27-ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ
79-ҚЎШИҚ Пок қалбга собит қолишни ўргатайлик
Қизиқувчиларга ҳақиқатда маҳкам туришга ёрдам беринг
Имонда маҳкам туринглар,... кучли бўлинглар. (1 КОР. 16:13)
АСОСИЙ ФИКР
Муқаддас Китобни ўрганаётган инсонлар ҳақиқатда маҳкам туриши учун имон ва жасоратни ривожлантиришларига қандай ёрдам беришимиз мумкинлигини кўриб чиқамиз.
1, 2. а) Нима учун Муқаддас Китобни ўрганаётган баъзилар ҳақиқатда маҳкам туришга иккиланади? б) Мазкур мақолада нимани кўриб чиқамиз?
ЯҲОВАНИНГ ШОҲИДИ бўлишдан олдин қандай қийинчиликларга дуч келганингиз эсингиздами? Эҳтимол, ҳамкасбларингиз, дўстларингиз ёки оила аъзоларингиз сизга қарши чиқишидан қўрққандирсиз. Ё бўлмаса, «Ҳеч қачон Худонинг меъёрлари бўйича яшай олмайман» деб ўйлагандирсиз. Унда агар қизиқувчи ҳақиқатда маҳкам туришни ортга сураётгандай туюлса, унинг туйғуларини тушуна оласиз.
2 Исо бундай қўрқувлар маънан ўсишга тўсқинлик қилиши мумкинлигини тушунган. (Мат. 13:20–22) Аммо у ортидан эргашишга иккиланаётган инсонлардан умидини узмаган. Аксинча, у шогирдларига бундай инсонларга 1) маънан ўсишига халақит бераётган тўсиқларни аниқлашга, 2) Яҳовага бўлган севгисини ривожлантиришга, 3) Яҳовани биринчи ўринга қўйишга ҳамда 4) қийинчиликларини енгишга қандай ёрдам бериш мумкинлигини кўрсатган. Муқаддас Китобни ўрганаётган инсонга ҳақиқатда маҳкам туришга ёрдам бериш учун «Ҳаётдан тоабад завқланинг!» китобидан фойдаланар эканмиз, қандай қилиб Исо шогирдларига айтган сўзларга амал қилишимиз мумкин?
ҚИЗИҚУВИГА МАЪНАН ЎСИШИГА ХАЛАҚИТ БЕРАЁТГАН ТЎСИҚЛАРНИ АНИҚЛАШГА ЁРДАМ БЕРИНГ
3. Никодимга Исонинг шогирди бўлишга нима халақит берган бўлиши мумкин?
3 Яҳудийларнинг таниқли раҳбари Никодим Исонинг шогирди бўлиш учун тўсиқларга дуч келган. Исо хизматини бошлаганидан олти ой ўтар-ўтмас, Никодим Исо Худонинг вакили эканини тушунган. (Юҳан. 3:1, 2) Лекин Никодим яҳудийлардан қўрққани учун Исо билан яширинча учрашишни танлаган. (Юҳан. 7:13; 12:42) Эҳтимол, у Исонинг шогирди бўлиб кўп нарсани йўқотиши мумкинлигидан қўрққандирa.
4. Исо Никодимга Яҳова ундан нимани кутаётганини тушуниш учун қандай ёрдам берган?
4 Никодим Таврот ҳақида билимга эга эди, аммо Яҳова ундан нимани кутаётганини тушуниш учун ёрдамга муҳтож бўлган. Исо унга қандай ёрдам берган? Ҳатто кечаси Никодим билан учрашишга тўғри келса-да, у вақт ажратишга тайёр бўлган. Шунингдек, Исо Никодимга унинг шогирди бўлиш учун у гуноҳларидан тавба қилиши, сувга чўмиши ҳамда Худонинг Ўғлига ишониши кераклигини аниқ қилиб айтган. (Юҳан. 3:5, 14–21)
5. Қизиқувчига маънан ўсишига халақит бераётган тўсиқларни аниқлашга қандай ёрдам бера оламиз?
5 Гарчи қизиқувчи Муқаддас Китобни яхши тушунса-да, унга маънан ўсишига халақит бераётган тўсиқларни аниқлашга ёрдам керакдир. Мисол учун, дунёвий иш ёки оиладаги қаршиликлар уни маънавий мақсадлар қўйишдан чалғитиши мумкин. Шундай экан, Исо каби қизиқувчига вақт ажратишга тайёр бўлинг. Эҳтимол, уни бир пиёла чойга чақирарсиз ёки бирга айланишни таклиф қиларсиз. Бундай норасмий муҳитда қизиқувчи қийинчиликлари ҳақида айтиб беришига замин ярата оларсиз. Қизиқувчини ҳар қандай ўзгаришни сизни хурсанд қилиш учун эмас, балки Яҳовага бўлган севгисини кўрсатиш учун қилишга унданг.
6. Қизиқувчи ҳақиқатда маҳкам туриш учун куч топишига қандай ёрдам бера оласиз? (1 Коринфликларга 16:13)
6 Қизиқувчи Яҳова унга Муқаддас Китоб меъёрлари бўйича яшашга ёрдам беришига амин бўлганида, ўрганган нарсаларига амал қилиш учун куч топа олади. (1 Коринфликларга 16:13 ни ўқинг.) Муқаддас Китоб тадқиқини ўтказаётган ваъзгўй қайсидир жиҳатдан мактаб ўқитувчисига ўхшайди. Мактабда ўқиган пайтингизда қайси ўқитувчини кўпроқ яхши кўргансиз? Эҳтимол, бу қобилиятли эканингизга бўлган ишончни ривожлантиришга сабр ила ёрдам берган ўқитувчи бўлгандир. Шу сингари Муқаддас Китоб тадқиқини маҳорат ила ўтказадиган ваъзгўй қизиқувчига нафақат Худо биздан нимани кутаётганини ўргатади, балки Яҳованинг мадади билан ҳаётида ҳар қандай ўзгаришларни қила олишига ишонтиради. Хўш, сиз буни қандай қила оласиз?
ҚИЗИҚУВЧИГА ЯҲОВАГА БЎЛГАН СЕВГИСИНИ РИВОЖЛАНТИРИШГА ЁРДАМ БЕРИНГ
7. Исо уни тинглаётганларга Яҳовага нисбатан севгисини ўстиришга қандай ёрдам берган?
7 Исо Худога бўлган севги шогирдларини ўрганган нарсаларига амал қилишга ундашини билган. У одатда шогирдларига уларнинг самовий Отасига нисбатан севгисини ўстиришга ёрдам берадиган нарсаларни ўргатган. Мисол учун, у Яҳовани болаларига яхши ҳадяларни берадиган ота билан солиштирган. (Мат. 7:9–11) Исони тинглаётган баъзиларда меҳрибон отаси бўлмаган бўлиши мумкин. Исо раҳмдил ота ёмон йўлдан қайтган ўғлини қандай қарши олгани тўғрисида масал келтирганида улар нималарни ҳис қилишганини тасаввур қилинг. Улар Яҳова ер юзидаги фарзандларига нисбатан раҳмдил эканини кўра олишган. (Луқо 15:20–24)
8. Қандай қилиб қизиқувчига Яҳовага бўлган севгисини ўстиришга кўмаклаша оласиз?
8 Сиз ҳам қизиқувчига таълим берганда Яҳованинг фазилатларига урғу бериш орқали Худога бўлган севгисини ўстиришга кўмаклашишингиз мумкин. Ҳар бир тадқиқда қизиқувчига у ўрганган нарсалар Яҳованинг севгиси билан қандай боғлиқ эканини кўришга ёрдам беринг. Тўлов мавзусини муҳокама қилаётганда, бу унга қандай тааллуқли эканига урғу беринг. (Рим. 5:8; 1 Юҳан. 4:10) Қизиқувчи Яҳова шахсан уни яхши кўриши ҳақида мулоҳаза юритганида унинг ҳам Яҳовага бўлган севгиси ошиши мумкин. (Галат. 2:20)
9. Майкл исмли кишига ҳаёт тарзини ўзгартиришга нима ёрдам берган?
9 Индонезиялик Майклнинг мисолини олайлик. У ҳақиқатда катта бўлган, аммо сувга чўммаган. 18 ёшида у чет элга бориб, юк машинаси ҳайдовчиси сифатида ишлаган. Кейинчалик у уйланган, аммо оиласини қолдириб яна чет элга ишлагани кетган. Бу вақт мобайнида унинг хотини ва қизи Муқаддас Китобни тадқиқ қилиб, маънан ўсишни бошлашган. Онаси оламдан ўтгандан кейин Майкл отасига ғамхўрлик қилиш учун уйга қайтишга қарор қилган ва Муқаддас Китобни тадқиқ қилишга рози бўлган. «Ҳаётдан тоабад завқланинг!» китобининг 27-дарсидаги «Кўпроқ билиб олинг» қисмини кўриб чиқаётганда, Майкл жуда таъсирланган. Яҳова Ўғли азоб чекаётганини кўриб нималарни ҳис қилган бўлиши мумкинлиги ҳақида мулоҳаза юритганида Майкл йиғлаб юборган. Тўлов қурбонлигига бўлган чуқур миннатдорчилик уни ҳаёт тарзини ўзгартиришга ва сувга чўмишга ундаган.
ҚИЗИҚУВЧИГА ЯҲОВАНИ БИРИНЧИ ЎРИНГА ҚЎЙИШГА ЁРДАМ БЕРИНГ
10. Исо илк шогирдларига хизматни биринчи ўринга қўйишга қандай ёрдам берган? (Луқо 5:5–11) (Расмга ҳам қаранг.)
10 Илк шогирдлар Исо ваъда қилинган Масиҳ эканини тезда тушунишган, аммо хизматни биринчи ўринга қўйиш учун ёрдамга муҳтож бўлишган. Исо Бутрус билан Идрисни унинг тўла вақтли издошлари бўлишга таклиф қилганида улар муайян вақтдан бери унинг шогирдлари эди. (Мат. 4:18, 19) Улар Ёқуб ва Юҳанно билан бирга балиқчилик қилишган ва бу иш уларга яхши даромад келтирган. (Марк 1:16–20) Бутрус билан Идрис «тўрларини қолдириб» кетишганида Исонинг ортидан эргашган пайтда оилаларини боқиш учун, ҳойнаҳой, режа тузишган. Ваъзгўйлик ишини биринчи ўринга қўйишга уларни нима ундаган? Луқонинг баёнотига кўра, Исо мўъжиза яратиб шогирдларининг Яҳова уларни таъминлай олишига бўлган ишончини мустаҳкамлаган. (Луқо 5:5–11 ни ўқинг.)
Исо шогирдларига Яҳовани биринчи ўринга қўйишга ёрдам берганидан нимани ўрганишимиз мумкин? (10-хатбошига қаранг.)b
11. Қизиқувчига ўз мисолимизни айтиб унинг имонини қандай мустаҳкамлай оламиз?
11 Биз Исо сингари мўъжиза ярата олмаймиз, лекин Яҳова Уни ҳаётида биринчи ўринга қўяётганларни қандай қилиб қўллаб-қувватлаши тўғрисидаги мисоллар билан бўлишимиз мумкин. Масалан, йиғилишларга қатнашни бошлаганингизда Яҳова сизга қандай ёрдам бергани эсингиздами? Эҳтимол, бошлиғингизга учраб, агар йиғилиш пайтига тўғри келса, нима учун қўшимча соат ишлай олмаслигингизни тушунтиргандирсиз. Қизиқувчига ўз мисолингизни айтиб бераётганда, Яҳова Унга топинишни биринчи ўринга қўйиш қарорингизни қўллаб-қувватлаганини кўриб, имонингиз қандай мустаҳкамлаганини тушунтириб беринг.
12. а) Нима учун тадқиққа турли ваъзгўйларни таклиф қилишимиз керак? б) Видеолар ёрдамида қизиқувчига қандай қилиб самарали таълим беришингиз мумкин? Мисол келтиринг.
12 Шунингдек, қизиқувчи Худонинг бошқа хизматчилари қандай қилиб Яҳовани биринчи ўринга қўйишгани ҳақида эшитиб фойда олиши мумкин. Шундай экан, тадқиққа келиб чиқиши турлича бўлган имондошларни таклиф қилинг. Улардан ҳақиқатга қандай келишгани ҳамда Яҳованинг хизматини ҳаётида биринчи ўринга қўйиш учун нималар қилишгани тўғрисида сўранг. Боз устига, қизиқувчи билан «Ҳаётдан тоабад завқланинг!» китобининг «Кўпроқ билиб олинг» ёки «Қўшимча манбалар» қисмидаги видеоларни биргаликда томоша қилишга вақт ажратинг. Масалан, 37-дарсни муҳокама қилаётганда, «Тангри Яҳова бизга ғамхўрлик қилади» номли видеодаги принципларни ёритиб беришингиз мумкин.
ҚИЗИҚУВЧИГА ҚИЙИНЧИЛИКЛАРИНИ ЕНГИШГА ЁРДАМ БЕРИНГ
13. Исо шогирдларини қаршиликларга қандай тайёрлаган?
13 Исо шогирдларига бошқалар, ҳатто қариндошлари томонидан қаршиликларга дуч келишларини қайта-қайта айтган. (Мат. 5:11; 10:22, 36) Хизмати тугашига яқин Исо шогирдларини улар ўлимга дуч келиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган. (Мат. 24:9; Юҳан. 15:20; 16:2) У шогирдларини хизматда ҳушёр бўлишга ундаган. У шогирдларига ваъзгўйликни давом эттириш учун қаршилик кўрсатаётганлар билан баҳслашмасликни ҳамда эҳтиёткор бўлишни маслаҳат берган.
14. Қизиқувчи қаршиликларга тайёрланишига қандай ёрдам бера оламиз? (2 Тимўтийга 3:12)
14 Қизиқувчига ҳамкасблари, дўстлари ҳамда қариндошлари қандай гапларни гапириши мумкинлигини тушунтириш орқали уни қаршиликларга тайёрлай оламиз. (2 Тимўтийга 3:12 ни ўқинг.) Баъзи ҳамкасблари қизиқувчи Муқаддас Китоб таълимотлари асосида яшаётганини кўриб, унинг устидан кулишлари мумкин. Бошқалар, ҳатто яқин қариндошлари унинг Муқаддас Китобга асослаган эътиқодини танқид қилар. Қизиқувчиларга қаршиликлар ҳақида қанча олдинроқ айтсак, бу юз берганида улар шунча яхшироқ тайёрланган бўлишади.
15. Қизиқувчига оиладаги қаршиликларни енгишга қандай ёрдам бериш мумкин?
15 Агар қизиқувчи оилада қаршиликларга дуч келса, нима сабабдан қариндошлари хафа бўлаётгани ҳақида мулоҳаза юритишига ёрдам беринг. Эҳтимол, қариндошлари у алданган деб ўйлаётгандир ёки улар Яҳованинг Шоҳидлари тўғрисида нотўғри тасаввурга эгадир. Ҳатто Исо яқинлари томонидан салбий муносабатга дуч келган. (Марк 3:21; Юҳан. 7:5) Қизиқувчига бошқаларга, жумладан, оила аъзоларига сабрли ҳамда хушмуомала бўлишни ўргатинг.
16. Қизиқувчи эътиқоди билан бўлишганда унга меҳрибон ва мулоҳазакор бўлишга қандай қилиб ёрдам беришимиз мумкин?
16 Ҳатто қариндошлари қизиқиш билдирган тақдирда ҳам, қизиқувчи бирдан ҳаммасини уларга тушунтириб бермагани маъқул. Акс ҳолда, унинг яқинлари маълумотга кўмилиб, келаси сафар суҳбатлашгиси келмай қолиши мумкин. Шу сабабдан қизиқувчини эътиқоди билан бўлишганда келаси суҳбатларга замин яратишга унданг. (Колос. 4:6) Балки у қариндошларига jw.org сайтига киришни таклиф қилар. Бу уларга Яҳованинг Шоҳидлари тўғрисида ўзлари истаганча ва хоҳлаган пайтда маълумот олишларига имкон яратади.
17. Қизиқувчига бошқаларнинг Яҳова Шоҳидлари тўғрисидаги саволларига жавоб беришни қандай ўргатишингиз мумкин? (Расмга ҳам қаранг.)
17 jw.org сайтидаги «Кўпчиликни қизиқтирадиган саволлар» номли мақолалар туркумидан фойдаланиб, қизиқувчига қариндошлари ёки ҳамкасблари бериши мумкин бўлган саволларга оддий жавобларни тайёрлашга ёрдам бера оласиз. (2 Тим. 2:24, 25) Ҳар бир дарснинг охирида «Ҳаётдан тоабад завқланинг!» китобидаги «Баъзиларнинг фикри» қисмини кўриб чиқинг. Қизиқувчини ўз сўзлари билан жавоб беришга унданг. У эътиқодини тушунтиришда нимани яхшилаши кераклиги ҳақида маслаҳат беришдан тортинманг. Бундай амалий машқлар унга эътиқодини ишонч билан ҳимоя қилишга ёрдам беради.
Қизиқувчини омма олдида ваъз қилиш учун олдиндан машқ қилишга унданг (17-хатбошига қаранг.)c
18. Қандай қилиб қизиқувчини сувга чўммаган ваъзгўй бўлишга ундашингиз мумкин? (Матто 10:27)
18 Исо шогирдларини омма олдида ваъз қилишга ундаган. (Матто 10:27 ни ўқинг.) Қизиқувчи эътиқоди ҳақида қанча тезроқ айтишни бошласа, шунча тезроқ Яҳовага таянишни ўрганади. Қизиқувчи ўз олдига бундай мақсадни қўйишига қандай ёрдам бера оласиз? Жамоатда ваъзгўйлик кампанияси эълон қилинганида, қизиқувчини ваъзгўй бўлиш учун талабларга қандай мос келиши ҳақида ўйлаб кўришга унданг. Унга нима сабабдан кўпчиликка бундай кампаниялар пайтида ваъз қилишни бошлаш осонроқ эканини тушунтиринг. Эҳтимол, у ҳафта ўртасида ўтадиган учрашувларда саҳнадан туриб гапиришни ўрганишдан фойда олиши мумкин. Бу мақсад сари интилаётиб, у эътиқодини ишонч билан тушунтириб беришни ўрганади.
ҚИЗИҚУВЧИГА ИШОНЧ БИЛДИРИНГ
19. Исо шогирдларига ишонч билдирганини қандай кўрсатган ва биз унга қандай тақлид қила оламиз?
19 Осмонга кўтарилишидан олдин Исо шогирдларига улар яна у билан бирга бўлиши тўғрисида айтган. Шогирдлар Исо уларнинг осмонга кетиши ҳақида гапираётганини тушунишмаган. Шунга қарамай, у диққатини шогирдларида бор шубҳаларга эмас, уларнинг садоқатига қаратган. (Юҳан. 14:1–5, 8) У шогирдларининг самовий умид каби муайян нарсаларни тушунишига вақт кераклигини билган. (Юҳан. 16:12) Биз ҳам қизиқувчида Яҳовани мамнун қилиш истаги борлигига амин эканимизни кўрсатсак бўлади.
Қизиқувчи эътиқоди ҳақида қанча тезроқ айтишни бошласа, шунча тезроқ Яҳовага таянишни ўрганади
20. Малавида яшовчи опамиз қизиқувчига ишонч билдирганини қандай кўрсатди?
20 Биз қизиқувчи тўғри нарсаларни қилишни исташидан умид узмаймиз. Малавида яшовчи Чифундо опамизнинг мисолини олайлик. У Алинафе исмли ёш католик аёл билан «Ҳаётдан тоабад завқланинг!» китоби бўйича тадқиқ бошлади. 14-дарсни тугатгач, Чифундо опамиз қизиқувчидан топинишда тасвирлардан фойдаланиш борасида нима деб ўйлашини сўради. Алинафе ҳис-туйғуларга берилиб: «Ахир бу шахсий танлов-ку!» — деб жавоб берди. Опамиз «Алинафе яқинда тадқиқни тўхтатса керак» деб ўйлади. Аммо у сабр ила тадқиқни давом эттириб, Алинафе вақти келиб бу фикрни тушуниб етишига умид қилган. Бир неча ой ўтгач, Чифундо 34-дарсни ўтаётганда «Ҳақ Тангри Яҳова ҳақида ўрганганларингиз ва Муқаддас Китоб тадқиқи ҳозиргача сизга қандай фойда келтирди?» деган саволни берди. Чифундо Алинафе бу саволга қандай жавоб бергани ҳақида шундай деди: «У жуда кўп ажойиб фикрларни, жумладан, Яҳованинг Шоҳидлари Муқаддас Китобда қораланган ишларда иштирок этмаслигини айтди». Кўп ўтмай, Алинафе тасвирлардан фойдаланишни тўхтатди ва сувга чўмди.
21. Қандай қилиб қизиқувчига ҳақиқатда маҳкам туриш истагини кучайтиришга ёрдам бера оламиз?
21 Гарчи ўстирадиган Яҳова бўлса-да, қизиқувчи маънан ўсишига ёрдам беришда бизнинг ҳам ўрнимиз бор. (1 Кор. 3:7) Биз қизиқувчига Худо ундан нимани кутишини ўргатишдан кўра кўпроғини қиламиз. Унга Яҳовага нисбатан чуқур севгини ривожлантиришга ёрдам берамиз. Шунингдек, қизиқувчини Яҳовани ҳаётида биринчи ўринга қўйиб, Унга бўлган севгисини кўрсатишга ундаймиз. Қолаверса, унга қийинчиликларга дуч келганда Яҳовага таянишни ўргатамиз. Унда амин эканимизни кўрсатиб, у ҳам Яҳованинг меъёрлари бўйича яшай олиши ҳамда ҳақиқатда маҳкам тура олишига бўлган ишончини мустаҳкамлаймиз.
55-ҚЎШИҚ Ёвдан ҳеч қўрқма!
a Исо билан учрашганидан икки ярим йил ўтгач, Никодим ҳали-ҳануз яҳудийлар олий маҳкамасининг аъзоси эди. (Юҳан. 7:45–52) Айрим тарихчиларнинг айтишича, Никодим Исонинг ўлимидан кейингина унинг шогирди бўлган. (Юҳан. 19:38–40)
b РАСМГА ШАРҲ. Бутрус ва бошқа балиқчилар Исонинг ортидан эргашиш учун балиқчилик ишини ташлаб кетишяпти.
c РАСМГА ШАРҲ. Опамиз қизиқувчига ваъз қилиш учун тайёргарлик кўришга ёрдам беряпти.