Шоҳимиз Масиҳга садоқат ила хизмат қиламиз
1, 2. Исо Масиҳ милодий 33 йилда тўлиқ шоҳлик қилишни бошламаганлигини қаердан биламиз?
«Унга ҳукмронлик, улуғворлик ва шоҳлик берилди. Барча халқлар, элатлар ва уруғлар унга бўйсунишди» (ДОНИЁР 7:14).
ҚАЙСИ ҳукмдор фуқаролари учун ўлиши ва қайта тирилиб, яна шоҳлик қилиши мумкин? Қайси шоҳ ер юзида яшаб фуқароларининг ишончини қозониши, уларда садоқат ҳиссини уйғотиши, кейин эса осмондан туриб ҳокимлик қилиши мумкин? Бундай қилишга қодир бўлган ягона кимса — Исо Масиҳдир (Луқо 1:32, 33). У ўлимдан тирилиб, осмонга кўтарилгандан сўнг, милодий 33 йилнинг Ҳосил байрами куни, Худо уни «имонлилар жамоатига бош қилиб қўйди» (Эфесликларга 1:20-22; Ҳаворийлар 2:32-36). Шу йўсин Масиҳ ҳокимлик қила бошлади, аммо тўлиқ тарзда эмас. Унинг илк издошлари муқаддас руҳ билан мойланган масиҳчилар бўлишган (Галатияликларга 6:16; Колосаликларга 1:13).
2 Милодий 33 йилнинг Ҳосил байрами кунидан қарийб 30 йил ўтгач, ҳаворий Павлус, Исо Масиҳга шоҳлик ҳали тўлиғича берилмаган, балки у «Худонинг ўнг томонида абадий ўтириб... ўша вақтдан бери У душманларининг Ўз оёқлари остига йиқилиб қолишларини кутмоқда», деб айтди (Ибронийларга 10:12, 13). Сўнг, І асрнинг охирида ҳаворий Юҳаннога ваҳий юборилиб, унда Сарвари Олам Яҳова Исо Масиҳни самовий Шоҳликка шоҳ этиб тайинлаётгани кўрсатилган эди (Ваҳий 11:15; 12:1-5). Ҳозир эса биз ажойиб пайтда яшаяпмиз, чунки 1914 йилдан буён Масиҳ осмонда ҳукмронлик қилаётганининг далилларини кўриб турибмизa.
3. а) Шоҳлик ҳақидаги хушхабар 1914 йилдан бери қандай ўзгача тарзда ваъз қилинмоқда? б) Ўзимизга қандай саволлар беришимиз мумкин?
3 Чиндан ҳам, 1914 йилдан бери Шоҳлик тўғрисидаги хушхабар ўзгача тарзда ваъз қилинмоқда. Масиҳ самовий тахтга ўтириб, «душманлари ўртасида» бошқармоқда (Забур 109:1, 2; Матто 24:14; Ваҳий 12:7-12). Бундан ташқари, Масиҳнинг садоқатли издошлари ер юзи бўйлаб Муқаддас Китоб асосида таълим бериш фаолиятида қатнашиб, унинг йўл-йўриғига риоя қилишяпти (Дониёр 7:13, 14; Матто 28:18). «Худо ҳокимиятидаги одамлар» бўлмиш, мойланганлар «Масиҳ учун элчилик» қилишмоқда. Масиҳнинг кўплаб «бошқа қўйлари» эса, садоқат ила уларни қўллаб-қувватлашяпти (Матто 13:38; 2 Коринфликларга 5:20; Юҳанно 10:16). Шундай бўлса-да, ҳар биримиз Масиҳнинг ҳокимиятига бўлган садоқатимизни текширишимиз лозим. Биз бу ҳокимиятга бутунлай садоқатлимизми? Осмонда бошқараётган Шоҳга қандай қилиб садоқатимизни кўрсатишимиз мумкин? Келинг, дастлаб Масиҳга содиқ бўлишимизнинг қандай сабаблари борлигини кўриб чиқайлик.
Садоқатимизга арзийдиган Шоҳ
4. Ҳазрати Исо ер юзида бўлганида, бўлажак Ҳукмдор сифатида нималар қилишини кўрсатди?
4 Масиҳга бўлган садоқатимиз, унинг мисли кўрилмаган ишларию хислатларига нисбатан миннатдорликка асосланган (1 Бутрус 1:8). Ҳазрати Исо ер юзида бўлганида, у келажакда Шоҳ этиб тайинланган вақтда нималар қилишини кўрсатди. У очларни тўйдирган, кўрларни, карларни, соқовларни ва бошқа касаллиги борларни соғайтирган. У шунингдек баъзи ўлганларни ҳаётга қайтарган эди (Матто 15:30, 31; Луқо 7:11-16; Юҳанно 6:5-13). Бундан ташқари, Исонинг ер юзидаги ҳаёти ҳақидаги билим, у келажакда Ҳукмдор сифатида қандай фазилатларни, яъни биринчи навбатда фидокорона севгисини намоён этишини тасаввур қилишимизга имкон яратади (Марк 1:40-45). Бунга нисбатан Наполеон Бонапарт бундай сўзларни айтган эди: «Искандар, Цезарь, Буюк Карл ва мен буюк империялар бунёд этганмиз; лекин биз ўз истеъдодимизнинг самарасини қудратга асослаган эдик. Фақатгина Исо Масиҳ ўз Шоҳлигини севгига асослади ва ҳатто бугунга қадар миллионлаб одамлар ўз жонларини унга фидо қилишга тайёрлар».
5. Нима учун инсонлар Исога интилишарди?
5 Исо алайҳиссалом камтарин ва беозор бўлганлиги сабабли, унинг ажойиб хислатларию таълимотлари турмуш қийинчиликлари билан эзилган одамларга таскин берган (Матто 11:28-30). Ҳатто болалар ҳам унинг ёнида бўлишни ёқтиришарди. Самимий, камтарин кишилар ҳам, унинг шогирди бўлишдан хурсанд эдилар (Матто 4:18-22; Марк 10:13-16). Шунингдек, кўпгина художўй аёллар, Исонинг самимий ва ҳурматли муомаласини кўриб, унинг издошлари бўлишар эди. Улардан баъзилар эса Исонинг хизматига ёрдам бериш ниятида ўз вақтлари, кучлари ва мол-мулкларини сарф қилишарди (Луқо 8:1-3).
6. Лазар вафот этганида, Исо қандай ҳис-туйғуларни намоён этди?
6 Исонинг яқин дўсти Лазар вафот этганида, у нақадар ҳис-туйғуларга бой эканлиги кўринди. Марям ва Мартанинг қайғуси Исони шу қадар таъсирлантирдики, қалби ҳаяжонга тўлиб, «кўзи ёшланди». Гарчи Исо Лазарни тирилтира олишини билса-да, у «қаттиқ изтиробга тушди, кўнгли ўртаниб кетди». Сўнг Исо меҳр-муҳаббат ва ҳамдардлик ила Худо берган қудратидан фойдаланиб, Лазарни тирилтирди (Юҳанно 11:11-15, 33-35, 38-44).
7. Нима учун Исо Масиҳ садоқатимизга арзийди? (Шунингдек «Масиҳнинг машҳур хислатлари» сарлавҳали маълумотга қаранг.)
7 Исонинг адолатга бўлган севгиси ва иккиюзламачилигу, қонунсизликка бўлган нафрати, бизда эҳтиром ҳиссини уйғотади. У икки маротаба маъбаддан очкўз сотувчиларни қувиб чиқарди (Матто 21:12, 13; Юҳанно 2:14-17). Бундан ташқари, Исо ер юзида бўлганида турли қийинчиликларга дуч келиб, азоб-уқубат ва машаққат чеккан (Ибронийларга 5:7-9). Исо алайҳиссалом шунингдек, адолатсизлик ва нафратнинг қурбони бўлиш нима эканлигини ҳис этган (Юҳанно 5:15-18; 11:53, 54; 18:38-19:16). Охир оқибат, у Худонинг иродасини бажариш ва фуқароларига абадий ҳаётни ато этиш учун азоб чекиб ўлди (Юҳанно 3:16). Наҳотки Масиҳнинг бундай фазилатлари, бундан буён ҳам унга садоқат ила хизмат қилишга ундамаса? (Ибронийларга 13:8; Ваҳий 5:6-10). Лекин Масиҳнинг фуқароси бўлиш учун нима талаб қилинади?
Қандай қилиб Масиҳнинг фуқароси бўлиш мумкин
8. Масиҳнинг фуқароларидан нима талаб қилинади?
8 Масалан, агар одам бошқа давлатнинг фуқароси бўлмоқчи бўлса, у муайян талабларга мос келиши керак. Балки ундан яхши хулқ-атворли бўлиши ва тиббий кўрикдан ўтиши талаб қилиниши мумкин. Худди шундай, Масиҳнинг фуқаролари ҳам ахлоқли ва маънан соғлом инсон бўлишлари керак (1 Коринфликларга 6:9-11; Галатияликларга 5:19-23).
9. Масиҳга бўлган садоқатимизни қандай исботлашимиз мумкин?
9 Бундан ташқари, Исо Масиҳ ўз фуқароларидан унга ва Шоҳлигига нисбатан садоқатли бўлишларини кутади. Улар ўз садоқатини, Исо ер юзида бўлганида ўргатган таълимотларга мувофиқ яшашлари билан исботлайдилар. Бу билан улар бойлик орттириш пайидан бўлмай, балки Худонинг иродасини бажаришни биринчи ўринга қўядилар (Матто 6:31-34). Улар ҳатто энг оғир вазиятларда ҳам яхши фазилатларни намоён этишга ҳаракат қиладилар (1 Бутрус 2:21-23). Боз устига, Масиҳнинг фуқаролари бошқаларга биринчи бўлиб яхшилик қилиб, унинг ўрнагига эргашишади (Матто 7:12; Юҳанно 13:3-17).
10. Масиҳга бўлган садоқатни қандай қилиб а) оилада, б) жамоатда кўрсатиш мумкин?
10 Шунингдек, Исо издошларининг садоқати, оилада унинг фазилатларини акс эттиришларида кўринади. Масалан, эрлар хотини ва болалари билан муомала қилганда, яхши фазилатларни намоён этиб, самовий Шоҳга садоқатларини тасдиқлайдилар (Эфесликларга 5:25, 28-30; 6:4; 1 Бутрус 3:7). Хотинлар эса садоқатларини, покиза хулқ-атвори ҳамда «ювош ва сокин руҳ» билан кўрсатишади (1 Бутрус 3:1-4; Эфесликларга 5:22-24). Болаларнинг Масиҳга бўлган садоқати эса, уларнинг итоаткорлигидан билинади. Исо болалик чоғида, номукаммал ота-онасига итоаткор бўлган (Луқо 2:51, 52; Эфесликларга 6:1). Исонинг фуқаролари, унга тақлид қилаётиб, «ҳамдард бўлинглар, бир-бирингизни биродарларча севинглар. Бир-бирингизга меҳр-шафқатли ва камтар бўлинглар», деган унинг маслаҳатига риоя қилишга ҳаракат қилишади. Улар Исо каби «ёмонликка ёмонлик, ҳақоратга ҳақорат билан жавоб қайтаришмайди» (1 Бутрус 3:8, 9; 1 Коринфликларга 11:1).
Қонунга итоаткор фуқаролар
11. Масиҳнинг фуқаролари қайси амрларга бўйсунишади?
11 Бирор бир давлатнинг фуқароси бўлмоқчи бўлган инсон, ўша ернинг қонунларига риоя қилганлиги сингари, Исонинг фуқаролари ҳам «Масиҳнинг Қонунига» итоат этишади. Улар ҳаётда унинг таълимотлари ва амрларига бўйсунишади (Галатияликларга 6:2). Масалан, улар севгига асосланган «Шоҳ амрига» риоя қилишади (Ёқуб 2:8). Бу амрлар нимани англатади?
12, 13. Қандай қилиб «Масиҳнинг Қонунини» садоқат ила бажаришимиз мумкин?
12 Тўғри, Масиҳнинг фуқаролари номукаммал ва гуноҳкорлар (Римликларга 3:23). Шу сабабли улар «бир-бирини чин юракдан, ихлос билан севишлари» учун, «самимий биродарлик муҳаббатини» ривожлантиришлари керак (1 Бутрус 1:22). «Агар бир киши иккинчисидан хафа бўлса», масиҳчилар «бир-бирига нисбатан чидамли ва кечиримли бўлиб», Масиҳнинг қонунига амал қилишади. Ушбу қонунга бўйсуниш, бошқаларнинг камчиликларига аҳамият бермасликка, балки бир-бирига меҳр-муҳаббат кўрсатишга ёрдам беради. Меҳрибон Шоҳимизга садоқат ила итоат этиб, «камолот чўққиси» бўлмиш муҳаббатни намоён этадиган имондошларимиз борлигига нақадар миннатдормиз! (Колосаликларга 3:13, 14).
13 Бундан ташқари, Исонинг кўрсатган севгиси, одатда одамлар бир-бирига намоён этадиган муҳаббатдан юксакроқ эканини тушунтирди (Юҳанно 13:34, 35). Агар бизни севадиганларнигина севсак, «қандай фазилатли иш қилган бўламиз»? Бундай ҳолда севгимиз етук эмас, балки нуқсонли бўлади. Исо Масиҳ бизга Яҳова Таолонинг севгисини намуна сифатида келтирган. Ҳа, бундай севги ҳатто биздан нафратланган ва қувғин қилаётганларга ҳам қаратилган (Матто 5:46-48). Бундай севги шунингдек, Шоҳлик фуқароларини асосий вазифаларини садоқат ила бажаришга рағбатлантиради. Бу вазифага нима киради?
Садоқатнинг синалиши
14. Нима учун ваъзгўйлик фаолияти шу қадар муҳим?
14 Ҳозир бизга «Худонинг Шоҳлигини баён этиб гувоҳлик бериш» каби масъулиятли вазифа берилган (Ҳаворийлар 28:23). Модомики Масиҳий Шоҳлик Яҳованинг Сарвари Олам эканлигини тасдиқлар экан, бу вазифани бажариш жуда муҳим (1 Коринфликларга 15:24-28). Биз ваъз қилаётган одамлар Худо Шоҳлигининг фуқаролари бўлиш имкониятига эгалар. Шунингдек, Шоҳ Масиҳ инсонларни, улар ушбу хабарга қандай муносабатда бўлиши асосида ҳукм қилади (Матто 24:14; 2 Салоникаликларга 1:6-10). Демак биз, Масиҳга бўлган садоқатимизни, асосан Шоҳлик ҳақида ваъз қилиш топшириғини бажариш билан намоён этамиз (Матто 28:18-20).
15. Нима учун масиҳчиларнинг садоқатлари синалмоқда?
15 Албатта, Шайтон турли усуллар билан ваъзгўйлик ишига тўсқинлик қиляпти ва инсоний ҳукмдорлар Масиҳнинг ҳукмдорлигини тан олишмаяпти (Забур 2:1-3, 6-8). Шунинг учун Исо шогирдларини: «Қул ўз хўжайинидан юқори бўлмас, деган сўзимни эсланглар. Агар Мени қувғин қилган бўлсалар, сизларни ҳам қувғин қиладилар»,— деб огоҳлантирган эди (Юҳанно 15:20). Хуллас, Исонинг умматлари уларнинг садоқати синаладиган руҳий жангда иштирок этишмоқда (2 Коринфликларга 10:3-5; Эфесликларга 6:10-12).
16. Қандай қилиб Шоҳликнинг фуқаролари «Худонинг ҳақини Худога беришади»?
16 Гарчи Худо Шоҳлигининг фуқаролари ўз кўринмас подшоҳларига содиқ бўлишса-да, инсоний ҳокимиятга ҳурматсизлик қилишмайди (Титусга 3:1, 2). Ҳазрати Исо: «Қайсарнинг ҳақини Қайсарга, Худонинг ҳақини Худога беринглар»,— деган эди (Марк 12:13-17). Шунинг учун Масиҳнинг фуқаролари Худонинг амрларига зид бўлмаган давлат қонунларига бўйсунишади (Римликларга 13:1-7). Бироқ, яҳудий олий маҳкамаси Худонинг қонунларига қарши чиқиб, Исонинг шогирдларига ваъз қилишни ман этганларида, улар қатъиятли равишда, лекин ҳурмат-эҳтиром билан: «Одамлардан кўра Худога кўпроқ итоат қилиш керак»,— деб айтишди (Ҳаворийлар 1:8; 5:27-32).
17. Нима учун садоқатимиз синалганда, жасорат талаб этилади?
17 Дарҳақиқат, қувғинларга дуч келганда Масиҳнинг содиқ фуқаролари бўлиб қолиш учун, жасорат талаб этилади. Аммо Исо алайҳиссалом: «Мен туфайли одамлар сизни ҳақоратлаб қувғин этса, сиз ҳақда ёлғон гапириб фисқу ғийбат қилса, бахтлисиз! Севининглар ва хурсанд бўлинглар, чунки сизга осмон мукофоти буюк»,— деб айтган эди (Матто 5:11, 12). Масиҳнинг илк издошлари бу сўзларнинг ҳақлигини ўзларида ҳис этишди. Улар Шоҳлик ҳақида ваъз қилишгани учун, калтакланишган бўлишса-да, улар «Исо номи учун ҳақоратга сазовор бўлдик, деб қувониб... ҳар куни маъбадда ва хонадонларда таълим бериш, Исо Масиҳ ҳақидаги Хушхабарни ёйишдан тинмас эдилар» (Ҳаворийлар 5:41, 42). Сиз ҳам қийинчилик, касаллик, яқиндан жудо бўлиш ва қувғинлар каби синовларга қарамай хизматингизни давом эттираётганингиз учун мақтовларга сазоворсиз (Римликларга 5:3-5; Ибронийларга 13:6).
18. Исонинг Пўнтий Пилатга айтган сўзлари нимани англатади?
18 Исо Масиҳ ер юзида бўлганида, Рим ҳукмдори Пўнтий Пилатга: «Менинг Шоҳлигим бу дунёдан эмас. Агар Шоҳлигим бу дунёдан бўлганда эди, яҳудий мансабдорлари қўлига тушмаслигим учун қаролларим курашар эдилар. Бироқ энди Менинг Шоҳлигим бу ердан эмас»,— деб айтган эди (Юҳанно 18:36). Самовий Шоҳлик фуқаролари на жанг қилиш учун қўлларига қурол олишади, на инсоний низоларда бирор томоннинг тарафини олишади. Тинчлик Ҳукмронига садоқатли бўлиб, улар сиёсий ишларда бетараф бўлишади (Ишаё 2:2-4; 9:6, 7).
Садоқатли фуқароларнинг абадий қут-баракалари
19. Нима сабабдан Шоҳликнинг фуқаролари келажакка умид билан қарашмоқда?
19 «Шоҳаншоҳ» бўлмиш Исонинг садоқатли фуқаролари келажакка умид билан қарашади. Улар Исонинг Худодан олган қудратини намоён этадиган кунни орзиқиб кутишмоқда (Ваҳий 19:11-20:3; Матто 24:30). Садоқатли мойланганлар осмонда Масиҳ билан биргаликда шоҳлик қилиш каби қимматбаҳо мукофотга эга бўлишади (Матто 13:38; Луқо 12:32). Масиҳнинг садоқатли «бошқа қўйлари» Шоҳларининг: «Эй, Менинг Отамнинг олқаганлари, келинглар! Дунё яратилганидан бери сизлар учун мерос сифатида тайёрлаб қўйилган Шоҳликни [ер юзида бўладиган Жаннатни] эгаллангиз»,— каби сўзларини эшитадиган кунни сабрсизлик билан кутишмоқда (Юҳанно 10:16; Матто 25:34). Шундай экан, келинг Подшоҳ Масиҳга бундан буён ҳам садоқат ила хизмат қилайлик!
[Изоҳ]
a Яҳованинг Шоҳидлари томонидан нашр этилган «Муқаддас Китоб таълимотлари» китобининг 215-218-саҳифалардаги «1914 йил — Муқаддас Китоб башоратига кўра энг муҳим сана» номли иловасига қаранг
Тушунтириб бера оласизми?
• Нима учун Масиҳ садоқатимизга арзийди?
• Қандай қилиб Масиҳнинг фуқаролари ўз садоқатларини намоён этишади?
• Нима сабабдан Подшоҳимиз Масиҳга садоқатли бўлишни истаймиз?
[Рамка]
МАСИҲНИНГ МАШҲУР ХИСЛАТЛАРИ
Беғаразлик (Юҳанно 4:7-30).
Ҳамдардлик (Матто 9:35-38; 12:18-21; Марк 6:30-34).
Фидокорона севги (Юҳанно 13:1; 15:12-15).
Садоқат (Матто 4:1-11; 28:20; Марк 11:15-18).
Раҳмдиллик (Марк 7:32-35; Луқо 7:11-15; Ибронийларга 4:15, 16).
Ақл-идрок (Матто 15:21-28).
w06-UZ 5/1c
12—18 ИЮН Қўшиқлар: 168, 209