21-ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ
21-ҚЎШИҚ Шоҳликни устун қўяйлик
Доимий шаҳарни кутинг
Келажакдаги шаҳарни сабрсизлик билан кутяпмиз. (ИБРОН. 13:14)
АСОСИЙ ФИКР
Ибронийларга 13-боб бизга ҳозир ва келажакда қандай фойда келтириши мумкинлигини кўриб чиқамиз.
1. Исо биринчи асрда Қуддус билан нима бўлишини башорат қилган?
ЎЛИМИДАН бир неча кун олдин Исо Масиҳ издошларига муайян тафсилотлари бор бир башорат айтган. Бу башорат Қуддус ва ундаги маъбад вайрон бўлганида илк бор амалга ошган. У бир кун келиб «ҳарбийлар Қуддуснинг атрофида қароргоҳ» қуриши ҳақида огоҳлантирган. (Луқо 21:20) Исо издошларига улар ҳарбийларни кўришганида дарҳол Яҳудиядан қочишни айтган. Исонинг сўзлари амалга ошди ва Рим қўшини Қуддусни ўраб олди. (Луқо 21:21, 22)
2. Ҳаворий Павлус Яҳудия ва Қуддусдаги иброний масиҳийларга қандай маслаҳат берган?
2 Рим қўшини Қуддусни ўраб олишидан бир неча йил аввал ҳаворий Павлус муҳим хабарни ўз ичига олган ва ҳозир Ибронийларга йўлланган мактуб деб танилган китобни ёзган. Ушбу мактубда Павлус Яҳудия ва Қуддусдаги масиҳийларга бўлажак воқеаларга тайёрланишга кўмаклашадиган муҳим маслаҳат берган. Олдинда уларни нима кутаётганди? Қуддус вайрон бўлиш арафасида эди. Агар масиҳийлар омон қолишни исташса, уйлари ва ишларини ташлаб кетишга тайёр бўлишлари керак эди. Шунга Павлус Қуддус шаҳри ҳақида: «Бу ерда бизнинг доимий шаҳримиз йўқ»,— деб ёзган. Кейин у шундай деб қўшиб қўйган: «Шу боис, келажакдаги шаҳарни сабрсизлик билан кутяпмиз». (Иброн. 13:14)
3. «Пойдевори мустаҳкам... шаҳар» нима ва биз уни нега кутяпмиз?
3 Қуддус ва Яҳудияни тарк этишга қарор қилган масиҳийлар, ҳойнаҳой, ҳақорат ва масхарага учраган, аммо бу қарори уларнинг ҳаётини сақлаб қолган. Бугунги кунда одамларга таянмаётганимиз ва бу дунёда хавфсиз ҳамда қулай ҳаёт кечиришга интилмаётганимиз учун бизни ҳам масхара қилишяпти. Унда нега биз бундай қарор қиляпмиз? Чунки бу дунё вақтинчалик эканини биламиз. Биз «пойдевори мустаҳкам... шаҳарни», яъни Худонинг Шоҳлигини кутяпмизa. (Иброн. 11:10; Мат. 6:33) Ушбу мақоладаги ҳар бир сарлавҳада қуйидагиларни кўриб чиқамиз: 1) қандай қилиб Павлуснинг илоҳий илҳом остида берган маслаҳати биринчи асрдаги масиҳийларга «келажакдаги шаҳарни» кутишга ёрдам берган? 2) Павлус уларни бўлажак воқеаларга қандай тайёрлаган? 3) Унинг маслаҳати бугун бизга қандай ёрдам беради?
СИЗНИ АСЛО ТАРК ЭТМАЙДИГАН ШАХСГА ИШОНИНГ
4. Нега Қуддус масиҳийлар учун катта аҳамиятга эга бўлган?
4 Қуддус масиҳийлар учун катта аҳамиятга эга эди. Мил. 33 йили ушбу шаҳарда илк масиҳийлар жамоатига асос солинганди ва етакчи кенгашдаги биродарлар ҳам шу ерда яшашарди. Бундан ташқари, Қуддусда кўп масиҳийларнинг уй-жойи ва мол-мулки бор эди. Бироқ Исо издошларини улар Қуддусдан ва ҳатто Яҳудиядан чиқиб кетишлари керак бўлиши ҳақида огоҳлантирганди. (Мат. 24:16)
5. Павлус масиҳийларни бўлажак воқеаларга қандай тайёрлаган?
5 Масиҳийларни бўлажак воқеаларга тайёрлаш учун Павлус уларнинг диққатини Яҳова Қуддус шаҳрига қандай муносабатда эканига қаратган. Павлус уларга маъбад, руҳонийлик ва Қуддусда келтирилаётган қурбонликларни Яҳова энди муқаддас деб билмаслигини эслатган. (Иброн. 8:13) Шаҳарнинг аксарият аҳолиси Масиҳни рад этганди. Қуддусдаги маъбад ортиқ Яҳовага пок тарзда топинишнинг маркази эмасди ва яқинда вайрон қилиниши керак эди. (Луқо 13:34, 35)
6. Нима учун Павлуснинг Ибронийларга 13:5, 6 даги маслаҳати масиҳийларга ўз вақтида берилган деб айта оламиз?
6 Павлус ибронийларга мактуб ёзганида Қуддус гуллаб-яшнаётган шаҳар эди. Ўша даврда яшаган бир римлик ёзувчи Қуддусни «Шарқдаги шаҳарлар ичида энг машҳури» деб атаган. Ҳар йили турли юртларда яшовчи яҳудийлар байрамларни нишонлаш учун Қуддусга келишган, бу эса иқтисодиёт равнақ топишига ҳисса қўшган. Бу туфайли айрим масиҳийлар ҳам кўп пул ишлаганга ўхшайди. Эҳтимол, шунинг учун Павлус уларга: «Пулпарастликдан холи кун кечиринглар. Борига шукур қилинглар»,— дегандир. Кейин у Яҳова ҳар бир хизматчисини ишонтириш учун айтган сўзлардан қуйидагича иқтибос келтирган: «Сени ҳечам ташлаб кетмайман ва асло тарк этмайман». (Ибронийларга 13:5, 6 ни ўқинг; Қонун. 31:6; Заб. 118:6) Кейинроқ Қуддусда ва Яҳудияда яшаётган масиҳийлар бу ишонтиришга муҳтож бўлишган. Нега? Чунки бу мактубни олганларидан кўп ўтмай, улар уйлари, ишлари ва аксарият мол-мулкини қолдириб кетишга мажбур бўлишган. Кейин улар бегона жойда янги ҳаёт бошлашларига тўғри келган, бу эса осон эмасди.
7. Нима учун Яҳовага бўлган ишончимизни ҳозирдан мустаҳкамлашимиз керак?
7 Биз учун сабоқ. Яқинда нима юз беради? «Буюк мусибат» бошланади ва бу ёвуз дунёга чек қўйилади. (Мат. 24:21) Биринчи асрдаги масиҳийлар каби биз ҳам ҳушёр ва тайёр туришимиз керак. (Луқо 21:34–36) Буюк мусибат пайтида Яҳова халқини асло тарк этмаслигига тўлиқ ишониб, айрим ёки бор нарсаларимизни ташлаб кетишимизга тўғри келиши мумкин. Ҳозирданоқ, яъни буюк мусибат бошланишидан олдин Яҳовага қанчалик ишонаётганимизни кўрсатиш имконига эгамиз. Ўзингиздан шундай сўранг: «Ишларим ва мақсадларим бойликка эмас, менга ғамхўрлик қилишни ваъда берган Худога ишонаётганимни кўрсатяптими?» (1 Тим. 6:17) Ўтмишда яшаган масиҳийларнинг ўрнаги «буюк мусибат» пайтида садоқатли қолишимизга ёрдам бериши мумкин. Аммо бу мусибат масиҳийлар бошдан кечирган ҳар қандай қийинчиликдан анча мушкулроқ бўлади. Буюк мусибат бошланганида айнан нима қилиш кераклигини қандай билиб оламиз?
РАҲБАРЛИКНИ ЗИММАСИГА ОЛГАНЛАРГА ИТОАТКОР БЎЛИНГ
8. Исо шогирдларига қандай кўрсатма берганди?
8 Павлуснинг ибронийларга йўллаган мактубини олганларидан бир неча йил ўтиб, масиҳийлар Рим қўшини Қуддусни қуршаб олганини кўришган. Бу юз берганида масиҳийлар Қуддус ва Яҳудиядан қочиш вақти келганини тушунишган. Сабаби тез орада Қуддус шаҳри вайрон бўлиши керак эди. (Мат. 24:3; Луқо 21:20, 24) Лекин улар қаерга қочишлари керак эди? Ахир Исо шунчаки: «Яҳудияда бўлганлар тоғларга қочсин»,— деб айтганди. (Луқо 21:21) Ўша ҳудудда тоғлар кўп эди. Унда масиҳийлар қайси тоққа қочишни қандай аниқлашган?
9. Нима учун масиҳийлар қайси тоққа қочишни ўйлаб, бош қотирган бўлиши мумкин? (Харитага ҳам қаранг.)
9 Масиҳийлар қочиши мумкин бўлган айрим тоғларни кўриб чиқайлик: Самария тоғлари, Жалиладаги тоғлар, Хермон тоғи, Ливан тоғлари ва Иордан дарёсининг нариги томонидаги тоғлар. (Харитага қаранг.) Ўша тоғли ҳудудлардаги айрим шаҳарлар ниҳоятда хавфсиз туюлган бўлиши мумкин. Масалан, Гамла шаҳри баланд тоғнинг чўққисида жойлашган эди ва у ерга етиб бориш ниҳоятда қийин эди. Айрим яҳудийлар бу шаҳарни қочиш учун энг зўр жой деб ҳисоблашган. Бироқ Гамлада яҳудийлар ва римликлар ўртасида аёвсиз жанг бўлган ва унинг аксарият аҳолиси ўлдирилганb.
Илк масиҳийлар қочиши мумкин бўлган кўплаб тоғлар бор эди, аммо уларнинг ҳаммаси ҳам хавфсиз эмасди (9-хатбошига қаранг.)
10, 11. а) Яҳова масиҳийларга йўл-йўриқни қандай берган бўлиши мумкин? (Ибронийларга 13:7, 17) б) Бошчиликни зиммасига олганларга қулоқ солиш масиҳийларга қандай фойда келтирган? (Расмга ҳам қаранг.)
10 Кўриняптики, Яҳова масиҳийларни жамоатда бошчиликни зиммасига олганлар орқали йўналтирган. Евсевий исмли тарихшунос кейинроқ шундай деб ёзган: «Қуддусдаги жамоат Худонинг иродаси билан ишончли кишиларга берилган ваҳий олди; уларга уруш бошланишидан олдин шаҳардан кўчиш ва Переянинг Пелла шаҳрига жойлашиш... буюрилди». Пелла масиҳийлар қочиши учун энг яхши жой бўлганга ўхшайди. Бу шаҳар Қуддусдан унча узоқ бўлмагани учун у ерга етиб бориш осонроқ эди. Қолаверса, Пелланинг аксарият аҳолиси яҳудий бўлмаган, шунга улар римликларга қарши курашишга ҳаракат қилишмаган. (Харитага қаранг.)
11 Тоғларга қочган масиҳийлар Павлуснинг жамоатда «раҳбарликни ўз зиммасига олганларга итоаткор» бўлиш ҳақидаги маслаҳатига амал қилишган. (Ибронийларга 13:7, 17 ни ўқинг.) Натижада Худонинг халқи омон қолган. Тарих шуни тасдиқлаяптики, Худо «пойдевори мустаҳкам... шаҳарни», яъни Худонинг Шоҳлигини кутаётганларни асло тарк этмайди. (Иброн. 11:10)
Пелла ягона хавфсиз жой бўлган (10-, 11-хатбошиларига қаранг.)
12, 13. Қийин пайтларда Яҳова халқига қай йўсин йўл-йўриқ берди?
12 Биз учун сабоқ. Яҳова бошчиликни зиммасига олганлар орқали халқига муайян йўл-йўриқ беради. Муқаддас Ёзувларда қандай қилиб Яҳова қийин пайтларда халқини йўналтириш учун чўпонларни тайинлаганининг мисоллари жуда кўп. (Қонун. 31:23; Заб. 77:20) Бугунги кунда ҳам Яҳова бошчиликни зиммасига олганлардан фойдаланаётганининг яққол тасдиғини кўряпмиз.
13 Масалан, COVID-19 пандемияси бошланганида «раҳбарликни ўз зиммасига олганлар» жамоатларга керакли йўл-йўриқлар беришди. Оқсоқоллар биродару опа-сингилларининг маънавий эҳтиёжларига ғамхўрлик қилиш борасида кўрсатмалар олишди. Пандемия бошланганидан кўп ўтмай биз Интернет, телевидение ва радио орқали 500 дан ортиқ тилларда тарихий анжуман ўтказдик. Маънавий озуқа оқими тўхтаб қолмади. Натижада бирлигимизни сақлаб қолдик. Келажакда қандай қийинчиликларга дуч келмайлик, шунга аминмизки, Яҳова раҳбарликни зиммасига олганларга доно қарорлар чиқаришга ёрдам беришда давом этади. Яҳовага ишониш ва Унинг амрларига бўйсунишдан ташқари яна қайси фазилатлар буюк мусибатга ҳамда бутун ер юзини ларзага соладиган даврга тайёрланишимизга кўмаклашади?
БИРОДАРЛИК СЕВГИСИ ВА МЕҲМОНДЎСТЛИКНИ НАМОЁН ЭТИНГ
14. Ибронийларга 13:1–3 га кўра, Қуддус вайрон қилинишидан олдин масиҳийлардан қайси фазилатларни намоён этиш кутилган?
14 Буюк мусибат бошланганида бир-биримизга ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ севги кўрсатишимиз кутилади. Бу борада Қуддус ва Яҳудияда яшаган масиҳийларнинг ўрнагига тақлид қилишимиз керак бўлади. Улар бир-бирига доим севги кўрсатишган. (Иброн. 10:32–34) Бироқ Қуддус вайрон қилинишидан бир неча йил аввал масиҳийлар биродарлик севгиси ва «меҳмондўстлик»ни янада кўпроқ намоён этишлари керак эдиc. (Ибронийларга 13:1–3 ни ўқинг.) Замонанинг охири яқинлашар экан, биздан ҳам худди шундай қилиш кутилади.
15. Нима учун иброний масиҳийлар қочиб кетишганидан кейин биродарлик севгиси ва меҳмондўстликни намоён этишлари керак эди?
15 Рим қўшини Қуддусни қуршаб олганида ва кейин тўсатдан ортга чекинганида, масиҳийлар шаҳардан қочиб кетаётиб, ўзлари билан фақат оз нарса олишган. (Мат. 24:17, 18) Тоғларга қочаётиб ҳамда янги уйларига ўрнашаётиб, улар бир-бирига ёрдам беришлари керак эди. Масиҳийларнинг кўплаб «зарурий эҳтиёжлари» бўлгани шубҳасиз, бу эса уларга бир-бирини қўллаб-қувватлаш ва борини бўлишиш орқали ўзаро самимий биродарлик севгиси ҳамда меҳмондўстликни кўрсатиш имконини берган. (Титус. 3:14)
16. Ёрдамга муҳтож имондошларимизга севгимизни қандай кўрсата оламиз? (Расмга ҳам қаранг.)
16 Биз учун сабоқ. Имондошларимиз ёрдамимизга муҳтож бўлишганида севги бизни уларни қўллаб-қувватлашга ундайди. Масалан, Худонинг халқидаги кўплар уруш ва табиий офатлар дастидан қочишга мажбур бўлган биродару опа-сингилларининг маънавий ва моддий эҳтиёжларига тайёрлик ила ғамхўрлик қилишди. Уруш туфайли уйини ташлаб кетган украиналик бир опамиз шундай деди: «Яҳованинг қўли биродарларимиз орқали бизни йўналтирганини ва бизга ёрдам берганини ҳис қилдик. Улар Украинада, Венгрияда ва энди бу ерда, Германияда бизга меҳрибонлик кўрсатишди ҳамда роса ёрдам беришди». Биродару опа-сингилларига ёрдам бераётган ҳамда уларнинг эҳтиёжларига ғамхўрлик қилаётганлар Яҳованинг қўлидаги асбоблардир. (Ҳик. 19:17; 2 Кор. 1:3, 4)
Бугунги кунда қочоқ имондошларимиз бизнинг ёрдамимизга муҳтож (16-хатбошига қаранг.)
17. Нега ҳозирданоқ биродарлик севгиси ва меҳмондўстликни ривожлантириш муҳим?
17 Келажакда бундай ёрдамга ҳозиргидан ҳам кўпроқ эҳтиёж бўлиши аниқ. (Хаб. 3:16–18) Яҳова ҳозирданоқ бизга биродарлик севгиси ва меҳмондўстликни ривожлантиришни ўргатяпти. Ўша пайтда бу фазилатлар ниҳоятда муҳим аҳамиятга эга бўлади.
КЕЛАЖАКДА НИМА БЎЛАДИ?
18. Биринчи асрдаги иброний масиҳийларга қандай тақлид қилишимиз мумкин?
18 Тарих шуни кўрсатяптики, тоғларга қочган масиҳийлар Қуддус вайрон қилинганида омон қолишган. Улар шаҳарни тарк этишган, аммо Яҳова уларни ҳеч қачон тарк этмаган. Бизнинг кунларимиз ҳақида нима деса бўлади? Келажакда воқеалар қандай тус олишини билмаймиз. Бироқ Исо бизни итоат қилишга тайёр туриш ҳақида огоҳлантирган. (Луқо 12:40) Шунингдек, Павлус ибронийларга йўллаган мактубида берган маслаҳат ҳозир ҳам биринчи асрдаги каби амалий. Қолаверса, Яҳованинг Шахсан Ўзи бизни ҳечам ташлаб кетмаслигига ва асло тарк этмаслигига кафолат берган. (Иброн. 13:5, 6) Келинг, доимий шаҳримизни, яъни Худонинг Шоҳлигини ҳамда у келтирадиган абадий баракаларни сабрсизлик билан кутайлик. (Мат. 25:34)
157-ҚЎШИҚ Чин тинчлик
a Муқаддас Китоб ёзилган пайтларда шаҳарларни шоҳ бошқарган. Бундай шаҳарни шоҳлик деб ҳисоблаш мумкин эди. (Ибт. 14:2)
b Бу мил. 67 йили, масиҳийлар Яҳудия ва Қуддусдан қочишганидан кўп ўтмай юз берган.
c «Биродарларча севинглар» деб таржима қилинган сўз яқин қариндошларга бўлган севгини англатиши мумкин, бироқ Павлус бу сўзни жамоат ичидаги севги риштасига нисбатан қўллаган.