28-ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ
123-ҚЎШИҚ Илоҳий тартибга садоқат-ла бўйсунамиз
Ҳақиқатни ёлғондан ажрата оласизми?
Белингизга ҳақиқат камарини боғлаб,... маҳкам туринглар. (ЭФЕС. 6:14)
НИМАНИ БИЛИБ ОЛАМИЗ?
Яҳовадан ўрганган ҳақиқатларни Шайтон ва душманларимиз тарқатаётган ёлғондан қай йўсин ажратишга ўрганишимиз мумкинлигини билиб оламиз.
1. Ҳақиқат борасида қандай фикрдасиз?
ЯҲОВАНИНГ халқи Унинг Каломидаги ҳақиқатни яхши кўради. Имонимиз унга асосланган. (Рим. 10:17) Худо ҳақиқат «устуни ва таянчи» сифатида масиҳийлар жамоатини ташкиллаштирганига ишонамиз. (1 Тим. 3:15) «Раҳбарликни ўз зиммасига олганлар» Муқаддас Китобдаги ҳақиқатни тушунтиришганида ва Унинг иродасига мувофиқ йўл-йўриқлар беришганида, буни бажонидил қабул қиламиз. (Иброн. 13:17)
2. Ёқуб 5:19 га биноан, ҳақиқатни билганимиздан кейин қандай хавфга дуч келишимиз мумкин?
2 Аммо ҳақиқатни қабул қилиб, ишончли йўл-йўриқ олишда ташкилотимиз муҳим ўрин эгаллашини тушунишимизга қарамай, бизни йўлдан оздиришлари мумкин. (Ёқуб 5:19 ни ўқинг.) Шайтон Муқаддас Китобга ёки ташкилотимиздан олаётган йўл-йўриқларга бўлган ишончимизни сусайтиришни жуда истайди. (Эфес. 4:14)
3. Нега ҳақиқатда маҳкам туришимиз керак? (Эфесликларга 6:13, 14)
3 Эфесликларга 6:13, 14 ни ўқинг. Тез орада Иблис кучли таъсирга эга тарғиботдан фойдаланиб барча халқлар Яҳовага қарши чиқиши учун уларни йўлдан оздиради. (Ваҳ. 16:13, 14) Шунингдек, у Худонинг халқини йўлдан оздириш учун янада кўпроқ ҳаракат қилишини биламиз. (Ваҳ. 12:9) Шу сабабдан ҳақиқатни ёлғондан ажратишга ўрганишимиз ва ҳақиқат бўйича яшашимиз муҳим. (Рим. 6:17; 1 Бутр. 1:22) Буюк мусибат пайтида омон қолишимиз бунга боғлиқ бўлади!
4. Бу мақолада нималарни кўриб чиқамиз?
4 Бу мақолада Муқаддас Китобдаги ҳақиқатни ёлғондан ажратишимизга ва ташкилотимиздан келаётган йўл-йўриқни қабул қилишимизга ёрдам берадиган иккита фазилатни кўриб чиқамиз. Кейин эса ҳақиқатни маҳкам ушлашда давом этишимизга кўмаклашадиган учта тавсияга диққат қаратамиз.
ҲАҚИҚАТНИ ЁЛҒОНДАН АЖРАТИШГА ЁРДАМ БЕРАДИГАН КЕРАКЛИ ФАЗИЛАТЛАР
5. Яҳовадан қўрқиш ҳақиқатни ёлғондан ажратишга қандай кўмаклашади?
5 Яҳовадан қўрқиш. Худога нисбатан ўринли қўрқувни ривожлантирганимизда, Уни қаттиқ севганимиз учун Унга номаъқул бўлган ҳеч бир ишга қўл урмаймиз. Яҳовага маъқул келиш учун яхшини ёмондан, ҳақиқатни ёлғондан ажратишни ўрганишни истаймиз. (Ҳик. 2:3–6; Иброн. 5:14) Одамлардан қўрқиш Унга бўлган севгимиздан устун бўлишига асло йўл қўймаслигимиз лозим. Сабаби одамларга ёқадиган нарса кўпинча Яҳовага маъқул келмайди.
6. Қай йўсин одамлардан қўрқиш ўнта исроиллик киши ҳақиқатни бузиб кўрсатишига сабаб бўлди?
6 Худодан кўра одамлардан кўпроқ қўрқсак, ҳақиқатдан осонликча узоқлашиб кетишимиз мумкин. Худо исроилликларга ваъда қилган юртни кўришга борган 12 та айғоқчининг мисолига диққат қаратайлик. Улардан ўнтаси канъонликларга нисбатан қўрқуви Яҳовага бўлган севгисидан устун келишига йўл қўйган. Улар исроилликларга шундай деган: «Биз у ерга бориб, улар билан жанг қила олмаймиз, боиси улар бизга қараганда анча кучли». (Саҳ. 13:27–31) Инсоний нуқтаи назар билан қараганда, улар ҳақ эди. Канъонликлар исроилликларга қараганда кучлироқ бўлган. Аммо исроилликлар душманлари устидан ғалаба қозона олмайди, деганлар Яҳовани назардан четда қолдиришган. Ўша ўнта айғоқчи Худо исроилликлардан нимани кутаётганига диққат қаратиши керак эди. Бундан ташқари, Яҳова яқинда улар учун нималар қилгани устида мулоҳаза юритиши лозим эди. Ўшандагина улар канъонликларнинг кучи Унинг қудрати олдида ҳеч нарса эмаслигини тушунган бўларди. Ўша имонсиз айғоқчилардан фарқли равишда, Ёшуа ҳамда Холиб Аллоҳга маъқул келишни истаган. Улар халққа: «Агар Яҳова биздан мамнун бўлса, бизни албатта бу юртга олиб бориб,... [уни] бизга беради»,— деб айтган. (Саҳ. 14:6–9)
7. Қандай қилиб Яҳовага нисбатан қўрқувни кучайтира оламиз? (Расмга ҳам қаранг.)
7 Яҳовага нисбатан ўринли қўрқув ҳиссини ривожлантириш учун ҳар сафар қарор чиқараётганимизда, Уни нима хурсанд қилиши ҳақида ўйлашимиз лозим. (Заб. 16:8) Муқаддас Китобдаги баёнотларни ўқиётганингизда, ўзингиздан шундай сўранг: «Бундай вазиятда бўлганимда, қандай қарор чиқарардим?» Масалан, ўнта айғоқчи салбий хабарни айтаётганини эшитяпсиз. Хўш, бунга ишониб, канъонликлардан қўрққан бўлармидингиз? Ёки Худога бўлган севгингиз ва Уни мамнун қилиш истагингиз бу қўрқувдан устунроқ келармиди? Ёшуа ва Холиб ҳақиқатни гапирган, лекин бутун Исроил халқи уларга ишонмаган. Оқибатда улар ваъда қилинган юртга кириш имкониятини қўлдан бой берган. (Саҳ. 14:10, 22, 23)
Сиз кимга ишонган бўлардингиз? (7-хатбошига қаранг.)
8. Қайси фазилатни ривожлантириш учун жон куйдиришимиз керак ва нега?
8 Камтарлик. Яҳова ҳақиқатини камтарин инсонларга очиб беради. (Мат. 11:25) Биз ҳақиқатни ўрганишда ёрдамни камтарлик ила қабул қилганмиз. (Ҳавор. 8:30, 31) Аммо мағрур бўлиб кетмаслик учун эҳтиёт бўлишимиз лозим. Мағрурлик туфайли «Шахсий фикрим Каломдаги принциплар ва ташкилотимиздан олаётган йўл-йўриқлардан тўғрироқ» деб ўйлашимиз мумкин.
9. Қандай қилиб камтаринлик фазилатини ривожлантира оламиз?
9 Камтарин бўлиб қолишимиз учун Яҳованинг олдида заррачадай эканимизни ёдда сақлашимиз лозим. (Заб. 8:3, 4) Шунингдек, янада камтарин ва ўрганишга тайёр бўлишимиз учун Ундан ёрдам сўрасак бўлади. У бизга фикрларини ўзимизникидан устун қўйишга кўмаклашади. Худо буни Каломи ва ташкилоти орқали қилади. Муқаддас Китобни ўқиётганингизда, Яҳова камтарликни севишига, мағрурлик, такаббурлик, ўзбилармонликдан эса нафратланишига диққат қаратинг. Қолаверса, қандайдир шарафли вазифа олсангиз ва бу туфайли муайян ҳокимиятга эга бўлсангиз ё бошқаларнинг эътиборига тушсангиз, камтарин бўлиб қолиш учун янада кўпроқ ҳаракат қилинг.
ҚАЙ ЙЎСИН ҲАҚИҚАТДА МУСТАҲКАМ ҚОЛИШИМИЗ МУМКИН?
10. Яҳова халқига йўл-йўриқ ва кўрсатмалар беришда кимдан фойдаланган?
10 Яҳованинг ташкилоти бераётган йўл-йўриқларга нисбатан ишончингизни мустаҳкамланг. Қадимда Худо Мусо, кейин эса Ёшуадан фойдаланиб халқига йўл-йўриқлар берган. (Ёшуа 1:16, 17) Исроил халқи бу кишиларни Тангри Яҳованинг вакили, деб билганида баракалар олган. Асрлар ўтгач, масиҳийлар жамоати илк бор ташкил этилганда, 12 та ҳаворий йўл-йўриқлар берарди. (Ҳавор. 8:14, 15) Кейин эса ўша гуруҳ кенгайган ва улар қаторига Қуддусдаги бошқа оқсоқоллар ҳам кирган. Масиҳийлар бу имонли кишилардан олган йўл-йўриқларга амал қилишганида, «жамоатлар имонда мустаҳкам бўлиб, кундан-кунга имонлиларнинг сони ортиб борарди». (Ҳавор. 16:4, 5) Бугунги кунда ташкилотимиз бераётган йўл-йўриқларга амал қилсак, биз ҳам баракаларга эга бўламиз. Лекин Яҳова бошчилик қилишга тайинлаган кишиларга қулоқ солишни истамасак, У нималарни ҳис қилади? Ваъда қилинган юртга кетаётган Исроил халқи билан юз берган воқеани кўриб чиқиб, бу саволга жавоб топамиз.
11. Яҳова исроилликларга бошчилик қилиш учун танлаган Мусога қарши чиққан кишилар билан нима юз берган? (Расмга ҳам қаранг.)
11 Исроилликлар ваъда қилинган юртга бораётганда, обрўли кишилар Мусо ва Худо унга берган ҳокимиятни рад этишди. Улар шундай дейишди: «Бутун жамоа [нафақат Мусо] муқаддас ва Яҳова уларнинг орасида». (Саҳ. 16:1–3) Тўғри, Аллоҳнинг назарида «бутун жамоа» муқаддас бўлган, лекин халқига бошчилик қилиш учун У Мусони танлаган. (Саҳ. 16:28) Исёнчилар Мусони танқид қилиш орқали аслида Яҳовани танқид қилишаётган эди. Уларнинг диққати Яҳованинг эмас, ўзларининг хоҳишига, яъни кўпроқ ҳокимият ва обрўга эга бўлишга қаратилганди. Худо исён кўтарганларни ва уларга қўшилган минглаб кишиларни йўқ қилди. (Саҳ. 16:30–35, 41, 49) Бугунги кунда шунга ишончимиз комилки, Худо ташкилоти орқали бераётган йўл-йўриқларга ҳурматсизлик кўрсатаётганларни маъқулламайди.
Сиз кимни қўллаб-қувватлаган бўлардингиз? (11-хатбошига қаранг.)
12. Нега ташкилотимизга нисбатан ишончимизни мустаҳкамлай оламиз?
12 Яҳованинг ташкилотига бўлган ишончимизни кучайтира оламиз. Муқаддас Китобга оид бирон тушунчамиз ёки Шоҳлик иши қандай олиб борилаётгани борасида қандайдир ўзгариш киритиш кераклиги аниқ кўринса, раҳбарликни зиммасига олган биродарлар бу ўзгаришларни иккиланмай амалга оширади. (Ҳик. 4:18) Боиси улар ҳар нарсадан кўра Худони мамнун қилишни истайди. Қолаверса, улар қарорларини Муқаддас Китобга асослаш учун зўр бериб ҳаракат қилади. Сабаби Яҳованинг бутун халқи у ерда ёзилган сўзларга амал қилиши даркор.
13. «Соғлом сўзлар» нима дегани ва бу борада нима қилишимиз лозим?
13 «Соғлом сўзлар намунасини маҳкам... [ушланг]». (2 Тим. 1:13) «Соғлом сўзлар» масиҳийларнинг Муқаддас Китобга асосланган таълимотларини англатади. (Юҳан. 17:17) Бундай таълимотлар биз ишонадиган барча нарсанинг пойдеворидир. Яҳованинг ташкилоти эътиқодимиз бу таълимотларга асосланганига ишонч ҳосил қилишга ўргатяпти. Бундай қилсак, барака оламиз.
14. Қандай қилиб баъзи масиҳийлар «соғлом сўзлар»га амал қилмай қўйган?
14 Хўш, «соғлом сўзлардан» узоқлашсак, нима бўлиши мумкин? Қуйидаги мисолга эътибор беринг. Биринчи асрда айрим масиҳийлар орасида Яҳованинг куни келди, деган миш-миш тарқатилганга ўхшайди. Эҳтимол, улар қайсидир хатни «Павлусдан келган ва у ерда шундай ёзилган» деб ўйлаган. Салоникадаги баъзи масиҳийлар фактларни текшириш учун вақт ажратмай, ўша миш-мишларга ишонган ва ҳатто уларни тарқатган. Борди-ю, бу масиҳийлар Павлус улар билан бўлганида ўргатган сўзларини ёдда тутганида, бу миш-мишларга лаққа тушмаган бўларди. (2 Салон. 2:1–5) Павлус биродарларига ҳар бир сўзга ишониб кетмасликни маслаҳат берган. Келажакда асқатиши учун у Салоникаликларга йўлланган иккинчи мактубда: «Мен Павлус, бу саломимни ўз қўлим билан ёзяпман. Менинг ёзиш услубим шунақа, буни ҳар бир хатим тасдиқлайди»,— деб айтган. (2 Салон. 3:17)
15. Ҳақиқатдай туюлган ёлғонлардан ўзимизни қандай ҳимоя қила оламиз? Мисол келтиринг. (Расмларга ҳам қаранг.)
15 Павлус салоникаликларга ёзган сўзларидан нимани ўрганишимиз мумкин? Муқаддас Китобга зид қандайдир нарса ёки шов-шувга айланган миш-миш эшитсак, фаҳм-фаросатни ишга солишимиз лозим. Собиқ Совет Иттифоқи пайтида душманларимиз биродарларга Халқаро бош идорадан деб хат берган. Бу хат айрим биродарларни алоҳида мустақил ташкилот сифатида ажралишга ундаган. Хатдаги фикрлар уларга тўғридай туюлган. Бироқ садоқатли биродарлар алданиб қолмаган. Улар бу хат билиб олганларига зид эканини тушунган. Бугунги кунда ҳақиқат душманлари замонавий технологиялардан фойдаланиб, бизни чалғитишга ва бирлигимизга раҳна солишга уриняпти. Шундай экан, «ҳаяжонга тушиб», фикрларимизни тезда ўзгартирмай, эшитаётганларимиз ёки ўқиётганларимиз билиб олган ҳақиқатлар билан қанчалик тўғри келаётганини кўриб чиқиш орқали ўзимизни ҳимоя қила оламиз. (2 Салон. 2:2; 1 Юҳан. 4:1)
Ҳақиқатдай туюлган ёлғонларга алданманг (15-хатбошига қаранг.)a
16. Римликларга 16:17, 18 га кўра, кимдир ҳақиқатдан узоқлашганда нима қилишимиз лозим?
16 Яҳовага содиқ бўлганлар билан бирликни сақланг. Худо имондошларимиз билан якдилликда Унга топинишимизни истайди. Ҳақиқатда маҳкам турар эканмиз, бирликни сақлаймиз. Ҳақиқатдан узоқлашган ҳар ким жамоатда бўлинишлар келтириб чиқаради. Шу боис Худо бизни бундайлардан «узоқроқ юринглар», деб огоҳлантиряпти. Акс ҳолда, ўзимиз ҳам ҳақиқатдан узоқлашиб кетишимиз ҳеч гап эмас. (Римликларга 16:17, 18 ни ўқинг.)
17. Ҳақиқатни тушунишдан ва уни маҳкам ушлашдан қандай фойда оламиз?
17 Ҳақиқатни ёлғондан ажратсангиз ва унда маҳкам турсангиз, маънавий жиҳатдан соғлом ва хавфсизликда бўласиз. (Эфес. 4:15, 16) Шунингдек, бу орқали Шайтоннинг сохта таълимотларию тарғиботларидан ҳимояланган ҳамда буюк мусибат пайтида Яҳованинг қаноти остида хавфсизликда бўласиз. Ҳақиқатни маҳкам ушланг, шунда «тинчлик Худоси сизлар билан бўлади». (Филип. 4:8, 9)
122-ҚЎШИҚ Мард ва маҳкам туринг!
a РАСМГА ШАРҲ. Саҳналаштирилган расмда ўнлаб йиллар олдин собиқ Совет Иттифоқидаги биродарлар Халқаро бош идорадан хат олишгани, лекин аслида у душманлардан бўлгани кўрсатилган. Ҳозирги пайтда душманлар Интернетдан фойдаланиб ташкилотимиз ҳақида ёлғон гап-сўзларни тарқатиши мумкин.