Чоршанба, 29 октябрь
Эй жоним, Яҳовани мадҳ эт, бутун борлиғим Унинг муқаддас исмини мадҳ этсин. (Заб. 103:1)
Худога бўлган севги садоқатли инсонларни Унинг исмини чин юракдан мадҳ этишга ундайди. Шоҳ Довуд шуни тушунганки, Худонинг исмини мадҳ этиш Унинг Ўзини мадҳ этиш билан тенг. Унинг исмини эшитганимизда, У қандай Шахс экани, ҳамма гўзал фазилатлари ва ажойиб ишлари борасида фикр юритамиз. Довуд Отасининг исмини муқаддас деб, мадҳ этишни хоҳлаган. У буни «бутун борлиғи» билан — сидқидилдан қилишни истаган. Шу каби левилар ҳам Яҳовани мадҳ этишган. Улар Унинг муқаддас исми лойиқ бўлган мадҳларни сўзлар билан тўлиқ изҳор этишнинг иложи йўқлигини камтарлик ила тан олишган. (Нахим. 9:5) Шубҳасизки, бу каби камтарлик ила ва чин юракдан айтилган мадҳлар Яҳованинг қалбини қувонтирган. w24.02 9-саҳ., 6-хб.
Пайшанба, 30 октябрь
Нимага эришган бўлсак, келинглар, бундан буён ҳам одат тусига кирган шу тартибга биноан йўл тутайлик. (Филип. 3:16)
Мақсадимизга имконимиз бўлмагани туфайли эриша олмаганимизда, Яҳова бизни муваффақиятсиз деб ҳисобламайди. (2 Кор. 8:12) Тўсиққа ниманидир ўрганиш имконидек қаранг. Эришган мақсадларингизни ёдда сақланг. Муқаддас Китобда: «Аллоҳ адолатсиз эмас. Чунки У... меҳнатингизни унутмайди»,— деб ёзилган. (Иброн. 6:10) Шунинг учун эришган ютуқларингизни ва мақсадларингизни ёдингиздан чиқарманг ва улар ҳақида фикр юритинг. Масалан, бу Яҳова билан дўстлигингизни ривожлантирганингиз, У ҳақда бошқаларга айтаётганингиз ёки сувга чўмганингиз бўлиши мумкин. Ўтмишда жон куйдириб, мақсадингизга эришганингиз каби ҳозир ҳам қўйган маънавий мақсадингиз сари интилишда давом эта оласиз. Яҳованинг кўмаги билан мақсадингизга эриша оласиз. Маънавий мақсад сари интилишда давом этар экансиз, Яҳова сизга қандай кўмаклашаётганини ва баракалар бераётганини кўришни унутманг. (2 Кор. 4:7) Таслим бўлмасангиз, бундан ҳам кўпроқ баракаларга эга бўласиз. (Галат. 6:9) w23.05 31-саҳ., 16–18-хб.
Жума, 31 октябрь
Отам сизларни севади, чунки сизлар мени севиб, Худонинг вакили сифатида келганимга ишондингиз. (Юҳан. 16:27)
Яҳова Унга қадрли бўлган инсонларга улардан мамнун эканини намоён этишни яхши кўради. Муқаддас Ёзувларда У Исо Унинг севикли Ўғли ва ундан мамнун эканини айтган иккита вазиятни ўқиймиз. (Мат. 3:17; 17:5) Яҳова сиздан ҳам мамнун эканини айтишини истармидингиз? Ҳозирги кунда Яҳова бизга осмондан туриб гапирмаса-да, Каломи орқали гапиради. Инжилда Исонинг сўзларини ўқиганимизда, Яҳова маъқуллаб айтган сўзларини «эшитишимиз» мумкин. У Отасининг шахсиятини мукаммал тарзда акс эттирган. Шунинг учун Исо номукаммал, аммо садоқатли издошларидан мамнун эканини айтгани ҳақида ўқиганимизда, ўша сўзларни Яҳова бизга айтаётганини тасаввур қилсак бўлади. (Юҳан. 15:9, 15) Қийинчиликлар пайдо бўлганда, улар Яҳова биздан мамнун эмаслигини англатмайди. Аксинча, бу Яҳовага бўлган севгимиз қанчалик кучли эканини ва Унга таянаётганимизни исботлашнинг имконидир. (Ёқб. 1:12) w24.03 28-саҳ., 10-, 11-хб.