Сешанба, 28 октябрь
[Яҳова] сенинг даврингда барқарорлик ўрнатади. (Ишаё 33:6)
Яҳованинг содиқ хизматчилари сифатида барча инсонлар каби қийинчиликларга дучор бўлиб, касалликларга йўлиқяпмиз. Шунингдек, Худонинг халқидан нафратланадиганлар томонидан қаршиликларга ёки таъқибларга дуч келаётгандирмиз. Гарчи Яҳова бу каби қийинчиликлар бошимизга тушмаслигининг олдини олмаса ҳам, бизга ёрдам қўлини чўзишга ваъда беряпти. (Ишаё 41:10) Унинг кўмаги билан қувончни йўқотмаслигимиз, яхши қарорлар чиқаришимиз ва ҳатто энг мураккаб пайтларда Худога садоқатли бўлиб қолишимиз мумкин. Яҳова қай йўсин кўмаклашяпти? У бизга Каломда «Худонинг тинчлиги» деб аталадиган тинчликни беришни ваъда қиляпти. (Филип. 4:6, 7) Бундай тинчлик фақат Яҳова билан яқин дўст бўлганимиз учун онгимиздаю қалбимизда хотиржамликка эга бўлишни англатади. Бу тинчлик «ҳар қандай ўй-фикрдан устун» бўлиб, тасаввур қилганимиздан ҳам кўпроғини ҳис қилишимиз мумкинлигини билдиради. Яҳовага ибодат қилгач, ўзингизни ниҳоятда хотиржам ҳис қилган пайтларингиз бўлганми? Ундай бўлса, ўшанда сиз «Худонинг тинчлигини» ҳис қилгансиз. w24.01 20-саҳ., 2-хб.; 21-саҳ., 4-хб.
Чоршанба, 29 октябрь
Эй жоним, Яҳовани мадҳ эт, бутун борлиғим Унинг муқаддас исмини мадҳ этсин. (Заб. 103:1)
Худога бўлган севги садоқатли инсонларни Унинг исмини чин юракдан мадҳ этишга ундайди. Шоҳ Довуд шуни тушунганки, Худонинг исмини мадҳ этиш Унинг Ўзини мадҳ этиш билан тенг. Унинг исмини эшитганимизда, У қандай Шахс экани, ҳамма гўзал фазилатлари ва ажойиб ишлари борасида фикр юритамиз. Довуд Отасининг исмини муқаддас деб, мадҳ этишни хоҳлаган. У буни «бутун борлиғи» билан — сидқидилдан қилишни истаган. Шу каби левилар ҳам Яҳовани мадҳ этишган. Улар Унинг муқаддас исми лойиқ бўлган мадҳларни сўзлар билан тўлиқ изҳор этишнинг иложи йўқлигини камтарлик ила тан олишган. (Нахим. 9:5) Шубҳасизки, бу каби камтарлик ила ва чин юракдан айтилган мадҳлар Яҳованинг қалбини қувонтирган. w24.02 9-саҳ., 6-хб.
Пайшанба, 30 октябрь
Нимага эришган бўлсак, келинглар, бундан буён ҳам одат тусига кирган шу тартибга биноан йўл тутайлик. (Филип. 3:16)
Мақсадимизга имконимиз бўлмагани туфайли эриша олмаганимизда, Яҳова бизни муваффақиятсиз деб ҳисобламайди. (2 Кор. 8:12) Тўсиққа ниманидир ўрганиш имконидек қаранг. Эришган мақсадларингизни ёдда сақланг. Муқаддас Китобда: «Аллоҳ адолатсиз эмас. Чунки У... меҳнатингизни унутмайди»,— деб ёзилган. (Иброн. 6:10) Шунинг учун эришган ютуқларингизни ва мақсадларингизни ёдингиздан чиқарманг ва улар ҳақида фикр юритинг. Масалан, бу Яҳова билан дўстлигингизни ривожлантирганингиз, У ҳақда бошқаларга айтаётганингиз ёки сувга чўмганингиз бўлиши мумкин. Ўтмишда жон куйдириб, мақсадингизга эришганингиз каби ҳозир ҳам қўйган маънавий мақсадингиз сари интилишда давом эта оласиз. Яҳованинг кўмаги билан мақсадингизга эриша оласиз. Маънавий мақсад сари интилишда давом этар экансиз, Яҳова сизга қандай кўмаклашаётганини ва баракалар бераётганини кўришни унутманг. (2 Кор. 4:7) Таслим бўлмасангиз, бундан ҳам кўпроқ баракаларга эга бўласиз. (Галат. 6:9) w23.05 31-саҳ., 16–18-хб.