Қўриқчи минорасининг ОНЛАЙН КУТУБХОНАСИ
Қўриқчи минорасининг
ОНЛАЙН КУТУБХОНАСИ
ўзбекча
  • МУҚАДДАС КИТОБ
  • АДАБИЁТЛАР
  • УЧРАШУВЛАР
  • w25 май 20–25-саҳ.
  • Яҳованинг исми Исо учун қанчалик муҳим?

Танланган маълумот учун видео мавжуд эмас.

Кечирасиз, видеони ижро этишда хатолик юз берди.

  • Яҳованинг исми Исо учун қанчалик муҳим?
  • Қўриқчи минораси Худованд Яҳованинг Шоҳлигини хабарлайди (Тадқиқ сони) – 2025
  • Сарлавҳалар
  • Ўхшаш маълумот
  • «МЕН ИСМИНГНИ УЛАРГА МАЪЛУМ ҚИЛДИМ»
  • «МЕНГА БЕРГАН НОМИНГ»
  • «ОТА, ИСМИНГНИ УЛУҒЛА»
  • «МЕН ЎЗ ЖОНИМНИ... БЕРЯПМАН»
  • «СЕН МЕНГА ТОПШИРГАН ИШНИ НИҲОЯСИГА... [ЕТКАЗДИМ]»
  • Яҳованинг исми сиз учун қанчалик муҳим?
    Қўриқчи минораси Худованд Яҳованинг Шоҳлигини хабарлайди (Тадқиқ сони) – 2025
  • «Яҳованинг исмига мақтовлар айтинг!»
    Қўриқчи минораси Худованд Яҳованинг Шоҳлигини хабарлайди (Тадқиқ сони) – 2024
  • Тўлов берилганидан нималарни ўрганяпмиз?
    Қўриқчи минораси Худованд Яҳованинг Шоҳлигини хабарлайди (Тадқиқ сони) – 2025
  • «Кимга... хизмат қилишни танланглар»
    Қўриқчи минораси Худованд Яҳованинг Шоҳлигини хабарлайди (Тадқиқ сони) – 2025
Кўпроқ маълумот топинг
Қўриқчи минораси Худованд Яҳованинг Шоҳлигини хабарлайди (Тадқиқ сони) – 2025
w25 май 20–25-саҳ.

22-ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

15-ҚЎШИҚ Яҳованинг Ўғлини мадҳ этинг!

Яҳованинг исми Исо учун қанчалик муҳим?

Мен исмингни уларга маълум қилдим ва яна маълум қиламан. (ЮҲАН. 17:26)

АСОСИЙ ФИКР

Қай йўсин Исо Яҳованинг исмини маълум қилганини, бу исмни муқаддас қилганини ва оқлаганини билиб оламиз.

1, 2. а) Исо ўлимидан олдинги кечада нима қилди? б) Ушбу мақолада қайси саволларни кўриб чиқамиз?

МИЛОДИЙ 33 йил 14 нисон, пайшанба оқшоми. Исо хиёнатга учраш, ҳукм ва жазога маҳкум қилиниш, қийноққа солиниш ҳамда қатл этилиш арафасида турибди. У эндигина садоқатли ҳаворийлари билан болохонада ўзгача таомни еб бўлди. Кечликдан сўнг Исо ҳаворийларига охирги сўзларини айтиб далда берди. Уларнинг ҳаммаси болохонадан чиқиб кетишидан сал олдин, Исо чуқур маъноли ибодат қилди. Ҳаворий Юҳанно мазкур ибодатни ёзиб қолдирган ва биз бу ибодатни Юҳанно 17-бобдан ўқишимиз мумкин.

2 Мазкур мақолада Исонинг ибодатидан ўрганишимиз мумкин бўлган айрим нарсаларни кўриб чиқамиз. Ўлимидан сал олдин уни нима ташвишлантирган? Унинг ибодати ер юзидаги хизмати давомида у учун нима муҳим бўлганини қандай ошкор қиляпти? Келинг, мазкур саволларга жавоб олайлик.

«МЕН ИСМИНГНИ УЛАРГА МАЪЛУМ ҚИЛДИМ»

3. Исо Яҳованинг исми ҳақида нима деган ва у нимани назарда тутган? (Юҳанно 17:6, 26)

3 Исо ибодатида шундай деган эди: «Мен исмингни уларга маълум қилдим». Дарҳақиқат, Исо Яҳованинг исмини шогирдларига маълум қилганини икки марта айтиб ўтган. (Юҳанно 17:6, 26 ни ўқинг.) У нимани назарда тутган? Исо шогирдларига улар билмаган исмни маълум қилганми? Унинг шогирдлари яҳудий бўлишган, шу сабабли улар Худонинг исми Яҳова эканини билишган. Ибронийча ёзувларда бу исм минглаб маротаба учрайди. Шунинг учун Исо Худонинг шахсий исмига эмас, аксинча, бу исм нимани билдиришига ишора қилган. У Яҳова исми ортида турган Шахсни, жумладан, Унинг иродаси, ишлари ҳамда фазилатларини ошкор қилган. Чунки Исо Уни ҳаммадан яхши билади.

4, 5. а) Қандай қилиб кимнингдир исми биз учун янада кўпроқ аҳамиятга эга бўлиши мумкин? Мисол келтиринг. б) Қай йўсин Исонинг шогирдлари Яҳованинг исмини таниб-билишган?

4 Буни яхшироқ тушуниш учун, дейлик, жамоатингизда Далер исмли оқсоқол бор ва у жарроҳ. Сиз бу биродарни кўп йиллардан бери биласиз. Аммо бир куни сизга тез тиббий ёрдам керак бўлиб қолди. Шунда сиз биродаримиз ишлайдиган касалхонага шошиб борасиз ва у тиббий кўникмаларини ишга солиб, ҳаётингизни сақлаб қолади. Энди биродаримизни янада кўпроқ яхши кўрасиз ва унинг исмини эшитганингизда у сиз учун нималар қилгани ҳақида эслайсиз. Бундан буён Далер сиз учун нафақат оқсоқол, балки сизнинг ҳаётингизни сақлаб қолган жарроҳ.

5 Шу сингари Исонинг шогирдлари «Яҳова» исмини билишган. Лекин Исонинг хизмати туфайли бу исм улар учун чуқурроқ маънога эга бўлган. Нима учун бундай дея оламиз? Чунки Исо сўзларию ишларида, барча нарсада Отасининг шахсиятини акс эттирган. Шу йўсин, Исонинг ҳаворийлари у қандай таълим берганини тинглаб ҳамда бошқалар билан қандай муомала қилганини кузатиб, Яҳовани янада яхшироқ «таниб-билиш»ган. (Юҳан. 14:9; 17:3)

«МЕНГА БЕРГАН НОМИНГ»

6. Қайси маънода Яҳова Исога Ўзининг исмини берган? (Юҳанно 17:11, 12)

6 Исо ибодатида шогирдлари учун шундай деб сўраган: «Менга берган номинг ҳаққи уларни ҳимоялагин». (Юҳанно 17:11, 12 ни ўқинг.) Бу Исо «Яҳова» деб аталганини англатадими? Йўқ. Эътибор берсангиз, Исо ибодатида Яҳованинг исмига «номинг» деб ишора қилган. Шундай экан, Яҳованинг исми Исонинг шахсий исмига айланмаган. Бўлмаса, Исо унга Худонинг исми берилгани ҳақида айтганда нимани назарда тутган? Аввало, Исо Яҳованинг вакили бўлиб, Унинг номидан гапирган. У Отасининг номидан келган ва Унинг номидан қудратли ишларни амалга оширган. (Юҳан. 5:43; 10:25) Боз устига, Исонинг исми «Яҳова — Нажот» деган маънони англатади. Ҳа, илоҳий исм Исонинг исми билан чамбарчас боғлиқ эди.

7. Нима учун Исо Яҳованинг номидан гапира олган? Мисол келтиринг.

7 Масалан, элчи ҳукмдорнинг вакили бўлгани учун ҳукмдорнинг номидан гапириши мумкин. Шунинг учун элчининг сўзлари ҳукмдорнинг сўзлари билан бир хил кучга эга. Шу сингари, Исо Яҳованинг вакили бўлиб, одамларга Унинг номидан гапирган. (Мат. 21:9; Луқо 13:35)

8. Қайси маънода Исо ер юзига келишидан олдин Яҳованинг номидан иш юритган? (Чиқиш 23:20, 21)

8 Калом сифатида Исо Яҳованинг номидан фаришталар ва инсонларга маълумот ҳамда йўл-йўриқлар етказган. (Юҳан. 1:1–3) Мисрдан чиққан халқига ғамхўрлик қилиш учун Яҳова юборган фаришта, эҳтимол, Исо бўлган. Яҳова исроилликларга бу фариштага қулоқ солишни айтаётиб, шундай деган: «Чунки у Менинг номимдан иш юритади»a. (Чиқиш 23:20, 21 ни ўқинг.) Яҳова нега бундай деган? Чунки Исо Отасининг номидан гапириб, Унинг исмини ҳимоялайдиган ва муқаддас қиладиган асосий шахс бўлган.

«ОТА, ИСМИНГНИ УЛУҒЛА»

9. Исо учун Яҳованинг исми қанчалик муҳим бўлган? Тушунтиринг.

9 Боя муҳокама қилганимиздек, ҳатто ер юзига келишидан олдин Исо учун Яҳованинг исми жуда муҳим бўлган. Исо ер юзига келганида ҳам бажарган барча ишлари Яҳованинг исми билан чамбарчас боғлиқ бўлгани ажабланарли эмас! Хизматининг охирига яқин Исо Яҳовадан шундай сўраган: «Ота, исмингни улуғла». Ўша заҳотиёқ Отаси осмондан баланд овозда: «Улуғладим ва яна улуғлайман»,— деб жавоб берган. (Юҳан. 12:28)

10, 11. а) Қандай қилиб Исо Яҳованинг исмини улуғлаган? (Расмга ҳам қаранг.) б) Нима учун Яҳованинг исми муқаддас қилиниши ва оқланиши керак?

10 Исо, шунингдек, Отасининг исмини улуғлаган. Қандай қилиб? У бошқаларга Яҳованинг ажойиб фазилатларию ишлари ҳақида айтган. Лекин бу исмни улуғлаш кўпроқ нарсани ўз ичига оларди. Яҳованинг исми муқаддас қилиниши ҳамда Унинг обрўйи оқланиши керак эдиb. Исо ўз издошларига намунали ибодатни ўргатганида бу қанчалик муҳимлигини кўрсатган. У шундай деган: «Осмондаги Отамиз, исминг муқаддас бўлсин». (Мат. 6:9)

11 Нима учун Яҳованинг исми муқаддас қилиниши ҳамда оқланиши керак? Чунки Адан боғида Шайтон Худованд Яҳовага ҳурматсизлик ва туҳмат қилган. Шайтон Яҳова ёлғончи ва У Одамато ва Момоҳаводан яхши нарсани яширяпти, деб даъво қилган. (Ибт. 3:1–5) Шунингдек, у Яҳованинг ишларни бажариш тарзи нотўғри эканига шама қилган. Шайтоннинг сохта айблови тўғридан-тўғри Яҳованинг обрўйи ёки исмига путур етказган. Кейинчалик, Аюбнинг даврида, Шайтон инсонлар Яҳовадан фойда кўраётгани учунгина Унга хизмат қилади, деб даъво қилган. Буниси етмагандек, Шайтон одамларни улар Яҳовани чин юракдан яхши кўрмагани учун қийинчиликлар пайтида Унга хизмат қилмай қўяди, деб айблаган. (Аюб 1:9–11; 2:4) Ким ёлғончи: Яҳовами ёки Шайтонми? Буни исботлаш учун вақт талаб этиларди.

Исо халойиққа Тоғдаги ваъзини айтяпти.

Исо издошларига Худонинг исмини муқаддас қилиш муҳимлигини ўргатган (10-хатбошига қаранг.)


«МЕН ЎЗ ЖОНИМНИ... БЕРЯПМАН»

12. Исо Яҳованинг исмини яхши кўргани учун нима қилишга тайёр бўлган?

12 Исо Яҳовани севгани туфайли Унинг исмини муқаддас қилиш ҳамда оқлаш учун қўлидан келганини қилишни истаган. Исо: «Мен ўз жонимни... беряпман»,— деб айтган. (Юҳан. 10:17, 18) Ҳа, у Яҳованинг исми учун ҳатто ўлишга ҳам тайёр бўлганc. Илк иккита мукаммал инсон, Одамато ва Момоҳаво, Яҳовадан юз ўгириб, Шайтоннинг томонини эгаллаган. Бундан фарқли ўлароқ Исо ер юзига келишга ҳамда Яҳовага бўлган севгисини исботлашга тайёр бўлган. Исо бутунлай бенуқсон ҳаёт кечириб, буни исботлаган. (Иброн. 4:15; 5:7–10) У ҳаёти давомида, азоб устунидаги ўлимига қадар бенуқсонликни сақлаган. (Иброн. 12:2) Шу йўсин, у Яҳовага ҳамда Унинг исмига бўлган севгисини исботлаган.

13. Нима учун Исо Шайтон ёлғончи эканини исботлашда ўзгача ўрин эгаллаган? (Расмга ҳам қаранг.)

13 Ўзининг ҳаёт тарзи билан Исо Яҳова эмас, Шайтон ёлғончи эканини узил-кесил исботлаган! (Юҳан. 8:44) Ҳеч ким Яҳовани Исо каби яхши билмаган. Агар Шайтоннинг Яҳовага қарши айтган айбловларида озгина бўлса ҳам ҳақиқат бўлганида, Исо буни билган бўларди. Аммо Исо Яҳованинг обрўйини ёки исмини ҳимоя қилишга қатъий қарор қилган. Ҳатто Яҳова уни тарк этгандек туюлганда ҳам, Исо севувчи Отасидан юз ўгиришдан кўра ўлишга тайёр бўлган. (Мат. 27:46)d

Исо азоб устунида осилиб турибди.

Исонинг ҳаёт тарзи Яҳова эмас, Шайтон ёлғончи эканини узил-кесил исботлаган! (13-хатбошига қаранг.)


«СЕН МЕНГА ТОПШИРГАН ИШНИ НИҲОЯСИГА... [ЕТКАЗДИМ]»

14. Яҳова Исони садоқати учун қандай тақдирлади?

14 Ўлимидан олдинги кечада Исо ибодатида: «Сен менга топширган ишни ниҳоясига... [етказдим]»,— деб айта олган. Исо Яҳова уни садоқати учун тақдирлашига ишонган. (Юҳан. 17:4, 5) Исонинг Отасига бўлган ишончи ўринли эди. Яҳова у қабрда қолиб кетишига йўл қўймади. (Ҳавор. 2:23, 24) У Исони тирилтириб, осмонда янада юксалтирди. (Филип. 2:8, 9) Кейинчалик Исо Худо Шоҳлигининг Шоҳи сифатида бошқара бошлади. Бу Шоҳлик нималарни амалга оширади? Намунали ибодатнинг иккинчи қисмида бу саволга жавоб бор. У ерда шундай ёзилган: «Шоҳлигинг келсин. Осмонда бўлгани каби, ерда ҳам Сенинг ироданг [Яҳованинг иродаси] бажо бўлсин». (Мат. 6:10)

15. Исо яна нималарни амалга оширади?

15 Яқин келажакда Исо Худонинг душманлари билан жанг қилиб, Армагеддонда ёвузларни йўқ қилиб ташлайди. (Ваҳ. 16:14, 16; 19:11–16) Бундан кўп ўтмай Исо Шайтонни «тубсизликка» ташлайди. У ерда Шайтон гўё ўлим ҳолатида бўлиб, ҳеч нарса қила олмайди. (Ваҳ. 20:1–3) Минг йиллик бошқаруви давомида Исо тинчликни тиклайди ва инсониятни мукаммалликка етаклайди. У ўлганларни тирилтиради ва бутун ер юзини жаннатга айлантиради. Шунда Яҳованинг иродаси бажо бўлади! (Ваҳ. 21:1–4)

16. Минг йиллик бошқарув якунида нималар юз беради?

16 Минг йиллик бошқарув якунида нималар юз беришини кутсак бўлади? Номукаммаллик ва гуноҳ бартараф этилади. Одамлар тўлов асосида гуноҳлари учун кечирим сўрашига ҳожат қолмайди. Улар воситачи ва руҳонийликка муҳтож бўлишмайди. Қолаверса, «энг охирги душман — ўлим йўқ қилинади». Ўлганлар тирилади. Ер юзидаги барча мукаммалликка эришади. (1 Кор. 15:25, 26)

17, 18. а) Минг йиллик бошқарув охирида яна нималар содир бўлади? б) Бошқариш пайти якунига етганида Исо нима қилади? (1 Коринфликларга 15:24, 28) (Расмга ҳам қаранг.)

17 Минг йиллик бошқарув якунида яна нималар содир бўлади? Ўшанда оламшумул воқеа содир бўлади. Яҳованинг исми муқаддас бўлиши билан боғлиқ баҳс-мунозарага барҳам берилади. Қандай қилиб? Адан боғида Шайтон Яҳова ёлғончи ва инсониятни севги ила бошқармайди, деб даъво қилган. Ўша пайтдан буён Яҳовага хизмат қилаётганлар қайта-қайта Унинг исмини муқаддас қилиб келишяпти. Шундай қилиб, Минг йиллик бошқарув якунида Яҳованинг обрўйи тўлиқ оқланади. Яҳова севувчи самовий Ота эканини узил-кесил исботлайди.

18 Охир-оқибат Шайтоннинг айбловлари ёлғон экани тўлиқ исботланади. Бошқариш пайти якунига етганида Исо нима қилади? У Шайтонга тақлид қилиб, Яҳовага қарши исён кўтарадими? Асло! (1 Коринфликларга 15:24, 28 ни ўқинг.) Исо Шоҳликни Отасига қайтаради. У Яҳованинг бошқарувига бўйсунади. Дарҳақиқат, Шайтондан фарқли ўлароқ Исо Яҳовани севгани учун бутун ҳокимиятни Унга қайтариб беради.

Исо осмонда тожини Яҳовага қайтариб беряпти.

Минг йиллик бошқарув якунида Исо Шоҳликни тайёрлик ила Яҳовага қайтариб беради (18-хатбошига қаранг.)


19. Яҳованинг исми Исо учун қанчалик муҳим?

19 Яҳова Исога Ўз исмини беришга тайёр бўлгани ажабланарли эмас! Исо Отасининг мукаммал вакили эканини исботлади. Шундай экан, Исо учун Яҳованинг исми барча нарсадан муҳим. У бу исм учун ҳаётини беришга тайёр бўлган ҳамда Минг йиллик бошқарув якунида барча нарсани Яҳовага тайёрлик ила қайтариб беради. Исонинг ўрнагига қандай тақлид қилсак бўлади? Мазкур саволнинг жавобини келаси мақолада муҳокама қиламиз.

ҚАНДАЙ ЖАВОБ БЕРАРДИНГИЗ?

  • Қай йўсин Исо шогирдларига Яҳованинг исмини маълум қилган?

  • Қайси маънода Исога Яҳованинг исми берилган?

  • Исо Яҳованинг исми учун нима қилишга тайёр бўлган ва нега?

16-ҚЎШИҚ Яҳни улуғланг Шоҳаншоҳ-чун

a Баъзида фаришталар ҳам Яҳованинг номидан хабарларни эълон қилишганида Унинг вакили сифатида хизмат қилишган. Шу сабабли баъзида Муқаддас Китобда гарчи Яҳованинг номидан фаришта гапирган бўлса-да, Яҳованинг Ўзи гапирган деб айтилган. (Ибт. 18:1–33) Тўғри, Муқаддас Ёзувларда Мусо Тавротни Яҳовадан олгани ҳақида айтилган, лекин бошқа оятлар шуни кўрсатяптики, Яҳова Тавротни етказишда фаришталардан фойдаланган. (Лев. 27:34; Ҳавор. 7:38, 53; Галат. 3:19; Иброн. 2:2–4)

b ИБОРАЛАР МАЪНОСИ. «Муқаддас қилиш» ҳурмат кўрсатиш, муқаддас деб билиш ёки чуқур эҳтиромни ҳис қилишни англатади. «Оқлаш» бошқалар биров ҳақида ёлғон гапирганида ёки унга туҳмат қилганида у ҳақ эканини исботлашни билдиради.

c Шунингдек, Исонинг ўлими инсониятга абадий ҳаётга эга бўлиш имконини берди.

d «Қўриқчи минораси»нинг 2021 йил апрель сонидаги 30–31-саҳифаларда келтирилган «Ўқувчиларнинг саволлари»га қаранг.

    Ўзбек тилидаги адабиётлар (1993–2026)
    Чиқиш
    Кириш
    • ўзбекча
    • Улашиш
    • Созламалар
    • Copyright © 2025 Watch Tower Bible and Tract Society of Pennsylvania
    • Фойдаланиш шартлари
    • Махфийлик сиёсати
    • Махфийлик созламалари
    • JW.ORG
    • Кириш
    Улашиш