13-ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ
4-ҚЎШИҚ «Яҳова менинг Чўпонимдир»
Яҳованинг қўли калта эмас
Яҳованинг қўли шунчалик калтами? (САҲ. 11:23)
АСОСИЙ ФИКР
Бу мақола Яҳова яшашимиз учун керакли барча нарсани беришига бўлган ишончимизни кучайтиришга ёрдам беради.
1. Мусо исроилликларни Мисрдан олиб чиққанда Яҳовага ишонаётганини қай йўсин кўрсатган?
ИБРОНИЙЛАРГА ЙЎЛЛАНГАН МАКТУБДА имон намоён этган кўпгина инсонлар ҳақида айтилган. Улардан бири кучли имонга эга Мусо пайғамбар бўлган. (Иброн. 3:2–5; 11:23–25) У исроилликларни Мисрдан олиб чиқиб имон намоён этган. У фиръавндан ва унинг қўшинидан қўрқмаган. Аксинча, Яҳовага ишониб, халқни Қизил денгиздан олиб ўтган ва кейин саҳрога олиб борган. (Иброн. 11:27–29) Аксарият исроилликлар Яҳова уларга ғамхўрлик қилишига бўлган ишончини йўқотган бўлса-да, Мусо Худога ишонишда давом этган. Унинг имони асоссиз эмас эди, чунки Яҳова қақраган саҳрода халқини мўъжизавий тарзда егулик ва сув билан таъминлаганa. (Чиқ. 15:22–25; Заб. 78:23–25)
2. Нега Худо Мусодан: «Яҳованинг қўли шунчалик калтами?» — деб сўраган? (Саҳрода 11:21–23)
2 Мусо кучли имонга эга бўлганига қарамай, Исроил халқи мўъжизавий тарзда Мисрдан чиққанидан тахминан бир йил ўтгач, у Яҳова халқига гўшт бера олишидан иккиланган. Мусо қақраган саҳрода чодирларда яшаётган миллионлаб инсонларни Яҳова етарлича гўшт билан таъминлай олишини тасаввур ҳам қила олмаган. Шунинг учун Яҳова ундан шундай сўраган: «Яҳованинг қўли шунчалик калтами?» (Саҳрода 11:21–23 ни ўқинг.) Бу ердаги «Яҳованинг қўли» ибораси Худонинг муқаддас руҳини ёки фаол кучини билдиради. Бошқача қилиб айтганда, Яҳова Мусога: «Ростдан ҳам, қиламан деган ишимни қила олмайди, деб ўйлаяпсанми?» — дегандай бўлган.
3. Мусо ва исроилликларнинг мисоли нега эътиборимизга лойиқ?
3 Қачондир Яҳова сизнинг ёки оилангизнинг моддий эҳтиёжларига ғамхўрлик қилишидан иккиланганмисиз? Жавобингиз қандай бўлишидан қатъи назар, келинг, Яҳова ғамхўрлик қилишидан шубҳаланган Мусо ва исроилликларнинг мисолини кўриб чиқамиз. Муқаддас Китобдаги баъзи принциплар Яҳованинг қўли калта эмаслигига бўлган ишончимизни мустаҳкамлашга кўмаклашади.
МУСОДАН ВА ИСРОИЛЛИКЛАРДАН САБОҚ ОЛИНГ
4. Нима сабабдан кўпгина исроилликлар Яҳова уларга ғамхўрлик қилишидан шубҳалана бошлаган?
4 Нега кўпгина исроилликлар Яҳова уларга ғамхўрлик қилишидан шубҳалана бошлаган? Исроил халқи ва Мисрдан улар билан чиқиб кетган «турли инсонлардан иборат оломон» маълум вақт давомида улкан саҳрода бўлган. Улар Мисрдан ваъда қилинган юртга кетаётганди. (Чиқ. 12:38; Қонун. 8:15) Исроиллик бўлмаганлар манна ейишдан чарчаган ва кўпгина исроилликлар ҳам уларга қўшилиб Мусога нолиган. (Саҳ. 11:4–6) Улар Мисрда еган таомларини қўмсай бошлаган. Мусо бўлса босим ҳис қилиб, «Уларга гўштни ўзим топиб беришим керак» деб ўйлаган. (Саҳ. 11:13, 14)
5, 6. Исроилликларга улар билан Мисрдан чиқиб кетган оломон таъсир қилганидан қандай сабоқ олишимиз мумкин?
5 Ҳойнаҳой, исроилликларга улар билан Мисрдан чиқиб кетган оломоннинг ношукурлиги таъсир қилган. Бизга ҳам ношукур инсонлар таъсир ўтказиши мумкин ва Яҳова бераётган нарсалардан миннатдор бўлмай қолишимиз ҳеч гап эмас. Ўтмишга қараб, олдин эга бўлган нарсаларимизни қўмсашимиз ёки бошқаларга ҳасад қила бошлашимиз мумкин. Бироқ вазиятимиз қандай бўлишидан қатъи назар, қаноат қилишни ўргансак, бахтлироқ бўламиз.
6 Исроилликлар янги уйига етиб борганда тўкин-сочинликда яшаши ҳақидаги Худонинг ваъдасини ёдда тутиши керак эди. Бу ваъда улар саҳрода кезиб юрганида эмас, ваъда қилинган юртга етиб борганида амалга ошиши керак эди. Шу сингари биз ҳам бу дунёда эга бўлмаган нарсаларимизга эмас, Яҳова янги дунёда беришни ваъда қилган яхши нарсаларга диққат қаратиб фойда оламиз. Шунингдек, Яҳовага таянишимизга ёрдам берадиган оятлар устида мулоҳаза юритсак бўлади.
7. Яҳова бизга доим ёрдам бера олишига нега ишонсак бўлади?
7 Худо Мусога: «Яҳованинг қўли шунчалик калтами?» — деб савол бериб, уни иккита нарса ҳақида ўйлашга ундамоқчи бўлгандир. Биринчиси, Унинг кучи чекланмаган. Иккинчиси, У кучидан ҳар қандай жойда фойдалана олади. Исроилликлар саҳронинг қаерида бўлишидан қатъи назар, Яҳова уларга гўштни мўл-кўл қилиб бера оларди. Худо «кучли билагию қудратли қўли» билан Ўз кучини намоён этган. (Заб. 136:11, 12) Шундай экан, қийинчиликларга дуч келганимизда, қаерда бўлмайлик Яҳова ҳар биримизга ёрдам бера олишига амин бўлишимиз мумкин. (Заб. 138:6, 7)
8. Саҳродаги кўпчилик қилган хатони такрорламаслигимизга нима ёрдам беради? (Расмга ҳам қаранг.)
8 Кейин Яҳова халқига гўштни, яъни кўпгина беданаларни тақдим этган. Аммо исроилликлар бу мўъжизадан миннатдор бўлмаган. Аксинча, очкўзликка берилган. Бир ярим кун давомида улар анча миқдорда бедана йиғиб олган. Яҳова «очкўз одамлар»дан ғазабланган ва уларни жазолаган. (Саҳ. 11:31–34) Бу мисолдан сабоқ олсак бўлади. Очкўзлик тузоғига тушишдан эҳтиёт бўлишимиз зарур. Бой бўламизми ёки шароитимиз оғирми, бутун диққатимизни «хазинани осмонда... [тўплашга]» қаратишимиз керак. Бунинг учун Яҳова ва Исога янада яқинлашиш мақсадида улар билан дўстлигимизни мустаҳкамлашимиз лозим. (Мат. 6:19, 20; Луқо 16:9) Агар шундай қилсак, Яҳова бизга ғамхўрлик қилишига амин бўлишимиз мумкин.
Яҳова гўшт берганида кўплар нима қилган ва бу воқеадан қандай сабоқ олсак бўлади? (8-хатбошига қаранг.)
9. Яҳова бизни қўллаб-қувватлашига нега амин бўла оламиз?
9 Ҳозир ҳам Яҳова халқига ёрдам беришга тайёр. Лекин бу умуман моддий қийналмаслигимизни ёки оч қолмаслигимизни англатмайдиb. Бироқ Яҳова бизни ҳеч қачон ташлаб кетмайди. Қандай қийинчиликка рўбарў келмайлик, У бизни қўллаб-қувватлайди. Яҳова бизга ёрдам беришига ишонаётганимизни қай йўсин кўрсата оламиз? Келинг, иккита вазиятга диққат қаратайлик: 1) моддий қийинчиликлар билан курашаётганимизда ва 2) келажакдаги моддий эҳтиёжларимиз ҳақида ўйлаганимизда.
МОДДИЙ ҚИЙИНЧИЛИКЛАР БИЛАН КУРАШАЁТГАНИМИЗДА
10. Қандай моддий қийинчиликларга дуч келишимиз мумкин?
10 Ушбу замона охирлаб борар экан, иқтисодий аҳвол ёмонлашиши турган гап. Сиёсий нотинчликлар, ҳарбий тўқнашувлар, табиий офатлар ёки янги пандемиялар туфайли кутилмаган харажат қилишимиз, ишимизни, нарсаларимизни ва уйимизни йўқотишимиз мумкин. Яшаётган жойимиздан янги иш топишимизга ёки оиламизга ғамхўрлик қилиш учун улар билан бошқа жойга кўчиш ҳақида ўйлаб кўришимизга тўғри келиши мумкин. Яҳовага ишонаётганимизни кўрсатадиган қарорлар чиқаришимизга нима ёрдам беради?
11. Моддий қийинчиликлар билан курашишимизга нима ёрдам беради? (Луқо 12:29–31)
11 Хавотирларингизни Яҳовага айтиш жуда муҳим ва бу сизга катта ёрдам беради. (Ҳик. 16:3) Яхши қарор чиқаришингиз учун Яҳовадан донолик ва ташвишланмаслик учун қалбингизга хотиржамлик беришини сўранг (Луқо 12:29–31 ни ўқинг.) Яшаш учун керак бўладиган зарурий нарсалар билан қаноат қилишингизга ёрдам беришини сўраб Унга илтижо қилинг. (1 Тим. 6:7, 8) Моддий қийинчиликлар билан қандай курашиш борасида адабиётларимиздан изланиш ўтказинг. Кўплар jw.org сайтидаги иқтисодий қийинчиликлар билан қандай курашиш борасидаги видео ва мақолалардан фойда олди.
12. Масиҳий оиласига тааллуқли қарор чиқаришдан олдин ўзига қандай саволлар бериши керак?
12 Баъзилар ишлаш учун оиласидан узоққа кўчиб кетган ва кўп ўтмай бу нотўғри қарор бўлганини тушуниб етган. Бирор ишга киришдан аввал фақатгина қанча маош олишни эмас, бу биринчи навбатда сизнинг ва оилангизнинг маънавийлигига қандай таъсир қилиши ҳақида ўйлаб кўринг. (Луқо 14:28) Ўзингиздан шундай деб сўранг: «Турмуш ўртоғимдан узоқда бўлсам, бу никоҳимизга қандай таъсир қилади? Йиғилишларга ва хизматга бора оламанми? Имондошлар билан вақт ўтказа оламанми?» Агар фарзандларингиз бўлса, қуйидаги муҳим савол устида ҳам ўйлаб кўринг: «Агар фарзандларим билан бирга бўлмасам, қандай қилиб уларга “Яҳованинг тарбиясини бериб, Унинг панд-насиҳати билан” тарбиялай оламан?» (Эфес. 6:4) Муқаддас Китоб принципларини ҳурмат қилмайдиган қариндошу дўстларингизнинг эмас, Яҳованинг фикрларига асосланиб қарор чиқарингc. Ғарбий Осиёда яшайдиган Тонига бир неча марта чет элда ишлашни таклиф қилишган. Аммо у вазият ҳақида ибодат қилиб, хотини билан гаплашгач, бу таклифларни рад этишга ва камроқ пул билан яшашга қарор қилди. Ортга қараб, Тони шундай деди: «Бир нечта инсонга Яҳовани таниб-билишга кўмаклашиш шарафига эга бўлдим. Фарзандларимиз ҳам Яҳовани жуда яхши кўради. Оиламиз билан шуни тушундикки, Матто 6:33 даги сўзлар бўйича яшасак, Яҳова бизга ғамхўрлик қилар экан».
КЕЛАЖАКДАГИ МОДДИЙ ЭҲТИЁЖЛАРИМИЗ ҲАҚИДА ЎЙЛАГАНИМИЗДА
13. Кексайганимизда эҳтиёжларимизни қондира олиш учун ҳозир нима қилсак бўлади?
13 Кексайганимизда моддий аҳволимиз қандай бўлиши ҳақида ўйлаганимизда ҳам Яҳовага бўлган ишончимиз синалиши мумкин. Муқаддас Китоб бизни келажакда ҳам эҳтиёжларимизни қондира олиш учун меҳнат қилишга ундаяпти. (Ҳик. 6:6–11) Шароитимиздан келиб чиқиб, келажагимиз учун пул йиғиб қўйиш доноликдан бўларди. Пул қайсидир жиҳатдан ҳимоя беради. (Воиз 7:12) Шунга қарамай, пул ҳаётимиздаги энг муҳим нарсага айланишини истамаймиз.
14. Қай йўсин Ибронийларга 13:5 келажакдаги эҳтиёжларимиз ҳақида ортиқча ташвишланмасликка ёрдам беради?
14 Исо «Худо назарида [бойимасдан]» пул йиғиб қўйиш нақадар нодонлик эканини кўрсатувчи масал келтирган. (Луқо 12:16–21) Эртага нима бўлишини ҳеч ким билмайди. (Ҳик. 23:4, 5; Ёқб. 4:13–15) Шунингдек, Исо унинг шогирди бўлишни истаган барча моддий нарсаларидан воз кечишга тайёр бўлиши кераклиги ҳақида айтган. (Луқо 14:33) Биринчи асрдаги масиҳийлар Яҳудияда бор нарсаларини йўқотганида, буни қувонч билан қабул қилган. (Иброн. 10:34) Бизнинг давримизда ҳам кўп биродарларимиз сиёсий партияларга овоз бермагани учун ишидан айрилган. (Ваҳ. 13:16, 17) Уларга бундай қилишга нима ёрдам берган? Улар Яҳованинг қуйидаги ваъдасига тўлиқ ишонган: «Сени ҳечам ташлаб кетмайман ва асло тарк этмайман». (Ибронийларга 13:5 ни ўқинг.) Кексайганимизда моддий нарсаларимиз етарлича бўлиши учун ҳозир қўлимиздан келганча ҳаракат қиламиз. Борди-ю, кутилмаган воқеалар юз берса, Яҳова бизга ғамхўрлик қилишига тўлиқ ишонамиз.
15. Масиҳий ота-оналар фарзандларига қай йўсин мувозанатли нуқтаи назарда бўла олади? (Расмга ҳам қаранг.)
15 Баъзи ҳудудларда одамлар фарзанд кўришни исташининг асосий сабаби кексайган чоғида фарзандлари уларга моддий ғамхўрлик қилишидир. Аммо Муқаддас Китобда ота-она фарзандларининг эҳтиёжларига ғамхўрлик қилиши кераклиги ҳақида айтилган. (2 Кор. 12:14) Албатта, ота-она кексайганида қандайдир амалий ёрдам олишга муҳтож бўлиши мумкин ва кўпгина фарзандлар бажонидил бундай ёрдамни тақдим этяпти. (1 Тим. 5:4) Лекин Яҳовага таянадиган ота-она фарзандларини улардан моддий ёрдам олиш учун эмас, балки Яҳовага хизмат қилиши учун катта қилиш ҳақиқий қувонч келтиришини тушунади. (3 Юҳан. 4)
Садоқатли масиҳий жуфтликлар келажаги борасида қарор чиқараётганда донолик ила Муқаддас Китоб принципларини инобатга олади (15-хатбошига қаранг.)d
16. Қандай қилиб ота-оналар фарзандларига ўз эҳтиёжларига ғамхўрлик қилишни ўргата олади? (Эфесликларга 4:28)
16 Фарзандларингизга ўз эҳтиёжларига қандай ғамхўрлик қилишни ўргатаётганингизда, Яҳовага таяниш борасида уларга ўрнак бўлинг. Уларга ёшлигиданоқ астойдил меҳнат қилиш яхши эканини ўргатинг. (Ҳик. 29:21; Эфесликларга 4:28 ни ўқинг.) Улар улғаяр экан, мактабда яхши ўқишларига ёрдам беринг. Масиҳий ота-оналар Муқаддас Китоб принциплари асосида изланиш ўтказгандан кейин фарзандларига таълим олиш борасида донолик ила қарорлар чиқаришга ёрдам беришади. Бундай ота-оналарнинг мақсади фарзандларига ўз эҳтиёжларига ғамхўрлик қилишни ўргатиш ҳамда кўпроқ хизмат қила олишлари ё ҳатто кашшоф бўлишларига кўмаклашишдан иборат.
17. Нимага амин бўлишимиз мумкин?
17 Яҳованинг содиқ хизматчилари Яҳова уларнинг моддий эҳтиёжларини қондира олишига ва бундай қилишни исташига амин бўлиши мумкин. Бу дунёнинг охири яқинлашар экан, Унга бўлган ишончимиз синалади. Нима юз беришидан қатъи назар, келинг, Яҳова бизга моддий эҳтиёжларимизга ғамхўрлик қилиш учун кучидан фойдаланишига тўлиқ ишонайлик. У қаерда бўлмайлик, бизга ёрдам беришга қодир эканига амин бўлайлик.
150-ҚЎШИҚ Рабни излаб, нажот топинг
a «Қўриқчи минораси» журналининг 2023 йил октябрь сонидаги «Ўқувчиларнинг саволлари»га қаранг.
b «Қўриқчи минораси» журналининг 2014 йил 15 сентябрь сонидаги «Ўқувчиларнинг саволлари»га қаранг.
c «Қўриқчи минораси» журналининг 2014 йил 15 апрель сонидаги «Ҳеч ким икки хўжайинга хизмат қила олмайди» номли мақолага қаранг.
d РАСМГА ШАРҲ. Садоқатли масиҳий жуфтлик эри билан Йиғилиш залининг қурилиш лойиҳасида хизмат қилаётган фарзанди билан алоқада бўлиб турибди.