқат ила хизмат қилишда давом эта олиши учун керакли кучни берган. (2 Кор. 12:7–10)

6. Нега баъзан Яҳова ибодатларимизга жавоб бермаётгандай туюлади?

6 Биз ҳам ибодатларимизга кутилмаган жавоб олишимиз мумкин. Яҳова бизга қандай ёрдам беришни билишига амин бўлишимиз мумкин. У «биз сўраган ёки хаёл қилганимиздан ҳам анча ортиғини бажаришга қодир». (Эфес. 3:20) Демак, Яҳова биз кутмаган вақтда ёки йўл орқали жавоб бериши мумкин.

7. Нега ибодатларимизнинг мавзусини ўзгартиришимизга тўғри келиши мумкин? Мисол келтиринг.

7 Яҳованинг иродаси нимадан иборат эканини яхшироқ тушунганимизда ибодатларимизнинг мавзусини ўзгартиришимиз керак бўлар. Мартин Пётцингер биродарнинг мисолига диққат қаратайлик. У уйланганидан кўп вақт ўтмай нацистларнинг концлагерига тушган. Бошида у Яҳовадан у ердан тезроқ чиқишини сўраган, чунки хотинига ғамхўрлик қилиши ҳамда яна ваъзгўйлик қилиши ҳақида ўйлаган. Бироқ икки ҳафта ўтган бўлса-да, Мартин Яҳова у лагердан озод бўлишини хоҳлаётганининг белгиларини кўрмаган. Ўшанда у: «Яҳова, нима қилишимни хоҳлайсан? Илтимос, буни менга кўрсат»,— деб ибодат қилган. Кейин у лагердаги бошқа биродарлар ҳақида ўйлашни бошлаган. Уларнинг аксарияти оиласи ҳақида хавотирланарди. Шунда Мартин биродаримиз: «Яҳова, янги вазифам учун миннатдорман. Имондошларимни қўллаб-қувватлаб, уларга далда беришимга ёрдам бер»,— деб ёлворган. У концлагерда тўққиз йил давомида бу вазифани бажарган.

8. Ибодат қилаётганда нимани ёдда тутишимиз лозим?

8 Яҳованинг нияти борлигини ва Ўзи ўрнатган вақтда уни амалга оширишини ёдда тутишимиз лозим. Унинг нияти азобларимизга сабаб бўлаётган барча муаммоларни, масалан, табиий офат, касаллик ҳамда ўлимни бутунлай ва абадулабад йўқ қилишдан иборат. У буни Ўз Шоҳлиги орқали амалга оширади. (Дон. 2:44; Ваҳ. 21:3, 4) Лекин у пайтгача Худо Шайтонга бу дунёни бошқаришга йўл қўйяптиb. (Юҳан. 12:31; Ваҳ. 12:9) Агар Яҳова инсонларнинг муаммоларини ҳозирнинг ўзида ҳал қилганида, Шайтон бу дунёни яхшироқ бошқараётгандай бўлиб чиқарди. Аллоҳ ваъдаларини амалга оширадиган вақтни кутар эканмиз, У бизни ёрдамсиз қолдирмаяпти. Келинг, У бизга кўмаклашишининг баъзи йўлларини кўриб чиқайлик.

ЯҲОВА ИБОДАТЛАРИМИЗГА ҚАЙСИ ЙЎЛЛАР ОРҚАЛИ ЖАВОБ БЕРАДИ?

9. Қарорлар олдида турганимизда Яҳова бизга қай йўсин ёрдам беради? Мисол келтиринг.

9 У бизга донолик ато этади. Яҳова тўғри қарорлар чиқара олишимиз учун бизга донолик беришни ваъда қиляпти. Айниқса, турмуш қуриш-қурмаслик каби бутун ҳаётимизга таъсир қиладиган қарорлар олдида турганимизда Унинг донолигига муҳтожмиз. (Ёқб. 1:5) Турмуш қурмаган Мариянинг вазиятига эътибор берингc. У доимий кашшофлик хизматида қувонч ила қатнашаётганида бир биродар билан танишиб қолган. Мария қуйидагича бўлишди: «Бир-биримизни яқинроқ билганимиз сайин ўзаро туйғуларимиз ривожланиб борар эди. Қарор чиқаришим кераклигини билардим. Шунинг учун бу ҳақда Яҳовага кўп маротаба ибодат қилдим. Унинг йўл-йўриғига муҳтож эдим. Лекин Яҳова ўрнимга қарор чиқармаслигини ҳам яхши тушунардим». Мария донолик сўраб қилган ибодатига Яҳова жавоб берган. Қандай қилиб? У адабиётларимиздан изланиш ўтказиб, саволларига жавоб топишга ёрдам берадиган бир нечта мақолани топган. Шунингдек, у Яҳовага садоқат ила хизмат қилаётган онаси билан ҳам маслаҳатлашган. Бу Марияга туйғуларини таҳлил қилишга ёрдам берган ва натижада у доно қарор чиқара олган.

Муҳожирлар лагеридаги биродар Муқаддас Китобни ўқиб ўтирибди.

Қандай қилиб Яҳова бардошли бўлишимиз учун бизга куч беряпти? (10- хатбошига қаранг.)

10. Филиппиликларга 4:13 га биноан, Яҳова хизматчиларига нима қилишга ёрдам беради? Мисол келтиринг. (Расмга ҳам қаранг.)

10 У бардошли бўлишимиз учун куч беради. Ҳаворий Павлус билан бўлганидай, Яҳова бизга ҳам қийинчиликларни енгишимиз учун керакли кучни ато этади. (Филиппиликларга 4:13 ни ўқинг.) Яҳова Бенжамин исмли биродарга қийинчилигини енгишга қандай ёрдам берганига диққат қаратайлик. У ёшлигининг кўп қисмини Африкада ўтказган. Бенжамин оиласи билан бирга муҳожирлар лагерида яшаган. У қуйидагича бўлишди: «Мен Яҳовага тез-тез ибодат қилардим ва Унга маъқул келадиган ишлар қилиш учун куч беришини сўрардим. У ибодатларимга жавоб берарди. Отажоним тинчлик ва хотиржамлик сақлашимга, ваъз қилиш учун жасоратли бўлишимга ёрдам берарди. Қолаверса, маънан кучли бўлиб қолиш учун адабиётларимизни етказарди. Имондошларимиз ҳақида ўқиш ва Яҳова уларга қийинчиликларини енгишга қандай ёрдам берганини билиш Унга содиқ қолиш қароримни мустаҳкамлаган».

Яҳова имондошлар орқали сизга ёрдам берганми? (11-, 12- хатбошиларига қаранг.)d

11, 12. Қай йўсин Яҳова маънавий оиламиздан фойдаланиб, ибодатларимизга жавоб бериши мумкин? (Расмга ҳам қаранг.)

11 У маънавий оиламиздан фойдаланади. Ўлимидан олдинги кечада Исо Худога илтижо қилиб, Унинг исмини ҳақоратлашда айбланишни истамаслиги ҳақида айтган. Яҳова эса бошқа йўл орқали унга ёрдам берган, яъни уни мустаҳкамлаш учун фариштасини юборган. (Луқо 22:42, 43) Бугунги кунда ҳам биродару опа-сингилларимизнинг далдали ташрифи ёки қўнғироғи орқали Яҳова бизга ёрдам қўлини чўзиши мумкин. Ҳа, барчамиз имондошларимизга «яхши сўз» айтишнинг йўлларини излашимиз лозим. (Ҳик. 12:25)

12 Мириямнинг вазиятига диққат қаратинг. Унинг турмуш ўртоғи оламдан ўтганига бир неча ҳафта бўлганида у уйда ёлғиз, умидсиз ва тушкун аҳволда ўтирган эди. У тинимсиз йиғларди ва ким биландир гаплашишни хоҳларди. Мириям шундай деди: «Кимгадир қўнғироқ қилишга кучим йўқ эди. Шунинг учун Яҳовага ибодат қилардим. Бир сафар йиғлаб, ибодат қилиб ўтирганимда телефон жиринглади. Бу оқсоқол бўлиб хизмат қилаётган яқин бир дўстим эди». У оқсоқол ва унинг рафиқасидан тасалли олган. Мириям биродарни қўнғироқ қилишга айнан Яҳова ундаганига амин.

Шифокор бир жуфтликни қоғоздаги маълумот билан таништиряпти.

Яҳова сизга ёрдам бериш мақсадида бошқаларни бунга қандай ундаши мумкин? (13-, 14- хатбошиларига қаранг.)

13. Яҳова Унга хизмат қилмайдиган инсонлар орқали ибодатларимизга жавоб бериши мумкинлигини кўрсатувчи мисол келтиринг.

13 У хизматчилари бўлмаган инсонлар орқали ёрдам бериши мумкин. (Ҳик. 21:1) Гоҳида Яҳова хизматчиларининг ибодатига Унга топинмайдиган одамларни уларга кўмаклашишга ундаб жавоб беради. Масалан, У шоҳ Артаксерксни Нахимиё Қуддусга қайтишига рухсат беришга ундаган. Натижада у шаҳарни тиклашда ёрдам бера олган. (Нахим. 2:3–6) Бугун ҳам Яҳова ҳатто Унга хизмат қилмайдиган инсонларни муҳтож бўлганимизда бизга ёрдам беришга ундай олади.

14. Қай йўсин Су Хинг опамизнинг мисоли сизга далда беряпти? (Расмга ҳам қаранг.)

14 Су Хинг опамиз Яҳова унга бир шифокор орқали ёрдам берганини ҳис қилган. Ўғлининг ақлий саломатлиги билан жиддий муаммоси бор эди. У тепаликдан йиқилиб, жароҳат олганида Су Хинг ва унинг эри унга ғамхўрлик қилиш учун ишдан бўшашган. Натижада улар моддий томондан қийнала бошлашган. Опамиз ўзини охиригача чўзилган резинка каби ҳис қиларди. У қалбини Яҳовага тўкиб-солиб, Ундан ёрдам сўраган. Бир шифокор уларга ёрдам бериш йўлларини излаган ва бунинг натижасида улар ҳукуматдан ёрдам олишган ва яшаш учун керакли жойни топа олишган. Бу ҳодисалардан сўнг Су Хинг шундай бўлишди: «Биз Яҳованинг қўлини кўрдик. У чиндан ҳам “ибодатларни Эшитгувчи”». (Заб. 65:2)

ЯҲОВАНИНГ ЖАВОБИНИ ИЗЛАШ ВА ҚАБУЛ ҚИЛИШ УЧУН ИМОН КЕРАК

15. Бир опамизга Яҳова ибодатларига жавоб бераётганини тушунишга нима ёрдам берган?

15 Одатда ибодатларимизга ҳайратланарли тарзда жавоб олмаймиз. Лекин олган жавобларимиз самовий Отажонимизга садоқатли қолишимизга ёрдам беради. Шунинг учун доим У қандай жавоб бераётганини кўришга интилинг. Йоко опамизга Яҳова ибодатларига жавоб бермаётгандай туюлган. Аммо у Яҳовадан нима сўраганини дафтарга ёзишни бошлаган. Бироз вақт ўтгач, у дафтарни очиб қараганда Яҳова унинг аксарият, ҳатто ёдидан чиққан ибодатларига жавоб берганини тушунган. Биз ҳам вақти-вақти билан тўхтаб, Яҳова ибодатларимизга қандай жавоб бераётгани ҳақида ўйлашимиз муҳим. (Заб. 66:19, 20)

16. Ибодатларимиз борасида қай йўсин имонимизни намоён этишимиз мумкин? (Ибронийларга 11:6)

16 Имонимизни нафақат ибодат қилганда, балки ҳатто кутилмаган жавобни олганда ҳам уни қабул қилиш орқали кўрсатамиз. (Ибронийларга 11:6 ни ўқинг.) Майк ва Крисси жуфтлигининг мисолига диққат қаратайлик. Улар Байтилда хизмат қилишни жуда хоҳлашган. Майк шундай деди: «Биз бир неча марта ариза тўлдиргандик ва Яҳовага бу ҳақда тез-тез ибодат қилардик. Бироқ бу мақсадимизга эришмадик». Бу жуфтлик Яҳова улардан энг яхши йўл билан фойдаланишига амин эди. Улар қўлидан келганини қилишган: эҳтиёж катта бўлган ҳудудда доимий кашшоф бўлиб хизмат қилишган ва ташкилотимизнинг қурилиш лойиҳаларида қатнашишган. Ҳозир эса улар туман нозирлик хизматида иштирок этишяпти. Майк шундай деди: «Яҳова доим ҳам биз кутгандек жавоб бермайди. Лекин ибодатларимизга ҳамиша жавоб беради ва буни ҳатто биз тасаввур қилганимиздан ҳам яхшироқ қилади».

17, 18. Забур 86:6, 7 га кўра, нимада амин бўлишимиз мумкин?

17 Забур 86:6, 7 ни ўқинг. Сано бастакори Яҳова унинг ибодатларини эшитишига ва жавоб беришига ишонган. Биз ҳам бунга амин бўлишимиз мумкин. Ушбу мақоладаги мисоллардан Яҳова сабр-бардошли бўлишимиз учун донолик ва куч бера олишини кўрдик. Қолаверса, У бизга турли йўллар орқали ёрдам бериш учун маънавий оиламиздан ёки ҳатто Унга хизмат қилмайдиган инсонлардан фойдаланиши мумкин.

18 Яҳова ибодатларимизга доим биз кутгандек жавоб бермаса-да, улар жавобсиз қолмаслигига аминмиз. У биз муҳтож бўлган нарсани керакли вақтда тақдим этади. Шундай экан, имон ила Яҳовага ибодат қилишда давом этинг. У ҳозирнинг ўзида сизга ғамхўрлик қилишига ва келажакдаги янги дунёда «ҳар бир тирик жоннинг истагини» қондиришига ишончингиз комил бўлсин. (Заб. 145:16)

ҚАНДАЙ ЖАВОБ БЕРАРДИНГИЗ?

  • Нега Яҳова ибодатларимизга биз кутгандай жавоб бермаслиги мумкин?

  • Яҳова ибодатларимизга қай йўсин жавоб бериши мумкинлиги борасида мисол келтиринг.

  • Ибодатларимизга жавоб излаганда қай йўсин имонимизни намоён этишимиз мумкин?

46- ҚЎШИҚ Раҳмат Сенга, Яҳова

a Яҳова Унинг иродасига мувофиқ ибодат қилсак, бизни эшитишига ишонтиряпти. Қийинчиликларга дуч келганимизда, Унга содиқ бўлиб қолишимиз учун керакли кучни ато этишига ишонсак бўлади. Келинг, Худо ибодатларимизга қандай жавоб бераётганини билиб олайлик.

b Яҳова Шайтонга бу дунёни бошқаришга нега йўл қўяётганини билиш учун «Қўриқчи минораси» журналининг 2017 йил июнь сонидаги «Диққатингизни асосий масалага қаратинг» номли мақолага қаранг.

c Баъзи исмлар ўзгартирилган.

d РАСМГА ШАРҲ. Она қизи билан муҳожирлар сифатида бошқа мамлакатга келган. Имондошларимиз уларни илиқ қарши олиб, амалий ёрдам кўрсатишяпти.

    Ўзбекча адабиётлар (1993-2025)
    Чиқиш
    Кириш
    • ўзбекча
    • Улашиш
    • Созламалар
    • Copyright © 2025 Watch Tower Bible and Tract Society of Pennsylvania
    • Фойдаланиш шартлари
    • Махфийлик сиёсати
    • Махфийлик созламалари
    • JW.ORG
    • Кириш
    Улашиш